10:07 / 22.08.2013 · Кутубхона
Сизга айтар сўзим. Асқад Мухтор

МЕН ДУНЁГА КЕЛИБ ДУНЁ ОРТТИРДИМ

Гоҳо ўй сураман: нима бўларкин
Ўз зиммамга масъул иш олиб,
Ҳаётимни буткул тўкиб солсам
Бир парча қоғозга ишониб?

Бироқ уни ёзиб бўладими?
Хўш, мана—йилларим, аҳволим, зотим...
Ажрата бошласам «ўзимники» дея,
Қайдан қайгача у, менинг ҳаётим?

Чегараси борми ўй ва ҳисларимнинг?
Узоқдаги юлдуз қалбга нур солар.
Биламан, албатта дилшикастаман
Ана у дарахтга болта урсалар.

Бугун ўйларимни безовта қилар
Узоқ космосдаги минг йиллик гардлар.
Қачон мени лоқайд қолдирган
Дахлсиз қувончлар, бегона дардлар?

Сочларимга оқ туширмадими,
Қалбга солмадими жароҳат
Заминда тикилган ҳар бир қора байроқ,
Маҳаллага келган ҳар бир қора хат?

Елкамда сезаман Бруноларнинг
Гулхан тафти каби ўт нафасини.
Ўйларимда суратлантираман
Келгуси асрлар қиёфасини.

Қайдан қайгача у, менинг ҳаётим?—
Ўйламабман ҳатто энг оғир дамлар.
Қайғу ва қувончим кўп бўлди, аммо
Сизсиз улар йўқдир менга, одамлар.

Сиз биландирманки, бари ўзимники,
Чегараси йўқдир ўи-ҳисларимнинг.
Сиз биландирманки, йиллар ва диллар,
Қувончларим минг-минг, ташвишларим — минг.

Мен дунёга келиб дунё орттирдим,
Ҳаммасиии қолдириб кетарман.
Қалбни эса сўнгги ҳужайрасигача
Ловиллатиб ёндириб кетарман.

ФАБРИКАМНИНГ ЙУЛЛАРИ

Онам хотирасига
Сизни ўйлаганимда
Ғамгинман бир оз,
Фабрикамнинг йўллари,
Сиз менга мерос.
Машаққатли бахтимни
Сиздан изладим.
Фабрикам хиёбони —
Ёшлик изларим.
Асфальт эмас эдингиз,
Қайроқи тошдан.
Узоқ-яқин йўлларим
Сизга туташган.
Ўксик болалигимни
Қўмсайман баъзан,
Сиз умримнинг илк сатри,
Тақдири азал.
Мен қайрилиб боқаман
Адашсам агар.
Сиз нурланиб ётасиз
Уфққа қадар.
Фабрикамнинг йўллари.

КЎНГИЛ

Нимадир етмайди инсонга ҳамиша,
Озга қониқмайди, кўпга интилар.
Жасорати чексиз, доимо ташна,
Ерга сиғмагандай, кўкка интилар.
Шу инсон боласи жиндак ранжиса-чи,
Ё сўзда етмаса нафис малоҳат,
Бирон ноҳақликдан, бирон совуқликдан
Юрагига тушса жароҳат.
Бирон сабаб билан жонидан тўйиб,
Умидсизлик солганда соя,
Бундай пайтда кўп керак эмас,
Бир ширин сўз унга кифоя.

УМР НЕГА ШИРИН

Хавотирли, шошилинч, ширин илк бўса,
Борлиғимни титратган лаҳза!
Кейин ундайини тополмадим, аммо
Ҳануз юрагимда яшар шу ларза.
Қайта кўролмадим етим ҳаётимда,
Сира унутмадим бир онни лекин:
Устозимнинг қаттиқ кўзларида
Ота меҳрин кўриб йиғладим секин...
Бир қушча чурқ этиб, олам уйғонганда
Шабнам қатрасида кўрдим юзингни.
Сўнг бир умр кутдим, қайтиб келмади,
Бир умр изладим шу зумни.
Шундай ноёб, олтин лаҳзаларнинг
Қадрин билмас экан одамлар.
Ўтиб кетар экан, такрорланмас экан
Умрда ягона бебаҳо дамлар.
Ўтиб кетмаса-чи?
Бирдан тўхтаб бари
Музлаб қотиб қолса нима бўларди?
Йўғ-э, кимга керак музлаб қолган ҳислар!
Орзую пушаймон — бари ўларди...
Асли шундайлиги жуда оқилона,
Балки ҳаёт сири шунда яширин.
Балки такрорланмас бўлгани учун
Умр ҳам шунақа бебаҳо, ширин.

ОНА МЕҲРИ КАБИ...

Саратон ловиллаб қуёш кўраснда
Ёнар эди кунлар—кеча эмасми?
Яна кириб келди қалбларимизга
Олтин фасл, оқ олтин фасли.
Сарин еллар билан,
Кумуш тоғлар билан,
Мисли бўйга етган бетоқат сулув,
Ёниқ, ҳаяжонли юракларимизга
Илк муҳаббат каби кириб келди у.
Ғалати туйғу бу: кўҳна, ширин, янги...
Илк бор кўргандайман кузни, далани
Ҳамма нарса сендан ёш кўринар,—
Ё шундай ширинми шунинг алами?
Боладикда қўл узатсам бирдан
Қуёшдек кўриниб очилган чаноқ
Бутун софлиги-ла қалбга уриларди
Она меҳри каби илиқ ва юмшоқ...
Ҳозир кенг далалар қайнаб ётса ҳам,
Тонгдан агрегатлар солса ҳам ғулув,
Шу катта ҳаётнинг ўтли юрагида
Сира эскимабди шу сокин туйғу.
Ҳа, шовқинли мотор қудратидан,
Энг нозик туйғулар, эзгу армонлар,
Ҳарир толалардан, оғир тонналардан
Уйилади бизнинг хирмонлар.
Ватан ҳам, биз кутган бахтли кун келиб,
Тоғ-тоғ пахтамизни қабул этган чоғ
Каттакон қалбида бир ҳис сезса керак:
Она меҳри каби илиқ ва юмшоқ...

МУКОФОТ

Мукофотга «Волга» олди
Салим бобо, бригадир.
Қайтар экан, ўтмишини
Эслаб қолди негадир.
Омоч судраб, қўш ҳайдарди,
Азоб эди у ҳаёт.
Қаримасди ўша маҳал
Қани бўлса битта от!
...Юрган сари юрагида
Хотиралар ортарди.
Оғир ўйин юз от кучли
«Волга» зўрға тортарди...

ТОНГЛАР ИЗСИЗ ЎТДИ

Яшади у, мисли бир ҳужайрали,
Жўн яшади.
Сокин ва осон.
Дилига чўғ солмас на ўйин, на иш.
Висол орзиқтирмас, ўртамас ҳижрон.
У еб-ичар, лаззат топар эди.
Роҳат топар эди уйқудан.
Қувончдан юраги ёрилмади унинг,
Сочи оқармади Қўрқувдан.
Ҳар нарсани эплай олар эди,
Қилиб ўзи учун ёқимли, ўнғай.
Ёниб-куйиб юрмай уйланиб ҳам олди,
Пижамаси юмшоқ, ҳовлиси кунгай.
Юрагига унинг из солмади қайғу,
Изсиз ўтиб кетди тонглар, баҳорлар.
Ҳайратга солмади инсон жасорати,
Шунчаки сув эди сойлар, анҳорлар...
Уни қийнамасди хаёл, муаммо,
Бир нафас ловиллаб дили ёнмади.
Аста шимиб ётди кунлар ширасини,
Ҳаёт лаззатига лекин қонмадн.
Бирдан...
ўлим келди рўпарасига.
Ўтмай қолди томоқдан ёвғон.
—Тузалиб кетасиз...—деб танишлари
Тасалли берарди.
(Яна бир ёлғон!)
Ҳеч бири ўлимнинг буюк моҳиятин
Этгиси келмасди рўй-рост тасаввур.
Наҳотки ёлғонсиз ўла олмаса,
Унга етмасмиди бир ёлғон умр?!
У азобда қолди, даҳшатга тушди:
«Ўлим нима ўзи, одамзод?!
Наҳотки у ёғи тубсиз зулмат бўлса,
Наҳотки, наҳот...»
Ҳой, ўлим нима, деб бош қотиргандан,
Ҳаёт нима, дея қилсайдинг ташвиш...
Ҳаёт ахир нечоғ саёз, майда бўлса,
Ўлиминг шу қадар совуқ ва мудҳиш..

ОЛИЙ БУТУНЛИК

О, она табиат!
Сен билан як сонман,
Сен менинг эркимсан, менинг қафасим.
Жоним ширинлиги, тириклигим сендан,
Соф ҳаводан олган нафасим.
Туғишганлик ҳисси йўл қўймайдими,—
Одатмас қуёшга айтмоқ ташаккур.
Ҳар тонг қаршисида тиз чўксам арзирди,
Ёруғ дунём менинг, кўзимдаги нур.
Сезаман экинлар танасидаги
Шарбат бўлиб оққан ризқимни.
Найкамалак, гуллар—менинг ҳисларим,
Баҳор янгилайди ҳаёт ишқимни.
Ер иссиқ, ер юмшоқ, ўзим ҳам ердан,
У кўринмас менга бир маррасимон.
Йўқ, мен абадийман.
Менга ўлим йўқ.
Тирик табиатнинг бир заррасиман.
О, ҳаётнинг олий бутунлиги!
Инсонга уфқларни кенгроқ оч,
Жамики дардларга малҳам ўзингсан,
Азобли ўйларга ёғду соч.
Азобли ўйларга ёғду соч...

БИЛСА ЭДИМ ШУНИ

Орамизда зилол бир кўл бор,
Кузнинг тиниқ зангор кўзича.
Фасллардай қувлашамизу,
Қиш ўзича экан, баҳор ўзича.
Бир-биримизга ета олмаймиз,
Бир-биримиздан кета олмаймиз,
Тонг баргида салқин бир томчи,
Кекса қуёш уни ютади.
Шу томчи эртага яна туғилиб,
Мўлдираб қуёшни кутади.
У бўлмаса гўё қуёш ёнмасмиш.
Чин эҳтирос сира қонмасмиш.
Бир-биримизни қўя олмаймиз.
Бир-биримиздан тўя олмаймиз.
Капалакми, тош ҳайкалми менинг
Ўт ичида ўтган уч туним?
Ўт ичида ўпган юлдузимда
Қолса эди тирик учқуним!
Қолса агар тирик учқуним,
Хотирангда яшаб қолардим.
Билса эдим шуни, мангуликни ҳам
Мана шу оқшомдай кутиб олардим.

ҚИЙНАЛИШ

Китобларим варақ-варақ,
Сиз қайларда сарсари?
Умрим эди яшил дарахт,
Сизлар унинг барглари.
Мен сиз билан нафас олдим,
Дард билан яралдингиз.
Ҳар гал ўксиб қолди қалбим,
Еллар-ла таралдингиз.
Оппоқ булут сузиб ўтди,
Яна томчи томмади...
Наҳот бунга ҳам кўникдим,
Дардли ўйлар қолмади?
Майли, агар тўймаса
Дилимнинг қақроқлари,
Довул турсин, тўкилсин
Умримнинг япроқлари...

АСЛИГА ТЎҒРИ

(Ҳиссиёт тўғрисида рационалистик шеър)
Тармашиб олади баъзан ўйларнинг
Ёпишқоқ, бекорчи, машъуми,
Шунда таъкидлаймиз биз ўзимизга:
«Ўйлама, ўйлама, ўйлама шуни!»
Одам ҳамон ўйлар, ўйни қуволмай,
Ўзи биладики, йўқдир кераги,
Ажаб, ҳаёт билан сингишиб кетмоққа
Ақлу идрок халал беради.
Баъзилар уйқуда ойдин кечалар
Томнинг бўғотига чиқиб юради.
Шу маҳал бир зумга уйғонса борми —
Йиқилар, ёрилар балки юраги.
Ажаб, ҳаёт билан бир бутун бўлмоққа
Ақлу идрок халал беради.
Маст қилганда бўса лаззати,
Дилни фавқулодда қувонч яйратса,
Ёки йўлда бир зум тўхтаб турсак
Тонг ҳуснига қолиб ҳайратда,
Соғинганда, висол дамларида
Бебош ҳислар билан юрак орзиқса,—
Бундай маҳалларда бирдан келиб қолган
Ҳар қандай ақлли фикр ортиқча.
Ҳаёт моҳияти тўғрисида бизга
Саволлар беради ақлимиз яккаш.
Ҳислар эса яшаш керак дейди,
Жавоби ҳам шудир: яшаш ва яшаш.
Фожиани тан олмайди ҳислар,
Қуёш кўланкани кўрмайди абад,
Худди шундай, ҳаёт ҳам ўзининг
Маҳкум эканини билмайди албат.
«Чин ақлдан» эмас, «чин кўнгилдан» деймиз.
Фақат юрак билан севамиз,
Ва муҳаббат деган ўша кўҳна сўзга
Ҳамон сиғинамиз ва бош эгамиз.
Мен дунёда минг жилд китоб ўқиб,
Топмадим бир кўнгил рисоласини.
Фарзандлар мақсадсиз, режасиз,
Қасамёдсиз севар ўз онасини.
Ҳиссиёт ҳаётнинг аслига тўғри,
Идррк гоҳо яқин, гоҳо йироқдир.
Ҳаётга муҳаббат ва яшашнинг ўзи
Ҳаёт маъносидан улуғроқдир.

УЛАР УЛГУРДИЛАР

Не-не савоб топиб, не гуноҳ этди
Тўқсонида тетик, ҳаёт бўлганлар.
Ҳеч нарсага улгуролмай кетди
Йигирма ёшида ҳалок бўлганлар.
Йўқ, йўқ, улгурдилар ёш бўлсалар ҳам,
Инсон қодир бўлган энг буюк ишга:
Улар улгурдилар энг муқаддас дам
Ўзни Онаюртга қурбон қилишга.

ОНАНИ КОЙИМАЙДИЛАР

Орамизда узоқ-узоқ йўллар;
Сенга интиламан боғлар гулласа,
Аммо йўллар... йўллар майли эди,
Орадаги йиллар бўлмаса.
Сени ўйлаганда ўша йиллар гўё
Секинлатар қалбим зарбини.
Улар мени беҳудага чорлар,
Ярадек оғрийди ҳар бири.
Лекин мен уларни койимам, чунки
Тақдир бўлиб қолган замона.
Орқамдан кузатар мени, онамдек,
У мени туққандир, чиндан ҳам Она.

