Қуръони каримда “энг гўзал қисса” дея таърифланган Юсуф алайҳиссалом саргузаштини назм силкига тортиш ва туркий халқларни Буюк Муҳаббат қиссаси билан янада яқинроқ таништириш Навоийнинг амалга ошмай қолган орзуларидан эди. Жумладан, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”да бу бобатда унинг ўзи шундай деб ёзади: “Юсуф алайҳиссалом қиссаси андин машҳурроқдурким,эҳтиёж анинг тафсилина бўлғай, невчунки ғаробат ва ширинлиги учун акобир ҳам назм ва ҳам насрда анинг шарҳин тузубдурлар ва баёнида сеҳрлар кўргузубдурлар... Бовужуди булар бу бебизоатки, ҳам иборат роқимидур, коми хотирға бу орзуни кечурурким, иншооллоҳ умр омон берса, турк тили била-ўқ кофурчун варақ узра хомайи мушкин шамомани сургай. Ва бу қисса назмин ибтидо қилиб, интиҳосиға еткургай...” Лирик мероси ва достонларини кўздан кечирганимизда ҳам маълум бўлдики, Юсуф – ҳазрат Навоийнинг севимли тимсолларидан бири. Шу билан бирга, бу пайғамбарнинг саргузашти фақат ижод учун илҳом манбаи бўлиб қолмасдан, Навоийнинг давлат арбоби сифатида фаолият юритиши, қолаверса, баркамол инсондек ҳаёт кечиришида ҳам ўрнак бўлган. Бежиз эмаски, Мавлоно Жомийнинг “Юсуф ва Зулайхо” достонида сўнгги боб “ Бу достондаги Юсуф тимсолидан мурод – Мир Алишер Навоий эканлиги баёнида” деб номланган.
Қуръонда Юсуф кўйлаги ҳақида уч жойда сўз борилади. Биринчиси, Юсуф (а)нинг ўгай биродарлари рашк ва ҳасаддан уни алдаб, сайрга олиб бориб, қудуққа ташлаб, ёлғондан “Юсуфни бўри еб кетди”деб, қонга бўяб, оталари – Яъқуб (а) олдига олиб келган кўйлакдир (Юсуф сураси, 7-18-оятлар). Иккинчи кўйлак қиссаси эса, қуйидагича: Юсуф (а)ни қуллар бозоридан сотиб олган Миср шаҳри ҳокимининг хотини Зулайхо унга ошиқи беқарор бўлиб, уни йўлдан урмоқчи бўлади. Юсуф(а) рад этиб, ёпилган эшик томон қочади. Зулайхо Юсуф (а)га етиб олиб унинг кўйлагини орқа томондан йиртиб юборади (Юсуф сураси, 20-29-оятлар). Учинчи кўйлак эса, Яъқуб (а)нинг ўз фарзанди ғамида йиғлайвериб оқарган кўзларининг очилишига сабаб бўлган (Юсуф сураси, 93-96-оятлар). Қуйидаги байтда эса, Яъқуб (а)нинг олдига келтирилган икки кўйлак – бири кўзи кўр бўлишига, бири ёруғ дунёни яна кўришига сабаб бўлган кўйлак қиссасига талмеҳ қилинган:
Ёр ҳажриға даво гулдин эмаским, бермас
Кимсага Юсуф иси қон аро ҳар пора қамис.
Қамис – кўйлак демак. Байтнинг насрий табдили “Қонга бўялган ҳар қандай кўйлакдан Юсуф иси келмаганидек, ҳижрон дардига мубтало бўлган ошиққа қизил гуллар даво бўлмас” шаклини олади. Унда лирик қаҳрамоннинг руҳияси Яъқуб (а)нинг ҳолати билан қиёсланмоқда. Яъқуб (а) қиссаси – ҳузн ва ҳусн, ҳижрон ва висол, ғусса ва шодлик, қўрқув ва умид каби қарама-қарши туйғуларнинг уйғунлашган кўриниши баён этилган қисса. Қонли кўйлак – фироқ нишонаси бўлса, Юсуф юборган кўйлак – шодлик ва висол белгиси. Ўз ёридан айро тушган лирик қаҳрамонга ҳам баҳор фасли ва гулзор сайри кўнгил дардига даво бўлмайди. Аксинча, Юсуф биродарларининг қонга бўялган ёлғонлари умри қисқа бўлганидек, гулнинг қизил ранги ўткинчи ҳавас, бебақо гўзаллик нишонаси сифатида кўзига ташланади. Гул – моддий оламнинг ёлғон жилвалари. Кўзга чиройли кўрингани билан Ҳақиқий Ёр ишқида бемор бўлган кўнгил уйида унга жой йўқ. Ишқ бемори бўлган кишига қизил гулни кўриб, гўзал сабр қилишдан ўзга чора йўқ, чунки Дард ҳам Ундан, Даво ҳам, Вафо ҳам Ундан, Жафо ҳам. Ҳақиқий ишққа ёлғонни аралаштириб бўлмайди, бу гўзал дардга мубтало бўлган кўнгилни ҳеч қандай ботил ҳақ йўлидан адаштиролмайди. У Юсуфнинг нажотбахш исини бошқа кўйлаклардан топиш мумкин эмаслигини жуда яхши англайди. Аммо шу билан бирга, қизил гул қайсидир маънода маҳбуб жамолини эслатиши унинг кўнглига таскин беради:
Ҳабибим истаю гулшан аро ҳар дам гул ислармен,
Мени Юсуфдин айру қилди қонлиғ кўйлаги хурсанд.
