Сабъаи сайёр (наср)

Шоҳ Баҳром Рум билан Чинни ўзига бўйсундиргач, Чин хоқони билан Рум қайсари унга тобе бўлиб қолдилар. Кейинчалик етти иқлим шоҳи унга бож тўлайдиган бўлди. Фармонга кўра хирож тўлаши керак бўлган ҳар бир ҳукмдор зарур маблағни ҳар йили тўплаб пойтахтга ўз вақтида юбориб туришлари шарт эди. Тобе мамлакатларда олинган ҳосилдан ҳам тўхтовсиз совға-саломлар келиб турарди. Шоҳ Баҳром эса эртадан кечгача айшу ишрат билан банд бўлиб, мусиқа ва ашула тинглаш билан ором оларди. Унинг саройида энг машҳур созандаю ҳофизлар тўпланган бўлиб, улар ҳамма жойда ҳукмдорга ҳамроҳлик қилишарди.
Шоҳ Баҳром кунлари овсиз ўтмас, кечалари эса хилма-хил соз, жонбахш ашулаларни тинглашни ёқтирарди. Ов вақтида қайси томонга ўқ отса, албатта бирор ҳайвонни қулатар, уларнинг қонига ҳамранг май ичишдан роҳат оларди. Ов қилиб бораркан, қаерда бирон гўзал манзил дуч келса, ўша ерда дам олиб қадаҳ ичар, чангу рубоб куйларидан ҳузур қилиб, ўзи ўлдирган ҳайвонлар гўштидан кабоб тановул қиларди.
Бир куни шоҳ ов маҳали бир майдонда базм тузиб ишрат билан банд экан, хонанданинг сўлим ашуласи билан ўз кўнглини хуш этаркан, ўзининг бутун оламга қиблагоҳ эканидан шодланиб: «Худойим мени аҳли олам ҳукмдори қилган экан, бунинг шукронаси учун элни шод айлаб, адолат билан иш юритишим, муҳтожларга меҳрибонлик кўрсатиб, бева-бечоралар дилларини хушнуд этмоғим зарур», деб хаёл сурар экан, чор атрофни томоша қилиб баҳра оларди. Шу пайт дашт бўйлаб тез-тез юриб бораётган бир одамга кўзи тушди. Яёв йўл босаётган бу инсонга ачинган шоҳ унга яхшилик қилмоқни истаб бир мулозимга: «Тезда отингга мингин-да, яна бир отни етаклаб, ҳу анави мусофирни тўхтатиб, отга миндиргин ва уни ҳузуримга олиб келгин», деб буюрди. Хизматкор йигит шоҳ ҳукмини бажо қилиб, йўловчини ҳукмдор олдига бошлаб келди. Шоҳ Баҳром уни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, ҳол-аҳвол сўради. Биёбонда кезиб юрган киши ер ўпиб, таъзим бажо келтирди-да, ўрнидан туриб ниҳоятда ёқимли сўзлар билан шаҳаншоҳга шундай мақтов ёғдирди-ки, эшитганлар «Офарин!» деб юбордилар. Ҳукмдор уни ўтиришга таклиф қилди. Мулозимлар дарҳол хилма-хил таомлару, май тўла идишларни келтиришиб, меҳмонни зиёфат қилишга киришишди. Мусофирнинг боши майдан қизиб борар экан, шоҳ унга кетма-кет саволлар берар, у эса ўзининг доно жавоблари билан мезбон кўнглига шодлик бағишларди. Дашт кезувчи бу одамнинг ақлу донишига қойил қолган Баҳром унга мурожаат қилиб: «Сени кўп илмлардан хабардор эканлигинг сезилиб турибди. Бу маконда кезиб юришинг сабабини, ўзингнинг касбу корингу қилган ишларингдан сўзлаб бергил, биз ҳам улардан баҳравор бўлайлик», деди. Меҳмон ер ўпиб шундай жавоб қилди: «Мен бу даштда мусофирлардек кезиб юрган бўлсам ҳам, ўз ишимда замонанинг ягонасиман. Дўсту ҳамроҳларим йўқ, ҳеч кимсага юрагимдаги сирни ошкор қилмаганман. Ўзимни ҳам, ҳозир айтиб берадиган сиримни ҳам одамлардан пинҳон тутиб юрдим. Бу даштда кезиб юришимдан мақсадим жаҳон подшоси бўлган шоҳ Баҳром ҳузурига етиб бориб, унга яширган сирларимни сўзлаб бериш эди. Ўша манзилга етмасимдан бу сўзни сўраб қолдинг. Айтмай десам, мақсадим ҳосил бўлмай қолади. Сен ҳам шоҳга ўхшайсан, Баҳром бўлмасанг ҳам, мақоминг уникидек баланд. Сен унга жуда ҳам ўхшаб турибсан.
Кўнглимни ғамга солиб қўйдинг: айтмасам ҳам ёмон, айтсам ҳам». Шоҳ бу сўзлардан боғ каби очилиб кетди-да, чироғ шуъласи каби сўз бошлаб, шундай деди: «Эй даштда шитоб билан кезиб юрган банда, сен ўз мақсадингга етганингдан бехабарсан. Агар Баҳромни қидириб юрган бўлсанг, гапиравер: мен сен излаб юрган шоҳ Баҳромман».
Мусофир бу сўзни эшитиб, севиниб кетди-да, шукронасига сажда қилиб, мўл-кўл дуо айлади, ер ўпиб, одоб билан ўтириб сўзга киришди: «Шоҳ мендан аҳволим ҳақида сўзлаб беришни сўраган эди. Мени жаҳон эли Моний деб атайди. Кўпгина билимларни биламан, лекин сурат чизишда шуҳрат қозонганман».
Шоҳ худди шундай одамга талабгор эди, Моний сўзларидан қувончга тўлди, ўлган одам яна тирилгандек, хурсанд бўлиб кетди. Меҳмонни қучоқлаб, ҳурмат кўрсатди, кўп лутфу эҳсонлар қилиб, у айтмоқчи бўлган сир мазмуни ҳақида савол берди: «Мен етти иқлимни кезиб чиққанман. Жаҳондаги бор ажойиботларни кўрганман. Бир маҳал Хитой томонга йўлим тушди. У ерда бир савдогар билан танишиб қолдим. Унинг молу дунёси сон-саноқсиз, пули юз минг тумандан ҳам кўпроқ бўлиб, дуру лаъллари денгизу кондек эди.
Аммо унинг шундай бир бебаҳо дури бор эдики, ҳар бир базмни ой каби ёритарди. У қиз асли хитойлик бўлиб, ниҳоятда гўзал ва хушовоз эди. Қўлига чангни олиб, наво чекса, уни кўриб, эшитган ҳар бир одамнинг жони мингта бўлса, биттаси ҳам қолмасди. Мендек кимса юз минг тил билан юз минг йил мақтасам ҳам унинг таърифини тугатолмайман. Қизнинг хожаси унинг гўзаллигини халқдан асраш учун сандал ва уд дарахтларидан кажава ясаттирган, унга хилма-хил қимматбаҳо матолардан ёпиб, лаълу дурлар билан безаган. Мен айтган гўзални ўша кажава ичида олиб юради. Унга атаб сандал ва уддан чанг ясаттирган бўлиб, уни гўзал қиз чалиб туради.
Хожа у Зуҳраваш парипайкарни сотмоқчи ҳам бўлган эди, юз минглаб харидорлар чиқди-ю, биронтаси ҳам сўралган нархни беролмади, чунки унинг баҳоси Хитой мамлакатининг хирожига тенг эди. Аввалига уни Хитой хоқони сотиб олмоқчи бўлди, лекин аъёнлар бунга қарши чиқдилар. «Бор давлатингни бериб, у қизни сотиб олсанг, шоҳ Баҳромга юбориладиган хирожни қандай тўлайсан? Қўшин юборса, сипоҳинг йўқ, қуролларинг йўқ, унда ҳолинг не кечади? Яхшиси бу истагингдан воз кечгин, нафс деб изтироб чекма, мамлакатингни хароб этма», дейишди улар. Шундан сўнг хоқон ўз муддаосига эришиш тилагини унутди. Мен эсам у гўзал ҳақида сенга хабар беришга аҳд қилдим-да, ҳузурингга совға билан борай деб, у қизнинг суратини чиздим», деб тоза хитой ипагига ишланган расмни унга узатди. Шоҳ у пари тасвирини кўрибоқ девона бўлди. Ҳеч кимга биронта ҳам сўз айтмай оқшомгача расмдан кўзини узмади. Ишқ шоҳни бечорага айлантирди. Моний бу ҳолатни кўргач, Баҳромга: «Ўз ишингга бирон тадбир ўйлаб топ.
Токи бирон ҳодиса юз бериб, у пари қўлдан кетиб қолмасин. Бундай ҳол юз берса, иложини ким топа олади?» деди. Шоҳ унга: «Мени бу сурат шайдо қилди. Бу дардимга ўзинг даво топгин. Айт, унинг висолига етишиш учун нима қилай?» деб илтижо этди. Моний деди: «Ишбилармон, ақли расо кишилардан юбориб, қийматини тўласанг, ўзингга Хитой хоқони юборадиган хирождан воз кечсанг, муроду мақсадингга етишасан. Ё Хитой хирожидан кеч, ё у париваш хаёлини унут».
Шоҳ Баҳром буни эшитгач: «Бу ҳолда қизга етишиш учун Хитой молигина эмас, жаҳон молидан ҳам воз кечишга тайёрман», деди-да, донолик ва поклик билан танилган юзтача кишини, кўплаб хизматкорлар, канизларни тезлик билан Хитой томон йўллашга амр қилди. Хоқон номига ҳам хат ёзиб берди. Уларнинг барчаси жўнаб кетишгач, Баҳром қўлидаги сурат, қошидаги Моний билан жони нотавон бўлганича қолди.
Шоҳ Баҳром ҳукмига кўра Хитой сари йўл олган карвон ўзлари кўзлаган манзилга етиб боргач, донишмандлар хоқон саройига бориб, номани ҳукмдорга топширдилар ва олампаноҳ мақсади ҳақида унга сўзлаб бердилар. Хон қўлини кўксига қўйиб, хизматга киришди ва у гўзал қизнинг хожасини ўз ҳузурига чақиртирди-да, шоҳ Баҳром муддаосини баён қилди. Хожа хоқондан ўзи талаб қилган баҳони _ Хитой мамлакатининг бир йиллик хирожини олгач, қизни саройга олиб келиб, Баҳром юборган элчилар қўлига топширди. Улар фурсатни бой бермай, қизни кажавага ўтқазиб, юртлари томон жўнадилар. Карвон даштлардан илдам юриб борарди.
Бу пайт Дилором ишқи билан ўртанаётган шоҳ Баҳром ҳижрондан оҳ тортиб, ўз севгилисини орзиқиб кутарди. Ишқ дарди уни беҳол қилиб қўйган, ҳар бир кун кўзига бир йилча бўлиб кўринарди. Туну кун фиғон чекиб, ёри висолига интизор бўларди. Сабру қаноати тугаб бораётган шоҳ дилдор суратига қайта-қайта боқиб, гоҳида бехуш бўлиб ўзини йўқотар, бир жойда бирон соат ҳам тинчиб ўтира олмай, қасрда ҳам, боғда ҳам кезиб ором топа олмас, қаср устида базм уюштириб, у ердан йўлни тинмай кузатар, бирон чанг ё қора кўриниб қолса, танига титроқ тушиб, ҳушидан жудо бўлар, ўзига келгач йўлга мулозимларни чиқарар, севгилисидан нишон топилмагач, яна ўтли фиғон чекар, саройда кутишга тоқати тоқ бўлиб, ов баҳонасида отга миниб, дашт томон йўл олар, Хитой йўли томон юриб, ёридан хабар топиш учун дуч келган кишиларни саволга тутар, Хитойдан келаётган одамлар учраб қолса, қайта-қайта мурожаат қилиб дилбари ҳақида бирон хабар эшитишга орзуманд бўларди.
Моний шоҳнинг бу аҳволини кўриб, уни юпатишга, кўнглига таскин беришга интилиб, турли афсоналар сўзлаб берар, лекин Баҳром унинг ривоятларига эътибор ҳам бермасди. Хуллас, шоҳ анча вақтни шундай беоромлик билан ўтказди. Ниҳоят, бир куни шоҳга у орзиқиб кутаётган париваш келаётгани ҳақида хабар етказишди. Баҳром у қуёш ўзининг ҳажр шомига нур сочишидан қувончга тўлиб, жисмига изтироб тушди. Хитой сари йўл олган карвон шаҳарга етиб келгач, шоҳ йўллаган кишилар Хитой хонининг мактубини, юборган совға-саломларини, гулчеҳра гўзални топширишди. Шоҳ уларни қимматбаҳо эҳсонлар билан сийлади ва »Сарви раънони ўзи учун ҳозирланган ҳарамдаги хос ҳужрага олиб боринглар», деб буюрди.
Дилором шоҳ тайинлаган уйга жаннат боғига қадам қўйган ҳурдек кириб келди. Бироздан сўнг шоҳ Баҳром тез-тез қадам босиб унинг ҳузурига ташриф буюрди. Шоҳнинг жисми бетоб бўлиб, кўнгли ҳароратга тўла, ўзи ишқдан масту бодадан сархуш эди. Дилоромга кўзи тушган шоҳ жаннатда безакдор қасру унинг ичида яна бир жаннатни кўргандек бўлди. Бу жаннат жонли ҳур, йўқ, ҳур эмас, балки нур сочувчи қуёш эди. Юзи ёнидаги қоп-қора узун сочлари гўё Чин мамлакатидан мушк олиб келган карвонга ўхшар, юзи гулзордек гўзал бўлиб, икки лаби ажойиб икки гулбаргни эслатарди. Бу лаблар сўзлаш учун очилганида, ҳар тарафга дурлар сочиларди. Ранги лаъл (ёқут)ни эслатувчи бу икки лаб гўёки жон бўлиб, «жон» сўзи охиридаги нун ҳарфининг доираси унинг бақбақасига ўхшаб кетар, гўёки тақдир котиби «жон» сўзини ёзиш чоғида «нун» ҳарфи сиғмай қолиб, уни пастга жойлаштиргандек кўринарди. Тишлари лаъл ичидаги дурлар тизмаси ёки оби ҳаёт (ҳаёт суви)даги шудрингга ўхшарди. Қошлари п
айваста-туташ бўлиб, икки қулоғидаги икки ялтироқ дур икки юлдуздек нур сочиб турар, қадди жаннат ниҳолидек, бели эса хаёл ипидек бўлиб, бу ипни топиш жуда қийин эди. Устида гулгун ипакдан тикилган кўйлак бўлиб, юзига яшил рўмол ёпинган, бинафшаранг тўни хилма-хил қимматбаҳо тошлар билан безатилганди. Ушбу кўринишдаги Дилором ҳур эмас, башар офати бўлган пари каби гўзал эди.
Шоҳ кириб келганида, у ўрнидан туриб ер ўпди. Шоҳ унга назар ташлаб, қизнинг суратдагига қараганда юз бора латофатлироқ эканига ишонч ҳосил қилди. Қоғоздаги тасвирни кўриб, жисму жонидан айрилган шоҳ унинг аслига боқа олгаймикин, боққанида ўз ҳушидан айрилмасмикин? Хуллас, шоҳ ўз муддаосига _ Дилоромига етишди. Хонада икковидан бошқа ҳеч кимса йўқ бўлиб, Баҳром ўз севгилиси билан бирга эди. Бу манзилда не ишлар бўлиб ўтганини баён қилишга эса ожизман.

Муродига етишган шоҳ Баҳром яна айшу ишратга берилиб кетди. Гоҳ жаннатмисол гулшанда, гоҳ жаннатга намуна бўларли қасрда шоҳона базм уюштирар, гўзал Дилором у боғни парихонага айлантирарди. Гул юзли сарви қомат дилдорига шайдолик билан боқаркан, шоҳ дам-бадам ақлу ҳушидан айриларди, қиз чангини қўлига олиб куй бошлаганида, жон ипларини узар, эшитганларни ақлидан жудо айларди. Чанг торларидан таралаётган оҳанглар қақнус деган афсонавий қушнинг тумшуғи тешикларидан чиқаётган ажабтовур куйлар сингари бутун элни ўзига мафтун этар, наволардан бор олам ўртанарди.
Шоҳ Баҳром ўз дилбари чеҳрасидан кўзини узолмас, навосини тинглаб тўймасди.
Бўлубон жонсиз, ўлмайин онсиз,
Онсиз ўлғон замон бўлуб жонсиз.
Тун кун лаҳ-  ни бирла бода ютуб,
Юзидин базми айшини ёрутуб,
Кўрмаса они қолмайин жони,
Кирибон жони кўргач-ўқ они.
Шаҳ тузуб базм ул пари бирла,
Чарх хуршиди ховари бирла.
Ул наво чекса, бу фиғон тортиб,
Чу ул рухсор очиб, бу жон тортиб.
Гаҳ саҳро наварду, даштхиром,
Ичибон сайднинг нишотиға жом.
Онда ҳам ҳажрин иттифоқ этмай,
Они ўздин даме йироқ этмай.
Шоҳ саҳро кезиб ов қилиб, ўз кўнглини хурсанд этар экан, бундан Дилором ҳам ҳузур топарди. Шоҳ сайд этса, ойга ўхшаш пари шоҳни сайд қиларди. Шоҳ бирон ҳайвонни ҳалок этса, Дилором ўз ашуласи билан жаҳонга ғавғо соларди. Куй билан нағмадан лаззатланаётган Баҳром севгилиси қўлидан май ичишни истар, бу билан гўё ўз кўнглидаги ўтни пасайтирмоқчи бўларди. Дилором висоли унинг жонига ўт солар экан, ундан айрилишни хаёлига ҳам келтирмас, ёри ҳам, дўсти ҳам, ҳамроҳи ҳам, суҳбатдоши ҳам шу пари эди. Бир дам усиз қолса, ёқаси ўрнига кўксини чок қиларди. Охири шоҳ мамлакатни бошқаришни ҳам унутиб қўйди. Давлат ишларига ҳам, сипоҳлар аҳволига ҳам эътиборсиз бўлиб қолди. Уч-тўрт йил шу ҳолда кечгач, эл бу ишлардан шикоят қилишга тушди, халқ ичида турли гап-сўзлар, ҳикоятлар тобора кўпроқ тарқала бошлади. Кимки ишқ билан ошино бўлса, мамлакатда тинчлик, хотиржамлик йўқолади. Ишқ сели кошоналарни йиқитар экан, унга сарой билан вайрона фарқсиздир. Ишқ аждаҳони чумолига айлантириб, шоҳни гадо қилади. Хуллас, жаҳон шоҳи бўлган Баҳром ишқ аскарларига асир бўлиб, соҳибжамол ёри билан айш қилишдан бошқа ҳамма нарсани унутди. Ҳар куни янги маконда куй ва ашула эшитиб, унинг ҳусну овозидан баҳра олиб, бода ичиш шоҳнинг одатига айланди.
Бодаким олса ихтиёр элдин,
Не ажаб чиқса ҳар не бор элдин.
Ишқ ҳам майға айласа имдод,
Тонг эмас борса бору йўқ барбод.

Шоҳ Баҳром ошиқлигу мастлик билан машғул экан, ғаройиб икки иш юз берган эди: биринчидан, у айшу ишрат билан банд бўлиб давлат ишларини унутгач, мамлакатда бебошлик бошланиб, халқ хоҳлаганини қилишга тушди. Золимлар бош кўтариб, халқ қора кунларга қолди. Қароқчилар тобора кўпайиб, барча йўлларда талончилик қила бошлашди; ичкиликбозлик кучайиб, дин сусая борди. Даштлар бўрилар билан тўлиб кетди, уларга қўйларгина эмас, чўпонлар ҳам ем бўла бошлади. Бу ҳоллардан огоҳ бўлган аъёнлардан бир нечтаси мамлакату халқнинг аҳволи ҳақида шоҳни яширинча хабардор қилишди. Баҳром уларнинг сўзларини тинглагач, мулоҳаза юритиб, қандай чора топиш ҳақида ўйланиб қолди. Ниҳоят «Мен шоҳ эканман, бундай ой юзли соқийлар топилаверади, шоҳ бўлмаганимда унинг висолига етиша олармидим?» деган хулосага келди. Унинг кўнгли мулку хазинани танлаган бўлиб, ишқни тарк этишга баҳона изларди.
Шоҳ шу хил хаёл билан яшаса ҳам, ҳануз кунлари ов қилиш ва ёр қўлидан май ичиш билан ўтар экан, тожу тахт иши уни ташвишга солиб қўйган эди. Бир куни шоҳ ширакайф ҳолда ов қилар экан, ой юзли ёри Дилором ҳам ёнида эди. Шу чоғ даштда тез югуриб бораётган чиройли бир ғазол-оҳуни кўриб қолди. Шоҳ ўқ отишга шундай моҳир эдики, ёнидаги ҳамроҳлари қандай хоҳлашса, ҳайвонни улар истагандек қилиб отиб ўлдирарди. Сайднинг қайси тукини нишонга олса, ўқи ўша жойга бориб тегарди. Шоҳ Баҳром ёнидаги гул юзли гўзалга қараб: «Эй париваш, тез югуриб бораётган бу ғазолнинг қайси ерига ўқ отай, сен нимани буюрсанг шундай ўлдирайин», деди. Дилором: «Олдин икки қўлини тушовла, токи у ўрнидан қўзғалолмай қолсин, сўнгра унинг бўғзига ўқ ур», деб жавоб қилди. Шоҳ ўз ёри истагини бажо қилиш учун садоқдан ингичка бир ўқни олди-да, оҳу томон отиб икки қўлини бириктириб қўйди. Сўнг йўғонроқ бошқа бир ўқни шундай отдики, оҳунинг бўғзи кесилиб, қони оқа бошла
ди. Дилором нимани орзу қилган бўлса, шоҳ барчасини бажарди: ҳеч ким қилолмайдиган моҳирликнинг уддасидан чиқди. У ўз иши учун паривашнинг таҳсин айтишини кутган эди, лекин ўз ҳусну жамолидан мағрур гўзал шоҳга таҳсин учун оғзини ҳам очмади, унинг қўлини ҳам ўпмади-да: «Ҳар ким бир ишда кўп машқ қилса, шундай натижага эришади», деб қўя қолди. Шоҳга «бопладинг, баракалла!» дейиш ўрнига, унинг маҳоратини машқ натижаси деб аташ билан чекланди. Дилором ўз сўзини яна бир такрорлаган эди, шоҳнинг қоши чимирилди, маҳбубаси унинг жаҳли чиққанини сезиб, ўз хатосини тузатмоқчи бўлди-ю лекин:
Дедиким: «Шоҳга не итобдурур,
Ким бу сўзким дедим, савобдурур.
Менки бир нағма соз қилсам чанг,
Руҳ чиқмоқ сари қилур оҳанг.
Йўқ эди бу мулоямат бирла,
Мунга етти мудовамат бирла.
Шоҳким бир кийикка урди хаданг,
Десам идмонни6 ишга келди батанг».
Бу сўзларни эшитган шоҳнинг ғазаби тошди, паривашнинг иккита гапи қаҳрини келтирди-да, уни сўйиб ўлдирмоқчи бўлди. Баъзи аъёнлар «Аёл кишини бу тарзда қатл этиш яхши эмас», дейишгач, жаллодлар Дилоромни шоҳ амрига кўра кажавадан тушириб, бир биёбонга олиб бордилар. Атрофи неча кунлик йўл бўлиб, сув учрамайдиган бу даштда заҳарли гиёҳлардан бошқа ҳеч нарса ўсмасди. Паривашнинг узун сочлари билан қўл-оёқларини боғлаб, ўша ерда қолдирдилар-да, шоҳ ҳузурига қайтиб, бўлган ишларни сўзлаб бердилар.
Бу пайт шоҳ май билан ғазабдан ўзида эмасди. Шу куни оқшомгача пайдар пай май ичса ҳам ғазаби пасаймади. Шомда маст бўлиб ухлаб қолди. Тонг чоғи эрталабки майни ичишни истаб қараса, ёнида маҳбубаси кўринмади. «Маҳваш қаерга кетди?» деб сўраган эди, маҳрамлар кеча юз берган воқеаларни айтиб беришди. Шоҳга ёруғ олам қоронғу бўлди-ю, бошини қуйи солганича қилган ишларини эслай бошлади.
Билдиким қаҳр сарсари эсмиш,
Ўз қўли бирла ўз бошин кесмиш.
Деди: «Ушбу замон ўзум борайин,
Ул биёбонни бир-бир ахтарайин.
Қайда бўлса топай нигоримни,
Қилайин садқа жони зоримни.
Тирик ўлса бўлай фидоси анинг,
Берибон жон, топай ризоси анинг.
Ўлган ўлса, ўзумға тиғ урайин,
Диятиға ўзумни ўлдирайин».
Лекин тожу тахт номуси, одамлар олдидаги хижолат, ақлу фаросати бу ишларни қилишга йўл бермади. Худди бир чумоли икки аждаҳо орасида қолганидек, жони икки бало ўртасида изтироб чекарди: ўлик ҳам эмасди, тирик ҳам. Уни тирик деб бўлмасди.

Шоҳ Баҳром йиғлашга эмас, кулишга муносиб бўлган бундай ишни қилиб қўйгач, икки кунгача ўзига келолмай, кўнглини шуъла, жонини ўқ қийнади. Учинчи куни ҳолига қайтди-ю, умрининг ёруғ куни қора тунга айланганини билди. Тамаъ унинг кўнгли мулкини барбод қилган эди: ичига чақмоқ тушиб, вужудини ўтга ғарқ қилгандек бўлди. Ҳажрдан жони оғзига етиб, ўрнидан турди-да, йўлга тушиб маҳбубаси ташлаб келинган водий томон от чоптириб кетди. Етиб боргач, дашту саҳрони кезиб чиқди-ю, ўзи излаган сарви раънони топа олмади. Маъюс бўлиб юзларига шапалоқлар урди, баланд овоз билан Ширинини топа олмаган Фарҳоддек фарёд чекди. Бемор ошиқ каби ерга йиқилиб, чала сўйилган ҳайвондек талпинар, кўзидан қонли ёшларини тўкиб, фалакнинг кўнглини ҳам қон қиларди.
Деди: «Ўз жонима не қилдим, вой!
Бўлурин буйла иш не билдим, вой!
Ким ўзи кўксин ўзи чок этгай,
Ўзи жонин ўзи ҳалок этгай?
Улча мен қилдим, айлагайму киши,
Бу иш эрмас эди кишининг иши!
...Найлайин бу жаҳонни жонсиз мен,
Бул жаҳон бирла жонни онсиз мен?
Жонни олғилки, тўймишам биллоҳ!
Кўнгул ўлмакка қўймишам биллоҳ!»
Даштда тинимсиз кезиб шу хилда фиғон чекар экан, тахту мамлакатини бутунлай унутган шоҳ биёбонни ўзига манзилгоҳ қилиб олди. Буни кўрган шаҳар аҳли ҳам даштни ўзларига ватан қилдилар. Оқшом тушгач, тун Баҳром дилига янада кучлироқ изтироб солиб, унинг кўзига олам гўрга ўхшаб кўринди. У тун зулмат эмас, ҳажр ўтидан жаҳонни тутун тутгандек эди. Шоҳ аҳволини кузатаётган мулозимлар саропардали оқ уй тикиб уни уй ичига олиб кирдилар-да, одамларни бу уйдан узоқроққа сурдилар. Кишилар ўз ҳукмдорлари аҳволи ҳақида турли ривоятлар тўқишар, бири «Уни дев чалғитган!» деса, бошқаси «Бу ўша паривашнинг иши», деб афсона айтарди.

