“Хазойину-л-маоний” куллиётидаги лирик жанрлар тавсифи

“Хазойину-л-маоний” куллиёти туркий шеъриятнинг гултожи бўлиб, жами 16 лирик жанрни ўз ичига олади. Бу шеърий жанрлар ҳар бир девонга муайян тартиб билан жойлаштирилган ва бу жанрларга оид шеърларнинг умумий сони 3132 га тенг. “Хазойину-л-маоний” куллиёти таркибига кирувчи девонларнинг жанр хусусиятларини кузатадиган бўлсак, улар орасида ўзаро мутаносиблик борлигини кўрамиз. Хусусан, “Ғаройибу-с-сиғар” ва “Наводиру-ш-шабоб” девонларига 8 тадан, “Бадоеъу-л-васат” ва “Фавойиду-л-кибар” девонларига 9 тадан жанр киритилган ва девонларнинг ҳажми ҳам бир-биридан унчалик фарқ қилмайди: “Ғаройибу-с-сиғар”да 840 та шеър (5718, 5 байт), “Наводиру-ш- шабоб” девонида 759 та шеър (5423, 5 байт), “Бадоеъу-л-васат”да 740 та шеър (5420 байт) ва “Фавойиду-л-кибар”да 793 та шеър (588,5 байт) мавжуд. Бу жанрлардан ғазал, мустазод, мусаддас, таржиъбанд барча девонларга ўзаро тенг нисбатда жойлаштирилган. Мазкур жанрларнинг куллиётдаги тартиби ва ўзаро нисбатини Ҳ.Сулаймонов тузган қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Навоий фойдаланган лирик жанрлар

“Ғаробу-с-сиғар” девонида

“Наводиру-ш-шабоб” девонида

“Бадоеъу-л-васат” девонида

“Фавойиду-л-кибар” девонида

Жами тўрт девонда

1

Ғазал

650 та

(4975 байт)

650 та

(4998 байт)

650 та

(5001 байт)

650 та

(5029 та)

2600 та

(20003 байт)

2

Мустазод

1 та

(7 байт)

1 та

(7 байт)

1 та

(7 байт)

1 та

(7 байт)

4 та

(28 байт)

3

Мухаммас

3 та

(57,5 байт)

3 та

(52,5 байт)

2 та

(30 байт)

2 та

(37,5 байт)

10 та

(177,5 байт)

4

Мусаддас

1 та

(27 байт)

1 та

(27 байт)

2 та

(42 байт)

1 та

(21 байт)

5 та

(117 байт)

5

Мусамман

1 та

(28 байт)

1 та

(28 байт)

6

Таржиъбанд

1 та

(100 байт)

1 та

(103 байт)

1 та

(56 байт)

1 та

(110 байт)

4 та

(369 байт)

7

Таркиббанд

1 та

(56 байт)

1 та

(56 байт)

8

Маснавий

1 та

(148 байт)

1 та

(148 байт)

9

Қасида

1 та

(91 байт)

1 та

(91 байт)

10

Соқийнома

1 та

(458 байт)

1 та

(458 байт)

11

Қитъа

50 та

(138 байт)

50 та

(126 байт)

60 та

(127 байт)

50 та

(112 байт)

210 та

(503 байт)

12

Рубоий

133 та

(266 байт)

133 та

(266 байт)

13

Муаммо

52 та

(54 байт)

52 та

(54 байт)

14

Луғз

10 та

(40 байт)

10 та

(40 байт)

15

Туюқ

13 та

(26 байт)

13 та

(26 байт)

16

Фард

86 та

(86 байт)

86 та

(86 байт)

Жами

840 та (5718,5 б.)

759 та (5423,5 б.)

740 та (5420 б.)

793 та (5888,5 б.)

3132 та (22450,5 б.)

“Хазойину-л-маоний” куллиётида энг кўп қўлланилган жанр бу шубҳасиз ғазалдир. Маълумки, ғазал арабча “ошиқона сўз”, “ишқ изҳор қилиш” маъноларини билдириб, а-а, б-а, с-а, д-а тарзида қофияланувчи, 3 байтдан 19 байтгача ҳажмда бўлган байтли шеър шаклидир. Ўзбек адабиётида 5-10 байтли ғазаллар кўп учрайди. Навоий ғазаллари эса асосан 7 байтдан 13 байтгача ҳажмда бўлиб, бу ҳақда шоирнинг ўзи “Бадоеъу-л-васат” девонига киритилган қитъасида шундай маълумот беради:

Навоий шеъри тўққуз байту, ўн бир байт, ўн уч байт

Ки, лавҳ узра қалам зийнат берур ул дурри макнундин.

Буким албатта етти байтдин ўксук эмас, яъни

Таназзул айлай олмас рутба ичра етти гардундин.

Профессор Ҳамид Сулаймонов Алишер Навоийнинг “Хазойину-л-маоний” куллиётидаги ғазаллар ҳажмини қуйидаги жадвалда акс эттирган:

Байтлар сони

“Ғаройибу-с-сиғар” девонида

“Наводиру-ш-шабоб” девонида

“Бадоеъу-л-васат” девонида

“Фавойиду-л-кибар” девонида

Ҳаммаси

5

2

-

-

-

2

6

1

3

1

-

5

7

434

446

437

430

1747

8

30

8

8

12

58

9

163

162

187

183

695

10

8

7

1

3

19

11

11

23

14

20

69

12

-

-

1

-

1

13

1

1

1

2

5

650

650

650

650

2600

Ғазалнинг биринчи байти матлаъ ёки мабдаъ, охирги байти эса мақтаъ деб аталади ва мақтаъда шоир тахаллуси қўлланилади. Агар иккинчи байт ҳам матлаъ сингари қофияланса, яъни ғазал қўш матлаъга эга бўлса, “ҳусни матлаъ” ёки “зеби матлаъ”ли ғазал деб аталади.

Ғазалнинг дастлабки намуналари VIII-IX асрларда араб адабиётида пайдо бўлган, форс-тожик адабиётида илк ғазал ёзган шоир сифатида Рўдакий тилга олинади. Ўзбек адабиётида эса дастлабки ғазал Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида (XIV аср) учрайди. Ғазалнинг достонлар таркибида учраши илк бор Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”сидан (1353-54) бошланади.

Алишер Навоий ўзининг қитъаларидан бирида ғазалдаги устозлари сифатида форс-тожик шоирлари Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва Ҳофиз Шерозийни келтириб ўтади.

Навоий ғазалларини мавзусига кўра шартли равишда қуйидагича тасниф қилиш мумкин:

1. Ишқий мавзудаги ғазаллар

2. Тасаввуфий-фалсафий мавзудаги ғазаллар

3. Ижтимоий мавзудаги ғазаллар

4. Табиат тасвири акс этган ғазаллар

5. Ҳажвий мавзудаги ғазаллар.