Ўғиллари Юсуфнинг бирор жойи йиртилмаган кўйлагини қонга бўяб, олиб келиб кўрсатганларида Яъқуб (а) шундай дейди: "Йўқ! Сизларга ҳавойи нафсларинг бирон ёмон ишни чиройли қилиб кўрсатган.Энди менинг ишим чиройли сабр қилмоқдир".-Юсуф сураси,18-оят.
Яъқуб (а)нинг ўз фарзанди бўлмиш Юсуфнинг бошқа фарзандларидан кўра кўпроқ яхши кўриши ва уни еру кўкка ишонмаслиги – шунчаки ота ва ўғил ўртасидаги муҳаббат эмас. Унинг муҳаббати айрим ота-оналарнинг қайсидир фарзандига “бошқача” меҳр кўрсатишларига ўхшамайди. Яъқуб алайҳиссалом – Аллоҳнинг барҳақ пайғамбари. У зот Юсуф сиймосида Ҳақнинг жамолини мушоҳада этарди, унинг нурли истиқболи, ўз қавмини ҳидоят йўлига бошловчи зот – пайғамбар бўлишидан бохабар эди. “Орифлар айтишларича, гўзаллик икки навдир – зоҳирий гўзаллик ва ботин гўзаллиги. Зоҳирий гўзаллик ташқи кўриниш кўркамлиги, чиройли ҳусн ва хуш қоматдир, ботин чиройи эса, хушхулқлик ва гўзал сийратдандир.”
Яъқубнинг муҳаббати, табиийки, атрофидагилари, жумладан, бошқа ўғиллари учун бегона эди. Бегоналик, билмаслик – заифлик нишонаси. Рашк, ҳасад, қўрқув, хиёнат ана шу заифликдан келиб чиқадиган ҳодиса. “Парвардигор Юсуф биродарларига унинг зоҳирий ҳуснини кўрсатди, ундан ортиғини кўролмадилар, шул сабабдан, қул сифатида арзимас баҳога сотдилар. Аммо Парвардигор Юсуфнинг гўзал сийратидан озгина қисмини Миср Азизига кўрсатганидан у хотинига: “Уни яхшилаб жойлаштиргин,” – деди. Бас, олам аҳли билсинким, Парвардигор олдида зоҳирий чирой эмас, балки ботин гўзаллигининг қадру манзалати юксакдир.” Шу сабабдан, йиртилмаган кўйлакни кўрган Яъқуб (а) фарзанди Аллоҳ таоло паноҳида эканлигини билиб, бир томондан, фироқ ўтида куйса, иккинчи томондан, бу фироқ ҳам ўткинчи эканлиги қалбида умид чироғини ёққан.