Шоҳ Баҳром ўша тунда ҳажр ўтида ўртанар экан, бир хилват уйга кириб, ичкаридан эшикни маҳкам беркитди-да, шундай фиғону оҳ-воҳ чекдики, гўё жаҳон ичра шовқин-сурон кўтарилиб, бало тушгандек бўлди. Аввал ёқасини чок қилиб, ўзининг барча аъзоларига зулм кўрсатиб тишлаб ташлади, бошини ерларга уриб ёрди. Ярим кечага қадар баданини тишлаб, нолаю фарёд қилди. Ўзига шунчалик кўп озор етказдики, охири жисми ҳолсизланиб қўли толди ва мадори кетиб йиқилди. Лекин яна ёри ёдига тушиб, унинг қоп-қора сочи-ю қошлари, кўзи-ю киприкларини эслар экан, оҳу нола қилганида кўкдаги қуёш ҳам, ой ҳам ўртанди. Холи-ю лаблари, оғзи-ю тишлари, дилрабо чанги-ю, жонбахш наволарини хотирлар экан, фиғони кўкдан ошди. Ўзининг олдинги савлати-ю қудратини хотирга олар экан, ҳозирги заифлиги-ю беқарорлигидан нола қилиб, саркарда-ю мулозимларига қараб:
Тиғ ила кўкрагимни чок айланг,
Бир-ики зарб ила ҳалок айланг.
Қутқаринг жони нотавонимни,
Биҳил эттим бориға қонимни.
Ўлдуруб ғаврима етинг охир,
Минг ўлумдин халос этинг охир!
деб илтижо қиларди. Тонг отгач, жисми заифлашиб ҳушидан кетди. Барча аъёнлари беқарор бўлиб йиғлашга тушдилар, кейин ўзаро маслаҳатлашдилар-да, бу даштда даволашни муносиб кўрмай, шоҳни кажавага ётқизиб шаҳарга олиб кетдилар ва гулшанга туширдилар. Баҳром шомга қадар ҳам ўзига келмай ўртаниб ётди.
Тун бошлангач, мушк исидан ҳушига келди-ю, кўзини очиб бироз хомуш бўлиб ётди, кейин яна ёрини эслаб оҳ-фарёд қилишга тушди. Кечаси билан ҳижрон ўтига қоврилиб азоб чекиб чиқди. Тонг ели жисмини беҳол қилгач, шомгача беҳуш ётди. Бир неча кун давомида шу ҳолат такрорланди. Охири тамоман заифлашиб, ўларга яқинлашди. Бехудлик бошланиб, гоҳ ўзида бўлса, гоҳ ҳушидан кетар, жинниларча сўзлар, фиғон чекишга дармони қолмаганидан, сўзларини одамлар ҳам эшита олишмасди. Гоҳ-гоҳида нолаи зор қилса, жисми озор топар, ўзи айтаётган гапларни ҳам англамасди.
Бу аҳволни кўриб турган билимли аъёнлар кўзёш тўкар эканлар, шоҳдан қўлларини ювиб қўйгандилар. Тўрт юз табиби ҳозиқлар уни даволаш чорасини излаб топишолмасди. Улар дердиларки: «Ишқ дардига мубтало бўлган кишини даволаб бўлмайди, унга Яратгангина шифо бериши мумкин». Шундан сўнг, барча аъёну мулозимлар тоат-ибодат қилишиб, назрлар беришга, шоҳнинг тузалишини тилаб Худога ёлборишга тушишди. Юз киши эса жинлардан халос қилиш учун ҳар хил дуолар ўқиб, турли тадбирларни кўришар, яна бошқа ҳакимлар тиб тарихи китобларини варақлаб, тажрибалар ўтказиб, даво излашарди. Шу тарзда тўрт юз аллома икки йил давомида ейиш-ичишни, уйқуни унутиб ўз ишларини ниҳоясига етказдилар. Оқибатда шоҳнинг беҳоллиги-ю жинниликлари камайиб, овқатлардан жисмига қувват етиб, ақлу ҳуши равшанлаша бошлади. Булардан таскин топган табиблар «Энди шоҳ аламларини унутишга ёрдам берадиган тадбирларни кўришимиз, масалан, иморатлар қуришга киришишимиз керак. Токи шоҳ уларни томоша қиларкан, ўз дардларидан қутула борсин. Моҳир муҳандислар хилма-хил шакллардаги иморатларни ижод қилсалар, айни муддао бўларди», деб маслаҳат беришди.
Амалдорлар тезда бу ишга киришиб, керакли барча нарсани муҳайё қилдилар. Шоҳ Баҳромга тобеъ бўлган етти иқлим хону хоқонлари ва уларнинг барча аъёнлару мулозимлари олампаноҳ соғлигини сўрашга йиғилгандилар. Табибларнинг маслаҳатларидан сўнг уларнинг ҳар бири биттадан қаср қуриб, безатишга киришишди. Улар туну кун ишлашиб, иморатларни мумкин қадар тезроқ қуриб тугатишга ҳаракат қилишарди.
Шоҳ тахтидан ўзига тобеъ бўлган етти иқлим томон олиб борадиган кенг кўчалар _ шоҳроҳлар яратилган бўлиб, улардан одамлар юрарди. Етти иқлим хону ҳоқонлари ўз диёрлари томон олиб борадиган йўлларда етти улкан қаср бунёд этдилар. Уларнинг ҳар бири бир жаннатга ўхшарди. Ушбу хилма-хил шаклдаги биноларни қизиқиб томоша қиларкан, шоҳ Баҳромнинг соғлиғи кун сари яхшиланиб борарди.
Муҳандислар ишларини тугаллаб, биноларни битказишди. Қурилиш чоғида усталарнинг маҳорати-ю, биноларнинг салобатини томоша қилиб, ўз дардига шифо топаётган Баҳром бунёдкорлик ишлари тугаллангач, томоша қилиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолди. Табиблар бу ҳолатдан огоҳлик топгач «Энди тезда моҳир нақшбанду санъатпардозларни топиб, қасрларни хилма-хил рангларда безатишга киришиш лозим. Ҳар бир қасрнинг ичи билан ташқариси бир хил рангда бўлишига алоҳида диққат қилиш зарур. Шунда уларни томоша қилар экан, шаҳаншоҳ тузала боради», деб маслаҳат бердилар. Аъёнлар Монийни чақиртирдилар-да «Эй моҳир устоз, сен олдинги ишларинг билан шоҳни хурсанд қилган эдинг, энди бу қасрларни зийнатлашга киришиб, етти қасрни етти рангга бўягин-да, шоҳни шодмон айлаб сиҳатига мадад қилгин. Нақшларни ўзинг танла, кўнглинг тилаганича безат. Сенга «Ундай қил, бундай қил», деб айтмаймиз», дедилар.
Наққош бу сўзларни эшитгач, бармоқларини кўзига қўйиб «Ундай бўлса, сизлар керакли нарсаларни келтириб берсангиз бас», деди-ю ишни бошлаб юборди. Мамлакатдаги бор наққошларни чақиртириб, ҳар қайсисига бир ишни топширди. Усталарни нақшбандлик, заркорлик каби соҳалар бўйича етти гуруҳга ажратиб, уларга ишбошилар тайинлади. Ўзи эса ишлар режасини тузиб, наққошлар ишини кузатиб турарди.
Шоҳ Баҳром эртадан кечгача иморатларни сайр этар экан, ҳар қайси тимсолни кўрганда, унга мафтун бўларкан, хаёл оғушига чўмар экан, кўнглидаги ташвишлар ҳам унутилиб борарди. Кўп фурсат ўтмай, қасрларни безаш ишлари ниҳоясига етди. Етти қаср етти рангда зийнатланган эди. Уларни томоша қилган шоҳнинг кўнглида ишқ ўтининг баъзи учқунларигина қолган эди. Табиблар кўп маслаҳат қилишиб, «Энди бу етти қасрнинг ҳар бири ичига биттадан ҳурдек гўзал қизни келтириб қўйсак, шоҳнинг бутунлай тузалиб кетиши, қувват топиши мумкин. Қайси шоҳнинг ҳурваш қизи бўлса, уни шаҳаншоҳга никоҳлаб берсин», деган қарорга келишди. Шоҳлар фикр юритишиб бу муаммони ҳам ҳал қилишди. Етти шоҳнинг еттита паримисол қизлари бор эди. Ҳар бири ҳам гўзал, ҳам оқила бўлиб, поклик пардасида олам қуёши, ҳусн буржида равшан юлдуз, лутф дуржида пок гавҳар бўлиб, шаҳаншоҳ никоҳига муносиб эди. Шоҳона базм уюштириб, етти гўзал шоҳ Баҳромга никоҳланди-да, тўйдан сўнг келинларнинг ҳар бири
ўз отаси томонидан қурдирилган қасрни манзил қилди.
Табиблар шоҳ Баҳромнинг қасрларга бориб ором олиш вақтини белгилашиб, ҳарамларга ташриф буюришни юлдузлар амрига кўра шанба кунидан, мушкин (қора) рангли қасрдан бошлашга маслаҳат беришди.
Шанба куни эрта тонгда Баҳром мушкбў гўзал билан май ичиш учун қора қасрга йўл олди. Бу ердаги ҳамма нарса мушк рангида бўлиб, қопқора, мушкин тахтда Чин ғазоли ўтирар, қора рангдан зулмат тусини олган уйда ой юзли гўзал зулмат ичидаги ҳаёт суви каби кўринарди. Қора кийимлар кийиб олган Баҳром қасрга киргач, маҳваш томон юрди. У тахтга чиқиб ўтиргач, ёнидан қуёш рашкини келтирадиган соҳибжамол маҳбуба жой олди. Соқийлар икковларига мушк ранги қадаҳларга мушк ҳиди анқиб турган май тутишди. Шом мушк сочиб, олам юзини мушк рангига бўяганига қадар қасрдаги аъёнлар ишрат қилишар экан, бу шанба Баҳром учун азали кун бўлди. Ҳакимлар шоҳга бўсадан бошқа ишлардан узоқ бўлишни буюришган эди. Буни маҳбуба ҳам билар, шунинг учун ўзини шоҳдан йироқроқ тутарди. Шоҳ кундузлари ишрат билан банд бўлиши, кечалари эса кўпроқ ухлаши зарур эди. Лекин кўнглидаги алам-қайғу кўзидан уйқуни ўчирганди. Маҳваш ўз пардаси ичига кириб ётди, лекин ҳижрон шоҳ кўзиг
а жаҳонни қоронғу қилди. У ўз Дилоромининг узун сочлари хаёли билан тўлғанарди. Ғам туни азоб бераётгани, уйқусизлик ўзини хароб қилаётганини сезган шоҳ «Бир-икки ходимни қаср олдидаги йўлдан бориб, бирон одам йўлиқса уни ҳузуримга олиб келишга буюринглар, токи у одам ўзи кўрган-билган воқеаларни ёки афсоналардан менга сўзлаб берса, шояд кўзимга уйқу келиб осойиш топсам», деб амр қилди. Йўлга тушган ходимлар кўп ўтмай шоҳ олдига бир сайёҳни олиб келдилар. Парда олдига келиб, ер ўпиб кўрпачага ўтирган мусофир шоҳнинг бирон қисса айтиб бериши ҳақидаги ҳукмини эшитди ва уни дуо қилгач ўзи билган афсонани сўзлашга киришди.

Биринчи иқлим йўлидан келган мусофирнинг афсонаси

Бир бор экан, бир йўқ экан, Ҳиндистон мамлакатида бир шоҳ бўлган экан. Унинг аскарлари чексиз, хазинаси беҳисоб бўлиб, Хитой ҳам, Кашмир ҳам унга тобеъ экан. Сарандиб шаҳри унинг пойтахти бўлиб, исми Жасрат, лақаби эса Хон экан. Ҳашаматни севувчи бу шоҳни жаҳон эли Жасратхон деб аташаркан. Унинг донишда ягона, ҳуснда нодири замона бир ўғли бўлиб, отаси кўнглининг сурури, ҳинд халқининг кўз нури экан. Унинг лутфу хулқи ғоятсиз, фаҳму идроки ниҳоятсиз бўлиб, илму камолда ҳам моҳир экан. Ҳеч кимга озор бермайдиган бу шаҳзоданинг исми Фаррух бўлиб, олам эли унга банда экан. Қирқ йил султонлик қилиб, ёши саксонга яқинлашган шоҳ ўғлига мулку тожини, Ҳиндистоннинг бор молу дунёсини ҳам, Хитой мамлакатининг хирожини ҳам беришни ўзига фахр деб ҳисоблар, лекин Фаррух салтанатни эмас, фақирликни хуш кўрар, шу туфайли отасининг таклифини рад этиб келар экан.
Бир кеча ибодат пайтида саждадан сўнг кўзига уйқу келиб, бир туш кўрди: шаҳзода бир биёбонда беҳисоб одамлар орасида юрганмиш. Кишиларнинг барчаси бир тарафга қараб кетишарди. Ўша орада устига қора мато ёпилган бир маҳмил _ кажава ҳам бўлиб, бир маҳал тонг шамоли эсди-ю, кажава пардасини кўтариб юборган эди, унинг ичида бир пари, паригина эмас, балки шарқ қуёши ўтиргани кўринди. У қуёшнинг алангаси шаҳзода жисмини куйдирди. Бундан беҳол бўлган Фаррух кажава томонга боққан эди, дилини ўртаган париваш бошқа кўринмади: парда унинг чеҳрасини тўсиб турарди. Қулоғига одамларнинг «Бу Қудс ери» деган овозларигина эшитилди холос.
Фаррух чўчиб уйғонди-ю, кўзидан уйқуси ўчди. Борган сари ҳарорати кучайиб, кўнглидаги изтироби ортар экан, бирон чора топмаса, ишқ зулмидан ўзининг ҳалок бўлиши муқаррарлигини англаб етди. Сўнг Қуддус дашти томон сафар қилишга бел боғлаб, тонг отгач отаси ҳузурига йўл олди-да, ер ўпиб ўз муддаосини баён қилди:
«Ким жаҳонгардлиғ эрур ҳавасим,
Йўқ ани манъ этарга дастрасим.
Хирадим қилди бу ҳавас бехуд,
Чун ҳавас ғолиб ўлди, кетди хирад.
Бу азиматда ихтиёрим йўқ,
Азм то қилмоғум қарорим йўқ.
Бўйла ишким манга таваллодур,
Шоҳдин рухсат ўлса авлодур.
Бўлмаса рухсат ўлгуча огаҳ
Кетгудекман бошим олиб ногаҳ».
Отаси бу сўзларни эшитгач, юрак бағри куйиб, ҳар қанча илтижо қилмасин, ўғлини сафардан воз кечдира олмади. Кўз ёшларини тўфондек оқизса ҳам, орзуси ушалмади. Охири шаҳзоданинг ишқ ўтига мубтало бўлганига ишонч ҳосил қилиб, қўшинининг ярмини ажратиб, хазинасининг ярмини ҳам берди-да, ўғлига рухсат қилиб, шод этди ва у билан хайрлашди.
Фаррух йўлга равона бўлиб, ҳеч ерда дам олишга тўхтамай, туну кун юриб, шаҳарма шаҳар кезиб борарди. У замонда одамлар Каъба ўрнига Қуддусни тавоф қилишарди. Фаррух у шаҳарга етиб борганида юз минглаб ибодатчиларнинг тавоф қилиш учун йиғилишаётганини кўрди. У ҳам пок кўнгли билан тавоф этиб, туфроққа бош қўйди-ю, шам каби йиғлар экан, Яратгандан ўз муродига етказишини илтижо қилди. У ўзи излаётган гўзал маҳбубасини учратиб, висолидан мурод ҳосил қилишга шошиларди. Бир неча кун ҳаммаёқни айланиб чиқса ҳам соҳибжамол дилбардан хабар тополмади. Бир неча кундан сўнг тавоф учун бу ерга келган одамлар ўз ватанларига қайта бошлашди. У ғамгин ҳолда уйқуга кетган эди, тушида бир кишининг «Муродингга етмоқчи бўлсанг, бу ерда турмай, эрта тонгда Ҳалаб томон йўл ол», деган овозини эшитди. Уйғонгач, тоқати тоқ бўлиб, Ҳалаб сари йўлга тушди.
Ҳалаб томон бораётган йўловчилар ғоятда кўп бўлиб, йўлда сув жуда оз эди. Шунинг учун ўзи билан икки-уч юз кишини олиб қолди-да, қолган сипоҳларга Ҳиндистонга қайтишни буюрди. Улар истар-истамас ватанлари томон йўлга тушдилар. Шаҳзода Ҳалаб томон кетаётган одамларга ҳамроҳ бўлиб бораркан, сирдоши дарди, дўсти оҳ эди. Йўлда бир неча бор дам олиб, анча йўл юриб, ниҳоят шаҳарга яқинлашдилар. Ҳалаб яқинидаги дашту шаҳар кўчалари одамлар билан тўла бўлиб, ҳамма ёқдан шовқин сурон эшитиларди. Фаррух улар орасида ўзи тушида кўрган қора пардали кажавани изларди. Бир маҳал кўзи шаҳар дарвозаси томон юриб бораётган туя устидаги қора рангли кажавага тушди. Шу дам шамол эсди-ю кажава пардасини кўтариб юборди-да, унинг ичида қуёш мисол гўзал бир париваш кўринди. Тушда кўрган соҳибжамолни топганидан шодликка тўлган Фаррух уни қайта кўрмоқ учун боққан эди, парда ёпиқлигини кўриб жаҳон унинг кўзига қоронғи бўлиб кетди. Кўзида нур қолмай, ҳушини йўқот
ган шаҳзода ўзига келганида даштни барча тарк этган бўлиб сафар аҳли ўз ватанлари бўлмиш Ҳалаб ичига кириб кетгандилар. Фаррух изтиробга тушиб яна ҳижрон аламини торта бошлади. Буни сипоҳларга сездирмасликка интилса ҳам, унинг ҳолатидаги ўзгаришни кузатган одамлари ҳайрон бўлиб, шивирлаша бошлашди. Улар шаҳар ташқарисидаги бир манзилга тушдилар. Хаёлга ботган Фаррух ўз сипоҳлари сўзларини ҳам, ўз сўзларини ҳам англамасди. Шаҳзода ҳолидан ташвишланаётган ходимлари уни ўраб олишди, у эса ўзини уйқуга солиб ётаверди. Буни кўрган сипоҳлар хотиржам бўлиб уйқуга ётишди. Одамларининг қаттиқ уйқуда эканликларига ишонч ҳосил қилган Фаррух ўрнидан турди-да, қўлига қоғозу қалам олиб шундай мактуб ёзди: «Бу олам турли ҳодисаларга тўла, тақдирда ёзилганни кўрмасликнинг иложи йўқ. Менинг тақдиримга оворалик, ишқу бечоралик ёзилган экан, бу дардларни тортиш мен учун заруратдир. Сизлар эса бу ғурбатда турмай, мени ҳам излаб юрмай, ватанга қайтинг, тирик бўлсам, сизлар билан ўша ерда учрашамиз». Бу хатни ўз ўрнига қўйди-да, шоҳона кийимларини ечиб, устига қора рангли бир матони ташлади ва уйдан оҳиста чиқиб, шаҳарда кўчама-кўча кеза бошлади. Телбасифат ҳар томон югурар экан, бир гулханни топди-да, устига қора палосни ёпганича, яна ишқ ўтида изтироб чека бошлади.
Эрталаб тонг отгач, шаҳзоданинг одамлари уни топишолмай ҳар томонга югуриб уни излай бошладилар. Икки кеча-кундуз қидирсалар ҳам, ҳаракатлари бекор кетди. Ниҳоят у ёзган мактубни топиб олишди-да, йиғлаб-сиқтаб ватанлари томон йўлга тушдилар.
Фаррух шоҳликдан гадо ҳолига тушгани, юз балога гирифтор бўлаётганини, ўз ишига чора тополмаётганини ўйлаб ғам чекар экан, бир неча кун сув ҳам ичмади, овқат ҳам емади, охири «Бу аҳволда юраверсам, ишим битмайди, яхшиси оёққа туриб, ётиб қолгунча ёримни излай», деб шаҳар ичига қараб йўл олди. Бир-икки кун кўчама-кўча севгилисини излади-ю, ундан дарак ҳам тополмай, беҳол бўлиб, бир вайрона ичига кириб ётиб қолди, ҳаётдан тўйиб, ўлар ҳолатга етишди.
Ҳалабда бир бой хожа бўлиб, меҳмондорчилик унинг одати эди. Эл орасида обрў-эътибори юксак бу одамнинг молу давлати ҳисобсиз бўлиб, уйи меҳмонхонага ўхшар, ошнаю бегоналар учун бу уй доим очиқ эди. Раҳмдил ва сахий бу хожанинг исми Ахий бўлиб, баъзи-баъзида от суриб, йўл бошларию вайроналарни кўздан кечириб юраркан, мазлум ва хасталарни кўриб қолса, дарҳол унинг кўнгли захмига малҳам бўларди, шу туфайли ҳам шаҳар аҳли уни ғоятда ҳурмат қиларди.
Бир куни шу одатига кўра шаҳарни кезиб юрган Ахий Фаррух беҳол бўлиб ётган вайронага назар ташлар экан, уни кўриб қолди-да, отидан тушиб, хастанинг олдига келиб: «Эй раҳму шафқатга муҳтож одам, кимсан, аҳволингни менга маълум қилгин», деб мурожаат қилди. Фаррух юзини очиб, салом берди ва ўтириб: «Эй хожа, йўлингдан қолма, мендан ҳол-аҳвол ҳам сўрама, токи кўнглингга ғамим асари юқиб, жонингга ўтим учқунлари тушмасин», деб жавоб қилди. Унинг покиза юзини кўриб, таъсирчан сўзларини эшитган Ахийни:
Ҳам юзи они беқарор этди,
Ҳам сўзи они ашкбор этди.
Не кўруб эрди уйла турфа жамол,
Не бу янглиғ эшитмиш эрди мақол.
Билдиким, бас азиз пайкардур,
Англадиким шариф гавҳардур.
Кейин қийинчилик билан уни отга миндириб, уйига олиб кетди-да, азиз меҳмондек эҳтиром кўрсатиб таом ва шарбат билан меҳмон қилди. Фаррух ҳам меҳбонлик одобини намойиш этиб, мезбон саволларига оқилона жавоблар берар экан, Ахийни лол қолдирарди. Меҳмонга бир ҳужрада жой ҳозирланганди. Лекин Фаррух туни билан ишқдан нола қилиб, ғам-андуҳ чекар, кундузлари хомуш бўлганича меҳмонхонада ўтирарди. Ахий унга хилма-хил либослар таклиф қилса ҳам, меҳмон ўз палосидан айрилмасди.
Хожа ўз меҳмони ётган ҳужра атрофига бир неча мулозимни қўйиб, унинг аҳволидан хабардор бўлиб туришни тайинлаганди. Бир кеча улар Фаррухнинг яширин оҳу кўз ёшларидан огоҳ бўлиб, бу ҳақда Ахийга хабар етказдилар. Хожа барча одамлар ухлаётган маҳал ҳужра ёнига келиб қулоқ солди-да, меҳмоннинг дарду аламлари ҳаддан ошиб унинг кўнглига ажиб бир ўт туташгани, элнинг эшитишидан андиша қилиб, паст овоз билан оҳ-фарёд чекаётганини, гоҳ дилбари, гоҳ сипоҳу мамлакатини эслаб нола қилаётганини англаб, кўнгли бузилиб кўзидан ёшлар оқиза бошлади. Меҳмоннинг шоҳ эканлиги, лекин бир нарса уни изтиробга солиб, бу ерларга келиб қолганини сезди-да, унга бирор чора топиб ёрдам кўрсатишни дилига тугиб қўйди. Бунинг учун эса аввало дарди сирини билиш керак. Бундай ҳолларда ишқ ўтида қоврилаётган ошиқлар аҳволини уни маст қилган ҳолда билиб олиш мумкинлигини эслаган Ахий шу йўлни тутишга қарор қилди. Тонг отиши билан хожа меҳмонхонага йўл олди, кетма-кет у ерга Фаррух ҳам кириб келди. Егуликларга мўл дастурхон атрофида икковлари тушга қадар қизғин суҳбатлашиб ўтирдилар. Қуёш ботиши яқинлашгач, хожа май келтиришни ва хонандаю созандаларни чақириб келишни буюрди. Базм бошланиб мусиқаю ашулалар янграй бошлагач, ичаётганлар сархуш бўлдилар. Шунда хожа қўлига май тўла жомни олиб, таъзим билан шаҳзодага тутди-да, ўзи ҳам қўлига жом олиб, икковлари кўтаришди. Соқий барчага қадаҳ тутгач, ўзга бир соқий яна қадаҳларга май тўлдириб узата бошлади. Шу тарзда қадаҳлар бир неча марта айлангач, базм аҳлининг кайфи оша бошлади, ҳамма гапга тушиб кетди. Хожа эса Фаррухни хонага таклиф этиб, суҳбат бошлади. Шаҳзода ҳам кайфи ошгани учун мамлакату давлати, амалга ошмаган орзуларини эслаб, кўзларидан ёш оқиб, ўз бошидан ўтганларни сўзлашга тушди. Майни оз ичган Ахий хилма-хил саволлар бериб, меҳмоннинг насаби-ю давлатини, Жасратхондек отаси борлигини, тушида бир паривашни кўриб, ошиқ бўлганини, у париваш шаксиз Ҳалабда яшашини билиб олди. Хожа меҳмон мафтун бўлган гўзалнинг кўриниши қандайлиги ҳақида савол бериб, Фаррух жавобларини эшитар экан, жисмига ҳарорат, кўнглига изтироб тушди. Чунки меҳмон айтган белгилар унинг аёлига хос эди. Демак, бу ошиқ йигитнинг кўнгли унинг ёстиқдошига тушиб қолган экан. Ўзича «Бу ғариб ошиқ шоҳлигу давлатидан воз кечиб, ўлимга ҳам рози бўлиб, оғир аҳволга тушиб қолган экан, ҳижрон дардида ҳалок бўлиши ҳам муқаррар. Унинг дардига менгина чора қила оламан.
Қилмасам, ўлса ул мурувват эмас,
Они яхши мурувват аҳли демас.
Киши бу ишга чора қилмасму,
Манга аҳли ҳарам топилмасму?»
деб ўйлади-да, меҳмонга қараб: «Эй мусофир йигит, ғам ема, мен бу дардингга даво қила оламан, сени хонумонингдан айириб сарсон қилган соҳибжамол бизнинг элдан бўлиб, менинг қариндошимдир. Сени мақсадингга етказаман, лекин сен менинг айтганларимни қилишинг керак», деди.
Фаррух шодликдан кўз ёшларини оқизиб, Ахий оёғига бош қўйди-да: «Агар менинг дардимга дармон қиладиган бўлсанг, нимани буюрсанг, албатта, бажараман», деди. Икковлари келишиб олишгач, маст ҳолда уйқуга кетдилар. Тонг отгач, шаҳзода хожага боқиб: «Агар ваъдангни унутмаган бўлсанг, менга не ишни буюрсанг, тайёр турибман», деди. Хожа меҳмонни ҳаммомга, танини чиркидан тозалашга йўллади. Қайтиб келгач, унга шоҳона кийимлар кийдиришди-да, қора палосидан озод этишди. Фаррух шоҳона отга миниб, қасрдек зарнигор уй томон юрди.
Уни эшик олдида қолдирган Ахий ҳарамига кирди, гулчеҳра аёли ниёзу ноз билан кутиб олди. Икковлари ўтиришгач, хожа аёлига мурожаат қилиб: «Тангри тақдири билан икковимиз шу пайтгача шоду хуррам яшаб келдик, сенинг ишларингдан менгина эмас, балки худо ҳам хушнуддир. Лекин бу айём айрилиш пайти келди», деди-да, ҳайратдан қотиб қолган паривашни талоқ қилди. Ахий аёлига ҳисобсиз молу пул, кўпдан-кўп лаълу дурлар берди-да, сўнг: «Сени бир шаҳзодага никоҳ қиламан», деди. Париваш ҳар қанча фарёд кўтариб, ялиниб ёлборса ҳам, хожа ўз фикридан қайтмади, ниҳоят розиликдан бошқа чора йўқлигига тан берган гўзални шоҳона тўй қилиб Фаррухга никоҳлашди. Кейин Ахий ўз меҳмонига кўплаб яхши кийинган қулу чўрилар, қимматбаҳо матолар ёпилган туяю хачирларни ҳадя қилиб, йўлга узатди-да, бир манзил йўлга ҳамроҳлик қилгач, улар билан хайрлашди-ю, ёдгорлик бўлсин деб Фаррухнинг қора палосини сўраб олди.
Шаҳзода йўлда борар экан, Ахийнинг қилган ишлари ҳақида фикр юритар, унинг хайрлашиш чоғидаги ғамгинлигидан изтироб чекарди. Дилидаги ҳижрон ўти алангаси пасайгач, Фаррух ўз гўзали ҳузурига кирган эди, ёри кўзлари ёшли экани, юзларини тирноқлари билан мажруҳ қилганини кўриб ҳайрон бўлди. Шаҳзода унинг ғамгинлиги сабабини сўраган эди, гул юзли маҳбуба: «Ҳар кимни талоқ эмас, никоҳ хурсанд қилади», деб жавоб қилди. Фаррух ҳайратга чўмиб: «Эй париваш ҳур, сўзларингга тушунмадим. Талоқ сўзини нега тилга оляпсан, васл ичида фироқ ҳақида гапиришинг нимаси?», деб сўраган эди, ой юзли соҳибжамол кўзларидан ёш тўкиб шаҳзодага ўз саргузаштини сўзлаб берди. Унинг гапларини эшитган Фаррухнинг ўзини ҳалок қилишига оз қолди. Кейин у ҳам тушда кўрган ёри висолига етиш йўлида чеккан азобларини тўла-тўкис сўзлаб берди. Сўнгра:
Деди: «Дардимға гар даво кўрмон,
Буйла зулми санга раво кўрмон.
Айлабон лутф беҳисоб асру,
Қилди бизни Ахий хароб асру.
...Гар анга бу қадар мурувват бор,
Бизда ҳам шаммаи футувват бор.
Сен ҳам энди шукуфта дил бўлғил,
Манга икки жаҳон сингил бўлғил»
деди-да, паривашни хурсанд қилиб чиқиб кетди. Улар туну кун йўл юриб Ҳиндистонга етиб бордилар. Бу вақтда Жасратхон вафот этган бўлиб, ўғлини ўзига валиаҳд деб эълон қилган экан. Шунинг учун халқ унинг истиқболига чиқиб кутиб олди. Фаррух отаси тахтига чиқиб ўтиргач, ўзига сингил бўлиб қолган паривашни хурсанд қилиш учун унга Ахий ҳузурида бўлганидек қаср ва боғ барпо қилишга буйруқ берди: «Юзта моҳир ҳунарманд ўзларининг бор маҳоратларини ишга солиб гўзал қаср билан боғни тугалласинлар», дейилган эди фармонда. Кўп ўтмай қаср билан боғ тайёр бўлди. Улар Ахий даргоҳидаги шаклга эга бўлиб, ғоят гўзал эди. Гўёки Ҳалаб Ҳиндга кўчиб келганга ўхшарди. Сўнг паривашга шу қасрга кўчиб ўтиш ҳукм қилинди. Уйни ва боғни кўздан кечирган соҳибжамол ўзини худди ўзининг олдинги манзилидан чиқмагандек сезди. У шоҳга сингилдек азиз бўлиб, юзта гўзал қиз хизматида эди. Нозу неъматлар эса беҳисоб эди.
Ҳинд диёрида ана шундай ишлар қилинаётган вақтда Ҳалабда қолган Ахийнинг ҳоли не кечди экан? Ўзининг гул юзли ёридан кўнгил узган Ахийнинг толеъ юлдузига зарар етиб, экинлари офатга учради, савдоси ҳам зиён кўрди, қилган чоралари фойда бермай, аҳволи тобора ёмонлаша бошлади. Душманлари буни кўриб, шаҳар шоҳига: «Ахий мамлакатни хароб қилиш учун бошқа бир шоҳнинг хизматини қилиб, унга кўплаб молу дунё бериб Ҳалабдан жўнатиб, душманларимизга қўшилди», деб арз қилдилар. Ҳукмдор уларнинг сўзларига ишониб, ғазаб билан Ахийни тутиб, бор мол-дунёсини тортиб олди ва уни ўлдирмоқчи бўлди. Ҳақиқий аҳволдан хабардор бўлган зиндонбоннинг унга раҳми келиб, қочириб юборди. Шоҳ одамлари тутиб олмасликлари учун Ахий кийимларию кўринишини ўзгартириб, яланғоч бўлиб, гулханлар атрофида девоналардек кезиб юрди. Фаррухнинг қора палосини топиб уни устига ёпиб олди-да, Фаррух диёри томон йўл олди. Бир қанча муддатда тоғу даштларни босиб ўтиб Сарандиб тахтига етиб келди. Узоқ сафар уни ҳолдан тойдирган эди, у бир вайронадан жой топиб, фарёд урганча йиқилиб қолди.
Фаррух Ҳалабга қилган сафаридан қайтгач, Ахий ишини ўзига одат қилиб олиб, катта бир меҳмонхона қурдирган, ғарибу мусофирлар у ердан ўзига нажот топарди. Шоҳ гоҳ-гоҳ от миниб, шаҳар атрофини кезар ва муҳтож бечораларни топса, уларга меҳрибонлик кўрсатарди. Ахий бу шаҳарга келиб, вайронада йиқилган куни ҳам Фаррух шу мақсад билан шаҳарда кезиб юрарди. Бир вайронага кўзи тушган шоҳ қора палос ёпиниб ётган беҳол одамни кўриб қолди-да, ўзининг Ҳалабдаги аҳволини эслаб «Бу ғариб ким экан, қандай машаққат билан у бу ерга келиб қолди экан?» деб ўйлар экан, палосни таниб қолди-да: «Эй ғариб ўрнингдан турақол», деб унга мурожаат қилди. Ахий уйғониб, бошини кўтарди-ю, шоҳни дарров таниди. Фаррух ҳам уни таниб, отидан оҳ тортиб тушди-да, икковлари қучоқлашиб кетдилар. Зор-зор йиғлашиб, бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрашишга бошладилар. Шоҳ аъёнларию сипоҳлар бу учрашувдан ҳайратда эдилар. Кейин барча шоҳ саройи томон йўл олди. Фаррух Ахий қилган ишни эслаб, аввал уни ҳаммомга юборди. Ахий у ерда йўл чангларидан поклангач, ўзига тайёрлаб қўйилган қимматбаҳо кийимларни кийгач, мулозимлар уни шоҳ қошига олиб келдилар. Фаррух азиз меҳмонга атаб шоҳона базм уюштирди. Зиёфат бир неча кун давом этди. Бир куни шоҳ бор давлат арконларини тўплаб, Ахийнинг Ҳалабда ўзига кўрсатган беҳад яхшиликларини сўзлаб берди. Сарой аҳли бу ғаройиботларни эшитиб, хожага офаринлар айтдилар, оёқларини ўпиб эҳтиром изҳор қилдилар. Шоҳ дедики: «Мен подшо бўлсам ҳам, хожанинг қилган яхшиликларига муносиб жавоб бера олмайман. Менинг қариндошларим ичида иффатли бир қиз бор. Ўша гўзални хожага никоҳлаб беришни истайман. У ўз жуфтини мени деб талоқ қилган эди, шу синглим энди унга жуфт бўлса, мен бахтиёр бўлардим».
Бу сўзлар барчага маъқул бўлди. Шундан сўнг шоҳона тўй бошланди. Шоҳ Ахийга меҳрибонликлар кўрсатиб, бор-йўғини, ҳатто ўз мамлакати ихтиёрини унга тақдим қилди. Хутба ўқилиб, шоҳ ўз синглисини Ахийга никоҳлаб бергач, хожани келин ўтирган уйга бошладилар. Хожага бу ердаги барча нарсалар: осмонўпар қаср, дарвозаю эшиклар, нақшлар _ барчаси таниш бўлиб кўринди. Келиннинг уйига оёқ қўйган замон барча халқ ташқари чиқдилар. Келин ўз юзидан пардани олгач, икковлари бир-бирларин кўриб, оҳу-фарёд уришиб беҳуш бўлиб йиқилишди. Ўзларига келишгач, кўзларидан ёш тўкиб, яна беҳуш бўлиб йиқилишарди.
Ҳижрон изтироби таскин топгач, хожа ўз дилбаридан: «Мен ҳайратланганимдан ўзимга келолмаяпман. Бу ҳолатни ўзинг тушунтириб бергин», деб сўради. Шунда париваш хожадан айрилганидан сўнг бошига тушган воқеаларни, шоҳ Фаррухнинг илтифотию мурувватини Ахийга муфассал сўзлаб берди. Шундан сўнг икковлари бахт нашидасини сура бошлашди. Икковлари ҳам ўзларини Ҳалабдаги уйларида юргандек ҳис қилишарди. Ахий зарбоф тўн кийиб шоҳ ёнида турса ҳам, уйга кирганида сафардаги қора палосга ўраниб юрарди. Қора полосни кийиб олган Ахий: «Бор яхшиликлар шу палос туфайли юз берди, уни ташлаб юборсам тўғри бўлмайди», деб шу кийимда ибодат қиларди. Унинг бу ишини кўрган шоҳ ҳам қора кийим кийиб юрадиган бўлди, шоҳ шу йўлни тутгач, халқ ҳам қора кийишни одат қилди.
Бу афсонадан хушҳол бўлган шоҳ Баҳром мусофирнинг қаерлик экани, аждодлари кимлигини суриштирди. «Менинг ватаним Ҳиндистон, ўзим Ахий авлодиданман, бу ерга кўнглим амри билан келдим, муддаом эса шоҳга хизмат қилмоқдир», деб жавоб берди. Шоҳ уни муҳтожликдан халос қилиб, ўз саройидаги хос надимлик мансабига тайинлади. Ҳикоядан шод бўлган шоҳ яхши кайфият билан уйқуга кетди.

