Алишер Навоий “Лисонут тайр” достонида одоб-ахлоққа доир қарашларини, инсон руҳий камолотининг маънавий асосларини ўзига хос йўсинда баён қилади. Кичик-кичик тарихий ҳикоятлар, қушларнинг ўзаро савол-жавобларидан “Лисонут тайр”нинг воқеалар чиғизи, бутунлиги майдонга келади. Жуда оддий, майда кўринган бир масала ҳам достонда илгари сурилаётган бош тамойил, шоирнинг эзгу нияти учун хизмат қилади.
Достонда ҳар бир инсонга ибрат бўладиган, ҳар кимнинг саодати ва охирати ободлиги учун жуда муҳим бир лавҳа бор. Қушлар бир-бир узр айтганидан кейин, Ҳудҳудга ўз аҳволлари юзасидан саволлар беради. Нафсларига, ботини ва зоҳирига қайта назар ташлаб, табиатидаги қусурларидан сўз очади ёки кейинги йўлини ойдинлаштириб олиш мақсадида саволларига жавоб излайди. Мана, ўшандай қушлардан бирининг андишаси:
Деди бир қушким: “Қилибмен кўп гуноҳ,
Бу уятдин асру1 ҳолимдур табоҳ2.
Зоеъ айлабтур мени олудалиғ3
Кўймас ул йўлға бу ғам фарсудалиғ4.
Чун нажосатдин жабиндур лавснок5,
Анга не нисбатдурур Симурғи пок.
Пок васлиға керактур поклик,
Йўқки, лавси журм аро бебоклик6.
Ул ориғ7, менда ориғсизлиғ сифот,
Васлини истарға монеъдур уёт ”.
Ўзлигини англаган бу қуш Семурғнинг покдомонлигини, унинг ҳузурига боришдан уялишини, гуноҳлари кўплигини эътироф этади. Феълидаги нуқсонларни англашга ҳамма ҳам қодир бўлавермайди. Бу ҳам Яратганнинг бир инъоми, инояти. “Мен бу покиза йўлдан юришга лойиқманми, мен гуноҳлардан қаро бўлган юзим билан ҳақ қошига қандай бораман”, деган андиша имонли инсонларни безовта қилади. Бу қушга Ҳудҳуд нима деб насиҳат қилди? Унга қандай йўл кўрсатди?
Ҳудҳуднинг насиҳати мазмунан бундай: сен гуноҳларингни англабсан, эндиги вазифанг ундан халос бўлиш, аҳволингни ўзгартиришдир. Ҳеч бир махлуқ дунёда абадий қолмайди, охир-оқибат ўлимга юз тутади. Агар гуноҳкор ҳолда ўлсанг, нодону ғофилсан; оқил кишилар наздида жоҳилсан. Аслида ўзини англаганлар бундай гуноҳдан қутулиши мумкин. Бунинг учун нима қилиш керак?
Тавбадур они оритмоққа илож,
Зулмати исён аро будир сирож.
Демак, гуноҳдан қутулиб, кўнгилни хотиржам қилишнинг ягона йўли тавбадир. Тавба билан кўнгилдаги тугунлар ечилади. Тавба билан гуноҳлар ювилади. Тавба исён зулматини ёритадиган чироқдир. Қушлар ўртасидаги муаммони ҳал қиладиган, достон воқеалари ички ҳаракатини таъминлайдиган калит сўз “тавба”. Алишер Навоий дилидаги улкан маърифати сабоғи тавба тушунчасида мужассамдир. Зеро, Аллоҳга юзланган, Унинг висолини истаган, У зотга юкинган ва Унинг мағфиратидан умид қилган ҳар қандай кимса тавба-тазарру билан гуноҳлардан покланиб олиши лозим. Шу боис сўфийлик тариқатларида тавба солик учун энг аввалги мақом сифатида таърифланади.
Шоир учун тавба тушунчасининг мўътабар асоси нима? Шу ўринда олдин Алишер Навоийнинг “Маҳбубул қулуб” асарига назар ташлаймиз: “Ҳақиқий тавба ёмон феъллар қабоҳатидан хабардор бўлиш ва Ҳақ мадади билан ўша феъллардан узоқлашишдир. Тавба гуноҳкор банданинг кўнгил кўзгусини гуноҳ зангидан тозалайди ва афв сайқали билан у кўзгуни ёритади”.
Аслида кишининг тўғри йўлдан озишига “шум нафс” сабабчи бўлади. У “ҳодийи тавфиқ” билан ўз ҳолидан огоҳ бўлиб, гуноҳини англаганида “уят дуди димоғидан” чиқади, гуноҳларга қайтмаслик шарти билан тавба йўлига киради.
“Бу мартаба тариқат аҳлининг аввалги ғомидур ва мақсад водийининг аввалги манзилиға ҳомийдур. Бу саодат кишига ўзлугидин етмак «маъша залика фазлуллоҳ юътиҳа ман яшаъ» (“Бу (яъни, ваъда қилинган мағфират ва жаннат) Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур” (Ҳадид, 21). Ҳар соҳиби давлатка бу огоҳлик бир васила бирла етибдур ва ҳар саодатманд бу иқболни бир восита била касб этибдур”8. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга тавбани насиб қилади. Ҳаётда бутун гуноҳлари билан охират диёрига сафар қиладиган, келиб-кетиш моҳиятини мутлақо англамайдиган, тавба-тазарру саодатидан бебаҳра кимсалар ҳам бўлиши мумкин. Аллоҳ асрасин. Гуноҳкор бандаларга тавба насиб этсин; Аллоҳнинг мағфиратидан қуруқ қолишмасин.