ЖИМЛИК СУРОНИ

Яйлов оқшомининг эпкини илдам,
Юлғун керагалар аста ғирчиллар,
Кун бўйи эгардан тушмай, толса ҳам,
Тун яна безовта ёш йилқичилар.
Олонда оқ, қизил кийган қиз-жувон
Шов-шов шопиради бия сутини.
Оқшом тинч, босилмас дилдаги сурон,
Неларни эслатар тезак тутуни?
Вақирлаб гўшт қайнар қора қозонда,
Ўтов атрофида итлар санқиган.
Қизлар шивирлаган ўша олонда
Янги қимиз хиди анқиган...
Оқшом кўринишда осуда, сўлим,
Лекин у бир олам ўй, сир сақлайди.
Ингичка кишнаса узоқда қулун,
Биянинг кўзида юлдуз чақнайди..

Орзуларнинг мангулигин ўйлаб,
Юрагимга ғулув тушади.
Кун бағридан чиқиб бизнинг экипажлар,
Зим-зиё коинот сари учади.
Ерда эса ҳамон қадимгича
Эртаклар куйлайди ғиротларини.
Қоронғи бурчакдан чиқиб парвона
Шамда куйдиради қанотларини...

ЯЙЛОВ ТОНГИ

Кел, жонгинам, бирпас ўлтирайлик
Жимликнинг сеҳрида мастона.
Бу тун гўё фақат иккимизники,
Бу тун мангуликка гўё остона.
Қирда сурувларнинг дупури тинган,

Қўйчивонлар ёққан гулхан ўчибди.
Саксовул чўғкнинг учқунлари эса
Юлдуз бўлиб кўкка кўчибди.
Яйлов туни мунча улуғвор,
Мунча сокин бу дала-тузлар!
Бир сескансанг гўё шу зумда
Дув тўкилар ерга юлдузлар.
Тиззамга бошинг қўй.
Ойнинг кокиллари
Уфқларга тушди таралиб.
Кўзларинг сеҳрида менинг тақдирим,
Сочларингга қолгай ўралиб.
Яйлов денгизини кечар оппоқ тонг,
Нега қалбинг жиндак энтикди?
Ана, оқ нур тушди: майсада кимдир
Рўмолчасин унутиб кетибди...
Қадимий ҳисларни чорлаб уйғотар
Узоқда кишнаган той-дўнан.
Соғинишлар, нозлар такрорланар,
Ёзлар такрорланмас, жонгинам.
Кел, жимгина бирпас ўлтирайлик,
Қўзларингга яна тонг ҳуснидан ол.
Тонглар...
Тонглар ҳали олдимизда кўп,
Лекин мунақаси бўлмас эҳтимол.

УМИД

Куз эртаси. Намгарчилик,
Ҳазон биқсиб, тутун таралар.
Оёқ ости—«чилип-чилип»,
Зирқирайди эски яралар...
Бор умрингни ўйлайсан қайта,
Нимадир юракни эзадй».
Имони сустроқлар мана шундай пайтда
Яшашдан безади.
Аммо сен боқ ҳаёт денгизига:
У ўжарлик билан қилар ишини.
Разм солсанг, ҳар дам ўзига
Минг-минг иплар билан боғлайди сени.
Фасллар алмашар, долғаланар ҳаво,
Қарғалар товуши—қишнинг дараги.
Тротуарда
букчайган бир бобо
Ёш кўчат кўтариб ўтиб боради.
Ниҳолни авайлаб маҳкам ушлаган
Томири бўртиб чиққан титроқ қўллари
Хаёлида балки оламни хушлаган Баҳор,
бодроқ-бодроқ ўрик гуллари.
Кўм-кўк шовуллаши балки қулоғида,
Кўкси билан сезар соя-салқинин.
Совутгиси келар кўнгил булоғида
Саратоннинг лов-лов ёлқинин.
Бобонинг умрида кўп бўлгандир бахт,
Лекин бахт ўткинчи,
Умид — абадий.
Кекса қўллардаги мана шу дарахт—
Эртага кимнингдир толеи каби.
Бобонинг кўзида умид ялтирар,
Кўчатни кўтариб шошиб боради.
Маҳалла устида ҳамон қалтирар
Бебош болаларнинг қоғоз варраги.

АДОЛАТ

(Янги йилда чоллар гурунги)
—    Мана, умримиздан яна бир йил кетди.
Бандаси билмай ҳам қолади.
—    Шу кунга еткизди, шукр қилайлик,
Эгам ўзи берган, ўзи олади.
—    Олиб, нима, еб кетармиди?
Фаҳминг етмадими ё шунга:
У умрингдан олган ўша бир йилни
Тўкмай-сочмай қўшар ёшингга.

ҚАЛБИМ НОЗИКЛАШДИ

Янги йилнинг яқин оппоқ туни
Болалар орзиқиб тунни кутади.
Ўтган йили учган нафис қор учқуни
Янги йил сарҳадин бузиб ўтади.
Болалар ҳовлиқиб янги йил кутади,
Менга эса йил кузатиш — ғам:
Қилт этиб узилган битта япроқ ҳам
Нақ қалбимга тегиб ўтади...

Ҳаёт шундай мўъжизаки,
Қанча жабрин тортсанг оз.
Ўлим эса унинг учун
Арзимас бождир, холос.

ЭКСКАВАТОРЧИ

Экскаваторчи тупроқ ағдаради,
Қум дарёдай оқар пўлат ковшидан.
Унинг роторлари шундай дағдағали,
Саҳро уфқлари титрар товушидан.
Тортади метиндек қатламлар таги,
Кўзлардан ўт чақнар чағирлигидан.
Томирлари бўртар узоқ цехлардаги
Олтин мисқолларнинг оғирлигидан.
Ер тугамас, ҳамон қазир ошнам.
Ўн йиллардан бери шундай ковлайди.
Гўё она-Ердан аждодларнинг ҳам Ҳаққи-ҳуқуқини довлайди.
Олтин унга, чоғи, муҳиммас унча,
Мен тушунгандайман гоҳ ниятига:
Ковлар моҳиятга токи етгунча...
Инсон ҳаётининг моҳиятига.

ИНСОН

Сен кашфиёт ёлқини, оташ,
Асрий зулматларда бир ёруғ нуқта.
Барча мавжудотлар қалбингга туташ.
Бир оддий гиёҳнинг олдида тўхта.
Ариқ шилдираши, барглар шивири
Сенга жон озуғи, руҳингга дардкаш.
Гуллар билан сўраш, ҳидлаб ҳар бирин,
Капалаклар билан суҳбатлаш.
Жавоб бермасалар гапингга, майли
Совуқ юлдузларга тикилганда гоҳ,
Билгинки, қалб қўри жонлилар туфайли,
Жонлилар жонлига доим хайрихоҳ.
Кўп суздим, биламан денгиз шукуҳин.
Ғойибдан тинглайман теран сасини.
Терс туриб сезаман улуғвор руҳин,
Кўраман кўркини, жозибасини.
Мен сени ўйладим бугун соҳилда,
Ҳеч кимга тенгламам, тенгсизсан.
Кетгансан. Аммо сен доим ёнимда,
Денгизга ўхшайсан. Денгизсан.

Уфқлардан қалқиб кўҳна Амур
Оҳиста, чўяндай эшилиб оқар.
Нариги соҳилда ҳали қуёш ёнур,
Кекса нанай унга энтикиб боқар.
—Биз озмиз. Тириклар—кўзнинг нуридай,
Улганларни доим ёдда тутамиз.
Туғилмаганлар ҳам дилнинг тўрида,
Тараддудлар билан кутамиз...—
Мен шундай ўйладим: «Бундай элатни
«Кичик» дея аташ керакми?»

Тегирмон тошининг ўқида ором.
Ором гирдибоднинг қоқ ўртасида.
Жозиба теграси—саъйи бадавом,
Шундай бир ҳолат бор ишқ ўлкасида.
Ишқ—ором излаш, мушкул ва ширин,
Чархи гирдон, хулласи калом.
Сенинг кўзларингда ором яширин,
Атрофингдагилар шундан беором.

ИНСОН ЭРТАГИ

Ўтиб кетди. Ўтиб кетди лаҳза.
Ўтиб кетди, мен қараб қолдим.
На ҳаяжон менда, на оламда ларза,
Нега аччиқ фарёд чекмайди қалбим?
Ўтиб борар зумлар, ўтиб борар,
Бири—буюк, қай бири оддий.
Бири учар мангуликка қараб,
Бири вазмин ва қарийб моддий.
Ўтиб борар, елиб борар тикка,
Барини баробар елдирар бир куч.

Бири тўппа-тўғри учар йўқликка,
Шуурсиз ва аянч, салмоқсиз ва пуч.
Пучми-тўқми — ҳар ким баҳоласин,
Чунки бу аслида инсон эртаги.
Учаётган планетада одам боласи
ундай, ё бундай ўтиб кетади.

ТУШ

Мен бир туш кўрибман.
Ажаб замонлардан.
Жаҳл устида ўша сўз айтилмаганмиш.
Ҳали кўнгил ҳоли пушаймонлардан,
Аҳду ваъдалардан қайтилмаганмиш.
Висол зориқтирар, зардалар ширин,
Ёлғизлик алами ҳали нотаниш.
Билмай қовушувнинг мангулик сирин,
Диллар бир-бирига қувонар эмиш.
Кўзларнинг кўзгудек бегуноҳлиги
Тирик эмиш, тирик ва абад.
Менинг инсонлигим, сенинг илоҳлигинг
Ва бизни тенг этган ўша муҳаббат.
Олдинда узоқ йўл, узоқ умрнинг
Аччиқ-чучуклари хаёлда ҳам йўқ.
Ҳали иссиқ эмиш ёнимда ўрнинг,
Ҳаёт мўъжизалар сеҳрига тўлиқ.
Билмасмишман яқинлигин жўнгина турмуш,
Бутун бир умрни ямлаб ютган он,
Ва сўнгра... вақтнинг, худди енгсимон,
Астарин ағдарган бу ғалати туш...

ТУН УЙ СУРАР

Бизнинг боғда оқшом пайтлари,
Ииғиб олганида кун шуъласини,
Ўтлар орасида яшил чигиртка
Бошлайди тинимсиз ашуласини.
Бу кичкина жоннинг сўзсиз қўшиғин
Асли фидойилик деса бўлади.
«Ҳаёт бор...»—тун бўйи ўжар бир таъкид
Катта сукунатнинг жонли бўлаги.
Шу чириллаш борки, назаримда,
Тун ўй сурар, табиат тугал.
У бўлмаса сўқир кечалари
Руҳимиз ҳувиллаб қоларди ҳар гал.
Қашшоқроқ бўларди тун манзараси,
Бундай сеҳрий таъсир этмасди
Ҳам умумжаҳоний гармонияда
Бир азалий оҳанг етмасди...

Бизнинг боғда чиқсанг оқшом сайрига,
Ё оралаб юрсанг сен ишкомларни,
Чўчитмагил севишганларни,
Осмонларда сезсин ўзни, майлига.
Бу лаҳзалар бир умрга татир,
Бу лаҳзалар синар ёшлик сабрини.
Биз шуларни кўриб биламиз ахир
Тунги юлдузларнинг қадрини.

ОЛМА ТЎКИЛДИ

Мева тўкилади. Боғлар димиққан.
Тунлари «топ» этиб олма тушади.
Тонгги ўиларимдай тиниб-тиниққан
Оғир сукунатнинг бағрин тешади.
Бўғиқ, узуқ товуш. Унда нимадир
Сўзлайди ҳикматдан, қисматдан.
Кимнингдир уйқусин бузар, кимгадир
Заминнинг жозиба кучин эслатган...
Мен сезаман унда сеҳрий аломат,
Шошқин, эҳтиёткор товуш...
Сен мудраб Кутасан...
Одамнинг ҳаёти узра
Нимадир туради шундай омонат.
Қачондир сарфланган куч уни аввал
Аста кимирлатар... Узар бандидан.
«Топ-топ» деган сари йўқотгандай ҳар гал,
Она айрилади бир фарзандидан.
Узуқ, бўғиқ товуш...
Унда нимадир бор
Қадимий дунёдан, қисматдан.
Етилиш, паймона, муддатдан...
Олма тўкилади. Уйлар беқарор.
Хай, тўкилиш учун ҳар зот пишади.
Олмадек сеҳрий чарх айланар.
Фасллар давраси яна тугалланар...
Тонглари «топ» этиб олма тушади.

Азизим Александр Удаловга
Боғда, узоқлардан келтириб, дўстим
Бир қайин ўтқазиб қўйганди.
Шу меҳмон ўз тенгги чинор ёнида
Эрта баҳордаёқ аста уйғонди.
Уйғонди-ю, ҳамон кўм-кўк уйқусини,
Майин уйқусини қувлаётгандай.
Эс-эс хотирлайди ўрмонларни гўё,
Тушда кўрдимми, деб ўйлаётгандай.

Бизнинг боғда ҳар тонг аста янграр
Муҳаббат қисмати тўғрисида куй.
Ҳорғин кўзларимни ювар оҳанглар,
Назаримда, куйчи жиндек художўй.
Куй ғамгин бўлса ҳам, бечора нетсин,
Уйқусиз тунларим ёлғиз эмасман,
Раҳматдан ўзгани унга демасман,
Шунча орзиқтирган васлига етсин.
Бизнинг боғда биринчи қор ёғди.
Уйга ёмонликлар келмайди сира.
Сен менинг қоримсан, биринчи қорим,
Гўё бутун олам сендай бокира.
Бутун олам шундай оппоқ тинлик,
Баҳор гулларининг ҳиди келади.
Баҳор гулларидек, қор тагида мудрар
Одамларнинг эзгу тилаги.

Бизнинг боғда тун чўккан маҳал
Қалбни увиштирар укки ноласи.
Биров дер, у чорлар бадбахт қисматини,
Биров дер, қарғармиш ўгай боласин.
Мусибатдай совуқ, узоқ, гоҳ яқин,
Балки гадо фолбин, балки жиннидир.
У ўзи бегона кўздан яширин,
Лекин чақиради ҳамон кимнидир.
Бетиним саннайди, назаримда тунни
Қора бўлакларга бўлиб чиқади.
Нимага ўхшатсанг, нима десанг ҳам
Бир ғамгин афсона бўлиб чиқади.
Оқлолмаган эмиш она сутини,
Оқ сут тилар эмиш, деган гап...
Бу ҳам—эртак. Шундай сўлим тунда
Эртак рўпарангдан чиқса не ажаб!
Ҳаёт шу экан-да: ёғду ва зулмат,
Қишу ёз, ўнгу туш, тирик ва ўлик...
Шусиз бўлмас экан тугаллик сира,
Ҳатто қуш наъмаси: гўзал ва хунук.