Якшанба куни қуёш ўзининг зархал байроғини кўтаргач, осмон зарбоф кийимини кийди. Кўкнинг келини тўнини заркаш қилиб, ой юзли гўзалдек чиқиб келди. Шоҳ Баҳром ҳам қуёш мисоли бошидан оёғигача олтинга ғарқ бўлиб, қуёш каби беҳад олтинлар сочиб сариғ гумбазни манзилгоҳ қилди. Рум шоҳининг қизи сариғ олтин ичидаги қуёш монанд бўлиб, олтин қадаҳдаги сариғ майни шоҳга тутди. Қадаҳга қадаҳ уланиб, сарой аҳли оқшомга қадар базм қилишди. Қоронғу тушгач, барча тарқалиб, румлик гўзал ўз пардасидан ўрин олди. Заррин тахтда ором олаётган шоҳнинг уйқуси келмай кечагидек йўлга чиқиб бирон мусофирни топиб келтиришни, унинг афсонаси ёки бошидан кечирганларини эшитиш истагини билдирди. Мулозимлар йўлга чиқишиб, тез-тез юриб бораётган бир йўловчини тўхтатишди-да, шоҳ хоҳишини унга айтишди, у розилик билдиргач, қасрга, Баҳром ҳузурига олиб келишди. Шоҳни узундан-узоқ дуо қилгач, мусофир ўз ҳикоясини бошлади.

Иккинчи иқлим йўлидан келтирилган мусофир ҳикояти
Шоҳ Жамшиднинг замонида Рум мамлакатида моҳир бир заргар яшарди. Унинг нодир ишлари халққа маълум эди. Шоҳ саройида хизмат қилувчи бу заргар олтин-кумушнинг софлик даражасини аниқловчи соҳиб иёрлик ҳамда хазинадорлик вазифаларини бажарарди. Кондан олинган ҳар олтину кумуш унинг олдига олиб келинарди. Шу ҳунари туфайли уни Зайди заҳҳоб деб аташарди. У табиблик, муҳандислик билан ҳам шуғулланарди. Туну кун шоҳнинг яқин суҳбатдоши ҳам, пойтахтнинг асосий табиби ҳам у эди. Зайднинг кунлари айшу ишрат билан ўтар, шоҳ молини ўз моли ҳисоблар, лекин омонатга инсофсиз бўлиб, шоҳ мулкига хиёнат қилишдан ҳам тоймасди. У кўп ҳунарларга моҳир бўлгани учун шоҳ кўп яхшиликлар қилиб турар, Зайдни мақтагани мақтаган эди. Ҳеч ким унинг айбини айта олмас, бирон гуноҳи шоҳга ошкор бўлганида ҳам, унга эътибор бермасди. Мабодо эътибор қилса, Зайд ўз ҳунарини ишга солиб, ажойиб асбоб-ускуналар ясаб, шоҳни тезда жаҳлидан туширарди. Юз хил макр-ҳийла билан шоҳни алдамай туролмасди.
Бир куни Зайд шоҳ ҳузурига кириб, шундай деди: «Олампаноҳ, шоҳнинг бошқа шоҳлардан фарқи аввало унинг тахтидадир. Кўп шоҳларнинг тахти ёғочдан ясалган, сизники ҳам шундай бўлиб, қимматбаҳо тошлар билан безатилган, холос. Аслида сиз каби бахтиёр шоҳлар олтиндан ясалган тахт устида ўтиришлари керак. Бундай тахт турган маскан кўзни ҳам равшан қилади. Хазинангизда олтин жуда кўп бўлиб, миқдори кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу олтинларнинг хазинада ётишидан ҳеч қандай фойда йўқ. Бу ерда турса, фойдали ҳам бўлади, шоҳга ўзгача савлат ҳам беради». Бу сўзлар шоҳга маъқул келиб: «Бу ишнинг хаёлингга келиши яхши бўлибди, энди тезда ишга киришиб, ўз ҳунарингни кўрсатгин», деди. Зайд бу тахтни ясаш учун икки минг ботмон олтин керак бўлишини айтганида, шоҳ рози бўлди. Уста бу олтинларни олиб, ўз ишхонасига элтиб, ишга киришди. Зайд туну кун ҳаракат қилиб тахтни бир йилда битказишга тиришарди. Шу фурсат ичида тахт тайёр бўлди.
Бу ғаройиб тахт саккиз пояли бўлиб, тўрттаси юқорироқда, яна тўрттаси пастроқда эди. Пастдаги тўрт пояда тўртта гапирадиган тўти, баланд поялардан эса тўртта товус ўрин олган эди. Дуру лаъллар билан безатилган бу тахтнинг зинаси ҳам саккиз пояли бўлиб, шундай ишланган эдики, шоҳ тахтга чиқмоқчи бўлганида, у поялар пасайиб устма-уст тахланар, қадам босгач, у поялар кўтарилиб, шоҳ тахт устига чиқар, ўтирганида эса тўрт тўти: «Шоҳ ўз мақсадларига етсин, бу тахт унга абадий бўлсин», деб гапирарди. Шу пайт тўрттала товус ҳам патларини ёйиб, Ҳумо қуши каби шоҳ бошига соя соларди. Шоҳ қайси томон юрмоқчи бўлса, тахт салгина ишорат билан юра бошларди. Одамларнинг «тахти равон» _ юрувчи тахт деганлари шу бўлса керак.
Ушбу тахт тайёр бўлгач, шоҳ катта бир базм уюштирди. Ўз ўрнига чиқиб ўтирган шоҳ моҳир устага кўпдан-кўп совғалар бериб, унинг обрў-эътиборини янада кўтарди. Лекин Зайднинг қилмишларидан хабардор бўлган баъзи ҳунармандлар тахтни фақат олтиндан ясалиши керак бўлган ҳолда олтин билан бирга кумуш ҳам ишлатилганлигини билардилар. Фирибгар уста эса шоҳ ўзининг хиёнатини сезиб қолганида ҳам бу ажойиб тахтни бузиб ташламаслигига ишонарди. Душманларининг ёмон мақсадларини англаган Зайд қўрқаётган бўлса ҳам, шоҳнинг ўзига бўлган эътиборига ишонарди. Бу пайт душманлари сирни шоҳга етказиш йўлини ўйлаб топишди. Тахт устидаги тўтиларга ўхшаш иккита тўти топдилар-да, улардан бирига: «Тахт қалбакидир», иккинчисига эса «Устаси хиёнатчидир», деб гап ўргатдилар. Тахтни асраб турувчи кишига кўп пул бериб, ўзларига шерик қилиб олдилар-да, эрта тонг маҳали икки тўтини алмаштириб қўйдилар.
Эрталаб шоҳ тахтга чиққан чоғда ўргатилган тўтилар ҳалиги сўзларни айтдилар. Шоҳ бундан ҳайрон бўлиб «Бу ишни ким қилган бўлса ҳам, у Зайд ишидан хабардор одамдир. Устадан қўрққанидан унинг айбини қушлар тили орқали менга етказган. Бу ишнинг ҳақиқатини аниқлаш эса жуда осон», деган фикрга келди-ю, қўлига эгов олиб тахтнинг бир поясини озгина эговлаган эди, олтин тагига кумуш ишлатилгани аён бўлди. Бу хиёнатни билган шоҳ Зайдга бўлган меҳр ипларини узиб ташлаб, унинг молу дунёсини тортиб олиб, ўзини занжирбанд қилди-да, зиндонга ташлади. Ушбу зиндон оғзи тор, лекин туби кенг бўлган чуқурдан иборат эди. Ундан қочиб кетиш эса мутлақо мумкин эмасди.
Зайдга ҳар куни иккита кулча билан бир обдаста сув беришарди. Қаллобликка қўл урган уста бир куни зиндонга ташланиши мумкинлигини ҳам ўйлаб, олдиндан тайёргарлик қилиб қўйган, яъни кўйлаги остида ичига эгов солинган ханжарни доимо ўзи билан бирга олиб юрар эди. «Занжир ҳар қанча оғир бўлса ҳам, тушкунликка тушмай, қутулиш чорасини ўйлаб кўришим керак», деб фикр юритган Зайд зиндондан қочиш йўлини топди. У ҳар куни нон билан сувни олар экан, нонни бир чеккага қўйиб, ханжари билан туфроқ қазиб, олган суви билан лой қилиб ундан зина ясар эди. Эгов билан оёқларидаги занжирни кесиб ташлаган уста ноннинг иси билангина яшарди. Ҳар куни сувга интизор бўлиб кутар, уни олгач эса зина ишини давом эттирарди. Кун сайин мадори қуриб борса-да, зина ҳам ҳар куни баландлашиб борарди. Бир неча ой давомида шу хилда қийинчилик тортгач, охири зина зиндон оғзидаги туйнукка етди, унинг устига эса оғир бир тош бостириб қўйилганди. Зайд ханжари билан тош тагини ўйиб, одам сиғадиган тешик очди-да, чуқурдан чиқиб қочди. Шоҳ билиб қолса тутиб олиб ўлдириши муқаррарлигига кўзи етган Зайд тез-тез юриб Фаранг диёрига йўл олди.
Зиндонбонлар маҳбуснинг қочиб кетганидан хабар топишгач, бу воқеани шоҳга ҳам етказишди. Унинг қандай қилиб зиндондан қутулиб кетганини англаган ҳукмдор Зайднинг макру ҳийлаларидан ҳайратга тушди. Бу пайт Зайд жонини қутқариш учун фаранглар мамлакати томон тўхтамай йўл босар экан, кўп қийинчиликларни бошидан кечирди. Бир неча кун машаққат чекиб, Қустантания шаҳрига етиб борди. Шаҳар ташқарисида бир бутхона бўлиб, одамлар билан гавжум эди. Унинг ичига кирган Зайд ҳамма нарса олтину ложувард билан безатилганини, заркор тоқларига кўплаб олтин бутлар қўйилганини, ҳамма деворлари қимматбаҳо тошлар билан безатилгани, баланд пўлат эшиклари қулфлари ҳам олтиндан ясалганини, улар кечаси беркитилиб элнинг ибодат қилиши учун очилишини билиб олди-да, бутхонани бошдан оёқ айланиб чиққач «Бу ерда шунча текин олтин бор экану, мен бўлсам шоҳнинг олтинига кўз олайтирибман», деб ўйлади-да, ўзини бутпараст қилиб кўрсатиб, кофирлар бажараётган ибодатлару расм-русумларни оз фурсатда ўрганиб олди. У кеча-кундуз ибодат қилар, ҳар бир бутга ихлосини изҳор қилиб, ўз эътиқодининг мустаҳкамлигини намойиш этарди. Унинг бу хил маккорлиги бутхона аҳлини шайдо қилди, барчалари мурид бўлиш истагини билдириб, унинг амри билан ибодат қила бошладилар. Кўп ўтмай Зайднинг мақоми янада кўтарилиб, бутхона ихтиёри тамоман унинг қўлига ўтди, эшикларнинг калитлари ҳам унга топширилди. Шундан сўнг Зайд ўзи ўйлаб қўйган маккорликни амалга оширишни бошлади.
У кечалари одамлар уйқуга кетган пайтда селдек югуриб ҳар томонни кезиб чиқар экан, денгиз соҳилидаги тоғ ичида бир ғор борлигини кўрди. Сафар чоғида бир-икки диндоши билан дўстлашган бўлиб, бутпараст бўлгач, ҳамроҳлари ундан узоқлашишган эди. Зайд икковини излаб топди-да, ғор ичини ўзларига манзил қилишга буюриб: «Заргарлик учун қандай асбоблар зарур бўлса, уларни тезда топиб яширин ҳолда ғор ичига олиб келинглар», деб топшириқ берди. Ҳамроҳлари бу асбобларни келтиришгач, Зайд эл ухлаган чоғда ғорга келиб ҳамроҳлари билан бирга ибодатхонадаги бутларга, лагану қандилларга ўхшайдиган шаклларни темирдан ясаб, устини олтин билан қоплашар, рангли шишалардан жавоҳирлар тайёрлашар, сўнг кечалари яширинча бутхонага кириб ўзлари ясаган буюмларни бирма-бир алмаштиришар, олтин бутлару асл жавоҳирларни, олтин лагану қандилларни эса ғорга элтиб яширишарди. Бир неча муддат шу хил ишларни бажаришди, бутхона аҳлидан ҳеч ким бу маккорликлардан хабар топмади. Бор олтин буюмлар шу тарзда алмаштириб бўлингач, Зайд бутхона аҳлидан ўзининг ватанига қайтиш учун рухсат беришларини илтимос қилди. Улар бундай табаррук зотнинг ўзларини ташлаб кетаётганига оҳу фарёд кўтаришди. Зайд эса «Мен ҳам сизлардан ажралишни истамас эдим. Афсуски, онам вафот этиб ўзидан кўп молу давлат қолдирибди, мендан бошқа ворис йўқ. Бориб у мол-дунёни қабул қилиб оламану, яна бутлар олдига қайтиб келиб, барча бойликларимни бутхонага сарфлайман», деди. Бутхона аҳли унинг оёқларига бош қўйиб «Сен ўз юртингга эсон-омон бориб кел», дейишиб унга кўпдан-кўп совға-саломлар йиғиб беришди. Зайд уларни олиб, ғор ичидаги бутларни қопларга жойлаштиришга киришди. Ҳар икки бутни бир қопга солар экан, жами эллик қопни бутлар билан тўлдирди. Олтин лагану қандилларни ҳам қопларга солиб, ораларига матоларни жойлаб мустаҳкамлади. Бир катта кемани кира қилиб, ғор ичида тўпланган барча бойликларни яширин равишда кемага ташиттирди. Бутхона аҳлининг совғаларини ҳам кемага орттирди. Сўнг ҳамманинг кўнглини шод қилиб, қавми билан хайрлашди. Айрилиқ ўтида куяётган бутпарастлар уни қучоқлашиб, зор-зор йиғлашарди. Зайд кемага қадам қўяр экан, уларга боқиб: «Бир хат ёзиб бутхонага яшириб қўйдим. Уни Лот бути олдидан топасизлар. Унда сизлар ҳақингиздаги гаплар бор. Барчаси сизлар учун фойдали», деди-да, кемани юргизишга буйруқ берди. Кема кетиб борар экан, бутхона аҳли йиғлаганларича хатни топдилар-да, кўзларига суртиб ўқишга киришдилар. Мактубда Зайд ўзи қилган барча ишларни бошдан-оёқ ёзиб қўйган эди. Ўқиганларнинг бошлари қотиб, бутхонадаги нарсаларни кўздан кечиришган эди, хатдаги барча сўзлар ростлиги аниқ бўлди. Кофирлар орасида тўс-тўполон бошланди.
Бу пайт Зайд денгизда ўз кемаси билан елиб борарди. Бир неча кундан сўнг кема Рум мамлакати соҳилига етиб келди. Рум шоҳи ўзининг кези-кезида қўзғаб, жисмига изтироб соладиган касалига чалиниб беҳол ётарди. Бу касал хуруж қилган олдинги йилларда унга Зайд ўзи тайёрлаган доридан бериб тузатарди. Табиб қочиб кетгач, бир неча фурсат ўтиб, шу касаллик шоҳни яна азоблай бошлади. Унга ҳеч ким даво топа олмас, шоҳнинг дарди эса тобора кучайиб борарди. Зайдга берган жазосидан пушаймон ҳукмдор оғриқ кучайган пайтда ўз табибини эсга оларди.
Зайд соҳилга чиққач, бу воқеани эшитди ва барча молларини уйига элтиб қўйди-да, шаҳар ичида яширинча юриб, қочиш пайтида ўзи кесиб ташлаган занжирларни қўлу оёғига солди-ю, ўша чуқур зиндон ичига тушиб ётаверди. Зиндонбон Зайднинг пайдо бўлиб қолганини билиб қолиб, тезда шоҳга хабар етказди. Буни эшитган ҳукмдор ўлик қайта тирилгани каби хурсанд бўлиб кетди ва «Уни тезлик билан ҳузуримга олиб келинглар», деб буюрди-да, унга мўл-кўл эҳсонлар, қимматбаҳо кийимлар ва ўзининг отини йўллади. Буларни Зайдга олиб келишганда, у зиндондан чиқмай «Мен шоҳ ғазаби туфайли шу чоҳ ичида жуда кўп азоб чекдим. Ўша хиёнатни қилганим учун ундан ўн марта кўпроқ олтин тўлайман. Яна бир арзим шуки, шоҳ фарангларнинг бутларини синдирмоқ, дин ишида ўз кўнглини қондирмоқчи бўлиб, икки марта қўшин тортди-ю, ўз мақсадига эриша олмаган эди. Мен уларнинг бутларини парчалаб, олтинларини шоҳ хазинасига топшираман, бор жавоҳирларимни унинг бошидан сочаман, оғир дардини
тезда тузатаман. Фақат бир шартим бор: шоҳ душманларим оёғига занжир солиб менинг олдимга олиб келсин-да, муродимга етказсин. Чунки мен ҳозир шоҳ саройига борадиган бўлсам, улар менга қасд қилишлари аниқ. Шунинг учун бу мақсадимга эришмасам, чоҳдан чиқмайман», деб жавоб қилди. Бу гапларни шоҳга етказишди. Зайднинг душманлари кўп жиноятлар қилишганидан шоҳнинг кўнгли қолиб, уларни зиндонга ташламоқчи бўлиб турганида касалликка чалиниб, бу мақсадини унутган эди. Энди Зайднинг сўзлари баҳона бўлиб уларнинг барчасини қўлга олиш ва зиндонга ташлашни буюрди. Зайд чоҳдаги ўз ўрнини уларга бўшатиб берди-да, ташқарига чиқиб шоҳ юборган ранг-баранг кийимларни кийди, саройга бориб шоҳ остонасини ўпиб, эҳтиром кўрсатди. Сўнг ҳукмдор ўтирган хонага кириб ерга тупроқ каби бош қўйди. Шоҳ уни қучоқлаш учун тахтига чиқарди-да, бағрига босиб ҳолини сўради, кейин унга қўлини узатди. Одатга мувофиқ Зайд унинг қўлини ўпгач, томир уришини кўрди-да, касалига қандай даво қилишни англаб, тўрт-беш кундаёқ уни дардидан халос қилди. Шоҳ бутунлай тузалиб кетгач, ўзи олиб келган олтину жавоҳирларнинг барчасини унинг олдига тўкди. Ҳайратда қолган шоҳ кўзларига ишонмасди. Кейин «Бўлган ишларни ҳикоя қилиб бергин», деб сўради. Зайд барча воқеаларни сўзлаб берди. Шоҳ унинг ҳикоясидан мамнун бўлиб, келтирилган бойликларни хазинага йўллади ва унга шунча кўп эҳсон бердики, бу бойликларни шарҳлашнинг ўзи осон эмас. Шоҳ ҳукми билан бутларнинг ҳар бирини юз пора қилиб, дин аҳлига тақсимлаб берилди. Шундан сўнг шоҳ барчага олтинранг кийим кийиб юришни буюрди. Чунки олтин заъфарон каби элни кулдиради. Бир неча вақтдан сўнг шоҳ буйруғи билан зиндон аҳли ҳам озод қилинди. Қутулиб чиққанлар ҳам эл кийимига боқиб кула бошладилар. Уларнинг устидан эса халқ қаҳ-қаҳлаб куларди.
Баҳром бу ҳикояни эшитгач, шод бўлиб, мусофирнинг ватанию аждодларини сўради. «Ватаним _ Рум мулки, ишим тиб билан ҳикмат. Мен айтган Зайднинг ўғли менга ота бўлади. Бу томон келишимдан мақсад эса сенинг хизматингни қилишдир. Шукрилиллоҳ, бу мақсадимга етдим», деб жавоб берди мусофир. Шоҳ буларни эшитгач, уни надим этиб тайинлади, ҳикоядан ҳузур топган Баҳром уйқуга кетди-да, қуёш чиққунча кўз очмади.

