22:49 / 25.10.2013 · Кутубхона
Гоҳ шодман, гоҳида... Муҳаммад Исмоил

Гоҳ шодман, гоҳида кўзга келар ёш,
Гоҳ ойда бўлсам ҳам Сизни кўрарман.
Келсам, васлингизга беролмайман дош,
Кетсам ҳажрингизда ўтман, ўртанган.

Гоҳо бир ҳис дилда инграйди нолон,
Мен хорни бахтиёр этди муҳаббат.
Сиздай нурга лойиқ бўламан қачон,
Ожизлигим ошкор этди муҳаббат.

Гоҳида иқрорман, гоҳо беқарор,
Гоҳида чуқурда чинқирган ғамман.
Нега Аршингизда айланар ағёр,
Нега бошим чиқмас арздан, аламдан?!

Севгилим, севсангиз шу менга ҳаёт,
Шудир топганим бахт маржонларини.
Севгилим, кетсангиз йўқ менга нажот,
Адоғи бўлмайди армонларимнинг.

Севсангиз бўлгайман ҳар жангга тайёр,
Ҳар жадалда ғолиб, ҳар он, ҳар қачон,
Қудратли, енгилмас, мингта жони бор
Сиз кутган, сиз орзу қилган қаҳрамон.

Гоҳ шодман, гоҳида кўзга келар ёш.

ДРАМАТИК ҲАЗИЛ

Хотин  ботиб  терга
Ўшқирар  эрга.
-Кимгасиз эрка?
Ҳайдашди ишдан
ўзингизга  ичдан
ўзингиз  душман.
Кеча-ю эрта
бошни эгиб ерга
ботгансиз шеърга.
Кечинг бу юмушдан
Чиқолмай  қишдан
ўлмайлик очдан!
Дедим: –Хотин кўп
урма  дўқ
кўнглим  тўқ.
Чеки йўқ армоннинг-қулиман
Эрки  йўқ  инсоннинг-дилиман
Тилиман – давроннинг
Шеър билан  кўксим чўғ.
То кимки  сўзлашга топмайди илож
То борки қорни оч,
То  борки муҳтож
ҳаттоки  бошида бўлса ҳамки тож
барчаси  шоирга сезар эҳтиёж.
Сўз билан  яралган олам азалдан.
Сўзидан  қайтмаган одам аталган.
Қайдаки  бор  бўлса  юксалган Ватан
Шоирга  эҳтиром  билан  қаралган.

Гар кимда дард  бўлса –дармондир шоир
Гар кимки  мард бўлса –қалқондир шоир.
Ким  маош тўлабди  асаларига
Табиат яратган –даврондир  шоир.

Элим айтиб юрса  қўшиқларимни
Шеърим сурур берса  наҳорга  ўхшаб.
Чечакдай гуллаган  туйғуларимнинг
Баҳосин ҳеч қачон бўлмайди ўлчаб

То ўлмай қирқилмас  қулидан  ризқ ҳам
Дарё- беминнатдир
Илоҳий  ишқ ҳам
Шоир иши  қай баҳор
Хизматидан  кам

Пулим  йўқ деб булбул  чекибдими  ғам!
Эй, ёр йиғлайверма, тўкмагин  кўз ёш
Ризқ истаб ҳар касга  урмагайман бош .
Холис хизматимга  қилмай  эьтироз
Худо ўзи ҳар  ой  тўлагай маош.

Биз  кутмаган  чоғда, нурли  товоқда
Ҳурлар  ризқимизни  ташир ҳар ёқдан...

ДЎСТЛИК МАДҲИ

Давраларнинг  тожи — дўстлар давраси
Диллар  ором  топар, юраклар ҳузур.
Бундан  кўкка  ўрлар  дўстлар хандаси,
Кўкдан  бу даврага ёғилади нур.

Ҳар йигитнинг  дўсти  бўлса мард бўлади,
Дўстинг бўлган  давру-давронлар суюк.
Дўсти борга  бермоқ тан  шарт бўлади.
Дўст қадрини  билган  инсонлар буюк.

Сўз  билан аслида  муҳтарам инсон,
Сўз билан боғлайди  жумла жаҳонни.
Дўст билан аслида  мукаррам  инсон,
Инсон  деб бўлмайди  дўстсиз инсонни.

Дўстлар  барчангизга  тилайман омад,
Топганингиз  фақат тўйга буюрсин.
Доим  бахтли  бўлинг, бўлинг саломат,
Мардона  кулгингиз жаранглаб турсин.