Аслида бу тасниф нисбий бўлиб, баъзан Алишер Навоийнинг ишқий мавзудаги ғазаллари таркибида (кўпинча бегона байтда) ижтимоий масалалар билан боғлиқ байтлар, табиат тасвири акс этган ғазалларида ёр тасвири ва ҳ.к. мазмунидаги байтларни кузатиш мумкин.

Ҳазрат Навоий ғазалиётида ишқ мавзуси асосий ўринни эгаллайди. Бу мавзу умуман мусулмон Шарқи шеъриятида ҳам етакчи ўринда бўлиб, Алишер Навоий бу мавзуга ўз ижодининг деярли барча босқичларида мурожаат қилган:

Эй Навоий, ишқ атворини ҳифз айлай деган,

Барча ишни тарк этиб, қилсун бизинг девонни ҳифз.

Алишер Навоий “Маҳбубу-л-улуб”да ишқни 3 даражага ажратади:

1) авом ишқи;

2) хослар ишқи (мажозий ишқ);

3) сиддиқлар ишқи (ҳақиқий ишқ).

Алишер Навоий ижодида мажозий ишқ ҳақиқий ишққа қарама-қарши қўйилмайди, балки мажозий ишқ ҳақиқий ишқ учун кўприк деган ғоя илгари сурилади:

Мажоздин манга мақсуд эрур ҳақиқий ишқ,

Нединки, аҳли ҳақиқатқа бу тариқат эрур.

Мажоздин чу ҳақиқатқа йўл топар ошиқ,

Қилур мажозни нафйи улки, беҳақиқат эрур.

(“Фавойиду-л-кибар, 5-қитъа)

Алишер Навоийнинг ишқий мавзудаги ғазалларидан бирини кўриб чиқсак:

Тун оқшом бўлдию келмас менинг шамъи шабистоним,

Бу андуҳ ўтидин ҳар дам куяр парвонадек жоним.

Не ғам кўргузса кўксум порасин чоки гирибоним,

Кўрунмас бўлса кўксум ёрасидин доғи пинҳоним.

Ғамидин дурри макнундек, сиришким оқти Жайхундек,

Музайян қилди гардундек жаҳонни ашки ғалтоним.

Фалак ҳам тўлди кавкабдин, қуёш ҳам тушти ашҳабдин,

Келиб тушмас бу маркабдин менинг хуршиди рахшоним.

Жаҳонни зулмат этти чаҳ, бу зулмат ичра ўлгум, ваҳ,

Манга бўлсанг не Хизри раҳ, етиб, эй оби ҳайвоним.

Дема кўктин қуёш кетмиш, фалакка тийралик етмиш,

Ул ой ҳажрида тор этмиш фалакни дуди афғоним.

Навоий кеби ҳижрондин, бу оқшом ўлдум афғондин,

Ғамим йўқ буйла юз жондин, етиб гар келса жононим.

Ғазал 8 байтдан иборат бўлиб, “Ғаройибу-с-сиғар” девонидан ўрин олган. Қофияланиш тизимига кўра қўш матлаъли, яъни ғазали ҳусни матлаъ. Шунингдек, ғазалнинг ритмик таъсирчанлигини оширадиган яна бир ҳодиса унинг мусажжаъ (ички қофия) санъати асосида яратилганлигидир. Бу санъатга кўра, матлаъдан кейинги байтлар тўрт бўлакка ажратилиб, дастлабки уч бўлак ўзаро мустақил тарзда қофияланади, тўртинчи бўлак эса асосий қофияга оҳангдош бўлади.

Ғазалда ошиқнинг ҳижрону айрилиқ дамларида чеккан соғинч изтироблари, дардли кечинмалари тасвирланган бўлиб, бу тасвирнинг фалак, яъни осмон ҳодисалари билан уйғун тарзда баён қилинганлигини кўрамиз. Ғазал тун – оқшом бошланса ҳам, ёр, яъни ушбу тунни ёритувчи шамъ келмаганлиги, бу қайғу оташидан ошиқнинг жони парвонадай куйиши тасвири билан бошланади. Байтда қўлланилган таносуб (тун, оқшом, шабистон, шамъ, парвона), ташбеҳ, тавзеъ (оқшом, шамъ, шабистон) каби санъатлар матлаъдаёқ ғазалнинг таъсирчан чиқишига замин ҳозирлаган.

Кейинги байтларда ушбу тасвир янада кучайтирилади.

Иккинчи байт:

Агар кўксимнинг ярасидан яширин ғамим кўринмаса, не ғам?! Чунки кўксимнинг пора бўлганлигини либосим ёқасидаги чок кўрсатиб турибди.

Ҳусни таълил (чиройли далиллаш) ва ташбеҳ санъатларининг уйғунлиги байтнинг таъсирчанлигини оширган.

Учинчи байт:

Ёримнинг ғамидан яширин дурдек кўз ёшим Жайҳун дарёсидек оқди, бу кўз ёшимнинг дона-дона томчилари жаҳонни худди юлдузли осмондек безади.

Айни шу байтдан бошлаб, мусажжаъ санъати (макнундек, Жайҳундек, гардундек) оҳангдорликни кучайтиради ва бу оҳангдорлик ғазал охиригача давом этади.

Тўртинчи байт:

Осмон юлдузлар билан тўлди, қуёш ҳам ўз отидан тушди, яъни ботди, лекин менинг қуёшим, яъни ёрим Рахш отидан тушиб, ҳузуримга келмайдими?

Байтда Алишер Навоий бадиий маҳорати ва сўз бойлигининг яна бир намойишига гувоҳ бўламиз: офтоб тушунчаси 3 хил сўз воситасида: қуёш, хуршид, рахшон ва от тушунчаси ашҳаб ва маркаб сўзлари воситасида ифодалаб бериляпти.

Бешинчи байт:

Зулмат жаҳонни қудуққа айлантирди, энди бу зулмат ичида ўлмоғим тайиндир. Қанийди менинг оби ҳайвон (тириклик суви)дек ёрим етиб келиб, Хизр каби йўлбошчи бўлиб, мени қутқарса.

Маълумки, мумтоз адабиётда Хизр оби ҳаётни ичган тимсол сифатида келиб, байтда бу номнинг қўлланилиши талмеҳ санъатини вужудга келтиряпти.

Олтинчи байт:

Осмондан қуёш кетди, атроф қоронғиликка чўмди деб ўйлама. Аслида бу менинг ойдек ёрим ҳажридан чеккан фиғонларим тутунидир.

Байтда истиора ва муболаға санъатларининг бетакрор намуналарига гувоҳ бўламиз.

Еттинчи байт:

Ёрим ғамида менинг бу пинҳон ёнишимдан қуёш қочиб, юзини яширди; шафақ оташга тушиб куйди, осмоннинг юзига эса доғлар тушди.

Байтда ҳусни таълил санъати ва таносуб санъатлари қўлланилган.