Навоийнинг пок назари мажозий гўзалликда айни ҳақиқатни кўради, дунё гўзалликларига басират кўзи билан қарайди. У ҳам гулнинг чиройи, табиатнинг мафтункорлиги сиррини Парвардигор нурининг тажаллийси туфайли, деб билади. Ишқ ўтида ўртанган кўнгли Мутлақ Гўзаллик нишоналарини кўрганда таскин топгандай бўлади. Зотан, Жалолиддин Суютий айтганидек, “Илоҳ мўъжизалари кўзга кўринмасдир, улар суюкли бандаларига кўрсатилур.” Навоий ботин гўзаллиги мўъжизаларини кўриш саодатига мушарраф бўлган қалб кўзи очиқ зотлардан эди. Хожа Абдуллоҳ Ансорий “Кашф ул-асрор”ида кўнгил ҳақида шундай фикрлар битилган: “ Кўнгилнинг беш қават пардаси бор: биринчиси, кўкрак қафаси пардасиким, ислом аҳди қарор топган жойидир, иккинчиси – қалб пардаси иймон нури маҳаллидир, учинчи парда фуод (юрак) пардаси бўлиб, бу парда Ҳақ назаргоҳидир, сир пардасида ихлос хазинаси жойлашган, бешинчи парда шағоф (кучли эҳтирос) пардасидирким, Ишқ ва Муҳаббат қўнадиган макондир”. Муҳаббат – кўнгил амри, қалб иши. Қалб (арабчада кўнгил маъносини ҳам билдиради) ҳақида хотамуланбиёнинг қуйидаги ҳадислари “Қалб ўзгариб турганлиги сабабли қалб деб аталган. Қалб мисоли саҳродаги бир дарахтнинг танасига ёпишган бир парқуга ўхшайди. Шамол уни гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ағдаради”. Навоий лирик қаҳрамонининг Қалби ҳам Ишқ саҳросида Вафо дарахтига ёпишган парқу каби беқарор; гоҳ умид насими, гоҳ ҳижрон самуми уни ҳар кўйга соладир. Шу сабабдан, “Ёр ҳажридин даво гулдин эмас”, дея гулзор сайридан воз кечган кўнгил гоҳида ўз гулрух нигори исини гулдан топади ва Яъқуб каби Юсуф ҳидини кўйлакда топганидек кўзи равшанлашади:
Гулдин ул гулрух исин топқач Навоий очти кўз,
Ўйлаким, Яъқуб кўнглактин маҳи Канъон иси.
Қуръонда келтиришича, карвон Мисрдан чиқиши биланоқ Яъқуб алайҳиссалом байт ул-эҳзон (Юсуф фироқида қурилган ғамхона)да туриб, ҳузуридаги кишиларга: “Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени ақлдан озган демасангизлар (Юсуф тирик, деган бўлур эдим”, – дейди. (Улар) айтдилар: Аллоҳга қасамки, сен ўша эски хатойингда турибсан. Ушбу оятни Ҳусайн Воиз Кошифий “ишқ ояти” деб атайди. Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳам ғазалларининг бирида ана шу эски хатога нозик ишора қилиб ўтади:
Ишқро Эзад залоле хонд дар Қуръон қадим,
Эй муфассир, шарҳ кун, ин нуктаро таъвил чист?
(Ишқни Тангри залол айтмиш Қуръонда қадим,
Эй муфассир, бер изоҳ, бу нуктага таъвил надир?)
Кошифий тафсирида Юсуф биродарлари ҳақида яна қуйидаги фикрларни ўқиймиз: “Бу ўн бир юлдуз (Юсуф тушида кўрган ой, қуёш ва ўн бир юлдуз ҳақида гап кетмоқда – О.Д) Юсуфнинг ўн бир оға-иниларига ишоратдир. Юсуф биродарларида ҳам пайғамбарлик нури зоҳир эди, аммо ўз иниларига нисбатан қилмишлари пайғамбарлар ва уларнинг аҳлларидан содир бўладиган гуноҳлардан эди. Бунинг ҳикмати шундадирким, айбсиз фақат Биру Бор сифатли Парвардигорнинг Ўзидир, қолган барча мавжудот гуноҳкор ва нуқсонлидир.” Улардан бу хато ўтиши, юқорида айтиб ўтилганидек, зоҳирбинликларида. Юсуфни оталари кўзидан йироқлашиш мақсадида арзимас баҳога карвон савдогарларига сотиб юбориб, ўзлари Яъқуб олдида Юсуф мақомини эгалламоқчи бўладилар. Аммо бу Миср бозорида Юсуфни “бир калоба ип била” сотиб олишдек самарсиз уриниш эди. Юсуфсифат кишиларнинг ҳақиқий баҳоси ҳақида Навоий ёзади:
Керак қуёш дирами танга бўлса байъона,
Чу Юсуфумни ики даҳрға баҳо қилсам.
Рус олимаси И.В.Стеблева таъкидлаганидек, “бадиий санъатларни танлаб олиш ва қўллаш, улар қанчалик мураккаб ва жозибадор бўлмасин, ҳамиша ҳеч бир истисносиз байтда айтилиши лозим бўлган мазмунни муносиб даражада ифодалаш учун восита бўлади. Образ яратишнинг ўзи мақсад бўлолмайди...”
