Навоий дин нуқтаи назаридан – улуғ илоҳиётчи, яъни Худосевар, фикр эътибори билан – буюк мутафаккир, мутлақо эркин мушоҳадали Шахс, ижодкорлик маъносида эса – санъаткор. Дин, фикр, санъат – булар Навоий шахсида ҳам, шеъриятида ҳам бир-биридан ажралмайди. Навоий ҳеч вақт яхшиликни ҳақиқатдан, ҳақиқатни гўзалликдан ажратиб талқин этганмас. Навоийда ҳақиқат фақат ГЎЗАЛЛИК орқали юз очади.
Мана, дин масаласини олайлик. Дин – мангу таълимот. Диннинг абадияти ҳам, оламнинг абадий дини ҳам Оллоҳ ишқидир. Шунинг учун ориф одам ҳар бир улуғ диннинг “пойтахти”да Худо ҳокиму мутлақлигини яхши билади.
Навоийнинг динга муносабатидаги бош нуқталаридан бири, балким, биринчиси ана шудир. Навоий Руҳоният оламига йўл очувчи, бутун шеърияти давомида Оллоҳни идеал мавжудлик сифатида тасвирлаган санъаткордир. Эҳтимол, шу боисдан ҳам Навоий шеърларининг таркибида барча нарса илоҳийлашган. Шоир мисраларидаги “тимсол” ва “белги”лар ҳам Оллоҳдан хабар етказиб туради. Навоий шеъриятидаги Нур ҳусни мутлақ нуридир. Навоий ижодиётида ислом динининг таъсир қудрати ва улар ўртасидаги руҳий, ахлоқий, маъруфий боғлиқликлар узоқ вақтлар давомида сохталаштирилиб, нотўғри талқин этиб келинганлиги ҳаммага маълум. Афсуски, ушбу масалани ўрганиш ҳозир ҳам тўғри ва кенг йўналишини топгани йўқ. Мен бир мақоламда “...Алишер Навоийнинг кўпгина аҳлоқий, ижтимоий, маънавий қарашлари ислом таълимоти билан боғлиқ. Лекин шунга қарамасдан, Навоийнинг ижодий тажрибаларини диний мезонда баҳолаш ёки уни диний ақидаларнинг тарғиботчиси сифатида улуғлаш мумкин эмас. Чунки, Навоийнинг илҳоми ҳам, санъаткорлик меҳнатлари ҳам диний тушунчалар доирасига сиғмайди”, деган фикрни айтган эдим. Муҳтарам муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бунга жиддий эътироз билдириб, танқидий мулоҳазаларини матбуотда эълон қилдилар. Мен бу ерда мулоҳазага киришмоқчи эмасман. Қолаверса, Навоийни диндорликдан “қутқариб” қолиш ниятим йўқ. Аввал ҳам бўлмаган менда бундай ният. Демоқчиманки, ижод ва ижодкорлик психологиясини чуқур билмасдан туриб, санъат қонуниятлари, айниқса, унинг дунёни образли идрок этиш эҳтиёжларини ҳисобга олмай, Навоийнинг умуман динга муносабатини ҳаққоний баҳолаш мумкин эмас. Бунинг учун узоқдан далил-исбот ахтаришга ҳожат йўқ. Навоийнинг ўзини қийнаган барча муаммолар, изтироб ва дардларига, айтайлик, ислом дини, унинг муқаддас китоби “Қуръон” ёхуд ҳадислардан тўла-тўкис жавоблар топганида:
Қуёш йўқки, бир зарра моҳиятин
Топа олмади саъй ила фикратим.
Не келмак аён бўлди, не кетмагим,
Не мабдаъ яқин бўлди, не ражъатим.
Не касби улум этти ҳал мушкилим,
Не тутти илик тақвию тоатим,
деган гапларни ёзармиди? Алишер Навоий ҳақиқат ахтарувчигина эмас, унинг ўзи парчаланмас Ҳақиқат, мислсиз Маърифатдир. Қайси жиҳатдан ёки қайси нуқтаи назардан Навоийга мурожаат этмайлик, мана шу моҳият доимо эътиборда турмоғи шартдир.
Бизнинг классик адабиётимиз ҳозирги замон масалаларига бугунги ёзувчи, шоирларининг асарларига қараганда аниқ, теран ва таъсирчан жавоблар бера олади. Шу жиҳатдан ҳам Навоийга тенг келадиган санъаткор йўқ. Навоий туркий тил, туркий руҳият ва туркий тафаккурни шундай юксак чўққиларга кўтарганки, буни фақат орзу қилиш мумкин.
Қушқа юнг маскан аро хушроқ дурур озодлиғ,
Бўлғонидан банд аро сайёди бебок доми била,
дейди шоир бир ғазалида. Ҳатто қушга ҳам қарамлик ва кишанни раво кўрмаган шоирнинг инсон эрки ҳақидаги қарашларини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг. Октябр инқилобидан сўнг қуллик, қарамлик, қўрқоқлик, мутелик қон-қонимизга сингиб борган сайин биз Навоийнинг озодлик, чинакам инсоний ҳурлик тасвирланган фикру туйғуларидан йироқлашдик. Биз Навоий олдида гўё бахтимизни, эркимизни кўз-кўз этдик. Лекин зулм ва истибдод соат сайин бизнинг нодонлик ва жоҳиллигимизни кучайтирди, фикрий ва маънавий ҳалокат гирдобига тортди. Хулоса шуки, Навоийни бошқача ва қайтадан ўқиб-ўрганмоқ керак. Ана шунда қилинган анча ишлар нурсиз, ҳатто аянчли бир тарих бўлиб қолажак. Бу эса, халқимизнинг ақлан, руҳан янги тарихга одим ташлаётганидан бир исбот бўлажакдир.