Бизнинг боғда шифобахш ўт бор,
Халқ унинг отини баргизуб демиш.
Чунки ўша ўтни тунлари бедор
Юлдузлар нур билан суғорар эмиш.
Сиз биласиз менинг ёнишларим,
Сатрларга кўчган қалб чўғимни,
О, юлдузлар, тунги танишларим,
Нур билан суғоринг шу қўшиғимни.
Эҳтимол, шунда у бирон кимсанинг
Юрак ярасига малҳам бўларди.
Гулдек очиларди замин . инсоннинг
Атиги бир зумга ариса дарди.

Қайним Аҳмад ҳалок бўлган қишлоқда
Шаббода овулни оралаб ўтди,
Сўнгги рутубатни боғлардан қувлар,
Яна гуркиратар қалбдаги ўтни.
Оқ йўл сизга, эй тошқин сувлар!
Эрталабки туман вазнсиз, ҳарир,
Ундан нари—қирлар, сенинг қирларинг.
Ёшлигинг тентирар қирлардан нари,
Сенинг яшамаган эсиз йилларинг.
Унда тошлар ёниб кул бўлганди.
Яна бошоқ унди, салмоқли, йирик.
Баҳор бу ерларга яна ўрганди,
Сен ардоқлаб қолган мўъжиза тирик.
Ўша ёқдан келар ёшлик далдаси,
Дардли хотирани дилдан таратган.
Ўша ёқдан келар баҳор шаббодаси,
Ҳислар, куйлар оқар ўша тарафдан.

Найкамалак, сизча, спектрлар холос,
Вибрация, дейсиз, қушлар наъмасин.
Шеър эса, мана қалам билан қоғоз,
Программалашган ҳарфлар йиғмаси.
Ҳаёт-чи, оқсилми, кислотами, нима?
Юрак—насос, ҳилол—оддий кул...
Гилосдай лаб эмас, ҳужайра, тўқима,
Гулни нима дейсиз, гул-чи, гул?
Балки формуладан иборатдир дунё?
Нима дейсиз тонгни, туманни?
Ундай бўлса, мен-чи, мен ҳам ё
Модда алмашиниш объектиманми?
—Йўқ!—дегим келади, қисилади юрак,
Менга сир қолдиринг, ҳаққим довлайман
Менга гўзал, сеҳрий дунё керак,
Сирру мўъжизасиз яшай олмайман!

ДАРБАДАР

Юлдуз бўсасига Ер кўкси очиқ,
Абадий қовушган денгиз-ла осмон,
Ҳатто чақмоқ зулматларга ошиқ:
Фақат шамол ёлғиз, беошиён.
Фақат шамол ёлғиз, ерда дарбадар,
Фақат шамол ҳамон жуфтин излайди.
Дараларда изғиб, тунга нақадар
Озор берганини ўзи сезмайди.
Кезади тоғу тош, чангалзорларни,
Кимнидир чақирар ҳамон телбадай.
Дарғазаб юлқиниб, гоҳ зорланиб
Гоҳ нордай қутуриб, гоҳ елвагай,
Боғда, соҳилларда, қирлардан пастда
Сулувларнинг сочин сийпаб тарайди.
Ўтли сийналардан сирғалиб аста,
Хумор кўзларига тўйиб қарайди.
Яна кетади у, кимнидир истаб
Ва қўрқиб қалбларнинг ёнишларидан.
Бегона ётоқлар ҳидини искаб,
Мўралар дераза тирқишларидан.
У маскан тополмас маскан тарк этиб,
Руҳи ҳеч қаерга сиғмайди.
Кейин, Мажнун каби, саҳроларга кетиб,
Узоқ-узоқ ёлғиз йиғлайди.
У мингларни чорлаб ялинган эмнш,
Аммо қалбида йўқ ҳеч кимга вафо.
Шундан, у топилмас ишқнинг бедаво
Мангулик дардига чалинган эмиш.

УЧИШ

Узоқ замонларда Ирғай тол эгиб,
Ёй ясади одам,
Ўқ отди.
Шунда илк бор Учиш дарди тегиб,
Оромини буткул Йўқотди.
Уни чақирарди Ўзга оламлар.
Кейин, Калугада Тунлар беуйқу,
Планетани уйғотмасдан,
Аста қадамлаб,
Йўлнинг ярмини Босиб ўтди у.
Ўйларида униб Идрок атоми,
Фазо бирдан Гўё кичрайди.
У учди.
Оламни тутди шовқини.
Уфқ
худди ёйдек Ҳамон титрайди...

ЎТАР-КЕТАР...

«Ин ҳам мегузарад!»
Донишмандга балли.
Демак, ҳеч нарсадан бўлмайлик хафа.
Қандай аллаловчи, осон тасалли,
Қандай юпатувчи, ўнғай фалсафа!
Ин ҳам мегузарад... ором, ором қучинг.
Ҳаяжондан сақланг юракни.
Лекин ҳаяжоннинг ўтиши учун
Ахир жиндек фурсат керакми?
Ин ҳам мегузарад.
Тугиб олинг дилга,
Чиндан, ҳамма нарса, сўзсиз, ўтади.
Лекин ҳамма нарса ўзи билан бирга
Умрнинг бир қисмин олиб кетади.
Умр? Ин ҳам мегузарад, балли.
Бундан ҳам ҳеч бўлманглар хафа.
Қандай аллаловчи, осон тасалли,
Қандай юпатувчи, ўнғай фалсафа!
Ахир, «ўтар-кетар», бу—вақт ҳақида,
Бир нима ўтгунча фурсат кутамиз.
Умргузаронлик кўҳна ақида.
Аслида, вақт ўтмас, бизлар ўтамиз...
Тезроқ етсайдим, деб, йиллар йўқотамиз,
Гўё вақт тез ўтса ютамиз шунча.
Ранжитамиз, сўнгра юпатамиз,
Аммо фурсат керак дил ёзилгунча.
Алам босилгунча фурсат керак, фурсат,
Оғриқ тузалгунча фурсат кутамиз.
Фурсат керак бахтимизни кутсак;
Орзу ушалгунча фурсат кутамиз.
Мевани ўйлаймиз дилларда минг-минг
Хушбўй капалаклар қурганда маскан.
Биз висол кутамиз гоҳ ёлғизликнинг
Дардчил лаззатини қадрламасдан.
Куннинг чала-чатти қуроқларини
Йиғиб, эртагача учмоққа шаймиз.
Доимо календарь япроқларининг
Ҳазонрезгисида яшаймиз.
Саховатданмикин «ўтар-кетар» деб,
Умрни бемалол бундай улашсак?
Олдинда мангулик бизни кутардек,
Ҳозирги ҳар лаҳза учун курашсак.

ЕР

Ерга мен ўзимни жондош сезаман,
«Тупроқдан бўлган»им туфайли эмас.
Шунчаки, мен учун ҳамма нарсадан
Инсонга марҳамат ҳисси—муқаддас.
Ернинг ташвишлари битмас ҳеч маҳал,
Ҳаловат истасак биз ундан топдик.
Бир кифтин силкиса—гул, мева, асал,
Бир кифтин силкиса—қор, бўрон, софлик.
Истардим, инсон ҳам Ерга фақат дон,
Мурувват, саховат уруғин экса.
Ҳеч ким ўксимаса, ҳаммага етса
Кўк гумбаз остида тўкин дастурхон.
Назаримда, мен ҳам ерни деҳқондай
Ҳайдаб, ҳар қадамда маъно изладим.
Эҳтимол мендан сўнг бир томчи қондай
Ёнар марзаларда қолган изларим.
Ерга мен ўзимни қондош сезаман;
Тупроқдан бўлган»им туфайли эмас.
Шунчаки, мен учун ҳамма нарсадан
Инсонга марҳамат ҳисси—муқаддас.
Ҳатто, тўғри бўлар қалбдошман десам.
Тошни қайга отсанг ерга тушади.
Шунга ўхшаш, дўстим, кимга озор берсанг
Қалбим ачишади.

