“Руҳ раҳмони эрур...”

Алишер Навоийнинг ғазалларидан бирида шундай гап бор:
Дедим: назм аҳлининг сархайли ким бўлғай, деди ҳотиф:
Навоий бўлғай, ул кимсен тилайдурсен агар бўлғай.
Ўша ҳотиф – ғайбдан овоз бергувчи заррага ҳам адашмаган. Навоий ҳақиқатда ҳам шоирларнинг сардори – барча давр туркий шеъриятининг султони эрур. Алишер Навоий шеърияти санъаткорликнинг буюк мактабигина эмас, ҳақиқий мезони ҳамдир. Навоий ижод тажрибаларига таяниб адабиёт тараққиёти ҳақида мулоҳаза юритишимиз ёки “Шоир ким, унинг асосий ҳунари нима?” – деган сўроққа аниқ жавоб топмоғимиз мумкин. Мен гоҳо Навоий яшаб ижод қилган даврни ўзимча хаёлан тасаввур айлаб, Ҳазрат шеъриятининг ўқувчилари, мухлисларини бирма-бир кўз олдимга келтиришга уринаман. Улар кимлар? Энг аввало, шоирлар, ижодкорлар – Гўзаллик ва шеъриятнинг сир-асрорини ҳам, қадр-қимматини ҳам чуқур англай оладиган кишилар. Кейин илм аҳли – Навоийга олимларнинг – шоири, шоирларнинг – олими деб қараган, Навоийни илм-фаннинг толмас муҳофизи, буюк маърифатпарвар ўлароқ эъзозлаган олиму уламолар. Яна бир тоифа: Навоий асарларида фалсафанинг энг мураккаб, энг долзарб муаммолари ҳам шеър тили ила бағоят гўзал тарзда талқин қилинишига  тан берган файласуфлар. Хуллас, Алишер Навоий шеърияти гулшанидан баҳрамандлик кўнгил эҳтиёжи бўлиб қолган мусаввирлар, муғаннию ҳофизлар, давлат ва ҳокимият соҳиблари, Ҳақ йўлчилари – дарве, фақир, ориф ва ошиқлар, мадраса талабалари, дин ва шариат вакиллари, косиблар, ҳунармандлар, деҳқонлар...
Эҳтимол, бу қайдлар кимларгадир эриш туюлар. Лекин эриш туюлмаслиги керак. Оддий китобхонни қўя турайлик. Шоир – шоирнинг, ёзувчи – ёзувчининг ёзган нарсасини ўқимай қўйган замонда, ўқувчининг дид, савия ва ички талаблари деярли унутилган бир даврда, кўпчиликнинг Навоийга қизиқиш сабаблари тўғрисида ўйласа асло зарар қилмайди.
Дарвоқе, бундан бир неча йил аввал матбуотда “Навоий хослар шоири”, деган бир фикр айтилган эди. “Хослар” – алоҳида тоифа демак. Одатда аҳли тасаввуфга хослар дейилади. “Аъхос” – хосларнинг хоси, “хос” – сараланган кишилар жамоаси ёки маъни эранлари, “авом” – саводсиз ёхуд саводи паст оддий халқ, “аъом” – авом даражасига ҳам кўтарилмаганлар гуруҳи. Булар тасаввуфий истилоҳлар. Шунинг учун на тасаввуфий нуқтаи назардан, на илм, савия, маданият мезонига кўра Навоийни “хос лар шоири дейиш ҳақиқатга мутлақо мувофиқ келмайди. Навоий шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам, ошиқнинг ҳам, орифнинг ҳам – ҳамма-ҳамманинг шоири. Навоий шеъриятидан ким нимани ахтарса, шуни топади. Фикран ва руҳан ким нимага талабгор бўлса,унда барчаси мавжуддир. Ҳатто золим ва жоҳил, нодон ва гумроҳ ҳам Навоий шеърларидан шифо топади. Чунки Навоий шеъриятида битта бош мақсад бор – комиллик. Битта сарбон туйғу мавжуд – комиллик туйғуси. Асосий биргина нур қайноғи бор – ишқ.
Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин,
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасин.
Нега? Негаки икки жаҳоннинг ҳам мазмун-моҳияти ва саодати шу ишқу ошиқликдадир.
Комиллик тўғрисида сўз юритилган айрим қадимий китобларни ўқиганда, комиллик мақоми замин одамига насиб этмайдиган бир юксакликка ўхшаб туюлади. Тўғри, комил инсон мартабасини эгаллаш сермашаққат – риёзар ва назоратни талаб этадиган иш. Тасаввуфий мазмундаги комиллик шартлари янада оғирроқ. Лекин Навоий масалани мураккаблаштирмайди. Аксинча, ҳар қандай мураккаблик ва қийинчиликни осон ҳал қилиш йўл ёки усулларини кўрсатади. Шулардан бири, эҳтимолки биринчиси, комиллик даъвосини дилдан супуриб ташаб ноқисликка нигоҳни қаратиш, яъни ўз нуқсонларининг мушоҳадасига киришиш:
Ноқис улдирким ўзин комил дегай,
Комил улким нуқсин исбот айлагай.
Ўз камолидин демас аҳли камол
Аҳли нуқсон ичрадур бу қилу ҳол.
