Бу сўз менга тинчлик бермайди.
Йилларки оромимни олган, осойиши жонимдан маҳрум этган бу сўз, бу сўзки — фироқида фаслларим куймишлар. Аввалига фалакнинг интизор кўзидан томган қатра шабнам бўлиб туюлган сўз бора-бора ёллари олов учқур тулпорга айланди, тулпорга айланди-ю олиб кетди мени. Олиб кетди! Аввалига зор этди бу сўз, кейин хор этди, кейин эса — бор эди. У мени ҳаётнинг қайтмас навозишларидан айирди, дунё роҳатини жонимга ғаним этди, мени ўтларга тутоштириб, яқин азиз кишиларимдан узоқ-узоқларга улоқтирди — парчаланиб кетгандай бўлдим. Бироқ мен ўзимни сўзма-сўз, сатрма-сатр яна қайта бошдан тикладим, барбод бўлдим, бунёд бўлдим!
Шеърият.
Бу сўз менга уйқу бермайди.
Кечалари кўзларидан олов пуркаб, тушларимга бостириб киради. “Уйғон, — дейди, — уйғонгилки, бедорлик сенга қисмат ўлмиш”. Асрнинг барча фожиалари, шикаста кўнгилларнинг бор аламу армонларига гўё мен сабабчидай — бу сўз мени сўроққа тутади, жавоб истайди.
* * *
Қоронғуликда тимирскиланиб магнитофон тугмачасини босаман. Ўтлуғ овоз:
Онагинам!
Дориломон кунлар келди шафақлари ол.
Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.
Етганларни ҳам, етмаганларни ҳам бирдек йиғлатган, ҳаяжонлантирган қўшиқ. Қўшиқ эмас, кўнгил боғларидан эсган сабо. Тириклик сабоси. Бу сабо қоронғуликда нурланиб эсади. Тақдирлар зулматига ҳам худи шундай зиё сочиб, шуълаланиб киради.
Ҳалима Худойбердиеванинг китоблари шеърлардан эмас, аслида шундай саболар, эпкинлардан тузилган. Муқовани очдингизми — саҳифалар ҳилпирай бошлайди, сатрлар эпкини юзга урилади, ундан кўнгилга ўтади ва юрак ҳам бир япроқ сингари титроққа тушади.
...Мен бу китобни узоқ изладим.
Олис талабаликда саратон ҳаётимга тасодиф шамолдай бирров эсиб кирган юпқагина шеърий тўпламни шамолдай бир қиз, мендан сўрамай сочларининг шамоллари аро яшириб олиб кетганидан буён излайман. У қиз эсимда йўқ, китоб эса.
Сатрларнинг нозик новдалари, сўзлар-япроқларнинг шивири, япроқлар пинжида яширинган оқ олмалар — фикрлар. Орадан ўн йиллар ўтиб бу “еллар тўпламини” қандай тасодиф билан йўқотган бўлсам, худди шундай тасодиф яна қўлимга қайтаради: “Оқ олмалар!”
Муқовасини очишга ботинолмайман: қанча йиллар, қанча тақдирлар ўтди.
* * *
Менга ҳозирча биттагина шеър керак.
Саҳифалар, оқ эпкинлар ва мана, қийғос гуллаган олчадай “тошқиниб” ўша шеър чиқади:
Онагинам!
Дориломон кунлар келди, шафақлари ол,
Қаён боқсанг, шайланишар ва созлашар тор.
Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол:
“Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”.
Шу оқлик, муаттарлик ичра беихтиёр устоз Шайхзоданинг армонли сатри ёдга келади: “Нечун ранглар аро кўпдир қаро ранг?”
Ҳалима Худойбердиева шеърларини ўқиб “ранглар аро” оқ рангнинг тантанасидан, “дунёнинг юзлари ёришиб бораётганидан” кўнгил ҳам ёришади. Ахир “Оппоқ ранглар керак одамизотга”.
“Бахтсиз дунё бахтсиз кимсаларни ёмон кўради” деган экан бир бахтсиз шоир. Дунёга ҳам, одамларга ҳам мушфиқ сўзлар керак. Ҳамманинг бошида кўргулиги бор, ҳамманинг ғам-ташвиши ўзига етарли, одамларга шеърий аламлару, қофияга солиб айтилган ҳасратлар эмас, дардига малҳам гиёҳ-сатрлар керак:
Боғлардаги етилгуси ҳар мевали шох
Ризқдир бизга, ризққа доим дил илинжликдир.
Ўғлонларинг келар ана, очишиб қучоқ,
Фарзандлар ҳам мева қадар бир ширинликдир.