Душанба куни тонг отиши билан шоҳ Баҳром бўстон сарви каби райҳон ранг кийимлар кийиб, яшил қаср сари қадам ташлади. У ерда шоҳни яшил рангли кийим кийган маҳбуба кутиб олди. Қизнинг ўзи яшил сабзага, табассуми эса шакарга ўхшарди. У ноз билан шоҳга яшил жом тутди. Баҳром ўз дилбари қўлидан дам-бадам зумрад рангли қадаҳни олиб ичар экан, кўзини уйқу босди, лекин хаёллар ичида қолган ҳукмдор яна ухлай олмади, шунда мулозимлар олдинги кунлардагидек йўлга тушиб, биёбонда кетаётган бир мусофирни шоҳ ҳузурига бошлаб келдилар. Баҳром «Парда ташқарисида ўтириб, афсона бошласин», деганидан сўнг мусофир аввал олампаноҳга мадҳу сано айтди-да, сўнг дуо қилиб, ўз ҳикоясини бошлади.

Учинчи иқлим йўлидан келган мусофир айтган афсона

Бундан анча муддат аввал Мисрда бир бадавлат ва сахий хожа яшарди. Молу дунёси сероб, ўзи ҳожатбарор ва меҳмоннавоз бўлган бу бойнинг жаҳонда тенги йўқ, барча фазлу ҳунарларга моҳир фарзанди бўлиб, жамоли Юсуфи мисрийдек гўзал, моли-дунёси ҳам Миср шоҳиникидек беҳисоб эди. Отасининг моли ҳам унинг ихтиёрида бўлиб, илму фазл аҳли уни ғоятда ҳурмат қилишарди. Унинг оти Саъд бўлиб, отаси уни жуда ҳам эъзозлар эди. Унинг ҳашаматли бир меҳмонхонаси бўлиб, у ерга танишлару бегоналар йиғилишар, мусофирлар келиб қолса, Саъд уларни турли неъматлар билан сийлаб, муродларига етказар, касбу корлари, кўрган-билганларини суриштириб, ўзига номаълум нарсаларни эшитса, уларни ўрганиб олишга интиларди. Шу усул билан хилма-хил илмларни касб этган, ҳатто сеҳру найрангни ҳам, кимё билимини ҳам ўрганиб олганди.
Бир куни яшил кийимлар кийган икки мусофир шу манзилга кириб келди. Саъд уларни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, зиёфат қилди. Мезбоннинг ўзларига кўрсатаётган ҳурмату саховатини кўрган меҳмонлар ҳайратда эдилар. Бир куни Саъд уларни хурсанд қилиш учун базм ташкил қилди-ю, май ичиб ширакайф бўлган икки мусофир билан хилма-хил мавзуларда суҳбатлаша туриб «Ўзингиз қайси мамлакатдан бўласизлар, нима сабабли яшил либос киясизлар?» деб сўраб қолди. Меҳмонлар: «Ватанимиз жуда гўзал бўлиб, оти Шаҳрисабз ёки Кашдир. Ҳаммаёқ ям-яшил, ўту ўланлари ҳам суви рангида. Ана шу диёр юртимиз бўлгани учун яшил рангли кийим кийиш одатимиздир», деб жавоб қилдилар. «Энди ўз ҳаётингиз давомида кўрган ажойиб ҳодисалардан гапириб берсанглар», деб илтимос қилди мезбон. Меҳмонлардан бири сўзга киришиб, шундай деди: «Бизнинг диёримиз томонда бир ажойиб ўлка бўлиб, уни одамлар Китвар деб аташади. У ерда баланд бир бутхона мавжуд бўлиб, ичию ташқариси турли-туман жониворлар суратлари билан тўла. Бирон киши у бутхона ичида кечаси билан қолиб, ухласа, албатта бир туш кўради, тушда унинг олдига ғалати қиёфадаги икки сурат келиб, унинг юзига кўзларини тикиб туриб, биттадан гап айтади. Бири уйқудаги кишининг келажакда кўрадиган яхшиликлари ҳақида хабар берса, иккинчиси унинг бошига келадиган ранжу аламлар ҳақида сўзлайди. Мусофир уларнинг сўзларини эшитиши биланоқ уйқудан сесканиб уйғонади-да, ўрнидан тура солиб яхши иш сари шошилади, ёмон ишдан эса ўзини ҳимоя қилишга интилади».
Биринчи мусофир шу сўзларни айтгач, иккинчиси давом эттирди: «Ўша бутхона ичида ёруғ юзли бир мўйсафид пир ҳам ўтиради. Ким тушида кўринган ишларга йўл тополмаса ёки машаққатга чораси бўлмаса, у пир бу аҳволдан хабардор бўлади-да, ўша ондаёқ унга тадбир кўрсатади. Шарт шуки, туш кўрган одам бу пир олдига бориб ўз ҳолини унга баён қилиши ва у кўрсатган маслаҳатларга амал қилиши зарур».
Бу афсонани эшитган Саъд ўша ибодатхонага бориб, айтилган сирларни ўз кўзи билан кўриш орзусида ҳушидан айрилди. Кечаси билан савдойи бўлиб ётди-да, охири Шаҳрисабз томон сафар қилишга бел боғлади. Тонг ёришгач, отаси олдига бориб, ўз муддаосини баён қилди. Хожа уни ўз орзусидан қайтаришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, фойда бермади. Сўнг йиғлаб, ўғли ғамида оҳ урди-ю, уни тангрига топширди. Олдига бор молу пулларни тўкиб: «Кўнглинг истаганича ол», деб мурожаат қилди. Саъд сафар учун лозим бўлган нарсаларни тайёрлашга буюрди. Ишчилар ўн кун ўтиб тиним билмай ишлаб, ниҳоят сафар ҳозирлигини тугатишди. Шоҳона бу карвонда қатор-қатор нор туяларга ортилган беҳисоб олтину кумушлар, камарлари лаълу гавҳарлар билан безатилган тўрт юз қулдан ташкил топганди. Сафар учун зарур бўлган ҳамма нарса муҳайё эди. Саъд икки яшил кийимли мусофирни ўзига ҳамроҳ қилиб, икки кўзларидан ёшларини тўкиб отаси билан хайрлашди. Карвон манзилга тезроқ етиб бориш учун ҳар икки манзилда бир тўхтаб борарди. Унинг яшил кийимли ҳамроҳлари Саъдга Хизр мисоли йўл кўрсатиб боришарди. Анча муддат биёбонни босиб ўтишгач, истаган манзилларига етиб келишди. Икки мусофир Саъдни ўзлари тасвирлаган бутхона томон бошлашди. Ибодатхона яқинида отларидан тушишган Саъд ва ҳамроҳлари, хушҳаво жойда ўтириб овқатланиб олишгач, бутхона аҳлига кўп эҳсонлар тарқатдилар. Сўнг Саъд бутхонани тезроқ кўришга шошилди-да, икки ҳамроҳи билан ичкари кирди. У сайр қилиб, ҳаммаёққа назар ташлар экан, ҳар қадамда ҳайратланарди. Қоронғу тушгач, Саъд яна бутхона ичига киришга интилди. Бундан хабардор бўлган карвон аҳли одамлар бундай қизиқишидан кўп зарар кўрганларини айтиб, уни қайтаришга ҳаракат қилишди. Лекин ҳаваси зўрайиб бораётган йигитга бу хил маслаҳатлар ёқмади.
Шундан сўнг Саъд бутхона ичига кирди ва унинг бир чеккасида ухлашга жой топди. Бараҳмон эшикни маҳкам қилиб беркитгач, унинг кўнглини ваҳм босиб, чиқиб кетишни ҳам ўйладию, лекин ўз мақсадига етишни афзал билди. Унинг кўзига тонгга қадар уйқу келмади, эрта тонгдагина кўзлари юмилиб ухлаб қолди. Тушида унга шу ибодатхона кўринди, ўзи шу ерда сайр қилиб юрганмиш. Бир маҳал ўзи қушга ўхшаган, лекин яшил рангли икки ёқимли сурат сайраб баланд кўтарилдилар-да, учиб келиб, унинг бошидан айланиб ўтишгач, олдига қўнишди. Бири «Сенинг насибанг юзи шарқ қуёшидек гўзал пари бўлади», деди. Иккинчиси эса қўрқинчли қилиб: «Сени дев асир қилиб икки оёғингга занжир солади», деб айтди. Бу ажойиб ишлардан ҳайратга тушган Саъд сесканиб уйғонди-ю, фиғон чекиб, ҳар тарафга боқар экан, тонг отиб, ҳар томон ёришиб кетганини кўрди. Ўрнидан тура солиб, эшик томон югурган эди, бараҳман эшикни очди. Саъд ташқари чиқди-да, ўзи ҳақида ғам чекишаётган ҳамроҳларини ко
ърди. Тушида юз берган ҳодисалардан савдойи бўлаёзган йигит кечгача беқарор бўлиб, фиғону зор қилди. Мулозимлар яшил кийинган мусофирларга мурожаат этиб: «Сўзларинг рост бўлиб чиқди, хожамиз телба бўлиб қолди, энди ўзингиз чора топиб беринг», дейишди. Иккинчи мусофир эса: «Мен сенга: «Пир чорасини топиб беради, деган эдим-ку. Турақол, унинг олдига борайлик, шояд дардингга даво топилса», деди. Саъд ҳамроҳлари билан бирга пирни излашга тушди. Баланд тоғ томон йўл олишиб, тоғ ичидаги қоронғи ғор ичига кирдилар. Ғор ичида бир айвон бўлиб, уни тоғ қазувчининг тешаси ҳозирлаган эди. Унинг тўрида мўйсафид пир ўтирарди. Унинг танаси сочлари ичида яширинган, гўё жаҳон тун зулмати ичида эди. Кўнгли ичида илмлар яширинган, мисоли кон ичидан жавоҳир кони ўрин олгандек эди. Етти юз йилдан ошиқ умр кўрган, ҳаётдан умиди ҳам, қўрқинчи ҳам қолмаган бу кекса отини халқ Пайлақус ҳаким деб атарди. Кирган одамлар ҳайратдан қотиб қўлларини қовуштирганларича жим туришарди. Улар кириб келганларини кўрган пир сочларини очиб юзини кўрсатгач, юзининг нури давронни қуёш нури ёритгандек равшан қилиб юборди. У меҳмонларга илтифот кўрсатди. Пирнинг шукуҳини кўрган мусофирлар туфроққа юзларини қўйишди. Пир Саъдга боқиб: «Эй бахтиёр фарзанд, жамолингни кўрибоқ барча ҳолингни фаҳмлаган эдим. Сўзларингни ўзинг бошидан охиригача айтасанми ё мен айтиб берайми?» деб сўраган эди, меҳмон ер ўпиб: «Ҳикматни Луқмон айтгани яхшироқ», деб жавоб берди. Донишманд табассум билан бошини эгиб ёқимли сўз бошлади-да, Саъд билан бўлиб ўтган барча воқеаларни бирма-бир айтиб: «Юзингни кўриш орзум эди. Тушинг таъбирини ҳам айтиб бераман ва уни амалга оширишга ҳам тадбир кўрсатаман, лекин сенга ҳозир айтишим керак бўлган гапларим бор», деди-да, ўзининг азалда шу бутхона пешвоси бўлганини, бир кеча шу ерда қолиб туш кўрганини, ундан кўнглига ғулғула тушиб, ҳар қанча изласа ҳам тўғри таъбир айтувчиларни тополмагани, охири бир Хизрга ўхшаган мўйсафид маслаҳати билан «Жомоспнома» китобини ўқиб, у ерда ўз тақдири ёзилганидан хабар топиб, юз йилдан бери шу маконда ибодатхонада кўрилган тушларга таъбир айтиш билан шуғулланаётгани, китобдаги таъбирга кўра Саъд исмли йигитни кутиб интизор бўлгани, ниҳоят унинг висолига эришганини батафсил сўзлаб бергач, кейин ўз меҳмони тушини изоҳлаб, биринчи қуш башорат қилган пари яшил кийинганлар шоҳининг қизи бўлиб, ниҳоятда гўзал ва ширинсўз экани, унинг баланд бир қасрда яшаши, қаср атрофини уч осмонўпар қўрғон ўраб туриши, олдинги қўрғонни Қатрон деган девсифат занги қўриқлаши, иккинчи қўрғонда бир кучли олим бўлиб, унинг саволларига тўла жавоб берган инсонгина кейинги, сеҳрли қўрғонга ўтиши мумкинлигини, у ерда эса сеҳр сирини фош этиш зарурлигини айтди.
Саъд пирдан шуни ҳам билиб олдики, малика васлига муштоқ бўлган ошиқларнинг қайси бири ана шу уч қўрғондаги тўсиқларнинг биронтасида мағлуб бўлса, дарҳол қатл этилиб боши қўрғон кунгираси устига қўйилар экан. Шу пайтгача кўплаб бошлар кунгиралар устидан жой олган экан. Пир ўз сўзининг охирида Саъдга боқиб:
...Лек сен ҳеч навъ қайғурма,
Ваҳм даштиға маркабинг сурма.
Ким ани ҳақ санга насиб этмиш,
Васли топмоққа вақт ҳам етмиш.
Ҳар не қилғумдурур санга таълим,
Андоқ этмак керак сен, этмай бийм»
деди-да, бир неча сўзларни айтиб: «Буларни ёдингда тутишинг керак», деб тайинлади. Сўнг чўнтагидан бир мунчоқни чиқариб, қўлига тутқазди, бир мактубча ёзиб уни ҳам Саъдга топширди ва «Энди тезроқ йўлга туш, бу икки ҳамроҳинг сенга раҳбарлик қилишсин. Шаҳрисабз томон юриб, йўлда тўхтамай у диёрга етгин. Шу пайт икки ҳамроҳинг шоҳ олдига бориб, сен ҳақингда унга сўзлаб беришсин. Шунда шоҳ сенинг кимлигингни билгач, аввал Қатрон билан жанг қилишга буюради. Сенга ёзиб берган бир неча сўзимни тинмасдан такрорлаб юргин. Муҳра-мунчоқни оғзингга солиб, унинг сувини душманинг томонга қараб туфла. Шунда у сўзлар сенга қувват бериб, душманингнинг қувватини кеткизади ва унинг уйқусини келтиради. Зангини мағлуб қилгач, биринчи қўрғонни эгалладим, деб ҳисоблагин-да, иккинчисига қадам қўй. У ердаги Масиҳо нафаслик пири комил ўз сўровларини бошламай туриб, хатни унга тутқаз. Уни ўқигач, пир сенга эъзоз билдириб, ишингни битказади, чунки у менинг шогирдим ва фарзандимди
р. Сенга ғамхўрлик кўрсатиб, афсунга қарши чора топиб беради. Сеҳрлар очилгач, сенинг барча муродинг ҳосил бўлади», деди. Шу сўзларни айтгач, қучоқлаб манглайидан ўпди-ю, шод бўлиб «Бизни обод қилдинг, обод бўлгил, ҳозироқ ўрнингдан туриб кунни кеч қилмай йўлга туш ва юришда тўхтай кўрма», деди-ю хайрлашди, пир шод бўлганича қолиб Саъд яхши кайфият билан йўлга равона бўлди.
Саъд ўз ҳамроҳлари билан водийларни туну кун босиб ўтар экан, ниҳоят Каш шаҳрининг деворлари кўринди. Яшил кийимли икки дўсти саройга бориб, шоҳга ўз хожалари ҳақида сўзлаб, унинг камолоту фазилатларини мақтадилар. Шоҳ уларни яхши танир эди, чунки улар аслида шоҳнинг маҳрамлари бўлгандилар. Шунинг учун уларнинг сўзлари чинлигига ишонди-ю «Эртага уни ҳузуримга олиб келинглар», деб буюрди. Эртаси Саъдни ўз саройида кўрган шоҳ у билан кўришиб, ҳурматини жойига қўйди ва ўтириш учун тахт олдидан жой кўрсатди. Шоҳона таомлар тортилгач, танишлару бегоналар Саъднинг суҳбатларидан баҳраманд бўлдилар. Ҳамроҳлари ўз дўстларининг муддаосини шоҳга айтган эдилар. Шу туфайли у Саъдга «Йўлдан чарчаб келгансан, бугун дамингни олгин-да, эртага қўрғон томон боргин», деб буюрди. Саъд ер ўпиб, ўрнидан турди ва ўзига ажратилган манзилга бориб, базмни давом эттирди. Ўзи етишмоқчи бўлган маҳбуба ёди билан анча май ичди, кайфи ошиб, ёри кўчаси томон йўл олди. Ҳамроҳлар
и маст бўлиб ухлаб ётар эдилар. Саъд севимли дилдорини кўриш истагида қўрғон ичига кирмоқчи бўлиб, деворлар атрофида маст ҳолда гоҳ туриб, гоҳ йиқилиб кезиб юрар экан, унинг овозини эшитиб қолган занги Қатрон келиб тутиб олди-ю, аввал ўлдирмоқчи бўлди, кейин кечаси билан уни занжирбанд қилиб эрталаб одамлар олдида ўз кучини кўрсатиб, душманларини қўрқитиб қўйишга қарор қилди. Сўнг уни қалъа ташқарисидаги ғор ичига қамаб, оғзини катта бир тош билан беркитиб қўйди. Эрталаб ўзига келган Саъд кеча юз берган ишларни эслаб, тушида кўрган қуш сўзларини ёдига келтирди, сўнг кекса пир берган хатни ўқий бошлаган эди, танига қувват кириб, қўл ва оёғидаги занжирларни синдирди-да, ғор оғзидаги тошни ҳам олиб ташлади, ханжарини қўлига тутганича Қатрон билан жанг қилиши керак бўлган майдон томон йўл олди. У ерда барча ҳамроҳлари маъюс бўлиб туришарди, Саъдни соғ-саломат кўриб, кўнгиллари таскин топди.
Жанггоҳда баҳайбат занги ўзини шоҳлардек тутиб мағрур турар, шоҳ қизи ўз отаси билан қасрнинг махсус майдончасида ўтириб томоша қилишар, чор атроф юз минглаб аҳоли билан тўла бўлиб, барчалари Саъд ғалабасига тарафдор эдилар. Занги ғордан ўз тутқинини олиб келиш учун кетган чоғда майдонга Саъд кириб келди. Ғорга кирган Қатрон ўз бандисини тополмай ғазабланиб, майдонга қайтиб келди-ю, Саъдга ҳамла қилди. Куч-қувватда иккала паҳлавон тенг эди. Шу пайт Саъд пир берган мунчоқни оғзига солди-да, сувини зангининг кийимига туфлади. Шунда Қатроннинг кўзига уйқу келиб, у беҳол бўлиб қолди. Саъд зангини ердан кўтариб олиб боши устида тутиб турар экан, халқ қий-чув қилиб юборди. Йигит рақибини боши устида айлантириб туриб, ерга шундай урдики, у тупроққа нақшлангандек бўлиб қолди. Томошабинларнинг таҳсин овозлари осмону фалакка етди. Шундан сўнг Саъд «Яна нима қилай, айтинглар», деган эди, мулозимлар уни донишманд олим томон олиб боришди.
Биринчи қўрғонни босиб ўтган Саъд иккинчи қалъага кириб борганида, уни кўрган ҳаким ҳайрат билан боқар экан, йигит Пайлақус ҳаким ёзиб берган мактубни унинг қўлига тутқазди. Донишманд хатни очиб, устозининг отини кўрди-да, ўпиб ерга бош урди. Устози ўзининг аҳволи ва Саъднинг муаммолари ҳақида ёзган, хусусан, учинчи қалъадаги сеҳрни фош қилишда ёрдам беришини илтимос қилган эди. Аллома «Зол деб аталган у сеҳрни мен ясаганман. У ерда бир тимсол бўлиб, унинг атрофида кўзга ташланиб турадиган турли нарсалар аслида мавжуд эмас. Сен у ерга боргач, қўрғон ичидаги зол-кампир тимсолига бир ўқ отсанг, мақсадингга эришасан», деди. Саъд шоҳ олдига йўл олди-ю «Энди қайси ишни бажарай?» деб сўради. Мулозимлар уни учинчи қалъадаги кампир тимсоли томон бошладилар. Саъд киргач, орқасидан кўплаб одамлар томоша қилиш учун эргашишди. Майдонда бир кампир тимсоли ваҳимали қилиб ишланган бўлиб, унинг атрофида бир неча аждаҳо оғзидан ўт сочиб турарди. Саъд қўрқув билмай илдам юриб борди-да, кампир кўкрагига зарб билан тепди. Тимсол ўз еридан тебраниб, кейин бутун аъзоси бирма-бир тўкилиб тушди. Унинг кўриниши одамга ўхшаган бўлиб, латталарни бир-бирига ёпиштириб ясалган экан. Атрофидаги аждаҳолар ҳам қалбаки бўлиб, оғзидан отилаётган ўтлар қизил ипак матолар экан.
Саъд сеҳрларни йўқ қилгач, шоҳ қошига борди. Ҳукмдор уни қучоқлаб, юзидан ўпди-да, фарзанд деб қабул қилгани, ўзини ота сифатида билишини айтиб, «Яшил жаннат» деган гулшанга бошлади. У ерда «Яшил қаср» деган қаср мавжуд бўлиб, шу ерда тўй бошланди. Унга Шаҳрисабзнинг барча халқи қатнашди. Сўнг фаришта билан пари қуёш билан тонг юлдузи каби висолга етишишди. Орадан кўп ўтмай, шоҳ оламдан кўз юмди-ю, шаҳзода унинг тахтини эгаллади. Саъд кийимлари ва тожу тахтини яшил рангли қилгач, яшил кийимли икки дўстини вазир қилиб тайинлади. Бўстон сарвига ўхшаган гул юзли маҳбубасининг барча кийимлари ҳам райҳон рангидаги ипакдан эди. Икковлари шодликда ғам билмай яшадилар, уларнинг адолатидан мамлакату халқ ҳам хурсанд эдилар. Яшил ранг-баҳор ранги, сабзаю ўтлоқлар рангидир. Хизрнинг абадий ҳаётга эришганлиги сабаби ҳам унинг шу рангдан нишон топгани бўлса, не ажаб!
Мусофир ўз қиссасини тугатгач, шоҳ Баҳром ундан ватани ва аждодларини сўраган эди, у: «Мен Шаҳрисабзнинг таниқли одамлариданман, Саъднинг сулоласидан бўламан», деб жавоб берди. Шоҳ унинг кимлигидан хабар топгач, шаҳарга волий этиб тайинлади-да қайғулари унутилиб, уйқуга кетди.

Сешанба куни тонг отгач, шоҳ Баҳром гулранг кийимларини кийиб, гулгун тахт турган гулгун уй ичига кириб, гулгун қасрда май ичиш истагини билдирди. Гулгун ипак кийимли, гул юзли сарвдек гўзал маҳбуба шоҳни таъзим билан кутиб олиб, икковлари гулранг тахтга чиқиб ўтиришди-да, лаъл қадаҳларда гулгун май ичиб, юзлари ҳам гулгун бўлди. Куни билан базм давом этиб, қоронғи тушгач, шоҳ кўзи майдан қизарган бўлса ҳам, уйқу келавермади. Мулозимлар ҳар кунгидек йўлга чиқиб сўзга чечан бир мусофирни бошлаб келишди. Баҳром «Парда орқасида ўтириб, бошидан ўтган воқеалардан гапириб берсин», деб буюргач, меҳмон олдин шоҳга ҳамду сано айтиб «Шоҳнинг бахти беҳисоб бўлиб, юзи иқбол жомидан гулгун бўлсин», деб дуо қилгач, ўз афсонасини бошлади.