КОНДА

Қуёш тафти,
Кўк денгизда елкан,
Қаҳратон софлиги,
Баҳорги томчи...—
Буларнинг астойдил қадрига етган
Ягона инсондир, наздимда, кончи.
Бунда на куну тун ва на фасллар,
Бош узра қора ер, залварли, қат-қат.
Ундан ҳам оғирроқ зулмат, сукунат,
Фақат тирговучлар аста қисирлар...

Бир-бирини йўқлаб, недир сўзлагандай
Манглайларга қўнган карбит юлдузлар.
Шоир ҳар бир сўздан ўт излагандай,
Кончи ер қаърида тошдан ўт излар.
Мен бунда билдимки, ҳар юлдуз—одам,
Юлдуз замйрида бир инсон шахси.
Билдимки, кўмирдан яратилсанг ҳам
Зулматда нур бўлиш нақадар яхши!
Билдимки, меҳнатда, сўзда ва куйда
Олов—теранликда. Ундан ҳам нари!
Билдимки, кончини кутарлар уйда
Кўкдан космонавтни кутган сингари.

У БАҲОРДА КЕТДИ...

У баҳорда кетди, сени йиғлатиб,
Хуш буйга тўлганда боғлар, қўралар.
Умид томчилари аччиқ ва латиф,
Бошда олча гули тинмай бўралар.
Узоқ кўз ўнгингда турди ўша дам,
Ёз ўтди шу дамнинг -ҳисларин синаб.
Лоқайд эди унга кунлар, ойлар ҳам,
Куз ўтди ёнидан ётсираб.
Қиш келди, қор босди ярим оламни,
Қор остида қолди боғлар, қўралар.
Ёлғизлик тунлари совуқ, аламли,
Қор эса бўралар, ҳамон бўралар.
Шунда у кўринди кетган йўлида.
Меҳр излаб қайдадир балки тиланган,
Тавбадир, умиддир балки дилида,
Ўзи бошдан-оёқ қорга беланган.
Ёдга келмай қийнар унутилган қўшиқ;
Останада турди. Қор юз-кўзида.
Қор эригач, кўрдинг: ўрнида—бўшлиқ
Жиндак кўлмак қолди оёқ изида.

АЯЖОНИМИЗ

Титраб янграр эди уфқлар тонгда,—
Гўзал куйлар эди аяжонимиз.
Булутлар тўлғанар эди осмонда,
Жажжи юракларда — ҳаяжонимиз.
Қуйни қари-қартанг мукка тинглаган,
Бунда ожиз эди ҳар қанақа сўз.
Уруш мўраларди қўлсиз енглардан,
Юпун хирмонлардан — бебарака куз.
Аям кўкка қушдай интилар эди,
Этагидан ушлаб дийдирардик биз.
Яшил кўсакларда мўлтиллар эди
Чала қолган куйдек болалигимиз.
Булутлар безовта эди осмонда,
Жажжи юракларда—ҳаяжонимиз.
Дадамизни эслаб шунда ҳар тонгда
Мунгли куйлар эди аяжонимиз.
Куй бўлиб учмоқни қиларди орзу
Дадамни бир кўриш қасдида.
Аммо қанотларин ёзолмасди у,
Чунки биз бор эдик қанот остида.

БОЛАЛИК

Илк тонг нури кипригингга қўнар,
Кўкдан ювиб кетар қора уйқуни.
Қаердадир сўнгги юлдуз сўнар,
Шабнамларда қолар учқуни.
Сен оламни илк бор кўраётгандек,
Туғилиш чоғига бўласан гувоҳ.
Ҳаёт эндигина куртак отгандек,
У ҳали бир гўдак, соф ва бегуноҳ.
Лекин бирпасдан сўнг буларнинг бари
Худди болаликдай қолади ортда.
Болаликда кўрган тушлар сингари
Хотираларгина қолар ҳаётда.
Унга кириб келар тутун ва ғулув,
Тердатар ташвишлар, терлатар қуёш.
Олам яна ўша чалкаш ва улуғ,
У яна қадимий, унга миллион ёш...
Орзу олға ундар, хотира—ортга,
Булар бир-бирига, албат, зид нарса.
Лекин, оҳ, қанийди ҳар тонг ҳаётда
Чиндан болаликка бизни қайтарса!
Ҳой-ҳой, келинг,—дея,—ўша кунларим!—
Яхшию ёмонин бирга тўплардим.
Муштлашган, дўстлашган жўраларнинг барпн,
Таниш қушларимни йўқлардим.
Чангли сўқмоқларим таниб олар эдим,
Чашмалар, оқшомлар, лолазорларим,
Таниб олар эдим гулингизнинг ҳидин,
Қирққокил синфдош дилозорларим.
Кўрардим ёшгина онажонимнинг
Юзлари ажинсиз, дилбар чоғини.
Ғамли, ҳаяжонли ҳар бир онимнинг
Янгилаб дилдаги ёғду, доғини.
У билан чиқардим—далалар гилам,—
Яна узоқларга бир кўз тутардик.
Ҳамон жиндаккина илинж қўри билан
Дадамизни жангдан кутардик...
Болалик... умрнинг сеҳрли дами;
Ким билади дейсиз бу ҳолнинг сирин:
Аччиқ-бўлса ҳамки лабларда таъми,
Қалбда хотираси шу қадар ширин!

ҚИРДА

Ойдин жимлик кумуш жарангсимон
Яна бошоқларни шуълага чайди.
Тушиб қолган дондек, мен ҳам бир замон
Шу она тупроқда униб чиқсайдим.
Коинотда порлаб кўринади
Сомон йўл сингари инсон хаёли.
Инсон ўзи ҳамон ерда уринади,
Водийда анқийди арғувон боли.
Инсон кузатади мовий денгизни:
«Қайси сунъий йўлдош, қайси сайёра?»
Аммо қўшни кападаги ўроқчи қизнинг
Нозли кулгисидан қалби чилпора.
Авф этинг уни, порлоқ юлдузлар,
Инсон Ерда худди дарахт сингари:
Дарахтлар юксакка интилган сари
Чуқурроқ кетади ерга илдизлар.

БЕЗОВТАЛИК

Бола эдим. Ойижоним ёш,
Зебигардонлари ярқирар эди.
Сизни йўқлаганда, аста эгиб бош,
Менинг исмим айтиб чақирар эди.
Билмадим, исмимнинг йўқ эди сеҳри,
Менда фахр этгулик нима бўлгандир,
Балки юрагингиз оила меҳри,
Илиқ ҳислар билан тўлгандир.
Ҳар ҳолда, у сизни йўқлаган чоқда
Менинг исмим айтиб чақирар эди.
Сизнинг кўзларингиз эса узоқ-узоқда
Чақнаган юлдуздай ялтирар эди.
Ёшим, эслолмайман, нечадайдикин,
Оёқ яланг чиқдим кузатиб наврўз.
Умид юлдузингиз сўнмади, лекин
Сиз сўндингиз, дада, бемавруд.
Окоплардан яна қалқиди дунё,
Мерос қилиб олди уни наслимиз.
Планетанинг чакка томири гўё,
Ҳамон тепиб турар нотинч асримиз.
Кеча бирдан кимдир мени илк марта
Исмимга исмингиз қўшиб чақирди.
Ёшим энди сиздан бўлса ҳам катта,
Бутун вужудимда чақмоқ чақилди.
Мени чулғаб олди безовта туйғу:
Хўп, мағрур юрарман эслатиб сизни,
Лекин айни дамда дилга тушар ғулув—
Оталар исмига муносибмизми?