Сенки нуқсон ичра комилсен, басе,
Олим айтиб ўзни, жоҳилсен, басе,
дейди шоир. “Нуқсон ичра комил”лик дегани нима? Бу – нафс панжасидан халос этилмаган ўзлик. Навоийнинг комиллик маслаги нафс ҳукмронлигидан бутунлай озод янги бир руҳоний “Мен” салоҳияти ва қудратига асосланади. Инсоннинг имони ва виждонини ана шу “Мен” ўз тасарруфига олмагунча, у ҳеч қачон комиллик завқига етиб боролмайди. Ҳурлик, эзгулик, ҳақиқат тўғрисидаги иддаолар шунчаки қуруқ гап бўлиб қолаверади. Шарқнинг буюк шоирларидан бири “Оллоҳни жуда очиқ кўришни истасанг, “Мен”ни жуда очиқ кўришга ўрган”, деганда нафс учун “ўлган” руҳ учун ҳаёт бошлаган ўша янги “Мен”ни эътиборда тутган. Навоий бир ғазалида:
Руҳ раҳмони эрур, нафс эру шайтони,
Иккисин бир-бирига қўшмоқ эмастур машрут,
деркан, худди шу “мен” тақдири учун жавобгарликка чорлагандир. Инсон қисмати ва маънавиятида тасаввур этиб бўлмас ўзгариш, ғаройиб янгиланишлар ижодкори бўлмиш ушбу “Мен” хусусида сўзлашимизнинг яна бир сабаби бор. Азизиддин Насафий “Комил инсон” номли китобида ёзади: “Билгилки, комил инсон қуйидаги тўрт нарсага мукаммал шаклда эга бўлган инсондир. Уларнинг биринчиси – яхши сўз, иккинчиси – эзгу фаолият, учинчиси – гўзал ахлоқ, тўринчиси - илм”. Бу тўрт нарсага эришаг киши комил бўлиши мумкин, бироқ ҳурлик шавқини қўлга кирита олма сэкан. Сабаб? Чунки у ҳали тарк ва фано ҳолининг мададига муҳтождир. Чунки у яхши ахлоқ, яхши амал ва илмда нечоғлик илгарилаган бўлмасин, тўла маънода кўнгил тозалиги ва осудалиги, фориғлик ва холисликни умр мазмуни даражасига кўтармоққа қодир эмасдир. Хўш, нима қилиш керак? Фано “тажриба”сига таяниш, фано ҳолидан нажот кутиш лозим. Навоий ғазалларидан бирида:
Дединг: “Фано тнедур?” Мухтасар дейин: “Ўлмак!”
Ки шарҳин тиласанг юз рисола бўлғусидир.
Бизда фано шарҳида бирор рисола ҳам йўқ. Шунинг учун ўша мухтасар шарҳ: “Ўлмак, йўқ булмак”дан бошқасини деярли билмаймиз. Ҳолбуки, Навоий девонларидаги неча юзлаб байтлар, бутун бошли ғазаллар фано талқинига бағишланган. Мана, ўша байтлардан айрим намуналар:
Кирсанг фано тариқиға девонавор кир,
Ул важҳидинки, ақл бу йўлда ақиладур.
ёки:
Фано майхонасида қил гадолиғ,
Десангким, бўлмайин султонға муҳтож.
Фано тариқининг бош талаби ва туб моҳиятини шундай шарҳлаш мумкин: инсоннинг ихтиёр ва иродаси – унинг сифатлари, бошқача айтганда, шахснинг сифатлари унинг ихтиёр ва иродасини ифода этади. Лекин ўзининг башарий иродаси билан у Ҳақдан ажралган. Яъни ирода ўртадаги ҳижоб. Демак, инсон ўз-ўзига ноқислик, ожизлик, кучсизликларини бутунлай енга олиш имкон ва иқтидорига эга эмас. У фоний нарсадан кечиб, боқийга эришмоғи лозим. Ҳақ иродаси ҳам азалий, ҳам қудратлидир. Илоҳий ирода эгаси бўлиш эса, юқорида айтганимиз, одамнинг барча маҳлуқотлардан буюклиги ва устунлигини намойиш этадиган қудратли “Мен”нинг туғилишидир. Шунинг учун ҳам Навоий:
Дема жоми фано ичра эзилмиштур ажал заҳри,
Навоий, жон бериб, ул жомни чекмакдур армоним, –
деб ёзган.
Маълумки, комил инсон тушунчасини тасаввуфга бирнчи бўлиб Муҳиддин Ибн Арабий олиб кирган ва назарий жиҳатдан асослаб ҳам берган. Унингча, “Инсони комилдан юқори мукаммал бир мавжудлик йўқдир. Бу дунёда, инсонлар орасида камолга етишмаганлар ҳайвони нотиқ – улар фақат сувратда инсондирлар, холос”. Бу фикрлар беихтиёр Навоий бобомизнинг бир қитъаларини  хотирга келтиради:
Аҳли маъни гуруҳида зинҳор,
Ҳеч ор айлама гадолиғдин.
Ким буларга гадолиғ ортиқдир,
Аҳли суратға подшоҳлиғдин.
Демак, “аҳли маъни” комил инсонлар, “аҳли сурат” комиллик насиб қилмаган кимсалар. Навоий шеърияти комиллик фазилати ва ҳақиқатларининг мислсиз бир бадиий қомуси. Биз энди унга мутлақо бошқача қараб, мутафаккир бобомизнинг шеър ва достонларини чуқур ва ҳаққоний ўқиб-ўзлаштирмоғимиз зарур.