Тўртинчи иқлим йўлидан келган мусофирнинг ривояти

Бундан бир неча йиллар муқаддам Деҳли шаҳрида жуда бадавлат шоҳ ҳукмронлик қилар, унинг мулку давлати, қўшинидаги сипоҳлари беҳад кўп экан. Жўна отли бу шоҳ ўзининг саховати билан машҳур бўлиб, халқини мўл-кўл молу давлат бериб хурсанд қилар экан. Юзлаб, минглаб муҳтож одамлар унинг эҳсонига сазовор бўлган экан. Бир куни бир меҳмон шоҳга ажойиб бир кўзгуни совға қилди. Унинг рўпарасида ўтирган ҳар бир киши рост сўзлаётган бўлса, юзи нурли бўлиб кўринар, ёлғон сўзлаётган бўлса, юзи қора тусга кирарди. Кўп киши кўзгуга боқиб туриб сўзлар эканлар, шу ҳақиқатга гувоҳ бўлдилар. Бу совғадан мамнун бўлган шоҳ меҳмонга кўпдан-кўп молу давлат бериб хурсанд қилди. У билан суҳбат қилиб туриб: «Сен оламда кўп ўлкаларни кезиб чиққан, минглаб одамлар билан суҳбатлашган инсон экансан. Айтчи, менга ўхшаган сахий кишини эшитганмисан ёки ҳузурига бориб хизматини қилганмисан?» деб сўраб қолди. Бу саволдан гангиб қолган меҳмон қандай жавоб беришни билмасди. «Ҳа» деса, шоҳн
инг кўнгли ранжиши муқаррар, «йўқ» деса, ёлғон гапирган бўлади. Охири ёлғон бўлса ҳам «Йўқ, кўрмаганман», жавоб қилди. Шоҳ «Шу гапинг ростми?» деб сўради, меҳмон «Ҳа рост», деб таъкидлади. Шоҳ «Унга ҳалиги кўзгуни тутинглар», деб буюрган эди, меҳмоннинг юзи қора бўлиб кўринди. У хижолат чекиб нима дейишни билмай тураркан, шоҳ «Эй покиза инсон, сен мен туфайли шу ҳолатга тушдинг. Ёлғон сўзлаганинг учун юзинг шундай кўринди, энди рост гапиргин, шунда юзинг ҳам пок бўлиб кўринади», деди. Меҳмон «Кўрганман», деган эди, шоҳ унга яна кўзгуни рўпара қилди, бу сафар унинг юзи оқ бўлиб кўринди.
Шоҳ меҳмонга яна мурожаат қилиб «Мендек саховатпеша инсон ким экан, айтиб бер», деб сўради. Меҳмон «Ҳақиқатни айтишдан бошқа чорам қолмади. Фақат менинг узундан узоқ ҳикоямни бир ўзинг эшитсанг, дуруст бўлади, деб ўйлайман», деди. Аъёнлару мулозимлар уларни ёлғиз қолдирдилар. Меҳмон сўз бошлади «Ҳиндистонда жаннат боғидек гўзал бир шаҳар бор. У сенинг мамлакатинг ичида жойлашган бўлиб, хазинангга ҳар йили мол юбориб туради. Мақтовга арзирли бу шаҳарнинг номи Тароз бўлиб, ўзи мажозий ишқ каби дилкашдир. Балки у ерда сен ҳам бўлгандирсан, ҳеч бўлмаса унинг мақтовини эшитгандирсан?». Шоҳ «У шаҳарни зиёрат қилмаган бўлмасам ҳам, халқдан васфини эшитганман. Сен ўз ҳикоятингни давом эттириб, кўрганларингни баён қилавер», деб буюрди. Меҳмон ўз сўзини шундай давом эттирди «Тароз жаннатмисол шаҳар бўлиб, туби каби дарахтлари осмонга етай дейди. Кавсарсимон сувлари ҳар томонда оқиб туради. Ҳавоси жаннат боғидаги каби жонпарвар ўрмони боғдан ҳам яхшироқ, у шаҳарда боғ-бўстонсиз киши йўқ. Ҳар бир кишининг боғи гўзалликда бетакрор. Шоҳ адолати туфайли халқ бой яшайди. Шаҳару кўчалар жаннатдек обод, уйлари билан одамлари қасрлару ҳурларни эслатади. Халқининг мол-дунёси шунчалар кўпки, бойлигини қўйишга жой тополмайди.
Мана шу шаҳарда ажойиб бир йигит яшайди, унинг мақтовини мингта сўзамол ҳам айтиб тугатолмайди. Ҳуснда осмон қуёшига, лутфу эҳсонда ҳаёт сувига ўхшайди. Ўзи ёш бўлса ҳам, илму камолоти чексиз. Ҳар бир фанни шундай мукаммал эгаллаганки, кўп олимлар унга мулозимлик қилишади. Бахт юлдузи бўлган бу йигитнинг оти Масъуддир. У ҳар куни гулзорда кезиб, гулранг бода ичишни ёқтиради. То гул бор экан, гулзорда дўстлари билан базм қилишади. Бошларидан оёқларигача гул сочишиб, гул ичига ғарқ бўлишади. Гул фасли тугагач эса базм гулранг қасрда давом этади. Гулранг кийимлар кийган барча одамларнинг айш гули очилиб, бошларидан гуллар сочилади. Унинг базми фирдавс боғига ўхшайди. Менинг бу гапларим унга хос фазилатларнинг юздан биригина, холос. Унинг саховатини эса мен эмас, юзта Ҳотам тирилса ҳам, айтиб адо қилолмайди».
Бу сўзларни эшитган шоҳнинг сабру қарори қолмай, ўша соҳибкарам йигитни кўриб, унинг ҳаёти билан танишишга аҳд қилди-да, сарой аҳлига: «Мен бир ҳафта ҳарамда ором олиб май ичмоқчиман. Хизмат аҳлини ҳам бир ҳафтага ишларидан озод қиламан, улар уйларида роҳат қилиб шод бўлсинлар», деб фармон берди-ю, ҳарамини махсус одамларга топшириб уларга зарур вазифаларни юклади.
Жўнанинг ерда тез юрувчи бир улови бўлиб, уни «Сари ус-сайр» деб аташарди. Бир ҳафталик йўлни бир кунда босиб ўтишга қодир бўлган бу уловга тез юришда чақмоқ ҳам бас келолмас, осмондаги қушлар ҳам унга етолмасди. Шоҳ унга минди-да, юз ёғочлик йўлга икки кунда етиб борди.
Тароз шаҳри беҳишт боғига ўхшаб, туфроғидан атир иси уфуриб турар, ўз меҳмони тасвирлаганидан юз марта гўзалроқ эди. Шоҳ одамлардан сўраб, Масъуд яшайдиган манзилни тезда топди. Унинг рўпарасида баланд бир дарвоза турар, унинг олдидаги майдон эса халқ билан тўла эди. Эшик олдида мусофирларни кутиб олишга қўйилган ходимлар ҳозир туришарди. Улар Жўнани мусофир деб хаёл қилдилар-да, ҳол-аҳвол сўрашгач, меҳмонхонага бошладилар. Отини отхонага боғлаб, ўзини қасрга таклиф этдилар. Меҳмонхона бир қаср бўлиб, ундаги барча нарсалар шоҳона кўринишга эга эди. Бу ерда Жўнага ором беришди-да, олдига хилма-хил таомларни тортишди. Кўп ўтмай меҳмон қошига мезбон кириб келди. Унинг хулқу камоли Жўнани ҳайратда қолдирди. Масъуд сўзларини тугатгунча, меҳмон таомланиб бўлди. У ўз меҳмонидан «Мизожингиз бода тилайдими?» деб сўраб, сўнг бода келтиришни ва базм тайёргарлигини кўришни буюрди. Қаср ёнида бир ҳаммом қурилган бўлиб, ундаги ҳамма ашёлар қимматбаҳо тошлар билан безатилган, ҳовузларда сув ўрнига гулоб тайёрлаб қўйилганди. Масъуд меҳмонни ҳаммомга таклиф этди. Шоҳ ҳам ҳаммомга кириб йўл гардидан тозаланишни истаб турган эди. Мезбон таклифини қабул қилиб ҳаммомга кирди-ю, у ердаги нарсаларни кўриб ҳайратланди. Бундай ҳаммом унинг саройида ҳам йўқ эди: зарҳал тослар қуёш каби ялтирар, кумушдан ишланган дасталари ҳилолга ўхшар, лунгилардан мушку анбар ҳиди таралар, уларни тикишда ип ўрнига заррин иплар ишлатилган эди. Хизматчилар янги очилган гулга, йўқ, йўқ, ҳаммом ичидаги париларга ўхшашарди. Бу ерда йўл чангидан фориғ бўлган Жўна ҳаммомдан чиқар экан, унга гулранг ипакдан тикилган кийимларни кийдиришди. Шу хил рангдаги кийимларни кийиб олган Масъуд билан икковлари базмгоҳ томон йўл олишди.
Базм жаннатни, ҳур ва соқийлар кавсар билан бодани эслатишарди. Масъуд ўз меҳмонини ўтқазиб, кейин ўзи ўтирди. Мажлис аҳлининг барчаси гул юзли бўлиб, кийимлари гулнорий рангда эди. Мезбон ҳукм қилган эди, хушбичим бир соқий келиб, меҳмонга гулгун бода тутди. Қадаҳлар пай-пайдарпай айланар экан, май мажлис аҳлининг бошига чиқди. Шоҳ ҳам бодадан боши қизиб, ихтиёрсиз ҳар хил гапларни сўзлай бошлади. Унинг тўхтовсиз сўзлашини кўрган мезбон ҳам ҳайрон бўлиб қолди. Жўна унга қараб: «Эй бахтиёр йигит, қиёфанг ҳам исминг каби масъуд экан. Мен Ҳинд мамлакатини кезиб чиққан одамман. Лекин тангри шу қадар донишу салоҳиятни, мунча жамъияту рафоҳиятни насиб этган бошқа бир кишини кўрмаган эдим. Буларнинг барчасига қандай қилиб эришдинг? Шу саволимга жавоб бериб, менинг ҳайратимин бартараф айлагил», деб илтимос қилди. Масъуд унга: «Эй муборак юзли азиз инсон, саволингга жавоб бериш менинг бурчимдир. Буларнинг барчаси Яратганнинг неъматларидир. Бизнинг шоҳимиз олам аҳли бошидаги тангри соясидир. У ниҳоятда одил, ўз адолати билан олам аҳлини ҳайратга солган ҳукмдор. У адолатни қарор топтириб, зулм торларини шундай узиб ташлаганки, натижада бутун мамлакатда тинчлигу омонлик ҳукм суради. Юртда тинчлик бор экан, мамлакат халқи аҳилликда яшайди, илму ҳунар ҳам ривож топади. Бошқаларга қараганда мол-дунёмнинг кўпроқлигига эса икки ишим сабаб бўлган деб биламан. Бири Яратганнинг шукрини адо қилмоқ бўлса, иккинчиси шоҳни доимо дуо қилмоғимдир. Ана шу икки ишдан ғофил қолган одамлардан нимани кутиш мумкин?» деб жавоб қилди.
Бу сўзлар шоҳни шундай хурсанд қилдики, фарёд уришига оз қолди. Унинг кўнглидан Масъудга бўлган меҳр жой олди. Хушҳол бўлганидан ҳар хил воқеаларни ёқимли, равон қилиб сўзлаб берар экан, базм аҳлини лол қолдирди. Масъуд ўз меҳмонининг фазлу донишда замонанинг ягонаси эканлигини кўриб, унга жонини фидо қилгиси келарди. Ҳар тарафга кетган савдогарлардан бири шу куни ҳисобсиз фойда билан қайтиб келган эди, Масъуд мамлакатнинг бир йиллик хирожига тенг бўлган шу фойдани ўз меҳмонига тортиқ қилди.
Мезбон базмни янада безатиш учун «Ўнта ҳур шодиёна кайфият билан раҳба (шодлик уйларининг) эшигини очсинлар-да, халойиқ бошига гуллар сочсинлар», деб буюрди. Куз фасли бўлишига қарамай, эсиб турган шамол гулларни соча бошлади. Ясалган барча гуллар ёқимли ҳид таратиб, базмни беҳишт гулистонига айлантирди. Масъуд бир томонга қараб имо қилган эди, бир гул юзли гўзал келиб, табассум билан қуёшдек порлаб турган бир жомни тўлдириб шоҳга тутди-да, уйни қуёшдек ёритиб юборди. Мезбон шоҳга қараб «Бу жомнинг хосияти шундаки, бир тўлгандан сўнг, ҳеч қачон майдан бўшамайди, у ўнг томонга қараб айлантирилса, ичган билан ундаги май асло тугамайди, тўлдирилгач, чап томонга қараб айлантирилса, оз-оздан ичилса ҳам камайиб боради. Буни ясаган олимлар унга ана шундай тилсим боғлашган». Шу заҳотиёқ уни синаб кўришган эди, мезбон айтган фикрлар тасдиғини топди. У жом шоҳни бодапараст айлади-ю, ичмасдан туриб маст бўлди. Масъуд уни ҳам меҳмонига ҳадя қилди. Шоҳ шодлик ичига сиғмай ундан май ичар экан, ақлу ҳушини ҳам йўқотди. Базм тугагач, барча ухлаб ором олди. Тонг отгач, гулгун қасрда яна кечагидек базм бошланди. Масъуд шарофати билан ажойиб бир соз ва уни чалувчи дилнавоз гўзал кириб келди. Сознинг номи «чанг» бўлиб, созанда юзига гулранг ипак парда ёпиғлиқ турарди. Масъуд: «Созини қўлига олиб, юзини очсин-да, ўтириб чалишга киришсин», деган эди, ҳур ўтириб, пардасини юзидан олди-ю, элни ақлу ҳушидан жудо қилди. Чанг торларининг фиғони ўтирганларнинг жонини олгудек янграрди. Ҳур ва унинг кўйига асир бўлган шоҳ фарёд чекарди. Мезбон уларни ҳам шоҳга армуғон қилиб берди. Масъуд шу тарзда туну кун Жўнага хилма-хил нарсалардан тортиқ қилиб турди. Бу кун шу хилда ўтиб кеч бўлгач, базм аҳли уйқуга кетди.
Эртаси куни тонгдан аввалги икки кундагидан ҳам аълороқ базм бошланиб, май ичиш, гул сочиш, чеҳраларни қизартириш давом этди. Зебу зиёфату айшу ишрат олдинги кундагидан кўпроқ эди. Саховатли меҳмон яна амр қилган эди, бир мулозим тезда бориб чақмоқдан ҳам тезроқ югурувчи, номи «Гулгун» бўлган гулгун рангли бир отни келтирди. Юриши бошқа отлардан ўн марта тезроқ бўлган бу от бир кеча-кундузда юз ёғоч йўлни босиб ўтар экан. Масъуд бу отни ҳам шоҳга туҳфа қилди. Жўна барча совғаларга қараганда бу отдан кўпроқ хурсанд бўлди. Мезбон унга олдинги икки кундагидек тортиқлар қилиб, меҳмонининг кўнглини олди. Шом бўлгач, базм аҳлининг барчаси маст бўлиб ухлаб қолишди.
Эрталаб бўлгач, Жўна кўз очиши биланоқ мезбон ўз меҳмони томон шодликка тўлиб кириб келди. Икковлари суҳбатлашиб ўтиришаркан, шоҳ Масъудга қараб: «Эй гўзал чеҳрали дўстим, кўнглимизни жуда хурсанд қилдинг, сен қилган меҳмондорчиликни ўлгунча ҳам унутмайман. Сендан айрилиш ҳар қанча оғир бўлса ҳам, рухсат берсанг, биз йўлга тушсак», деб қолди. Айрилиқ сўзини эшитган Масъуд
Деди: «Эй раҳнаварди кор огоҳ,
Не ҳадис эрдиким, дединг ногоҳ.
Суҳбатинг бирла бор эдук хушҳол,
Бизга ҳажринг қилур мушавваш ҳол.
Хизматингда гар айладук тақсир ,
Сен карам бирла топмағил тағйир .
Шод эдук меҳрваш жамолингдин,
Мутаматтиъ-  чучук мақолингдин.
Неча кун турсанг ўлғабиз масрур-  ,
Йўқса тақсиримизни тут маъзур» - .
Шоҳ унга ўз узрини айтиб, хайрлашди-да, пойтахти томон йўлга тушди. «Гулгун»га минган Жўна ўша куниёқ Деҳлига етиб келди. Масъуд шоҳга берган инъомларини ўзининг ишончли мулозимларидан бериб юборди. Бир неча кундан сўнг бу тортиқлар ҳам шоҳ саройига олиб келинди. Шоҳ Масъуднинг қилган ишларидан, сон-саноқсиз берган совғаларидан ҳамон ҳайратда эди. Уни эсига олиб гулранг тўн кийди-да, гулгун жомга май қуйиб ичди.
Тароз шаҳрида ҳиммати пасту, мансаби юқори бўлган бир одам волийлик қиларди. У Жунпур деган шаҳардан бўлиб, оти Жайпур эди, ўз зулми билан Ҳинд мамлакатида машҳур бўлганди. Унинг устидан Жўнага кўп шикоятлар келиб тушган бўлиб, шоҳ қанча-қанча гуноҳларидан ҳам хабардор эди. Шунинг учун шоҳ «Ҳозирнинг ўзида фармон ёзиб Масъуд томон йўлланглар, Масъуд Тароз шаҳрига волийликни қабул қилиб олсин», деб буйруқ берди. Лекин бу фармондан олдин ушбу хабар Жайпурга етиб бориб, уни изтиробга солди. Салтанати қўлидан кетгани, шоҳ адолатни қарор топтирадиган бўлса, ўзининг кўплаб айблари очилиши ва ҳукмдор уни жазолаши муқаррарлигига кўзи етган золим волий Маллу деган ўзидан ҳам золимроқ ноибини чақириб, шоҳ фармони ҳақида маслаҳатлашиб «Энди бу фармонга қарши қандай чора топамиз», деб мурожаат қилди. Маллу: «Бу ишларнинг барчасига сабабчи Масъуддир. Шоҳга унинг сахийлиги ҳаддан зиёда эканлиги, элга қилаётган яхшиликлари ҳақида хабар етиб борганга ў
хшайди. Шундан кейин у Масъудни сендан афзал кўриб, сен айтган фармонни эълон қилган. Уни йўқотсак, ҳамма нарса ўзингда қолаверади. Масъуднинг ўлимидан изтиробга тушган шоҳ ҳам ўлиб, мамлакат сеники бўлади», деб жавоб қилди. Жайпур: «Бу ишни қандай қилиб амалга оширамиз», деб сўраган эди, Маллу: «Олдин унга ўзингни дўст қилиб кўрсатиб, уйингга чақириб меҳмон қил, кейин унинг уйига ҳам бор, икки орада дўстлик қарор топгач, у ёғини менга қўйиб берасан», деди. Жайпур бу маслаҳатдан хурсанд бўлиб, Масъуд билан яқинлашишга киришди, юз хил ҳийлаю найранг ишлатиб, сирдош дўсти бўлиб олди. Бир неча бор уйига чорлаб меҳмон қилди-да, ўзининг садоқатли дўст эканига ишонтирди.
Бир куни Масъуднинг уйига меҳмон бўлиб борган Жайпур шомгача уни маст қилди-да, ўзи ҳам кўп ичиб, гулзор ичида ётиб қолдилар. Бу ҳолатдан Масъуднинг ходимлари бехабар эдилар. Бир пана жойда бекиниб турган Маллу бир неча ҳамроҳлари билан мезбонни боғ ичидан топдилару қўл-оёқларини маҳкам боғлаб, бир муттаҳамга кўтартириб яширинча йўлга тушдилар ва Масъудни қоп-қоронғи чоҳ ичига ташладилар.
Тонг отгач, Масъуднинг мулозимлари ўз хожаларининг ғойиб бўлганидан огоҳ бўлиб, ҳаммаёқни изладилару ҳеч қаердан тополмадилар. Барчанинг изтироби ошиб фиғон кўтардилар. Волий ўзини ғам чекаётгандек қилиб кўрсатса ҳам, бу воқеадан жуда хурсанд эди. Етти оши берилгач, Масъудни азоб билан чоҳдан тортиб бир уй ичига олиб киришди, сўнг Маллунинг амри билан унинг кийимларини ечиб, яланғочлаб, икки киши ушлаб туриб, яна иккитаси калтаклашга тушди. Масъуд ҳар қанча ёлвориб, мол керак бўлса, беришини айтса ҳам, тўхтовсиз калтаклашда давом этишарди. Иккала ёғоч синиб, икков калтакловчи чарчагач, Маллу: «Уришни бас қилинг, уни азоблаб ўлдиришимиз керак», деб буюргач, боши ва оёғини босиб турган икки золим уни қўйиб юборишди.
Азоб чекаётган Масъуд туриб ўтирди-да, деди:
Ки: «Гуноҳим недур, мусулмонлар!
Қилмади буйла зулми ёронлар!
Зулму бедод расмидин қайтинг,
Гуноҳе айлаган эсам, айтинг.
Одами жойизул хато бўлмиш,
Бу хато барчаға раво бўлмиш.
Ўткарай ҳар не таржумон десангиз,
Молдинким десунки, жон десангиз».
Лекин ҳар қанча илтижо қилмасин, золимлар парво қилмай, уни яна боғлаб, ўша чоҳ ичига ташладилар. Неча кунгача Масъуд шу хилда азоб чекди. Юзида ранг қолмай, кўз ёш тўкиб, жонидан умидини узган бегуноҳ йигит «Менга раҳм қилиб, тиғ уриб, ўлдиринглар», деб фиғон қиларди. Охири зулмгар жафо қилишдан тўйиб, эртаси куни уни ўлдиришга қарор қилди. Маллу чоҳ бошига бир кишини қўйиб, Жайпур ҳузурига хурсанд бўлиб бориб, Масъудни ўлдиришга рухсат олди-да, уйига келиб базм тузди-ю, кетма-кет ичкилик ичишга киришди.
Маллунинг гул юзли бир қизи бўлиб, Масъудга ошиқ эди. Бу ажойиб йигитнинг фазилатларини эшитган, узоқдан туриб уни кўрган ҳам эди. Ўз севгиси ҳақида ҳеч кимга айта олмай, пинҳона куярди. Қиз уйда экан, бир мазлумнинг қоронғи чоҳ ичида ётганини эшитган эди-ю, унинг кимлигини сўрашга қўрқарди. Бу кеча отаси ҳам, қариндошларию мулозимлар ҳам, маст бўлиб ётишганини кўриб, чоҳ олдига борди. Қараса, чоҳ қоровули ҳам мастлик уйқусида экан. Маҳваш нозанин чоҳ бошини очиб ёқимли овоз билан «Эй ғам чекувчи инсон, сен қайси мазлумсан, отинг нима, бу пайт ўликмисан ё тирикмисан?» деб сўради. Бу овозни эшитган Масъуд жисмига жони қайтиб келгандек, нола қилиб: «Отим Масъуд, юз туман бало остида азоб чекяпман. Сен айт: одаммисан ёки фариштамисан? Овозингдан танимга жон келди, қўлингдан келса, қутқариш фикрини қилгин, бўлмаса, мени ўлик деб билгин», деб жавоб қилди. Қиз унинг отини эшитгач, ҳаяжонга тушиб, кўнгли ишқ ўтида ўртанди. Кўпдан бери унинг ҳажрида қон ютиб ю
рган, неча кун давомида мотам тутган, ғойиб бўлганини билса ҳам, ўлганини эшитмаган бу қиз отасининг бешафқатлиги, пасткашлигини яхши биларди. Кўнглига гумон тушиб, маҳбусга яна саволлар бериб, унинг чиндан ҳам Масъуд эканига ишонч ҳосил қилди-да, қутқариш чорасига киришди. Иккита маҳрам канизи париваш севгисидан огоҳ эдилар. Учовлари имконлари борича ҳаракат қилиб, йигитни чоҳ тагидан чиқариб олишди. Унинг танида руҳдан нишон ҳам йўқ эди. Қўл-оёғини ечдилар-да, ҳолини сўраш маҳали эмаслигини, бу ерда узоқ қолиб кетиш фойдасиз эканини англаб, икки каниз кўтариб яширинча уйга олиб кирдилар. Масъуд бу ерда қанча ётса ҳам, ҳеч ким гумон қилмаслигига ишонардилар. Тагига бир неча қават тўшак солиб ётқизишди-да, гоҳ шарбат, гоҳ таом бериб, меҳрибонлик кўрсатиб, атрофида парвона бўлишарди.
Тонг отгач, Маллу Масъудни ўлдириш учун чоҳ томон йўл олди. Қараса, зиндон боши очиқ, посбон эса маст бўлиб ухлаб ётибди, банди эса йўқ. Посбонни дарҳол ҳалок қилган Маллу ўз жонини омон сақлаб қолиш мақсадида волий олдига қараб югурди ва бўлган воқеани сўзлаб берди. Икковлари ғамга чўмиб, Масъудни қидиришга тушишди. Шаҳардан тополмагач, тоғу даштдан излашга киришишди. Ўн кун тўхтовсиз қидирсалар ҳам, ундан нишон тополмадилар. Бу вақт ичида Маллу қизининг меҳрибонлиги туфайли Масъуд ҳам нотавонликдан қутулди. Қиз иккита от олиб келди-да, икковлари тун қоронғусида қочиб кетишди. Маллунинг одамлари эртаси бу ишдан огоҳ бўлишиб, уларни қувишга киришишди. Қувувчилар билан уларнинг ораларида бир ёғоч масофа қолгач, икки бечора қўрқувга тушишди. Шу пайт денгиз қирғоғида бўш бир кема турганига кўзлари тушди-ю, эгаси билан ижара ҳақини келишиб денгизда тезлик билан сузиб кетишди. Икковлари сувда ўн кеча-кундуз сузишгач, ниҳоят қирғоққа тушишди ва отларига миниб, шаҳар томон йўл олишди. Кечаси билан йўл юриб шаҳар чеккасига етиб келишганда, бир эски қалъа ичидан чиқиб келган қароқчилар уларга ҳужум қилиб, оту тўнларини тортиб олишди-да, ўз қароргоҳларига қайтишди. Икковлари кийимсиз қолиб ҳайрон бўлиб туришаркан, бир тўда отлиқлар ўтиб қолишди. Масъуд уларга юз берган воқеани сўзлаб берган эди, раҳмлари келиб, бир-икки эски кийимни ташлаб кетишди. Уларни кийиб олган икки мусофир бир вайронада кечани ўтказишди. Йўлда толиққанлари учун шу ерда бир оз дам олишмоқчи бўлишди. Овқатсиз қийналиб, очлик азоб бера бошлагач, Масъуд беҳол қизни вайронада қолдириб, бирон егулик топиб келиш учун шаҳар томон йўл олди. У бозор ичига кириб борган эди, шоҳ базми учун мевалар сотиб олаётган мулозимларга кўзи тушди. Улар мева ва кўкатлар солинган саватларни саройга элтиб бериш учун ҳаммоллар ёллашаётган эди, Масъуд ходимнинг ҳар бир сават учун икки дирамдан тўлаши ҳақидаги сўзларини эшитди-да, битта саватни кўтариб ҳаммоллар сафига қўшилди ва сарой томон йўл олди. Йўл анча узоқ бўлганидан, у ҳолдан тойган ҳам эдики, шоҳ чорбоғи кўринди. Масъуднинг кўзи гулшан ичида мусиқа тинглаб май ичиб ўтирган Жўнага тушди. Шоҳ Масъуд билан бўлиб ўтган воқеалардан хабар топиб уни эслаб, май ичиб зор-зор йиғларди. Боғ ичида эса Масъуд отбоқар олдида турган «Гулгун»ни кўрди, унинг тамғасига боқиб, ўзи меҳмонга тақдим этган оти эканига ишонч ҳосил қилди, лекин «У меҳмон бу ерга келиб, отни шоҳга совға қилган экан-да», деган хаёлга борди. Сал нарироққа юрган эди, қулоғига Жўнага ўзи тақдим қилган созанда қизнинг куйи ва ашуласи эшитилди. У Масъудга яхши таниш бўлган шеърни куйларди. Кўнглига изтироб тушган ҳолда «Меҳмон бу қизни сотиб юборган экан-да», деб ўйлади.
Масъуд шоҳона асбоблар орасида турган сеҳрли жомни ҳам кўриб, ичи қонга тўлди. У ўзи берган гулранг тўнда, гулранг тахт устида, гулранг тож кийиб ўтирган шоҳнинг ўз меҳмони эканини дарҳол англаган эди, лекин ўзини танитиш масаласида ўйланиб қолди. «Агар ўзимни ҳозир танитсам, қилган яхшиликларим учун совға кутгандек бўлиб кўринаман», деган хаёлда эди Масъуд. Саватни унинг бошидан олишгач, кўзлари ёшга тўлиб боғдан чиқиш учун дарвоза томон бораётган чоғда ҳузурига шоҳ билан ҳамроҳ бўлиб борган мулозимлар уни таниб қолишиб оёғига таъзим қилдилар-да, йиғлаб кўришдилар. Масъуднинг ҳам беихтиёр равишда кўзларидан ёшлар оқа бошлади. Бу ғала-ғовурни шоҳ ҳам эшитди ва воқеани англаб ичкаридан югуриб чиқиб келди. Дўстини бу аҳволда кўриб, ёруғ жаҳон кўзига қоронғи бўлди. Бўйнини қучиб, ёш тўкар экан, Масъуд шоҳ оёғига бош қўйди. У тарафдан эса чиний канизак кўз ёш қилиб чиқиб Масъуд бошидан айланиб ўргиларди.
Изтироблари таскин топгач, шоҳ унга бир неча мулозимни тайинлаб: «Уни ҳаммомга элтинглар», деб буюрди, лекин Масъуд ўз ҳамроҳига жони ачиб, у ҳақидаги гапларни шоҳга баён қилди. Жўна бу сўзларни эшитгач, бир неча аёлга гулранг кийимлар ҳозирлаб, қизни олиб келишни буюрди. Мулозимлар ва гулчеҳра ходималар уни вайрона ичидан топдилар-да, бошидан оёғигача гулранг кийимлар кийдиришиб, кажава ичига ўтқазиб шоҳ турган гулшанга етказдилар ва қаср ичига олиб кирдилар.
Масъуд иссиқ сувда ювиниб чиққач, ўзига тайёрлаб қўйилган гулгун либосларни кийди-да, шоҳ ҳузурига йўл олди. Жўна уни ўғлидек кўриб, бошидан ўтган воқеаларни сўради. Меҳмон ўз саргузаштини сўзлаб берар экан, шоҳ тинмай кўз ёшларини тўкар эди. Ҳукмдор уни ўзига дўст тутиниб, туну кун ҳамдаму мусоҳиб эди. Сўнг кўпдан-кўп хазиналар бериб, Маллу қизини унга никоҳлади ва Тароз, Дарбаст шаҳарлари ва бир неча ўлканинг волийлигини унга топширди. Шоҳ амри билан Маллу ва Жайпур қатл этилди.
Хушдурур боғи коинот гули,
Барчадин яхшироқ ҳаёт гули.
Мусофирнинг бу афсонасидан шоҳ Баҳром хурсанд бўлди. Меҳмон ҳам Тароз шаҳридан бўлиб, Масъуд наслидан экан. Шоҳ уни ўзига ҳамдам қилиб олиб, бойликлар билан бирга Тароз мулкини ҳам тортиқ қилди. Шундай буйруқларни бергач, хотиржам бўлиб уйқуга кетди.