Бу олам  сизники, сизники ҳаёт,
Сизга тан берганман, барчангиз — даҳо,
Тилагим,  дўстларнинг дўсти  умрбод,
Қодир  Худо  бўлсин, душмани — гадо !

* * *

Мен билмайман бу қандайин ёзиқ бўлди,
Қисмат йўлсиз сўқмоқларда қилди сарсон.
Йўл тополмай кўзларимнинг нури сўлди,
Пешонамни бир силагин, эй онажон!

Мен кимман-у дийдиёлар қилдим нечун,
Йўқ бўлсам ҳам, ким изларди истаб нишон.
Мен дунёга бир жилмайиб боқмоқ учун,
Пешонамни бир силагин, эй онажон!

Мен ҳам бахтни кўрган эдим қайлардадир,
Кўрмаганда яшар эдим, балки осон.
Бол ўрнига қум тутмоқда бугун тақдир,
Пешонамни бир силагин, эй онажон!

Балки йўлим очилади шунинг билан,
Балки менга берилмаган ортиқ имкон.
Кўзларимни бир кун ёпиб қўймасингдан,
Пешонамни бир силаб қўй, эй онажон!

МЕНИ КЕЧИР
Рафиқамга

Мени кечир, сени бахтли қилолмадим.
Ваъдалар бергандим
қилган эдим аҳд.
Неча бор уриндим,
уддалолмадим.
Тобора узоқлаб
бораётир бахт.

Иродам синдими,
синдиришдими?!
Бир пайтлар боқардим
сервиқор, тикка.
Руҳимдан исённи
тиндиришдими?
Кўзларим тўладир
мунг ва ҳадикка.

На бир шеър на бир сўз,
на орзу, мақсад
Энди осмонимда
қанот қоқарлар
Бургутдай кўкларни
кўзлардим ҳарвақт
Менга эга чиқди,
товуқбоқарлар.

Кечир бўлолмадинг
хуррам, бахтиёр.
Тугаб бораётир
тобора имкон.
Билсайдим чоҳларнинг
турганин тайёр
Ваъда бермас эдим
сенга ҳеч қачон.

Баққолни бува деб
бол олмоқ мумкин.
Аммо ҳеч хиёнат
қилмасман шеърга.
Шайтонларга қарши
ёзмоғим учун
Худойим, менга ҳур
қаламни берган.

Дунёга эгадир
шайтонваччалар
Уларга қўшилсам
бойирдим махкам.
Аммо ҳалол йўлда
топилмаса гар,
Давлат-у бахт эмас,
тилло-ю зар ҳам.

Турибман сарсари
абгор ва тушкун
Кечир. Мажолим йўқ.
мени қил дуо.
Сен дейсан: - Мадад бор,
нотавон, мискин.
Хору – заифларнинг
дўстидир Худо!

Бор қудрат қўлида
бўлган буюк зот
Агарки қўлласа,
бўлса биз тараф
Йўлимизни очса,
ўнгласа ҳайҳот
Шудир бахт, шу тенгсиз
саодат, шараф.

Толемизни ёруғ
қилсин Худойим
Бахт бергувчи фақат
Парвардигордир.
Бизлар хор бўлмасмиз,
дунёда доим
Худони унутган
қимсалар хордир!”

Сен таскин берасан.
бахт айвонида
Сенга эрк шаробин
ичирмоқчи эдим.
Навоий қолдирган
шеър осмонида
Мен ҳам шеърларимни
учирмоқчи эдим.

Бир шеърки юракдан
кўкка ўрлаган
Гўё эрк номидан
айтилган фарёд
Бир шеърки, хавф ичра
қолганда Ватан
Гўё мард ўғлонлар
ичган қасамёд.

Мени кечир, сени бахтли қилолмадим.
Аммо ўзимни ҳеч кечиролмасман.
Юксак парвозга шай шеърлар ёзолмадим.
Қанотлари синган, учиролмасман.

МОЛДОШЛАР ВА ЖОНДОШЛАР

Кенг ўтлоқда ўйинлари ярашиб,
Ирғишлаб бир-бирин, қучар кучуклар.
Суяк ташланса гар, ўлжа талашиб,
Бир-бирин ғажишга тушар кучуклар.

Менинг ҳам кўп умрим тўдада ўтди.
Гуруҳ ё жамоа дейилар бизда.
Дўстлик, улфатчилик бузилиб кетди.
Фойдани бўлолмай қолганимизда.

Биз ҳам қучоқлашиб кўришар эдик,
Қизғин айтар эдик, тилак сўзларин.
Мол-мулкни теппа-тенг бўлишар эдик,
Ҳамтовоқ дўст эди, ошно дўстларим.

