06:55 / 30.01.2014 · Кутубхона
Савдогар билан подачи (эртак)

Бор экан-да, йўқ экан. оч экан-да, тўқ экан, бир савдогар бор экан. У ҳар йили икки марта қалъага бориб келар экан. Ўзи кўп катта савдогар экан, қирқ савдогарга бош экан. Кунлардан бир кун савдогар: «Бу кун қалъага жўнаймиз», деб бошқа савдогарларга хабар қилибди. Ўзи саксон туяга мол юклабди. Шу орада қирқ савдогар ҳам тайёр бўлиб келибди. Қирқ кеча-ю қирқ кундуз йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Бир чўл-биёбонга етибди. Савдогарлар:
— Эй, карвонбоши, шу ерда бир дам олсак, туяларимиз ёзилиб ўтлаб-сувлаб олса, — дебдилар. Карвонбоши:
— Кўп яхши бўлади, — дебди. Улар юкларини тушириб, чўлга туяларини қўйиб юборишибди. Кўклам кунлари экан, чўл баҳор ёмғири билан майсазорга айланган экан. Туялар булоқдан сув ичибди. Савдогарлар ош-сув қилиб, еб-ичиб ўзлари ҳам кўп кайф қилишибди. Улар чувиллашиб, ҳангома қилиб ўтиришган экан, кўзларига кўрим ердан бир лочиқ кўринибди. Тўрт-беш савдогар маслаҳат қилиб:
— Бу ерда элат бор экан, бориб кўрайлик, булар қандай эл экан, билайлик, — дебдилар.
Тўрт-беш савдогар лочиққа бориб меҳмон бўлибдилар. У ёқдан бу ёқдан гаплашиб ўтириб лочиқнинг эгаси подачи эканини билишибди. Подачининг қизи билан кампири уйда экан. Кампир буларга ош-сув қилибди. Сўнгра подачининг қизи келиб энасига:
— Эна, якта! — деб кетибди. Яна бир майдон ўтгандан кейии келиб: «Эна, дута!» деб кетибди. Тағин бир майдондан кейин келиб: «Эна, сета», дебди… Савдогар икки чойнак чой ичгунча: «Ҳафта», дебди. Савдогар:
— Эна, бу қизингиз нима деди? — деб сўрабди. Кампир:
— Эй, айланайин чироғларим, бизларнинг нимамизни сўрайсиз, бизлар бу чўлда чарх йигириб кун кўрамиз-да, қизим боятдан бери етти ийлик  ип йигирдим, деб кетди, — дебди.
Карвонбоши кўнглида «бу қиз икки чойнак чой ичгунча етти ийлик ип йигирди. Бунинг турмуши хазина экан», деб ўйлабди. Сўнгра кампирдан сўрабди.
— Эна, қизингизнинг боши бўшми?
— Айланайин, қизимнинг боши бўш, — дебди кампир. Савдогар, қизни берса ҳар қандай қилиб олмоқ керак, қўшхонага бориб бунга бир совчи юборайин, деб ўйлаб қўйибди. Савдогарлар подачининг уйидан қўшхонага қайтиб келибди. Сўнгра карвонбоши савдогарлардан кўнгли тортганларни бир ерга тўплаб:
— Эй қариндошларим, менга бир маслаҳат беринглар, мен шу подачининг қизига совчи юборайин дейман, сизлар нима дейсизлар? — деб сўрабди. Улар:
— Бизларга маслаҳат солсангиз ҳозирча индамай туринг, биз қалъага бориб, бу молларни сотиб, бошқа мол олиб, туяларга юклаб қайтиб келамиз, ундан кейин совчи қўйсангиз, қўйинг! — дебдилар. Бу маслаҳат карвонбошига маъқул тушиб:
— Туяларингни йиғиб, юкларни ортинглар, жўнай-миз, — дебди.
Савдогарлар туяларни йиғиб, юкларини ортиб карвонбошига «тайёр бўлдик», дейишибди. Қирқ кеча-ю, қирқ кундуз йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, қалъага етишибди. Карвонлар бозорга тушиб, молларини сотиб, бошқа молларни олиб, туяларига юклаб, қалъадан чиқиб жўнашибди. Қирқ кеча-ю, қирқ кукдуз йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб яна қалъага келишибди. Тўхтаган чўлга тушиб, туяларини ўтга қўйиб, ўзлари ош-сув қилиб, еб-ичиб ўтира берибдилар, дидига ёққан савдогарларни чақириб:
— Энди бораман, — дебди.