Чоршанба куни тонг отгач, шоҳ Баҳром нилуфар рангидаги кийимларни кийиб, нилуфар қасрини ўзига манзилгоҳ этди. Қўлига феруза жомни олиб, ундан лаъл рангли май ичишга киришди. Нилуфардек либос кийган ой юзли дилдор қуёшдек бўлиб жаҳонга зеб берди. Баҳром оқшом тушгунча нилуфарий жомдан май ичиб, базмни тарк қилди-да, ухлаш истагини билдирди. Мулозимлар унга жойни ҳозирлаб бердилар, сўнг ҳар кунгидек йўлга чиқиб бир саёҳатчини учратдилар-да, қасрга олиб келдилар. Парда ичидан «Мусофир афсона айтишга киришсин», деган овоз келгач, мусофир шоҳни дуо қилиб, ўз ҳикоясини бошлади.

Бешинчи иқлим йўлидан келган мусофирнинг достони


Адан мамлакатида бир қароқчи бўлиб, одамларга кўп ёмонликлар қиларди. У денгиз қирғоқларини ўзига манзил қилиб олган бўлиб, фақат соҳиллардагина эмас, балки денгизда ҳам йўлтўсарлик билан шуғулланарди. У янги ойга ўхшаган бир неча тез юрар кемачалар ясатган бўлиб, улар доим жангга тайёр бўлиб турарди. Қароқчи бу кемачаларни яширин жойларда сақлар, ҳар қайси кемага бир нечтадан йўлтўсарни бириктириб қўйган бўлиб, улардан биттаси баланд дарахт устига чиқиб олиб, денгизни доимо кузатиб турар, кўзи бирон кемага тушса, дарҳол пастдаги кема ичида кутиб турган қароқчиларни огоҳлантирар, улар эса кемача билан тез сузиб кетар, кўринган кемага етиб бориб, молини талар, одамларини эса ҳалок қилишарди. Қароқчилар раҳбари эса денгизда наҳангдек, ўрмонда эса шеру йўлбарс каби жанг қилишга моҳир бўлиб, халқ уни Жобир деб атарди.
Ўша денгиздаги ороллардан бирида «Беҳишт саро» деб аталган шаҳар бўлиб, унинг шоҳи Навдар исмли сахий ва маърифатпарвар, ҳар ишда нодиру қодир киши эди. Унинг гўзал бир қизи бўлиб, одамзод ундай паривашни ҳаргиз кўрмаганди:
Қадиким нахли сарфароз- келиб,
Ҳусн боғида сарви ноз келиб,
Зулфидин сунбул айлабон юз печ- ,
Оғзидин ғунча айтмай сўз ҳеч!
Орази машъали жаҳон афрўз-  ,
Партави- шуъласи келиб жонсўз-  .
Сочи айлаб каманд бўлмоқ фан,
Меҳр бўйнига тортар эрди расан-  .
Юзига меҳр бандаву оти Меҳр,
Уйрулуб меҳридек бошиға сипеҳр.
Баҳрға ноз ила чу кўз солибон,
Дема кўлок-  , баҳр қўзғолибон.
Бу сифат меҳри олам афрўзе,
Меҳр йўқ, шуълайи жаҳонсўзе.
Ана шундай гўзал қиз бир куни денгизда сайр этиш, шамолнинг эсишию, сувларнинг мавж уришини томоша қилишни истаб, мулозимлару дугоналарини бирга олиб кемаларга ўтиришди. Мақсадлари ўзлари яшаб турган орол атрофини айланиб чиқиш, зиёрат қилиш эди. Ногаҳон бир тескари ел эсиб, кемаларни денгиз томон суриб кетди.
Шамол тобора кучайиб, денгизда тўфон кўтарилди. Кемачилар «Яратганнинг ўзи ёрдам бермаса, ҳалок бўлишимиз муқаррар», деб ёқаларни йирта бошлашди. Шу тарзда шамол бир неча кеча-кундуз давомида кемаларни денгизда суриб, Жобир қароқчилари яшайдиган оролга яқинлаштирди. Кузатиб турган нозирлари кемаларни кўриши биланоқ Жобирга хабар етказишди. Жобир дарҳол бошқа қароқчилар билан тез юрар кемачаларга ўтиришиб, улар томон елдек сузиб кетишди. Етиб бориб, кемалар устига чиқиб кўп одамларни ҳалок қилишди. Кемаларни ўз манзилларига олиб келиб, тирик қолган одамлару мол-дунёларни қирғоққа туширишди. Қизлар ичидаги Меҳрга кўзи тушган Жобир ҳушини йўқотиб йиқилди, бир дам ўлик каби ётиб ўзига келди-да, Меҳрни кўргач, яна ҳолидан кетди. Бу ҳолат бир неча бор юз берди. Охири қиз юзига боқишга мажоли йўқлигини англаб, паривашни боғ ичидаги қасрга олиб киришга буюрди. Унинг олдига бир неча қизларни қўйишди. Кейин омон қолган барча одамлар
ни бир кемага ўтқазиб: «Жонингиз керак бўлса, тезлик билан ўз юртларингизга кетинглар», деб буюришди. Меҳрнинг ҳамроҳлари дарҳол йўлга тушиб, денгизда кўздан ғойиб бўлишди. Маҳваш оролда қолди. Жобир унинг хаёли билан хурсанд бўлиб, висол умиди кўнглига келмасди.
Шу денгиздаги ороллардан яна бирида жаннат монанд, дарёси эса Салсабилга ўхшаган, ҳавоси жаннат боғидагидек бир шаҳар бўлиб, мамлакати обод ва ҳикмати юксак бўлган Нўмон деган бир шоҳ ҳокиму волий эди. Мамлакатининг оти эса Яман бўлиб, шоҳ адолатидан гулистону чамандек эди. Унинг одамизод ичра тенги йўқ бир фарзанди бўлиб, юзидан гул хижил, қаддидан эса сарв уяларди. Барча фазилату ҳунарларда унинг тенги йўқ эди. Юзи қуёшга ўхшаган бу йигитнинг оти Суҳайл бўлиб, Меҳрга кўнгил қўйган, Меҳр ҳам уни севар эди. Ўз ёрига волаю зор, васлига харидор бўлган ошиқ ҳижрон доғида куярди. У бир боғни ўзига манзил қилиб олган бўлиб, у ерда хилма-хил дарахтлар ва нилуфар гуллар сероб эди. Нилуфар гулини севгани туфайли ҳам Суҳайл ўз кийимларини шу рангдаги матодан тиктирарди. Кунларнинг бирида Суҳайлнинг отаси Меҳр билан ўғлининг никоҳ тўйини ўтказишга аҳд қилиб бир неча кемаларга хилма-хил совғаларни ортиб Суҳайлни Меҳрни олиб келишга буюрди. Йўл қирғоқдан юрилса йироқ бўлиб, денгиздан бориш яхшироқ эди. Тўфон Меҳр кемасини денгизга суриб кетган жойга етганларида, худди ўшандагидек кучли довул эсиб, Суҳайлнинг барча кемаларини бир-биридан ажратиб ташлади. Тўфон Суҳайл тушган кемани Жобир қароқчилари манзили сари сурарди. Дарахтлар устидаги нозирлар кемани кўра солиб, Жобирни огоҳлантирдилар. У эса дарҳол тезюрар кемачасига ўтириб Суҳайл кемаси томон сузиб кетди ва кўп ўтмай ундаги одамлар билан жангга киришди. Суҳайлга дуч келган Жобир рақибининг ўзига қараганда ҳам кучлироқ эканлигини, енгилиши муқаррарлигини кўриб ҳийла йўлига ўтди-да, кийимларини ечиб, ўзини сувга отди ва кема остига бориб ёнидаги ханжар билан уни теша бошлади. Тахтани ўйиб, сув кириши учун йўл очди. Суҳайл кема остидан кираётган сув тобора кўтарилаётганини кўриб, сув йўлини тўсишга уринса ҳам фойда бўлмади. Охири кемага сув тўлиб кема аҳли билан бирга чуқур денгиз остига ғарқ бўлди. Шаҳзода жонидан умидини узиб, сувда ҳалок бўлишга ҳозирланди. Жобир балиқ ютишга интилган наҳангдек, Суҳайл олдига сузиб борди-да, аввалига уни ўша ерда ўлдирмоқчи бўлди, лекин унинг бир тахта пора устида беҳуш ётганини кўриб, қўлидан тортиб ўз қайиғида солди-ю, қўл-оёғини боғлаб, ўз манзилига қайтмоқчи бўлиб турганида, ногоҳ шаҳзода ўзига келиб қолди ва ўзининг ҳолатини кўриб, нотавонлигидан афсус чекди.
Деди Жобирки: «Эй қўлумда асир,
Разму кўшишда қилмадинг тақсир.
Мен бу заврақни-  сувға то сурдум,
Минг сенингдекни сувда ўлтурдум.
Бирида сенча кўрмадим журъат,
Журъатинг бўлди махласингға жиҳат.
Ким тенгиз ичра бошинга еттим,
Ўларингдин сени халос эттим.
Қатлинга гарчи табъ роғиб эмас ,
Лек қўймоқ доғи муносиб эмас.
Ким агар банддин халос ўлғунг,
Бир шаҳи комронға хос ўлғунг.
Бўлмак ўлмас халос домингдан
Бўлмағум эмин интиқомингдан .
Иш ҳисобин шумора қилғунгдур,
Қатлу кинимға чора қилғунгдур.
Ўлмак авло санга каманд ичра,
Тирик ўлмоқ валек банд ичра.
Суҳайл ҳар қанча илтижо қилмасин, Жобир уни қўйиб юборишни истамади. Кемасини маскани томон сурди-да, қасри ёнидаги чоҳга ташлашга ҳукм қилди. Унга тушган маҳбус ҳеч қачон қайтиб чиқмасди. Суҳайлнинг аъзосидаги арқонларни ечдилар-да, банд билан унинг қаърига туширдилар. Ким у чоҳга тушса, унга ҳар куни иккита нон ва бир обдаста сув бериларди. Юқорида дилбару, қуйида бедил бўлиб, икковлари бир-бирларининг аҳволларидан ғофил эдилар.
Жобир Меҳр кемаларидаги одамларни озод қилиб, ўз юртларига қайтариб юборгач, улар бир неча кундан сўнг манзилларига етдилар-да, барчалари нилуфар рангида кийинишиб, шоҳ саройига боришди ва мотам изҳор қилишди. Меҳрнинг отаси ҳам жигаргўшасидан айрилгани учун ўзи шу рангли кийим кийиб, сарой аҳлига ҳам шу тарзда мотам кийими кийишни буюрди. Денгиз сафарига кетганлар қайтиб келишгач, шоҳ улардан бўлиб ўтган воқеалар, қизининг аҳволини батафсил суриштириб, фиғон кўтарди, унинг кўзига жаҳон қоронғу бўлиб, иқболи қуёш ботгандек кўринди. Аччиғ-аччиғ йиғлар экан, ўз-ўзига «Бу хил йиғидан фойда йўқ. Унинг ўрнига қизимни золим қўлидан қутқариш чорасини кўрмоғим лозим», деганича, қўлига қоғозу қалам олиб, бўлиб ўтган ишлар баён қилинган мактуб ёзди-да, шоҳ Нўмонга жўнатди. Хат ичида яширинча мана бу гаплар ҳам таъкидланган эди: «Бўлиб ўтган воқеаларнинг барчаси қазодан. Чорамиз эса қасос олишдан иборат. Меҳр менинг жоним пайванди бўлса, сенга ҳам ф
арзанд бўлиб эди. Унинг душман қўлида бўлиши иккаламиз учун ҳам номусдир. Энди бу ишнинг чорасини кўриб, лашкар тўпласак-да, ўғлинг Суҳайл ўз қўшинини соҳилдан бошлаб борса ва Жобир манзилига етиб келса, мен эса сипоҳларимни денгиздан ўша манзилга олиб борсам, икки қўшин қароқчиларни икки ёндан қамалга олиб, золимларни енгсак-да, Меҳрни озод қилиб, Жобир ва унинг қароқчиларини жазоласак. Агар бу фикримга қўшилмасанг, ўз таклифингни тезроқ ёзиб юборсанг, ёлғиз ўзим чорасини қилсам».
Шоҳ Нўмон бу мактубни ўқигач, воқеадан хабардор бўлиб, ўғлининг ҳам ўз мақсадига етиша олмаганини билди-да, бу икки иш мотам устига мотам бўлиб, Суҳайлнинг тақдиридан хабар тополмай, изтироб чекиб, Навдар номасига шундай жавоб ёзди: «Меҳр аҳволи баён қилинган мактубингни ўқиб, ғамга тушдим. Куйиб ўртанишимдан фойда йўқлигини ҳам билдим. Суҳайл ўз қўшини билан соҳил бўйлаб ёв маконига йўл олсин, деб ёзибсан. Аввал айт-чи, қани
Суҳайл? Бундан олти ой муқаддам ўғлим сизнинг мамлакатингиз томон йўл олган эди, ҳалигача қайтгани йўқ. Шунинг учун хавотирда эдик. Энди маълум бўлдики, у кўзлаган манзилига етиб бормабди. Энди сен қуруғликдан йўл олсанг, мен эса денгиз билан бориб, ўғлимдан нишон топсам. Ундан бирон хабар топмасам ҳам сен айтган манзилга етиб бораман. У қароқчидан қасосимизни олиб, жазосини берамиз. Энди фалон куни, фалон соатда йўлга тушишга аҳдлашсак. Сен ҳам ўз ваъдангга кўра юришни бошласанг. Нўмон белгилаган мулозим бу мактубни Навдар қўлига топширди. У эса хатни ўқигач, сафар муддатидан хабардор бўлиб сипоҳ тўплашга киришди ва кўрсатилган муддатда икки қўшин йўлга тушди. Навдар сипоҳлари Жобир қароқчилари ҳудудига яқинлашар эканлар, қалин ўрмонга дуч келиб қолишди. Шоҳ ёвларнинг пистирмалардан ҳужум қилиши олдини олиш учун қалин буталарни кестириб, қўшин билан бирга илгарилар эди. Бу ўрмон ичи кийикларга тўла бўлиб, овни яхши кўрадиган Навдарнинг ҳавасини келтирарди. Ҳар тарафда кўзга ташланаётган оҳу кўзли кийиклар яқинлашиб келганда, шоҳ улардан кўзларини олиб қочар, хаёли фақат сипоҳларда эди.
Ногаҳон бир гулранг оҳу Навдар олдидан ўтиб қолди, шу чоғ шоҳ чидай олмай, унинг кетидан қува бошлади. Оҳу чангал ичига ўзини урган эди, йўл тор ва чирмаш бўлгани учун шоҳ ўта олмай қолди-да, ўқ отишга тушди, бир-икки ўқи хато кетди. Ўзини йўқотиб душман маконида юрганини ҳам унутиб қўйди. Яна оҳу кетидан қувиб қароқчилар пистирмаси қўйилган жойдан чиқиб қолди. Жобир бир неча жойга пистирма қўйган бўлиб, қароқчилар бирон кишини тутиб олсалар, дарҳол унинг ҳузурига олиб келишарди. Қароқчилар бир чиройлик кийик кетидан қувиб келаётган отлиқни кўрдилар-да, отларини қамчилаб, унинг кетидан югурдилар ва ерга туширдилар. Навдар ов қилмоқни орзу қилиб, ўзи сайёдлар қўлига тушиб қолди.
Шоҳ тилар бўлса шоҳлиқ қилмоқ,
Сипоҳидин керакмас айрилмоқ.
Шоҳни дерлар сипоҳ бирлан шоҳ,
Шоҳ эмасдур йўқ эрса анда сипоҳ.
Шоҳга хайл ўлса фатҳ анинг ишидур,
Бир киши Рустам ўлса бир кишидур.
Навдар душманларига асир бўлиб қолгач, унинг барча кийимларини ечиб олишди-да, шоҳ эканини билишиб, бир шерикларини суюнчи олиш учун Жобир ҳузурига чоптиришди. Қароқчилар раҳбари: «Унинг кўзларини боғлаб кемага ўтқазинг-да, қасрга элтиб қамаб қўйинглар. Бу ишни шундай яширин бир тарзда бажарингларки, бирон киши фаҳмламасин. Уй эшигини фалон кишига топшириб, қилган ишингиз ҳақидаги хабарни менга етказинглар», деб буюрди. Шоҳни қасрга олиб келиб, Жобир ҳукмини тўла-тўкис бажо қилишди. Навдар қандай ерга келиб қолганини билмас, сипоҳлари эса у билан не воқеа юз берганидан бехабар эдилар.
Бу вақтда Нўмон ўз қўшини билан денгиз бўйлаб келар экан, кўзлаган манзилига икки кунчалик йўл қолганида, шамол кўтарилиб тўфон мавж урди-да, кемалар ҳар томонга тарқалиб, кўп киши ҳалок бўлди. Шоҳ тушган кема тўфондан унча зарар кўрмади-ю, аммо шамол уни қароқчилар ороли томон суриб кетди. Жобир қўйган нозирлар кемани кўриб дарҳол хабар етказишди. Жобир кемага тезда етиб борди-ю, ундаги кўп одамларни ўлик ҳолида кўрди. Тирикларидан бўлган воқеаларни суриштириб, аҳволни билди-да, кемани ўз оролига олиб келди. Шоҳни ҳам қирғоққа олиб чиқишиб, кемадаги молларни хазиналарига элтишди, Нўмонни эса яширинча бошқа бир зиндонга ташлашди. Кеманинг тирик қолган одамларига ўз диёрлари томон кетишга рухсат беришди. Улар кўзда ёшлари билан оролни тарк этишди. Навдар сипоҳлари ҳам шоҳни излаб тополмагач, ўз ватанларига қайтишдан бошқа чоралари қолмади.
Қароқчи Жобир шодликка тўлиб, ҳар куни боғ ичида базм уюштирар ва Меҳр ёди билан кетма-кет қадаҳ ичар, лекин у гўзалнинг юзига назар сололмас, нурли рухсорига боқишга юраги дов бермасди. Меҳр эса гулдек ёқасини йиртиб, нилуфарзор ичида ғамнок кезар экан, денгиз мавжи каби кўз ёшларини тўкар, ёри ҳажридан қутулишни ҳар қанча истамасин, бунинг чорасини тополмасди. У чоҳ ичида бир бандининг азоб чекиб ётганини биларди. Бир куни «Чоҳдан ўша бандини қутқариб олсам ва унга Суҳайл олдига боришини илтимос қилиб, зор-зор йиғлаб ёлборсам, зора Суҳайл аҳволимни англаб, мени қутқариш учун бу томонга йўл олса», деб ўйлади-да, ўзининг икки канизи билан қоронғи уйга яширинча кириб, чоҳ бошига келди ва пастга қараб: «Эй машаққат чекаётган асир, мен ҳам сенга ўхшаган бир бечораман, сен каби нотавон асирман. Ҳаракат қилиб, сени бу қоронғи зиндондан қутқарсам, менинг илтимосимни қабул қилиб бажарасанми?» деди. Бу чоғ Суҳайл чоҳ ичида бетоб ётар, касаллик унинг ҳолини хароб қилган эди. Бунинг устига севгилиси ҳажрида ўртанарди. Нотаниш қизнинг овозини эшитгач, изтироби ошди-да, ўзига тасалли бериб, нозанинга: «Эй фариштасифат инсон, сен шундай яхшилик қилсанг, танимда жоним борича буюрган ишингни бажарайин», деб жавоб қилди. Меҳр бу сўзни эшитгач, канизлари билан арқон ташлаб бандини қоронғи уйга чиқардилар. Меҳр яширинча унга кўп меҳрибонликлар кўрсатди, занжиру бандлардан озод қилди. Ғам чекиб беҳол бўлган йигит ер ўпиб «Эй фариштасифат маҳбуба, қиладиган ҳукминг ҳақида озгина сўзлаб бергин», деб сўради. Меҳр ўзининг ҳаёти, отасию мамлакати, Суҳайлга бўлган муҳаббати, денгизда чеккан ташвишларию, Жобир қўлига асир бўлиб тушгани, унинг қўлидан омон қолиш сирлари ҳақида сўзлаб берди. Бу сўзларни эшитар экан, Суҳайл гоҳ-гоҳида ўзидан кетиб қоларди.
Меҳр ўз ҳикоясини «Мен бу янглиғ асир бўлиб қолдим. Суҳайлдан бошқа бирон одам мени қутқаришга келолмайди. Сен Яманга етиб борсанг-да, Суҳайлга аҳволимни арз этсанг. Лекин бу ерда яширин бир сир ҳам бор. Биз сени бу ерда бир неча кун асраб, парвариш қилсак-да, сен ана шу сирни айтиб, қасам ичиб Суҳайлни ишонтирсанг. Бу сирнинг мазмуни эса шундан иборат: «Мен Жобир қўлига асир бўлгач, узоқдан менга назари тушди-ю, хас-хашак каби ерга йиқилди. Қачон мени кўрмоқчи бўлганида, шу ҳолат такрорланаверди. Бу ерда қанчадан бери яшаётган бўлсам, у билан муносабатимиз шундан нарига ўтган эмас». Буни эшитган Суҳайлнинг кўнгли таскин топди, севгилисининг барча сўзларига ишонч ҳосил қилди-да, қанча ҳаракат қилмасин, ўзини асрай олмай димоғидан ўт чиқиб, дилбарининг оёғига йиқилди ва фарёд уриб ҳушидан кетди. Бу ҳолатдан ҳайратга тушган Меҳр унинг юзига тикилиб қараб, беҳуш ётган бу йигит Суҳайл эканини англади, кейин у ҳам нола қилиб, ҳушидан кетиб йиқилди.
Иккала канизак уларнинг бошларини кўтариб, меҳрибонлик кўрсатишгач, Меҳр ўзига келиб, қоронғи тушгунча Суҳайлни шу уйда сақлашди. Уйқу маҳали ўзига келган йигит ўз маҳбубаси билан жисм билан жондек ёки сарв билан ишқпечондек бўлишди. Суҳайл бир неча кун қасрда яширинча Меҳрнинг меҳмони бўлди. Таом билан шарбатдан тани сиҳат топиб, беҳол жисмига қувват кирди. Шу ерда яшар экан, Жобирнинг Меҳрдан айрилиққа чидаб юрганини билди. Бир куни Жобир боғни сайр қилиб юрар экан, Суҳайл тўнғиз билан олишишга чиққан шердек унинг рўпарасида пайдо бўлди ва:
Дедиким: «Паҳловонлиқ эрмас ул,
Ким киши макр бирла урғай йўл.
Тешиб эл кемасини ҳийла била,
Ғарқ этиб сувға бу васила била.
Қолмағон чоғда кимсанинг жони,
Тутубон банд айлагай они.
Сен агар зоҳир эттинг итликни,
Мен санга кўргузай йигитликни»
деди-да, душманига қараб ҳамла қилди. Ҳайратидан кучи қолмаган Жобир у билан олишишга ҳар қанча тиришмасин, Суҳайл уни кўтариб ерга урди. Ўзини боғлаган арқон билан қўлларини маҳкам қилиб боғлади-да, ўзи ётган чоҳ ичига ташлади. «Ҳар киши бировга чоҳ қазиса, унга ногоҳ ўзи тушади», деб бекорга айтилмаган-да!
Суҳайл ўз мақсадига эришгач, Меҳр билан тўй базмига тайёрлана бошлади. Жобир хазинасини қўлга киритди. Барча халқ шодмон бўлишиб, шоҳга таъзим қилишди. Базм тузиб, қўлига қадаҳ олган Суҳайл «Жобир банд этган барча одамларни озод қилдим. Уларни бу ерга олиб келинглар, мен қадаҳ билан шод этай», деб фармон берди. Боғ ичидаги икки чоҳда фақат иккита банди борлигини кўриб, уларни базмга бошлаб келишди. Буларнинг бири Навдар, иккинчиси эса Нўмон эди. Икки ота, икки фарзанд бир-бирлари билан йиғлашиб кўришдилар, сўнг ўтириб бир-бирлари билан сўрашиб кетдилар. Икки шоҳ худо йўлига кириб, мамлакатларини Суҳайлга топширдилар. Барча халқлар шукр қилишиб, ўз шодликларини изҳор этишди. Суҳайл билан Меҳр ўз мақсадларига етиб, васл топишди. Меҳр ҳам, ёри ҳам нилуфар рангидаги кўйлаклару тўнларни кийиб юришарди, нилуфар рангини хуш кўрган қуёш ҳам ўз либоси учун шу рангни танлади.
Ҳар пари чеҳраки, маҳваш эрур,
Мовий ўлса либоси дилкаш эрур.
Меҳр ким гулрухи самовийдур,
Нилуфарваш либоси мовийдур.
Мусофир ўз ҳикоясини тугатгач, пардадор мовий пардани очди, шоҳ Баҳром кўп инъомлар бериб мусофирни хурсанд қилгач, ором топиб, уйқуга кетди.

