Дунё адабиёти тарихида 80-90 ҳатто ундан кўп йил умр кўрган машҳур адиблар кўп. Асарлари 60-70, ҳатто ундан кўп жилдни ташкил этувчи улуғлар ҳам кам эмас. Уларнинг ижодини юзлаб, балки унданда кўп адабиётшунос олимлар, ҳатто илмий-текшириш институтлари йиллар бўйи ўрганиб, ижодий таҳлил ишларини ҳали ҳам ниҳоясига етказганлари йўқ. Бизнинг адабиётимиз тарихида тўқсоннинг нари-берисида умр кўрганлар кўп эмас. Асарлари 25-30 жилдни ташкил этувчилар деярли йўқ. Лекин бу адабиётимизнинг қашшоқлиги далолати эмас. Чунки бадиий адабиётда сон эмас, сифат муҳим.
Ҳазрат Алишер Навоий пайғамбар ёшидан ўтмаганлар. Лекин у муҳтарам устоз қолдирган адабий меросни беш юз йил давомида ўрганиб келаётган адабиётшуносу шоирлар илмий изланишларини ҳануз давом эттиряптилар. Ким билади, ҳазратнинг ижодларини мукаммал ўрганиб чиқиш учун яна беш юз йил керакдир.
Абдулла Қодирий ҳазратлари ҳаётлари ва ижодлари хусусида ҳам шундай деймиз. Бор-йўғи қирқ тўрт йил умр кўрган адибнинг мероси уч жилдга жамланади. Лекин бу уч жилдга тўпланган асарлар янги романчилик МАКТАБига асос солганини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Тарихдаги ўша 50-60 жилдга жамланган асарлар ҳақида эса бундай дея олмаймиз. Улар романчилик анъаналарини давом эттирган оддий асарлардир, десак, айрим адабиётшунос олимлар бу ҳақиқатдан ғашланмасинлар.
Абдулла Қодирий ижодий фаолияларининг бошланганига, яъни биринчи асарлари нашр этилганига 2014 йилда юз йил, таваллуд кунларига эса бир юз йигирма йил тўлади. Бу йил (2013) “Меҳробдан чаён” романи ёзиб тугалланганига 85 йил бўлди. Афсуски, бу сана эътиборсиз қолди. Европа зиёлилари орасида бу каби саналар ҳатто умумхалқ байрами сифатида нишонланади. Бизда ҳам бу анъана туғилса ажойиб бўлар эди. Ҳамонки Абдулла Қодирий қисқа ҳаётлари даврида мактаб яратган эканлар, бу мактабнинг синфлари – бўлимлари кўп. Севги қиссаси, тил маҳорати, ҳикматлар маржони, халқ дардидан фиғон... Буларни ўрганиб, охирига етказиш учун ўнлаб олимларнинг умри етмайди.
Абдулла Қодирий ижодини чинор дарахтига ўхшатаман. Чинор ҳайбатини ҳар бир одам кўради, соясидан баҳраманд бўлади. Лекин дарахтнинг барглари қанча эканини, йўғон шохлари-ю, бармоқдан нозик шохчаларини биров санаб кўрмаган. Абдулла Қодирий асарларинг фазилати ҳам шундай. Битта баргини яхшилаб ўрганиш учун бир шогирднинг умри кифоя қилармикин?
Шу истиҳола билан устознинг диний қарашларини ўрганишга ҳаракат қилишга жазм этдик, бу борада адашиб қолмасликни, хайрли оқибат беришни Аллоҳдан сўраймиз.
ХХ аср ўзбек адабиётида диний масалаларнинг ёритилиши кўп баҳсларни уйғотган. Айниқса, “социалистик реализм” деган ғоянинг ҳақиқатдан ва илмдан узоқ экани ҳаёт тасдиғидан ўтиб, кунфаякун бўлгач, бу борадаги дунёқарашлар ҳам ўзгарди. Тўғри, “атеизм” деган аксил илмий ғоя адабиётимизда яйраб-яшнади. Динга қарши дам очиқдан очиқ, дам ҳажв йўлидами ҳуружлар бўлди. Ҳатто Бобораҳим Машрабни худосизлар сафига қўшиб, “Мабдаи нур”ни ёзган деган исноддан қутулди”, деган бемаъни ҳукмлар билан улуғ мутаассиб шоир қўлига “болшевиклар гувоҳномасини” тутқазиб ҳам қўйишди. Оқибат шу бўлдики, Машрабни Ленин ХХ асрда илгари сурган “Дин-афюндир”, деган аҳмақона ғоясига мос шоирга айлантирилди.
Шу ўринда яна бир изоҳ лозим: ўтган йили бир киши менга мактуб йўллаб, ёзувчилар “дин устидан куладилар”, деб эътироз билдирибди ва бир қатор ёзувчиларнинг асарлари қаторида “Фарғона тонг отгунча”ни ҳам тилга олибди. Мен бу масала бўйича бир неча марта фикримни баён этганман. Такрор бўлса-да, яна таъкид этишга мажбурман: азизлар, бошқа ёзувчилар сингари Мирзакалон Исмоилий ҳам динни ҳақорат қилишдан узоқлар. Динга тош отишдан ҳар бандани Аллоҳнинг Ўзи сақласин! Ёзувчилар диндор либосидаги, қилмишлари динга зид бўлган айрим жоҳил, мутаассибларнинг ёқимсиз иллатларинигина қаламга оладилар. Ахир диндорлар орасида ҳам турли-туман одамлар бор. Тақво эгаларини, нафсига зулм қила олувчиларни, уламоларни ҳар бир ёзувчи эъзозлайди. Билиб-билмай фатво берувчи, дарди тугун ва тугун учига тугилган пулда бўлган, Ислом илмидан узоқ одамларни эса камчиликларини ёзадилар. “Фарғона тонг отгунча”да ҳам шундай қилинган.
Кунларнинг бирида, ҳали жуда ёш эканимда машқ тарзида ёзилган навбатдаги ҳикоямни ёзиб, тоғамга ўқиб бердим. Ҳикоя қаҳрамони – боксчи йигит бувисининг гапига кириб рўза тутади ва оқибатда мусобақада ютқизиб қўяди. Одатда тоғам ёзганларим билан танишгач, асарни яхшилаш йўллари ҳақида гапириб, тилни таҳлил қилиб, камчилигини кўрсатар эдилар. Бу сафар ундай бўлмади. “Сен динни билмайсан, диний одатларни ёмонлаб ёзма”, деб гапни калта қилиб қўя қолдилар.
Устоз Абдулла Қодирий асарларини дастлаб ўқиганимда бу ўгитни кўп эсладим. Гап шундаки, мен диндан хабарсиз ҳолда, рўзага қарши ҳикоя ёзган эдим. Устоз эса ислом илмидан атрофлича хабардор эканларини ҳар жумлада билдириб турадилар (Таҳлилга киришишдан аввал, мисол тариқасида келтириладиган сатрлардаги айрим сўз ёки ибораларни ажратиб ёзиб кўрсатишдан мақсад, сиз азизларни ўшал сўз-иборага ёки воқеага диққатларингизни жалб этмоқдан иборат эканини айтиб қўймоқчиман).
Ўрганишни кичик асарлар туркумига кирувчи ҳажвий ҳикоялардан бошласак:
“Фақирингиз ҳам тариқат ишларидан унча бепарво эмасман. Тўқсон тушуб (уч ойлик қиш кириб) даҳага кириш (ўн кун мобайнида масжидда ўтириб, гуноҳларидан ўтишини сўраб-ёлбориб, туну кун тоат-ибодатда бўлиб, дунё неъматларидан юз ўгириб, Аллоҳга илтижо билан банд бўлиш) масаласи чиқғач, фақирнинг кўз ўнгида ёғлиқ хасиб, қизил палов, аччиғ сомса, заҳардек чой гавдалана бошлайдир.
...Бултур ўзимизнинг Ҳазрат эшон ҳам Миён бузрукнинг рақобатига “даҳа” ўлтуришни одат қилиб кўрган эдилар, натижа жуда яхши чиқди. Ўн еттита хилватхона тикилди. Ўттуз бештача муридлар даҳага ўлтурдилар. Ҳар кун намозшомдан кейин масжиднинг ичида сайл, хилватда ўлтурған ошна, оға-инининг олдиға кирсак узоқ-яқин ёр-дўстлардан келган анвоиъ турлук неъмат, қозоқ бовурларники ҳам қолмасун десак, яхна эт, эй... қайси бирисини санай энди...
Қоринни дўппайтириб олғандан сўнг бошланади жаҳр. Ҳазрат эшон меҳробда, ҳалқанинг бир чеккасида иккита ҳофиз, бир пайт зикр, бир пайт ҳикматдан ҳофизлик, йиғи-сиғи, аросат! Бу вақтда тош битиб кетганлар ҳам эрийдир, дуо олиш учун бир онда эшон бобомиз қоғоз оқча билан меҳроб оралаш кўмилган... ким ўғул талаб, ким қиз талаб, ҳой бовур, нима тилагингиз бўлса қўл дуода, ҳонақоҳ ичи қизғин бозор.
Нима кўп дунёда, ёмон кўп, яхши ишни кўра олмағувчилар кўб. Шу яқин орада ўзининг қўлидан эшонлик иши келмаган муллалардан биттаси: “Ҳонақоҳда савдо иши ҳаром. Бас, савдогарликдан иборат бўлған “зикр самоъ” ҳам ҳаром!” деб юбормасунми, бетамиз! (Зикр баҳонасида ҳадя олиш, моддий манфаат бўлгани сабабли бу ҳаракат тақиқланган, дейилмоқчи) Узоқ-яқиннинг халфа-муридлари ҳалиги пештаҳамни (оғзи бузуқ) ушлаб олуб “Ҳайф санга!” дейишдилар. Маҳалла аҳлининг ҳамияти диниялари қўзғаб кетиб тиюқсизни юртчиликдан ҳам чиқаришға қарор беришдилар. Эшонимизнинг “илми ботина”лари (руҳий илмлари) кўб бўлса ҳам, “илми зоҳириялари” (табиий фанлар) бир оз бемазароқ. Бўлмаса, ҳалиги мулланамонинг кофирлиги билан ҳукм қилиш мана-берда турған гап эди. Шундай бўлса ҳам, маҳалла юрт оғаси муфти аълам бўлса шунга етти танга пул билан югуриб турубдур.
Фақирингиз маҳкамаи шаръиянинг ишсизлигига туруб-туруб ҳайрон қоламан. Пайти келганда шундайин бемаза муллаларнинг кофирлиги ва тошбўрон қилиниши билан ҳукум қилуб дунёда ўзидан бир от қолдирмайдирми?..
Муҳиббут-тариқат (тариқат муҳиби,ошиғи) Жулқунбой”.
(“Туркистон” газетаси, 1923 йил, 12 январ).*
Бу пичинглар бежиз эмас. “Уламо” жамияти авжига чиққан даврларда диндаги бидъат ва хурофотга нисбатан қарши фикрлар билдирган зиёлилар бундан баттар жазоларга тортилганлар. Юзларига қора суртиб, эшакка тескари миндириб сазойи қилдирилганлар. Чунки динни нафслари ниқоби қилиб олганлар ҳақиқатдан қўрққанлар. Мен зиёли аҳли, хусусан жадидлар билан уламо аҳлини бир-бирига зид қўймоқчи эмасман. Йигирманчи асрнинг биринчи чорагида булар орасида мавжуд бўлган муносабат алоҳида тадқиқот мавзуси. Бу ўринда менинг айтадиганим: аввалги жамиятда партия арбобини танқид қилиш мумкин эмасди. Айрим дин пешволарининг талаби ҳам шунга ўхшайди. Мартабали эшон у ёқда турсин, оддий масжид имомининг салбий қилмишлари қаламга олинса ёки бирон минбардан айтилса, ҳақиқатпарвар устига дарров дин душмани жандаси ёпилади.
Ҳозир-чи? Ҳозир йўқми бундайлар? Бор. Фақат либослари ўзгачароқ. Бундайлар Абдулла Қодирийдан анча илгари ҳам бўлган. Покдомон, алломайи замон сўфий шоир Бобораҳим Машрабни “даҳрий” деб эълон қилганлар ва оқибат 1711 йилда Қундуз шаҳрида дорга осганлар. Ҳолбуки, Қуръон оятлари, жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шарафли -------
*Кичик асарлардан намуналар 2007 йилда нашрдан чиққан “Диёри бакр” китобидан олинди.
ҳадисларини тасаввуф шеъриятига сингдириб юборишга эришган шоирни даҳрий дейишнинг ўзи, замондошимиз Жалолиддин Юсуфий ёзганларидек, даҳрийликдир. Жамиятдаги дин арконлари эмас, балки жаҳолат, риёкорлик, ёлғон каби иллатлар Машрабнинг танқид ўқлари нишони эди. Бир мисол: Қишлоқ аҳли сув ичадиган катта ариқнинг юқори қисмида нохос йиқилиб ўлган эшакнинг ўлигини топишади. Шу сувни ичаётган қишлоқ аҳли сув қандай ҳолда ҳалолу қандай ҳолда ҳаром экани хусусида муллалардан сўрашганда улар “Сув етти марта думаласа ҳалол бўлади”, деб фатво беришади. Бу фатводан аччиқланган Машраб томга чиқиб, ўша муллалар устида таҳорат ушатиб юборган эканлар. Улар ғазабланишганда, кулиб: “Манинг сийдугим томдин устингизга тушгунча етти тугул ўн марта думалаб тушди. Ул нечук ҳаром бўлсун?” деган эканлар. Муллаларнинг фатвосидан уларнинг хурофотчи, жоҳил, риёкор ва ёлғончиликлари кўриниб турибди. Машрабнинг жавоблари аччиқ бўлса-да, ҳақиқатдир. Тўғри, оқар сувнинг ҳалоллиги тўғрисида шарафли ҳадислар мавжуд. Лекин эшакнинг ўлигидан тушадиган зарарли микробларнинг сув етти марта думалаганда йўқ бўлиши ақлга сиғмас нарса. Муллалар ҳадисни тўғрима тўғри англашган, таҳлил қилишмаган, шарҳга эътибор беришмаган. Оқибатда жоҳилона фатво беришган. Машрабнинг таҳорат бобида тананинг юзини ювиш кифоя эмас, қалб таҳорати, яъни қалб поклиги муҳимроқ, деган гаплари ҳам барча мулларга ёқавермагани маълум.
Камина Ҳазрат Сўфий Оллоҳёрнинг “Саботул ожизийн” асарларини ўқий туриб, ҳам ҳайратомоз, ҳам киши кўнглини эзувчи бир воқеа баёни билан танишган эдим. Эҳтимолдан узоқ эмаски, Абдулла Қодирий ҳам Бобораҳим Машраб ҳаётларига доир тарих воқеаларини, хусусан Сўфий Оллоҳёр асарларини яхши билганлар ва тариқат ниқобида иш юритаётган фосиқларнинг ҳамон мавжудлигидан, ҳамон жамиятда эътиборли мартабада эканидан кўнгиллари оғриган.
Мана ўша ҳолат:
Ғараз, э бандалар, нозир ўлунглар,
Ямон йўл фирқаға ҳозир бўлунглар.
Шарҳ: мақсад шуки, э бандалар, ёмон йўлдан юргувчи гуруҳлар ҳолидан баён қилайин. Сизлар эса ҳозиру нозир бўлингизлар.
Бани Одамда бордур бир фирқа
Тутарлар ўзларин аҳли тариқа.
Шарҳ: одам болалари орасида бир турли гуруҳ бордир. Улар ўзларини аҳли тариқат санаб, «бизлар аҳли жазабамиз», - дерлар. Ўзлари жазабанинг маъноси ва унинг неча хил бўлишини билмайдилар. Фақат тариқат аҳлиданмиз ва зикри жаҳрийаданмиз, дея бақириб, девона бўлиб юришади.
Алар шаръи набийнинг душманидур,
Аларнинг оти, яъни «равшаний»дур.
Шарҳ: сифатланмиш гуруҳлар Пайғамбаримиз (с.а.в.) шариатининг душманидир. Буларнинг ҳоллари кофир бутидан ортиқроқдир. Аммо мазҳабларининг оти мазҳаби Йаъраб ибни Сафвон Равшанийдур (Равшаний - Балхдаги бир қишлоқнинг номи).
Алар ўзлариға «ориф» қўйиб от,
Ўқурлар омийларға яхши абёт.
Шарҳ: бу ботил мазҳаб аҳли бир-бирларини «ориф» атаб, у шундай авлиё, шундайин ҳолли, дерлар. Бир уйга йиғилишиб, охират ҳолни кўрсатувчи абётлар ва ҳикматларни омийларга айтиб ва турли дафъу ноғораю бошқа чолғуларда оҳанглар чалурлар. Хотинлар ва бесоқоллар нафис товушлар билан ўзарлар. Бир замондан сўнг баъзиларининг димоғига шайтон уфиргач, ақлларидан озиб, ҳушдан кетишади. Лекин айтишларича, ақлдан озиб ҳушдан кетишлари бир тур доридандир. Сафро ўтини гулханга қўйиб, ундан тутун чиқиб, димоқларига киргач, ҳушсиз бўлишади. Аммо шайхлари ҳушларини йўқотмай доим оғизларига асал солиб туришади. Бу асал бояги гиёҳ тутинининг ҳароратини қайтариб туради. Ул малъуннинг ғарази - кўркам хотин ёки бесоқол ҳушсиз бўлгач, уни жимоъ қилишдир.
Валекин айтушур беҳуда маъний,
Ўзининг йўлиға солмоққа йаъний.
Шарҳ: аммо бу фирқанинг шайхлари ўтган авлиёлар ва уларнинг ҳоллари ҳақидаги беҳуда гаплар билан омийларни рағбатлантириб, ўзларининг ботил йўлларига солмоқ ва киритмоқ ҳавасида бўладилар.
Аларда бўлмагай ҳеч яхши ният
Аёлу аҳлида бўлмас ҳамиййат.
Шарҳ: ўша мажлисда бўлганларнинг яхши ниятлари йўқ. Бир-бирларига ошиқ бўлиб юришади. Хотинлари ва оилаларига куюнчак бўлишмай, балки қайси бирининг хотини қўлга тушса, ўшани жимоъ қилишади. Шундан сўнг «мен Аллоҳ ишқида маст бўлиб, нима нарса бўлганини билмадим», - дейишади. Ва яна айтурларки, Аллоҳ таоло ҳазрати кўзларига гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмас эмиш. Олимларни душман кўриб, намозни ёқтирмайдилар. Яна дейишадики, уларнинг мажлисида ҳар ким бир кеча ўтирса, қирқ йиллик ибодат савобини топармиш (Шу ўринда таъкид жоизки, мазкур шарҳ муаллифи Тожуддин Ёлчиқул бу мазҳаб ҳолини кўриб, ўрганиш учун уларнинг бир неча мажлисларида ўтирганлигидан афсус-надоматлар чекиб, тавбалар қилганлар).
Жамиъ жонворлар тушса кўзга,
Ҳамиййатлик бўлур тўнғиздин ўзга.
Шарҳ: дунёдаги барча ҳайвонда ғайрат ва куюнчаклик бордир. Ёлғиз тўнғизда бу нарсалар йўқ.
Аларнинг феълидур тўнғизга ўхшаш,
Шариат мункаридур оғзиға тош.
Шарҳ: бу малъунларнинг феъли тўнғизларга ўхшашдур, чунки тўнғиз каби буларда ҳам рашк йўқ (хотинларини қизғанмайдилар). Шариатни инкор қилиш буларнинг одатидур. Олимлар ўгит қилиб, хатоларини айтсалар, уни сўкиб «кофир» дерлар. Рўзани икки-уч кун кейин бошлаб, жамоатдан икки кун бурун байрам қилишади. Шайхлари гуруҳдагиларнинг нимаики нарсасини хуш кўриб қолса, тиланчилик билан олишади. Яна нодон муридлар айтишадики: «Молимизнинг ярми шайхимизникидир. Сўрамайин олса ҳам, бизлар ризо бўлмасак ҳам ҳалолдир».
Аларнинг феълини ким яхши билди,
Бўлуб кофир, ёнар ўтга йиқилди.
Кимки, уларнинг қилмишларини билатуриб йиғинларига ўзи борса ва хотину аҳлини юборса, ёнар ўтига тушганидир. Яъни ул кимса кофирлардан бўлиб, жаҳаннамда мангу қолади.
Бўлибдур яна ҳам бир фирқа пайдо,
Оти мўмин, вале нафсига шайдо.
Яна Равшаний мазҳаби каби бир гуруҳ пайдо бўлибди. Исмлари «мўъмин»дир, аммо ўзларини ўзлари алдагувчилардир. Ўзлари «мўъмин» деб атасалар-да, аммо ичларида кофирдирлар.
Йиғарлар порайи бўйни йувонни,
Солурлар ўртаға қизу жувонни.
Бир гуруҳ бўйни йўғон гиёҳни йиғиб, мажлисларида ўтга қўйиб ёқадилар. Мажлисларига қизлар ва бесоқол болалар ҳам келтирилади. Тутаётган гиёҳнинг тутуни бурунга кириб, кишини ҳушсиз қилади. Шайх бўлмиш кимса доим сирка ва нордон нарсаларни ичиб тургани учун унга тутун таъсир қилмайди. Шундан сўнг истаган қиз ёки бесоқолни жимоъ қилади.
Агарчи Равшаний эрмас, бу - Авбош,
Вале бу иш шариат ҳукмдин тош.
Буни «мазҳаби Аббос ибни Убайда Харуфий Авбоший» дерлар. Равшаний мазҳабидан бошқадир ва ёмонроқдир. Лекин ҳар иккисининг мазҳаби шариат ҳукмидан ташқаридир. Ҳар иккиси кофирдир («Авбош» - Шероз яқинидаги шаҳар исмидир).
Абулҳасан Хирқоний ҳазратлари «Одоби сўфий» номли китобларида ёзишларича, мазкур бу икки гуруҳ замона охирида чиқиб жуда кўп бўлишар. Яна мазкур китобда ёзилмишки, бу икки гуруҳ йўлдан озганлардир ва йўлдан оздирувчилардир. Шариат аҳли олдида уятлидир. Ишонсинлар, деб неча ақлсизлар ул мазҳабнинг тобелари Хожа Аҳмад Яссавийдан нақл қилурлар, яъни «бизнинг силсиламиз Хожа Аҳмад Ясаввий», дерлар ва шу билан халойиқни алдамоқ истарлар. Ажаб! Хожа Аҳмад Яссавий Аллоҳ таолонинг дўсти (валий) бўлса-ю бунчайин бидъат ва ёвуз ишларни қиладими?! Асло! Улуғ авлиёдан бундайин куфр ишлар келмас! Нозими китоб айтадики, Хожа Аҳмад Яссавий ҳазратлари шариатнинг қуёши, яъни комилу мукаммал эрдилар. Ул зотнинг номини булғаб келаётган бу гуруҳ Аллоҳнинг раҳматидан йироқ ва уларнинг ишлари аҳли суннат ва жамоат ишидан айрилгандир. Шунинг учун улар кофирдирлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладиларки: «қиёмат кун бўлса, «оманно биҳи ва садақно» - жон билан тан бир-бирига қўшилиб қабрдан турсалар, ҳар ким ўзининг яхши кўрган гуруҳи билан бўлади».
Абдулла Қодирий халқ ардоқловчи “эшон” мартабасида туриб, жамиятнинг ардоқлаши эвазига уларга хоинлик қилувчи эшонлар билан муроса қила олмас эди. Халқни ҳидоятга бошлаш ўрнига ўзи залолатга кетган, номи “дин пешвоси” асли фисқ аҳли пешвоси бўлган шахслар билан муроса қилиш мумкинми?
Йигирманчи асарнинг дастлабки чорагида нима учун зиёлилар уламолар, хусусан, эшонлар билан муроса қила олмадилар?
Ўнинчи йиллардан ўтиб, Русиядаги ғалаёнлар шабадаси Туркистонга ҳам етиб кела бошлагач, истиқлолга умид кучая борди. Айни шу дамларда халққа илм бериб, уларни озодлик йўлига олиб чиқишга масъул бўлган уламолар ўзларининг жоҳилликларини намойиш қилиш билан банд бўлдилар. Яъни зиммаларидаги улуғ вазифаларни бажаришга ҳаракат қилмадилар. Аксинча, бу йўлдаги зиёлиларга зид туриб олдилар. Айримларини сазойи қилдилар, баъзиларига ҳатто ўлим ҳукмини ҳам ўқидилар. Бу зиддият озодлик йўлидаги курашга ғоят салбий таъсир этди.
Тарихга мурожаат қилсак, жамиятдаги ўз вазифасини тўғри англаган ва солиҳ амаллар билан банд бўлган уламоларни подшолар ўзларига яқин олганлар, уларнинг маслаҳатларига амал қилганлар. Ҳазрати Соҳибқирони акбар Амир Темур салтанатни бошқаришда пирлари Зайниддин Абубакр Тойбодийнинг кенгаш; машварату маслаҳат; қатъий қарор, тадбиркорлик ва ҳушёрлик; эҳтиёткорлик борасидаги маслаҳатларига амал қилганларини ёзадилар. Туғлуқ Темурхоннинг даъвати олингач, “Туғлуқ –Темурхоннинг олдига бориш-бормаслигимни билмай иккиланиб қолдим. Шу ҳол асносида пирим (Тойибодий)дан маслаҳат сўраб хат ёзган эдим, ушбу мазмунда жавоб ёзиб юборибдилар: “Тўртинчи халифа (Ҳазрати Али)дан, унга Тангрининг караму марҳамати бўлсин, бир киши сўрабдики, осмон – камон, ер - камон ипи, ҳодисалар (ва офату кулфатлар) эса ўқ бўлса, инсонлар ул ўқ-ёйларга нишон бўлса, отғувчи - Худойи таоло бўлса, Унинг қудрати яна ҳам улуғ бўлсин, одамлар қаерга ҳам қочадилар? Халифа жавоб қилиб, “одамлар Тангрининг қошига қочсинлар”, дебдилар. Шунга ўхшаш сен ҳам ҳозир Туғлуқ-Темурхоннинг олдига қочгил ва қўлидаги ўқ-ёйини тортиб олгил”. Бу жавоб келиши билан кўнглим кўтарилиб, юрагим бундан қувват олди ва Туғлуқ-Темурхон қошига боришга аҳд қилдим”. Амир Темур ҳазратлари умрлари давомида оқил уламоларнинг маслаҳатларига эътиборсиз қарамадилар. Қаерга борсалар, биринчи галда уламоларни суҳбатга чорладилар, уларга нафақалар бердилар. Шунинг баробаринда дин аҳлининг халқ гарданига ўтириб олишини маъқулламай, меҳнат билан тирикчилик қилишларини талаб этдилар. Темурзодаларнинг аксари боболари йўлидан бордилар. Бобур Мирзо Самарқандга қўшин тортиб келганларида Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор валийнинг сўзларига кириб, жангга кирмадилар, қон тўкмай, изларига қайтдилар. Тарих китобларида бу каби ибратлар кўп баён қилинган. Лекин асрлар ўтгани сайин бу яхши анъана юзига парда тортилди. Шунинг бир мисолини “Меҳробдан чаёнда” ўқиймиз:
Қўқон хони Мадалихон отаси амир Умархоннинг канизагига етишолмай, “шу қизнинг дардида неча йиллар ёнадир. Чунки уламолар хоннинг орзусиға кўндаланг келадирлар:
“Отангиз, агарчанди канизни ўз никоҳларига олмаған бўлсалар ҳам ва лекин балоғатка эришкач, оларман деб ният қилғанлар. Бинобарин бу каниз сизга она мақомида, шариъат рухсат бермайдир!” дейдирлар”.