Алишер Навоий тавбага доир фикрини Қуръ-они карим ояти билан исботлайди. Бусиз мутлақо мумкин эмас.
Ҳаётда гуноҳ ва айбсиз, нуқсон ва камчиликсиз одам йўқ. Аллоҳ инсон зотини шундай яратди. “Журм лавсидин киши маъсум эмас, Бўйла исмат кимсага маълум эмас”. Ҳудҳуд ўз гуноҳига иқрор бўлган қушга буни уқтириб:
“Бўлмаса сендин гуноҳ, эй бехабар,
Афву раҳмат кимга бўлғай чорагар ”, дейди.
Эй бехабар, агар сен гуноҳ иш қилмасанг, Аллоҳ афву раҳмат билан кимнинг гуноҳидан ўтади? Аллоҳ сен каби холис тавба қилган кимсаларнинг гуноҳидан ўтади, албатта.
Бу байтнинг моҳияти: “Албатта Аллоҳнинг тавбаларни қабул кишит фақат бирорта гуноҳни нодонлик билан қилиб қўйиб, сўнгра дарҳол тавба қилган киши учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур” (Нисо, 17), деган оят мазмунига мувофиқдир. Зеро, тавба эшиги доимо очиқ. Фақат остонадан ичкари ҳатламоқ лозим.
Ҳудҳуд қушга гапиришда давом этиб, бундай дебди:
“Журмдин улким юзи бўлғай сариғ,
Тавба айлар ул сариғлиғни ориғ.
Бахри раҳмат мавжга кирган замон,
Пок ўлур сен-мен киби юз минг равон ”.
Юздаги сариғликни, гуноҳни кетказишнинг йўли тавба. Тавба — покликка йўл.
Тавба туфайли банда хасталиклардан халос бўлади. Аллоҳнинг раҳмат денгизи мавжланганида, гуноҳлар ювилади, банда ораста бўлади. Курьони карим оятларида холис тавба қилган мўминларнинг нажот топишига доир хитоблар келади. Холис Аллоҳ учун тавба қилган киши қайтиб гуноҳларга қўл урмайди. Тавбадан мақсад поклик. Тавбадан мақсад Аллоҳнинг ризолиги. “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади” (Бақара, 222). Айни мавзуда Расуллулоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадис ривоят қилинган: “Тавба қилгувчи киши Аллоҳнинг суйган қулидир. Гуноҳдан тавба қилар экан, гўё у гуноҳи йўқ киши кабидир” (Ибн Можа ривояти)9. Ўзини англаган киши учун тавбанинг аҳамияти катта. Аслида инсоният учун, ўз гуноҳкорлигини англаган ҳар бир ожиз банда учун тавба Одамдан (алайҳиссалом) меросдир. Алишер Навоий Ҳудҳуднинг тавбага доир фикрларини ҳам ана шу қурьоний қисса билан қувватлантиради. Одам (алайҳиссалом) тавбасини ҳикоят шаклида алоҳида намуна қилиб келтиради. Маьлумки, Одам (алайҳиссалом) ман қилинган дарахт мевасини еб, гуноҳ қилди.
“Кўксига рад панжасин еткурдилар,
Равза жаннатидин они сурдилар ”.
Яьни, Одам (алайҳиссалом) жаннатдан қувилади.
Қурьони каримда бундай келади: “Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди. Сўнгра Парвардигори уни сийлаб — Ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва Тўғри йўлга ҳидоят қилди” (Тоҳа, 121-122).
“Жони ўртанган замон андоқки хас,
Тавба ул ҳолига бўлди чорарас.
Боғи раҳматдин яна эсти насим,
Бўлди юз минг ранжу меҳнатдин салим.
Тавбасиға дастгир ўлди қабул,
Айлади ҳурмат ҳаримида нузул ”.
Одам (алайҳиссалом) тавбаси боис Аллоҳнинг мағфиратига эришади. Ҳудҳуд қушга шу ҳақиқатдан ўрнак олиб:
“Тавба қилғил доғи беҳбудингға ет,
Йўлга айлаб азм, мацсудингға ет ”, дея маслаҳат беради.
Достонда баён этилган тавба масаласи учун Қурьон ва ҳадис асос бўлган. Тавбанинг барча қирраси ана шу икки манба ҳикматига бориб тақалади. Совет замонида адабиётшунослар бу ҳақиқатни четлаб ўтишга мажбур бўлишди. Айнан “Лисонут тайр” таҳлил қилинган, мантиқий асоси баён этилган саҳифаларда: “Навоийнинг обьектив борлиқ ва илоҳиёт ҳақидаги қарашлари Ислом дини таьлимотидан ҳийла фарқ қилади ва ҳатто баьзи бир жиҳатлари билан унга зид келади”, деган хато гапларни ёзишди10.
Шу маьнода Алишер Навоий бадиий тафаккури ва дунёқарашининг гўзал намунаси бўлган “Лисонут тайр”нинг бетакрор мазмун-моҳияти остонада турган хатокор кимсани маьнавий-руҳий покланиш, имоний тозаришнинг очиқ эшиги томон чорлаб туради.
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори
1 Асру — кўп, жуда.
2 Табоҳ — ёмон.
3 Олудалиғ — гуноҳга ботиш.
4 Тарсудалиғ — ҳорғинлик.
5 Лавснок — нотоза.
6 Бебоклик — бепарволик.
7 Ориғ — пок, тоза.
8 Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 14-том. 47—48-бетлар).
9 Абу Ҳомид Ғаззолий. “Тавба”, 14-бет.
10 Натан Маллаев. “Ўзбек адабиёти тарихи”, Т., 1976. 509-бет.