Аёндир, ҳар одам, ҳар кун ҳар фурсат                                          
Бу дунёга эга бўлмоқ истайди.
Бўйсинмоғи учун
мансаб, шон - шуҳрат
Ўзига тўда ё
гуруҳ излайди.

Бари ўтди, ҳавога соврилди йиллар,
Кўп кўрдим сотгану- сотилганларни.
Зориққан, синиққан юрагим излар
Худони ўзига дўст билганларни.

Алдамайди улар, ё сотиб кетмас,
Ғамни, шодликни тенг кўради баҳам.
Мендан ё ўзидан қўрққандан эмас,
Кўриб тургани–чун, хабардор Хакам.

Гар ўлжа  ташланса, баднафс одамга,
Етмас бу дунёнинг хазиналари.
Ахир биз ҳайвонмас, инсонмиз, ҳамда 
—Худонинг ердаги халифалари.

Худо буюргани инсонга қонун
Барча бўйсунганлар, қондош дўстларим.
Ошно бўлмас, улар ошу–нон учун.
Иймон учун дўст бўлар, жондош дўстларим.

Яшаш осон. Аммо ҳар ким ҳам ўлар,
Ва қайта тирилар, Еру–кўк тўлиб,
Молу–дунё учун дўст бўлган дўстлар
Уйғонар бир–бирин душмани бўлиб.

Гўё, кўкда ўйинлари ярашиб,
Ирғишлаб бир-бирин, қучган кучуклар.
Суяк ташланганда, ўлжа талашиб,
Бир-бирин ғажишга тушган кучуклар.

* * *

Нега ҳаёт деган дилбарни севдим.
Бўлдим болаликдан хуснига шайдо.
Нуқрадай эканин  билмаган эдим,
Замин ўн саккиз минг сайёра аро.

Замин бир заррадир кенг коинотда.
Лекин инсон экан мангу ўлмас зот.
Яшаркан фоний ва боқий ҳаётда
У Тангрига қул ва банда умрбод.

Ҳар кимнинг ҳар куни, ҳар бир соати
Ҳар они аввалдан ўлчанган экан.
Тангрим, сенга бўлсин бор  ибодатим.
Тангрим, банданг бўлай доим сен севган.

Иймон нури ёниб турсин бағримда
Адаштирма асло тўғри йўллардан.
Бахт бер, ҳаловат бер тушкун қалбимга,
Бер, яхши ҳаёт ва умр ўнгланган.

Солиҳ фарзандлар бер, диёнати бор
Уйимдан кетмасин файзу – фароғат.
Бергин иффатли ёр, садоқати   бор,
Ва ота – онамни қилгин саломат.

Тангрим сен буюксан, тенгсиз акбарсан
Пойингда қўл чўзиб, дуодадирман.
Арзим кўп, мен фақат сендан сўрарман.
Сенсиз яшай олмас
дунёдадирман.

Яшаш завқи бир он ташлаб кетмайди.
Ҳар он ҳаёлимни яшайди чархлаб.
Қанча севсанг унга, шунча етмайди
Тангрим, менга  бергин дунёни шархлаб.

Омад  бер, омон  эт  таҳликалардан.
Балолардан асра, титроқ  жонимни.
Ёрқин  истеъдод бер, алангаланган—
Элга айтадиган дил туғёнимни.

Муҳаббат бер қалбда  ёнгувчи  абад.
Дўстлик бер,
дўст бўлсин кўз қароғида.
Зафар бер, бер менга ғолиблик фақат
Қадр бер, қўлласин эл ардоғида.

Бер, бемор чоғимда шифои комил
Бер, икки дунёнинг саодатини.
Ғанимлар олдида ўзинг бўл одил,
Бер, тўймас нафснинг қаноатини.

Имкон бер, қондирай эҳтиёжимни
Яна бир он билмам, яшарманми йўқ?!
Сен бир он берган бу ихтиёримни
Бир ондан сўнг яна топарманми, йўқ?!

Яна милён милён истакларим бор
Яна милён милён умидвор  инсон.
Яна милён милён сайёралар зор,
Сендан нажот кутар эй буюк Ҳоқон.

Пойингда самовот, Ер ила осмон
Халқлар-у маҳлуқлар, руҳу – малаклар
Сенга сажда айлар то охир замон
Муҳаббатинг билан ёруғ юраклар.

Ўзинг нажот бўлгин, ўзинг бўл паноҳ
Ишонганимиз  сен  якка  ягона
Зотан сен  истасанг биз бормиз  Оллоҳ
Юз бурсанг ер кўкдан қолмас нишона.