Мадалихон бу ҳақиқатталаб уламоларни четлатиб, атрофига янгиларини тўплайди. “Табиъий, яқиндағина оғзи ошқа еткан янги уламолар ўз валий неъматлари бўлған Мадалихонға хиёнат қилмайдилар-да:
“Ба назди мужтаҳидини киром асли эътибор ақди шаръийдир (ҳурматга лойиқ дин алломаларининг назарича, асосий эътибор шариат қонунларига қаратилиши керак). Отангиз марҳум – никоҳланаман, деб айткан бўлсалар ҳам “никоҳландим” деб айтмаганлар. Бас, амиралмўъминин мазкурани худ нафсларига ақди шаръий қилсалар (никоҳларига олсалар) жоиз ва дурустдир. Валлоҳи аълам биссавоб”, деб фатвономани “бинни муфти марҳум”, “бинни мударрис марҳум”, “бинни Ҳўқандий марҳум” – муҳри баҳайбатлари билан қалашдириб берадирлар ва Мадалихон тўй ва томошалар билан мурод-мақсадиға етадир.
Кимларнингдир воситаси биландир мазкура гўзал канизнинг таърифи Бухоро амири – амир Баҳодир (Ботур) хонға етиб ул ҳам илгаридан ҳалиги канизга ғойибона ошиқ бўлған эди”.
Амир Насруллохоннинг бу ишқ дардига ҳам уламои киром малҳам топиб беради. “Уламойи киром ҳам дарон ботаҳорат-бетаҳорат, масалани эшитар-эшитмас фатво ёзадирлар”. Асли дарди канизак бўлган амирга бу фатво “дин йўлида холис бир жиҳоди акбар” (дин йўлидаги улуғ уруш) номи билан ниқоб бўлиб хизмат қилади. Оқибат шуки, икки подшоҳга ёзилган икки фатво туфайли минглаб одамлар жон беради, Қўқон ариқларида одам қонлари оқади. Бу тарихдан кўз юмиб бўлмайди.
Бу тарихни унутиш мумкинми? Ўша малъунлар ўша даврларда йўқ бўлиб кетишганми эди? Уларнинг зурриётлари, шогирдлари йўқми эди? Бор эди! Бор бўлганда-ки, аждодларидан, устозларидан ўтиб кетган эдилар. Шу боис ҳам адиб асарларида “уламолар, уларнинг ички-ташқи аҳволи, ахлоқи, мадраса ва оила ҳаёти, уламода инсоний ҳис битканлиги ва қолғани ҳам хабосат (нопоклик) пардаси остида сезилмас даражага етканлиги мундарижа сиғдирган қадар баён қилинадир”. Туркистондаги аҳвол фақат маҳаллий зиёлиларнинг эмас, хорижликларнинг ҳам эътиборига тушган, танқид қаламига илинган. Хусусан, машҳур Турк шоири Меҳмет Акифнинг “Саёҳатнома”сида дин пешволарининг ачинарли аҳволи кўрсатиб ўтилган сатрлар мавжуд.
Муҳтарам адибимиз Абдулла Қодирий бу мавзуга қалам уриш чоғида масаланинг ғоят нозик ва қалтис эканини яхши билганлари учун ҳам, “эшон”лар ва уларнинг жоҳил муридларини “ҳақиқат отиға (ҳақиқат учун), деб ёзған таржумаи ҳолимиздан ранжимаслар ва ҳақиқат отиға гарчи бадҳазм бўлса ҳам, ҳазм қилғайлар”, деб огоҳлантирадилар. Ўзимизча фикр юритишдан тийилиб, эшонлик мартабасида давр сураётган кимсалардан бирининг сифатига диққат қилайлик: “Иззат сиришт (азалдан иззат эгаси) ва саодат сарнавишт (азалдан пешонасига саодат битилган), некукирдор (яхши феъл-атворли) орифулло (Аллоҳни таниган, ўзгалардан баланд илму амали туфайли юқори мартабага етган муслим) Саид Маҳдихон бинни Саид Боқихон бинни Абулқосимхон эшон бинни қутбул-ақтобхон (даҳолар даҳоси) Тўрахон эшон алавий (Ҳазрат Алининг авлоди) нақшбандийдирлар”.
Авом халқ ана шундай асъасаю дабдаба тахтига ўлтирган эшонини бошига кўтариб юрар экан, бир адиб нечун маъюсланди экан?
“Шундоқки, Абулқосим эшон ўз замонининг қутби эди. Унинг валоятига (ҳокимлигига) Тошкандгина эмас, бутун Туркистон, ҳатто Некалай 1 ҳам ғойибона қойил эди. Абулқосим эшонни Русия истибдодига танитқан кишиларанинг биринчиси унинг Тошканд муридларидан бўлған машҳур Саидазимбой билан Шарафийбой (татар)дир. Ул вақтларда Туркистон хонлар қўлида бўлуб, ҳали Русия истибдодига ўтмаган, шунинг учун улуғ оқ подшоҳ қутби замонамиз бўлған Абулқосим эшоннинг валоятларидан умидвор эди. Бу жаноб ҳам ўзларининг югурдаклари бўлган Саид Азим ва Шарафийлар орқалиқ оқ подшоҳга ғойибона ҳусни таважжуҳларини (яхши муносабатларини) юбориб турар эрдилар.
Вақтики Абулқосимхон тўрамизнинг дуолари ижобат ҳадафи (нишони)га тегиб Чернаеф Тошкандни фатҳ қилди: дўстлар шод, душманлар ғамгин бўлуб тўрамизнинг ўзлари улуғ жондорол гўбарнатўр (генерал губернатор) Чернаефнинг олдида гулдек очилғон эди. Кўнгил тинчиб, орадан бирор йил чамаси ўткач, жондорол гўбарнатўр фатҳу нусрат (ғалаба қозониш)да улуғ фидокорлик кўрсатган авлиёларни ўз ҳузурига зиёфатка чақирған. Устол атрофи Шарафий, Абулқосимхон эшон, Ҳожи Алим, Ҳакимхўжа (Тошканд қозиси) каби оқ саллалик гўллар билан тўлған, дастурхонда тўнғуз гўштидан бошқа ҳар нарса муҳайё қилинған эди. Вақтики зиёфат хитомиға етуб, баъдаз фотиҳа адютант томонидан қаҳрамонларға инъом улашиладир. Жумладан, Абулқосимхон эшоннинг олдиға бир кумиш самовор, Ҳакимхўжанинг олдиға кумиш патнус қўйиладир. Бу вақт Ҳакимхўжа қози патнусни самоворнинг ўрнига қўюб, самоворни ўз олдиға тортадир... Бу ҳолдан воқиф бўлған адютант самоворни эшоннинг олдиға олуб, Ҳакимхўжаға айтадир:
-Сизни таниғанимизға ёлғуз биргина йилдир. Аммо эшон бизнинг ҳукуматга ўн беш йилдан бери хизмат қилуб келадур!
Ҳакимхўжа қозининг дами кесиладир. Шу вақтда мажлиска онглашиладирким, эшон унча-мунча одам эмас...”
Албатта, авом эшоннинг бу мартабасидан воқиф эмас, балки каромат соҳиби деб билиб, унга эргашадилар, бузруквор эшонларига лозим бўлса, ҳудди равшанийларнинг нодон муридлари каби жонларини ҳам ҳадя қилиб юборадирлар. 1891 мелодияда миллионлаб муридларини зор йиғлатиб, барча йиғиб-терганларидан умид узолмагани ҳолда дунёдан кўчганда “эшоннинг тирикликларида тўёлмай қолған халқ тобутни эртадан кечкача қўлма-қўл кўтаришиб юрадирлар. Энг охирда тобутни бурда-бурда қилуб, ўзаро тақсим қилишгач, тинчийдирлар”. Ана жаҳолат! Қабр тошидаги битик-чи? “Ин марқади (бу нурли гўр) мунаввар муршиди комили мукаммал шайхул ислом валмуслимин ҳофизи калом раббул оламийн муҳиббул уламо ва малжаул-ғурабо (камбағалпарвар) ҳазрати эшон Абулқосимхон бинни қутбул-ақтоб ҳазрат эшонхон Тўрахон алавий нақшбандий”... Бундай юқори сифатлаш тарих осмонида чарақлаб турган авлиёлар, саҳобалар қабрларида ҳам кўринмайди. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалом қабрларида ҳам бу каби мақтов битиклар йўқдир. Бу воқеада авомни ҳидоятга бошлаши керак бўлган дин кўринадими? 1884 йилда фон Кауфман ўлганида бу эшон барчани ҳайратга қўйиб Кауфман руҳига “Таборак” сурасини ўқиб, бахшида этишида-чи? Дин ниқоби остида ўз халқига хиёнат қилган одамни бу қадар иззатда бўлиши, миллатнинг зулматда қолишига сабаб бўлган эмасми? Миллатни ёруғликка олиб чиқиш ғайратида бўлган зиёли бу ҳолатга кўз юмуши мумкинмиди?
Энди халқ кўзига фариштадек кўринувчи эшоннинг хурмача қилиқларига келинса, “ул зот аксар авқот (вақт)ларини ёш, маъсум ўғлонларнинг суҳбатида кечирар эдилар. Ҳаққитаоло дийдорининг аксини шу ўғлонлар юзида мушоҳада қилар ва бир ўғлоннинг қўлидан ичилган бир пиёла чойни кавсар суви (жаннат булоғи)дан беҳроқ (яхшироқ) ҳисоблар эдилар. Ўзларидан сўнг ўн парлаб нозанин ёш хотун ва чўрилар сочларини ёйиб қолдилар”...
Мақсад барча эшонларни аралашига кулги қилиш эмас. Энг муҳими шуки, адиб “Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади” қабилида иш кўрмаганлар, яъни, барча эшонларни қаторасига ёмонлаш ниятлари ҳам бўлмаган. Умумий тарзда сўз юритмай, аниқ шахслар мисолида фикрларини баён қилганлар. Ёзувчининг асосий мақсадлари шарафли “эшон” номига нолойиқ кимсаларнинг кирдикорларини очиш бўлган. Абулқосим эшон “мадҳи”дан сўнг яна бир нечалари тилга олинадиким, шулардан: “Аҳмад махдум” деганларининг қилмишлари ғоят таассуфлидир. “Аҳмад махдумни шаксиз каромат соҳиби эди, деб ривоят қилғувчилар бор. Лекин ул киши тўғрисидаги ривоятларга аниқ ишонилса ҳам бўлатурған кўринадур. Зероки, Аҳмад махдум ўзларининг каромат ва мўъжизалариға мункир (инкор этиш) келгувчи бағзи бир шаккокларга далил ўрнида “Яъти мин баъди исмуҳу Аҳмад” оятини ўқуб, мудофаа қилур ва ўкраб йиғлар эканлар. Мазкур оятдаги “Аҳмад”нинг сариҳ (аниқ) шу Аҳмад махдум бўлғанлиғиға уламо байни (ораси)да бир иттифоқ борлиғи Тошканд халқининг маълуми бўлса керак...”
Жиян”.
(“Муштум” журнали, 1924 йилнинг 25 ва 27 сонлари)
Ана холос! Бу ҳол олдида Муқаннанинг пайғамбарликни даъво қилиши ҳеч гап бўлмай қолади-ку? Аҳмад махдум фосиқ, мунофиқ, аниқроғи – муртад экан. Халқ унга ишонувчи оми экан. Уламо аҳли-чи? Абдулла Қодирийнинг юракдан эзилиш сабабини билмоқ учун “Сафф” сурасидаги оятга қараймиз: “Ийсо бинни Марям: “Эй Бани Исроил, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга юборган пайғамбариман. Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда юборилдим”, деган эди”.
Қуръони каримда Аҳмад исмли эшон эмас, “Аҳмад исмли бир пайғамбар” юборилиши ҳақида гап кетаётганини фаҳм этмасликни жоҳилликнинг қайси даражаси билан белгилаш мумкин? Бундан уламо кўз юмса, зиёли кўз юмса, диннинг аҳволи нима бўлади? Жамиятнинг, миллатнинг тақдири нима бўлади?! Шарафли ҳадисдаги “Олимнинг бузилиши – оламнинг бузилиши” шунинг ўзи эмасми?