Ғазал ёр висолига илинж ва умидворлик туйғулари билан якунланади:

Айрилиқ изтироблари ичида Навоий каби бу оқшом фиғон чекиб ўлмоқдаман, лекин менга жон қайғуси бегона, фақат жононим етиб келса бўлгани.

Байтда “жон” ва “жонон” сўзлари воситасида вужудга келтирилган иштиқоқ санъати байтнинг лисоний жозибасини оширган.

Ғазал аруз тизимининг сокин ва ҳазин оҳангга эга вазнларидан бири бўлган ҳазажи мусаммани солим (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун мафоийлун мафоийлун V – – –/ V – – – / V – – – V – – –) вазнида яратилган. Бу бежиз эмас, чунки мусажжаъ ғазал шартлари (байтларнинг ўзаро тенг тўрт бўлакка бўлиниши) шуни тақозо этади.

“Хазойину-л-маоний” куллиётига ғазалдан кейин тартиб бўйича мустазод жанри киритилган бўлиб, куллиётда мустазодлар сони тўртта, яъни ҳар бир девонга тенг тарзда жойлаштирилган. Мустазод арабча “орттирилган”, “зиёда қилинган” маъноларини билдириб, ҳар мисраси 1,5 қатордан иборат шеър шаклидир. Мустазод учун ғазал асос – замин вазифасини ўтайди. Иккала жанрнинг қофияланиш тизими, байтлар сони, матлаъ ва мақтаъ, тахаллуснинг мавжудлиги бу фикрни исботлайди. Лекин ғазал аруз тизимининг барча баҳрларида яратилгани ҳолда мустазод фақат ҳазаж баҳрининг ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуфи мустазод (рукнлари ва тақтиъи: мафъулу мафоийлу мафоийлу фаувлун мафъулу фаувлун – – V / V – – V / V – – V / V – – / – – V / V – –) вазнида ёзилади.

Туркий адабиётда Алишер Навоийгача мустазод жанри Ҳофиз Хоразмий ижодида учрайди. Унинг девонида ҳар бири 7 байтдан иборат иккита мустазод мавжуд.

Алишер Навоий “Мезону-л-авзон” асарида мустазод жанрига алоҳида таъриф бериб, унинг оҳанги суруд нағамоти (куй оҳанги)га мос келишини айтади: “...халқ орасида бир суруд бор экандурким, ҳазажи мусаммани ахраби макфуфи маҳзуф вазнида анга байт бошлаб битиб, анинг мисраидин сўнгра ҳамул баҳрнинг икки рукни била адо қилиб, суруд нағамотиға рост келтурурлар эрмиш ва ани “мустазод” дерлар эрмиш...

Навоийнинг ўз даврида ниҳоятда машҳур бўлган мустазодларидан бири “Наводиру-ш-шабоб” девонига киритилган бўлиб, шундай бошланади:

Дин офати бир муғбачаи моҳюлиқодур,

майхораву бебок,

Ким ишқидин онинг ватаним дайри фанодур

сармасту яқом чок.

Ҳам туррасининг дуду вараъ белига зуннор,

мен кофири ишқи

Ҳам юзи мажус ўти киби шуълафизодур,

мен ўртанибон пок...

Алишер Навоийнинг замондоши тарихчи Зайниддин Восифийнинг “Бадоъеу-л-вақоеъ” асарида келтирилишича, бу мустазодга ўз даврининг машҳур бастакори Хожа Абдулло Марворид куй басталаган. Қўшиқ шунчалик шуҳрат қозонганки, Ҳиротда бу қўшиқни тингламайдиган хонадон бўлмаган. Ҳатто бир базмда мустазоднинг “сармасту яқом чок” сатри куйланаётганда, мажлис аҳли ўз ёқаларини йиртганлар ва бу ҳолни бир тасодиф туфайли туйнукдан қараётган ҳазрат Навоийнинг ўзи ҳам кўрган. Алишер Навоий кейинчалик “Ҳайрату-л- аброр”да бу ҳодисани шундай тасвирлайди:

Базмда ул лаҳза алолони кўр,

Кўйи харобот аро ғавғони кўр.

Кўрки, нечукдур яқо чок айламак,

Ўзни фиғон бирла ҳалок айламак.

Куллиётдаги учинчи жанр мухаммас бўлиб, “Хазойину-л-маоний”да мухаммасларнинг сони 10 та. Мухаммас арабча “бешлик” маъносини билдириб, ҳар банди 5 мисрадан иборат шеър ҳисобланади ва а-а-а-а-а, б-б-б-б-а, с-с-с-с-а тарзида қофияланади. Мухаммас мусаммат (бандли шеър)нинг бир тури бўлиб, яратилиш хусусиятига кўра икки хил бўлади:

1) табъи худ (мустақил);

2) тахмис (ғазални бешлантириш асосида яратилган).

Табъи худ мухаммасда шоир ўзга шоир шеърини асос қилиб олмасдан, ўзи мустақил равишда бешлик яратади. Тахмисда эса муаллиф ўзга шоир ёки баъзида (жуда кам ҳолларда) ўз ғазалини асос – замин қилиб олиб, шу мавзуни давом эттиргани ҳолда, вазн, қофия ва радифни сақлаб қолиб бешлик яратади. Бунда асос қилиб олинган ғазалдаги ҳар байтнинг юқори қисмига уч мисра қўшилади. Мақтаъ бандда тахмис боғлаётган шоирнинг тахаллуси ҳам келтирилади.

Қизиғи шундаки, Алишер Навоийнинг “Хазойину-л-маоний”га киритилган 10 та мухаммасидан 3 таси “малику-л-калом” Лутфийга, қолган 7 таси эса ўзининг машҳур ғазалларига битилган тахмисдир. Мумтоз адабиётимиз тарихида ижодкорнинг ўз ғазалига тахмис битиш ҳодисаси жуда кам учрайди, Навоий тахмислари эса шоирнинг ўз ғазалларини бешлантириш асосида вужудга келганлигини кўриш мумкин. Демак, айтиш мумкинки, ҳазрат Навоий муайян мавзуга доир ғазал ёзар экан, орадан вақт ўтиб, шу мавзуга қайтишга эҳтиёж сезган ва шу тариқа ўз ғазалларини мухаммас ҳолига келтирган бўлиши мумкин. Мазкур ҳолатни қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:

Лутфийга тахмиснинг 1-мисраси ва у киритилган девон

Ўз ғазалларига тахмис

Мухаммаснинг 1-мисраси ва у киритилган девон

Мухаммасга асос бўлган ғазалнинг 1-мисраси ва у киритилган девон

Ҳалқайи зулфунгда кўнглум бўлғали ғам маҳрами (“Ғаройибу-с-сиғар”, 1-мухаммас)

Оҳким, волиҳ мен ул сарви хиромондин жудо (“Наводиру-ш-шабоб”, 2-мухаммас)

Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо (“Ғаройибу-с-сиғар”, 38-ғазал)