Навоий шеъриятида зўрма-зўраки киритилган бирор образ, тимсол, сўз ё ибора йўқ. Мутлақо алоқасиз кўринган деталлар ҳам аслида бир-бири билан кучли мантиқий таносуб ёрдамида боғланган. Тимсоллар таҳлили ва талқинида ҳам энг аввало, байтлар ўртасидаги мантиқий муносабат ва ғазалнинг умумий руҳини ҳисобга олиш зарур. Ўшанда талмеҳ қилинган образ айнан қайси поэтик функцияни бажаргани ойдинлашади. Акс ҳолда, “юлиб олинган” байтдаги образ ва тимсолларнинг манбасини кўрсатиш ҳамда манбага таяниб, байтни таҳлил қилиш яна бирёқлама қарашларга замин бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Албатта, қуръоний образлар, юқорида қайд қилиб ўтганимиздек, дунёвий маъноларни ифодалаш воситаси сифатида қўлланган тақдирида ҳам ўз диний моҳиятидан узоқлашиб кетмайди, аммо бу омил диний оҳангдаги талқинни барча ҳолатларда биринчи планга чиқариш ва шоирнинг бутун ижодини диний мезонларда баҳолаш орқали уни диний ақидаларнинг оддий тарғиботчисига айлантириб қўйиш хавфини туғдиради. “Навоийни дин ва тасаввуфга атайин яқинлаштириш ҳам саёзлик, бир ёқламалик, шеърхонни чалғитишдан ўзга натижа бермайди. Шоир шеърларида тасвирланган ғоя, туйғу, образ, руҳий манзараларни ўз номи билан айтишга эришиш, улар бағридаги яширин маъно ва бадиий сирларини таҳлил тилида ифодалаш – ҳақиқатнинг бош мезони мана шудир.” Юсуфнинг образи ҳам фақат тасаввуфий-ирфоний маъноларни ифода этувчи восита эмас, балки тириклик гўзалликлари, ҳаёт маҳбубаси ҳусну жамолини тавсифлашда ҳам қўл келганига мана бу тахлит байтлар далил бўла олади:
Тарк этиб савдо, анинг савдосиға тушмиш улус,
Киргали Юсуфжамолим сайр учун бозорға.
Навоий қуръоний талмеҳлардан шунчаки бадиийликни ошириш, лирик ифоданинг эмоционаллик хусусиятини кучайтириш учун эмас, балки ижтимоий-сиёсий, ирфоний-фалсафий, тарбиявий-ахлоқий ғояларини янада ёрқинроқ, янада таъсирчанроқ ифода этиш йўлида ҳам изчиллик билан фойдаланган. Унинг талқинида, Юсуф қиссаси – фақат муҳаббат достони эмас, балки ибрат намунаси ҳамдир. Жумладан, иззат-обрў топиш, умум эътирофига эришиш чексиз машаққат ва тинимсиз меҳнатни талаб этмоғини Юсуф тақдирига боғланган ҳолда ифода этган:
Мисри иззат истабон зиндони ғамдин қочмаким,
Моҳи Канъон тахтиға боис мазаллат чоҳидур.
Биринчи назарда байтни ҳар қандай роҳат-фароғат қийинчилик ва кулфатлар эвазига ҳосил бўлиши, халқ ибораси билан айтганда, “жон куйдирмасанг, жонона қайда”нинг шоирона ифодаси сифатида талқин қилиш кифоядек туюлади. Аммо шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, барчага маълум бўлган ҳақиқатларни турли йўл ва усуллар билан ифода этиш Навоий даҳоси учун мутлақо бегона ҳодисадир. Қолаверса, мумтоз шеърият, жумладан, Навоий ижодиёти билим даражаси саёз китобхонга эмас, балки ўша давр тафаккур хазинасидан етарлича баҳраманд бўлган, фикри теран, тасаввури дақиқ ўқувчига мўлжалланган. Навоийдек тенгсиз мутафаккир шоирнинг шеърини жўн хулосалар билан умумлаштириш “ўзинию халқни гумроҳ этиш” билан баробар.
