23:13 / 25.10.2013 · Кутубхона
Аёлнинг минг оҳи. Ҳиям ал-Муфлиҳ

Онам мени туққанда уни ўраб турган чеҳралар ифодаси унга ғайритабиий “бир нарса” туққанини хабар қилгандай эди..
Эсимни танибманки, мен бор-йўғи қандайдир “бир нарса” эканлигимни англадим!

1

Мен бирор нарсага бўлган эҳтиёжимни билдириб йиғлаганимда... истагим амалга ошмас эди.
Менинг укам бирор нарсага бўлган эҳтиёжини билдириб йиғлаганида эса... бутун дунё унинг истагини амалга оширишга шошар эди.
Ўшанда мен
йиғи либосини ечдим.
Сўнг уни тахлаб
онамнинг жавонига қўйдим.

2

Қалбимда узоқларда яратилган икки қанот пайдо бўлди.
Қўлларимда тунлар бедорлиги ва йиллар ҳорғинлиги билан безатилган “оппоқ саҳифа” жилваланарди.
Онамнинг лаблари қимирлаб, у шивирлар эди.
– Қанийди мана шу ютуқларни укангга берса эди.
Ҳарфлар чилашиб эриб кетади.
Саҳифадан қора ёшлар оқиб тушади.
Узоқларда яратилган қалбим эса “анқо”га дуч келади ва қанотлари синиб, қонланиб, ўзимга – кўкрак қафасимга қайтади!

3

Уй жиҳозлари вақти-вақти билан ярақлатиб артиб турилганидек, онам ҳам мени муайян кунларда “ярақлатиб” турар эди.
Аёллар кўплашиб “делегация” бўлиб келардилар.
Улар қадди-қоматимга тасанно айтар эдилар.
Бўйимни ўлчар эдилар, энимни ҳам.
Қадам ташлашимга разм солар эдилар.
Менинг ҳидимни ҳидлаб кўрар эдилар.
Нафас олишимни санар эдилар.
Сочларимни мақташни жойига қўяр эдилар.
Сўнг кетар эдилар!..

4

Тушимда у менга дердики:
– Қўлни қўлга бериб аҳдлашамиз, азизим, келажак ҳаётимизни қурамиз.
Тушимда мен унга дебман:
– Сен менинг туғилган онимсан!
Лекин...
Мен буни сенга қандай қилиб айтаман?
Атрофимдаги мени ўраб турган барча нарсалар харитам белгиларини ўчириб юборар, ҳудудларим остоналарини ўзгартирар ва улар менинг тўрт томоним фақат
шарқ
шарқ
шарқ
шарқ
эканлигини эслатар эди.

5

Мен уни кўришни хоҳладим..
Ҳатто у мени кўришни талаб қилмаса ҳам.
– “Қандай шармандалик... овозингни ўчир, ҳой қиз! Уни сен фақат никоҳ кечаси кўрасан!”
Қалбимда аланга олган ёнғин... умр орзулари... ҳиссиёт шалолалари... кичик сирларим...
Мен буларнинг ҳаммасини нотаниш, ҳеч қандай белгилари йўқ бир эркакка очиш учун қалбимда сақлайманми?!
– “Биз ҳаммамиз мана шундай турмушга чиққанмиз. Сен ҳам кўзларингни чирт юмгин-да, бўлди!”
Юмилган кўзларим ичида ҳалокатли қоп-қора қоронғулик, уни ой ҳам ёрита олмайди, унда юлдузлар ҳам рақсга тушмайди.
Қалб тубида ёнган савол жўшқин уради:
– Наҳотки, мен бутун умр кўзларимни юмганча қолишга мажбур сўлсам?

6

Кўз ёш томчиларимни битта-битталаб ютаман!
Ўқдек қатл этувчи сўзларидан қалбим ғалвирдек илма-тешик бўлади, унинг огоҳлантиришлари тегирмонида аёллигим латофати ундай янчилиб кетади:
– “Агар сен шу ой ҳам ҳомиладор бўлмасанг, мен ой охирида уйланаман!”
Мен Худога сажда қиламан, эримга бўйсунаман.
У ҳар сафар онасини зиёрат қилиб, “қизил ўқ”ларини жамлаб қайтгач, менинг руҳимдан кўринмас қонлар оқади.

