Аҳмад Яссавий (XI аср - 1166)

Яссавий, Хожа Аҳмад Яссавий (Ясси яқинидаги Сайрам шаҳри, тахм. 11-асрнинг 2-ярми — 1166) — тасаввуфнинг машҳур намояндаларидан бири, шоир. Отаси Шайх Иброҳим жавонмардлик тариқатига мансуб нуфузли зотлардан бўлган. Яссавий туғилгач, кўп ўтмай онаси — Мусо Шайхнинг қизи Ойша хотун вафот этади. 7 ёшида отасидан ҳам ажралади. Яссавий тарбияси билан опаси Гавҳар Шаҳноз машғул бўлади. Яссавий опаси билан Яссига кўчиб боргач, 1-устози Арслон боб билан учрашади ва ундан таҳсил олади («Етти ёшда Арслон бобом излаб топдим...»). Яссавий Яссида ботин илми сирларини мукаммал ўзлаштирган. Ўша замонларда илм-маърифатнинг Мовароуннаҳрдаги марказларидан бўлган Бухорода Туркистоннинг турли томонларидан толиби илмлар йиғилишган. Арслон боб кўрсатмаси билан Яссавий ҳам Бухорога боради. Даврнинг энг пешқадам олими ва суфийси Шайх Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унга мурид тушади.
Бухорода у араб тили билан бир қаторда форс тилини ҳам чуқур ўрганади. Форсийда яратилган тасаввуфий адабиёт билан танишади. Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Абдуллоҳ Барқий, Хожа Ҳасан Андоқийлар билан ҳамсуҳбат ва ҳаммаслак бўлиб, Юсуф Ҳамадоний муридлари қаторидан ўрин олади.
Алишер Навоий Яссавий тўғрисида «Мақомоти олий ва машҳур, каромоти матаволий ва номаҳсур эрмиш. Мурид ва ашоб ғоятсиз ва шоҳу гадо анинг иродат ва ихлоси остонида ниҳоятсиз эрмиш», — дейди. Бу фикр Яссавийнинг Яссига қайтиб келиб, янги бир тариқатга асос солган муршид сифатида шуҳрат топган даврларига тегишлидир. Яссавий туркий халқларни исломга янада кенгроқ жалб қилиш ва тасаввуф ғояларини омма кўнглига чуқур сингдириш мақсадида шеъриятдан ҳам фойдаланган. Абдурауф Фитратнинг таъкидлашича, Яссавийнинг «адабиётда тутган йўли содда халқ шоирларимизнинг тутғон йўлидир... Унинг ҳикматлари вазнда, қофияда, услубда халқ адабиёти аталган шеърлар билан баробар».
Яссавий нуқтаи назарида ҳикмат — «илми ладуний», яъни илми ғайбу ҳақойиқ ва илоҳий сирларни кашф айлаш мазмунига ҳам эга. Яссавийнинг ўзи «Девони ҳикмат» номи билан бирон бир китоб яратмаган. Ушбу нодир асар унинг мурид ва издошлари томонидан тартиб берилган. Лекин бу нарса ҳикмат мажмуасининг Яссавийга алоқаси йўқ, деган даъвони илгари суришга асос бермайди. Сўфи Оллоёр Яссавий ҳақида фикр билдириб, яна шундай деган:
Шариатда эди ул офтобе,
Қолибдур бизга ул эрдин китобе.
«Девони ҳикмат»да илоҳий ишқ ва ошиқлик, маърифат ва орифлик саодати, фанодан бақога етишиш тушунчалари ниҳоятда самимий ва таъсирли оҳангларда ёритиб берилган. «Девони ҳикмат»даги барча шеърлар ҳам Яссавийга мансуб эмас. Унга Яссавий издошларининг ижод намуналари ҳам киритилган. Бу эса, табиийки, ҳикматлар тили ва услубида маълум ўзгаришлар ҳосил қилган. Лекин Яссавийнинг ўнлаб издошларидан ҳеч бири устозлари бошлаган ғоявий, ахлоқий, маънавиймаърифий ва мафкуравий йўналишни ўзгартирмаган. Буни Яссавий ҳаёти, тариқати ва ижодиётидан баҳс юритилган ўнлаб қадимий манбалар, айниқса, Султон Аҳмад Ҳазинийнинг «Жавоҳир улаброр мин амвожил биҳор» асари ҳам тўла тасдиқлайди.
Яссавийнинг фақат ижодиёти эмас, қанча умр кўриб, қачон вафот этганлиги ҳам баҳсли. У ҳикматларидан бирида «Юз йигирма бешга кирдим, билолмадим», дейдики, бу сўзлар тарихий ҳақиқатдан кўра, маноқибий мазмунга эга. Бундан ташқари, 125 йиллик узоқ бир умрнинг ярмидан кўпини «ер ости»да («Олтмиш учда ер остига кирдим мано», дейди Яссавий) ўтказиш ақл бовар этмас ҳодисадир. Лекин кўпчилик тадқиқотчилар унинг вафот тарихини 1166—67 йил деб қайд этишган.
Узоқ вақт мобайнида Яссавий ҳаёти ва ижодиётини илмий жиҳатдан тадқиқ этишга имкон берилмади. Асарларини нашр қилишга йўл қўйилмади. Ўтган асрнинг 70-йилларида Яссавийнинг миллий маданият, тил ва адабиёт тарихидаги хизматларини тўғри баҳолаш йўлидаги уринишлар эса қораланди. Мустақиллик арафасида, хусусан, Ўзбекистон истиқлолга эришгандан кейин яссавийшуносликда янги давр бошланди. Дастлаб турли газета ва журналларда «Девони ҳикмат»дан намуналар эълон қилинган бўлса, 1990—92 йларда унинг 2 мустақил нашри китобхонлар қўлига етказилди. Ушбу нашрлар нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа туркий давлатларда ҳам бу буюк мутасаввифнинг ҳаёти, адабиймаърифий фаолияти, издошлари хизматига қизиқишни кучайтирди. 1993 йил Ўзбекистонда Яссавийга багишлаб илмий анжуманлар ўтказилиб, маърузалар матни алоҳида мажмуа шаклида чоп этилди. Матбуотда Яссавийнинг шахсияти, тариқати, шеъриятидан баҳс юритилган мақолалар босилиб чиқди. Ўзбекистондаги бир қанча кўча ва маҳалла Яссавий номи билан аталади. Султон улорифин камолотининг юксакларга кўтарилишига гувоҳ бўлган ва жасади дафн этилган кўҳна Ясси шаҳрида эса Яссавий номидаги университет мавжуд.
Бадиий ижодда ҳам Яссавий образини яратиш бўйича изланишлар олиб борилмоқда. Ёзувчи Саъдулла Сиёэв «Яссавийнинг сўнгги сафари» романининг 1-китобини (1994) чоп эттирди.