“Мисри иззат” истиораси – Юсуфнинг Мисрда топган шон-шавкати, Миср шаҳрининг азизи-ҳукмдорлигига эришган даврига талмеҳ бўлса, “зиндони ғам” ибораси орқали Зулайхо туҳматлари туфайли хиёнатга айбланиб, етти йил зиндонда ётганига ишора қилади. “Мисри иззат” ибораси шаклланишида пайғамбаримиз (сав)дан ривоят қилинадиган қуйидаги ҳадис ҳам асос–манба сифатида хизмат қилган: “...Одамларнинг (Аллоҳ таоло қошида) энг иззат-икромлиси (Иброҳим) Халилуллоҳ ўғли (Исҳоқ) набиюллоҳ ўғли (Яъқуб) набиюллоҳ ўғли Юсуф набиюллоҳдурлар.” Иккинчи мисрада “мазаллат чоҳи” – оға-инилари томонидан қудуққа ташланган “моҳи Канъон” – Юсуфнинг пайғамбарлик рутбасига мушарраф бўлгани ва қирқ йилдан сўнг кўрган туши ҳақиқатга айлангани фикр тасдиғига хизмат қилади.
“Тарихи анбиё ва ҳукамо”да Юсуф қиссаси қуйидаги воқеа билан бошланади: “Юсуф (а) бани Одам жинсининг жамилроғидур. Бир кун ўз юзин кўзгуда кўруб, андоқки ҳусн истиғною ғурурға муқтазодур, кўнглига кечтиким, оё агар мен қул бўлсам эрди, менинг баҳомни ким бера олғай эрди. Чун бу хаёл далолат бемислликка қилур, улким, “лайса камислиҳи шайъун ва ҳува самиъул-басир” анинг шаънидадур. Ҳақ таоло ғайрат кўргузуб, андоқ қилдиким, оғолари Юсуфни ўн ети қалб дирамға соттилар... Ул қофиланинг улуғи... Молик бу савдодин масрур эрдиким, Мисрда анинг баҳосидин суд мутасаввар эрди. Юсуф (а)да заъф ва шикасталиқ ул мартабада эрдиким, Моликнинг ул сўзини эшитиб, ўз-ўзи била айтур эрдиким, бу мусулмонким менинг баҳомдин ўзин хуррам қилибдур, бу ҳол билаким менмен ики оқчаға олғайларкин ул олибдур.”
Юсуф (а)нинг “мазаллат чоҳи”га тушиши ғурур ва истиғноси боис бўлди. Аммо унинг кейинги ҳаёти бало келганда сабр қилган ва Худони эсдан чиқармаган банда учун ҳар бир хорлик, қийинчиликлар замирида илоҳий мукофот, ажру савоблар борлигининг тасдиқ намунасидир. Жалолиддин Даввоний буюрганидек, “Бало – Илоҳий имтиҳондир, кимки балога сабр қилса, Парвардигор иноятидан бенасиб қолмагай... Парвардигор Фиръавнга Миср подшолигини имтиҳон тариқасида берди, алалоқибат ширкка юз бурди, Юсуфни Яъқуб дийдоридан бенасиб қилди, қудуқ ичида илоҳий ваҳий саодатига мушарраф айлади ва балоларга кўрсатган сабрининг мукофоти тариқасида Мисрда азиз этди”.
Демак, ҳақиқий обрў-эътибор, иззат-эҳтиром “зиндони ғам” асирлари, “ўз нуқсини исбот айлаган” ориф кишиларгагина насиб этади. Аксинча, осонлик билан эришилган машҳурлик аслида, қаллоблик, маънавий муфлисликнинг мисини чиқаришда бир воситадир. Юсуфнинг тахт соҳиби бўлиши ҳам Ботин Олами асроридан хабардор бўлгани туфайли эканлигига ишора қилиш орқали шоир маънавий камолот халқ ва Ҳақ олдида эътибор топишнинг бирламчи шарти эканлигига алоҳида урғу беради. Навоий учун пайғамбарлар – энг аввало, маънавий баркамоллик, илоҳий руҳониятдан файз топган зотлар, комиллик намуналари. Инсон номини шарафлаган бу буюк шахсиятларнинг ҳаёти, фаолияти, сўзлари барча учун ибрат намунасидир. Шунинг учун, Шарқ шеърияти, жумладан, Навоий ижодиётининг ажралмас қисми сифатида шаклланган пайғамбарлар образини таҳлил ва талқин этиш, шубҳасиз, бу ноёб хазинанинг маънавий дурдоналаридан янада кўпроқ баҳраманд бўлишга ёрдам беради.
Олимжон Давлатов,
ТошДШИ тадқиқотчиси.