Сулаймон Боқирғоний (XII - 1186)

Сулаймон Боқирғоний (? - Хоразм вилояти Хазорасп тумани Боқирғон қишлоғи — 1186) — тасаввуфнинг йирик намояндаси, шоир. Аҳмад Яссавий тариқатининг давомчиси. Ҳаёти ҳақидаги маълумотлар турли ривоятлар билан аралашиб кетган. Халқ орасида «Ҳаким ота» номи билан ҳам машҳур. Яссавийга мурид (шогирд) бўлган, ўз иқтидори ва шеърий истеъдоди билан пирининг эътиборини қозонган.
Сулаймон Боқирғоний устозининг тариқати қоидаларини янада чуқурлаштириб кенг халқ оммасига етказган. Яссавиёна содда, равон услубда ижод қилган. Ўз асарларида исломни, шариат ва тариқат қоидаларини тарғиб қилган, кишиларни у дунёни ўйлаб яшашга, Аллоҳнинг карамидан баҳраманд бўлишга даъват этган.
Сулаймон Боқирғоний маърифатни Аллоҳни таниш, унинг назарига тушиш, дейди. Олий муҳаббатни Аллоҳга бўлган муҳаббат, деб тушунтиради. У тариқат йўлини комил инсонни тарбиялаш йўли, жаннатга элтувчи йўл, деб билади.
Сулаймон Боқирғоний ўз ўгитларида даврига хос ижтимоий тенгсизлик, адолатсизлик ва бошқа иллатлар учун жавобгар шахсларни у дунё азоблари даҳшатини эслатиш билан тарбиялашга ҳам интилади. Инсофсиз ва имонсиз амалдорлар, нопок ишлар билан шуғулланувчи, харомхўр, нодон ва жоҳиллар ҳамда босқинчи, талончиларни фош этади. Сулаймон Боқирғоний шеърлари «Боқирғон китоби» номи билан машҳур. Унинг «Биби Марям китоби», «Охир замон китоби» каби достонлари ҳам бор. Буларда тасаввуф тўғрисида ўз фиқоларини баён этади.
Сулаймон Боқирғоний туркий шеъриятнинг бошловчиларидандир. Шеърлари татар, бошқирд ва бошқа туркий халклар орасида кенг тарқалган, «Боқирғоний китоби» 19—20-а. бошларида Қозонда 3 марта нашр этилган.

* * *

Сани дардинг манго дармондин ортуқ,
Санга қул бўлғоним султондин ортуқ.

Санинг ёдингни айсам чўл ичинда,
Бўлур ул чўл бўстондин ортиқ.

Санинг ёдинг агар кетса тилимдин,
Вужудим қуриюр, вайрондин ортуқ.

Манинг хор бўлмишим ўз ғафлатимдин,
Магар қилсанг назар, эҳсондин ортуқ.

Азиз, хор қилғувчи султон сануқсан,
Санинг лутфинг қамуғ алвондин ортуқ.

На хуш бу дунёда Иймону Қуръон,
Не бўлғай бу дунёда Иймондан ортуқ.

Манинг бу дардими ҳеч кимса билмас,
Агар билса Ҳаким Луқмондин ортуқ.

Бу янлиғ осий эркан Қул Сулаймон,
Иноят уманур борондан ортуқ.

* * *

Манинг жоним, санинг ишқинг билодур,
Танам ожиз, вале жоним ўлодур.

Бу ишқ гар бўлмаса ман нетгай эрдим,
Қамуғ оҳим маним ишқим қилодур.

Зиҳи ҳолу зиҳи ҳолу зиҳи ҳол,
Ман йиғларман, ҳама олам кулодур.

Ошиқдан сўрмангиз дунёву уқбо,
Ошиқ маъшуқи учун ҳар дам ўлодур.

Ошиқни куйдурур ишқнин ўти,
Ошиқлар ишқ ўтиға мубталодур.

Манинг сан боқмағил бу суратимга,
Юрогим қон бўлуб, бағрим сўлодур.

Ойирди ишқ мани элу хешимдин,
Кўзум ёши оқиб менгзим* сулодур.

Кўринг на ҳолға тушти Қул Сулаймон,
Қамуғ ишқим манинг ранжим балодур.