Иброҳим Ҳаққул

***

Бисмиллоҳ деб баён айлай ҳикмат айтиб,
Толибларға дурру гавҳар сочтим мано.
Риёзатни қоттиғ тортиб, қонлар ютуб,
Мен дафтари соний сўзин очтим мано.

Сўзни айдим ҳарким бўлса дийдор талаб,
Жонни жонға пайванд қилиб, рагни улаб,
Ғариб, етим, фақирларни кўнглин сийлаб,
Кўнгли бутун халойиқдин қочтим мано.

Қайда кўрсанг, кўнгли синуқ марҳам бўлғил,
Андоғ мазлум йўлда қолса, ҳамдам бўлғил.
Рўзи маҳшар даргогига маҳрам бўлғил,
Мовуманлик халойиқдин қочтин мано.

Ғариб, фақир, етимларни Расул сўрди,
Ўшал туни Меърож чиқиб дийдор кўрди,
Қайтиб тушуб ғариб, фақир ҳолинг сўрди,
ғарибларни изин излаб туштум мано.

Уммат бўлсанг, ғарибларға тобеъ бўлғил,
Оят, ҳадис ҳар ким айтса, сомеъ бўлғил,
Ризқу рўзи ҳарна берса, қонеъ бўлғил,
Қонеъ бўлуб, шавқ шаробин ичтим мано.

Мадинага Расул бориб, бўлди ғариб,
Ғариблиғда меҳнат тортиб, бўлди ҳабиб,
Жафо тортиб, яратқанға бўлди қариб,
ғариб бўлуб, уқболардин оштим мано.

Оқил эрсанг, ғарибларни кўнглин овла,
Мустафодек элни кезиб, етим ковла,
Дунёпараст, ножинслардин бўюн товла,
Бўюн товлаб, дарё бўлуб тоштим мано.

Ишқ бобини Мавлом очқач менга тегди,
Туфроқ қилиб, ҳозир бўл, деб бўйнум эгди,
Борон сифат маломатни ўқи тегди,
Пайкон олиб, юрак-бағрим тештим мано.

Кўнглум қоттиғ, тилим аччиғ, ўзум золим,
Қуръон ўқуб амал қилмай, ёлғон олим,
ғариб жоним сарф айлайин, йўқтур молим,
Ҳақдин қўрқуб, ўтга тушмай, пиштим мано.

Олтмиш учга ёшим етти, ўттум ғофил,
Ҳақ амрини маҳкам тутмай, ўзум жоҳил,
Рўза, намоз қазо қилиб, бўлдум коҳил,
Ёмон излаб, яхшилардин кечтим мано.