Бугун дин ниқобидаги турли зарарли оқимлар ҳақида кўп гапирилади. Бугун исломнинг бир минг тўрт юз ўттиз тўртинчи йилида турган бўлсак, олтин асрни ҳисобга олмасак, ўн уч асрдан бери динда неча юзлаб оқимлар пайдо бўлди, неча юз минглаб ёки миллионлаб мусулмонларнинг дилини хира қилди. Бу жараённинг давом этишига сабаб – мусулмонларнинг ҳақиқий илмдан бебаҳралиги, яъни жоҳиллиги. Ислом илмидан хабардор бўлгани ҳолда, ҳидоят йўлида хизмат қилмай, нафси йўлини афзал билганларга айнан жоҳилларнинг кўплиги яхши. Жоҳил одам ким қаёққа бошласа, равшанийларнинг муридлари сингари орқасидан эргашиб кетаверади. Илмли одам айтилган масалани аввал ўйлаб кўради, таҳлил қилиб, сўнг хулоса чиқаради. Жоҳиллар дин учун ҳам ёқимсиз бўлган бидъат ва хурофотни авж олишига шароит яратиб берадилар. Тарихдан маълумки, кимлардир ўзлариниг манфаатлари учун ҳатто ҳадис тўқишгача борганлар. Натижада Бухорий, Термизий каби ўнлаб олимлар неча йиллар давомида ҳадисларни саралаш билан шуғулландилар. Халқ орасида тарқалган турли кераксиз урф-одатлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Абдулла Қодирий дастлабки саҳна асарларида “Бахтсиз куяв” шундай одатларни қаламга оладилар.
Исломда кўп яхши одатлар бор. Одамлар орасидаги меҳр-оқибатнинг чиройлик кўриниши бўлган саҳоват, эҳсон шуларнинг бири. Лекин айрим ҳолларда банда саҳоват саройини қураман, деб аслида пасткашлик кулбасини тиклаб қўйган, савоб ўрнига гуноҳ ортмоқлаб олган бўлиб чиқади. Рамазон ойида мусулмонларнинг закот бериши жуда яхши одат. Лекин катта бойлар катта миқдорда пул беришдан оғринадилар. Белгиланган закотни тўлалигича бермасликлари у ёқда қолиб, хийла ишлатишгача борадилар. Ўтган асрда Тошканд бойларидан бири чиройли извошни безаб, кўркам отларни қўшиб, хизматкорини чақираркан-да, “шу сенга закот” деркан. Хизматкор кўнмаса ҳам, зўрлаб, “закотни қабул қилдим”, деган иқрорни эшитиб, хизматкорнинг дуосини ҳам олар экан. Хизматкор отларни етаклаб, уч-тўрт қадам ташлагач, “Менга қара, сен бунақа извошни нима қиласан, яхшиси менга сотақол”, деб уч-тўрт тангага ўзи сотиб оларкан. “Хийлаи шаръий” деб шунга айтадилар. Шубҳасизки, Абдулла Қодирий бу каби хийлаларнинг кўпига гувоҳ бўлганлар ва мазкур мавзуни четлаб ўта олмаганлар. Қурбон байрамига доир “Бойларникида имлама, хасисларникида димлама”, деган ҳикмат билан бошланувчи ҳангамаларида яхши одатнинг моҳиятини тушунмайдиганларни ҳажв қиладилар. Дейдиларки:
“Бу кун қуввати келган ҳар бир “мусулмони комил” ўзлариға ўхшаған бир ҳайвонни қурбон қиладир. Қурбонлиқ қилған мусулмонларға охиратда бўладирған имтиёзлардан қуруқ қолмайлиқ, деб машҳур сиёсий тулки лорд Керзўн ҳам бу ҳайит Лондон халқи учун бир қўй қурбонлиқ қилмоқчи бўлди. Чунки у дунёда сирот кўпруги деган ваҳмалик бир нарса бор эканига Керзўн ҳам ишонибдир. Ҳар кимнинг бу “қиличдан тез, қилдан нозик кўпрук”дан ўтиши мажбурийдир. Керзўндан каттароғи ҳам мусулмонларнинг ақлиға ҳайрон қолмасдан мумкинми? Сирот кўпругидан ўтиш учун бир мингта ҳаво флотининг икки чақача аҳамияти йўқдир. Қурбонлиқ қилған қўйни минасиз-да, пилдираб ўтуб кетаберасиз-да, тўп-тўғри сиз учун ҳозирланған жаннатга кириб, бир қулоғи бу дунёға юз минг баробар келадурган ҳур, бурнининг катаги мана шу Туркистон ўлкасига бир юз миллион баробар келадирган ғилмонни бир тийин налўг тўламасдан тасарруф қилаберасиз (“Мифтоҳул-жинон” таъбири). Мана бу имтиёзлардан кимнинг шўппайиб қолғуси келадир.
Ҳамма ҳам роҳат ва саодатни яхши кўрадир. Баҳо ҳам унча қиммат эмас: бир қўй ё икки кишига бир ҳўкуз, вассалом... Тағин бу томони ҳам бор, қон чиқарилса кифоя.
Бойларимиздан Салимсоқ семиз бултур қилған қурбонлиғи билан қизини чорлади. (Ажаб-ажабким, Рамазон ойи ифторликларида қуда чақириқ каби тадбирларни ўтказиш ҳозирги кунларда ҳам бизда авж олгандир. Агар бирон-бир саҳоватпешанинг таваллуд кунлари рўза кунларига тўғри келса, хавотирли жойи йўқдир. Аввал ифторлик берилади, жамоа тарқагач, улфатларнинг қорин ўйин базми бошланади. Кўринадиким, Жулқунбой тасвири бу кунда ҳам жилваланиб турадир. Т.М.) Қўчқорхўжа акам жўраларига гап берди. Болтичўлоқ маҳалла сўфиси билан имомини ва ҳам уч-тўрт маҳалла муштумзўрларини имлаб қурбонлиғини едириб юборди. Булар-ку майли, Ёдгор семиз шундай бой бўлса ҳам зиқна-да, қурбонлиқ гўшт-ёғини димлаб қўйди.
Бу тўғрида ҳеч кимга айб қўйиш керак эмас. Қурбонлиқ гўштлардан очларға насиба чиқариш учун пайғамбарнинг декрети босилған қонунлар мажмуаси ҳам умматлар қўлиға теккани йўқ, уламолар қўлиға теккан бўлса ҳам, улар бундай буйруқларни бекорга чиқарғанлариға кўб замонлар бўлди.
Қон чиқди – кифоя.
Ҳай-ҳай, қандай яхши... бу дунёда қадри йўқ мусулмон оға-иниларнинг у дунёда бундай роҳат билан кун кечиришларига ҳасад қилғувчи кофирларнинг кўзи чиқсун.
Мусулмонлар учун жаннатнинг баҳоси қўй, икки кишига бир ҳўкуз, туя бўлса ҳам майли. Қони чиқарилса кифоя. Ҳай, ҳай, ҳамма пайғамбарнинг уммати ичида бахтиёр Муҳаммад уммати. Ҳай-ҳай, бу давлат бизга етмасми, Муҳаммад умматидирмиз”.
(Ж-Қ)
(“Туркистон” газети, 1923 йилниг 24 июль куни)
Абдулла Қодирий – Жулқунбой бидъат ва хурофотга доир танқидни Совунак (енгил елпи) қори билан Мағзава (эзма) қори ҳангомасида давом эттирадилар. Тасаввур қилинг, иштаҳаси йўқ Али, серовқат, иштаҳаси карнай Валига “мен учун овқат еб бергин”, деб илтимос қилди. Валига бу маъқул келиб, паловми ё қозонкабобними паққос туширди-да, таом ейиш хизмати учун Алидан пул олди. Валининг ошқозонидаги таомдан Али қандай наф топди? Қизиқ савол-а? Лекин диндан ўз нафслари йўлида фойдаланувчилар учун бу савол қизиқ туюлмас. Баъзи одамлар Рамазон ойи арафасида (баъзан бошқа пайтларда ҳам) қорига пул бериб (буни “бай пули” дейдилар) ўтган марҳумлари ҳақига Қуръон ўқитадилар, бу ҳозирги кунимизда ҳам тараққий этган ва “хатм буюриш”, деб номланади. Қори уйида ўтириб, бир ёки икки-уч кун давомида Қуръони каримни тўла ўқиб чиққач, савобни буюрувчи киши айтган бандага бағишлайди. Қуръон ўқиш, ёки ўқилаётганда соме бўлиб эшитиш банданинг ўзига буюрилган. Буни уламолар яхши билишади, лекин дин учун ҳам ёқимсиз бўлган одатга барҳам беришга уринишмайди. Аксинча, рағбатлантиришади. Рағбати шундаки, қори уйида тиловат қилади. Шундан сўнг буюртмачи уйида зиёфат уюштириб, эътиборли уламолардан бирини ҳам чорлайди. Зиёфат ўртасида буюртмачи мақсадини айтади, қори шу даврада Қуръони каримнинг охирги сураларини, сўнг Бақара сурасининг бошланишини ўқигач, хатмнинг ниҳоясига етгани аён бўлиб, давра тўрида қўр тўкиб ўтирган домла узундан-узун дуо қиладилар. Дуонинг нақадар узунлиги хайрлашув чоғида узатиладиган тугун мазмунига таъсир қилади. Абдулла Қодирий айнан шу бидъат билан муроса қила олмаганлар. “Муштум” журналининг 1923 йилги 7-сонидаги “Шилғай” имзоси билан берилган ҳажвга назар солайлик. Эътиборлиси шуки, адиб хурофотчиларни ўзи “қамчиламайди”. Икки қори ўз тиллари билан ўзларини ошкор этадилар.
“Совинак қори: - Бу йил бай пули неча кишидан олинди, Мағзава қори?
Мағзава қори: - Э-эй, бу йилги рўза, маза йўқ ошнам. Такрор пули ҳам чиқмайтурған кўринадир.
-Ҳа, нимага?
-Нимага бўларди, хатмчи (буюртмачи) йўқ.
-Итни урсанг, Қуръон туширтиратурган чиқибдир-ку, хатмчи йўқ эмиш!
-Бор-борлиққа. Аммо мўмайроқ митат чиқаратурған хатмчи йўқ!
-Иш билмагандан кейин хатмчи ҳам йўқ, митат ҳам йўқ!
-Совинак дейман, сан нимани билдинг!!!
-Мен иш билдим, сен саллага зеб бериш билан идғом маъалғунани билдинг!
-Хўш-хўш?
-Нима “хўш-хўш”? Индинга Пўлавойнинг хатмини битирсам, уттаси кундан Шўлавойнинг хатмини бошлайман. Ундан кейин Сўнавойники. Шундай қилиб, бу рўзаи моҳи шарифда энг ками беш миллиард митат.
-Ҳа-ҳҳа, ҳаммасидан ҳам бай пули олдингми, Совинак?
-Олдим. Пўлавойдан беш юз, Шўлавойдан икки юз, Сўнавойдан уч юз!
-Қандай қилиб?
-Пўлавойнинг олдига бориб: “Шўлавой акам бу йил хатмни катта қилар эмишлар, шундай оғир вақтларда унча-мунча одамга хатм қилдириш ҳам қийин...” деб юрагига ўт солиб қўйдим. Сўнавойнинг дўконига тушуб: “Бу йил хатмингиз йўқми, одамлар: “Сўнавойнинг дамаси йўқроқ” деб сўзлашадилар”, деган сўз билан унинг ҳам пайтавасига қурт тушурдим. Шундай қилиб йўқ ердан ёлғуз ўзимга уч хатм чиқардим. Мана иш, ана митат!
Мағзава қори кўнглининг энг чуқур жойидан чиқариб, “уф-ф-ф” деди ва ҳасратидан чанг чиқара бошлади:
-Бу йил бахтимиз сувга урган экан Совинак, ҳеч бир хатмчи “итмисан, эшакмисан” дея бермагач, ноилож “Шунча такрорлар бекорга кетмасун”, деб ўзимни бозорга сола бошладим. Қаерда бир эски хатмчини кўрсам, маддоҳ баччалардек жоврадим: “Эшбой акам хатмга айткан эдилар, бу рамазон қўлим тегмайдир”, дедим. “Маним кўнглим сизда эди...” Иккинчи бировни кўрганда: “Бу йил хатм жуда кўб кўринадир, Тошкандда ўн минг қори бўлса ҳам етишмас”. Ниҳоят шунчалик авроқлар билан ўлиб-қутилиб, битта жиз-бизни топсам ҳам, лекин қурғуринг мандан ҳам ўлумтук экан: “Беш кунлик қилсангиз қанча оласиз-у, уч кунлик қилсангиз қанча берамиз. Мардикор пулингизнигина олиб, ифтор билан саҳарликни уйингизда қилсангиз қандай бўлар экан?” дейдир.
-Қизи талоғинг пудратини берар экан-да, хо, хо, хо!
-Шуни айткина, Совинак. Шундай қилиб хатмни беш юз миллионга баҳолаб олдим. Уч юзни ўзим олсам, икки юзни сомеъга бераман. Уч юзинг нос пулига ҳам етмайдир. Бу йил маза йўқ, ошнам...”
Икки қорининг хасратини енгиллатиш учун адиб киноя ила маслаҳат беради: “Оқчани кам берсалар “ялмаш” усулини қўллаш керак. Қуръонни ялмаб ўқуйсан, десалар, “Бир мирига келгани шу” деб жавоб бериш керак”.