7

Қоғоз пулларнинг ҳаётбахш ҳиди бор, агар ўша пуллар пешона тери меҳнатимиз эвазига ишлаб топилган пуллар бўлса!
Биринчи луқмаи ҳалолнинг таъмини кутиб, оғиз очиб, қаерга сарф қилиш керагу, қаерга сарф қилиш керак эмаслигини режалаштиришда ақл шошади.
– “Маошингни менга бер! Сенга ҳам, бу уйга ҳам мен пул сарфлайман!”
Шахсий эҳтиёжим учун керак бўлган маблағни олиш учун қўл чўзганимдаги хўрлик тенглашади, фарқи йўқ – бу унинг маошиданми ёки менинг ўз маошимданми.
Шунинг учун ишдан бўшадим!

8

Турли хил ранглар ўрмони кўз ўнгимда жилваланади.
Мен улар ичидан ўзимга кийиш учун кийим қидирдим.
Буниси мен учун тор...
Бунинг ранги жуда ҳам ялтироқ, дарров кўзга ташланади, мен ундай эмасман.
Бу мени ёшартириб кўрсатади... менинг қалбим қари, кекса.
Бу эса виқорлик ва муҳимликни яланғочлайди. Менинг ичим бўм-бўш.
Мана буни... эрим мен учун сотиб олди, у онахонларга, уй бекаларига, хонадон асираларига ва талабга қараб чақириладиган сийға хотинларга муносиб.
Мен уни кийдим.
Эрим эса юзини телевизор томонга буриб олди!

9

Шимолий қутб уйимда маскан топган.
Мен у билан нон-туз ейман.
Мен у билан сув ичаман.
Мен у билан ухлайман.
У билан суҳбатлашишни хоҳласам, сукунатли чўққиларининг совуқлиги мени чақириб олади.
Менга ҳам сукунат ва музлик неъмати келишини тилаб, ўз-ўзим билан кифояланаман.

10

Уйим саҳросида ўғил болам чирқиллайди.
Мақтов ёрлиқлари, розилик медаллари, табрик ва муҳаббат қоғозлари мени бундай ажойиб ютуқ билан қутлаб ҳар томондан ёғилади.
Алоҳида эътибор билан мени ўраб оладилар, бундай эътибор ҳиссиётимнинг бир қисмини эритиб юборади.
Турли-туман овқатлар: “ўғил болага фойдаси бор!”
Турли-туман насиҳатлар: “ўғил болага фойдаси бор!”
Пул ҳам сахийлик билан ошиб-тошади: “ўғил боланинг манфаати учун!”
Мен шунда ҳар куни ўғил туғишни хоҳладим.
Уларнинг дунёга келиши ёритган доира ичида бўлиш учун, эҳтимол. Шунда уларнинг онаси сифатида, уларни ўз танида кўтариб юрган инсон сифатида уларнинг юлдузлари ёруғидан менга ҳам нимадир насиб қилиб қолар!

11

Болаларимнинг икки хизматкори бор. Бири ёлланган, маош эвазига, иккинчиси бепул.
Уларнинг қуруқ буйруқомуз чақирувлари тинмайди.
Мен ва болаларим ўртасида ўзим орзу қилган меҳр тўрларини тўқишга ҳаракат қилдим.
Бироқ “рох” қуши уларнинг “аслидан нусха” – оталарининг чангаллари каби бўлишини хоҳлади.

12

Мен қизимни туққанимда мени ўраб турган чеҳралар ифодаси менга хоҳланмаган “бир нарса” туққанимни хабар қилгандай эди.
Қизим эсини таниганида, у бор-йўғи қандайдир “бир нарса” эканлигини англамаслигини умид қиламан!

Араб тилидан Муртазо Сайдумаров таржимаси