Во дариғо, муҳаббатни жомин ичмай,
Аҳли аёл, хонумондин тугал кечмай,
Журму исён гириҳларин мунда чечмай,
Шайтон ғолиб, жон берарда шоштим мано.

Имонима чангал уруб, қилди ғамнок,
Пири муғон ҳозир бўл, деб сочти тарёк,
Шайтон лаъин мендин қочиб кетти бепок,
Биҳамдиллоҳ, нури имон очтим мано.

Пири муғон хизматида югруб юрдум,
Хизмат қилиб, кўзим юммай ҳозир турдум,
Мадад қилди, Азозилни қавлаб сурдум,
Ондин сўнгра қанот қоқиб учтим мано.

Ғариб, фақир, етимларни қилгин шодмон,
Ҳалқалар қилиб азиз жонинг айла қурбон,
Таом тобсанг, жонинг бирла қилгил меҳмон,
Ҳақдин эштиб бу сўзларни айдим мано.

Ғариб, фақир, етимларни ҳар ким сўрар –
Рози бўлур ул бандадин парвардигор,
Эй бехабар, сен бир сабаб, ўзи асрор,
Ҳақ Мустафо пандин эштиб, айдим мано.

Ети ёшда Арслонбобға қилдим салом:
“Ҳақ Мустафо амонатин қилинг инъом”,
Ўшал вақтда минг бир зикрин қилдим тамом,
Нафсим ўлуб, ломаконға оштим мано.

Ҳурмо бериб, бошим силаб, назар қилди,
Бир фурсатда уқбо сари сафар қилди,
Алвидо, деб бу оламдин гузар қилди,
Мактаб бориб, қайнаб, жўшуб-тоштим мано.

“Инно фатаҳно”но ўқуб, маъно сўрдум,
Партав солди, бехуд бўлуб, дийдор кўрдум,
Муллом уруб, “ускут” деди, боқиб турдум,
Ёшим сочиб, музтар бўлуб турдим мано.

Аё нодон, маъно бул, деб айди, билдим,
Ондин сўнгра чўллар кезиб, ҳақни суйдум,
Рўзи қилди, Азозилни тутуб миндим,
Лангар тугуб, белин босиб янчтим мано.

Зикрин тамом қилиб, ўттум девонага,
Ҳақдин ўзга ҳеч сўзламай бегонага,
Шамъин излаб, шогирд кирдим парвонага,
Ахгар бўлуб, куюб-ёниб ўчтим мано.

Ному нишон ҳеч қолмади, ло-ло бўлдум,
Аллоҳ ёдин ойта-ойта илло бўлдум,
Холис бўлуб, мухлис бўлуб, лиллоҳ бўлдум,
“Фано филлоҳ” мақомиға оштим мано.

Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор,
Кўнгли қоттиғ, дил озордин Худо безор,
Аллоҳ ҳақи, ондоғ қулға сижжин тайёр,
Донолардин эшитиб, бу сўз айдим мано.

Суннатларин маҳкам тутуб, уммат бўлдим,
Ер остига ёлғиз кириб, нурға тўлдум,
Ҳақпарастлар мақомиға маҳрам бўлдум,
Ботин тиғи бирла нафсни янчтим мано.

Нафсим мени йўлдун уруб, хор айлади,
Термултуруб халойиқға зор айлади,
Зикр айтурмай, шайтон бирла ёр айлади,
Ҳозирсен, деб нафс бошини сончтим мано.

Қул Хожа Аҳмад, ғафлат била умрунг ўтти,
Во ҳасрато, кўздин, тиздин қувват кетти,
Во вайлато, надоматни вақти ети,
Амал қилмай, карвон бўлуб кўчтим мано.

***

Қудрат бирлан Ҳақдин сизга фармон бўлди,
Тубсиз тенгиз ичра ёлғуз туштум, дўстлар.
Ул тенгизга Ўғонизим фармон қилди,
Биҳамдиллоҳ, соғ-саломат чиқтим, дўстлар.

Ёшим етти, умрум кетти, кўкка учтум,
Бағрим тошти, ақлим шошти, ерга туштум,
Нафсу шайтон хайли бирлан кўп уруштум,
Сабру ризо мақомотин оштум, дўстлар.

Тўққузумда тугал туздум, тўкунмадум,
Ўн ёшимда ўнг ёғимга ўргулмадим,
Ўн биримда ўз нафсимга зобит бўлдум,
Фақру ризо мақомотин кечтим, дўстлар.

Ўн иккимда барча арвоҳ калом қилди,
Ҳурлар қаршу келиб, менга салом қилди,
Сир шарбатин соқий бўлуб, менга сунду,
Они олиб адаб бирлан ичтим, дўстлар.

