“УЛ МАЛАК СИМОКИ...”

Ул малак симоки, борча илм бўлмиш ёд анго,

Рўзу шаб дарсу сабоқ такроридур муътод анго.

Илм таҳсили сулуки ичра солик бўлғоли,

Ақл пиридин дамо-дам еткуси иршод анго.

Сарфу наҳву мантиқ ичра токи саъй этти аён,

Себвайҳ руҳи қилур таҳсину ҳам имдод анго.

Қилғали илми калому ҳикмат ашколини ҳал,

Ҳаддин афзунроқ берибдур Тангри истиъдод анго.

Насб этарга ҳаймаи илм андоқ этти жидду жаҳд,

Ким мадад еткурдилар ақтоб ила автод анго.

Гўйё илми ладундин топибдур баҳраким,

Ҳар каломи рамзидин ҳайрададур устод анго.

Илм ила, ё раб, анинг қил рутбасин андоқ баланд,

Ким бори олимлар ўлсун тобиу мунқод анго.

Илм андоқ ганжи нафъидур бани одамғаким,

Кимда ул бўлса, ики олам бўлур обод анго.

Касби илм этмай киши гар қилса маҳзи жаҳл ила,

Икки олам обрўси бўлғуси барбод анго.

Олим улдурки шариатдин тажовуз қилмаса,

Гар тажовуз қилса, билгил, пешадур илҳод анго.

Илмдин бебаҳра эл ҳолини билмак истасанг,

Огаҳийнинг зор ҳолин билгил истишҳод анго.

Улкан сўз санъаткори Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг “Таъвизул ошиқин”да мазмун-моҳияти ўзига хос, оҳанг ва ифодаси жуда таъсирли ғазаллар кўп. Лекин ушбу шеърга айнан ўхшаши йўқ. Шоир унда ишқ-муҳаббатдан эмас, илм ва ирфондан баҳс юритади. Умуман олганда, илм ва маърифатнинг куч-қуввати, инсон тақдири ва жамият ҳаётидаги аҳамиятини талқин қилиш адабиётдаги кўҳна мавзу. Олим образини яратишда ҳам шеъриятда салмоқли ва ибратли натижаларга эришилган. Шунга қарамсдан Огаҳий ғазални янги муносабат, янги фикр ва характер даражасига кўтаришга муваффақ бўла олган. Шеър қаҳрамони илм учун туғилган. Яъни Оллоҳ унга “ҳаддин афзун” истеъдод берган. Шунга яраша илҳом, шунга мувофиқ меҳнат ҳайратланарли илмий ютуқ ва ирфоний зафарларни қўлга киритишига унга кенг йўл очган.

“Эҳтиросим – менинг мушоҳадам”, дейди бир файласуф. Бу гап файласуф ё олимдан кўра кўпроқ шоир-санъаткорга тегишли. Зеро, чинакам шоир туйғу ва эҳтирос одами. Ҳар қандай фикр, тушунча ёки мулоҳаза шоир юрагида энг аввало оловли бир ҳис, эҳтирос тарзида бош кўтаради. Ана ундан сўнг маъно ё ҳақиқат ўлароқ оҳанг ва ранг топади. Оҳанг ва ранг эса ҳамиша Дард, Изтироб товуши, ҳол, кайфият, руҳий муносабат эврилишлари демак. Дунёда нима кўп – олим кўп. Бирлари билағон, зукко – илм ва олимлик шарафини оқлашга қодир кишилар. Бошқалари ўртамиёна, лаёқатсиз, қандайдир бир масалага ёпишиб олиб, умрини “ҳариф” чайнаш билан ўтказадиган кимсалар. Бунақа зотлар одатда ўлгудай қайсар, фаросатсиз, ҳеч пайт бурнидан нарини кўролмайдиган инкорчи бўлишади. Бунинг асосий бир сабаби ҳақида Азизиддин Насафий шундай дейди: “Кимнинг билими фақат биргина илм тармоғи билан чекланиб қолса, унинг фикр-қараши ҳам шу қадар тор ва маҳдуд бўлади. Бу тоифадаги бандалар теран илм соҳибларини душман ҳисоблайдилар. Илмдан кўп улуш олган кишининг нуқтаи назари эса жуда кенг бўлганлиги боис улкан олимларни улар яхши кўрадилар”. Огаҳий ғазалини шу фикрнинг ёрқин бир далили дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам шеър ўқувчида бир қувонч, ифтихор, катта бир ҳодисадан қаноат туйғуси билан битилгандай таассурот уйғотади. Ва илк байтдаёқ шу нарса сезилади:

Ул малак симоки, борча илм бўлмиш ёд анго,

Рўзу шаб дарсу сабоқ такроридур муътод анго.

Илмнинг талаби – ўрганиш, билиш, тадқиқ ва талқин қилиш. Олим қанча кўп билса, қанча кенг ва теран мушоҳада юритса, савияси ўшанча юксалиб, диди ўткирлашиб боради. Акс ҳолда ҳар қанақа олимнинг онг ва идроки кўлмакдан фарқланмай қолади. Огаҳий таърифлаган олимга хос илк фазилат илм қамровининг бағоят кенглиги (“борча илм бўлмиш ёд анго”) бўлса, иккинчиси, заҳматкашлик: у кунни тунга улаб изланган, риёзат чекиб толиқмаган. Шу ўринда бир нарсани аниқлаб олишга тўғри келади. “Малак симо” деганда шоир кимни назарда тутган – олимними ёки олиманими? Аслини олганда, бундай савол қўйиш мақсадга унча мувофиқ эмас. Чунки умрини илм-маърифатга бағишлаган истеъдодли одам – у аёлми, эркакми, бундан қатъи назар – ҳам ақлан, ҳам қалбан, ҳам руҳан тозаланади, нафсига сайқал беради. Олимни фариштага ёвуқлаштириб, пайғамбарларга издошликка чорловчи хусусият ҳам ана шу.

Ғарб олими Роберт Фрогар ёзади: “Уч гуруҳ пайғамбар бор: биринчиси, қонунни, диннинг зоҳирий шакллари ва ахлоқ тажрибаларини жорий айлаган пайғамбарлар. Уларнинг энг гўзал вакили ва намояндаси Ҳазрати Мусодир. Иккинчи гуруҳ: қонун ортидаги ботиний руҳни кашф этганлар. Ҳазрати Исо уларнинг энг пешқадам вакили эрур. Ва ниҳоят зоҳир, ботин бирлигини ўргатиш учун юборилган пайғамбарлар. Ҳазрати Иброҳим ва Ҳазрати Муҳаммад (а.в.с.) ана шу тоифанинг сардоридурлар” (“Қалб, нафс ва руҳ”, Истанбул, 2005, 80-бет). Шунинг учун Шарқнинг ҳақиқий олим ва алломалари зоҳирий мавжудликларга тирмашиб олиб, ботиний ҳақиқатларни, ботиний илм манфаатларини ёқлаб, зоҳирий илмларни инкор этишмаган. Огаҳий ҳам худди у тушанча тарафдори. Шоир “малак симо” ибораси орқали эса инсон сийратининг гўзаллашуви, комиллик мақомини эгаллашда илм ва ирфон имтиёзининг беқиёслигини таъкидлаган. Маълумки, малак шаклда Оллоҳнинг бошқа жонлиларига ўхшамайдиган нурдан яратилган мавжудликдир. Оллоҳнинг бутун амр ва хоҳишларини нуқсонсиз адо айлайдиган, борлиги қабул қилинган, бироқ кўзга кўринмайдиган малаклар ҳар нарсадан мақаддам яратилмишдир. Шу боис Қуръони каримда малакларга, яъни фаришталарга имон келтириш ҳам таъкидланган: “Ким Оллоҳга ва унинг фаришталарига, пайғамбарларга, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, албатта Оллоҳ (бундай) кофирларга душмандир” (Бақара: 2/48).

Оллоҳ белгилаган вазифа ва амалга ошириладиган ишларига қараб малаклар “Мулкиёт” (Талқинчилар), “Толиёт” (Ўқийдиганлар), “Сайёҳин” (Сайёҳлар), “Мурсалот” (Раҳмат малаклари) каби номлар билан аталган. Инсон онги ва зеҳнига илм, ирфон нурини етказувчи фаришталарга “Жориёт” номи берилган. Огаҳий илмли, маърифатли инсонни малакка қиёслаганда, фаришталарнинг илм ва ирфонга алоқадорлигини назардан четда қолдирмаган, албатта.

