Тоҳир Малик 1946 йили Тошкентда, зиёли оиласида дунёга келган. У ҳам баъзи тенгдошлари каби ўрта мактабни тугатгандан кейин кундузлари қурилишда ишлаб, кечқурунлари Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика бўлимида ўқийди. Мактабларда ўқитувчилик қилади, нашриётларда хизмат этади. «Ленин учқуни» рўзномасида бўлим бошлиғи бўлиб фаолият кўрсатади. Сўнгра Ресдублика радиотелевидение қўмитасида, «Гулистон» таҳририятларида ишлади. «Шарқ юлдузи» ойномасида масъул котиб, «Ёшлик» ойномасида бош муҳаррир ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси котиби бўлиб ҳам хизмат қилади.
Тоҳир Малик биринчи асари 1971 йилда «Ҳикмат афандининг ўлими» номи билан чоп этилган фантастик қиссаси бўлди. Сўнгра «Заҳарли губор» (1978) илмий-фантастик асари «Сомон йўли элчилари» (1079), «Чорраҳада қолган одамлар» (1985), «Қалдирғоч» (1987), «Бир кўча, бир кеча» (1988), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990) каби ўнлаб ҳикоя ва қиссалар тўпламлари чон этилди. У яратган насрий асарлар ўзга носирлардан ўзига хос услуби билан ажралиб туради.
Ёзувчи кўпинча фантастик, илмий-фантастик ва саргузашт йўналишда ёзади. Шу орқали ҳам ҳаёт, одамлар ва жамият ҳақида анча кенг мушоҳада юритади. Шу билан бирга, «Қалдирғоч» каби эпик асарлар ҳам яратган. Мазкур қиссада Абдулла Авлоний ҳаёти ва фаолияти, тарихи, тақдири мисолида 20-йиллар ўзбек зиёлилари синфининг шаклланиши ҳақида баҳс юритади. Шу орқали халқимиз маданий-илмий дунёқараши, курашнни умумлаштириб беради. Тоҳир Малик моҳир ҳикоянавис, қиссанависгина эмас, жамоатчи. журналист ва таржимон сифатида ҳам фаол хизмат қилади. Унинг болгар адабиётидан қилган таржималари, Эмил Амит, Ахиер Ҳакимов, Суҳроб Муҳамедов каби адиблар яратган бир қатор ҳикоя, қиссаларни ўзбек тилига таржимаси кенг ўқувчига тақдим этилган.