Ўн учумда ғаввос бўлуб, дарё чўмдим,
Маърифатни гавҳарини сирдин тердим,
Шамъин кўруб парвонадек ўзум урдум,
Беҳиш бўлуб ақлим кетти, шоштим, дўстлар.

Ўн тўртумда туфроқ сифат хорлиғ торттим,
Ҳу-ҳу тею бошим бирлан тунлар қоттим,
Минг олтунлик қийматини бирга соттим,
Ондин сўнгра қанот тутуб учтим дўстлар.

Ўн бешимда даргоҳингга ёниб келдим,
Ёзуқ бирлан ҳар иш қилдим, хато қилдим,
Тавба қилиб Ҳаққа бўюн сунуб келдим,
Тавба қилиб ёзуқлардин қочтим, дўстлар.

Жабраил ваҳий келтурди ҳақ Расулға,
Оят келди, зикр этгин, деб жузву куллға,
Хизр бобом солди мени ушбу йўлға,
Ондинг сўнгра дарё бўлуб тоштим, дўстлар.

Шариатнинг бўстонида жавлон қилдим,
Тариқатнинг гулзоринда сайрон қилдим,
Ҳақиқатдин қанот тутуб тайрон қилдим,
Маърифатнинг эшигини очтим дўстлар.

"Аласт" хамрин пири муғон туё берди,
Ича бердим, миқдоримча қуёберди,
Қул Хожа Аҳмад, ичим-тошим куёберди,
Толибларга дурру гавҳар сочтим, дўстлар.

***

Аё дўстлар, қулоқ солинг айдуғумга,
На сабабдин олтмиш учта кирдим ерга,
Меърож узра ҳақ Мустафо руҳум кўрди,
Ул сабабдин олтмиш учта кирдим ерга.

Ҳақ Мустафо Жабраилдин қилди савол:
"Бу нечук руҳ танга кирмай тобти камол.
Кўзи ёшлиғ, ҳалқа бошлиғ, қадди ҳилол".
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Жибрил айди: "Уммат иши сизга барҳақ,
Кўкка чиқиб, малоикдин олур сабақ,
Нолишига нола қилур ҳафтум табақ",
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Фарзандим, деб ҳақ Мустафо қилди калом,
Ондин сўнгра барча арвоҳ қилди салом,
Раҳмат дарё тўлуб тош, деб етти паём,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Раҳм ичра пайдо бўлдум, нидо келди,
Зикр айт, деди, баданларим жунбуш қилди,
Фарзандим, деб ҳақ Мустафо улуш берди,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Тўрт юз йилдин кейин чиқиб, уммат бўлғай,
Неча йиллар юруб, халққа йўл кўргузгай,
Ўн тўрт минг мужтаҳидлар хизмат қилғай,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Тўққуз ою, тўққуз кунда ерга туштум,
Тўққуз соат туролмадим, кўкка учтум,
Аршу Курси поясини бориб қучтум,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Арш устида намоз ўқуб, тиззам буктум,
Рози айтиб, Ҳаққа боқиб ёшим тўктум,
Ёлғон ошиқ, ёлғон сўфи кўрдим сўктум,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Жондин кечмай, ҳу-ҳу деган бори ёлғон,
Бу қилтоқдин сўрманг савол, йўлда қолғон,
Ҳақни тобқан ўзи пинҳон, сўзи пинҳон,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Бир ёшимда арвоҳ менга улуш берди,
Икки ёшда пайғамбарлар келиб кўрди,
Уч ёшимда чилтан келиб ҳолим сўрди,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Тўрт ёшимда ҳақ Мустафо берди хурмо,
Йўл кўрсаттим, йўлға кирди неча гумроҳ,
Қайда борсам, Хизр бобом менга ҳамроҳ,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Беш ёшимда белиб боғлаб, тоат қилдим,
Татаввуъ рўза тутуб, одат қилдим,
Кеча-кундуз зикрин айтиб, роҳат қилдим,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Етти ёшда Арслон бобом излаб тобти,
Ҳар сир кўруб, парда бирла букуб ёбти,
Биҳамдуллоҳ, кўрдум, деди, изим ўпти,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Қобиз келиб Арслон бобом жонин олди,
Ҳурлар келиб ҳарир тўндин кафан қилди,
Етмиш минг фаришталар йиғилиб келди,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Жанозасин ўқуб, ердин кўтардилар,
Бир фурсатда ужмоҳ ичра еткурдилар,
Руҳил олуб, илийинга киргиздилар,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Аллоҳ, Аллоҳ, ер остида ватан қилди,
Мункар, Накир "Ман раббук" деб сўруғ сўрди,
Арслон бобом исломидин баён қилди,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Оқил эрсанг, эранларға хизмат қилғил,
"Амри маъруф" қилғанларни иззат қилғил,
"Наҳи мункар" қилғанларни ҳурмат қилғил,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Секкизимда секиз ёндин йўл очилди,
Ҳикмат айт, деб бошларимға нур сочилди,
Биҳамдуллоҳ, пири муғон май ичурди,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Пири муғон ҳақ Мустафо бешак билинг,
Қайда борсанг васфин айтиб таъзим қилинг,
Дуруд айтиб, Мустафоға уммат бўлинг,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Тўққузимда тўлғонмадим тўгри йўлға,
"Табаррук", деб олиб юрди қўлдин қўлға,
Қувонмадим бу сўзларға, қочтим чўлға,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

Ўн ёшингда ўғлон бўлдинг, қул Хожа Аҳмад,
Хожаликка бино қўюб, қилмай тоат,
Хожа мен, деб йўлда қолсанг, вой, не ҳасрат,
Ул сабабдин олтмиш учда кирдим ерга.

***

Ҳар субҳидам нидо келди қулоғимға,
Зикр айт, деди, зикрин айтиб юрдум мано,
Ишқсизларни кўрдум эрса йўлда қолди,
Ул сабабдин ишқ дўконин қурдим мано.

Ўн биримда раҳмат дарё тўлуб тошти,
"Аллоҳ" дедим, шайтон мендин йироқ қочти,
Ҳою ҳавас, мовуманлик турмай кўчти,
Ўн иккимда бу сирларни кўрдум мано.

Ўн учимда нафх, ҳавони қўлға олдим,
Нафс бошиға юз минг бало қормаб солдим,
Такаббурни оёғ остида босиб олдим,
Ўн тўртумда туфроқ сифат бўлдим мано.

Ўн бешимда ҳуру ғилмон қарши келди,
Бошин уруб, қўл қовшуруб, таъзим қилди,
Фирдавс отлиғ жаннатидин мазҳар келди,
Дийдор учун барчасини қўйдим мано.

Ўн олтимда борча арвоҳ улуш берди,
Ҳай-ҳай сизга муборак, деб одам келди,
Фарзандим, деб бўйнум қучуб, кўнглим олди,
Ўн еттимда Туркистонда турдим мано.

Ўн саккизда чилтан била шароб ичтим,
Зикрин айтиб, ҳозир туруб, кўксум тештим,
Рўзи қилди, жаннат кезиб, ҳурлар қучтим,
Ҳақ Мустафо жамолларин кўрдим мано.

Ўн тўққузда етмиш мақом зоҳир бўлди,
Зикрин айтиб, ичу тошим тоҳир бўлди,
Қойда борсам, Хизр бобом ҳозир бўлди,
Ғавс-ул-ғиёс май ичурди, тўйдим мано.

Ёшим етти йигирмага, ўтдим мақом,
Биҳамдиллоҳ, пир хизматин қилдим тамом,
Ул сабабдин Ҳаққа ёвуқ бўлдим мано.
. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .

Мўмин эрмас - ҳикмат эштиб йиғламайдур,
Эранларни айтган сўзин тингламайдур,
Оят, ҳадис, гўё Қуръон онгламайдур,
Бул ривоят Арш устида кўрдим мано.

Ривоятни кўруб Ҳақ-ла, сўзлаштим мен,
Юз минг турлук малойикға юзлаштим мен,
Ул сабабдин Ҳақни сўзлаб, излаштим мен,
Жону дилим анга фидо қилдим мано.

Қул Хожа Аҳмад, ёшинг етти йигирма бир,
Не қилғайсен, гуноҳларинг тоғдин оғир,
Қиёмат кун ғазаб қилса, Раббим қодир,
Аё дўстлар, нечук жавоб айтгум мано.