Маснади ҳусн узра токим кўрмишам ул шоҳни (“Наводиру-ш-шабоб”, 1-мухаммас)

Бўлмағай эрди жамолинг мунча зебо кошки (“Наводиру-ш-шабоб”, 3-мухаммас)

Очмағай эрдинг жамоли олам оро кошки (“Наводиру-ш-шабоб”, 625-ғазал)

Шарбати юҳйил изом эрни майи нобиндадур (“Бадоеъу-л-васат”, 1-мухаммас)

Неча, эй ой, мендин айру айлагай даврон сени (“Бадоеъу-л-васат”, 2-мухаммас)

Келгил, эй ороми жонимким, тилайдур жон сени (“Фавойиду-л-кибар”, 618-ғазал)

Оҳким, тарки муҳаббат қилди жонон оқибат (“Ғаройибу-с-сиғар”, 2-мухаммас)

Ёшурун дардимни зоҳир қилди афғон оқибат

(“Наводиру-ш-шабоб”, 72-ғазал)

Жилва қилди даҳр аро кўп ҳусни бехамто йигит (“Фавойиду-л-кибар”, 1-мухаммас)

Кўнглум олди бир парийпайкар малаксиймо йигит (“Ғаройибу-с-сиғар”, 80-ғазал)

Ишқ ўтидин жисми зори нотавоним ўртадинг (“Ғаройибу-с-сиғар”, 3-мухаммас)

Ваҳки, ўтлуқ чеҳра очиб хонумоним ўртадинг (“Наводиру-ш-шабоб”, 354-ғазал)

Кўргузуб юз, кўнглума юз минг жафому қилмадинг (“Фавойиду-л-кибар”, 2-мухаммас)

Ишқ ўтидин қисматим дарду балому қилмадинг (“Бадоеъу-л-васат”, 356-ғазал)

“Хазойину-л-маоний”га мусаддас (“олтилик”) жанри ҳам киритилган бўлиб, куллиётдан 5 та мусаддас ўрин олган. Мусаддас ҳам мухаммас сингари икки турга бўлинади:

1) табъи худ (мустақил);

2) тасдис (ғазални олтилантириш асосида яратилган).

Куллиётдаги 5 та мусаддасдан 2 таси Лутфийга, биттаси Ҳусайнийга тасдис бўлса, биттаси шоирнинг ўз ғазалига тасдис ва биттаси шоирнинг ўз табъидан яратилган мусаддасдир.

Бу ҳодисани ҳам жадвалда кузатиш аниқроқ тасаввур беради:

Табъи худ мусаддас

Лутфийга таcдис

Ҳусайнийга тасдис

Ўз ғазалларига тасдис

Тасдисга асос бўлган ғазал

Тасдис

“Даҳр аро чун қайғусиз йўқ ҳеч ишрат, эй рафиқ” (“Наводиру-ш-шабоб”, 1-мусаддас)

“Жоним ўртарга ул ўтлуқ чеҳра гулзори Ҳалил” (“Бадоеъу-л-васат”, 1-мусаддас)

“Ишқ зор этти халойиқ ибтилосидин мени” (“Бадоеъу-л-васат”, 2-мусаддас)

Субҳидам махмурлуқтин тортибон дарди саре” (“Ғаройибу-с-сиғар”, 1-мусаддас)

Ваҳки, диним кишварин торож қилди кофире” (“Наводиру-ш-шабоб”, 580-ғазал)

“Зулфу сиймин жисминг афъи ганжи Қорун устина” (“Фавойиду-л-кибар”, 1-мусаддас)

Навбатдаги жанр мусамман деб аталиб, “саккизлик” маъносини билдиради. Алишер Навоийгача туркий шеъриятда мусамман жанри учрамайди. Куллиётда битта мусамман бўлиб, у “Фавойиду-л-кибар” девонига киритилган. Мусамман а-а-а-а-а-а-а-а, б-б-б-б-б-б-б-а, с-с-с-с-с-с-с-а тарзида қофияланиб, 7 банддан – жами 56 мисрадан иборат. Шеър мураддаф (радифли) бўлиб, “эй кўнгул” жумласи радиф бўлиб келган. Мусамман ишқий мавзуда: ошиқнинг ёр озоридан шикоят қилиб, кўнгилга мурожаати тарзида яратилган. Мусамман қуйидаги банд билан бошланади:

Ҳар тараф азм айлаб ул шўхи ситамгор, эй кўнгул,

Тиғи ҳажридин неча бўлғайбиз афгор, эй кўнгул,

Чун сафар айлаб эди бир қатла дилдор, эй кўнгул,

Дарди ҳажриға бўлуб эрдук гирифтор, эй кўнгул,

Буйлаким, таъриф этиб ғурбатни бисёр, эй кўнгул,

Шаҳру кишвардин малолат айлаб изҳор, эй кўнгул,

Англадинг ё йўқмуким, айлар сафар ёр, эй кўнгул,

Ваҳки, бўлдуқ яна ҳажри илгидин зор, эй кўнгул...

“Хазойину-л-маоний”да таржиъбанд жанри ҳам алоҳида ўрин тутади. Маълумки, таржиъбанд арабча “такрорлаб боғламоқ” маъносини билдиради. Адабий истилоҳ сифатида эса бир неча банддан иборат бўлиб, ғазал сингари қофияланадиган, биринчи банднинг мақтаъси қолган бандларнинг сўнгида ҳам такрорланадиган шеър турини англатади. Бунда мақтаъ мисралари ўзаро қофияланган бўлади.

Туркий адабиётда таржиъбанднинг илк намуналари Ҳофиз Хоразмий ижодида учрайди. Унинг девонига 3 та таржиъбанд киритилган.

“Хазойину-л-маоний” куллиётида 4 та таржиъбанд бўлиб, ҳар бир девонга биттадан жойлаштирилган. Таржиъбандларнинг иккитаси тасаввуфий-фалсафий , иккитаси ишқий мавзуда. Улардан “Эй кирпики нешу кўзи хунхор” деб бошланадиган таржиъбандни кўриб чиқсак. Таржиъбанд 7 банддан иборат бўлиб, ҳар бир банд 8 байтни ўз ичига олади. Унинг умумий ҳажми 56 байт – 112 мисра.

Таржиъбанд ишқий мавзуда бўлиб, қуйидаги банд билан бошланади:

Эй кирпики нешу кўзи хунхор,

Жонимни неча қилурсен афгор.

Лаълинг ғамидин кўнгулда эрди,

Ҳар қонки сиришким этти изҳор.

Ҳайҳотки, ҳажринг илгидиндур

Жонимда алам, танимда озор.

Юзунгни кўруб мени рамида,

Ишқ ўтиға бўлгали гирифтор.

Сен эрдинг мажлисим ҳарифи

Ким, еди ҳасад сипеҳри ғаддор.

Юз ҳасрат ила ё мени айирди

Васлингдин, аё, хужаста дийдор.