Диққат қилиш жоизки, Абдулла Қодирий динга зарар келтирувчи камчиликларни қаламга олганларида дин асосларини яхши билувчи олим сифатида кўринадилар. Тўғри, лозим бўлган-бўлмаган ерда оят ёки ҳадислардан мисол келтиравермайдилар. Бундай ўринлар жуда кам. Кичик ҳажмдаги асарларида юқорида зикр этганимиз, эшонлар ҳақидаги битикда “Сафф” сурасидан оят келтирилгани, “Ўткан кунлар”да Отабек тилидан “Ҳаййя алал-фалаҳ” (нажотга шошил) азон чақириғидандир. Адиб азондаги бу чақириқдан мамлакат аҳволини баён этишда моҳирона фойдаланган. Асарнинг “Хиёнат” бобида “идда”, “талоқ” ва “алваддайн” иборасини учратамиз. Идда – аёлнинг эри ўлганда (130 кун) ёки эри талоқ қилганда (100 кун ёки уч ҳайз кўргунча, агар аёл ҳомиладор бўлса, идда туққунигачадир) бошқа турмуш қуришигача ўтиши лозим бўлган муддат. Бу масалага Қуръони каримнинг Бақара ва Талоқ сураларидаги бир неча оятларда аниқ кўрсатмалар берилган. Ўсмирлик чоғида мадрасада таҳсил олган адибнинг бу оятларни яхши билишлари табиийдир. “Алваддайн” эса “ўталиши лозим бўлган қарздир” маъносини берувчи ҳадисга ишора. Гарчи, халқ орасида “ҳадис” деб айтиб юрилса-да, уламоларнинг айтишларича, бу ҳадиснинг асоси-маснади аниқланмагандир. “Ҳожи этак силккан” бобида Юсуфбек ҳожи қипчоқ қирғини ҳақида афсуслар ила сўзлаганида Юнус Муҳаммад охунд дейдики: “...ҳамма фасод улуламирда, агар улуламир дуруст одам бўлса, уч-тўртта муттаҳамнинг ёмонлиғи ҳеч қаерга бормас ва бунча гуноҳсиз бечоранинг қони ўринсиз тўкилмас эди. Жаноби пайғамбари Худо ҳадиси шарифларида айтадиларким, бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм, қола ан-набию алайҳиссалом: “Изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата” – яъни ул Сарвари коинот марҳамат қилурларким: “Агар бир қавмнинг иши ноаҳл одамга топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил, яъни ҳалокатига мунтазир бўл”. Бас, бизнинг корларимиз ҳам кўб фурсатлардан бери ноаҳл одамларнинг қўлиға қолиб ва ҳар замон ул нобакорлар бизларнинг бошимизға анвоъи кулфатларни соладирлар. Илоҳи кори бадлари ўз бошлари бирлан дафъ бўлғай.
-Саддақта ё расулиллаҳ (“тўғри айтдингиз, ё расулуллоҳ”) ,-деди ҳожи ва ҳадисни такрорлади. -“Изо васада ал-амру ило ғайри аҳлиҳи фантазир ас-соата” – вой бўлсин биз бадбахтларнинг ҳолига...” (Мазкур шарафли ҳадисни Имом Бухорий ривоят қилганлар).
(Мавзудан бир оз чекинсак-да, бир воқеани эслаш ўрни келди: ҳорижда истиқомат қилувчи ватандошимиз муҳтарам Жўра қори Бўтакўз урушдан кейинги даврда ўзбек оилаларида туғилган болалар она тилларини унутиб юбормасинлар, деган хайрли ниятда “Ўткан кунлар”ни араб алифбосида нашр эттириб тарқатганлар. Туркиядаги босмахоналар лотин алифбосида иш юритгани учун китобни араб алифбосида чиқариш мақсадида Покистонга борганларида у ердагилар “Бу китобни биз босмаймиз, “бисмиллоҳи” йўқ экан”, дейишади. Шунда Жўравой ака 20-30 йилларда, болшевиклар динга қарши курашни авж олдирган даврда асарни “бисмиллоҳ” билан бошлашнинг ҳеч қандай имкони бўлмаганини тушунтиршга уринганлар. Ноширлар қайсарлик қилиб туриб олишгач, “Бу асарнинг “бисмиллоҳи” ичида”, деган эканлар. Бунда икки маъно бор: асар исломга зид эмас, иккинчидан, зикр этганимиз бобда чиндан ҳам “бисмиллаҳ” мавжуд).
“Меҳробдан чаён”да Нигорхонимнинг махдум томонидан сиқувга олгани ва бу аёлнинг сабри ҳақида баён қилгач, хотинларнинг “Нигор ойимнинг орқасидан ғийбат сўзламаслар, олдида қандай ҳурматласалар, кейинидан ҳам ўшанча эҳтиромлаб, унинг махдумдек зиқна кишининг қўлиға қарам бўлғаниға ачиниб “пешана,-дея,- айланай, қолу бало” дейишар эдилар”. Халқ орасида оддийгина “пешона” ёки нолиб “пешонам қурсин” дейиш одати бор. Ислом илмидан яхши хабардор бўлган муҳтарам адиб эса “қолу бало”ни қўшяптилар. Яъни: аслан “Ҳа, шундай”. Кенгроқ маънода эса “Ҳа, шундай деб айтдилар”, деб ҳадисга ишорат қилинади.
“Ифлос бир мозий” бобида Абдураҳмоннинг ёшлиги тарихи баёнида “замона бузуқлиғи” хусусида лоф урғувчи мударрис ҳақида сўз юритилар экан, “ўзи “варасатул анбиё” зотлар саналған” ибораси ишлатилади. Бунинг таржимаси “пайғамбарларнинг меросхўрлари”дир. Бу ибора Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” (Имом Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Байҳақий ривоят қилган) деган сўзларидан иқтибос олинган.
Қўқон хонининг ёрлиғи “Ба исми субҳонаҳу. Амруллоҳи фаризатун ва амруно вожиб” деб бошланади. Бу “Бисмиллаҳ”га маънодош, яъни “Аллоҳ номи билан” демакдир. “Аллоҳ номи билан бошлаяпмиз, Аллоҳнинг амри фарздир, бизнинг амримиз вожибдир”. Вожиб мажбурият, бурч деган маънони англатади. Исломда бажарилиши зарур бўлган амал тури ҳисобланади. Зарурийлик нуқтаи назаридан вожиб фарздан кейин, суннат талабларидан олдин туради. Исломда вожибни инкор этиш оғир гуноҳ ҳисобланади. "Подшоҳнинг амри вожиб" деган тушунча Қуръонда мавжуд. Адиб ёрлиқни бежиз бундай бошламаганлар.
Нигор ойим пиширган паловни мақтаган махдум “бироқ гўштни кўб солибсан” деб танбеҳ ҳам беради. Шунда:
“Нигор ойим кулимсираб Анварга қаради:
-Гўшт кўб бўлса ош ўхшаладир.
-“Хайрул-умури авсатуҳо”, Нигор.
-Бу сўзнинг ошқа гўштни кўб-оз солиш билан нима алоқаси бор?
Раъно онасининг бу сўзи билан пиқ этиб кулди. Анвар юзидаги кулгини яшириш учун четка қаради”.
Чиндан ҳам Байҳақий ривоят этган “Ишларнинг яхшироғи ўртасидир” деган шарафли ҳадиснинг махдум қозонига тушган гўштга нима алоқаси бор? Айрим муллалар оят ё ҳадисни ўз манфаатлари йўлида тафсир этишлари ё шарҳ қилишларига Анвар четка қараб кулиши мумкин, лекин адиб бундай ҳолатларга эътиборсиз қарай олмайдилар. Махдумни фош этишни давом эттирадилар.
“Ҳадиснинг ҳукми ом (Пайғамбарнинг буйруғи ҳаммага тегишли), Нигор,-деди Махдум.- Бундаги умур – умурид-дунё (дунё ишлари), умурид-дунё иборат аз ҳаракати аҳли мўъмин. Инчинин, бу ҳадиснинг амалиёти охират учун ҳам ҳукми жорийдир (ярайдиган ҳукм). Масалан, шабу рўз савм (рўза) ва салот (намоз) мўмин кишини жисман нотавон ва нафақаи аҳли аёлдан ожиз қиладир. Бас, бу ҳолда ибодатнинг касрати, яъни тоатда ифрот (ҳаддан ошиш) ҳам хайрул-умурга қўшилмас, зеро, фарз ва суннат банда учун кофий эрди. Маънойи кофий чист, ай авсат (Етарли деганнинг маъноси нима, бу демак ўртачаликдир)...”
Махдум Анварнинг ҳузурига кириб, Ғози эшондан сўз очиб, унинг бемаънилигини таъкидлайди: “Ўзи кўб таммоъ одам. Сизга ҳам зиёфатдан дам урған бўлса керак?” Анвар илжайиб бош ирғагач, давом этади: “Тамаъ ўзи кўб мазмум суфат... Чунончи, азза ман қанаъ, залла ман тамаъ... Отаси марҳум ҳам беҳад тамаъкор эди...” “Қаноатли азиз, тамагир киши хордир” ибораси халқ орасида ҳадис сифатида тилга олинади. Аслида бу ҳадис эмас, шу маънога яқин ҳадислар мавжуд. Шу боис ҳам муаллиф иборанинг ўзбекча маъносини берганда “ҳадис” деб изоҳламаганлар. Ошга сабзи тўғраётган Анвар “Хотин кишининг чархи билан ўчоғига тегма, деган гап тўғри эмиш... Албатта, сен хотин киши эмассан-ку, бироқ, “куллу шайъин яржиуъ ила аслиҳи”, дейди. “Ҳар бир нарса ўз аслига қайтади”, ибораси ҳам оят ёки ҳадис бўлмагани сабабли муаллиф мазмунни бериш билан чекланганлар. Араблар кўп қўллайдиган бу иборанинг турли шакллари мавжуд. Бизда “Қазисан, қартасан, ўз аслингга қайтасан” – мақол шаклида, “Бобурнома”да эса “Боз гардад ба асли худ ҳама чиз, зари софию нуқрау арзиз” – “Ҳамма нарса: хоҳ соф олтин, хоҳ кумуш ва хоҳ қўрғошин бўлсин, барибир, ўз аслига қайтади” – байт шаклида келади. Яна бошқа кўринишлар борки, айни ўринда қўллаш мумкин эмас эди. Чунки Анвар “Сен ҳозирча бокира қизсан, аммо вақти келиб хотин бўласан”, деган маънода айтган эди.
“Чаённинг намойиши” аталмиш бобда масжид ҳужрасининг таърифи берилар экан, “ҳужранинг тўрдаги тоқчасиға беш-олти дона қалин муқовалиқ китоблар терилган, уларнинг варақ тахида – “Шарҳи мулло Жомий”, “Ақоиди маълҳавоший”, “Ҳикматул-айн”, “Алвиқоя”, “Сияри шариф” каби сўзлар ёзилған эди. Кун ботиш тоқча девориға гул равишида туширилган дуо ёки шунинг каби муқаддас калималар ёзиғлиқ бир қоғоз ёпиштирилган”, деб аниқлик киритилади. Китобларнинг номлари нима учун айнан берилди? Аввали шуки, адиб мадрасада таҳсил олганларида буларни ўқиганлар. Лекин бу ўринда мақсад билимларини шунчаки ошкор қилиш эмас. Бу китобларни ўқиб, тушунган одам, ундаги кўрсатмаларга амал қилиши, яъни комил инсон бўлиши керак. Аллоҳ таъқиқлаган иллатлардан қутулган бўлиши шарт. Лекин бу илмдан бохабар уч инсон китоблар ёнида ўтириб, “бир-бирларингга зулм қилманглар”, дейилгани ҳолда зулмни касб этганлар, “ғийбат қилманглар, ғийбат ўлик биродарингизнинг гўштини ейиш каби гуноҳдир”, дейилган бўлса-да, ғийбат гўштидан ҳузурланадилар, фитна тўрини тўқийдилар. Яна Анфол сурасидаги “Инналлоҳа маъассобирин” – “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир” оятини тилга оладилар. Муфтига далда бериш учун Калоншоҳ мирзо оятнинг бир чимдимини узиб олиб, ўз нафслари йўлида фойдаланган. Агар улар бу оятнинг маъносига амал қилганларида Аллоҳнинг ғазабига учрашдан қўрққан ва фитнага аралашмаган бўлар эдилар. Оятнинг асл маъноси бундай: “Эй мўъминлар, Аллоҳ ва Расулига итоат қилинглар, буюрганини бажо келтиринглар, ўзаро низо қилманглар. Агар Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига хилоф қилар экансизлар, дилларингизда қўрқув пайдо бўлиб, сизлардан душманнинг муқобилига қувват кетади, яъни сустлашиб, заифлашиб қоласиз. Кулфатларга сабр қилинглар. Аллоҳ таоло собирлар билан биргадир”. Жамиятдаги ўзаро низо зўр офатлардан ҳисобланади. Бундан Аллоҳ аниқ огоҳлантиряпти, яъни низо қилувчилар тушкунликка учрайдилар, куч-қувватлари кетади. Тарихдаги барча кулфатлар, мағлубиятлар сабр қилмаслик ва ички низолар туфайлидир. Адибнинг маҳорати шундаки, бу фосиқлар “низо қилманглар”, деган буйруқни тилга олганлари ҳолда, Аллоҳнинг амрига очиқ қарши чиқяптилар. Бугуннинг адиби мана шундай ҳолат тасвирини бермоқчи бўлса, шунчаки “Сабр қилинг, дўстим” ёки “Сабр таги олтин”, деб қўярмикин? Абдулла Қодирийнинг маҳоратлари шундаки, у нозик томирни топа олдилар.