Шоир шеъриятини махсус тадқиқ қилган олимларимиздан бири мазкур шеърни “ҳеч иккиланмай ўтмиш адабиётимиз тарихидаги ихтиро намуналари” қаторига қўшиш мумкинлигини тўғри қайд этиб, яна ёзади: “Гап шундаки, ғазалда Огаҳий маъшуқа сиймосидаги таъриф-тавсифларидан тамомила воз кечади. Ғазалхон кўз олдида ҳусну малоҳатда ягона, қадду қоматда тенги йўқ, нозу истиғно билан ошиқни қийновчи ва рақиблар томон юзланиб, рашк оташида куйдирувчи “таниш” маъшуқа ўрнида батамом янги бир қиёфа намоён бўлади. Огаҳийга қадар ғазалчилигимизда кўринмаган бу янги қиёфа маънавий гўзал, руҳан баркамол, илму фан бобида етук аёл сиймосидир”.

Ғазал матлаъсидаги “ул малак симо” бир аёл қиёфасида қабул этилса, юқоридаги мулоҳазаларга эътироз туғилмайди. Аммо ғазал ошиқонамас, орифона ғазал эканлиги, бундай шеърларда “маъшуқа таъриф-тавсифлари”га умуман эҳтиёж бўлмаслиги ва шоир ибрат ўлароқ улуғлаган шахс олима эмас, балки олим, илм сулуки воситасида маърифат водийсида ҳам эркин сайр айлаган ориф бўлганлиги инобатга олинса, ҳеч шубҳа йўқки, нисбатан бошқача фикр-хулосани илгари суриш зарурияти туғилади. Қолаверса, бир одам (хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл) бирданига “борча илм”да донг қозониши душвор. Агар ҳақиқатда ҳам Огаҳийга замондош шундай бир олим ё олима майдонга чиққанида унинг кимлиги, ёзган асарлари бутунлай пинҳон қолмас – қайси бир зайлда бўлмасин, у ҳақда маълумотлар ошкор этиларди. Демоқчимизки, Огаҳий шеърни ёзишда ҳаёт ҳақиқати билан бир қаторда идеалга ҳам таянган. Чунончи: кимдадир йирик олимга хос баъзи фазилат ва хусусиятларни кўрган шоир хаёл ва тасаввурда унинг шахси, илмий имкониятларини бойитган. Шундай қилиб, ҳаётдаги илмсевар инсон, орзудаги беқиёс аллома қиёфасида мукаммаллаштирилган. Бу фикрнинг илк тасдиғи, ўз давридаги таниқли бирор олимгамас, унинг “Ақл пири”га боғланишидир:

Илм таҳсили сулуки ичра солик бўлғоли,

Ақл пиридин дамо-дам еткуси иршод анго.

Бу иршод “ақли жуз”, “ақли маош” дейилган майда, тирикчилик ташвишларидан нари жилий олмайдиган ақлдан қутилиб “ақли кул” тасарруфи ила яшайдиган мутафаккир зотларгагина насиб айлашини ҳам унутмаслик лозим. Ақли кул, яъни буюк ақл ижодий руҳнинг чинакам илҳомчиси. Ҳар қанақа фикрий чигаллик, мантиқий муаммоларни тез ва осон ҳал қилишга у яқиндан ёрдам беради. Шу маънода шоир ўз қаҳрамонини тил (сарф – морфология, наҳв – синтаксис), мантиқ илмини билишда, машҳур араб тилшуноси Себвайҳнинг “руҳи қилур таҳсину ҳам имдод анго” дер экан, бунда ҳеч муболаға йўқ:

Сарфу наҳву мантиқ ичра токи саъй этти аён,

Себвайҳ руҳи қилур таҳсину ҳам имдод анго.