Пайшанба куни шоҳ Баҳром сандалранг кийимлар кийиб, сандалранг қасрга қадам қўйди. Уни сандалранг кийимларидан сандал ҳиди анқиб турган маҳбуба кутиб олди. Базм бошлангач, қадаҳлар давра бўйлаб айлана бошлади. Кеча ичган майидан боши оғриётган шоҳ қадаҳга қўлини ҳам узатмади. Лекин соқий бош оғриғига қизил сандалдан дори ҳозирлаб қўйган эди. Базм кечга қадар давом этди. Қоронғи тушгач гул юзли гўзал ўз пардаси ортига кириб кетди. Шоҳ яна уйқу келтирадиган афсона эшитиш истагини билдирди. Мулозимлар йўл бўйига чиқиб, сўз денгизининг кемачиси бўлган бир сайёҳни бошлаб келишди. Мусофир шоҳ истагидан хабар топгач, аввал уни яхшилаб дуо қилди-да, афсонасини бошлади. Олтинчи иқлим йўлидан келган мусофирнинг ривояти
Бохтар диёридан икки киши Ховар томон йўлга чиқишган эди. Улар туну кун сайр қилишарди. Бирининг оти Муқбил25 , яна бириники Мудбир26 эди. Муқбил пок, омадли, халқ эътиборини қозонган йигит бўлса, Мудбир қаерга борса, юзида бахтсизлик чанги пайдо бўладиган инсон эди. Йўлда боришаркан, қўрқинчли бир водийга дуч келишди. Уни биладиган одамлар бу ердан юрмасдилар. Ушбу водийнинг сабзаю боғи тикону шўра, сувию тупроғи эса нефту олтингугурд эди. Тупроғидан бадбўй буғ кўтарилиб, ўтдек шамоли киши танига урилар экан, уни кулга айлантириб, кўкка совурарди. У ерда жониворларнинг яшашига имкон ҳам йўқ бўлиб, кириб қолган ҳайвон дарров ҳалок бўларди. Одамлар уни «Водийи ҳамим», яъни «Жазирама водий» деб аташар, ҳарорати бу номни исботлаб турарди. Булардан огоҳ бўлмаган иккала ҳамроҳ йўл азоблари, бало даштининг уқубатларини кўриб, чексиз бу даштни босиб ўтишдан бошқа чора топишолмади. Ҳар қандай бало дуч келса ҳам, чидашга аҳд қилиб, таваккал қилдилар-да, даштда
ўз сафарларини давом эттирдилар. Ҳарорат алангаси кучайиб борган сари Мудбирнинг бесабрлиги орта борарди. «Бу қандай ҳаво бўлди? Бундай даштни яратишнинг нима кераги бор эди?» деб шикоят қилар, беҳуш мастлар каби «Бу ерда сув яратиш қийинмиди?», деб нола чекар, ҳар бир сўзи тангрига эътироздан иборат эди. Бунинг устига доим ҳамроҳига «Мен бечорага сендек йўлдош ҳамроҳ бўлмагани яхшироқ эди. Қандай шум кунда сенга йўлиқдимки, шундай ёмон хосиятларга дучор бўлдим», деб таъна қилгани қилган эди.
Муқбил эса худо ёди билан машғул бўлиб, зикру тасбиҳдан бўшамасди. Мудбирга насиҳат қилишдан чарчамас, лекин бу пандлардан фойда йўқ эди. Муқбил барча азобларга бардош бериб, даштдан чиқиб олди. Дашт кўздан йўқолгач, улар дарду бало денгизига дуч келдилар. Ҳамроҳидан безор бўлган Муқбил ундан айрилишни истаган эди, Мудбир қилган ишлари, гапирган сўзларидан тавба қилиб, ҳамроҳини бундан буён сабрли бўлишига ишонтирди. Муқбил унинг қилган ишларини, нотўғри сўзларини унутди.
Икковлари денгиз қирғоғига келиб, у ерда бир кемани кўрдилар, ҳар тарафни излаб, кема эгасини топдилар-да, ҳақини тўлаб кема ичига кирдилар. Кемачи икковларига битта сандал берди. Бир неча кема бир томонга қараб суза кетди. Кема қушдек тез сузиб бораркан, Мудбир яна оҳ-воҳ қилиб, бемаъни сўзларни айтишга тушди. Муқбил бўлса тасбиҳу ибодат билан банд эди. Ҳамроҳига яна насиҳат қила бошлади. Мудбир эса унинг гапларига парво ҳам қилмай, куфр сўзларни айтишдан тинчимасди. Унинг бу сўзларидан қаттиқ ғам чекиб, азобланар экан, Мудбир Тангрига хитоб қилиб «Ишларингда ҳеч тартиб йўқ. Қуму даштингда одам сувсизликдан изтироб чекса, баҳр ва тўлқинларингда бу қадар бебошлик. У ердаги етишмовчилигу, бу ердаги ортиқчаликдан ақлу ҳушини йўқотмоқда», деб нидо қиларди. Унинг бу хил шум сўзларидан янада кўпроқ чайқалиб, тўфон янада кучайди. Тўлқинлар баланд кўтарилиб, каттаю-кичик кемаларни ҳар томонга суриб ташлади, анчаси сувга ғарқ бўлди.
Икки ҳамроҳ бир қайиқда қолишди. Муқбил тавба-тазарруъ қилиб, тангридан ўз паноҳида асрашини илтижо қилар экан, унинг бу дуолари таъсир қилиб, шамол тинди ва денгиз таскин топди. Қайиқ денгизда тинч сузиб бораркан, бир манзил кўзга ташланди. Унинг ранги осмондек кўк бўлиб, у томондан ёқимли бўй эсиб турарди. Бу сандал ҳиди бўлиб Масиҳ нафасидек жонларга оро берарди. Ундан роҳатланган Муқбил шукрона саждасини адо қилди-да, қайиқни ўша қирғоқ томон суриб, кўп ўтмай, у ерга етиб борди. қирғоқда баланд бир дарахт ўсар, барглари кенг майдонга соя солиб турарди. Унинг танасида катта бир кавак бўлиб, у ерда тиниқ бир чашмадан сув чиқиб, денгизга қуйиларди. Икки ҳамроҳ ўша манзилда ором олмоқчи бўлиб, қайиқни бир илдизга боғладилар-да, Муқбил дарахт кавагига кўзи тушгач, қизиқиб унинг ичига кирди. Сув ичмоқчи бўлган Мудбир ҳам унинг ортидан кириб келди. Чашма бошида бир тош бўлиб, унга хат ёзиб қўйилганди. Икковлари у хатни ўқишга тушишди. Унда «Кимки бу манзилга келиб, ушбу ажойиботни томоша қилса, шуни билсинки, бу дарахт сеҳрлидир, уни «Сандали симиё», яъни, «Сеҳрли сандал» деб аташади. Чашмадан сув ичган ҳар қандай одам ўз чанқоғини қондиради. Агар у киши тўғри, пок инсон бўлса, бир ойгача хурсанд бўлиб, еб-ичишга муҳтож бўлмай юради, ёлғончи бўлса, уч кун ўтгач, сув ва таом истаб қолади. Бу чашма сувидан баҳраманд бўлган одам кейинчалик ёлғон сўзласа, ўша ондаёқ қорни ёрилиб, ҳалок бўлади. Бу айтилган сўзлар сув ичиш ҳақида эди. Чашма ичига тушишнинг ҳам ўз хосиятлари бор: ёлғончи бу сувга тушса, ўша ондаёқ оёғи куяди. Ростгўй одам тушиб, кўзини юмиб, қулоғу бурнини ушлаб шўнғиса, бошини чиқаргач, шундай нарсалар кўрадики, уларни айтиб ҳам бўлмайди. Лекин бир шўнғиган одам ўзи кўрганларини яна бир кўрмоқчи бўлиб, яна шўнғиса, сув пасайиб кетади-да, шўнғий олмайди», деб ёзилган эди. Хатни ўқиган Мудбир бир-икки ҳовуч сув ичиб, ёлғон ва беҳуда сўзлашни бас қилмоқчи бўлди. «Бундан кейин ёлғон сўзлашни тарк этдим. Шу аҳдимни бузсам, ўлимга ҳам розиман», деди-да, чашма сувидан ичди.
Муқбил Яратганга шукрона айтиб сажда қилди-да, кейин сувдан ичди-ю, чанқоғини бостирди. Мудбир сув ичига тушмоқчи бўлиб, оёғини тиққан эди, қайноқ сув оёғини куйдирди. Муқбил лунги боғлаб, сув ичига тушди-да, унда ўз аксини кўриб, сув ичига шўнғиди. Бошини чиқариб қараган эди, чашма сувини эмас, балки зилол сувга лиммо-лим тўлган ҳовузни кўрди. Унинг ичлари тартиб билан терилган сандалранг соф тошлардан бўлиб, атрофи Эрам боғини эслатар, у ерда эса, ҳарам каби чиройли бир бино қурилган эди. Ҳовуздан чиқиш учун оёқ қўйган Муқбилни бир неча кумуштан қизлар қўлларида топ-тоза матолар, тан қуритиш учун эса ипак сочиқлар олиб келиб йигитнинг қўлига беришди, сочиқлар билан танасини қуритишди. Устига сандал ҳиди келиб турган хилма-хил кийимлар кийдиришиб, бошига салла ўратишди-да, қўлидан ушлаб, сандал қасрга олиб бордилар. Муқбил атрофга ҳайрат билан боқаркан, ўзини бошқа бир оламга келиб қолгандек сезарди. Эс-ҳуши оғиб қаср ичига киргач, ҳамма ёғи сан
далдан ишланган, ёқимли атир ҳиди уфуриб турган кенг хонага кўзи тушди. Сандалдан ишланган тахт жавоҳирлар билан безатилган бўлиб, унинг устида қуёш юзли бир пари пайкар гўзал ўтирганини, атрофида эса саҳар пайтидаги юлдузлар каби соҳибжамол канизлар тизилиб туришганини кўрди. Муқбилнинг кўзи у дилорога тушгач, қони қуриб, ранги сарғайди-ю, йиқилиб ҳушидан кетди. Гул юзли сарвқомат гўзал унинг олдига келгач, ёқимли атридан ўзига келди-ю, яна кўриб ўзини йўқотди. Маҳбуба ширин сўзлари уни хурсанд қилгач, йигитнинг кўнгли қарор топиб, ўзига келди. Гўзал қиз унга ёндашиб ўтирганида, Муқбилнинг шавқ ўти белидан ошиб, яна сабру қароридан айрилди-ю, кўксини пора қилишига сал қолди. Маҳваш уни қўлидан тутиб тахти томон олиб бориб, ўтиришни таклиф этди. Муқбил ер ўпиб «Бундай жойда ўтиришга ҳаддим йўқ», деса ҳам, париваш тахтда ёнма-ён ўтириб, таом еб, шарбат ичдилар. Кейин базм бошланиб, жомларда бода келтирилди. Бир дилоро париваш сандал ҳиди анқиб турган жомни уларга узатган эди, маҳбуба бир-икки қултум ичиб, кейин жомни Муқбилга тутди. У ўзини зўрға қўлга олиб майни охиригача сипқорди. Қадаҳ даврада тўхтамай айланар экан, Муқбилнинг кайфи ошиб девоналарга ўхшаб беҳижобона сўзларни айта бошлади, кейин эса ножоиз ҳаракатларга ўтди. Гул юзли гўзал Муқбилга қаршилик қилмай, қўлидан қўлини олмай ўтирарди. Йигит охири чидай олмай қизга «Мени қийин аҳволга солиб қўйдинг, раҳм қилиб дардимга даво қилгин, васл билан ҳожатимни раво қилгин!» деб илтижо қила бошлади. Париваш бу сўзларга «Бугун шунча май ичиб, ҳушимизни йўқотгудек маст бўлдик. Эртага катта бир тўй қилиб, никоҳ ўқитайлик. Кейин ўз муродингга эришасан», деб жавоб қайтарди. Муқбил унинг бу сўзларига эътибор бермай, қандай бўлса ҳам ўз мақсадига эришмоқчи бўлиб, ножўя қилиқлар қила бошлади. Шунда маҳбубаси «Агар ўзингни тўхтата олмаётган бўлсанг, бирон сарви қомат канизимга айтай, тонггача сенинг ёринг бўлсин», деди. Муқбил ўз мақсади ҳақида бошқа оғиз очмади. Париваш унга бир канизагини ҳамоғуш этди, икки эшик оғасига ишора қилган эди, йигитни аранг турғизиб, алоҳида хонага олиб бориб ётқиздилар.
Қуёш нурлари ёйилиб кетганда уйқудан уйғонган Муқбил ўзининг кечаги қилган ишларини эслаб, хижолат чекди-да, ҳовуз олдига бориб, чўмилмоқчи бўлди, сандалранг лунгини белига боғлаб сувга тушиб шўнғиди, кейин бошини кўтариб атрофга қаради-ю, ўзининг сирли булоқ ичида турганини кўрди. Кўзларига ишонмай, яна бир неча марта сувга шўнғиди, лекин ҳар сафар бошини кўтарганда ўзини яна ўша булоқ ичида кўраверди. ўз маҳбубаси висолига етиша олмаганидан изтиробга тушган Муқбил нима қилишни билмас, Мудбирга эса ўз аҳволини айтишни лозим кўрмасди. Шу пайт кўзи яна булоқ устидаги тошга тушди. Унинг бурчагида яна бир хат ёзилган бўлиб, Муқбил олдин эътибор бермаган экан. Унда «Кимки бу симиёни кўриб, сувга шўнғигач, юз балога дуч келган бўлса, қайтиб чиққанидан кейин бу ерда турмай, тезда сув орқали жўнаб кетиши керак. Акс ҳолда уни дев ёки наҳанг ўлдиради», деб ёзилганди.
Муқбил хат мазмунини англаб «Ҳаётим хавф остида қолса ҳам бу ерда қоламан, бунақа ҳаётдан ўлганим яхшироқ», деди. Аммо яна фикр юритиб, жонининг азизроқ эканини ўйлади-да, кетишни лозим топди. Қайиқни ечиб ҳамроҳи билан бирга денгизда суза кетишди. Мудбир ҳамсафарининг ҳолатидаги ўзгаришларни кўриб, унинг сабабини билишга интилса ҳам, Муқбил унга ҳеч нарсани ошкор қилмади. Қайиқда ўй суриб ўтираверди. икковлари Ҳақдан паноҳ сўраб, қайиқни ҳайдаб боришаркан, Муқбил ҳажр ўтида қийналар, Мудбир ҳолини сўраса жавоб қилмас, чунки унинг ғами шарҳ этардек эмасди. Баъзида унга қараб: «Эй дўстим, бу саволингга жавоб беришимни кутмагин. Ҳолимни сенга айтмаётганимнинг сабаби уни ўзим ҳам билолмаётганимдандир. Ҳолимдан малолат чекаётган бўлсанг, сен ҳақлисан, мен эса бундан хижолатдаман!
Қилса бехудлуғум сени ранжур,
Не дейин, чунки борсен маъзур.
Нафасингни менга дилосо қил,
Лутф ила нечаким мувосо қил.
Бахтдин ком агар бўлур ҳосил,
Бўлса бир кун мақомимиз соҳил.
Ҳажрима хотирингни шод айлай,
Ўпиб илгингни хайрбод айлай»
дерди-да, қайиқ ичида яна фиғон қиларди. Мудбир ҳамроҳининг бу ҳолатини кўргач, «Чашма атрофида турли жинлар бўлади дейишарди. Муқбилнинг мажнунларча хатти-ҳаракатлари уларнинг таъсири оқибатимикан», деб ўйларди. Шу чоғ денгизда катта бир кемани кўриб қолишди. Шамол қайиқни ўша кема томон суриб кетди. Унинг ёнига етиб бориб, икковлари тўлқинлар хавфидан ғам чекмаслик учун кемага чиқишди. Кема аҳлининг барчаси ўлган бўлиб, биронта ҳам тирик одам қолмаган эди. У сандал дарахти ёғочлари билан тўла экан. Воқеа шундай бўлган эдики, Ховар Хусравининг парига ўхшаш бир қизи бўлиб, шоҳнинг ҳаёти у билан бахтиёр эди. Унинг бир дарди бўлиб, табиблар ҳар қанча даво қилсалар ҳам шифо топишолмаганди. Фақат сандал исигина унга фойдали бўлиб, бош оғриғини қолдирарди. Шунинг учун шоҳ қизига атаб сандал ёғочидан қаср қуришга буюрганди. Токи фарзанди у уй ичида яшаб, унинг соғлиғига даво етказсин. Бу фармон оламга тарқалиб, савдогарлар Ҳиндистонга сандал ташиш билан банд бўлишди. Ўша хушбўй сандалли иморат битгач, савдогарлар кечасию кундузи шу иш билан машғул эканлар, денгиздаги бир гирдобга дуч келиб қолиб ундан чиқиб кетолмай, овқатлари тамом бўлиб барчалари ҳалокатга юз тутган эдилар.
Бу маҳал денгизда кучли шамол кўтарилди-да, денгизда тўфон бошланиб, шу жойни ел раққосдек ўйнатиб, кемани гирдобдан чиқариб юборди.
Кема ичидаги икки ҳамроҳ ҳам ўз ишига машғул бўлди. Муқбил ўз дарди билан банд бўлиб, бир чеккада оҳу фиғонини давом эттирса, Мудбир ўлганларни кемадан сувга ташлаш, кема молини ўз ихтиёрига олиш билан банд эди. Кема молини ҳам, кеманинг ўзини ҳам ўзиники деб билиб, ҳамроҳи ҳолига эътибор ҳам қилмасди.
Шу пайт узоқда соҳил кўринди. Кема соҳилга етиб боргач, Ховар диёрига кириб келганлари аён бўлди. Мамлакат шоҳи шу куни томошага чиққан бўлиб, дарёни кузатарди. Янги келган кемага назари тушиб, аъёнларига «Кема аҳлидан бирон кишини ҳузуримга олиб келинглар, кимга тегишли эканлиги, қандай моллар келтирилганини билайин, сўнг уй томон кетайин», деди. Мулозимлар кемага кўтарилиб унда бири шод, иккинчиси эса ғамгин икки кишини учратишди. Шоҳ сўзини эшитган Мудбир у томонга тез-тез юриб кетди. Шоҳ қошига келиб ер ўпиб, дуо қилгач, ҳукмдорнинг ўз ҳолати ҳақидаги саволига «Ўзим савдогарман, ишим тижоратчилик, бу сафарда ҳеч ким омон қолмади. Барча ходимларим вабо касалига учраб ҳалок бўлишди. Бу соҳилга эса бир мену, бир Муқбил отлиқ қулимгина етиб келдик», деб жавоб берган ҳам эдики, қорни шиша бошлади. Ундан либоси йиртилиб, кўкси ҳам чок бўлди-ю, йиқилиб жон берди.
Шоҳ бу ҳолатни кўриб ҳайратдан қотиб қолди. Бундай ишга ҳеч ҳам дуч келмаган эди. Нотавон Муқбилни олиб келишларига фармон берди-да, уни кўрибоқ кўнглини шодлик эгаллади. Жон берган ҳамроҳини ундан яшириб туриб, Мудбирдан сўраган саволларини Муқбилга ҳам берди. Муқбил ўзининг кўрган-билганларини бирма-бир шоҳга гапириб берди. Шоҳ дедики, кема ва ундаги юклар давлат хазинасига берилади. Муқбил айтган барча гапларнинг чинлиги шоҳга маълум бўлди. У дедики: «Сенинг ростгўйлигинг кўнглимизни мафтун қилди, нимани истасанг, айтгин», деб сўради. Муқбил деди: «Эй шоҳ:
Шоҳнинг умру жоҳин истарман,
Чарх авжида комин истарман.
Яна матлуб халқ ибодатидур,
Ким улус мужиби саодатидур.
Шоҳ агар қилса, бандасин озод,
Туну кун айлагум дуо била ёд».
Муқбилнинг бу оқилона ва ёқимли сўзлари хуш келиб, зебо чеҳрали ва хушсўз бу йигит шоҳ кўнглида меҳр уйғотди. Унга шоҳ вазирлик унвонини берди. Бир неча вақт хизмат қилгач, давлат ҳумойи бошига соя солиб, унинг қизини никоҳлаб берди-ю, уни фарзанд қилиб олди. Муқбил бунга эътироз билдирган бўлса ҳам, уни ўз ихтиёрига қўймай, катта тўй қилиб, кўз қорачиғини унга жуфт қилиб берди. Бошдан оёқ сандалбўй кийимлар кийдиришди, чунки париваш шуни истаган эди. Кейин уларни қасри сандалга олиб бордилар-да, гули сумансони ўз маҳбубига топширдилар.
Муқбил келин чеҳрасига боқиб, ҳайратга чўмди. Чунки у ўзи чеккан азобларнинг сабабчиси эди. Қаср ҳам, сақфу остона ҳам, тахту офати замона ҳам айнан сув остида кўрганларининг ўзи эди. Ҳайрат ўти димоғига тутун етказиб, бу ўт унинг вужудини нобуд қилиб, оҳу афғон чекиб йиқилди, жони эса чиқай деб турарди. Шу чоғ димоғига сандал иси эсиб кўзи чароғи ёриди. Кўзини очгач, яна аҳволни кўриб нола чекиб беҳол бўларди.
Унинг бу ҳолатини кузатаётган маҳваш ҳам унга меҳрибонлик кўрсатиб, кўнглини оларди. Охири ўзига келиб маҳваш висолига етишди. Лекин гўзал маҳбуба кўрганларидан лол бўлиб юрарди, бир куни «Сенинг ҳайратли ишларингдан мен доим лолман. Воқеалар сабабини айтиб бергил», илтимос қилди. Муқбил рост сўзлашдан бошқа чораси бўлмагани учун бор кўрганларини бекаму кўст шарҳлаб берди. Буларни эшитган париваш табассум қилди-ю, шундай деб сўз бошлади: «Тақдир мени гўзал қилиб яратгач, ҳусним ҳақидаги сўзлар жаҳонга тарқалди. Менинг кошонам олдидан ўтиб қолган жинлар шоҳи ҳуснимга шайдо бўлди-ю, қасрда жинлар шовқин-сурони бошланиб, мен девона бўлиб қолдим. Шоҳ буни кўргач, табибларни чақиртириб, деву париларнинг сеҳру зиёнидан мени халос қилишга киришишди. Улар дафъ бўлди, лекин эшитишимча, жинлар шоҳи ғамимда яна девона бўлиб, денгиз ичида сеҳрли манзара бунёд этибди. Сандалий қаср атрофида боғ яратиб, ундаги сандалий тахт устида менинг тимсолимни ўтқазиб қўйибди. Сен ҳовуз ичида кўрган нарсалар нақшлардан иборат бўлиб, уни кўрган хаста одам ором топар экан. Сен у ерда бўлган чоғингда менинг тасвиримга шайдо бўлгансан. У ерда тимсолимга ошиқ бўлган эдинг, бу ерда Ҳақ сени висолимга етказди.
Шу сўзларни эшитгач, Муқбилнинг мушкуллари бартараф бўлди-да, маҳбуба хаёлидан кўнгли яйраб, сандалий қасрда бахтли бўлди, кийимини ҳам сандалий ранг қилди.
Сандал осойиши равон англа,
Атри онинг ҳаёти жон англа.
Сандал исинда тек туруб бўлмас,
Мушкни кимса ёшуруб бўлмас.
Донишманд мусофир ўз афсонасини тугатгач, шоҳ сандал бўйли насимдан ором олиб уйқуга кетди.

Жума куни шоҳ Баҳром оқ ипакдан кийимлар кийиб, нурафшон қуёш мисол оламни меҳри нури ёритиб, оқ гумбазли сарой томон йўл олди. У ерни манзил қилган чинлик гўзал ҳам шу рангдаги кийимларда уни кутиб олди. Шоҳ фил суягидан ишланган оппоқ тахтга чиқиб ўтиргач, дилбари ҳам унинг ёнида ором топди. Базм-ишратга йиғилган мажлис аҳлининг барчаси ҳам оқ либосда эди. Бир гул юзли паризод келиб, чиний қадаҳда май тутди. Шоҳ оқшомга қадар ҳар кунгидан кўпроқ май ичди. Қуёш ўз нурларини яширгач, шоҳ уйқу истагини билдирди. Оқ уй ичига жой солингач, мулозимлар йўлга чиқиб бир мусофирни бошлаб келишди. У шоҳ Баҳромни дуо қилгач, ўз ҳикоясини бошлади.