Эмдики фироқ аро тушубмен,

Топқунча яна ҳариф, ё ёр.

Ёдингни қилай ҳарифи мажлис,

Фикрингни этай кўнгулга мунис...

Кўринадики, банд охиридаги байт ўзаро мустақил қофияланган мисралардан ташкил топган. Бу мисралар қолган бандлар сўнгида ҳам такрорланади. Таржиъбандда бир пайтлар ёри билан ҳамнафас, улфат бўлган, эндиликда ғаддор тақдирнинг зулми билан севгилисидан айрилган ошиқнинг руҳий кечинмалари баён қилинади. Академик А.Қаюмов ушбу таржиъбандни “Севгинома” деб атайди. Таржиъбанд ҳазаж баҳрининг хушоҳанг ва ўйноқи вазнларидан бири – ҳазажи мусаддаси ахраби мақбузи мақсур вазнида (рукнлари ва тақтиъи: мафъулу мафоилун фаувлун – – V / V – V – / V – ~) ёзилган.

“Хазойину-л-маоний”да битта таркиббанд ҳам мавжуд. Таркиббанд “бириктириб боғламоқ” маъносини билдириб, қофияланиш тизими ва ҳажмига кўра таржиъбандга яқин туради. Фақат ундан фарқли ўлароқ, таркиббандда ҳар банднинг мақтаъси ўзаро қофияланувчи ва бир-бирини такрорламайдиган мустақил байтлардан иборат бўлади. Алишер Навоийнинг таркиббанди марсия йўналишида бўлиб, устози ва дўсти Саййид Ҳасан Ардашер хотирасига бағишланган. Таркиббандда шоирнинг азиз инсонидан айрилиши туфайли вужудга келган қалб оғриқлари, дардли ҳиссиётлари, аламу изтироблари баён қилинади. Шоир, айниқса, Саййид Ҳасан Ардашер вафот этган вақтда Ҳиротдан узоқда бўлганлиги, у билан видолаша олмаганлигидан чексиз изтироб чекади. Мазкур таркиббанд “Наводиру-ш-шабоб” девонидан ўрин олган бўлиб, ҳажман 56 байтдан иборат.

Таркиббанд қуйидаги банд билан бошланади:

Даҳр боғики жафо шориидур ҳар чамани,

Жуз вафо аҳлиға сончилмади анинг тикани.

Кимдаким доғи вафо кўрса шаҳид айламаса,

Лоласининг не учун қонға бўялмиш кафани.

Поймол этмаса андинки келур меҳр иси,

Оёғ остида недин қолди гиёҳи дамани.

Сафҳаи хотири пок ўлмаса барбод андин,

Бас, не соврулмоқ эрурким кўрар анинг самани.

Ростлар бўлса анинг арсасида бархўрдор,

Жаврдин, бас, нега бебарлик эрур сарви фани.

Гар яқин аҳлини Мансур кеби қатл этмас,

Бас нединдур шажару сунбули дору расани.

В-ар камол аҳли жалойи ватан эрмас андин,

Нега туфроғдур ул акмали даврон ватани.

Баҳри урфон дури Саййид Ҳасан улким афлок,

Етти дуржи аро бир кўрмади андоқ дури пок.

Таркиббанд рамал баҳрининг рамали мусаммани солими махбуни маҳзуф вазнида (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фаилотун фаилотун фаилун V – / V V – – / V V – –/ V V – ) ёзилган.

“Хазойину-л-маоний”дан ўрин олган битта маснавий ҳам Саййид Ҳасан Ардашер номи билан боғлиқ. Маълумки, маснавий арабча “иккилик” маъносини билдириб, ҳар банди икки мисрадан таркиб топувчи ва а-а, б-б, в-в… тарзида қофияланувчи шеър туридир. Навоий ўзининг “Сабъаи сайёр” достонида бу жанрни алоҳида тавсифлаб, уни “васеъ” – кенг майдон деб атайди:

Маснавийким, бурун дедим они,

Сўзда келди васеъ майдони.

Мумтоз адабиётимиз тарихида яратилган маснавийларни шартли равишда икки турга ажратиш мумкин:

1) лирик маснавий (шоирнинг лирик кечинмалари, ҳис-туйғулари ифода этиладиган шеър шакли);

2) эпик маснавий ёки достон (сюжет асосига қуриладиган катта ҳажмли асар).

“Хазойину-л-маоний” куллиётидан ўрин олган маснавий лирик маснавий бўлиб, “Ғаройибу-с-сиғар” девонига киритилган. Маснавий шеърий мактуб тарзида ёзилган. Маснавийда Аллоҳ ҳамди ва Пайғамбар наътидан сўнг Саййид Ҳасан Ардашер шахсига таъриф-у таҳсинлар айтилади:

Вафо анга пеша, сахо анга фан,

Вафову сахо кони Саййид Ҳасан.

Унда шунингдек, сўз таърифи, шеър ва шоирлик, бадиий ижод билан боғлиқ масалалар ҳам қаламга олинган.

“Хазойину-л-маоний” куллиётидаги навбатдаги жанр қасидадир. Қасида арабча “мақсад”, “ният” маъноларини билдириб, бирор тарихий шахс ёки воқеага бағишлаб ёзиладиган катта ҳажмли шеър тури ҳисобланади. Қасидалар ҳажман 12 байтдан бир неча юз байтгача бўлиши мумкин.

Қасида ғазал сингари а-а, б-а, с-а, д-а … тарзида қофияланади. Айрим ҳолларда маснавий сингари қофияланиши ҳам мумкин. Қасида тузилишига кўра 2 хил бўлади:

1. Қасидаи томўлиқ қасида) – бунда қасида тўрт қисмдан таркиб топади:

а) насиб – лирик кириш (табиат тасвири);

б) гуризгоҳ – насиб билан мадҳни боғловчи, 4-5 байтдан ташкил топувчи қисм;

с) мадҳ – асосий қисм;

д) қасд – мамдуҳ (мадҳ этилаётган шахс)га ният ва истаклар билдирилаган қисм.

2. Қасидаи мужаррада (чала қасида) – бунда фақат мадҳ келтирилади.

Қасидалар мавзусига кўра васф, мадҳ, ҳажв, марсия, муножот ва фалсафий қасидаларга бўлинади. Туркий адабиётдаги илк қасида “Девону луғотит турк”да “қўнуғ” шаклида учрайди.

Алишер Навоийнинг мазкур куллиётга кирган қасидаси “Ҳилолия” бўлиб, учинчи девон “Бадоеъу-л-васат”дан ўрин олган. Қасида тузилишига кўра тўлиқ, мавзусига кўра эса мадҳ қасида ҳисобланади. Ҳажман 91 байтдан иборат. Қасида замона ҳукмдори султон Ҳусайн Бойқаронинг Хуросон тахтига ўтириши муносабати билан ёзилган бўлиб, қуйидаги байт билан бошланади:

Чун ниҳон қилди турунжи меҳр рахшон талъатин,

Ошкор этти фалак бир тавқи ғабғаб ҳайъатин.

