Маҳмуд Кошғарий ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад (11-аср) — туркшунослик илмининг асосчиси. филолог олим. Ижтимоий келиб чиқиши жиҳатидан қорахонийлар сулоласига мансуб. Отаси Ҳусайн ибн Муҳаммад ўша даврдаги Бареган элининг амири бўлган. Кошгъарий бошлангич маълумотни ўз қишлоғида, юқори маълумотни Кошғар мадрасаларида олган, араб, форс, туркий каби 7—8 тилни пухта эгаллаган. Сўнг у Бухоро, Самарқанд, Марв, Нишопур шаҳарларида билимини оширган.
1056—57 йилларда мамлакатдаги ички низолар натижасида олим ўз ватанини тарк этиб. 15 йил давомида атрофдаги қардош халқлар орасида юришга мажбур бўлган. Ана шу йилларда у туркий халқлар яшайдиган ўлкаларни кезиб, бу ерлардаги туркий қабила ва уруғлар, уларнинг келиб чиқиши ва номланиши, жойлашиш ўринлари, урф-одатлари, айниқса, тил хусусиятларини синчиклаб ўрганади. Сўнг Бағдодга бориб, анча вақт шу шаҳарда ижод қилган, хусусан, 1072 йили (баъзи манбаларда — 1074 йил ва ундан ҳам кейин) дунёга машҳур асари «Девону луғотит турк» («Туркий сўзлар девони»)ни ёзиб битиради ва уни аббосийлардан бўлган Абулқосим Абдуллоҳ бинни Муҳаммадил Муқтадо биамриллоҳга бағишлайди. Ушбу асар туркий халқлар тарихидаги диалектологик, изоҳли, этнографик, тарихий-этимологик луғатларнинг барча унсурларини қамраб олувчи дастлабки универсал луғат бўлиб, ўз муаллифини дунёга улуғ адабиётчи, тарихчи географ ва бошқа кўп фанларлан яхши хабардор бўлган йирик фан арбоби, қомусий олим сифатида танитди. Бу асарида олим туркий қабила ва уруғлар (халқлар) тилларидаги сўзлар маъносини араб тилида изоҳлаб беради. Мисол сифатида эса мақоллардан ва бадиий адабиётдан парчалар келтиради. Бу ҳақда Кошгъарийнинг ўзи ёзади: «Мен бу китобни махсус алифбе тартибида ҳикматли сўзлар, сажълар, мақоллар, қўшиқлар, ражаз ва васл деб аталган адабий парчалар билан безадим... Мен истеъмолдаги сўзларнигина бердим, истеъмолдан чиққанларини ташладим... Сўнгра мен ҳар бир қабилага мансуб сўзларнинг ясалиш хусусиятларини ва қандай қўлланишини қисқача изоқлаб кўрсатиш учун алоҳида йўл тутдим. Бу мисол тариқасида туркларнинг тилида қўлланилиб келган шеърларидан, шодлик ва мотам кунларида қўлланадиган ҳикматли сўзларидан, мақолларидан келтирдим».
Шуни айтиш керакки, «Девон»да берилган адабий парчалар, тил фактлари фақат 11-аср адабиётининг намуналари бўлмай, уларнинг аксар қисми жуда узоқ ўтмиш даврларнинг маҳсулидир. Шу жиҳатдан бундай парчалар туркий тилларнинг келиб чиқиш тарихини, ривожланишини, адабий ҳаракатининг жуда узоқ тарихини белгилашга хизмат қилувчи энг муҳим ҳужжатдир. Асардаги бир қанча географик, этнографик маълумотлар ҳам тегишли соҳалар нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга.
Маҳмуд Кошъгарий мазкур асарига ўзи тузган дунё харитасини илова қилади. Харитада мамлакат, шахар, қишлоқ, тоғ, чўл, денгиз, кўл, дарё қабиларнинг номлари ёзилган. Харитада акс этмаган баъзи бир номлар луғат матнида изоҳланган. Харита, асосан, Шарқий ярим шарга тўғри келади. Бу ҳақда Маҳмуд Кошъгарийнинг ўзи: «Румдан Мочингача бўлган... шаҳарлар ўрнини аниқлаш мақсадида уларнинг ҳаммасини ер шаклидаги доирада кўрсатдим», — деб ёзади. Шартли қабул қилинган бўёқлар ранги доира ташқарисида тўрт жойда сўз билан изоҳланган. Айрим камчиликларига қарамай, Маҳмуд Кошъгарийнинг 11-асрда тузилган харитаси ўз даври учун мукаммал, ҳозирги давр учун географик маълумотлар берувчи муҳим манба ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, Маҳмуд Кошъгарийнинг «Девону луғотит турк»дан аввалроқ яратилган, «Жавоқирун-наҳви фи луғотит-турк» («Туркий тиллар синтаксиси қоидалари») деб номланган асари ҳам бўлган. Ушбу асар ҳозирча топилгани йўқ.
Маҳмуд Кошъгарий 1080 йилда (ёки 1118 й.да) ватанига қайтиб келиб, Ўпалдаги Азиқ қишлоғида, Ҳазрати Муллом тоғи этагидаги тепаликда жойлашган мадрасада дарс берган ва илмий ижод билан машғул бўлган (ҳоз. мазкур мадрасанинг фақат пойдеворлари сақланиб қолган). Маҳмуд Кошъгарий 1105 й.да (ёки 1126 й.да) 97 ёшида вафот этиб, Ўпалдаги унинг аждодлари мақбарасига дафн этилган. Мақбара ҳозиргача «Ҳазрати Муллом мозори» номи билан машҳур.