Илмни баҳсу мунозарасиз тасаввур қилиш қийин. Лекин ўзи мансуб илм соҳасини бошқасидан устун қўйиш ва афзал билиш ёки тан олмасликка уриниш боис олиму уламолар орасида ҳар турли келишмовчилик, ихтилоф, ҳатто душманлик курашлари содир бўлганлиги ҳам тарихий ҳақиқатдир. Соғлом ва холис баҳс тўхтаса, илм илгарига қараб илдамламайди. Мунозарага зўравонлик ва жаҳолат “ҳакам”лик қилса, илм аҳли иродасиз, эрксиз бир маҳлуққа ўхшаб қолади. Мана шу сабабли ҳам қадимда илмий баҳс-мунозараларнинг йўли тўсилмаган. Абу Наср Саррож “Олимларнинг ихтилофи раҳматдир” деган фикрни изоҳлаб ёзади: “Бу гапнинг муҳим бир маъноси бор. Зоҳир илмида олимларнинг нуқтаи назарда ажралишлари, Оллоҳнинг бир раҳматидир. Чунки тўғри мушоҳада юритувчи хато фикрловчини рад этади. Агар мухолифнинг хатоси тўғри ҳукмга тескари бўлса, инсонлар наздида у ойдинлашади. Натижада улар бу хатодан чекинадилар. Мабодо шундай қилинмаса, улар ҳалок бўлурлар” (“Лумъа”, 111-бет). Огаҳийнинг донишмандлиги шундаки, Оллоҳнинг зоти, сифатлари, ибтидо ва натижа нуқтаи назаридан яратиқлар ҳолидан баҳс юритувчи калом илми ва фалсафадан сўзлаганда на каломчилар, на файласуфларга ён босади, улар ўртасидаги мушкуллик ва тортишувларни бартараф этмоқ учун Тангри берган “ҳаддин афзун” истеъдод зарурлигига диққатни қаратади:

Қилғали илми калому ҳикмат ашколини ҳал,

Ҳаддин афзунроқ берибдур Тангри истиъдод анго.

Илм оламидаги хатолик, чалкашлик ва адашувлар аксарият ҳолларда истеъдодсизликдан қалқиб чиқади. Ҳолбуки, ўтмишда истеъдодли олим ўзига қанча ишонса, Оллоҳ, пайғамбар, дунёнинг маънавий муҳофизлари дея эътироф қилинган ғайб эранларининг мададига ундан ортиқроқ миқёсда инонган. Масалан, Қутубни олайлик. Қутуб – бирор бир тариқатнинг буюк раҳнамоси; Оллоҳ иродасини тамсил айлашга инонилган валиларнинг энг улуғи, авлиё. У “Ғавс” ҳам дейилган. Қутубнинг ёнидаги (чап ва ўнг томондаги) икки зот “Имомон” деб аталган. Уларнинг маънавий суҳбатларига иштирок қилгувчиларга “автод” номи берилган. Оламнинг тўрт томонини идора этган тўрт буюк валига ҳам “автод” дейилган. Умуман, эски замонларда “рижолуллоҳ, рижолул ғайб” тушунчасига оддий халқ ҳам, зиёлилар ҳам ишонишган. Акс ҳолда Огаҳий:

Насб этарга ҳаймаи илм андоқ этти жидду жаҳд,

Ким мадад еткурдилар ақтоб ила автод анго, –

деб ёзмасди. Қутуб, абдол, будола, ахёр, нужоба – ким, улар билан маънавий-руҳоний алоқа боғлаш йўл ва сирлари қанақа? Ростини айтганда, ҳозир кўпчилик буни билмайди ва унга қизиқмайди. Аммо мумтоз шеърият намуналари таҳлил ва талқин этилиб, уларга шарҳлар ёзилганда айниқса дин, тасаввуф, фалсафага оид истилоҳ, ибора ва фикрларнинг мазмун-моҳиятини ёритиш зарур. Шунда матнга муносабатдаги ўзбошимчалик, “қўшиб ёзиш”лар ҳам ҳар қалай камаяди.