Еттинчи иқлим йўлидан келтирилган мусофирнинг ҳикояси

Мен ўз кўрганларимни ҳикоя қилиб бермоқчиман. Хоразм мамлакати менинг диёрим бўлади. Санъатим соз чалмоқ бўлиб, ҳеч ким мусиқа илмини менчалик билмайди. Доимий ишим элга таълим бермоқ бўлиб, ҳозирда устозлик қилаётган кўпгина кишилар менинг шогирдларимдир.
Ногаҳон халқ ичида «Хоразмга бир хитойлик савдогар ҳурваш канизи билан келаётган эмиш. Хожанинг молу дунёси эл гумон қилганидан ҳам кўп эмиш. Унинг канизи эса ниҳоятда соҳибжамол бўлиб, барбат асбобини қойиллатиб чалар ва ғоят ёқимли ашулалар куйлар экан», деган хабар тарқалди. Бу хабар халқни беқарор қилди. Бир неча кундан сўнг эса хожа ҳам етиб келди. Хоразм аҳли ўз эшитганларининг қанчалик тўғри эканини ўз кўзлари билан кўришни истаб унинг истиқболига чиқишди. Хожа айтилганидек бой бўлиб, зуҳду тақвони шиор қилиб олган экан. Аслида хожага фарзанд саналган ой юзли гўзал канизак эса парда ичида, юзига оқ ниқоб тортиб ўтирарди. Фақат юзидаги ниқобигина эмас, балки кийимлари ҳам оқ бўлиб, шу рангдаги кийимларни хуш кўраркан.
У канизак ҳар куни икки қатла, субҳ ва шом пайтларида парда ичида ўтириб чанг чалиб, куйга ҳамоҳанг ашулалар куйлар, уларни тинглаётган одамлар ўзларини йўқотиб оҳу нола қилишар, ҳар куни бир ғамнок шу тарзда ҳалок бўларди. Бу гаплар шоҳга ҳам етиб борди. Уларни ўз саройига таклиф этишга журъат қилолмаган шоҳ ўз кийимларини ўзгартирди-да, одамлар орасида туриб куй ва ашулаларни тинглади-ю, у ҳам канизакка шайдо бўлиб қолди. Қизнинг кую навосидан унинг ҳусну жамолини англаган ҳукмдор маҳвашга уйланиб, хожага фарзанд бўлишни истаб хомтама бўлар экан, орага даллолаларни қўйиб хожага ўз истагини билдирди. Лекин хожа «Шоҳ ўз орзусини баён қилиб, бошимни кўкка етказди, лекин бу борада менинг толеъим йўқ экан. Гап шундаки, бу маҳваш санам турмушга чиқишни асло истамайди, Ҳақ уни жуфтидан тоқ қилиб яратган», деб жавоб қилди. Шоҳ ўз истагини яна бир неча бор изҳор этди, лекин хожа ҳар сафар олдингидек рад жавобини берарди. Охири ишқдан ҳалок бўлишига ишонган шоҳ беқ
арор бўлиб, ғазабланди-да, зулм қилишга бел боғлади. Бир қанча сипоҳларини хожа уйига бориб канизакни бор юклари билан саройга олиб келиш учун юборди. Улар шоҳ фармонини бажариб, канизакни саройга олиб келиб, қаср ичига туширдилар. Шоҳ хурсанд бўлиб, гўзал санам ҳузурига йўл олди. Бундан хабар топган канизак чангини қўлига олиб, шундай ашула айта бошладики, уни эшитган шоҳ ўзидан кетди, кимнинг қулоғига эшитилган бўлса, йиқилиб уйқуга кетаверди. Сарой аҳлининг барчаси шу тарзда маст бўлиб, ухлаб қолгач, канизак ўз уйи томон йўл олди.
Шоҳ ва унинг сипоҳлари уйғонгач, аҳволдан огоҳ бўлиб, канизакни яна саройга мажбурлаб олиб келишди, у эса яна чанг чалиб ва ашула айтиб, барчани ухлатиб қўйди ва яна ўз уйига бориб, парда ичида ором ола бошлади. Шоҳ яна бир неча бор шу ишини такрорлади, лекин ҳар сафар шу ҳолат юз бераверди. Охири шоҳ ўз ишидан пушаймон бўлиб, хожа ҳузурига келди-да, узр сўраб у билан ота-ўғил тутинди, паривашдан ҳам кечирим тилаб, оға-сингил тутинди. Шундан сўнг хожа жаннатмонанд бир боғ ясаб, унга баланд бир қаср солдирди. Унинг ёнига эса ибодат қилиш учун бир ҳужра қурдирди. Гул юзли гўзал у ерда оппоқ кийиниб ибодатга машғул бўлар, тонг отгунча тангрига муножот айтиб, бировнинг умиди билан яшар, лекин у одамнинг кимлигини ҳеч кимга аён қилмасди. Субҳ бўлгач, фироқ ҳақида куй чалиб, ашула айтиб, эшитганларни зор йиғлатар, шомгача тоат-ибодат қилиб, шомда яна ўз кую ашуласини давом эттирарди. Парда ташқарисида ўтирган одамлар нолаю оҳ чекар, шоҳ ҳам гоҳ-гоҳида шу ерда ўтириб куй ва ашуладан ҳушини йўқотар эди. Хожа дастурхон тузаб, имкони борича шоҳга такаллуф кўрсатар, зиёфат қилиб кўнглини хушларди.
Мен у шаҳарнинг нағмасози, базмларнинг достоннавози эдим. Кунларим куй ва ашула билан ўтарди. Мен айтган канизак ўз куй ва қўшиқларини бошлагач, ишларим юришмай, элнинг эътиборидан қола бошладим. Шунда ўз аҳволимга чора ўйлаб топдим-да, хожа даргоҳига йўл олдим. У маҳваш ҳузурида экан, узоқроқдан фарёд чекдим. Икковлари овозимни эшитиб, фарёдим сабабини сўрадилар. Мен «Сизлар менга зулм қилдинглар», деб жавоб қилдим. Улар яна «Эй мазлум, бизга туҳмат қилма, биз зулм қилишга ўрганмаганмиз. Балки бизни кимлар биландир адаштираётгандирсан?» дедилар. «Ундоқ эмас, сўрасангиз, нима қилганингизни айтиб берай, инсоф қилсангизлар, бирон чора топиб берарсиз, бўлмаса сўзимни ёлғонга чиқарарсизлар», дедим. Улар «Айт!» дейишгач, дуо қилиб, кейин ўз аҳволимни шошилмасдан бирма-бир айтиб бердим. Улар сўзларимни кулимсираб эшитдилар. Сўнг мен ўз истагимни баён қилиб «Рухсат берсангизлар, мен бир неча фурсат ҳузурингизда бўлиб таълимингизни олсам. Мен ожиз бўлиб кўринсам ҳам,
мусиқа илмида анча машҳурман. Бу мамлакатдаги кўплаб таниқли созандаю ҳофизлар менинг шогирдларимдир. Афлотун ҳам соз чалишда менга тенг келолмайди. Мен бу ерда сизлар аён қилган ишларнинг моҳиятини айтиб беришга ожизман. Бу тарзда ашула айтиб, эшитувчиларни гоҳ ўлдириб, гоҳ тирилтиришни ҳеч ким кўрмаган. Шу туфайли менинг ишларим касод бўлди», дедим.
Хожа ва унинг қизи менинг сўзларимни тинглаб, хору зорлигимга ачиндилар шекилли, менга яхшилик қилишди. Хожа менга қараб «Биз билан ҳамкорлик қилишинг, соз билан меҳрибонимиз бўлишинг яхши, албатта. Лекин бир масала мушкулроқ: гул юзли сарвимга номаҳрамнинг хизмат қилиши ҳам, яқинроқ бориши ҳам мумкин эмас», деди. Мен унга «Ҳунар умиди билан мен ўзимни маҳрам айлаганман, сизни бу хил ғамдан қутқазиш учун эркаклигимдан воз кечганман», дедим. Икковлари ҳайрат билан боқишди-да, менинг рост гапираётганимни тафтиш қилиб ишонч ҳосил этишди. Кейин менга кўпдан-кўп илтифот кўрсатишди. Мен парда олдида хожага ҳамдам бўлиб, парда ичида эса у маҳбубага сирдош бўлиб хизматларини қилиб, уларнинг кўнглини олардим. Ой юзли гўзал куйлар экан, мени бир нарса ҳайрон қолдирарди: унинг барча ашулалари айрилиқ дардига бағишланган эди. Яна бир ҳолатдан ҳам хабардор бўлдим: у баъзан парда ичида яширинча йиғлар эди. Ғами кучайиб кетган пайтларда мен билан маҳрам сифатида суҳбатлаши
б, хаёлига келган айрим сўзлар маъносини мендан сўрарди, мен эса билганимча жавоб берардим. Баъзида уйқуси қочса, менга «Афсона айтиб бергин», деб илтимос қиларди-да, ривоятда айрилиқ ҳақида гап борса, беихтиёр йиғлашга тушарди. Бу ҳолат ҳақида фикр юритиб, паривашнинг биров ишқида мажнун эканлигига, унга зору маҳзунлигига ишонч ҳосил қилдим. Ичига ботиб азоб бераётган ҳажр тикани зардобларини ашуласи билан ташқарига чиқариб ташлар экан. Туну кун куйламаса, аланга уни пинҳона куйдирар экан. Шуларни аниқлагач, паривашни қийнаётган дарднинг моҳиятини билишга интилдим. Ҳар хил мавзуларда у билан суҳбатлашар эканман, бир куни савол беришга рухсат олиб, унинг биров ишқида ёниб, ҳажрида ўртанаётганини сезганимни айтдим-да:
«Манга бу ғамни ошкор этсанг,
Мени бу сирда роздор этсанг.
Токи бўлғай ҳаётим имкони,
Кимса мендин эшитмагай они.
Лек мумкиндурур даво қилурум,
Саъй этиб ҳожатинг раво қилурум»,
дедим. Сўзларимни тинглаган гулрух бироз ўйланиб қолди-да, сўнг: «Менинг ҳолатимни тўғри англабсан. Фақат илтимосингни айтмасанг яхшироқ бўларди. Чунки уни эшитишдан сенга фойда йўқ. Юрак сирларимни англашга жуда ҳам қизиқаётган бўлсанг, икки ишдан бирига рози бўл: ё бу ишдан воз кечгил ёки дардимдан огоҳ бўлгач, бу ердан бош олиб, бошқа мамлакатга кетишга рози бўлгин», деди. Бу сўзлардан ваҳимага тушиб бир неча кун ғамгин бўлиб юрдиму, кейин сабр-қарорсиз бўлиб, уни ўз хонасида ёлғиз учратдим-да: «Сен чекаётган дардни билишга бўлган қизиқиш менга тинчлик бермай, девона қилай деяпти. Майли, сўзларингни эшитиб бўлгач, бошимни олиб қаёққа десанг кетишга аҳд қилдим», дедим. Маҳваш «Бу сўзларинг қизиқ бўлдику, чунки сен ўз-ўзингга бало тилаяпсан. Аҳд қилган бўлсанг, шаҳарда турмасдан бош олиб кетишингга қасам ичгин», деди. Мен унинг айтганини бажо қилдим. Шундан сўнг маҳваш ўз аҳволини ҳикоя қилишга тушди:
«Мен чекаётган дард сабабларини сўраяпсан. Сўзни аввалидан бошламасам, ғамим сенга яхши аён бўлмаслиги мумкин. Билгинки, менинг диёрим Чин мамлакатидир. Ўша ерда туғилиб ўсганман. Болалик пайтимда икки шоҳнинг ўзаро уруши туфайли мен асирга тушиб қолдим. Мени чўриликка сотишаётган пайтда хожа харидор бўлиб сотиб олди. У мени яхши кўришининг сабаби шуки, мен унинг сотиб олган канизиман. Хожанинг фарзанди йўқ эди, шунинг учун у мени ўз фарзандидек эъзозларди. Менинг овозим ёқимли, сўзларим мулойим бўлиб, дилкаш қўшиқларни куйлардим. Бундан хабардор бўлган хожа мусиқа илмининг атоқли уламоларини, моҳир созанда ва хонандаларни уйга чақириб, бир неча йил давомида менинг иқтидоримни камолотга етказди. Санъатим овозаси жаҳонга тарқалиб, чангимнинг шуҳрати осмонга етди. Бунинг устига беқиёс ҳусним овоза устига овоза бўлди. Қанча-қанча бадавлат кишилар менга эга бўлиш учун беҳисоб молу хазиналар таклиф қилишди, шунчалар кўп маблағлар тўкдиларки, оқибатда хожа ўз фарзандини канизга айлантирди. Харидорларим кўпайгани сайин бозорим ҳам шунчалик қизирди.
Шу пайтларда Чинда моҳир бир наққош бўлиб, исми Моний эди. У менинг суратимни яширинча чизиб, сафар чоғида бир шаҳаншоҳга кўрсатибди. Шоҳ суратга шайдо бўлиб, канизакни сотиб олиш учун Чинга бир неча уддабурон кишиларни жўнатибди. Улар хожа истаганча Хитой хирожини тўлаб, мени ўз юртларига олиб кетдилар ва йўлда тез юриб шоҳ ҳузурига етказдилар. Висолимга эришган шоҳ бениҳоя хурсанд бўлди.
Андоқ ўлдики, менсизин бир дам,
Тийра эрди анга ёруғ олам.
Умридин ҳосили жамолим анга,
Балки умри абад висолим анга.
...Менсизин йўқ эди даме коми,
Ком йўқ, хотирининг ороми.
Бўлмасам ҳамроҳ урмай ул бир гом,
Мен наво чекмай, ичмай ул бир жом.
Мен қаю нағмаким, адо айлаб,
Ул чекиб оҳу жон фидо айлаб.
Олмайин кўз даме жамолимдин,
Тўймайин бир нафас висолимдин.
Шоҳ қанчалик менга мойил бўлса, менинг кўнглим ҳам унга шунчалик мойил эди. Оқибатда шоҳ давлату сипоҳларини унута бошлади. Бир куни у май ичиб, бир кийикни кўрди-да: «Қандай қилиб ўлдирай?» деб мендан сўраб қолди. Мен: «Олдин қўлини боғлаб, сўнг узоқдан туриб ўлдиргин», дедим. Шоҳ уни мен айтганимдек қилиб ўлдирди. Унинг бу ишини ҳеч ким бажо қилолмасди. Бу маҳорати учун жонимни фидо қилсам арзирди. Мен бахтиқаро эса бунинг ўрнига шундай бемаъни сўзларни айтибманки, бунинг учун юз парча қилдирса ҳам ҳақли эди. Шунда ҳам ўлдирмай, мени бир биёбонга ташлатибди ва қаҳрланиб маст ҳолда шаҳарга йўл олибди.
Икки кеча-кундуз ўтгач, сотиб олган хожа мени соғиниб, кўриш учун Хитойдан сафарга чиққан экан. У Хоразмга тезроқ етиб бориш учун иккита қули билан кечасию кундуз йўл босар экан, тун пайтида оти йўлдан чиқиб мен ётган дашту биёбонга бориб қолибди. Хожани уйқу босиб, отдан йиқилибди-да, ухлаб қолибди. Кўзини очганда атроф ёришиб кетган экан. Ёнидаги юз қадамча йўлга назар ташласа кўзига бир қора кўринибди. У қўл-оёғи боғланган одамга ўхшаб ётганмиш. Хожа яқин келиб қараса, сочлари билан боғлаб ташланган бир аёл экан. «Ўликмикан, тирикмикан?» деб, қўл-оёғини ечиб қараса, юзида қони қолмаган бу аёлнинг бўю басти, кўзу қоши менга ўхшармиш. Оёғига тушган сочларию, зақани ва лабларидаги холи ҳам мени эслатармиш. Хожа ўзининг соғ ёки мастлигини-ю, уйқудами, уйғоқлигини билмай ҳайратланиб, хаёл суриб ўтираркан, узоқда бир карвоннинг қораси кўринибди. Бир қулини ўша томонга йўллаб карвонни чақиртирибди-да, одамларни шу ерга туширибди. Карвон аҳли ичида мени кўриш учун келаётган бир неча дугонам ҳам бор экан. Хожа уларга мени кўрсатган экан, нишоналаримдан мени танишибди ва ёқаларини йиртиб, оҳ-фарёд ура бошлашибди. Мени ўлган деб ўйлаган хожаю дугоналарим мени кўз ёшлари билан ювиб, қимматбаҳо ипакдан кафан бичиб, унга кофур (оқ хушбўй модда) сепишиб, ипак билан ўраб гулоб билан хушбўй қилишибди. Гулоб ҳидидан ўзимга келганимда, ҳамма юзларини иягимга суртишиб, димоғимга яхши ислар тутишибди. Кўзимни очсам уларнинг ҳар бири бошим устида ҳар хил сўзларни айтиб туришарди. Шунда мен уларга қараб «Бунда турмай тезлик билан жўнаб кетинглар, чунки бу водий офат манзилидир», дедим. Шунда мени бир кажавага ўтқазиб, оғзимга шарбат тутишиб, хушбўй кўкатлар билан қувват беришиб, икки кеча-кундуз йўл юрдилар. Менинг ҳам сиҳатим яхшиланди. Туялар чарчагач, хожа бир чашма олдида карвонни тўхтатди. Кўм-кўк яйловда кошона ясаб, тахт қуриб, унинг устида менга ором бердилар. Хожа олдимга келиб бошимдан ўтган воқеаларни сўради, унга барчасини айтиб бердим. Хожа бирдан бошини ушлаганича жим ўтирди-да, яна бир он бошини қуйи солди.
Мен унинг аҳволларини сўрадим. У ҳам ўз қиссасини айтди ва мендан «Энди нима қилмоқчисан?» деб сўради. Мен «Гарчи шоҳ ўз канизига ғазаб қилган экан, мен бунга сазовор эдим. Шоҳ қаҳр қилган бўлса ҳам, у ўлдирган одамни тангри асради. Киши ўлганга тиғ урмайди, бир ўликни икки бор ўлдирмайди. Сизлар мени ўраган кафанни кийиб, унинг даргоҳига борсам-да «Мен қилган гуноҳларимнинг жазосини тортдим. Худо менга янгидан жон ато қилди, уни ҳам шоҳга фидо қилишни истаб, бу ерга келдим. Қатл қиладиган бўлса ҳам, авф қилишни истаса ҳам, мен бандасиман. Айбим бўлса, ўзи паноҳим, унинг караму лутфи эса менинг орзуйимдир», деб айтсам, ҳеч шубҳа йўқки, шоҳ авф этиб, бениҳоя яхшилик кўрсатади», деб жавоб қилдим. Бу сўзларимни эшитган хожаю халқ фарёд уриб «Бу хоҳишинг хатодир, ё эсингдан айрилдингмики, бўлмағур гапларни айтяпсан. Биргина сўзинг учун қонингни тўккан шоҳга жонингни фидо қилишинг нимаси? Шоҳ куйдирувчи бир шуъладир. Ҳар кимга бу шуъла тегса, унинг куйиб кул бўлиши муқаррар. Ўз ихтиёри билан ўт ичига кирмоқ эса ўзини куйдиришдан бошқа нарса эмасдир. Бирон нарсадан ранжиб, ғазаб ўтида ёнаётган шоҳдан қанча узоққа қочилса, шунча офат камроқ бўлади. Ғазаби тинчигач, сенга раво кўрган ишидан пушаймон бўлганлиги ҳақидаги хабар ҳар тарафга тарқалади. Афсусланаётган бўлса, унинг ҳузурига бориш осон бўлади. Қилган ишини тўғри деб билаётган бўлса, жонингни қутқарган бўламиз, холос», дедилар.
Хожа бу сўзларини тугатгандан сўнг барчалари маслаҳатлашиб: «Ҳозирча бирон томонга қочиб бормоқ керак», деган фикрда тўхташди. Энг узоқ манзил Хоразм эди, шунинг учун ўша тарафга қараб йўл олдик. Мен бу шоҳдан шу тарзда айрилгач, ҳажрида тирик қолмаслигимни билдим, ўзимни ўлган деб гумон қилдим, зеро ҳажр ўлим билан тенгдир. Шу туфайли менга либос бўлган кафанни кийиб юришни одат қилдим. Висолидан айрилганим учун кафаним оқ либосдир.
Бу шаҳарга етиб келгач, шу ерга тушдик. Сен бўлиб ўтган барча ишлардан огоҳсан. Бу ернинг шоҳи олдида ёлғон сўзлашим, унинг дилига юз хил изтироб солганимни кўнглим хоҳиши деб билмагин. У валинеъматимга вафо ифодаси эди. Сенга сирларимни ошкор қилдим. Сен ҳам менга берган ваъданг устидан чиққин-да, бу диёрда турмай тезроқ кетгил».
Мен бу хил сўзларни эшитгач, сарви гулрух билан хайрлашдим-да, мамлакатма-мамлакат юриб, қадам ба қадам йўл босган бўлсам-да, бу сирни ҳеч кимга айтмадим. Шоҳ: «Афсона айт!» деб ҳукм қилгач, бундан яхши афсонани тополмадим. Хусусан, бундай кофурий ранг (оппоқ) қасрни кўриб, фироқ ичида изтироб чекиб, оқ кийим кийиб олган, йўқ, кийим эмас, оппоқ кафан кийиб, унга кофур сепиб олган ҳурваш гўзал ёдимга келди. оламнинг ажойиботи бўлган у соҳибжамол бу қасрга жуда муносибдир».
Қисса айтувчи мусофир ўз сўзини тугатгунга қадар ғойиб бўлган маҳбубасидан нишон топган Баҳром юз марта ҳушини йўқотиб, юздан ортиқ ўлиб тирилган эдию ушбу афсонадан ўлиб, шу афсонадан тирилган эди. Ҳикоячи ўзининг фиғонидан огоҳ бўлиб қолса ва бир нафас афсонасини тўхтатса, бошқа воқеага ўтиб кетиши мумкин, деган хаёлда нола қилишдан ўзини зўрға асраб турарди. Мусофир афсонани охиригача айтиб тугатгач, шоҳ оташин фиғон тортиб, ўз олдига уни чақирди-да, қаттиқ қучоқлади-ю, руҳининг булбули учгандек ўлган кишига ўхшаб ўзидан кетди. Бундай афсонани эшитиб беҳуш бўлган одам яна ўзига келиб нима ҳам қила оларди?!

Шоҳ Баҳром ўзининг ғойиб бўлган маҳбубасидан нишон топгач, саҳаргача беқарор бўлиб, чала сўйилган ҳайвондек азоб чекди. Шавқ ўтида ўртанаётган шоҳ сабр қилишга чидай олмай, изтиробда ўзини у ёқдан бу ёққа урарди. Сал тинчланса, мусофирни ўз қиссасини такрорлашга ундар, ҳажр дардида қийналса ҳам висол умиди билан ором топарди. Шу тарзда оқшомни тонгга улади. Субҳ кулгуси оламга ёйилиб, қуёш шуълалари жаҳонни ёритгач, шоҳ аввалига Дилором манзили _ Хоразм томон дарҳол йўлга тушиш истагини билдирди. Лекин давлат арконлари бўлган амалдорлар бир неча кун сабр қилиш зарурлигини уқдириб: «Шоҳнинг заифлиги давом этаётган бу кунларда узоқ сафарга отланиш тўғри бўлмайди», дейишди. Табиблар ҳам: «Тоғ қанча улуғвор бўлса ҳам, виқору сокинликни одат қилган. Агар у ҳаракатга тушса, қиёмат ошкор бўлади. Шунинг учун бир неча кун бу ғамга чидаб, ором олгинда, оламни бузмагин», деб маслаҳат беришди. Кейин хожага:
«Ким бу янглиғ хабар эшиттук жазм,
Ки бор эмиш маконингиз Хоразм.
Бу хабардин агарчи бўлдук шод,
Етти юз навъ бандимизга кушод.
Лек ҳолатни англаган ҳангом,
Тутмангиз анда бир нафас ором.
Кеча-кундуз демай хиром қилинг,
Уйқуни биз каби ҳаром қилинг»
деган мазмунда мактуб ёзиб, тезкор чопарлар қўлига топширишди. Шоҳ ушбу хат ичига ўзининг дил сўзлари битилган мактубни ҳам яширинча қўшиб қўйди. Унда Баҳром ўзининг Дилоромга бўлган самимий муҳаббатини изҳор этиб, тезроқ келишини илтимос қилганди. Шоҳ ўзининг Хоразмга боролмаётганини манманликка йўймаслик, балки ўзининг оғир бетоблиги туфайли сафарга чиқа олмаганини тушунишини илтижо қилиб:
«Буйла мажруҳу нотавондурман,
Нотавон жисму хаста жондурман.
Келу ўлғон танимга жон бўлғил,
Жисмима мояи равон бўлғил»
каби таъсирчан сўзларни ёзган эди.
Яна Хоразм шоҳига ҳам мактуб ёзиб, унда хожага Хоразмнинг бир йиллик молини бериб уни тезлик билан ўз томонига жўнатиши буюрилган эди. Чопарлар шамолдек тез юриб Хоразмга етиб бордилар-да, хожанинг боғини топиб мактубни қўлига тутқаздилар. Хожа уни олгач, сажда қилиб, Дилоромга йўлланган хатни ҳам эгасига топшириб, икковларининг бошлари осмонга етди. Хоразм шоҳи эса ўзига юборилган мактубни ўқиб, дарҳол Баҳром буйруғини бажо қилди: хазинадан тегишли маблағни олиб, хожага етказди. Хожаю Дилором янада шодланишиб Баҳром тахти томон йўл олдилар-да, тез юриб кўзлаган манзилларига яқинлашдилар.
Карвон билан шаҳар орасида бир манзил масофа қолганида шоҳ кечаси, барча ухлаётган маҳалда яширинча ўз гулчеҳраси томон йўл олиб, саҳарда карвон қўнган жойга етиб келди. Бу пайт карвон аҳли ширин уйқуда эди. Чашма бошида катта бир чинор бўлиб ичида ғордек кавак кўриниб турарди. Чашма олдига қурилган чодир уй ичида эса Дилором ухлаб ётарди. Шоҳ отини бир тошга маҳкам қилиб боғлади-да, чинор томон юрди. Кейин чинор бағридаги ғорга қадам босиб, у ердан Дилоромга назар ташлади. Кўп ўтмай париваш ҳам уйғониб кетди ва олдин тангрига шукрона айтиб сажда қилди-да, кейин қўлига чангни олиб ошиқона ашула бошлади. Унда Дилором шоҳ фироқидан нола қилиб, унинг иштиёқидан оҳ чекарди. Сўнг у чашма олдига бориб янги бир ашулани куйлай кетди. Шоҳ дилдорининг ҳар бир ашуласини тинглар экан, кўзидан ғамли ёшларини оқизиб, ўзидан кетарди. Дилором эса бошқа бир ашулани куйларкан шундай фиғон чекарди:
«Ки бу йўл не бало узоғ ўлди,
Тобидин доғим узра доғ ўлди.
Етти оғзимға ранждин жоним,
Қолмади ғам емакка имконим.
Умрдин ноумид бўлдим ло!
Меҳнати ҳажр ичинда ўлдим ло!
Ул кун ўлғайму, эй сипеҳри даний,
Ки солиб шоҳ хизматиға мени.
Қулоғиға сўзумни еткурсанг,
Аёғиға кўзумни еткурсанг.
Васлдин ҳосил ўлса дармоним,
Бўлмағай ўлсам ўзга армоним!»
Бу хил ашулани эшитган шоҳ оҳ тортиб, ёқасини йиртди. Дарахт бағридаги ғордан юз нолаю фиғон билан югуриб чиқди-да, бориб ўзини ёрининг оёғига ташлади, гўё офтобга сиғинувчи киши қуёшни кўриб сажда қилгандек бўлди ва парини кўрган девонадек ҳушини йўқотиб йиқилди. Бу ҳолатни кўрган париваш ҳайратдан лол бўлиб турарди. Кейин шоҳ оёғига кўзидан дурлар тўкиб, оёғини ўпгач, у ҳам ўзидан кетди. Ер устида иккови бехуд бўлиб ўзларига келмай ётишарди. Қуёш оламга ўзининг нурли ипакларини ёйгач, карвон аҳли уйғонишиб уларнинг аҳволларидан хабардор бўлдилар ва икковининг боши узра тўпландилар. Хожа бу ажойиб ҳолни кузатар экан, уларнинг бошларига иқбол қуши қўнганини билди, кейин одамларни тарқатиб бир оқ чодир олиб келди-да, улар ётган ерга ўрнатди. Икки дилхоҳ ўзларига келишгач, нималар ҳақида суҳбатлашганларидан мен огоҳ эмасман, чунки уларни ўз оғушига олган ётоқхонага элгина эмас, саҳар насими ҳам сирдош бўлолмасди. Хуллас, шоҳ муродига ет
ди, у хурсанд бўлиб хожани ўзига махсус вазир этиб тайинлаб, савдогарлик ишларидан қутқарди. Одамлар вақтни ғанимат билиб шаҳар томон йўлга тушдилар.

Шоҳ Баҳром шаҳарга қайтгач, жисми тамомила соғайиб, яна базмларга берилиб кетди. У ҳар ҳафтанинг етти кунини етти ранго-ранг қасрда ўтказиб, маҳваш дилдорлари қўлидан май ичишни одатга айлантирди. Қасрлардаги гулчеҳралар унга азиз бўлсалар ҳам, у ўз маҳбубаси Дилоромни барчасидан кўпроқ севарди. Шоҳ бир неча йилни шу тарзда базмлар билан ўтказди. Лекин подшоҳ уч юз йил давру даврон сурса ҳам, барча тахтларни эгаллаб, бутун жаҳонга ҳукмдорлик қилса ҳам, етти осмон гумбазида ором олиб Миррих (Марс) сайёраси унинг даргоҳида эшик оғаси бўлиб хизмат қилса ҳам, ҳамма нарсани қолдириб кетиши керак бўлади. Шоҳ Баҳромнинг ҳам барча муродлари ҳосил бўлгач, ҳаёти шундай натижа билан тугади. У етти қасрда тўхтовсиз май ичар экан, қайси манзилда бўлса ҳам гул юзли сарвдек гўзал ёри Дилором унга ҳамроҳлик қиларди. У ўз чангини янгратиб, қўшиқ куйлаб шоҳ кўнглини шод этарди. Баҳром овга чиққан маҳалда ҳам маҳбубаси от устида чанг чалиб, ашула айтиб борарди. Хонандаси
ҳам, соқийси ҳам, умрибоқийси ҳам Дилором эди. У шоҳ базмларининг безаги бўлиб ҳукмдорни хурсанд этар, Баҳром айш маҳалида ҳам, тоат пайтида ҳам севимли маҳбубасини бир соат кўрмай туролмас эди.
Бир куни шоҳ ниҳоятда кенг бир майдонда ов қилди. У ерда ҳайвонлар юлдузлардек сон-саноқсиз бўлиб, қочиш йўллари ҳам берк эди. Овчилар ҳам, овланувчи ҳайвонлар ҳам ғоятда кўп эди. Кенг ўтлоқ отлиқларга тўла бўлиб, улар бир неча қатор давра ҳосил қилишганди. Ов қилинадиган жойнинг доираси уч ёғоч, овчилар эса ўн беш саф эдилар. Ов бошлангач, кўм-кўк ўтлоқ ҳайвонлар қонидан лолазорга айланди. Бу қонлар сел бўлиб оқарди.
Шоҳ Баҳром раҳм-шафқатни унутиб, кўплаб ҳайвонларни ўлдирар экан, ёнидаги мингга яқин мерган йигитлар ҳам ундан кам ов қилмасликка тиришар эдилар. Сафдаги отлиқлар ёмғирдек ўқ ёғдиришганда, ҳайвонлар қай томонга югурмасинлар, қочиб қутула олмасдилар. Овчилар неча ўн минглаб бегуноҳ ҳайвонларни раҳмсизлик билан ўлдирар эканлар, кийимлари қоп-қора қонга бўялганди. У манзилда гўё қондан бир гулистон пайдо бўлгандек эди.
Бу манзилдаги ўтлоқнинг ости балчиқ ва сувдан иборат бўлган ботқоқлик экан. Унинг юзини чанг-тўзон босгач, ёмғир ёққанида, у ердан ўт-ўланлар ўсиб чиққан, кейин ўрмонга айланган, дарахтлар илдиз отиб, ботқоқ остини қотириб қўйган экан. Ов вақтида оққан қонлар ўтлоқ остига сингигач, ботқоқлик сувига етиб бориб, унга қўшилди-да, балчиқ пайдо қилиб, овчиларнинг белигача етиб борди. Отлар ҳам балчиққа бота бошлашди. Шу пайт қуёш юзини булутлар тўсди-да, қаттиқ ёмғир ёға бошлади. Гўё Нуҳ тўфони юз берганга ўхшарди. Ов майдони одамларга тўлиб кетгач, ернинг юки оғирлигидан эгилиб, юз минг балчиқ остига кириб кетди. Барчалари овга бориб, ов қилиш жойидаги тузоққа илиндилар. Шер билан жайрон, яъни Баҳром билан Дилором ҳам шу тузоққа тушиб қолдилар. Икковлари ҳам қутулиш имкони йўқлигини англаб, бир-бирлари билан маҳкам қучоқлашганларича балчиқ остига кириб кетдилар. Шунча беҳисоб лашкарлар чумолилардек тўполон кўтаришди-ю, барчалари чумолиларде
к ер остига равона бўлишди. Бу ғазабкор сипоҳлар чумолилардек ер остига киришган экан, Сулаймон ҳам равона бўлмай қолмади.
Барча олам аҳлининг оқибат борадиган жойи гўр (қабр)дир. Унинг исми ҳам Баҳроми Гўр эди. Аждарҳога ўхшайдиган бу разил дунёнинг доимий одати одамларни ютишдан иборат. У ана шу одати бўйича юта олганича халқни ютди. Лекин унинг ютишида бир қонун мавжуд бўлиб, у бир ёки ўн, юз ёки минг кишини ямларди. Лекин бу жиҳатдан қараганда, Баҳром иши бошқачароқ юз берди, яъни бу даҳшатли аждаҳо уни шунча обрў, хазина, жаҳонга сиғмаган сипоҳи билан бир дамда шундай ютиб юбордики, ундан ҳеч кимса хабар тополмай қолди.
Аллоҳ _ Аллоҳ! Не аждаҳодур бу,
Аждаҳо демаким, балодур бу.
...Токи жондин эрур нишон кишиға,
Андин эрмас даме амон кишиға.
Жонни олғон била дағи қўймас,
Танни ютқон била дағи тўймас.
Жисми хокини хокисор айлар,
Кўкка ажзосини ғубор айлар.