***

Хуш ғойибдин қулоғимға илҳом келди,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано,
Борча бузрук йиғлиб келиб инъом берди,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Мен йигирма икки ёшда фано бўлдум,
Марҳам бўлуб, чин дардликка даво бўлдум,
Ёлғон ошиқ, чин ошиқға гувоҳ бўлдум,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Аё дўстлар, ёшим етти йигирма уч,
Ёлғон даъво тоатларим, борчаси пуч,
Қиёмат кун на қилғаймен бараҳна луч,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Ман йигирма тўртқа кирдим Ҳақдин йироқ,
Охиратқа борур бўлсам, қони яроқ,
Ўлганимда йиғлиб урунг юз минг таёқ,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Жанозамни орқасидан тошлар отинг,
Оёқимдин тутуб судраб гўрга элтинг,
Ҳаққа қуллуқ қилмадинг, ден янчиб тефинг,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Ёзуқ билан ёшим етти йигирма беш,
Субҳон эгам, зикр ўргатиб, кўксумни теш,
Кўксумдаги гириҳларим сен ўзунг еш,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Мен йигирма олти ёшда савдо қилдим,
Мансур сифат дийдор учун ғавғо қилдим,
Пирсиз юруб, дарду ҳолат пайдо қилдим,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Мен йигирма етти ёшда пирни тобтим,
Ҳарна кўрдум, парда бирла сирни ёфтим,
Остонасин ёстанибон изиз ўптим,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Мен йигирма сакиз ёшда ошиқ бўлдум,
Кеча ётмай, меҳнат тортиб, содиқ бўлдум,
Ондин сўнгра даргоҳига лойиқ бўлдум,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Бир кам ўттуз ёшқа кирдим ҳолим хароб,
Ишқ ўтида бўлолмадим мисли туроб,
Ҳолим хароб, бағрим кабоб, кўзум пуроб,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Ўттуз ёшда ўтун қилиб куйдурдилар,
Жумла бузрук йиғлиб дунё қўйдурдилар,
Уруб, сўкуб, дунё уқбин қўйдурдилар,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

Қул Хожа Аҳмад, дунё қўйсанг ишинг битар,
Кўксунгдаги чиққан оҳинг Аршқа етар,
Жон берарда ҳақ Мустафо қўлунг тутар,
Ул сабабдин Ҳаққа сиғниб келдим мано.

***

Ё илоҳим, ҳамдинг бирла ҳикмат айттим,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго,
Тавба қилиб, гуноҳингдин қўрқуб қайттим,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қирқ биримда ихлос қилдим йўл топай деб,
Эранлардин ҳар сир кўрсам мен ёпай деб,
Пири муғон изин олиб мен ўпай деб,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қирқ иккимда толиб бўлуб, йўлға кирдим,
Ихлоқ қилиб, ёлғуз Ҳаққа кўнгил бердим,
Аршу Курси, Лавҳдин ўтуб, Қалам кездим,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қирқ учумда Ҳақни излаб нола қилдим,
Кўз ёшимни оққузубон жола қилдим,
Биёбонлар кезиб, ўзум вола қилдим,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қирқ тўртумда муҳаббатни бозоринда,
Яқам тутуб йиғлаб юрдум гулзоринда,
Мансур сифат бошим бериб ишқ доринда,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қирқ бешимда сендин ҳожат тилаб келдим,
Тавба қилдим, ҳар иш қилдим, хато қилдим,
Ё илоҳим, раҳматингни улуғ билдим,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қирқ олтимда завқу шавқим тўлуб-тошти,
Раҳматингдин қатра томди, шайтон қочди,
Ҳақдин илҳом рафиқ бўлуб, бобин очти,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қирқ еттимда етти ёқдин илҳом етти,
Соқий бўлуб жоми шароб Хожам тутти,
Шайтон келиб нафс ҳавони ўзи ютти,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қирқ саккизда азиз жондин безор бўлдум,
Гуноҳ дарди касал қилди, бемор бўлдум,
Ул сабабдин Ҳақдин қўрқуб, бедор бўлдум,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қирқ тўққузда ишқинг тушди, куйиб-ёндим,
Мажнун сифат хайли хешдин қочиб, тондим,
Турлук-турлук жафо тегди, бўюн сундум,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Эллигимда эрмен, дедим, феълим заъиф,
Қон тўкмадим кўзларимдин бағрим эзиб,
Нафсим учун юрар эдим итдек кезиб,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

Қул Хожа Аҳмад, эр бўлмасанг ўлган яхши,
Қизил юзунг қаро ерда сўлган яхши,
Туфроқ сифат ер остида бўлган яхши,
Зоти улуғ Хожам, сиғниб келдим санго.

***

Субҳи содиқ душанбада дун ерга кирдим,
Мустафога мотам тутуб кирдим мано.
Олтмиш учда суннат деди, эштиб билдим,
Мустафога мотам тутуб кирдим мано.

Ер устида ёронларим мотам тутти,
Олам ҳамма "Султоним", деб наъра тортти,
Ҳақти тобқан чин сўфилар қонлар ютти,
Мустафога мотам тутуб кирдим мано.

Алвидо, деб ер остиға қадам қўйдум,
Ёруғ дунё ҳаром қилиб, Ҳақни суйдум,
Зикрин айтиб, ёлғуз ўлуб, ёлғуз куйдум,
Мустафога мотам тутуб кирдим мано.

"Тоҳо" ўқуб, тун кечалар қойим бўлдум,
Кеча намоз, кундузлари сойим бўлдум,
Бу ҳол бирла ер остида дойим бўлдум,
Мустафога мотам тутуб кирдим мано.

