Низомиддин Алишер Навоий, раҳматуллоҳи алайҳ, муножоти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Зиҳи исминг азим
Раҳмонлиқу раҳимлиғинг вожибут-таъзим.
Исм – Сенинг исминғ
Ва раҳмонлиқ ва раҳимлиқ – Сенинг қисминг
Сен – ганж ва офариниш – тилисминг.
Исмнинг жамъи сифати – асмои ҳусно
Раҳмонлиқ ва раҳимлиғингга юз минг ҳамду сано.
Раҳим ҳам Сен, Раҳмон ҳам Сен
Азим ҳам Сен Субҳон ҳам Сен.
Субҳоноллоҳ! Не кибриё у азаматдур
Ким, Сендан ўзгага вужуд итлоқи бўхтон ва туҳматдур.
Зотинг қаюми барҳақ
Вужудинг боқийи мутлақ.
Сендин ўзга мавжуд  кўринганлар намуди бенамуд
Балки нобуд номавжуд
Вужуд ва мавжуддин Сен мақсуд.
Таоло шаънука ва амма эҳсонука ва ло илоҳи ғайрука
Ё вадуд ва маъбуди вожибул-вужуд.
Ҳамд
Илоҳи! Азамат ва жабарут Сенинг шаънингдадур
Ва мулку малакут Сенинг ҳукму фармонингдадур.
Азалиятингға бидоят йўқ
Ва абадиятингға ҳадду ниҳоят йўқ.
Даҳр гулшанида ҳар гиёҳу яфроғ Сенинг ҳамдингга зокир
Ва сипеҳр анжуманида ҳар ҳарфу авроқ Сенинг неъматингға шокир.
Жамолиятинг бўстонида секиз учмоқ бир райҳони дилнавоз
Жалолиятинг зиндонида етти тамуғ бир самуми жонгудоз.
Ҳашаматинг боргоҳида бир шамма меҳри мунир
Ва санъатинг коргоҳида бир лавҳа сипеҳри асир.
Юз бу оламча мавжуд этай десанг “кун фаякун” иборати анга кофий
Ва минг ончани маъдум этай десанг “ҳабоан мансуро” ишорати анга вофий.
Ваҳдоният сифатида шарику вазирдин мубарро
Ва фардоният сийратида волиду валаддин муарро.
Илминг дарёсидин ҳар гавҳар нужум дураридин покроқ
Мулкунг саҳросидин ҳар лола қуёш машъалидин оташнокроқ.
Бемонандлиғингга “лайса камислиҳи шайъун” гувоҳи содиқ
Бепайвандлиғингға “лам ялид ва лам юлад” далили мувофиқ.
Ҳар негаким ташбиҳ қилинса ўхшамассен
Яхши боқилса ул Сендин дурур ва Сен ул эмассен.
Ҳамдингда такаллум аҳли тили қосир
Ва сипосингда мутакаллимлар ажздин мутаҳаййир.
Бу бобда “лонуҳси саноан алайка” мазкур бўлур
Ҳар неча балоғат лофин урган дам урмаса маъзур бўлур.
Наът
Улки “кунту набиййан ва одаму байнал-мои ваттин” мазмуни анбиёга муқаддамдир
“Раҳматан лил-оламийн ва хотамун – набиййин мантуқи била аларга муаххар ва   хотамдур
Ҳабиби ҳазрати илоҳ Муҳаммад расулуллоҳ, соллаллоҳи алайҳи васалламдур.
Юз йигирма тўрт минг анбиёйи мурсал хилқатидин мурод ул ва барча Анга хайл
Ва ўн секиз минг олам ихтироъидин мақсуд ул ва офариниш Анга туфайл.
Нубувват тахтида хумоюн фарқи узра тож
Анбиёю мурсал хайлида соҳибмеърож
Аввалину охирин халқи Анинг шафоатиға муҳтож.
Буроқи иноят Анинг маркаби улвий хироми
Ва Жибрили ҳидоят Анинг пайки барқгоми
Лайлатул-меърож Анинг шабистони
Ва “ли маъоллоҳу вақтун” Анинг мақоми.
“Салавотуллоҳу алайҳи ва ало олиҳит-таййибин ва асҳобиҳит-тоҳирин”.
Муножот
Илоҳи! Акрамул-акрамин – Сен ва мен гуноҳкор
Илоҳи! Арҳамар-роҳимин – Сен ва мен тийрарўзгор.
Илоҳи! Агарчи журму исёндин ўзга ишим йўқ
Аммо Сендин ўзга ҳам кишим йўқ.
Илоҳи! Йўқ эрдим, бор эттинг
Тифл эрдим улуғлар жаргасиға қоттинг
Аммо нафсу ҳаво елидин зуҳдум ниҳолин ушоттин
Ва офиятим хайлин ёзуқ сипоҳи турктозидин тарқоттинг.
Илоҳи! Ёмон афъолимдин паришонлигим чўқтур
Ва шум нафсимда пушаймонлик йўқтур
Мундоқ балолардин қутуларға уммидим сендин – ўқтур.
Илоҳи! Ўзлук ёмонлиғимдин ўзлугум била ўта олмайдурмен
Ва яхшилар этогин ёмонлиғим уётидин тута олмайдурмен.
Илоҳи! Йиллар ибодат қилғонни рад қилсанг ҳеч ким дахл қила олмас
Ва қарнлар исён қилғонни қабул қилсанг ҳикматин ҳеч киши била олмас.
Илоҳи! Одам хилофот тахтининг муставжиби ўзиму бўлди
Сенинг тақдиринг бўлмай шайтон мухолифатининг сўзиму бўлди.
Илоҳи! Бергувчисан ҳам фисқу фужурни, ҳам зуҳд, ҳам варъани
Аларнинг туҳматин бир неча ожизга боғламоқ не яъни?
Илоҳи! Иноятингға умидворменким гуноҳим беҳаддур
Ва раҳматингға сазоворменким хатою саҳвум беаддаддур.
Илоҳи! Дарду ҳолимни ҳар кимга айтсам рад қилса, Сенга таважжуҳ этгаймен
Ва агар Сен рад қилсанг неткаймен ва кимга кеткаймен?
Илоҳи! Сенинг йўлунгда туфроғ етса тўтиёдур
Ва кесак йўлуқса кимёдур
Ғайрингдин қизил олтин қора туфроғдек беқадру камбаҳодур.
Илоҳи! Ёмонлигимдин агарчи кўп аламим бор
Ғамхорим Сен бўлсанг не ғамим бор.
Илоҳи!Дунё майли риштасин кўнглимдин уз
Ва нафсоният тийралигида ҳидоят шамъи била Ўзунг сори йўл кўргуз.
Илоҳи! Ул узун йўл ва қатиғ водийда иноятинг била йўлда
Ва анинг қатъида аёғим тойилса дастгирлигинг била қўлда.
Илоҳи! Бу йўл сайрида шайтонни теграмга ёвутма
Агар у адув йўл урса зуҳдумдин не келгай иноятингни ўксутма.
Илоҳи! Тақвий бер, ки нафси ғаддор анга забун бўлсун
Вараъе насиб қил, ки шайтони нобакор боши анинг аёғида нигун бўлсун.
Илоҳи! Ғафлат уйқусидамен бедор қил
Ва жаҳолат мастлигидамен хушёр қил.
Илоҳи! Ул бедорликни огоҳликка еткур
Ва бу ҳушёрликни беиштибоғликка уландур.
Илоҳи! Душмандир шайтони хийланамой манга
Ва нафси худройдир корфармой манга
Бу варталарда дастгир Сен бўлмасанг вой манга.
Илоҳи! Агар хислатим эгридур ниятим туздур
Бу жиҳатдин қўрқинчим бордур аммо уммедим бирга юздур.
Илоҳи! Агар афъолимга боқсам уёт ўлтурур
Ва Сенинг карамингни соғинсам уммид танимга жон келтурур.
Илоҳи! Сендин ёмонлиғ келмас ва мендин яхшилиғ
Сен яхшисен ва мен ёмон, ҳар кимга ўзига муносибдур қилиғ.
Илоҳи! Тикан иши санчилмоқ учун ани куйдурмак муносибдур
Баҳор файзи ом учун  анга гул мусоҳибдур.
Илоҳи! Туфроғдин эл кўзига тийралик етар
Ва қуёш ашъа била олам аҳлин кўзин равшан этар.
Илоҳи! Тақдир қилғонингни қилурға не ихтиёр
Қилмасмен демакка кимнинг ҳадди бор?
Илоҳи! Агарчи залолатқа тушубмен аммо ҳидоятингга талабгормен
Тамуғ ўтига тушгали ёвушубмен аммо раҳматингдин умидвормен.