* * *

Йўл бошига келибон, йўлин сурғон дарвешлар,
Уқбо хабарин эш(и)тиб, йўлға киргон дарвешлар.

Асолари илгинда, ҳиммат қўри белинда,
Мавлим ёди кўнглинда, Аллоҳ деган дарвешлар.

Тавба қилғон Аҳадга,қ уллиқ қилғон Самадга,
Илик сўнғон ҳазратга иродатлик дарвешлар.

Ёзуқ этиб юлинмас, уюб учмох бўлинмас,
Кўзда ёши тийилмас, ёш оқизғон дарвешлар.

Кўзда ёшлари оқиб, даргоҳ қапуғин очиб,
Меҳнатга тизин чўкуб, қарши турғон дарвешлар.

Бир-бирилан сир сўзлар, мунг бирла ҳикмат тузар,
Ишқ бирла жаҳон гезар, бенгзи сориғ дарвешлар.

Арслон миниб еларлар, йилон қамчи қилурлар,
Бошин кирпичга қўюб, тизин қучон дарвешлар.

Босиб нафсингни ўлтур, қизил менгзингни сўлдир,
Ҳаким Сулаймон қулдур, сотиб есун дарвешлар.

* * *

Қачон бўлғай висолинг, жамолингни кўрсам ман,
Мансур янлиғ бўлубон, дорда мажлис қурсам ман.

Назар текса ул замон, очилур чечак минг алвон,
Фараҳ қилур мунда жон, жондин кечиб ўлсам ман.

Жондин кечмай иш битмас нафси амморатима,
Қуруғ даъви суд этмас, ёлғон кўнгил берсам ман.

Даъви тилим сони йўқ, ишқсизининг жони йўқ,
Дардсизларга даво йўқ, табибимдан сўрсам ман.

Табиб сансан,даво қил, ҳожатимни раво қил,
Фазлинг бирла ёрий қил, йўлсиз қадам урсам ман.

Қул Сулаймон сўзлади, сирин халқдан гезлади,
Суратсизин излади, керак дийдор кўрсам ман.

ҲИКМАТЛАР

Маърифат дарёсинда ғаввос бўлуб,
Муҳаббат гавҳарларин олғум келур.
Тариқат майдонинда парвоз қилиб,
Ул тубо дарахтига қўнғим келур.

* * *

Ошиқ бўлуб,дарёсига чўмсам, ботсам,
Мосуваллоҳ пардасини кечиб ўтсам,
Ўздин кечиб муҳаббатда сизиб оқсам,
Софий бўлуб, ҳазрат тобо борғим келур.

* * *

Аллоҳ ёди ошиқлардин холи бўлмас,
Ҳақиқат эр бу дунёға майл қилмас.
Ҳайрон бўлуб бу дунёни кўзга олмас,
Ман тақи бу дунёни қўйгум келур.

* * *

Аллоҳ ёди кўнгилларни қилди хуррам,
Балх мулкини қўюб гилим кийди Адҳам,
Гилим киюб ҳидоятға урди қадам,
Ҳидоятға ундоқ қадам урғум келур.

* * *

Салим бўлуб,софий бўлуб Жунайд янлиғ,
Халқни қўюб, Ҳаққа ёнсам Зуннун янлиғ,
Нафсим босиб, қаҳр қилсам Ҳасан янлиғ,
Азизларға мутибиат қилғум келур.

* * *

Ҳу-ҳу - теди маъсиятлар туздоғ тузди,
Аллоҳ - теди,такаббурнинг уйин бузди,
Машойихлар бу ҳалқани кўрклук тузди,
Ман тақи Субҳон тобо боргум келур.

* * *

Шавқ шароби етилиб мани қилди хароб,
Муҳаббатнинг ўти бирла бағрим кабоб,
Дийдорини рўза қилса Изим Ваҳҳоб,
Доруссалом саройиға киргум келур.

* * *

Қул Сулаймон гавҳар янлиғ ҳикмат тузди,
Азизларнинг мадҳи бирла сўзин ёзди.
Узун тунни кунга улаб қойим турди,
Дуо ўқуб, равон ҳикмат айғум келур.