“Обид кетмон”да ўқиймиз: “Улар қишлоқ гузарига бориб, бирга ўнни қўшиб “хабари мутавотир” юргизадилар”. “Хабари мутавотир” – келишиб олиб ёлғон тўқиши эҳтимолдан узоқ даражадаги кўпчилик томонидан ривоят қилинган хабар бу ўринда истиора йўсинида қўлланилган. Бу кўплаб ишончли кишилар нақл қилган хабар, ҳадис илмидаги истилоҳ, демоқ ҳам мумкин.
Хатиб домланинг яна бир гапи: “Албатта, тарозига қараб тош қўйган яхши: Хатиб домлани ҳам қўшиб чақирадиган бўлсанг қўй сўйишинг лозим, ундан кейин битта тўн бермасанг яна ўхшамайди; зеро тўнсиз жўнатсанг “таҳқири уламо” қилган бўлиб, гуноҳкор бўласан”. Бу ўринда адиб “гапга тўн кийдириб” юмшатганлар, чунки “таҳқири уламо”нинг асли “уламоларни таҳқирлаш куфрдир”. Англадикки, домла-имомларни зиёфатга чорлаб қўй сўймасак, елкасига тўн ташламасак... таҳқирлаган бўлар эканмиз. Таҳқирлаш эса... Астағфируллоҳ!
Хатиб домланинг “танозун бақо ва муборазайн ҳаёт” сўзлари “ҳаёт учун кураш” деган фалсафий тушунчани англатади. “Чунончи, “вало тулқув биайдиякум иллат-таҳлика” ояти каримасидан ҳам “танозун бақо”га катта ишорат бор”. Бақара сурасидаги “Ўз ихтиёрингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз” ояти домланинг тилидан учишига сабаб: “сиз менинг ҳалиги таълимотим бўйича унинг бўйнига қўй сўйиш ва тўн беришни юклашга ҳаракат қилингиз”. Аслида оятнинг тўлиқ маъноси: “Эй аҳли давлатлар, молларингизни Худо йўлида сарф қилинглар. Бахиллик қилиб ўзларингизни ўз қўлларингиз билан ҳалокатга урманглар. Худонинг махлуқотига яхшилик қилинглар. Худойи таоло эҳсон қилувчиларни дўст тутади”. Саҳоват ва эҳсон ҳақида бир неча оятлар ва шарафли ҳадислар мавжуд. Эҳсон исломнинг гўзал кўринишларидан бири. Унда ўзига, ўз оиласига, қариндошларига, қўшниларига ва бегона муҳтожларга ёрдам қилиш назарда тутилади. Бойларни ёки тўқ муллаларни чақириб зиёфат қилиш эҳсоннинг қайси кўриниши, унда қанчалик савоб бор, биз билмаймиз. Лекин нафс жиловидаги муллалар эҳсон ҳақида сўз юритганларида албатта, уйлари донга тўла бўлса-да, ўзларини унутмайдилар. Ушрдан умидини узган, фақат ҳадя олиши мумкин бўлган Хатиб домланинг “домлангизни қанчалик яхши таъмин қилсангиз, масжид ва динингиз шу қадар обод бўлади”, деган гапига нима деймиз? Наҳот диннинг ободлиги домлага берилгувчи тугуннинг ҳажмига қараб қолган бўлса?
Аҳмад тоға Обид кетмонни айблаётганда: “изойи мўъмин ҳаром” деганлар... Қани энди фурсати келганда биз ҳам изо бериб кўрайлик, ўзи пиширган ошнинг мазасини тотсин”, деб даъво қилади. Бундаги “мўъминга азият бериш ҳаромдир” ибораси фиқҳий китобларда келтирилгандир.
Абдулла Қодирий асарларида оятлар, ҳадислар у қадар кўп эмас, лекин форсийдан олинган ҳикматларга тез-тез ўрин берилган. “Обид кетмон”даги Хатиб домланинг “маслаҳат” йўлида аксар ёлғонни ҳам бежаб юборишига сабаб Саъдийнинг “дуруғи маслаҳатомиз беҳ аз рости фитнаангиз” сўзига амал қилишидадир. “Маслаҳат юзасидан айтилган ёлғон, фитнага сабаб бўлгувчи ростдан яхшидир” дейилгувчи ҳикмат маъносига яқин ҳадислар мавжуд. Шунингдек, ёлғон ва ростликка доир оятлар ҳам бор. Лекин адиб барча ўринларда улардан фойдалансалар, атрофларидаги фитначилар асар исломийлашиб кетган, деб иғволардан иборат танқид тошбўронини бошлашлари турган гап эди.
Мазкур мавзуда сўз юритилганда Калвак маҳзумнинг ҳар бир сўзини таҳлил қилиш лозим бўлади. Чунки бу ҳажвий қиссанинг тили ўзига ҳос. Арабий, форсий сўзлар кўп ишлатилгани учун оятлар ҳадислар кўп келтирилгандек кўринади. Аслида ундай эмас. Масалан, Калвак маҳзумнинг ўзига ҳос имтиҳонидан: “Бағдаз аузибисмиллоҳ, падар ўқудилар ва фақир эргашдим: “Агар шахсий гўядки, аввали илм кадомаст ва охири илм кадомаст... жавоб мегўямки, аввали илм шинохтан Аллоҳ таоло аст ва охири илм гузоштан ҳаман амриҳоаст...” Падар аввали илм бирлан охири илмнинг таърифини қилғонларидан сўнг фақирнинг ҳаққимга дуо қилинуб, биринчи дарс хатм бўлди”. Бундаги “агар шахсий гўядки...” (маъноси – “Агар бирор киши илмнинг боши нима-ю, охири нима, деб сўраса, биз “Илмнинг боши Аллоҳ таолони таниш, охири эса барча ишларни унга топширишдир”, деб айтамиз”) ҳикмати ҳадис деган ишоратда берилса-да, уламолар билан маслаҳат қилинганда бу ҳадиснинг манбаси аниқланмади.
“Шапоқ маҳзум” имзоси билан “Муштум”нинг 1924 йил 6-сонида босилган “Лаҳми қадид” ҳажвияси 1969 йилда нашр этилган “Кичик асарлар”да Абдулла Қодирий асари сифатида берилган. “Шапоқ маҳзум” Абдулла Қодирийнинг эмас, яқин сафдоши Ғози Юнуснинг таҳаллусидир. Бу асарни эслашдан мақсад, жоҳил муллаларни ҳажв тиғига олишда Жулқунбой ёлғиз эмас эдилар. Ҳажвияга диққат қилсак, Жулқунбойга хос нозик қочирим, кутилмаган ўхшатиш ўрнига камчиликка кучли зарба беришга интилишни кўрамиз. Зотан, Ғози Юнус “Муштум”нинг раҳбари сифатида шу усулни Жулқунбойдан ҳам талаб қилган ва бу хусусда уларнинг баҳслари машҳурдир. Ҳажвияда зоҳиран динга иҳонат қилинган бўлса-да (айниқса бошланиш қисмида), ботинан ундай эмас, Каллахона маҳалласининг имоми жаноб Абдулло қори домланинг илми ва савияси пастлиги ҳажв қилинади. Бу домланинг ривоятини қаранг: Иброҳим алайҳиссаломга жаннатдан қўчқор чиқарилгач, ул зот “даргоҳи қозиюл ҳожатга саждаъи шукр адо қилғонларидан кейин, қўчқор гўштини тамомий пайғамбарларга тақсим қилиб бердилар. Бошқа пайғамбарлар ўз ҳушвоҳоларини дарҳол пишириб еганлари ҳолда; бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом биздек осий-жофий умматлари билан баҳам кўриш мақсадида ерга кўмдилар. Бир неча соатдан кейин ҳалиги “лаҳми қадид”дан мош кўкариб чиқди. Шунинг билан умматлари бўлғон бизлар ҳар куни “лаҳми қадид”дан тановил қиламиз”.
Ана холос! Бундай бемаъни ривоятни ўйлаб топиш учун не қадар паст илм талаб этиларкин? Афсусларким, бу кабилар аввал ҳам бор эди, ҳозирги кунимизда ҳам мавжуд. Яқинда Тошкентдаги бир масжид имоми жумъа маърузасида деди-ки: “Одам тушида марҳумларни кўришлари учун Худо сочни антенна вазифасини ўташ учун яратган”. Сўрадиларки: “Сочи йўқлар туш кўрмасми?” Жавоб берилдики: “Кўрарлар. Сочи йўқларники парабал (яъни чаноқ) антенна”... Бундай “илм соҳиблари”нинг нақлларини эшитганда йиғлаш керакми ё кулиш?
Бу каби таҳлилимизни келгувсида янада батафсилроқ ўрганиш умиди билан ҳозирча мухтасар қилиб, яна “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён”га қайтиб, ундаги айрим масалаларни оз бўлса-да ўрганишга уриниб кўрамиз:
Мазкур романларни ҳар ўқиганда ижтимоий масалалар бўйича бир неча саволларни қайта-қайта қўямиз ва жавоб топишга тиришамиз:
Юрт фожиаси нимада? Бу юрт фарзандлари Отабек ва Анварнинг фожиалари нимада? Юрт фожиаси “ҳаййа алал фалаҳ”ни эшитмаганида, яъни нажотга шошилмаганида, иймондан узоқлашганида эмасми? “Халқимиз таъбирича, бу замонлар “мусулмонобод” бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўятурған ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, халқ мусулмон, бунинг устига юриш-туриш ҳам мусулмонча, ҳукмлар ҳам шаръиатча эди. Ўғирлиқ қилған учун қўл кесиладир ва дорға осиладир. Зони билан зониялар (бузуқ эр ва бузуқ хотин) ҳам пештоқдан ташланадирлар, ичкулик ичкан учун қирқ дарра уриладир. Раис афанди мулозимларига дарра кўтартириб, намозсизларни текширадир, фарзи айн билмаганларни урдирар эди. Иш шунчалик нозик бўлатуриб ҳам ўғрилар ўз тирикчиликлари орқасидан қолмайдирлар. Эш ака билан Тош аканинг уйлари орқасидан тешилиб моллари ўғирлана берадир, пештоқдан қопқа бўғилиб ташланмоқ учун фоҳишалар билан етишиб турадирлар. Бутун умрида пешонаси сажда кўрмаганлар ҳам кўб, аммо фарзи айннинг бош томонидан тўрт-беш жумлани ҳар ким қийналмасдан сайрий олар эди. Кўб кишиларнинг уйларида мусаллас билан бўзалар хумлаб қайнаб ётса, иккинчи томонда расмий суратда ичкулик сотиш билан тириклик қилғувчилар ҳам йўқ эмас эдилар. Тошканднинг Чуқур қишлоқ деган ерида қозоқлар томонидан очилғон ва ҳамиша рустамнамо кишилар билан айқириб ётқан бўзахоналар ҳам йўқ эмас эди...”
Отабек... ҳавас қилса арзигулик вафодор йигит, адолатли йигит. Фазилатлари кўп. Лекин ҳаётда бахтли бўлмоқ учун шу фазилатларнинг ўзи кифоями экан? Ҳаётда ҳар бир инсон бахту саодат йўлини излайди. Отабек бахтини ҳамиша тўғриликдан изладими ё адашган жойлари ҳам борми?
Исломда кўп хотин олишга ижозат берилган, лекин бу борада адолат масаласини четлаб ўтиш мумкин эмас. Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржимасини қўлга олиб, Нисо сурасида ўқиймиз: “...никоҳлари шаръан тўғри бўлган аёлларни биттадан тўрттагача ўз никоҳларингизга олинг ва икки-уч аёл ҳақига зулм етгудек бўлса, бир хотин сизга кифоя қилади. Шу адолатдан оғиб кетмаганингиз яхшироқдир”. Отабек бу амрдан кўз юмди, адолат қилмади, яъни Зайнабнинг ҳақига зулм етказилди. Демак, у гуноҳкор бўлди. Вақтинчалик айрилиғи ва оқибат айрилиғи шу гуноҳига каффорат эмасмиди? Ҳа, у гуноҳда эканини ўзи ҳам билади. Аммо бунда ўзини эмас, кўпроқ онасини айблайди. Ўзбек ойимнинг “ота-онамдан ваъда олғанман, деб шундай хотинга жабр қилиб юра берасанми?” деган таънасига жавоб қиладики: “Келинингизга жабрни хоҳламасангиз ва ўзингиз айткан инсофка қайтсангиз энг осон бир йўл бор... Сиз сўрашни тиламасангиз-да, мен айтай: келинингизга жабрни хоҳламасангиз мендан талоқ қилдирингиз ва бир бечорага бу йўсун азоб бериб юрмангиз!.. Сиз билган инсофни мен ҳам биламан. Бир бечорани фақат сизнинг кайфингиз учун азоб эмас, чеккан хўрлиғини ўйлаб ҳар куни бир қат этдан тушаман... Агар ўз кайфингиздан кечсангиз яхши билингизким, бир эмас, икки жонни азобдан қутқарған бўласиз, онажон!” Албатта ота-онани иззат қилиш шарт. Лекин талоқ ҳуқуқи эрда бўлади. Бу ўринда Отабек аросатда қолган, десак ўринлидир. Лекин адолатсизликдан топадиган гуноҳи соқит бўлмайди, валлоҳи аълам.