Илоҳи! Уммидимни карамингдин маъдум қилма
Ва раҳматингни халойиққа ом қилғонда мени ҳам маҳрум қилма.
Илоҳи! Агар дастгир сен бўлмасанг асо ҳамону ит ғанжиси ҳамон
Ва агар пардапўш сен бўлмасанг ридо ҳамону эшак арғамчиси ҳамон.
Илоҳи! Тоатингга ҳавасим бор, аммо нафсқа забунмен
Ибодатингга мултамасим бор, аммо гирифтори ишқу жунунмен.
Илоҳи, лаҳву ҳаво майидин мастмен
Ужбу риё жомидин майпарастмен
Бу дастовизлар била шайтонга ҳамдастмен.
Илоҳи! Париузорларға мени девона қилдинг
Ва шамърухсорларға кўнглумни парвона қилдинг
Бу сабаблардин расволиғ била оламға афсона қилдинг.
Илоҳи! Неча мусалсал зулф савдосидин бўйнумда (бўлғай) занжир
Ва неча муанбар хол хаёлидин кўнглум асир
Сенга тақдир бу навъ эрса менга не тадбир?
Илоҳи! Кўнглум кишвари қаро киприклар ясоли яғмосидин бузуқтур
Ва сабрим уйи гулранг узорлар хўйи-селидин йиқуқтур.
Илоҳи! Ҳар оташин лаъл менинг ўт тушкан жонимдин намудор
Ва ҳар сероб ғунчада менинг кўп пайкон кўнглум шакли падидор
Бу офатларнинг иложи Сенга осондур, менга душвор.
Илоҳи! Шўхи чобукларға (чвлонда) ҳар ён шитоб солурсан
Ва аларнинг ҳар ён шитобидин менинг ошуфта кўнглумга ҳар дам изтироб солурсен.
Илоҳи! Аларга ул шитобдин қарор йўқ
Ва менга бу изтиробдин ихтиёр йўқ.
Илоҳи! Аларнинг дилраболиғи ҳам Сендин
Ва ошуфта кўнглумнинг мубталолиғи ҳам Сендин.
Илоҳи! Бирав ҳуснига малоҳат берурсен
Ва анинг тузин менинг кўнглум жароҳатига сепурсен.
Илоҳи! Бирав мижаси нишин заҳролуд этарсен
Ва анинг нўкин менинг яролиг бағримға санчарсен.
Илоҳи! Шамъ ҳусни безанмаги ҳам Сендин
Ва парвона жони ўртанмаги ҳам Сендин.
Илоҳи! Гул узориға дилафрўзлиқ ҳам Сен бердинг
Ва булбул фиғону зориға жигарсўзлуқ ҳам Сен бердинг.
Агар қайси шамъи гулрух ишқи ўтинким кўнглумға солдинг
Парвона ва булбулдек сабру қароримни олдинг.
Илоҳи! Агар ишқ суубатидин базм туздум
Ва май сели офатидин тақво ва зуҳдум уйин буздум.
Ул не май ичмак ва аёғ тутмак эрди
Ким аёғ-аёғ қон ютмак эрди.
Илоҳи! Агар  ҳажр шиддатидин туганлар ўртадим
Дину ислом мазраъида хирманлар ўртадим.
Илоҳи! Агар ҳавасдин бош-аёғ яланг ҳар ён югурдум
Бошдин-аёғим ёмон эрконин халойиққа билдурдум.
Илоҳи! Агар шавқи жунундин кўксумга тош урдум
Ул тош била нангу номусум шишасин синдурдум.
Илоҳи! Гоҳи бу жунундин атфол тошин бошимга ёғдурдум
Гоҳи аҳбоб маломат нишин кўнглумга еткурдум.
Илоҳи! Қайси исён тийралиғи билаким офиятим юзи қарормади
Қайси бедод суубатиким мен қаро юзлукка бормади.
Илоҳи! Йигитлигим бу навъ ҳам қатиғ ўтти ҳам ачиғ
Қарилиғда юз қатла ўзумни ўлтурсам не асиғ?
Илоҳи! Эмди ҳамким барчадин кечмак хаёлин қилурмен
Ўзлугум била кеча олмон яқин билурмен.
Илоҳи! Андоқки бу балоларга солдинг қутқор
Ва андоқким бу ибтилоларга киюрдинг чиқор.
