Азим Суюн истеъдодли, исёнкор ва ҳақиқатгўй шоирлардан биридир. У 1948 йилнинг 22 февралида Самарқанд вилоятининг Наҳрруд қишлоғида меҳнаткага оиласида дунёга келган. Ўрта мактабдан сўнг Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика факултетига кириб ўқиган. Унинг ижоди 60-йилларнинг охири ва 70-йиллар бошида бошланган бўлиб, «Менинг осмоним» (1978) номли биринчи шеърлар тўплами билан кенг китобхонларга танилган.
Шундан буён шоирнинг ўнга яқин шеърий тўпламлари ва бир қатор достонлари чоп этилди. Жумладан, «Зарб» (1979), «Замин тақдири» (1981), «Хаёлот» (1984), «Зиё кўли» (1986), «Жавзо» (1987), «Олис тонглар» (1989), «Куйганим-суйганим» (1992) каби шеърий гулдасталари ўқувчиларнинг севимли китоблари бўлиб қолдл. Айниқса, унинг «Сарбадорлар» фожеаси, «Ўзбекистон», «Бир томчи сув денгизга айланган кеча ёки Иморат» каби достонлари маълум ва машҳурдир. Уларда замон ва давр, замондошлар ва тенгдошлар тақдири, фожеаси, интилиш ва курашлари чинакам ҳаёт ҳақиқати даражасида ўз ифодасини топган.
Шоир чуқур фалсафий мушоҳадаларга бой «Ўзбекистон» достони ва бир туркум шеърлари учун Абдулҳамид Чўлпон номидаги бирйнчи халқаро мукофотга (1991) сазовор бўлган. Айни чоғда шоир Азим Суюн 1992 (21—24 май) йил Туркияда бўлиб ўтган «Туркий улуслар адабиётида туркий тил» анжуманида Туркия ёзувчилар Бирлигининг мукофотига сазовор бўлди. Унинг бир қатор шеърлари, шеърий туркумлари, китоблари, рус, инглиз, турк, қозоқ, тожик, тува каби ўнлаб тилларга таржима қилинган.