Мазкур қасида рамал баҳрининг рамали мусаммани маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фоилотун фоилотун фоилун, – V – – / – V – – / – V – – / – V –) вазнида яратилган.

“Хазойину-л-маоний”да катта ҳажмли шеърлардан соқийнома ҳам учрайди. Маълумки, соқийнома соқий (май қуювчи)га мурожаат қилиб ёзилган, маснавий шаклида қофияланадиган катта ҳажмли шеър бўлиб, бир неча бандни ўз ичига олади. “Хазойину-л-маоний” куллиётида битта соқийнома мавжуд бўлиб, “Фавойиду-л-кибар” девони таркибига киритилган. Алишер Навоий соқийномаси турли ҳажмдаги 32 қисм(банд)дан иборат. Жами 458 байтни ўз ичига олади. Биринчи банд ҳажман анча катта (41 байт) бўлиб, қуйидаги байт билан бошланади:

Соқиё, тут қадаҳи шоҳона,

Қатраси лаъл вале якдона...

Ушбу банд дунёнинг фонийлиги, фалакнинг бевафолиги тасвирига бағишланган. Кейинги бандлар Ҳусайн Бойқаро ва шаҳзодалар таърифи ҳақида. 21-бандга келиб, Алишер Навоий ўзининг марҳум икки ҳабиби Мирзобек ва Мир Дарвешни изтироб билан ёдга олади:

Бири ҳам ёр манга, ҳам фарзанд,

Жонға орому юракка пайванд.

Бири ҳамсуҳбату ҳамдарду рафиқ,

Туққанимдин доғи юз қатла шафиқ.

22-23-бандларда Навоийнинг ижодкор дўсти Шайхим Суҳайлий ва у яратган қасидалар, 25-бандда Абдураҳмон Жомий, 26-бандда Саййид Ҳасан Ардашер, 27-бандда Паҳлавон Муҳаммадлар ҳақида сўз боради. 28-банд ишқ таърифига бағишланган[1]. 29-банд эса вафо таърифи ҳақида бўлиб, шоир олам аҳлида вафо йўқлиги тўғрисида шундай ёзади:

Олам аҳлида чу йўқ аҳли вафо,

Айларам мен дағи жонимға жафо.

30-31-бандлар Алишер Навоийнинг дўстлари: пири Муаммоий, Хожа Камол, Мир Садр, Ёр Танбал, олим Сабзорий, Мир Атойи, Фанойи, Осафий Ҳиравий, Биноий, Султонали Машҳадий, Котибийлар таърифига бағишланган бўлиб, Алишер Навоий қолган дўстларини “Мажолису-н-нафоис”да зикр этиб ўтганлигини таъкидлайди:

Ўзгасин қилмадим андин мазкур,

Ки “Мажолис”да эрурлар мастур.

Соқийноманинг сўнгги 32-банди ҳазрат Навоийнинг соқийга мурожаат қилиб, уни риндлар базмига киритишини сўраб қилган истак, илтижоси билан бошланиб, риндлар шоҳи Султон Абулғозий Ҳусайн Бойқаро таърифи ва унга умрбоқийлик тилагини билдириш билан якунланади.

Соқийнома рамал баҳрининг рамали мусаддаси солими махбуни мақтуъ ёки маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фоилотун фаилотун фаълун ёки фаилун – V – – / V V – – / – – ёки VV –) вазнида яратилган[2].

“Хазойину-л-маоний” куллиётида қитъа жанри ҳам етакчи ўринни эгаллайди. Қитъа (ар. “парча”, “бўлак”, “қисм”) 2 байтдан бир неча байтгача ҳажмда бўлган, фақат жуфт мисралари қофияланадиган (ба , ва, га …) байтли шеър шакли ҳисобланади. Туркий адабиётда қитъанинг илк намуналари Носируддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” асарида учрайди[3].

Қитъа, асосан, фалсафий, ижтимоий ва ахлоқ-одоб билан боғлиқ мавзуларда яратилган. Шунингдек, қитъа насрий асарларда маълум бир масала ҳақидаги фикр-мулоҳазаларга якун сифатида “қиссадан ҳисса” тарзида келтирилган.

Алишер Навоий қитъаларини мавзусига кўра шартли равишда икки гуруҳга ажратиш мумкин:

1) ижтимоий ҳаёт масалалари акс этган фалсафий-ахлоқий мазмундаги қитъалар:

Қулоқда асра гаронмоя сўзнию фикр эт

Ки, дурсиз ўлса, не бўлғусидур садаф ҳоли.

Сўзунгни дағи кўнгул ичра асрағилким, ҳайф

Ким, уйла дуржни гуҳардин эткасен холий.

Бу дуржу икки садафни тўла дур этканга,

Зиҳе улувви гуҳар, балки гавҳари олий.

2) муайян давр воқеа-ҳодисалари ҳамда у ёки бу гуруҳ вакиллари фаолияти ҳақидаги қитъалар:

Фалон котиб ар хатни мундоқ ёзар,

Бу мансабдин ани қўпармоқ керак.

Юзин номасидек қора айлабон,

Қаламдек бошин дағи ёрмоқ керак.

Қитъа баъзан аа, бб, вв тарзида ҳам қофияланиши мумкин. “Хазойину-л-маоний”га киритилган 210 қитъадан 6 таси айнан шу тарзда қофияланган. (“Ғаройибу-с-сиғар”даги 41-қитъа; “Бадойеъу-л-васат”даги 3-, 18-, 52-қитъалар, “Фавойиду-л-кибар”даги 42-, 44-қитъалар). Мумтоз адабиётимиз тарихида қитъаларнинг бундай қофияланиш ҳодисаси деярли учрамайди.

“Бадойеъу-л-васат”даги 18-қитъанинг қофияланишини кўриб чиқсак:

Бийик ҳимматлик элга арзи ҳол эт, а

Замири нурпош элдин савол эт. а

Ки бор абри баҳоре гавҳарафшон, б

Чоқин ҳам олам аҳлиға зарафшон. б

Хазойину-л-маоний”да рубоий жанрининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Рубоий (ар. “тўртлик”) икки байтдан иборат мустақил шеър бўлиб, дастлаб форс-тожик шеъриятида, Абу Абдуллоҳ Рудакий ижодида пайдо бўлган.

Рубоийнинг 2 хил тури бор:

1) хосий рубоий ёки рубоийи хоса (қофияланиши: а-а, б-а):

Сен борғали ортмиш кўнгул зорлиғи,

Оҳ ўқларидин ҳар нафас афгорлиғи.

Билман унутулғанму экандур манга ҳажр,

Ё кўпрак эрур бу қатла душворлиғи.