Қирқинбой совчиликнинг борди-келдисини гаплашиб, подачиникига борибди. Подачининг ўзи пода боқиб юрган экан. Уйда подачининг хотини билан қизи ўтирган экан. Дарров бир болани юбориб подачини айтдириб келибди. Подачи Қирқин билан кўришиб, ўтирибди. Қирқинбой:
— Бобо, биздан йўл сўранг: «Йўл бўлсин» денг, — дебди. Подачи:
— Ҳа, ўғлим, йўл бўлсин, хуш келибсиз, — дебди. Қирқинбой:
— Йўл, йўл бўлса, ол бўлсин. Биз сизга совчиликка келдик. Карвонбоши сиз билан томир бўлмоқни ҳавас қилиб, мана бу қизингизни ўзига тенг кўрибди, — дебди.
— Ҳа болам, карвонбоши бизни ўзига тенг кўрган бўлса, биз ҳам жонимиз билан тенг кўрдик, — дебди.
— Бобо, тенг кўрган бўлсангиз энди, қизингизнинг қалимини айтинг, — дебди.
— Болам, отингиз нима?
— Эй бобо, отим Қирқинбой:
— Эй болам, отингиз Қирқинбой бўлса, қирқта қизил норни юки билан берсин, тўй-қўйини карвонбошининг ўзи билади, — дебди. Қирқинбой:
— Мен бориб карвонбошига айтайин, — деб, — Карвон ака, подачининг қизини сизга битирдим, — дебди.
— Қандайга битирдинг? —  дебди карвонбоши. Қирқин айтибди:
— Қирқ қизил нор, устида юки билан, тўйини, қўйини ўзи билади, деб юборди, — дебди.
Карвонбоши:
— Бу туялардан қирқини санаб, юки билан олиб бориб беринглар! — дебди
Карвонбоши тўйнинг қўйини, мойини, гуручини тўғрилаб, уларни ҳам савдогарлардан бериб юборибди. Сўнгра тўйни қилиб карвонбоши подачининг қизини олиб жўнабди. Неча кеча, неча кундуз йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Карвон ўз юртига қайтиб келибди, савдогарларнинг ҳар қайсиси ўз ҳовлисига кирибди, жой-жойига қарор топибди. Карвонбоши ўзига қарашли кал-кўрини йиғиб, подачининг қизига ўн кеча-кундуз тўй-томоша берибди. Карвонбоши подачининг қизи билан ўйнаб-кулиб юра берибди. Кунлардан бир кун карвонбоши: «Мен бу подачининг қизини кўп пул, мол бериб олдим. Чархини кўриб олдим. Бўлмаса менга бир дуруст одамнинг қизи ҳам тегар эди», деб ўйлабди. Бозордан ўттиз ботмон ғўза сотиб олиб, ҳовлисига олиб келиб ғаллахонага босиб қўйибди ва хотинига айтибди:
— Эй хотин, мен энди туяларга мол юклаб қалъага кетаман, олти ойдан кейин қайтиб келаман, мен келгунча мана бу ғаллахонадаги ғўзани йигириб, калава қилиб, тағин ғаллахонага босиб қўясан, — деб карвонбоши навкарларини олиб, молларини юклаб жўнаб кета берибди.
Энди икки оғиз сўзни савдогарнинг хотини — подачининг қизидан эшитинг:
Подачининг қизи савдогарни жўнатиб на ғўза чувибди, на пахта савабди ва на чарх йигирибди. Ўйнаб юра берибди. Кундан кун, ойдан ой ўтибди, савдогарнинг келар вақтига бир ой, бир ярим ой қолганда подачининг қизи: «Энди савдогарнинг келар вақти яқин қолди, ҳали бир чангал пахта чувиганим йўқ», деб ўйлаб бир этак ғўзани чувиб, чархини, дугини, булғовичини  айвонга чиқариб қўйиб бир қозон атала қилибди. Бунинг одати бир нафас овқат емаса туролмас экан. Ўзи чарх йигирган вақтида бир одамга «оғзимга овқат солиб ўтир» демакка уялиб, икки қўлим билан чарх йигириб, тилим билан ялаб ўтираман, деб атала қилибди. Подачининг қизи, бу ерда турсин, икки оғиз сўзни шу юртнинг шаҳзодасидан эшитинг.
