07:02 / 30.01.2014 · Кутубхона
Ҳийлагар бедана (эртак)

Бор эканда йўқ экан, битта зағизғон бўлган экан. У бир туп дўлананинг тепасига ин қўйибди ва бешта бола очибди. Болалари энди учирма қилишга яқинлашган кунларда ундан бир оч тулки хабардор бўлиб қолибди. Тулки зағизғонга дўқ қилиб, болаларини ейиш пайига тушибди. У дўлананинг тагига келиб:
— Эй зағизғон, битта болангни ташласанг ташлагадинг, ташламасанг дўлапангни тагидан ағдараман, қизил қонингни шимираман, этингни еб, суякларингни кемираман, болаларинг билан битта қўймай ҳаммангни қираман, — деб қўрқита бошлабди.
Бечора зағизғон қўрқиб кетганидан битта боласини йиғлаб-йиғлаб ташлаб юборибди. Тулки уни кўтариб жўнаб кетибди. Эртасига тулки овқат топиб еёлмай. яна дўлананинг тагига келиб, зағизғонга кечагидек дўқ қила бошлабди:

— Дўланангни тўмираман
Қонларингни шимираман.
Суягингни кемираман,
Битта қўймай қираман.

— Яна битта болангни ташла, яхшиликча ташламасанг, ўзинг биласам, — дебди. Зағизғон бошқа болаларим омон қолар-ку, — деган ният билан жонидан азиз бўлган боласининг иккинчисини қурбон қилибди.
Тулки зағизғоннинг иккинчи боласини кўтариб, жўнаб қолибди. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, дегандек тулки тўрт кун деганда зағизғоннинг тўртта боласини еб қўйибди. Бешинчи куни зағизғон биттагина боласи билан қолиб, йиғлаб ўтирган экан, унинг олдига бирдан бир бедана учиб келибди. Йиғлаб ўтирган зағизғонга кўзи тушиб, бедана унинг ҳолини сўрабди. Зағизғон ўз аҳволини сўзлаб берибди. Доно бедана зағизғоннинг нодон ва қўрқоқлигига кўп ачинибди. Кейин унга шундай деб ўргатибди.
— Э зағизғон, тулки яна сенинг олдингга келиб:
— Дўланангни тўмираман,
Қонларингни шимираман…—
деб дўқ қилса, сен «тўмирсанг тўмиравер, шимирсанг шимиравер», деб тура бер. Қолган болангни ташлама, — дебди.
Бедана кетгандан сўнг, тулки келиб қолибди. Тулки кундаги дўқини қилиб, зағизғонни қўрқитмоқчи бўлган экан, зағизғон:
— Дўланани тўмирсанг тўмиравер, кемирсанг кемиравер, энди сендан қўрқмайман, — дебди. Шунда тулки:
— Э зағизғон, бу сўзларни сенга ким ўргатди? —  дебди. Зағизғон:
— Бу сўзларни менга бедана ўргатди, — дебди. Тулки:
— Бедана қаёққа кетди? — деб сўрабди.
Зағизғон бедана кетган томонни тулкига кўрсатиб берибди, энди тулки бедананинг орқасидан излаб кетибди. Бедана бир ўтлоққа бориб ухлаб ётган экан. Тулки унинг изидан бориб топиб, усталик билан беданани тутиб олибди. Бедана:
— Э тулки, мени нима қилмоқчисан? —  деган экан, тулки:
— Сен зағизғонга гап ўргатганинг учун у боласини ташламади. Энди сени емоқчиман, — дебди. Бедана тулкига айтибди.
— Мени еганинг билан ҳеч бир барака топмайсан, қорнинг ҳам тўймайди, менинг бир бармоқчалик ҳам этим йўқ. Сен мени емасанг, сени яхшилаб тўйдираман.
Тулки:
— Қандай қилиб мени тўйдирасан? —  деб сўрабди. Бедана айтибди:
— Катта йўлга чиқиб турамиз, сен бир тўда хашакнинг ичига кириб беркиниб турасан, хотинлар дастурхонларда турли нарсаларни тугиб ўтадилар. Мен уларнинг олдига тушиб, ҳурпайиб тураман. Хотинлар мени кўриб: «Мана бу беданани кўринглар», дейдилар. Шунда мен учолмай, йўрғалаб қочаман. Хотинлар дастурхонни қўйиб мени ушламоқчи бўладилар. Мен секин-секин йўрғалаб, секин-секин учиб, уларни узоқроқдаги бир тепанинг орқасига олиб кетаман. Сен шу вақт хашак орасидан чиқиб, дастурхонларни очасан, энг яхши нарсаларни олиб қоча берасан.
Бу тадбирни эшитган тулки шодланибди. Тулки билан бедана катта йўлнинг бир четига чиқиб турибдилар. Тулки хашак орасига кириб яширинибди. Шунда узоқдан уч-тўртта хотин катта-катта дастурхонларни кўтариб кела берибди. Бедана хотинларнинг олдига чиқиб ҳурпайиб тура берибди. Хотинлардан биттаси:
— Э, ана у беданани қаранглар, — дебди.
Бошқа бир хотин:
— Менинг боламнинг беданаси учиб кетган эди. У ҳар куни бедана деб хархаша қилади. Келинглар, ҳаммамиз ўраб тутиб оламиз. Бу бедана учолмайдиганга ўхшайди, — дебди.
Хотинлар тугунларини ерга қўйиб, беданани ушлаш учун қувлабдилар. Бедана аввал йўрғалабди, кейин калта-калта учибди, охири хотинларни қизиқтириб, тепанинг орқасига олиб ўтибди. Хотинлар: «Бу бедананинг қанотлари юлинган бўлса керак, зўрға учяпти», деб ўйлаб турган эканлар, бедана бирдан «пирр» этиб учиб, кўздан ғойиб бўлибди.
Хотинлар дастурхонга бир талай нон ва гўштларни солиб, чимилдиқ уздига  кетаётган эканлар. Тулки дастурхонлар холи қолганини кўриб, дарров очибди, нон ва гўштларни еб жуда ҳам тўйиб кетибди. У яна беданани қидириб топибди. Шунда тулки:
— Э бедана, мени кўп тўйдириб юбординг, овқатни ҳазм қилишим қийин бўлиб қолди. Энди менга бир қизиқ томошаларни кўрсатиб, айлантириб келгин ва мени кулдиргин, — дебди.
Бедана учиб бориб, бир сигир соғиб ўтирган кампирнинг олдига яқинлашибди. Пирр этиб учиб сигирнинг шохига қўниб олибди. Кампир буни кўриб чолни чақирибди.
Чол беданани уриб олмоқчи бўлибди. Мўлжаллаб туриб таёқ отган экан, бедана учиб кетибди, сигирнинг шохи синибди, ҳуркиб кетган сигир кампир соғган сутни тўкиб юборибди. Буни кўрган тулки кула бериб, ичаги узилай деб қолибди. Бедана хира тулкидан узоқлашиб, у билан хайрлашмай жўнаб қолибди.
Тулки эртаси эрта билан яна беданани қидириб кетибди. Бедана бир ўтлоқда ўтларнинг уруғларини еб юрган экан, бирдан завқ билан сайраб юборибди. Агар у сайрамаганда, тулки уни кечгача ҳам тополмас экан. Тулки беданани кўриб, буйруқ қилибди:
— Эй, бедана, бугун ҳам мени тўйдириб, хурсанд қиласан, бўлмаса ўзингни еб қўяман, — дебди.
Бедана ичида: «Бу хира тулкидан қутулиш керак, у хатарли душман, чунки ухлаб қолганингда ушлаб олса, еб қўйишм мумкин» деб ўйлабди. Бедана тулкига:
— Хўп, бугун ҳам тўйдираман, лекин бу яқинда тўн ҳам йўқ, кечагидек дастурхон кўтарган хотинлар ҳам йўқ, шунинг учун қишлоққа яқин жойда бир парча гўшт кўрган эдим, шунга бошлаб бораман, — дебди. Тулки рози бўлибди.
Бедана бу гал тулкини чўпонларнинг қопқонига бошлаб борибди. Қопқондаги гўштни кўрган тулки бора солиб ўзини гўштга урибди. Қопқоннинг илгаги чиқиб тулкининг бўйнидан қисиб олибди. Айёр тулки ўз тумшуғидан қопқонга илиниб, кўп азоб чекиб ўлибди.
Бедана ҳам, зағизгон ҳам хира ва айёр душмандан қутулиб қолибди.
Чўпонлар қопқондаги тулкини кўриб, жуда хурсанд бўлибдилар.