Шеърият ноз-карашмани суймайди. Бу даргоҳда пардоз-андозлар бефойда.
Бунга қалб кўзгуси ила келадилар, сиёҳни эса дил қонидан оладилар.
* * *
Севги. “Сойда янги қиличдай ой порлаётибди”. “Қара, дарёда бир оқ гул ёниб турибди”.
Қайснинг қиссаси ҳали поёнига етмаган. Лайлининг лоласи ҳали ҳам ўша-ўша — бағри доғ. “Ишқ” сўзи “қўшиқ” ила қофиядош, бироқ “қиш” ҳам қофияга талабгор. “Бу ҳаётнинг қадаҳини ким тўлдирибди”. Ким?
Тарих тақирларида лолалардай қақраган шоиралар: Зебуннисо, Увайсий, Нодирабегим. Шарқнинг қиличзорларда унган қизил гуллари. Улар қолдирган ғазаллар — кўнгил қонидан яралган ёқут маржонлар.
Лайлининг қиссаси ҳали тугамаган. “Кўз ёшимдан сиёҳ қилар эдим қуюқ, киприк билан ёзиб битказар эдим”. Буни мозийдан Нодирабегим эмас, ХХ аср шомида ўзимизнинг шоирамиз айтаяпти.
Таланти чимилдиққача зўрға етган шоиралар, қувваи ҳофизаси асал ойидаёқ узилган шоирлар. Баъзан заифона янграётган мардона овозлар. Муҳаббат кўчасидан ўтмаган, лекин “севги” дея пўк кўксига мушлаётганлар озмунчами?
“Бегим” сўзини олайлик. Бу ўрусчага ўгирганда “Мой бек” деган сўз эмас. Бу — бир пайтлар миллий таомил, аёлнинг завжига нисбатан олий эҳтироми, айни пайтда оилавий назокатни билдирган. Эскилик сарқити эмас. Бу билан барча аёллар эрларини “бегим” деб чорласинлар демоқчи эмасмиз. Ҳалима Худойбердиевада бири шу сўз билан бошлангувчи ва яна бири шу сўз билан якунланувчи икки ажойиб шеър бор. Ва бу сўз ушбу шеърларда ўша шарқона назокат ила қойиллатиб айтилган.
“Оқ олмалар”даги “Қўмсаш” бобида берилган шеърлар вужудни жимирлатади. Биз “Она Ватан”, “Ота юрт” деймиз. Ота ҳақидаги бу сартлар айни чоғда Ватан ҳақида эмасми:
Гарчанд умр сўнгигача инсонга сермеҳнат йўл,
Билмадингиз Сиз дунёда борми унинг адоғи.
Кўз олдимдан ўтаётир у чапдаст, сертомир қўл
Ва кафтларнинг ўчмас муҳр, танга-танга қадоғи.
Қорайган сахий тупроқнинг ранги акс этар унда,
Минг кишилик давраларда бўлсангиз ҳам топардим.
Ўша қўлингиздан таниб топар эдим, оҳ, шунда
Гўдакликнинг соғинчи-ю, зори билан ўпардим.
* * *
Гап фақат “Оқ олмалар”дагина эмас.
Шоиранинг “Чаман”, “Иссиқ қор”, “Суянч тоғларим” сингари шамол тўпламлари кўнгилларнинг муштоқ боғларига аллақачонлар эсиб кирган.
Шабада шеърлар. Шеърлар шабадаси.
Бу шабадалар бора-бора елларга, еллардан шамолларга айланди.
Шамоллар, барглар аро олмалар оқариб боряпти, оқ олмалар.
Тафаккурнинг, кўнгилнинг, орзу-ниятларнинг оқ олмалари.
Бутун мамлакатнинг кўксига жонбахш шамоллар эсаётган бир пайтда шу шамолларга бир насим бўлиб қўшилмоқ, ёйилиб-ёйилиб, ястаниб-ястаниб эсмоқ нақадар жозибали!
“Мен оппоқ қўшиқлар айтяпман бугун”.
“Алвон-алвон қўшиқлардан айт” дейди шоира.
Унинг қирмиз овози — шеъриятимизнинг қизил атиргули.
Унинг оқ шеърлари — меҳрнинг оқ олмалари.
Ҳалима Худойбердиева “тулпор” сўзини яхши кўради. Бу тулпорнинг ҳам ранги оқ. Оппоқ. Унинг ёлларидан оқ шамоллар ва юлдузлар сачрайди.
1987
Сирожиддин Саййид