Бизда ҳамият. Мунавварқори Абдурашидхонов.

Ҳаво қиш ўлдиғиндан ғоят совуқ эди. Кўчалар билчираб битған, бутун атрофни балчиқлар ифлос қилиб ташлаған эди. Шул балчиқларнинг ўртасиндан, балчиқларға ботған, кийимлари йиртилған, икки кўзи нобажо бир етим бола қўлида асо ушлаб келмоқда эди. Лекин бу етим болани кўрған инсон ҳар қандай ҳамиятсиз бўлса ҳам раҳми келур эди.
Мени ёнимдағи зиёлилар «назар-диққатларина жалб этдирдилар». У етим бола бизларға яқин келди-да, шул ерда одамлар борлиғини билмиш каби қарамакға бошлаб бизларға қарши маъюслик бирлан шундай деди:
— Тақсирлар, менға шафқат этиб бир оз маованат қилинғизлар! — дедиғи бирлан ман ёнимдағи зиёлиларни бир нарса бермакларини таклиф этдим. Маним бу таклифим А. афандиға ўхшамадиғиндан манға таҳқир назари бирлан бир қараб олдиғиндан сўнғра бу етим болаға қараб шўйла дедилар:
— Сен ёшсан. Куч ва қувватинг бор, ўқи, мардикор ишла, андин сўнгра пул топилур, — деб қатъий сўзламишдилар. Заволли бола йиғлаб ёлинғон товуш бирлан:
— Ўргулай почча, ўқий десам кўзларим кўр, мардикор ишламак мумкин эмас, балчикдардан юролмайман, қорним оч, таом еғани қудратим етмайди. ... нима қилай? — дедиғи аснода А. афанди ғоятда шиддатли этиб шундай дедилар:
— Овруполиклар кўр, қулоқсиз кар ва ҳоказо ўқумоғи мумкин бўлмағон инсонларға махсус этиб мактаблар очғонлар ва у мактаблардан кўр, карлардан ўқуб чиқғон ин-сонларнинг ҳад ва ҳисоби йўқ, сан ҳам шундоғ мактабда ўқи.
Шундоғ деб эрдилар, зиёлилар қаҳқаҳа этиб кулуб юбордилар. Ман ҳам шу сўзларни сўзладим:
— Сиз бу сўзларингизни қайси ерда сўзларсиз? Берлиндами ва ё Лундундами, ўзингизни зан этурсиз... ақлингиз қайси ерда? — деб эрдимки, А. афандининг чеҳралари буришиб, ачиғлари бирлан манға қараб:
— Сан ёшсан, ҳали санға гап тушғани йўқ, — деб эрдилар, ман жавобан:
—Афандим? Бу вақтда ёшға қарамайди, ҳар бир киши фикр, акд, зеҳн, хизмат, ҳамиятға қараб қолғондир.
Зиёлилар ҳам А. афандининг сўзларина ғоят даража мукаддир бўлдилар. Вужудлари титрамакға бошлади. Мани ҳам ҳамиятим қайнай бошлади ва зиёлиларға қарши:
— Ажабо! Бизлар ўн-ўн беш киши иттифоқ этиб, шу етим болани тарбия қилсак бўлмайдими? — дедигим вақтда Н. ва Й. афандилар масрур бўлиб қабул этған каби бошларини қимилдотдилар-да, сўнгра шуни илова этдилар:
— Сўзладиғинғиз тўғри, аммо А. афанди келсунлар, сўнгра музокара этамиз.
Бу сўзларина қарши А. афанди ғоят ваҳшиёна бир назар бирлан:
— Сизлар ўзинғизни зиёлиман дейсизлар, аммо ... қилғон ишларинғиз ҳеч бири зиёлиларнинг ишлариға ўхшамайди?
Фақир А. афандининг бу сўзларина ғоят даража хафа бўлиб, шундоғ дедим:
— Демак, сизнинг занинғизча, зиёли бўлмак учун ҳамиятсиз, раҳимсиз ўлмак лозимдирми?.. Агарда зиёли бўлмак учун шу шарт лозим эса, балки, сизни зиёли ўлмоқинғиз лозимдир. Бизнинг занимизға зиёли ўлмак ғоят мушкул бир нарсадир. Зиёли Миллат, Ватан нима эдиғини билур ва зиёли миллат учун жонини, молини фидо этар ва миллатнинг тараққийси учун доимо ҳаракат этар. Вақти келғанда, миллат учун ўзини ҳалокат вартасина ташламакға муҳайё бўлур. Сизнинг билмағинғиз лозимдирки, бизнинг миллатимизға садо ва сўз бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозим эмас. Балки, хизмати, ҳаракати, ёрдами ва ҳиммати бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозимдир. Йўқ эса, «Миллат», «Ватан», «Маданият» — шунға ўхшаш сўзларни билмак билан инсон зиёли бўлмайдир. Агарда шунларнинг маънисини сўрар эсам, балки билмасангиз деб эрдим, А. афанди ғоятда хафа бўлиб, биздан ажралдилар. Биз ҳам буни кўриб, кулиб қолдук. Бирда қарасам заволли бола бир деворға суянмиш ётиюр.
— Сан ҳозирча бориб тур. Эрта ва ё бириси кун кел. Ул вақтда сани ўз ёнимизда тарбия этамиз!
— Раҳмат, раҳмат, Худо хайр берсун, — деб кетди. Бизлар ҳам иттифоқ бирлан ҳар биримиз ҳар тарафға,
А. афандини ҳолиға таассуф этуб тарқалдук.

Муҳаррам
«Садойи Туркистон» №58, 1915 йил 6 феврал