ТУҒИЛИШ

Тонг олдидан ёмғир севалаб ўтди.
Кейин кўк очилиб, ёғди юлдузлар.
Ердан ҳовур кўтарилди, худди
Қимирлаган каби зимдан илдизлар.
Қимгадир муқаддас бир зум яқинлади
Қоровул ўчирди сўнгги фонарни.
Июль қуёшининг илк ёлқинлари
Япроқларга сачраб ёнарди.
Ер ёш; софлик жимирлатар этни,
Зориққан ғунчалар очилди боғда.
Панжарадан ошиб чиқиб кетди
Майсазорда юрган яшил шаббода.
Эшикдан эшикка югуриб еларди,
Суюнчи сўрарди, суюнчи.
У гўё тақдирни олдан биларди,
Гўё йўқ дунёнинг ғами, куюнчи.
Ийманиброқ турар ота пойгакда,
Кўксида юлдузи, бир қўли майиб...
Ичкарида эса, оппоқ чойшабда
Жаҳоннинг умиди ётар жилмайиб.

Билмадим, йўлингга кимлар бўлди ғов,
Безиди кулбамдан файзу фаришта.
Кўнгил мулким менинг алғов-далғов,
Қайт, дунёмни қилгил саришта.
Бари ўлда-жўлда—рўзғор, ҳис, хаёл...
Сенинг қўлларингга ҳаммаси муштоқ:
Қувонч гулларимга сув сеп. соҳибжамол,
Қайтиб, кўзларимнинг юлдузни ёқ.
Тонгдек балқи эшигимдан кириб,
Сўнган ўчоқларим ёнсин меҳрингдан.
Бунда ҳамма нарса сенинг билан тирик,
Бунда ҳар мўъжиза сенинг сеҳрингдан.
Хаёл зулматига сочинг чулғанар,
Қийнар илк нигоҳинг мангу лаҳзаси.
Деворда соядек эс-эс тўлғанар
Тунги бўсаларнинг сирли лаззати.

Айтсанг-чи, йўлингга кимлар бўлди ғов,
Безди-ку кулбамдан файзу фаришта.
Кўнгил мулким менинг алғов-далғов,
Қайт, яна дунёмни қилгил саришта.

НОМАЪЛУМ СОЛДАТ

Жасорат майдони—саҳна эмас, ҳа.
Бўлиши шарт эмас гувоҳлар.
Баъзан жасоратга гувоҳ шунчаки
Номсиз тепаликлар, тонглар, гиёҳлар
У тонг каби балқиб туғилади
Пинҳона, ҳар кимнинг қалбида.
Халқ балки билмас, у содир бўлар
Фақат виждон, виждон олдида!
Бугун гул кўтариб келганлар—унга
Бободир, сингилдир, онадир...
У тарих қаърида қолса-да ўзи,
Бизни келажакка чорлаб ёнадир!
Цезарь эрталабдан нохуш эди боғда,
Дунё кўз ўнгида бегона, эриш.
Хунук бир туш кўрди.
Руҳи алағда.
Тушда ўз онасин зўрлаган эмиш...
Дарҳол чорлади у кулли уламо,
Мунажжимлар, фолбинларини.
То таъбир этилсин бу мудҳиш рўё,
Истиқболими бу, олдинларими?
Улар жаҳонгирни танг қолдирдилар,
Туш эмас, бу омад ситораси, деб.
Заминга ҳокимлик ишораси, деб,
Ботин ниятларин ўт олдирдилар.
Ҳа, Замин...
Она-Ер! Чексиз оламда
Тирикликни туққан ягона манзил.
Уни таҳқирлайман деган ҳар банда,
Ҳар худо—разил...

ИККИ ГУЛ

Энди айтсам айта қолай,
Анча бўлди бу гапга.
Бир ёш сулув қизча билан
Ўлтирардик эгатда.
Лов-лов ёнар, камгап экан,
Мен сўзини кутардим.
У ийманиб ерга қарар,
Мен саволга тутардим.
Хаёл кетиб қолар эди:
«Кўзлари мунча тийрак...»
Аммо бугун мен у ҳақда
Хабар ёзишим керак.
Шунинг учун ишга ўтдим,
Тийиб бебош ўйларни.
Жавоблари чала-чулпа,
Рўмол учин ўйнарди.
«Ҳа, жўякка йўл соламиз
Шабнам кўтарилганда...»
«Ҳа, штурвал оғир, лекин
Қийин эмас билганга».
Қуёш тапти ёноғида,
Манглайида — сепкили.
Нафасидан сезилгандай
Сирли тонглар эпкини.
Узоқларга тикилади,
Узоқларда қорли тор.
Гап ололмай қийналаман,
Қиз ҳам менга хайрихоҳ.
«Ҳа, чарчайман... лекин, қаранг,
Оқ булутлар қалқиди... »
У турганда изларидан
Чақмоқ ҳиди анқиди.
Бирга турди пахтазорнинг
Тароватли еллари.
Кўз ўнгимда комбинезон
Сиқиб турган беллари.
...Ёзолмадим мақолани,
Чиқмаслигин билгандим.
Лекин ўша учрашувда
Бир нимани ўргандим.
Меҳнат қилган ўзи билар
Унинг ички зиёсин.
Сўзлаб бериш мушкул экан
Меҳнат поэзиясин.
Дерлар: шеъру меҳнат гули
Дил тўрида битибди...
Шеъриятнинг сирларини
Ким ҳам баён этибди?
Уни баён этиб бўлмас,
Қанча куч сарфламанг.
Гул атрини ҳидлаб билинг,
Гул атрин таърифламанг.

ДЕРАЗА ЁНИДА

Сильва Капутикяндан
Сенга интизорман.
Хира дарпардалар...
Тунги чорраҳадай дунёйим бўм-бўш.
Жимликни сеҳрлаб кўчар шарпалар,
Ҳар қадам товушидан қалбимда жунбиш.
Ҳамон умидворман,
Қалбим маликаси!
Соғинч ва аламдан тун ҳам зим-зиё.
Яна узоқларда шошқин қадам саси,
Бу ҳам ўтармикин, тўхтармикин ё?..
Эвоҳ,
Бу ҳам тўхтамади, ўтди.
Қалбга зардоб бўлиб томди ўкинчи.
Қалб зирқирар,
Чунки уни худди
Топтаб ўтар эди ҳар бир ўткинчи...

КУЗ

Кузги булут келиб оқшом асноси
Боғлар этагида кўздан йўқолди.
Силкитиб уфқнинг ўтли тасмасин,
Чинор тагларида кўлмак сув қолди.
Чинор сўнг бор сезди танида илиқ,
Пилдираб тушганда охирги япроқ.
Сувни чайқадию бир зумлик титроқ
Сўнг яна жим бўлди, осмондай тиниқ
Кўлмакда шафақнинг бир томчисидек
Ёнарди чинорнинг сўнгги туҳфаси...
Бежизмас, шоирнинг илҳомчиси деб
Сени атайдилар, эй ўйчан фасл!

