«ЭРУР КЎНГУЛДА САФО ИШҚ ТОЗА ДОҒИ БИЛА»

«Хазоин-ул маоний»нинг биринчи девони — «Ғароиб-ус сигар»га киритилган ва Алишер Навоийда кам учрайдигаи тахаллуссиз ғазаллардан бири («Ғаройиб-ус сиғар»да жами ўнта тахаллуссиз газал бор) шу сатр билан бошланади. Ушбу ғазал «Бадоеъ-ул бидея» девонида ҳам мавжуд. Демак, у шоирнинг ёшлик йилларида ёзилган. Ғазал етти байтдан иборат, лекин тахаллусли мақтаъ бўлмагани сабабли якунловчи хулоса етишмаётгани сезилади. Асар мавзуи —    ишқи илоҳийни куйлаш, бу ғоя гоҳ мажозий ташбиҳ-истиоралар, анъанавий образлар (парвона, булбул), гоҳ тўғридан-тўғри тасаввуфий истилоҳ — тамсиллар воситасида баён этилади. Қайд этиш жоизки, ишқи илоҳийни тараннум этган ирфоний-маърифий мазмундаги ғазаллар Навоий девонларининг асосий қисмини ташкил этади, уларни эса бир неча гуруҳга бўлиш мумкин:
1) муножот-ғазаллар;
2) Худо ва пайғамбар мадҳига бағишланган наът-ҳамд ғазаллар;
3) ошиқнинг аҳволини тасвирловчи «шарҳи ҳол» ғазаллар;
4) фалсафий фикр-мушоҳадаларни ифодаловчи ғазаллар. Тилга олинган ғазалда ошиқона кечиималар руҳи, ёр васфи ҳам, фалсафий мушоҳада-мукошифа ҳам бор. Демак, асар бирон-бир ҳис, бирон-бир муайян ҳолатни эмас, шоирнинг катта мавзу атрофидаги умумий тасаввур-тушунчалари, шунга мувофиқ ишқнинг инсон қалбига ўтказадиган таъсири ҳақида зикр этади, ишқ ва фано, тариқат йўлининг жозибаси ва таҳликаси шоирона талқин этилади. Шу боис ғазал байтларини бевосита ўзаро занжирий боғланиш эмас балки қофия, радиф, мавзу ва оҳанг муштараклиги бирлаштириб туради, мадҳ, васф, шарҳи ҳол ва тасаввуфий манолар бир ўзандаги оқимга туширилган.

Чунончи, матлаъда ошиқнинг ишқ дарди янгиланганидан хушнудлиги, иккинчи байтда маъшуқа фироқида қийналиш, кинояли хотирот, учинчи ва тўртинчи байтларда ишқнинг қудрати ва мўъжизакорлиги ҳақида мулоҳаза-муқояса, бешинчи байтда шоҳ ва дарвешнинг ишққа муносабати, олтинчи ва еттинчи байтларда бўлса илоҳиёт файзини топган соликнинг лаҳзалик масрур туйғулари, ёр жамолига маҳлиёлиги тасвир этилади. Хуллас, ишқнинг турли жиҳати, ошиқ инсоннинг ҳолатлари ва шоирнинг ўз мавзуига муносабати, қарашлари акс этган.