Абдуваҳоб Мадвалиев
МАҚОЛЛАР
«Тулку ўз инига урса, ужуз бўлур» («Тулки ўз уясига қараб улиса қўтир бўлади»). Маҳмуд Кошғарий изоҳлашича, «бу мақол ўз элини, уруғини ва мамлакатини ёмонловчиларга қарата айтилади».
* * *
«Эрик эрпи яғлиғ, эрмагу баши қанлиғ» («Тиришқоқнинг лаби ёғлик, эринчоқнинг боши қонлик»). Бу мақол ялқовликни ташлашга, ғайрат билан ишлашга ундаб айтилади.
* * *
«Сув ичирмасга сут бер». У сенга ёмонлик қилганга ҳам яхшилик қил, деган маънода ишлатилади.
* * *
«Ўкуз азақи бўлғинча, бузағу баши бўлса йик» («Ҳўкизнинг оёғи бўлгунча, бузоқнинг боши бўлган яхшироқ»). У «мустақиллик бўйсунишдан яхши» деган маънода қўлланади.
* * *
«Тавғач ханнинг тўрқуси телим, тенгламазиб бичмас» («Қорахитой) хоқонининг ипак газмоли кўп, лекин ўлчамай кесилмайди»). Бу мақол ишни бошида пухта ўйлаб қилишга ундаб, исрофгарчиликка қарши айтилган.
* * *
«Ума келса, қут келар» («Меҳмон келса қут келар»). Бунда «сенга меҳмон келса, у билан бирга барака, қут-бахт келади, қўноқни яхши қарши оладилар, малол олмайдилар» деган фикр илгари сурилган.
* * *
«Қиз киши сави йўриғли бўлмас» («Бахил одам обрў топмайди»). Бу мақол одамларни яхши ном чиқариш, сахий бўлиш учун ундаб айтилади.
* * *
«Эрдам баши тил» («Одобнинг боши тил») .
* * *
«Тилин туғмишин тишин язмас» («Тил билан туғилганни, тиш билан ечиб бўлмас»)
БАЙТЛАР
Олим киши сўзидан олгил ўгит,
Яхши сўзлар таъсири дилга сингар.
* * *
Олим кишини эзгу тутиб сўзин эшит,
Ҳунарини ўрганибон амал қилғил.
* * *
Қуш ов кўрса юксаклардан пастга тушар,
Олим киши ўгит берса, дарҳол уқар.
* * *
Олимларга яқинлаш, баҳра олгил тутиб дил.
* * *
Қўни-қўшни, қариндош,
Кўрсин севдан яхшилик.
* * *
Келса биров йўқланиб,
Бергил яхши озуқ, нон.
Қарғаб кетар меҳмонлар,
Ўтар бўлсанг гар ёмон.
* * *
Ундаб улуғ чақирса,
Тезлик билан чопиб кел,
Очликда бирга бўлгил,
Не ҳолда бўлса юрт, эл
* * *
Яширин тутилган севги
Айрилган кун билинар.
Оғриқ кўзни беркитма,
Ёши ошкора қилар.
* * *
Кулса киши юзингга,
Кўрклик бўлиб кўрингил.
Ширин, очиқ сўз сўйла,
Ёқмоқ учун урингил.
* * *
Улуғлиғинг ошса хушхулқ бўлгил.
* * *
Ёмонликка отланма,
Тилдан чиқар эзгу сўз.
* * *
Бахил мезбон меҳмонни ўғри кўрар,
Берганини миннат қилиб юзга урар.
* * *
Меҳмон келса ўтқазгил,
Ҳордиқ олиб тинч бўлсин.
Оти ҳам ёруғликда
Арпа, сомонга туйсин.
* * *
Илм, ҳикмат ўргангин, бўлма мағрур,
Мақтанчоқни шармандаси чиқди, кўр.
* * *
Келса агар хонанг узра ғариб меҳмон,
Бор нарсангни олдига қуй, бўл меҳрибон.
* * *
Қўлдошингни ҳурмат қил,
Ўзгаларга юзланма.
Боқолмасанг товуғинг,
Қуш боқай, деб сўзланма.
* * *
Кетган молга ачинма,
Унга озроқ ўкингил.
* * *
Эшитиб ота-онанинг
Сўзларини қадрла.
Молу мулкинг кўпайса,
Мағрурланиб қутурма.
* * *
Иш бошлашда ҳовлиқмай, диққатла боқ
Чақмоқтошни шошиб чақсанг ўчар чироқ.
* * *
Машаққатсиз ҳаёт йўқ бунда асло,
Эзгуликни курмасдан умр битар.
* * *
Кўрклик тўнинг ўзингга,
Тотлиғ ошинг ўзингга.
Қўноққа кўргиз иззат,
Ёйсин шаънинг узоққа.
* * *
Боқмас жаҳон совуқ сўз,
Шилқим, юзсиз бахилга,
Ёқимли бўл, хушхулқ бўл,
Қолсин номинг кўп йилга.