Вақтинчалик айрилиқ пайтида у бўзахонадан ҳаловат топмоқчи бўлди. Руҳ ҳаловати бўзахонадан эмасди. Отабекни “кундуз кунлари бўзахонада учратиб бўлмаса-да, аммо бўзахонага келмаган кечаси жуда оз эди. Бўзагар Отабекнинг ким боласи эканлигини яхши билгани учун ҳамма ишни унинг тилагига қараб қилар, ул келди дегунча, оддий бўзахўрлар ёниға ўтқузмай, ўзининг махсус ҳужрасига олиб кирар, бошқаларға берилатурган лойқа бўзадан бермай, бўзанинг гули билан меҳмон қилар эди”. Отабекнинг машшоқ чақиртириб, унга “билсангиз, ҳайдалиш куйини чалингиз, ажралиш куйини чалингиз!” дейиши унинг эзгин ҳолатини англатиш билан бирга бу ерга серқатнов эканини билдиради. Демак, унинг бунда топган гуноҳлари оний адашиш оқибати эмас. Бунақа жойга бир марта кирган киши агар ақлли бўлса, эртасига эсини йиғиб олиб тавба қилиши лозим. Тавба - бундай гуноҳ ишлардан тўхташ. Лекин Отабекда тўхташ йўқ, давомийлик бор. Юртнинг аянчли аҳволини “ҳаййа алал фалаҳ”ни мозористонда ким ҳам эшитарди” деган биргина ибора билан баён эта олган ақл эгаси тушкунликдан бўзахонага бордими? Бўзахона нажот саройи эдими? Нажот иймондан эмасми, сабрдан эмасми? Наҳот у тушунмади? Тушунди. Аммо энди кеч эди.
Бўзахона воқеасидан аввалроқ Отабек уста Алимникида май истеъмол қилади. “Тўғриси ҳам Отабек ичкулукдан қаттиғ ҳазар қилар ва бу кунгача майни ўзига душман каби кўрар эди”. Ажабки, уста Алим майни ўз таъбири билан айтганда, шаръий (?!) қилиб тайёрлайди. Ҳатто маҳалласининг олимлари бу майнинг ҳалоллигига фатво (?!) бериб кетганлар. “Биринчи пиёла билан унинг кўз ўнглари жимирлашмакка ва ўзида бир енгиллик ҳис этмакка бошлаған ва бу иккинчи пиёла гўё “мени ичсанг тағин ҳам енгил тортасан” дер эди”.
Асарнинг аввалида ва кейин яна бир неча ерида азон товуши эшитилгани ёзилади-ю, бироқ ибодатдан дарак йўқ. Отабек қутидор уйидан ҳайдалишда ҳам “уёқ-буёқдан шом азони эшитила бошлаған” эди.
Айрилиқ тугаб, висол онлари яқинлашганда “ҳаммалари масжидга чиқиб пешинни ўқуб кириш учун қўзғалдилар. Отабек кўбчилик билан қўзғалган эди, Ҳасанали уни тўхтатди”. Тўғри, у намозни уйда ўқиб олар, лекин жамоат намозидан қолди, бошқача айтилса, жамоат намозининг савобидан қолди. Сал кейинроқ Ҳасанали ҳийласига навбат келганда у “тинчгина таҳоратингизни олиб, намозингизни ўқуй беринг” деганида Отабек “таробиҳ”ни бошлайди... Ярим соатдан кейин саждада эканида Ҳасанали дарчадан қараб “ўқуб бўлмадингизми?” деб сўраганида “Отабек ёнига салом бермасдан унга қаради”. Демак, намоз бузилди. Хотинлар ҳам намоз ўқияптилар. Лекин Кумуш ўқимаяпти. Ҳасаналининг уйида Отабекни кутяпти...
“Ўткан кунлар”ни дастлаб ўқиганимда Ҳомиднинг ўлдирилиши баёнида Отабекнинг жасоратини кўриб, унга меҳрим ортган эди. Кейинги ўқишларда “ўлдириш шартмиди, содир бўлувчи фитнадан қутидорни огоҳ этиб қўя қолса бўлмасмиди?” деган фикрлар уйғонди. Бу каби ўйлар охирида жавоб кўринди назаримда. Ҳомиднинг ўлими орқали адиб фақат Отабекнинг жасорати, муҳаббати қудратини кўрсатмоқчи эмас экан. Бу воқеада кучли рамзий маъно яширинган кўринди. Ёвузлик жазосиз қолмаслиги керак. Аллоҳ энг кичик “мисқолатан шаррон яро” ёмонлик ҳам жазоланишидан бандаларини огоҳлантирган. Шариатда ёвузликларнинг жазоси белгилаб берилган. Хўш, бузуқликка тобе Ҳомиднинг жазоси нима эди? Дейлик, Отабек фитнадан хабар топиб, қутидорни огоҳ этди. Оқибатда Ҳомид шарманда бўлди. Шу холосми? Ахир бузуқликнинг жазоси ўлим-ку! Отабек Ҳомиднинг шарманда бўлиши ёки Марғилон қозиси томонидан жазога тортилишини кутмади. Бузуқни ўзи шаръан ҳукм қилди, ижроси ҳам ўзидан бўлди. Ҳомиднинг ўлими баёнида шундай рамзийлик яширинган. Бундайларнинг жазоси – деворга бостириб қатл этиш. У ўзига-ўзи лаҳад кавламадими? Шундай ўлим топиши ҳаётининг мантиқий якуни эмасми? Шундай хотимани ўзи истади, ўзи шу лаҳад сари узоқ йўл юриб келди...
Энди Анвар тақдирига мурожаат қилсак, Анвар Раънога номаҳрам эди. Исломнинг шу одоби бузилди. Муҳаббат нафси иффат одобидан устун келгани учун уларнинг бошига бало ёғилмадими? Анварнинг қизига номаҳрам эканини Солиҳ махдум ҳам, “отин ойи” мартабасида қизларга билим ва таълим берувчи Нигор ойим ҳам билишади. Номаҳрам йўлини тўсмасликни халқда “даюслик” дейилиши ва бу катта айб саналишини ҳам билишлари табиий.
Таажжуб фитналикдур бу замона
Тушубдур эрлар аҳволи йамона.
Ҳазрат Сўфи Оллоҳёр демоқчиларки, ажаб фитналар кўпдир бу замонда. Эрлар ўзларини ёмон аҳволга солганлар. Яъни уларда ғайрат ва рашкдан асар ҳам қолмай, хотинларини бозорларга пардасиз юборурлар. Хотинини рашк қилмайдиган, била туриб бегона эркакдан қизғанмайдиган эрни, қизини номаҳрамдан тўсмайдиган отани (опа-синглисини эҳтиёт қилмайдигн акани ва укани ҳам) даюс дейдилар. Бошқача айтсак, ўз хотинига қўшмачилик қилувчи эркак даюсдир. Севикли Пайғамбаримиз (с.а.в.) жаннатга кирмайдиган уч тоифадан бири, деб айнан шу даюсни айтганлар. Эрлар томонидан парда бўлмагач, аёлнинг ҳоли не бўлар экан?
Ўшал хотунки, номаҳрам назардур
Агар шамсу қамардур мочайи хардур.
Ҳазрат Сўфи Оллоҳёр демоқчиларким: хотин бегона эрларга қарагувчи бўлса, гарчи ўзи ойдек, қуёшдек гўзал бўлса-да, уни урғочи эшак, демоқ лозим.
Хўп, даюсликнинг иллат эканини билган хонадонда нечун чора кўрилмайди? Бу саволга яна ўша жавоб: “Халқимиз таъбирича, бу замонлар “мусулмонобод” бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўятурған ишлар ҳам йўқ эмас эди
Анвардаги ислом одобига зид ҳолатлар ёки Абдураҳмоннинг муллаваччалик пайтидаги шармандали ҳолати мажбуран киритилмадими экан, деган ўйга ҳам борамиз баъзан. Масалан, “Қутлуғ қон”даги Петров образи каби. Рус ишчиси образи асарда бўлмаган, қўлёзма муҳокамасидан кейин “доно танқидчиларнинг” кўрсатмаси билан мажбуран қўшилган. Асар диққат билан ўқилса, Петров образи банорас тўнга жун ямоқ каби кўринади. Ёки Улуғбекни улуғлаш учун Ҳўжа Убайдуллоҳ Аҳрорга зидлаш, Навоийнинг мартабасини кўтариш учун Мажидиддинни қоралаш каби тарихий далилларнинг бузилиши ўша давр сиёсати учун хизмат қилган эди. Ўша давр сиёсатининг зўри билан адабиёт адаш йўлларга кириб борган эди. Абдулла Қодирий ўша сиёсат билан ҳисоблашишга мажбур эдилар. Лекин Абдураҳмон образи ямоқ эмас, ўз ўрнига тушган ва уни асардан юлиб олиб ташлаб бўлмайди.
“Меҳробдан чаён”ни Абдураҳмон образисиз тасаввур қилиш мумкинми? Йўқ. Лекин Абдураҳмон образини Бухородаги аянчли ҳаётисиз бериш мумкинмиди? Эҳтимол мумкин эди. Нега бу ҳолатлар берилди? “Ўтмишни идеаллаштириш” деган даъволарнинг олдини олиш учун, совет тузумига ёқимсиз бўлган мулланинг аянчли образини бериш билан бу “ўқ”лардан қутулишни назарда тутиб бу саҳифларга ўрин бергандирлар? “Абдулла Қодирий пролетариат инқилобиға нисбатан узоқроқ кишидир. Чунки ҳақиқатан А.Қодирий майда буржуазия ёзувчисидир. Унинг синфий асосини белгилаш таҳлил вақтида катта аҳамиятга эгадир” (Болшевиклар партияси Тошкент вилояти комитети органи – “Шарқ ҳақиқати” газетасидан). Бу тахминда ҳам жон бордек туюлади. Лекин асл сабаб бошқадир? Диққат қилайлик-чи?
Жамиятдаги бу бузуқликка, бу шармандали иллатга бўлган нафрат ўти “Жувонбоз”ни ёзиш билан сўнмаган эди. Ҳар икки асар орасида йиллар ўтди (1915-1928). Лекин бу иллат камаймади. (Камайиш ўрнига авж ола борди, дунёни ўргумчак тўри каби ўраб олди. Оқибат шу бўлдики, ХХасрнинг сўнги чораги ва ХХ1 асрнинг аввалига келиб Европада эркак билн эркакнинг никоҳланишига, уларнинг ҳатто бола асраб олишига қонун тусида ижозат берилди...) “Жувонбозда” бу иллатга ўз нафратини очиқ баён қилган адиб, бундан буёғига кўз юмиб юролмас эди. Мулла Абдураҳмоннинг ўсмирлик кунлари тасвирига назар ташлайлик: у “силлиққина бола, мадраса муллабаччалари албатта шундай силлиқ болаға ўч”. Шу боис амакиси уни иҳота қилмоқ мақадида ўз меҳмонхонасидан жой беради. “Домла мударрис “замона бузуқлигини” назарга олғани учун Абдураҳмонни ҳалиги тўғрисидан жуда қаттиғ назорат қилар эди. Бироқ, домлаларнинг бундай бузуқлиққа қарши бора олишлари мумкинми эди? Уларнинг ўзлари шу “маҳрам” балосиға гирифтор, яъни бузуқлиққа манбаъ бўла туриб ҳам яна “замона бузуқлиғи”дан шикоят қилишлари ўша вақтлардағи “мадраса мантиғи”га ҳеч бир баҳссиз сиға олур эдиким, бу тўғрида менга осила кўрмангиз. Кишининг боласини бузиш ҳар бир салласи муаззам, илми “фавқалодда”, ўзи “варасатул анбиё” саналған зотлар назарида ва виждонида маъфу, аммо ўз ўғлиға бошқалар ўшандоғ ҳайвонликни қиладурған бўлса: “Замона бузуқ, эҳтиёт шарт!”
Мулла Абдураҳмон “Бухорода илм кўрган” ҳисобланади. Аммо қандай илм? Тўғри, кундузлари Қуръони карим оятларини ўқигандир, ёдлагандир, тафсирларни ўргангандир, ҳадис шарҳлари билан танишгандир. Лекин қуруқ ўқиш ёки ёдлашдан нима нафки, агар маъносини англаб, амал қилишга ҳаракат бўлмаса?! Қуръон бандани бузуқликдан қайтаради, яхшиликка йўллайди. Солиҳ толиби илмлар кундузги мутолаага қаноат қилмай, кечалари ҳам дарсга берилганлар, тунни ибодатлар билан ўтқазганлар. Ҳа, ҳидоят йўлидагилар кўп эди. Лекин Мулла Абдураҳмончи? Амакиси кечаси ухлаганда у қандай дарс олди? “Баччабозлиққа махсус ҳунар ва найранглар ижод қилған омилкор савдогарлардан бир нечаси “Абдураҳмонча”ни йўлдан оздирған эдилар... “Мулла Абдураҳмонжон, жаноби олий, гарам, аз сарашон гардам, балонгни олай! (айланай, бошингга жоним фидо, дардингни олай)” каби мадҳу саноларга кўмилган “Абдураҳмонча” ҳар бир ишни ўз тилагича юритар: май учун соқий бўлар, заифона кўйлак, лозим ва бошиға кокил кийиб ўн олти ёшар қиз суратига кирар; чойға лабини тегизиб “табаррук” қилар; дутор, танбурға йўрғалаб ўюнчи бўлар; бошидағи кокил билан “ошиқ”ларни раҳмсиз қамчилаб ситамгар ва золимга айланар, энг охирида... Қисқаси, бу бобдаги бор чорамиз учун ҳам ярарлиқ ҳолға келган ёки келтирилган эди...”