Хўш, матндаги диний-тасаввуфий “қатлам”ларни билдик, ҳақиқатини изоҳладик ва озми-кўпми уларга инондик, дейлик. Кейин нима бўлади? Жаҳл пасайиб, ақл кучайиб кетадими? Мутелик, шафқатсизлик чекиниб, эркинлик ва мурувват олдинга ўтадими? Ёки воқелик хаёл измига тушадими? Йўқ, бундай бўлмайди. Нима учун? Озарбойжоннинг буюк шоири ва драматурги Ҳусайн Жовид ХХ аср авлодини “мустабид авлод” деб атаган эди. Унга кўра “ақл кашф этган қонунлар башариятнинг руҳий ҳаётига фараҳ ва қувонч келтира олмагандир”. Жамият ижод қилган қонун-қоидалар, урф-одатлар инсонийликни қарамликнинг оғир, ўлдирувчи тазйиқидан, қалбни танҳолик азобидан, миллатлар ва халқлар ўртасидаги диний-сиёсий, миллий адоватлардан халос эта билмайди.

Жовиднинг фикрича, башарият неча асрлардирки, реал воқеликда мавжуд ёмонликлар, разолат ва зиддиятлардан қутилиш учун хаёлга тутқин бўлгандир. Ширин хаёллар, охири кўринмас ва етиб борилмас тахайюл олами эса тузалмас, совуқ ва аччиқ ҳақиқатларни унутиш, ёддан чиқариш учун якка-ю ягона тасалли воситасидир. Ҳаётга шу тарзда ёндашув ўз-ўзидан фақат алданиш, кўникиш ва кемирувчан бардошга йўл очган. Динлар, фалсафалар, сонсиз-саноқсиз фикрий жараёнлар, хилма-хил тариқатлар ва мазҳаблар инсониятни зулм ва фасоднинг оғир, яшаш шарт-шароитининг мураккаб ва жон сиқувчи азоб-уқубатларидан қутқазишда ҳеч бир нажот йўлини кўрсата билмаган. Ҳатто илм, ирфон ва ҳикмат ила боғлиқ реал тафаккур ҳам башариятни ғофилликдан огоҳликка, ночорлик ва изтиробдан фаровонликка етказишга ожиз қолган. Огаҳийнинг ғазалини ўқиганда беихтиёр шулар хусусида ўйлашга ҳам мажбур бўласан киши. Ладун илми – ғайб илми, илоҳий асрор илми демак. Ладуний илм малак ёки пайғамбарлар воситасисиз тўғридан-тўғри Оллоҳ томонидан ўргатилиши Қуръони каримда кўп бора баён этилган. Сўфийлар уни учга ажратишган: 1. Оллоҳ воситасида эришиладиган илм. 2. Оллоҳдан келадиган илм. 3. Оллоҳ ила ҳосил бўладиган илм. Огаҳий таърифлаган олим бевосита илми ладун соҳиби бўлмаса-да, бу илмдан у бебаҳра ҳам қолмаган:

Гўйё илми ладундин топибдур баҳраким,

Ҳар каломи рамзидин ҳайрададур устод анго.

Ирфон аҳли тили ҳақиқат илми баёнини назарда тутишган. Шиблийдан “Илм тили билан ҳақиқат лисони орасидаги фарқ нима?” деб сўралганда, “Илм тили бизга восита орқали бериладиган илмдир. Ҳақиқат тили эса воситасиз келадиган илм”, – деб жавоб қайтарган экан. Ундан яна “Ҳақнинг лисони недир?” деб сўрашганда бундай деган: “Халққа уни эгаллайдиган йўл йўқдир. Яъни: Унинг илмини изоҳлаш ва сўз билан англатиш халқнинг қўлидан келмайдиган бир ишдир”. Дарҳақиқат, ладуний илм тили сирли, рамз билан бурканган, маънолари яширин сеҳрли бир тилдир. Абул Аъло Афифийнинг хулосаси бўйича, рамзли ифодаларга асосланадиган бу тил “хаёл ва виждонни ҳаракатга келтириб, юксак қалб билан алоқага киришади. Такрорланганда эса аввалгига нисбатан ҳам таъсири ортиб, маънолар равшанлик касб этади”. Демак, Огаҳийнинг “Ҳар каломи рамзидин ҳайрададур устод анго”, дейиши асослидир.