Илоҳи! Мен тавба қилдим дегандин не суд?
Сен тавба бергилки ҳам таввобсену ҳам маъбуд.
Илоҳи! Намозеки эл бўлмағунча қилмагаймен худнамолиғдур
Ва ул намоз учун ҳирқаю ридо худоройлиғдур.
Илоҳи! Ул намойишу оройишдин кўнглумни мубарро қилғил
Ва бу навъ шайтон либосидин пайкаримни муарро қилғил.
Илоҳи! Тоатқа тавфиқ берсанг риёдин асра
Ва ибодатқа йўл кўргузсанг хатодин асра.
Илоҳи! Ул тоатки, ужб келтургай кўнглумга ёвутма
Ва ул маъсиятки, узрга еткургай тилимдин йироқ тутма.
Илоҳи! Беилож дардга алил қилма
Ва бемурувват номардга залил қилма.
Илоҳи! Беасллар мазаллатидин асра
Ва бедиёнатлар туҳматидин асра.
Илоҳи! Жоҳил суҳбатиға побанд этма
Ва арозил ҳашматиға ҳожатманд этма.
Илоҳи! Носипослар маломатидин йироқ тут
Ва ҳақношунослар хусусиятидин қироқ тут.
Илоҳи! Кўнглумни дарду шавқинг муҳаббати била овут
Ва кўзумни надомат ашки селоби била равшан тут.
Илоҳи! Тилимни неъмати беқиёсингға шокир айла
Ва кўнглумни ҳамду сипосингға зокир айла.
Илоҳи! Қаламимға ҳамдинг рақамиға машғуллуқ бер
Ва рақамимға халойиқ кўнглиға мақбуллуқ бер.
Илоҳи! Замиримга худписандлиғни ёвутма
Ва хотиримни эл нафъи айбжўлиғиға тутма.
Илоҳи! Хаёлимни ниёзу дард аҳлиға мойил тут
Ва ниёзим кўзун дардмандлар аёғи туфроғи ила ёрут.
Илоҳи! Подшоҳи исломни муслимин бошига тутқул бардавом
Яъни бандаларинг устига кўланкангни қил мустадом
То шоҳу гадога дуогўйлик қилмиш бўлғаймен, вассалом!
***
Ҳаддан зиёд мақтовлар бўлсин у Яратгувчигаким, илмий котиби ўзининг қудратли яратувчан қалами билан шарафли сўзлар тизмасини коинот варақларига рақам қилди, токи дунёга келганлар унинг ҳукми билан иш кўргайлар ва яхшини ёмондан, қилар ишни қилмас ишдан фарқлай билгайлар.
Рубоий:
У шундай ҳокимки, эҳсони барчага баробардир,
Фармони шоҳлар бошида барқарордир,
Ҳукмида Қуръони Карим суралари битилгандир,
Унда ёзилганларда фақат мўъжиза намоёндир.
“(Унинг) улуғлиги юксак ва неъматлари умумийдир”.
Ва чексиз дуруду (таҳсину тасаннолар) бўлсин У юксалтирувчи Зотгаким, шариат муфтисининг қалами амри билан мақтовли шариат ҳукмлари замон саҳифаларига ёзилди, токи даврон эли Унинг яхши ишларга буюрганлари ва ёмон ишлардан қайтаришларига риоя қилган ҳолда хато ишлар содир этишдан ўзларини тийиб, савоб ишлар қилиш йўлида барқарор бўлгайлар.
Рубоий:
У шоҳ сўзлари ёқимли ҳам қоидадир,
Ҳар бир нуктаси унинг балоғат намунасидир,
Аллоҳ буюрган иши оламга элчилик қилишдир,
Бу элчиликда юксак даража топиш адолат натижасидир.

(“Муншаот”дан бугунги тилимиздаги баён)

Ўз камчиликларидан шарманда бўлиб, бу уятдан боши тубанлик тупроғига эгилганлиги юзасидан барча  ҳожатларни амалга оширувчи ҳакам олдида муножот

Ё Раббий! Ўз ҳолимга ниҳоятда ҳайронман, ўта гуноҳкор ва масту паришон ҳолга тушган бир кимсаман! Чунки ҳаддан ташқари баланд нафсим туфайли кибру ҳавога мағлуб бўлдим, тўғриликни номақбул билиб, покликдан узоқлашдим. Жонимга исён майидан мастлик пайдо бўлди, кўнглим фисқ аҳлига ҳамдамлик қилди. Шум нафсим бошимга ҳар хил ҳавойи кайфиятлар солди, шайтон галалари ҳар ёндан менга ҳужум бошладилар. Бу тўдадан мен воқиф бўлгунимга қадар, улар кўнглим мамлакатини остин-устун қилиб юборишмоқда.