ШАМОЛ

Тунлари интизор кутасан хабар,
Эшик ғирчилласа уйқунг қочади.
Билмасмидинг ахир шу пайтга қадар:
Баъзида эшикни шамол очади...
Билмасмидинг, шамол—енгил, дайди;
Унга муҳаббат ҳам, тақдир ҳам арзон.
Бугун сочларингни силаб эркалайди,
Эртага боғларни этади ҳазон.

ЯПРОҚ

Очил бува юзга қўйди қадам.
Чинор чорлар уни, ёлғиз умрдош,
Фақат чинор унинг дардига ҳамдам.
Қолган ҳамма нарса, ҳатто водий ҳам,
Ундаги денгизлар, дарёлар ҳам ёш.
Турди, ҳар кунгидай, элдан илгари.
Ҳувиллаб ётарди кимсасиз гузар.
Ҳазонга бурканмиш сайҳон чимлари.
Бува кўнглидаги ўйлар сингари
Кўкда паға-паға булутлар сузар.
Кеч куз, совуқ. Чинор яланғоч.
Шохлари қизларнинг сийнасидай оқ.
У тайёр, у кутар, у қишга муҳтож;
Фақат бир бутоқда, гўё ноилож,
Қалтираб турибди ягона япроқ.
Бува, титраб оқ киприклари,
Тихилиб қолди, гўё ўз тақдирига.
Ёнида йўқ яшил, тириклари,
Узилиб учган минглаб шериклари,
Нега шафқат қилган шамол бирига?
Изғиринлар уни юлиб кетмабди.
Бу йилги баҳорнинг сўнгги мероси.
Аёзларнинг унга кучи етмабди,
Ҳамон илиниб турар.
Демак битмабди
Томирлардан келган ҳаёт шираси.
Бува илк бор сезди ғалати тўйғу.
Ёлғизлик... Сариқ барг сал шитирларди.
Қузнинг оч шамоли кезарди ғув-ғув.
Изғиринда чолга чинорнинг мангу
Яшил шовуллаши эшитиларди...

ЧАШМА

У кетди. Қишлоқнинг бўз болалари
Уни бир кўрмоққа ҳамон ташнамиз.
Узоқ эмас чоғи кент оралари—
Бир кун чорлаб келди ойдин чашмамиз.
Қайтиб кетар экан, чашма сатҳида
Юлдузлар безовта тебраниб қолди...
Турмаган эди-ку бу қиз аҳдида,
Нега чашмамиздан яна сув олди?

ЮРАК
Қалб, чида! Сендаги бу янги туйғу
Утдай хавфли, бемавруд ва ёш...
Сир бўлиб қолсин у қаърингда мангу,
Ғаму шодликларга бергансан бардош.
Тасаввур қил, ахир, ҳаммага ҳамма
Сўзласа дардини, шикоятини,
Айтиб бераверса ҳар бир қадамда
Эзгу муҳаббатин ҳикоясини.
Айтиб бераверса барчага барин—
Омаду жудолик ва ёнганини,
Рашк, умид, алами ва афсусларин,
Алдагани, қувонганини.
Юрак сирларини ёйса оламга,
Ғусса уммонида ғарқ бўлар эдик.
Бахт қувончда сузган барг бўлар эдик,
Жой ҳам қолмас эди балки одамга...
Хайрият, бу—ҳар кимнинг ўз иши,
Ҳар ким ўз ичига ютиб юради.
Ишқилиб, мард бўлсин бу ишда киши,
Дарёдай кенг бўлсин инсон юраги!

ЭРКИН

Совуқ эди, оқ қувоқлар шумшук;
Қушлар бўғотларга кириб беркинган.
Фақат битта ҳурпайган чумчуқ
Нимадир кутарди бизнинг Эркиндан.
Нимаси биландир унга ўхшаган
Эркин ҳам қўл чўзди, кафтида ушоқ.
Бехос эҳтиётлик қочди қушчадан,
Эски ошнасини топгандай шу чоқ,
Шохдан шохга тошдай отилди,
Тўкиб қувоқларнинг кумуш нинасин.
Совуқ юмшаб, изғирин ҳам тинди,
Дегандай: орада ноз ҳуркимасин.
—    Мен булбул эмасман, ёки мусича,
Майлими? — дегандай чумчуқ ўзича,
Чурқиллаб, гоҳ қараб унинг афтига,
Учиб келиб, қўнди кафтига.
—    Дадил бўл... — деб
Эркин, баланд тутди,
Эриш қитиқ сезди бармоқларида,
Саховат қуёши ёнарди худди
Совуқдан қизарган ёноқларида.
Ҳар бир ишчан, серсавлат киши,
Шу ерда қадамин секинлатарди.
Тўхтаб хотин-халаж, унутар ишин,
Боболар соқолин селкиллатарди.
Тўхтаб қолардилар.
Чумчуқ эмас, гўё
Мўъжиза топгандай бола кафтидан,
Кўзларида қувонч бир дунё
Жиндак эзгуликнинг оддий тафтидан.

ҚУЁШ

Офтоб чиқди оламга,
Яна ёниқ, яна ёш.
Шундай сахий, шундай сахий
Ҳар томчида—бир қуёш!
Ҳар қорачиғ тубида у
Қувонч бўлиб ёнади.
Қуёш менинг боғларимда
Шарбат бўлиб томади.
Чарақлайди ойналарда,
Ҳамма унга интизор.
Ҳали унинг иши кўпдир,
Ҳали кечга анча бор.
Чарчайди у, чанқайди,
Уни йўлда кутаман.
Қиров қўнган гулбаргни
Кафтларимда тутаман.
Олов ёлларини силкиб
Толиққан отдай ювош,
Иссиқина кафтларимдан
Шабнам ичади қуёш!

МАНГУЛИК

Ўзини денгизга бағишлаб, дарё,
Жилғалар ўлади.
Узоқ-узоқ янграб замонлар аро
Қўшиқлар сўлади.
Ёруғ ёниб,
Шон-шуҳратга қониб,
Юлдуз ўчади—
Йўқлик дунёсига кўчади.
Гоҳ ҳавас қиламан...
Лекин аслида:
Мен у ҳам бўлмасам,
Бу ҳам бўлмасам.
Табиатдай бўлсам: сўлсам-да фаслида,
Сира ўлмасам!

Биламан: йилларнинг оқими
Қонимни совутар қалбимда.
Лекин йилларимнинг асили
Бари бир—олдинда.

Ҳужайрамнинг ҳар бир бўлагида
Аждодлардан мерос қоним бор.
Саҳродаги карвон йўлларида
Ёзилмаган эзгу қонун бор:
Олислардан келган ташна мусофир
Ногоҳ бир манзилда қудуқ топади.

Тўйиб ичгандан сўнг, геолог, шофёр,
Ирғай, ёвшан билан устин ёпади.
Токи қум босмасин қуюнлар келса,
То ямлаб кетмасин қуёш ёлқини.
Ундан кейин келган нотаниш кимса
Топсин қатраларнинг жонбахш салқинин.
Мен билишим керак, билишим керак,
Бир савол қалбимга ларза солади:
Аждодлардан мерос қонимдан бўлак,
Мендан издошларга нима қолади?