НИДО

Баҳор келгани йўқ, қиш кетгани йўқ
Бошимда офтоб-у, пойимда қорлар.
Яна қайлардандир келтирмоқда чўғ,
Кеча мени ташлаб кетган баҳорлар.

Фарзандларим бордир топмоқда камол
Шеър ёздим гоҳ илҳом келган маҳали
Оллоҳ, сен уларни тарбиянгга ол,
Ўзим ёш болага ўхшайман ҳали.

Фақат дўст орттирмоқ орзуим эди,
Атрофимни зирҳдай ўради душман.
Тангрим, не қилмоқни билмасман энди,
Энди сен яшашни ўргатадурсан.

Ўзинг шеър ёзмоққа этарсан қодир
Шеър бер тонг сингари севимли, эрка.
Элга шеър бермасам, эрк деган нодир,
Сўз тўфони умрим совурар елга.

Тангрим фазлинг буюк, қудратинг буюк,
Фақат шер зотидан туғилгандай шер.
Ўзбек жавҳарида жон каби суюк,
Туғилди дунёга зийнат Алишер!

Ўзбек табиатин ҳикмати мисол,
Рамзи мисол шу тоғ, қир - адирларни.
Сен бердинг бу улуғ миллатга тимсол,
Амир Темурларни, Яссавийларни.

Ким бўлгайман ахир сени унутсам,
Ҳайбатинг, даъватинг унутсам хорман.
Кўкларга кўтардинг ерга йиқилсам,
Ўзингга ўргатдинг, минг бор қарздорман.

Қарздорман дунёга келганим учун,
Бу ёруғ оламни кўрдим, қарздорман.
Сенинг борлигингни билганим учун,
Сенинг мўмин банданг бўлдим, қарздорман.

Бир шеър бер таъзимим бўлсин мужассам.
Зотан мўъжизадир сув, ҳаво, тупроқ
Зотан не яратдинг бари мукаррам,
Яратгувчи йўқдир сендан улуғроқ.

Зотан, сен бермасанг шоир не қилар,
Ўзин ҳар ён уриб чопгани билан
Ҳар ким буюк, ҳар ким бек бўлар,
Сенинг берганингни топгани билан.

Мулкинг эрур фалак. Бу чарх, бу даврон
Ер кўк тавофда, тинмай урар бош.
Миллатимга яна бергин шараф – шон.
Менинг ҳам кўзимдан оқизмагин ёш.

Ё Оллоҳ, нолон-у, нотовонинг ҳам
Бу ҳаёт қошида тизилгандир мард.
Ҳар ўзбек, ҳар тонгда ичгайдир қасам
Бу буюк эл ичра, буюк бўлмоқ шарт!

* * *

Тангрим! Бу чархи дун бунчалар айёр,
Ҳеч ким менинг каби ҳайрон бўлмасин.
Боримга шукур деб, турибман тайёр,
Шарҳи ғамим асло, достон бўлмасин.
Илмни қурол эт, сабримни либос
Пир деб турганларим шайтон бўлмасин.
Сен учун дўст бўлсин, ким дўст бўлса хос,
Дўстим сени билмас, инсон бўлмасин.
Кимни ардоқласам, яхши деб ҳайҳот
Қиёматда ҳоли ёмон бўлмасин.
Барокат нури-ла зарланмиш ҳаёт
Заҳримни самон эт, исён бўлмасин.
Ишончим хазинам, ожизлик фахрим
Қалбимнинг роҳати ибодатдадир.
Бор шавқим, рағбатим, сенгадир Тангрим
Дардимнинг тоқати итоатдадир.
Ер шари Аршингда заррадир зарра
Меҳрингдан мосуво хазон бўлмасин.
Ҳар онда, ҳар қачон, минг бор, минг карра
Мадҳинг янграмаган замон бўлмасин!

* * *  

Тобора гуриллаб ёнмоқда олов
Тобора каттароқ, тобора кенгроқ.
Тобора ўзимга билмасман аёв,
Тобора каттарар кўксимда ингроқ.

Тобора пойингга боряпман чўкиб
Тобора  адашиб, тобора сармаст.
Тобора сен менга азизроқ бўлиб,
Ўзимдан тонмоққа қилмоқдаман қасд.

Тобора ҳуснингга телбаман-телба,
Тобора бошимга урмоқда қисмат.
Тоғдай роҳатимни совурдим елга,
Ўрнига топмадим хасча ҳаловат.

Туйғулар ёнмоқда, идрок ёнмоқда,
Ёнмоқда шиддатли, тобора асов.
Бир жонсарак нафас сарсон томоқда.
Тобора гуриллаб ёнмоқда олов.