“Киши аввало моххов ёки пес бўлмасин: бўлдими, бетдан бўлмаса – елкадан, қўлдан сув очмаса – оёқдан, ҳар ҳолда оқаберадир. Шунга ўхшаш жамият ҳам бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа ёки синфига, яна тўғриси, фардига (шахсига, одамига) шу касал сироят (таъсир) қилмай қолмайдир...” Адиб касалнинг илдизини очди – жамият! Одамлар тиш оғриғидан азобланадилар. Лекин оғриқ кўриниб турган тишда эмас, унинг илдизида. Дарахтни қуритадиган касаллик ҳам баргда эмас, илдизда.
“Ўткан”кунлар”даги Ҳомиднинг бузуқлиги фақат унинг хотинбозлигида, Кумушга нисбатан қилган тажовузидагина эмас. Зийрак китобхон уста Алимнинг дўконни нега айри қилгани ҳақидаги баённи ўқиётганда унинг яна бир ярамаслигини билади: гарчи кенг тасвир этилмаган бўлса-да, Ҳомиднинг Сайфига шилқимлик қилиши биргина жумлада берилгани фақат унинг кимлигини эмас, у яшаётган жамиятнинг қандайлигини ошкор этади. Ҳомид битта эмас, атрофда ҳомидлар мавжудлиги учун уста у билан олишиб ўтирмай, дўконини бошқа қилиш билан бу бузуқликдан қутулди.
(Мавзудан сал чекиниб, бугунга боқсак, адиб тасвирлаган замондаги иллат бугун бошқа динлар, хусусан, насаро ва яҳуд динлари пешволарини анча хомуш қилмоқда. Католик руҳонийларининг баччавозликлари ошкор бўлгач, бу каби бузуқликларга қарши курашиб келаётган Рим папаси, чорасизлиги оқибатида шу йил (2013) истеъфога чиқди. Бу дин пешволарини хомуш қилаётган воқеалар хусусида тарихда кўп асарлар битилди, черковдаги бузуқликлар фош этилди. Мисол тариқасида эсласак, ўзбек китобхонларига ўтган асрнинг биринчи ярмидан бери таниш “Сўна” асарида Артур ўзининг валади зино эканини, отаси кардинал эканини билгач, Худодан воз кечади. Ўлими олдидан ибодатни, хусусан тавба қилишни истамайди. “Қўлларидан шариллаб қон оқиб тушди. Жон талвасасида типирчилаётган жасадни ушлаб туриб, унинг ўзи ҳам бошдан-оёқ титрамоқда эди. Даҳшатнинг зўридан эсини йўқотиб, ёрдам топиш ниятида теварагига жовдирай бошлаганида, руҳоний келиб унинг елкаси устидан энгашиб, жон берувчининг лабларига бутни босди: “Гуноҳингни Худо Ўзи кечирсин...” Сўна (Артур) докторнинг тиззасига суяниб, ярим-ёрти турди-да, бутга кўзларини олайтириб қаради. Ўртага ўлгин бир жимлик тушди; Сўна ўқ теккан ўнг қўлини секин кўтариб бориб, бутни итариб юборди. Юзида қонли яра тиржайиб турарди...” Ўғилнинг ўлимидан сўнг бутун умрини черковга хизмат қилишга бағишлаган “севгили епископ, кардинал хазратлари монсиньор Лоренцо Монтанелли Равеннада қўққисдан юраклари ёрилиб вафот этдилар”. Унга қадар эса, черковда ўлимдан ҳам даҳшатлироқ воқеа юз берган – кардинал ҳам Худодан юз ўгирган эди: “Саҳрода бир ўзим қолдим, кўзларимнинг нури кўмилган, лахта-лахта қонлари тўкилган ердан назаримни олиб, бўм-бўш, бадбуруш осмонга қарайман. мени ғазаб қамрайди. Мен Ундан юз ўгирдим!..” Бу хитоб қандайдир хилватда эмас, черков тахтидан туриб айтиляпти. Бу ҳолат ҳам аҳамиятлидир. Бу асар биз ўрганаётган мавзуга тааллуқлидир. Ҳозир аҳвол шундайки, бир эмас, ўн папа, юзлаб кардиналлар истеъфога чиқсалар-да, бузуқликнинг давосини қила олмаслар. Чунки бузуқликни тўсиб турувчи тўғон бузилган. Тўғонни тиклаш чораси ҳақида ўйланяпти, аммо ҳозирча қоронғу ғорнинг ичида нажот чироғи милт этмаяпти.)
Мавзуга қайтсак: Абдураҳмоннинг шармандали ўтмиши алоҳида масала. Бош масала унинг иймонидаги қусурда. Унинг энг катта айби: ўзининг ибодати ҳам, динга хизмати ҳам холис эмас, Аллоҳ розилиги учун эмас. Хизматларида ғараз бор, нафс бандаси экани ҳар бир ҳаракатида кўринади. Ўзининг “Бухорои шарифда неча йил ўқуб келиб, ниҳояти маҳаллага имом бўлиб” ўлтириши унинг нафсини хорлади. Масжид имомининг дин учун хизмат қилиб ҳам Аллоҳ ризолигига етиши мумкинлигини фаҳм этмади. Имон заифлиги ҳасад ўтининг аланга олишига имкон яратди. Ҳидоят йўлидан чекиниб, тош қалби фитна ботқоғига ботишни афзал билди. Йигирма саккиз ёшида хатми кутуб қилган Абдураҳмон Қўқон сафарига ҳозирланар чоғида “кўнгли Қўқонда ўзини кутиб турган уламолиқ шуҳратига; муфтилик, қози ва аъламлик мансабига ошиқинар эди. Унинг фикрича, Қўқондаги қариндош-уруғлар ҳам ёш олимнинг истиқболиға ҳозирлик кўргандек эдилар”. У кутгандек бўлмади. Чунки у Аллоҳ йўлида холис хизмат қилишга интилмади, шуҳратни истади. Шуҳрат ҳақидаги орзуси туздан қурилган саройдек эриб кетди. Раънога қўйган совчиси ҳам қуруқ қайтди...
Орзусига етишмак учун, “кутилмаганда жонланиб кетди. Яъни “Ақоид”нинг шарҳига яхши тушуниш учун беш бармоғини оғзиға тиққандек енг шимарди”... “Мулла Абдураҳмон бутун камолатини ишка қўйиб, имомат ва хатибликка шуруъ қилди. Ҳар кун қавмлариға амри маъруф, наҳйи анилмункар айтиб, хусусан, ҳар ҳафта жумъа куни амри маъруфни кенгроқ доирада юритиб, кўбларнинг кўнглини эритишка муваффақ ҳам бўлди. Изҳори фазл ниятида қилинған бу кўз бўяш кўбларнинг диққатини ўзига жалб этиб” ғараз кўчасида дадил юра бошлади. Бухоро мадрасасида илм олган мулланинг нияти динга хизмат қилиш эмас, балки хон ўрдасига яқинлашиш эди. Шу боис жумъа намозларида “хонға тегишлик ҳукуматдор беклардан кўриниб қолса, жаннат ва жаҳаннам устидаги масалани дарҳол хонга итоат, бекларга ҳурмат билан айрибошлаб олар эди. Ҳаммабоп бўлишға қарағанда, айниқса, хонбоп бўлишға тиришар эди”.
Шу ўринда Мавлоно Румийнинг бир шарафли ҳадисга берган шарҳларига эътибор қаратсак:
«Пайғамбар, саллолоҳу алайҳи васаллам, буюрадиларким: «Олимларнинг ёмони амирларни зиёрат қилгани, амирларнинг яхшиси олимларни зиёрат этганидир. Фақирнинг эшигига келган амир нақадар хуш ва амирнинг эшигига борган фақир нақадар нохушдир».
Халқ бу ҳадиснинг зоҳирий маъносинигина қабул қилган. Яъни бир олим ёмон олим бўлмаслик учун амирни йўқламаслиги лозим, амирни бориб кўриш унга муносиб эмас, деб билган. Аслида фикрнинг ҳақиқий маъноси халқ ўйлагандай эмас, балки шундай: Олимларнинг ёмони амирдан ёрдам олгани ва улар воситасида ўз аҳволини яхшилагани, кучга кирганидир. Амирлар менга инъом берадилар, мени иззат-икром қиладилар ва бир яхши жой эҳсон этадилар, деган тушунча билан ва уларнинг қўрқуви остида ўқиган кимса олимларнинг энг ёмонидир. Шу ҳолида бу кимса амирлар тарафидан ислоҳ бўлган, билимсизликлардан биладиган аҳволга келгандир. Олим бўлганда ҳам амирлар қўрқувидан ва уларга ёмонлик қилмасликдан тарбия кўрган бир инсонга айлангандир. Энди у истаса-истамаса, ҳамма вақт бу йўлга уйғун тарзда ҳаракат этмоғи керак бўлади. Хуллас, бу важдан зоҳиран хоҳ у амирни кўргани борсин, хоҳ амир унинг ҳузурига келсин, барибир, у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади.
Олим агар амирлар соясида олим бўлишни ўйламаса, унинг билими ибтидо ва интиҳода Аллоҳ учун қилинган бўлади. Унинг тутган йўли ва кўрсатган фаолияти савоблидир. Чунки яратилиши шундайдир, балиқ сувдан бошқа ерда яшай олмаганидек, у ҳам бундан ўзгани қилолмайди. Унинг қўлидан келгани шу. Бундай бир олим ҳаракатларини бошқариб йўлга солиб турган нарса - АҚЛдир. Ҳамма ундан қўрқади ва инсонлар баъзан билиб, баъзан билмасдан у таратган нурдан баҳра оладилар. Хуллас, бундай бир олим амир ҳузурига борса, зоҳиран у зиёрат қилган, амир эса зиёрат қилинган бўлади. Аммо амир олимдан ҳамма вақт юксалишга чорловчи бир қувват-ёрдам олади, олимнинг эса амирга эҳтиёжи йўқ, чунки у бадавлатдир, нур сочаётган қуёш кабидир. Иши таъмасиз кўмак бермоқ, эҳсон этмоқдир. У тошлардан лаъл ва ёқут қила олади. Таркиби тупроқдан иборат бўлган тоғлардан мис, олтин, кумуш ва темир маъданлар ясайди. Тупроқни тозалайди, ёшартиради. Дарахтларни турли-туман мевалар билан бойитади. Иш ва эрмаги - бағишламоқдир, ҳадя қилмоқдир.
Арабнинг «Биз бермоқни ўргандик, олмоқни ўргана олмадик» мақолидаги сингари олим ҳам беради-ю, бировдан олмайди. Ниҳоят, бундай олимлар ҳақиқатда зиёрат этилган, амирлар эса зиёрат этган бўладилар.»
Бу маънони ўргангач, савол туғилади: Мулла Абдураҳмон қандай олим?
Ҳидоят йўлида эмас, хон саройига олиб борувчи йўлда юрувчи мулладан қандай хайрли ишлар кутиш мумкин? Агар Абдураҳмон каби муллалар юз ё икки юз йилда бир чиқиб, сўнг сўниб қолсалар, бир асарга салбий образ бўлиб кирмаган бўлар эдилар. “Гуруч курмаксиз бўлмас”, дейдилар. Лекин гуручдаги курмаклар кўпайиб бораверса-чи? Ахир паловга гуруч солинишидан олдин курмакдан тозаланади-ку? Аслида бу тозалашни уламоларнинг ўзлари қилишлари керак. Тозалаш ишлари етарли даражада бўлмагач, ислом илмидан бохабар зиёли аҳли ёрдамга келса нимаси ёмон экан? Кампирнинг кўзи хиралик қилиб қолса, курмак теришга кўзлари ўткир набираларини жалб қилади-ку?
Бадиий адабиётдаги шайхур-раисимиз Абдулла Қодирийнинг асарларини оддий китобхон икки марта, зиёли аҳли эса камида беш-олти марта ўқисагина асарларнинг асл моҳиятига кириб бора олади, деб ўйлайман. Камина аввал ҳам бир-икки фикрларни қоғозга туширган бўлсам ҳам, бунисида мавзуга чуқурроқ киришга уриндим. Лекин мавзуни тўлалигича ўрганиб, тўлалигича таҳлил этиб, атрофлича фикрлай олдим, деб даъво қилишдан узоқман. Ҳа, ақлим етган қадар, зеҳним кўра олган қадар ўргандим, бундан хулосам шу бўлдики, Абдулла Қодирийнинг асарларидаги динга муносабат даҳрийлик эмас, балки наҳйи мункар – ёмонликдан қайтаришга уринишдир. Назаримда энг тўғри баҳо шу бўлса керак. Ҳар ҳолда камина бу хулосада собитдир.
Яна шуки, мавзуни ўрганиш давом этиб, муҳтарам уламоларимиз, қадрли адабиётшунос олимларимиз бу илм таҳлилига фаолроқ киришсалар нур аланнур бўлар, инша Аллоҳ!
Тоҳир МАЛИК.
2013 йилнинг 22 июнь куни, шаъбон ойининг 13 куни