2) таронайи рубоий ёки рубоия (қофияланиши: а-а, а-а):

Оллимда табиби чорасозим ҳам йўқ,

Ёнимда рафиқи дилнавозим ҳам йўқ.

Теграмда аниси жонгудозим ҳам йўқ,

Бошимда шаҳи банданавозим ҳам йўқ.

“Хазойину-л-маоний”даги 133 та рубоийдан 116 таси таронайи рубоий ҳисобланади.

Рубоий муайян композицияга эга. Мумтоз рубоий талабларига кўра, унда тўрт унсур мавжуд бўлади. Мазкур унсурлар тўрт мисрада айтилмоқчи бўлган фалсафий, ахлоқий ёки дидактик фикрнинг маълум бир яхлитликка эришишини таъминлайди. Шу маънода тўрт мисрани қуйидаги унсурларга тақсимлаш мумкин:

1) тезис – унда рубоийда айтилмоқчи бўлган фикр, бошқача айтганда рубоий мавзуси баён қилинган бўлади;

2) антитезис – бунда биринчи мисрага қарама-қарши фикр айтилади;

3) моддаи рубоий – тўртинчи мисрада айтилмоқчи бўлган фикр учун кўприк вазифасини ўтайди;

4) синтез хулоса.

Лекин бу унсурларнинг доимий мавжуд бўлиш талаби нисбий бўлиб, кўпинча тезис ва антитезиснинг ўрнига фақат моддаи рубоий ва синтезнинг қўлланилганлигини кузатиш мумкин. Юқорида келтирилган рубоийда ҳам ошиқ кечинмалари, асосан, моддаи рубоий тарзида берилган.

Рубоий ўзига хос махсус вазнда ёзилади. Бу ҳазаж баҳрининг ахраб ва ахрам шажарасидир. Бу ҳақда Навоий “Мезону-л-авзон” асарида шундай ёзади:

Рубоий вазниким, они “дубайтий” ва “тарона” ҳам дерлар, ҳазаж баҳрининг “ахрам” ва “ахраб”идин истихрож қилибдурлар ва ул вазнедур асру хушоянда ва вазнедур бағоят рабоянда”. Ҳазаж баҳрининг ахраб шажараси 12 вазнни, ахрам шажараси яна 12 вазнни ўз ичига олади ва ушбу жами 24 вазн рубоий вазнлари ҳисобланади. Рубоийнинг шеърий ўлчови билан боғлиқ муҳим хусусият шундаки, бошқа шеърий жанрлардан фарқли ўлароқ рубоийнинг тўрт мисраси мазкур шажараларга мансуб 4 вазнда ёзилиши мумкин. Масалан, Алишер Навоийнинг “Ғаройибу-с-сиғар” девонидаги 45-рубоийни тақтиъи билан бирга кўрсак:

Олам бор эмиш, Навоийё шўрангиз,

V / V V / V / ~

Оламдаги эл боштин аёғ рангомиз.

V/ V V / V / ~

Ишқ истар эмиш сени адам Мисри сари,

V / V V /V V / V

Борғилки, эрур эл тилаган ерда азиз.

V / V V / V – – V / V ~

Юқоридаги чизмадан маълум бўляптики, мазкур рубоийнинг ҳар бир мисраси алоҳида вазнда ёзилган экан.

Туркий адабиётда рубоий жанрининг дастлабки намуналари Ҳофиз Хоразмий девонида учрайди. Унинг жами 12 та рубоийси мавжуд бўлиб, улар асосан рубоийи хоса шаклида яратилган. Демак, туркий адабиётда таронаи рубоийнинг илк бор қўлланилиши Алишер Навоий номи билан боғлиқ деб айтиш мумкин.

Муаммо (ар. “кўр қилинган”, “беркитилган”) – бир, баъзан эса икки байтдан иборат мустақил шеър бўлиб, а-а ёки а-б тарзида қофияланади. Муаммода бирор исм ёки нарса-буюм номи беркитилади. Беркитилган сўз шоирнинг турли-туман ишоралари : маънодош ёки шаклдош сўзларни топиш, бир тилдаги сўзнинг иккинчи бир тилдаги муодили (эквиваленти)ни қўллаш, сўзлардаги маълум бир ҳарфларни тизиб, янги сўз ясаш, баъзан эса абжад ҳисобини ишлатиб, рақамлар асосида сўз тузиш ва бошқалар асосида топилади. Муаммони ечиш учун даставвал асосий эътиборни матнда ишора қилинган калит сўзга қаратиш лозим бўлади.

Туркий адабиётда муаммо жанри Алишер Навоий ижодидан бошланган. Унинг “Хазойину-л-маоний” куллиётида 52 та муаммо мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси куллиётдаги иккинчи девон “Наводиру-ш-шабоб”га киритилган. Алишер Навоий муаммолари асосан бир байтли бўлиб, фақат “Қосим” исмига битилган муаммогина 2 байтдан иборат.

Навоийнинг баъзи муаммоларини кўриб чиқсак:

Қасди жонимға чу мужгонинг икки саф тузди,

Бири қош ёси, бири ғамзанг ўқин кўргузди.

Бу муаммода калит сўз “صف “саф” жумласи орқали кўрсатилган, матнда бу сўз “икки” сўзи билан келтирилиши унинг ечими ҳам иккита эканлигига ишора қилади. Биринчи “саф”га қош ёси, яъни “ى” “йой” (и) ҳарфи, иккинчисига ғамза ўқи, яъни “ا” “алиф” (о) ҳарфи қўшилади ва натижада “صفى – “Сафи” ва “صفا” – “Сафо” сўзлари келиб чиқади.

Қилур эсанг манга сомон аё рафиқ ҳавас,

Анинг аёғиға еткур менинг бошимни-ю бас.

Бу муаммода асосий эътибор “سامان” – “сомон” (осойишталик) сўзига қаратилган. Иккинчи мисрадаги “анинг аёғига бошимни еткур” жумласидаги ишорага кўра, “ا” – “алиф” (о)нинг оёғи, яъни пастки кисмига “م” – “мим” (м)нинг бошини етказиш талаб қилинади, натижада “ا” – “алиф” ҳарфи “ل” – “лом” ҳарфига айланиб, “م” – “мим”га қўшилади ва “سلمان”– “Салмон” сўзи келиб чиқади.

Алишер Навоийнинг мазкур жанр назариясига бағишланган махсус асари ҳам мавжуд бўлиб, форс-тожик тилида ёзилган. Асар “Муфрадот” ёки “Рисолаи муаммо” деб аталади.