Бир зулм қилувчи кўзимга чиройли кўриниб, ўзимни унга ошиқ, уни эса ўзимга маҳбуба деган эдим. Бу ёмон феълли маъшуқадан менга ҳар хил ситамлар етарди. У кўзимга кўрингач, ҳатто оҳ уриб ўзимдан кетиб қолган пайтларим ҳам бўлар эди.
Унинг оловли лабларидан жонимга ўт тушди, сочи ва холидан рўзгорим қорайиб кетди. У сўзлаганида тилим лол қолар, нозли жилваси эса ақлимни олар эди. Унинг васлига етишмоқни ўзим учун ҳаёт, ҳажрини эса ўлим деб ҳисоблардим. Уларнинг биридан жоним осойиш топса, иккинчисидан жабр тортар эди... Сен Ўзинг воқифсан, мен ҳам чин сўзни айтайин: ҳажридан кўнглимга шунчалик кўп жабру зулм етардики, ҳатто фақат унинг васлини исташ учунгина Сени ёд этар эдим...
Аллоҳ! Аллоҳ! Ўзимнинг бундай бандалигимни эсласам, шармисорлик ўлдиради. Жаҳлда шунчалик юзқароликка йўл қўйдимки, булар кўзимга оламни қаро қилиб кўрсатмоқда.
Эй ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ Тангри! Умримда бирон-бир ракаат намозни ўтинчсиз қилмадим. Ҳаргиз кераклик тош бўлмаса, тупроққа бош қўймадим. Ўзимни карам соҳиби кўрмагунимча гадога бирон-бир дирҳам тутқазмадим. Донолик билан эмас, балки қўлимда юз доналик тасбеҳ ушламагунимча номингни тилга олмадим. Бирор ишни ўз фойдамни кўзламай қилмадим, ўзимни мунофиқликдан холи деб билмадим. Шу сабабли мен каби инсон, инсонгина эмас, деву шайтон ҳам бўлмасин! Ўзимнинг бу янглиғ феъл-атворимдан жуда хижолатдаман, булар учун ҳар доим кўнглум тушкунликка тушади, дилим мудом ғаш. Бу хил хижолатликлардан мен учун ҳаёт йўқ, чунки ҳар дам уят ўлдириб ташлаяпти.
Бу иллатларки, айтиб ўтдим, ўзим уларнинг ҳеч бир иложини қила олмаяпман. Шунчалик мусибатга дучор бўлганманки, агар Сендан қазо етса, кейин нима бўлишини билмайман. Гарчи бу дардлар мен учун давосиз бўлса-да, лекин уларнинг дармони Сенга осондир. Дардимга дармон иноят қилгин, комил тавбага эришмоқ йўлини кўрсат. Адолат ва эҳсонингга мени сазовор қил ва золим нафсдан мени халос эт! Жонимда шавқинг шуъласини мавжуд қил, ундан ўзга ҳамма нарсани кўнглимдан чиқариб ташла!
Гарчи руҳ бадан ичра тутқун бўлса ҳам уни мушоҳада этиладиган куни қўйиб юбор. Токи бу қуш сафарга мойил бўлиб, асл гулшан томон парвоз қила олсин. Чунки қуш (инсон жони) учмоқ (жаннат маъносида)  сари интилгани, тупроқ эса (инсон танаси маъносида) тупроққа қўшилгани маъқул.
Қилган ишларим ҳақида сўроқ қилиб, хитоб этган чоғингда Сен берган саволларга жавоб топа олмай қолсам, мени ҳазин аҳволга қўймай, тезда ўшани қошимга еткургилки, уни Сен “Шафиъул-музнабин” (гуноҳкорларнинг ҳимоячиси) деб атагансан.

(“Лисонут-тайр”дан)
(Изоҳ: гуноҳкорнинг гуноҳлари баён этилганда булар
ҳазрат Навоийга тегишли айблар, деб тушунилмасин.
Шоир бу муножотни  асар қаҳрамони тилидан баён қилган.)