Абдулла Қодирий «Ўткан кунлар» романида Юсуфбек ҳожини айнан ҳожилиги эътибори билан юксак бир мақомга кўтариб қўйгандир. Бу қаҳрамон маиший-ижтимоий жиҳатдан ақл-заковати, фаҳм-фаросати, гўзал одоби, муомала-муносабати, қўйингки, барча-барча фазилатлари билан ажралиб туради. Бу нурюзли сиймо талъатидан таралган ёғду бутун роман борлиғига ойдинлик бағишлайди.
Ёзувчи Юсуфбек ҳожи мақомини маълум бир ишоралар, рамзлар воситасида юксакликка кўтаради. Уни бир ўринда чин дилдан Қуръон ва «Далойил» мутолаасига берилган киши сифатида тасвирлайди. Романинг бошқа бир саҳифаси — Кумушнинг кўзи ёриши арафасида ҳам ҳожи «хурсанд ва хафалиги номаълум қиёфади» «Далойил» ўқиб ўтиради. Бугунги маърифатли ўқувчи учун Қуръони каримнинг қандай китоблиги ёки мазмун-моҳиятини изоҳлаб беришга ҳожат йўқ. Бироқ Абдулла Қодирий асарларида тез-тез тилга олнадиган «Далойил» хусусида эса икки оғиз сўз жоиз.
Ўтган аср аввалида Қозон матбаахоналарида босилган ва юртимиз зиёлилари орасида машҳур бўлган «Далойил ул-хайрот» муаллифи МУҳаммад ибн Сулаймон Жазулий исмли кишидир. Китоб ёзилишининг қизиқ бир тарихи ва уни ўқиш шарти ҳамда одоблари бор. Биринчидан, комил бир машойихдан изн олиш лозим. Иккинчидан, уни ўқувчи киши ейиш-ичиш, савдо-сотиқ каби амалларда ҳаромдан ҳазар этиши керак. Учинчидан, ўзи ҳам, кийим-кечаги ҳам пок бўлиб, уни ўқишда хатога йўл қўймаслиги лозим. Тўртинчидан, тажвид (тўғри талаффуз) қоидаларига амал этиши ҳамда ўқилаётган дуо ва тасбеҳларнинг маъносини имкони борича билиши керак. Бизнингча, умуман шунга ўхшаш барча талабаларни Юсуфбек ҳожи комил бир инсон сифатида тўла-тўкис адо қилган. Акс ҳолда, дуолар, тасбеҳ ва салавотлардан таркиб топган «Далойил»ни ўқишга ҳожи жазм этмаган бўлар эди.
Абдулла Қодирий бундай мўътабар китоблар қадр-қийматини яхши билган, албатта. Демак, китоб моҳияти ортидаги син-синоатни, умуммоҳиятни англаб олиш ўқувчи кўзи ўнгида «Далойил» ўқиётган Юсуфбек ҳожи сиймосини яна ҳам серфазилат, маънавий-руҳий дунёси янада бўртиб кўринишига сабаб бўлади.
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори