Нортўхта Қилич замонавий адабиётимизнинг кенжа авлодига мансуб истеъдод соҳибидир.
Нортўхта Қилич 1946 йили Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги Ғишти қишлогида туғилган. 1971 йилда Тошкент Давлат дорилфунунини тугатгач, «Бухоро ҳақиқати», «Хоразм ҳақиқати», Тошкент оқшоми» рўзномаларида, «Шарқ юлдузи» ойномасида ишлаган. Ҳозир Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат матбаа бирлашмасида наср бўлими мудири бўлиб хизмат қилмоқда.
Нортўхта Қиличнинг илк ҳикоялари 60-йиллари туман рўзномасида босилиб чиққан. Унинг «Оппоқ тонг» номли биринчи ҳикоялар тўплами 1981 йилда нашр қилинган. Ўшандан бери унинг «Ёронгул» (1981), «Мўжиза» (1984), «Чиғириқ» (1988) «Байрам» (1991), «Илтижо» (1992) номли ҳикоялар ва қиссалар тўпламлари нашр этилган.
Нортўхта Қиличнинг «Байрам» тўпламнга кирган қисса ва ҳикоялари адиб ижодининг сараси бўлиб, унда муаллиф инсон тақдири ва ҳаёт маъноси ҳақида фалсафий мушоҳада юритади. Асар марказига сайланган воқеалар кўп ҳолларда драматик, ўткир теранлиги билан ўз китобхонини жалб этади. Айниқса, ундаги қаҳрамонлар ўзларининг маънавий-ахлоқий поклиги, озодабахшлиги билан ўқувчига катта маънавий озиқ беради, эстетик завқ бағишлайди. Шунингдек, адибнинг кўп асарлари ўзининг бадиий тили, содда, оддий, равонлиги билан уларнинг ўқимишли бўлишини таъминлайди.
Ёзувчи ҳикоялари қозоқ, қорақалпоқ, белорус, украин ва рус тилларига таржима қилинган.