* * *

Ҳаёт боғи аста – аста қадам ташлаб,
Тезлик билан ўтиб кетди юрагим хун.
Бир дарвоза бўй кўрсатди, унга қараб,
Сўнгги кундай бўлиб қолди, ҳар келар кун.

Бир дарвоза тураверар менга пешвоз,
Умидларим кўп энди-ку бу ҳаётдан!?
Бугунгина мен қўлимга олганда соз,
Оёқларим кишанланди айт қаёқдан.

Умр жар бўйида яшамоқ кулиб,
Зирҳли – зирҳли тошлар сари шарт қуламоқ.
Эй ҳаётим, кўкка ўрла қўшиқ бўлиб,
Жону жаҳдим юксакларни салт куйламоқ.

* * *

Ҳаёт нима, тонгда турсам эрмак экан,
Уйғонмасам, ўтиб кетган эртак экан.
Бунча қисқа дея кўкка ёлвордим мен,
Фойдаси йўқ, бақирмаслик керак экан.

Тўхтамайди, тақдир деган тўхтамайди,
Бугунги кун кечагига ўхшамайди.
Қумсоатда тугаб борар кунлар, аммо
Яшамоққа муҳаббат ҳеч тугамайди.

Нима кўрдим? Нима топдим? Недан шодман?
Ким учун ва нима учун яшаяпман?
Она халқим мен меҳрингни кўрдим не бахт,
Шу ифтихор кўзларимни ёшлаётган!

Умр йўли, гоҳида чоҳ, гоҳида жар
Гоҳ йиқилиб не қиларим билмасам гар,
Йиқилсам ҳам юз бор такрор, такрор, такрор,
Сенинг меҳринг қаддим ростлар, олға бошлар.

Сен бўлмасанг заҳар ичар эди кўнглим.
Сен борсангки, ўз умримдан рози бўлдим.
Кунгабоқар қуёшга зор боққан каби
Баҳра олдим, дармон олдим, кучга тўлдим.

Сен Бобурсан, Амир Темур, Навоийсан
Зафар дарсин ўргатгувчи ғозий – сенсан.
Қадди баланд, қадри баланд, мард, забардаст
Ҳақ йўлида, шеър илмида доҳий – сенсан.

Менчи на бир ишда донгдор, на қаҳрамон
На тош йўндим, на чўлларни этдим бўстон
Аммо  халқим, бошим узра меҳринг тафтин
Сезиб турдим ҳар лаҳзада ва ҳар қачон.

Кетар бўлсам қилмагайман ҳеч бир даъво
Тақдирга тан бермасликдан нима маъно?!
Муҳаббатинг шаробидан сармаст мамнун
Қўл силкийман сендан рози, сенга шайдо.

Аммо ҳаёт ҳали давом этаётир
Яшаш учун меҳринг, қудрат бераётир.
Даъват қилиб, тиргак бўлиб, таянч бўлиб,
“Буюк ишлар қилмоқ керак” деяётир.

Она халқим! Қўлимдан тут, мен тайёрман!
Олам изра меҳрингни соч, мададкорман!
Сенинг учун ўлмоқ балки жоиз эмас,
Сенинг учун яшаганлар ичра борман!

ЧИРОЙЛИДИР ЧУНКИ У...

Ёлғиз қолдим афтода, тушкун,
Юрагимни ўртади қайғу.
Севги изҳор қилганим учун,
Бугун мени ташлаб кетди у.

Қора кўзлар қаърига чўкдим,
Кетолмайман бу қора ғамдан.
Қанча яхши қизга йўлиқдим,
Бир ёмонни севган одамман.

У ҳуснда тенгсиз ва танҳо,
Севма асло, - дедим-у, ўзим.
Гўзал қиздан изладим вафо,
Ўзгаларни кўрмади кўзим.

Уни севиб бўлдим айбдор
Шу бахт учун тўлайин қарзим
Жон чиққунча бўлай вафодор
Жон бергунча қилайин таъзим.

...Ёлғиз қолдим афтода тушкун,
Юрагимни ўртайди қайғу.
Севги изҳор қилганим учун.
Бугун мени ташлаб кетди у.

Ёмон ўтга тушган одамман,
Балки яна тушарман минг бор.
Чунки, у чиройли ҳаммадан,
Чунки, ундан кечмасман зинҳор.

Шиор

Тангрим, бир юрак бер, оташ бер қайноқ
Меҳру муҳаббатим билмасин поён.
Шу элни, шу юртни, алқаб беадоқ,
Севиб яшай ҳар он, ҳар кун, ҳар қачон!