Ғазалнинг еттинчи байтигача шоир қомусий илм соҳиби бўлган бир шахснинг қиёфасини гавдалантириб беради. Ўқувчи унинг чинакам алломалигига сира шубҳаланмайди. Ва мутафаккир, маърифатпарвар шоирнинг мана бу ниятини қалби илмга яқин ҳар бир киши ўзича қўллаб-қувватлайди:

Илм ила, ё раб, анинг қил рутбасин андоқ баланд,

Ким бори олимлар ўлсун тобиу мунқод анго.

Илм ва олим қадрини шоир тушунмаса, шеър ва шоирлик аҳамиятини олим англамаса, ким англайди? Бироқ англаш, тушуниш билан иш битмайди. Чунки ҳар бир жамият ва давлатнинг ижодкорга ўз қараши, ўз муносабати бўлганки, ўтмишнинг деярли ҳамма даврларида талантсиз, хушомадгўй, маддоҳ қаламкашлар шод-хуррам яшаб, талантлар бири-бирига ўхшамас, бири-иккинчисидан қийноқлироқ ғам-ғуссаларга гирифтор қилинган. Огаҳий ҳам бунақа ҳолатларнинг гувоҳи бўлган ва қисман бошдан кечирганлигини тасдиқлайдиган далиллар девонида тез-тез учрайди. Қобилият, санъат, истеъдод билан “кишилик сонига” қўшилиш душворлигига инонган шоир ёзган эди:

Одам улдур бу жаҳон аро,

Қайси ҳайвоннинг эса сийму зари.

Кирмагай зарсиз кишилик сонига

Саъдий бўлсин фазл аро ё Анворий.

Бу – нечоғлик аччиқ туюлмасин, рост гап, миллатимиз тарихида мавжуд бўлган кулфатли ҳолат. Маърифат, маънавият ва моддиёт орасидаги тазод китобларда ёзилганидан кўра мутлақо ўзгача бўлган. Яъни пул, мол-мулк, бойлик, амал ҳукмронлиги доимий равишда олдинлаб келган. Моддий қашшоқлик ва ижтимоий чорасизлик гирдобидаги шоирлар хоксорлик, фақирлик, қаноатни куйлаш билан кўнгил овутишган. Бу эса йўқсилликдан бўлак йўқотадиган “бойлиги” йўқ оммага қараганда ҳам ҳукмрон табақа вакиллари ва сармоядорларга кўпроқ мақбул бўлган. Турғунлашиб кетган асрий бир ахлоқий кўникма, фикрий журъатсизлик ва қўрқувдан юзага келган ҳаёт ва адабиёт орасидаги бўшлиқ халқу халойиқнинг адабиётга зўр умид, қатъий ишонч билан қарашга изн бермаган.

“Ҳаётимиз китобларимизда аксини топмагани учун, – дейди машҳур усмонли турк мутафаккири Зиё Кўкалп, – китобларимиз ҳам ҳаётимизга таъсир ўтказмайди. Маданиятимиз таҳсилимизга ҳулул этмагани боис таълим-тарбиямиз ҳам маданиятимизга ич-ичдан боғланмайди. Шууримиз билан виждонимиз орасида мустаҳкам робита ва ҳамоҳанглик йўқлиги учун бир-бирига зид таҳсилга гирифтор хасталар каби яшаймиз”.

Бизнинг халқимиз ҳам бир неча аср мобайнида тахминан ана шундай аҳволда яшаган: адабиёт ҳаётдан, ҳаёт эса адабиётдан йироқлашган. Назмбозлик, назирагўйлик авж олиб, натижада маъно, оҳанг, ифодада ўзаро фарқ унча сезилмайдиган, ҳатто кўчирмачилик маҳсули бўлган сонсиз-саноқсиз шеърлар ёзилган. Лекин бу буҳроннинг туб сабабларини аниқлаш, ижтимоий, сиёсий, маънавий-ахлоқий ва ғоявий-бадиий илдизларини очишга жиддий уринилмаган. Негаки, бунга имкон берилмаган. Бу – бир. Иккинчидан, адабиётни халқ маънан ва руҳан керакли деб билмаса, ўқувчи талаби ва назоратини ижодкор чуқур ҳис этиб турмаса, адабиёт қаровсиз, ташландиқ боғдан фарқланмай қолади. Айтайлик, Огаҳийнинг:

Киши шеърин ўғирлама зинҳор,

Бўлса ўз шеъринг айлагил зинҳор,

ёки:

Сен чун назмингга шеър қўйдинг от,

Сенга йўқтурму шеър элидан уёт, –

каби танбеҳ-танқидларидан қанча қофиябоз бир хулоса чиқариб, улар қанча ўқувчи дилида у акс-садо берган? Аниқ бир нарса дейиш қийин. Адабиётнинг бугунги аҳволига чуқур нигоҳ ташлай билган киши эса, бизнингча, масалани жуда осон ҳал этади. Зеро, ўзбек китобхонининг адабиётни билиш, адабиёт тақдири учун куйиниш савияси шу кунгача ҳам ҳаваскорликдан ортиқ даражада баландламаган. Бунинг учун ёлғиз эл-улусни айблаш ҳам ноўрин. Ахир, халқ ўзининг реал дарду ҳоли, ҳақиқат ва изтиробларини адабиётдан топмаса, албатта адабиётни кўнглига яқин тутиб, унга суянмайди. Огаҳий имкони етгунича адабиёт “томири”ни ҳаётга, оддий инсон манфаатига улашга интилиб, маълум бир ибратли самараларни қўлга киритган санъаткор. У халқ қисматида биринчи галда илм-маърифат муҳим роль касб айлашини ўзича изчил ўйлаган. Биз таҳлил қилаётган шеър билан танишиш ҳам буни тасдиқлайди. Ғазалнинг навбатдаги тўрт байти илмнинг фойдаси ва илмсизликнинг зиёни ҳақида.

Биринчидан, “бани одам” учун илм наф еткарувчи, инсонни фикран бойитувчи шундоқ бебаҳо хазинаки: “Кимда ул бўлса, икки олам бўлур обод анго”. Иккинчидан, кимда-ким жаҳлга берилиб, гумроҳлик ботқоғидан чиқолмай, ўзига-ўзи илмсизликни раво кўрса, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам шараф топмайди. Яъни: “Икки олам обрўси бўлғуси барбод анго”. Учинчидан, олимлик шариат илмидан бехабарлик, шариат қонун-қоидаларига бўйин сунмаслик эмас, аксинча, тўғри йўлдан озмаслик учун дин, Қуръон, пайғамбар тариқига сидқу садоқатдир.

Шеър сўнгида шоир шу уч нуқтадан туриб ўз ҳолига назар ташлайди ва илмсиз бандаларнинг бир вакили сифатида ўзини маломат қилади:

Илмдин бебаҳра эл ҳолини билмак истасанг,

Огаҳийнинг зор ҳолин билгил истишҳод анго.

Албатта, Огаҳий олимларнинг шоири, шоирларнинг беназир олими эди. Унинг ҳоли илм-маърифатдан нурланган ҳол эди. Ғазалда ифодаланган олимлик фазилатларини замондошлари балки Огаҳийнинг шахсиятида кўришган, кимдир унга ҳавас, кимдир бахиллик ва адоватдан бағри қоврилиб ҳасад қилгандир. Шоир ҳеч пайт “илмдин бебаҳра эл” қаторига қўшилмаган. Илм-маърифат равнақини кўзлаб, билими шахсидан баланд, шахси илмидан теран олимлар вояга етиб мазлум, нотавон халққа ёрдами тегишни орзу этгани учун ҳам ўзини ўзи камситишга куч топа билган.

“Жуда кўп илм ва ҳикматни эгаллаганингдан кейин ўзингни олим ва файласуф ҳисоблама. Ёки кўп тоат-ибодат қилгандан сўнг ўзингга обид ва шайх номини раво кўрма. Чунки булар буюк бало ва азобдир”, – дейди Насафий. Қанча олиму уламолар шу бало ва азобнинг қурбони бўлишган. Қанчадан-қанча илм аҳли даъвою иддао тузоғига тушиб бор қобилият ва имкониятдан ҳам ажралишган. Огаҳий шуларни билиб, ўтар дунё ишларига ибрат кўзи ила боқиб қалам тебратган. Ва илму ижоддан мағрурланиш ҳиссини қалбидан супуриб ташлаган.