Олтмиш кеча, олтмиш кундуз бир йўл таом,
Тонг отқунча намоз ўқуб, бир йўл салом,
Олтмиш учда бўлди умрим охир, тамом,
Мустафога мотам тутуб кирдим мано.

Ҳақ Мустафо руҳи келиб бўлди имом,
Жумла малак ер остида бўлди ғулом,
Кўб йиғладим, ҳақ Мустафо берди инъом,
Мустафога мотам тутуб кирдим мано.

Меърож туни, нури дийдам, фарзанд, деди,
Қўлуб тутуб, умматимсен, уммат, деди,
Суннатимни маҳкам тутқил, дилбанд, деди,
Мустафога мотам тутуб кирдим мано.

Қиёматда йўл одашсанг, йўлға солай,
М у ҳ а м м а д, деб ташна бўлсанг қўлунг олай,
Фарзандим, деб илкинг тутуб жаннат кирай,
Мустафога мотам тутуб кирдим мано.

Эй ёронлар, бу сўз эштиб шавқим ортди,
Уммат, деди, ичу-тошим нурга ботди,
Партав солиб, дийдорини Ҳақ кўрсатди,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

Дийдор кўруб, руҳум учуб, Аршқа қўнди,
Мусо сифат вужудларим куюб ёнди,
Мажнун сифат хайли хешдин қочиб тонди,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

Ер остида хорлиғ торттим, кўб машаққат,
Тўшак, ёстуқ тошдин қилиб, чектим меҳнат,
Эй ёронлар, бу дунёда йўқ фароғат,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

То машаққат тортмагунcаҳ васли қайда,
Хизмат қилмай, дарди ҳолат бўлмас пайдо,
Жону дилни то қилмасанг Ҳаққа шайдо,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

Ер остиға кирдим эрса бехуд бўлдум,
Кўзум очиб, Мустафони ҳозир кўрдум,
Осий, жофий умматларни ҳолин сўрдум,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

Аё фарзанд, мендин сўрсанг қони уммат,
Уммат, деди, кўксум тўла доғи ҳасрат,
Уммат учун кўб тортамен Ҳақдин кулфат,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

Умматларим ёзуқларин ҳар жума кеч,
Олиб келгай, ё Муҳаммад, сен муни чеч,
Токи йиғлаб сажда айлай, тангриға кеч,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

Ҳар жума кеч умматларни гуноҳини,
Олиб келган, ё Муҳаммад, кўргил муни,
Умматларинг налар қилур, Аҳмад, сени,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

Мен малакдин шарм олурмен, эй умматим,
Яратқандин қўрқмасмусен, паст ҳимматим,
Кеча ётмай, тоат қилсанг хуш давлатим,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

Ер остиға кирдим, дўстлар, беихтиёр,
Омин, денглар олу ашоб ҳам чаҳорёр,
Умматларни журмин кечгил, Парвардигор,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

Қул Хожа Аҳмад, мен дафтари соний айттим,
Икки олам ишратларин майга соттим,
Ўлмас бурун жон аччиғин заҳрин тоттим,
Мустафоға мотам тутуб кирдим мано.

***

МУҲАББАТНИНГ БЎСТОНИДА

Муҳаббатни бўстонида ҳазор досдтон,
Булбуллари сайраб анда афғон қилур.
Маърифатни майдонида жавлон қилғон
Кеча-кундуз кўз ёшини уммон қилур.

Ул булбулни овозини эшитғонлар,
Такаббурни тоғин кесиб ушотғонлар,
Бу дунёни маззасини унутғонлар
Фарёд уруб, йиғлаб кўзин гирён қилур.

Ошиқ қуллар бу дунёни кўзга илмас,
Дунё ишқин зоҳид қуллар тилга олмас,
Кеча-кундуз масту ҳайрон - ўзга келмас,
Дийдор тилаб, кўксин тешиб нолон қилур.

Во дариғо, кечти умрим, тўймай қолдим,
Роҳиласиз йўлға кириб,ҳориб қолдим,
Ҳиммат қурин бекга маҳкам чолиб олдим,
Ўзи суйган ошиқларин сарсон қилур.

Аё,ошиқ,кеча-кундуз тинмай йиғла,
Куюб-пишиб, юрак-бағринг эзиб доғла,
Ажал етса, мардонавор белинг боғла,
Мундоғ ошиқ борса анда меҳмон қилур.

Шайх Мансур ўз бошини дорда кўрди,
Партав солди, Ҳақ дийдорин анда кўрди,
Бехуд бўлуб, ўзин билмай афғон қилди,
Во зуққо деб, ўзин билмай жавлон қилур.