“Хазойину-л-маоний” куллиётида навбатдаги жанр луғз бўлиб, арабча “топишмоқ”, “сир” маъноларини англатади. Луғз форс-тожик адабиётида чистон (форсча “нима у”) деб ҳам юритилади. Луғз бирор предмет ёки ҳодисанинг характер ва белгиларини таърифу тавсиф этиш орқали китобхонни ўша предмет ёки ҳодисани топишга ундайдиган шеър туридир. Луғз даставвал халқ оғзаки ижодида вужудга келган бўлиб, Х-ХII асрлардан бошлаб форс-тожик шеъриятида истифода этила бошлаган. Луғзлар ғазал, рубоий ва туюқ каби ҳажм, қофия ва бошқа шаклий жиҳатлардан қатъий қонуниятга эга эмас. Улар фард, рубоий, қитъа ва баъзан ғазал сингари қофияланиши мумкин.

Туркий адабиётда луғзнинг илк намуналари Алишер Навоий ижодида учрайди. Шоирнинг “Хазойину-л-маоний” куллиётида жами 10 та луғз мавжуд бўлиб, барчаси “Бадоеъу-л-васат” девонига киритилган. Мазкур жанрдаги шеърларида Навоий ўз атрофини ўраб турган предметларни ижтимоий муносабатлар ва турмуш ҳодисалари билан боғлиқ ҳолда нозик юмор билан тасвирлайди. Навоий луғзлари асосан қитъа (8 таси) ва рубоий (2 таси) сингари қофияланган. Масалан, унинг “парвона” тасвирига бағишланган луғзи таронаи рубоий шаклидадир:

Ул қушки, таашшуқдурур андиша анга,

Бир нахлғаким шомдадур беша анга.

Шохи учидин аён бўлуб реша анга,

Гул очмақ ўшул решасидин пеша анга.

Туюқ (турк. “ҳис қилмоқ”, “туймоқ”) – тўрт мисрадан иборат мустақил шеър шакли бўлиб, фақат туркий халқлар шеъриятида қўлланилган. Туюқ асосан рубоий сингари қофияланади, лекин баъзан ба, ва тарзида ҳам қофияланиши мумкин. Рубоийдан фарқли ўлароқ туюқда қофиянинг ўрнида асосан тажнис (шаклдош сўзлар) қўлланилади. Алишер Навоий “Мезону-л- авзон” мазкур жанрнинг хусусиятлари ҳақида шундай ёзади: “...Бириси “туюғ”дурким, икки байтқа муқаррардур ва саъй қилурларким, тажнис айтилғай ва ул вазн рамали мусаддаси мақсурдур, мундоқким (туюғ):

Ё раб, ул шаҳду шакар ё лаб мурур?

Ё магар шаҳду шакар ёлабмурур?

Фоилотун фоилотун фоилон

Жонима пайваста новак отқоли,

Ғамза ўқин қошиға ёлабмудур?

Фоилотун фоилотун фоилон”

Бу ўринда Алишер Навоий туюқнинг уч жиҳатига: икки байтли бўлиши, тажнисга асосланиши ва махсус вазнда – рамали мусаддаси мақсур (маҳзуф)да ёзилишига диққат қаратяпти. Бобур “Мухтасар”да туюқнинг навълари ҳақида гапириб, тажниссиз туюқ ҳам мавжуд бўлишини айтади.

Навоийнинг “Хазойину-л-маоний” куллиётида жами 13 туюқ мавжуд бўлиб, 11 таси аа ба, 2 таси ба ва тарзида қофияланган. Барча туюқлар “Бадоеъу-л-васат” девонига киритилган.

Туркий адабиётдаги дастлабки туюқ Лутфий девонида учрайди, лекин Н.Маллаевнинг ёзишича, туркий адабиётда туюқнинг илк намуналари Бурҳониддин Сивосий томонидан яратилган.

“Хазойину-л-маоний”ни якунловчи жанр фард бўлиб, (ар. “якка”, “ёлғиз”) бир байтдангина иборат энг кичик мустақил шеър шакли ҳисобланади. Фард а-а ёки а-б тарзида қофияланади. Фард бир байтдангина иборат бўлса-да, унда муҳим фалсафий-ахлоқий масала қаламга олиниб, ихчам поэтик хулоса ифодаланади. Шу маънода фардлар кўпинча афоризм характерига эга бўлади:

Ғофил ўлма, назардин итса аду,

Шамъ ўчурганда, ел кўринурму...

Киши айбинг деса дам урмағилким, ул эрур кўзгу,

Чу кўзгу тийра бўлди, ўзга айбинг зоҳир айларму?

Алишер Навоийнинг “Хазойину-л-маоний”сида 86 та фард мавжуд бўлиб, 83 таси қофияли, учтаси эса қофиясиздир. Фардларнинг барчаси “Фавойиду-л-кибар” девонига киритилган.

Туркий адабиётда фарднинг илк намунаси Хоразмийнинг “Муҳаббатнома” асарида учрайди.

АДАБИЁТЛАР:

1. Навоий Алишер. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1988-1990. 3-6 жилдлар.

2. Исҳоқов Ё. Навоий поэтикаси. – Т.: Фан, 1983.

3. Носиров О. ва бошқалар. Ўзбек классик шеърияти жанрлари. – Т.: Ўқитувчи, 1979.

4. Абдуғафуров А.“Хазойин ул-маоний” жумбоқлари // Ўзбек тили ва адабиёти. – Т., 1994. – № 4-5-6; 1998. – № 6; 2000. – № 5.

5. Орзибеков Р. Лирикада кичик жанрлар.- Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1976.

6. Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). – Т.: Фан, 2001.

7. Ҳожиаҳмедов А. Мумтоз бадиият малоҳати. Т.: Шарқ НМК, 1999.

8. Алишер Навоий. Ғазаллар. Шарҳлар. Т.: Камалак, 1991.

9. Жумахўжа Н. Сатрлар силсиласидаги сеҳр. Т.: Ўқитувчи, 1996.

10. Қаюмов А. Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар. – Т.: MUMTOZ SO’Z, 2011.

11. Комилов Н. Маънолар оламига сафар. – Т.: TAMADDUN, 2012.



[1] Академик Азиз Қаюмов ушбу бандни “Севгинома II” деб атайди.

[2]Аслида рамали махбун вазни саккизта ритмик вариациядан иборат бўлиб, бу ритмик вариациялар соқийнома мисраларида ўзаро алмашиниб қўлланилган. Ритмик вариациялар таркибидаги ўзгаришлар, асосан, биринчи ва учинчи рукндаги бўғинлар сифатини ўзгартириш ҳисобига рўй бериб, иккинчи рукн ўзгаришсиз қолаверади. Бунда биринчи рукн фоилотун ёки фаилотун, учинчи рукн эса фаилун, фаилон, фаълун, фаълон тарзида ўзаро алмашиниб қўлланавериши мумкин.

[3] Адабиётшуносликда туркий адабиётдаги илк қитъа Хоразмий “Муҳаббатнома”сида учрайди деган қараш бор. “Қисаси Рабғузий”даги шеърий парчаларнинг жанр хусусиятларини ўрганиш натижалари асарда қитъа жанрига мос келувчи шеър мавжудлигини кўрсатди.

Дилнавоз Юсупова