Кунлардан бир кун шаҳзоданинг томоғига суяк тиқилиб қолибди. Подшоҳ табиб дебди, таккан дебди, мулла дебди, дори-дармон: хеч биридан шифо топмабди. Энди болам ўладиган бўлди, деб боласидан умидини узиб қўйган экан. Карвонбошининг ҳовлиси подшоҳнинг аркига қараган экан. Савдогарнинг хотини аталани эгнининг икки томонига суртиб, айвонга чиқиб ўтириб, бир қўлига булғовични олиб, бир қўли билан чархнинг қулоғидан ушлаб, «ҳа, дарғазаб савдогар», деб эгнининг бир томонидан бир ялаб «ҳа, дарғазаб савдогар», деб иккинчи томонидан бир ялаб, чархни йигира берибди. Подшоҳнинг ўғли аркда ўтирган экан. У савдогар хотинининг чарх йигириб, қилиб ўтирган қилиғини кўриб, шавқи келиб, қаттиқ кулиб юборибди. Шунда томоғидаги тиқилиб қолган суяк бирдан отилиб чиқиб кетибди.
Шаҳзоданинг кўзи очилиб, ўзига келибди. Подшоҳ буни кўриб қувониб, ўғлидан:
— Болам, нимага кулдинг? — деб сўрабди. Шаҳзода:
— Аркнинг тўғрисида бир хотин чарх йигириб ўтирган экан, кўзим тушиб, кўнглимда бир қизиқлик пайдо бўлиб, кулиб юбордим. Томоғимдаги суяк бирдан чиқиб кетди-ю. кўзим чарақлаб очилди, — дебди. Подшоҳ бир ясовулини чақириб:
— Чарх йигириб ўтирган хотинни топиб келинглар, — дебди.
Ясовул суриштириб, савдогарнинг хотинини тепиб, подшоҳ олдига олиб борибди. Подшоҳ савдогарнинг хотинига: — Тила тилагингни! —дебди. Савдогарнинг хотини:
— Нимани тилайман, — дебди. Подшоҳ:
— Кўнглингда нима бўлса, шуни тила, — дебди. Савдогарнинг хотини:
— Тиласам, тақсир, менинг бир омбор ғўзам бор, шуни йигиртиб калава қилдириб берсангиз, тилагим шу, — дебди.
Подшоҳ дарров фуқарони чақириб, ҳар бирига бир пуд, ярим пуд ғўза улашиб, тарқатиб:
— Шу ғўзани олти кунда калава қилиб олиб келинглар, — деб буйруқ берибди.
Ғўзани олиб кетганлар кунни кун демай, тунни тун демай йигириб, ип қилиб, олиб келиб берибдилар. Подшоҳнинг хизматкорлари ўттиз ботмон ғўзани калава ип қилиб савдогарнинг омборига тахлаб қўйибдилар. Шундан икки-уч кун кейин савдогар келиб қолибди. Туяларини бойлаб, қалъадан олиб келган молларни қўяй деб, омборни очиб қараса, ўттиз ботмон ғўзанинг пахтаси калава ип бўлиб, босилиб турган эмиш. Савдогар хотинидан димоғи чоғ бўлиб, олиб келган нарсаларини омборга қўйиб, қулфлаб, ичкарига кириб, хотини билан кўришиб-сўрашиб:
— Хуржунда гўшт бор, олиб бир ўхшатиб кулчатой қил, — дебди.
Хотини гўштни олиб, бир чойнак чойни дамлаб савдогарнинг олдига қўйибди. Супрани ёзиб, унни элаб, хамир қилиб, зувала қилиб, тахта-ўқлоғи билан ёйиб ўтирган экан, бир қора қўнғиз ўрмалаб супрага чиқиб кела берибди. Савдогарнинг хотини ўрнидан туриб, ҳалиги қора қўнғизга уч марта таъзим қилиб, уч марта салом берибди. Савдогар буни кўриб ҳайрон бўлиб:
— Бу нима қилган ишинг? —  деб сўрабди. Хотин:
— Эй карвонбоши, бунинг нимасини сўрайсан, бу менинг ёлғизгина холам бўлади, — дебди. Сўнгра савдогар:
— Бу сенинг холанг бўлса, нимага бундай қора, —дебди. Хотин:
— Айланайин карвонбошижон, менинг қай бир дардимни сўрайсиз, шу ёлғиз холам чархни йигира-йигира қора қўнғиз бўлиб, ўрмалаб юрибди, — деб кўзига ёш олибди. Карвон ўйлаб туриб:
— Чархнинг фойдаси шу бўлса, агар сен чарх йигирсанг сенга уч талоқ, — дебди. Шу билан подачининг қизи чархдан қутулиб, савдогар билан эри хотин бўлиб, уй-жой қилиб мурод-мақсадига етибди.