Шайх Шиблий ошиқ бўлуб билмай ўтти,
Шайх Боязид етмиш йўли ўзин сотти,
Бу дунёни иззатларин ташлаб отти,
Ўтган ишққа надомат деб афғон қилур.

Андоғ эрлар суҳбатини тобқан киши,
Масту ҳайрон бўлуб юрар ёзу қиши,
Саҳарларда чорзрб урмақ анинг иши,
Зоҳир ханда, ботинларин пинҳон қилур.

Мундоғ бўлмай Ҳақ васлиға етиб бўлмас,
Расво бўлмай сирдан маъно олиб бўлмас,
"Ҳу" зикрини айтиб дойим тилдин қўймас,
Ваҳми бирлан дилларини ларзон қилур.

Қул Хожа Аҳмад, бу ҳикматни кимга айдинг,
Орифман деб халойиққа ўқуб ёйдинг,
Таъсир қилмас олимларға айтғон пандинг,
Ориф улдур - тан мулкини вайрон қилур.

ЖОНОНИМДАН ҲEЧ КИМ ХАБАР БИЛАРМИКИН?

Бу оламда Ҳақдин қўрқиб зор инграсам,
Охиратда руҳим ором олармикин?
Ўтганларнинг босган изин кўзга суртсам,
Пири муғон мани йўлга солармикин?

Бошим эгиб, белим боғлаб қилсам ихлос
Нафси шайтон чангалидан бўлсам халос,
Жон берарда мадад қилса Ҳизр, Илёс,
У дунёда Оллоҳ раҳм қилармикин?

Тоғу чўллар гуноҳимдан қилмас тоқат,
Ҳар кун юз минг турли исён менга одат,
Бу иш билан охиратда борму роҳат,
Тавба қилсам одатларим қолармикин?

Бошим таним тупроқ қилиб, фано бўлсам,
Дийдорталаб ҳасратида адо бўлсам,
Аҳли аёл, хонумондин жудо бўлсам,
Дўстлар, Ҳожам манга раҳм қилармикин?

Эй осийлар тавба қилғил Ҳақ эшитсин,
Додингиздан еру кўклар нола қилсин,
Малоиклар Ҳақдин тилаб улуш берсин,
Улуш олган қулни ғами бўлармикин?

Ақлим ҳайрон, кўзим гирён, хонавайрон,
Ҳақ йўлини билолмасмен, ўзим нодон,
Эй дўстларим, бетоқатмен, қайда ЖОНОН?
Жононимдан ҳеч ким хабар билармикин?

Остонага бошим қўйиб зори қилсам,
Ғариб-этим бошин силаб дуо олсам,
Ҳақдин қўрқиб дунё учун ортга олсам,
Ҳожам мени ҳоли дилим сўрармикин?

Сахарларда зори қилиб йиғласам мен,
Жон берарда белим маҳкам боғласам мен,
Ишқи бирлан юрак бағрим доғласам мен,
Ҳақ чироғи қабрим ичра ёнармикин?

БEШАК БИЛИНГ

Бешак билинг бу дунё
Барча элдан ўтаро,
Инонмағил молингга
Бир кун қўлдан кетаро.

Ота-она, қариндош
Қаён кетди фикр қил
Тўрт оёқлик чўбим от
Бир кун сенга етаро.

Дунё учун ғам ема,
Ҳақдин ўзгани дема,
Ўзгалар молин ема,
Сирот узра тутаро.

Аҳли аёл, қариндош,
Ҳеч ким бўлмайди йўлдош,
Мардона бўл ғариб бош,
Умринг елдек ўтаро.

Қул Ҳожа Аҳмад тоат қил,
Умринг билмам неча йил,
Аслинг билсанг қаро гил,
Яна гилга кетаро.

ОШИҚ ҚИЛГИЛ

Ишқ дардини талаб қилдим дармони йўқ,
Ишқ йўлида жон берганни армони йўқ,
Бу йўлларда жон бермасанг имкони йўқ,
Ҳар не қилсанг ошиқ қилғил парвардигор!

Қайдин топай ишқинг тушди қарорим йўқ,
Ишқ садосин туну куну қўёрим йўқ,
Даргоҳингдан ўзга ерга борорим йўқ,
Ҳар не қилсанг ошиқ қилғил парвардигор!

Ишқ бозори улуғ бозор, савдо ҳаром,
Ошиқларга сендин ўзга ғавғо ҳаром,
Ишқ йўлиға кирганларга дунё ҳаром,
Ҳар не қилсанг ошиқ қилғил парвардигор!

Ошиқликни даво қилиб юролмадим,
Нафсдин кечиб Ҳақ амрини билолмадим,
Нодонликда Ҳақ амрини билолмадим,
Ҳар не қилсанг ошиқ қилғил парвардигор!