Умуман, Навоийда илоҳий ишқ ҳар хил ҳолатларга боғланиб, ҳар бир ғазалда ўзгача бир тароват янги-янги ифода, услубий тарзу равия билан куйланади. Шунинг учун унинг ғазаллари бир-бирининг айнан такрори эмас, балки ҳар бири янги асар сифатида ўқувчига алоҳида завқ бағишлайди, тасаввуфиинг ҳар бир мақоми ва манзилларидаги руҳий ҳолат, бу манзилларни кашф этиш қийинчиликлари, Буюк Илоҳнинг ҳузурига талпиниш, соғинч ва қўмсаш, маънавият неъматидан "сархушлик, қалби маърифатга ғарқ Дўст дийдорига ташналик, ундан маҳрумлик дамларидаги изтироб ҳар бир ғазалда турфа рангу оҳанг, суврату санъатлар орқали такрор-такрор талқин этилади. Бу ғазалчиликда, айниқса, орифона шеъриятда қабул қилинган анъана бўлиб, шоирнинг ўзига хос маҳорати, навбунёдкорлиги шу анъана бағрида камол топиб, кўзга аёнлашди. Буни меъморлик санъати билан қиёсласа бўлади: Самарқанду Бухоро, Ироқу Нишопур, Балху Ҳирот меъморчилик ёдгорликларига қаранг, уларнинг нақшу нигори, кошинлари, тарҳу тароватида ўхшашлик бор. Аммо ҳар бири яна ўзига хос салобат, ҳусну жозибага эга, ҳар бир меъморнинг «дастхати»ни аниқ ҳис этасиз. Шеърият ҳам шу: қатъий анъаналар андозаси ичра беназир устакорлик, улуғ салафлар даражасига кўтарилиш ва шу майдонда иҳтиролар қилиш, янги йўл, янгй оҳанглар топиб, элни қойил қилиш. Анъанавий усул-равияда маҳорат кўрсатиш — бир мўъжиза, асрлар анъанасини енгиб шоирона ихтиролар қилиш — иккинчи, янада олийроқ мўъжиза. Навоийнинг ҳар бир ғазалида анъанавий мавзуни янги руҳ, янги туйғу ва фикр билан янгидан янгратиш, ғазалнинг қадимий шаклидан фойдаланиб, шоирона мўъжизалар кўрсатиш маҳорати намоён. Воқеан, таҳлилга олган ғазалимиз ҳам «Эрур кўнгилда сафо ишқ тоза доғи била» деб бошланади: ишқнинг кўнглида ҳар бир янгиланиши, тоза доғлар қолдириш янги илҳом ва завқ олиб келади, янги шеърни бунёд этади. Ушбу ғазални байтма-байт шарҳлаб чиқсак, айтилган фикрлар тўлароқ ва аниқроқ англашилади.

Биринчи байт:

Эрур кўнгулда сафо ишқ тоза доғи била,
Нечунки кўзда ёруглиц эрур қароғи била.

Ишқнинг доғи — дарду алами, асорати, яраси тозаришидан кўнгилда шодлик, сурур ва равшанлик пайдо бўлди. Зотан, бунга ажабланмаслик керак, чунки кўзнинг қорачиғи равшанлиги унинг қорачуғидан. Байтнинг мазмуни шу. Ажойиб ташбиҳ: кўз гавҳари қора, аммо кўришнинг қуввати, ёруғлик ўшандан, демак, ишқ кўнгилга дарду доғ солса-да, лекин кўнгил кўзини равшанлаштиради, оламни мусаффо нигоҳ билан идрок этишга чироғи ҳидоят бўлади. Навоий шу ташбиҳ орқали тазод санъатининг фавқулодда янги бир кўринишини кашф этган ва инсон руҳидаги талотумларни, қарама-қарши ҳолатларни тушунтира олган: ишқ-муҳаббатдан фориғ одам тинч, хотиржам яшаши керак. Бироқ ҳаётда бунинг акси бўлади, муҳаббат дардига гирифторлик хурсандчилик, фароғатга сабаб бўлади. Кўнгил бу дарддан яйрайди! Шоир оқлик ва қораликни (байтда «сафо» ва «тоза» сўзлари ҳам ўзаро мутаносибликка киришиб, завқли бир туйғу бағишлайди), қуллик ва озодликни, ишқий безовталик лаззати ва ишқсизлик бадбахтлигини қиёслайди, суфийнинг тан азоблари эвазига туядиган руҳий-маънавий ҳузурини олқишлайди. Доғ — тамға, нишон; доғ — андуҳ, ғам; доғ — жароҳат, яра; дог — юракдаги қора нуқта, сувайдо; доғ — лоланинг қора ранги; доғ — қуллик белгиси. Сафо эса «риёзат чекишдан кўнгилнинг покланиши» («Миръот-ул ушшоқ»), «поклик, таъбнинг нописанд, ёмон хислатлардан тозаланиши... кўнгилнинг ағёр, яъни ғайри ёрдам, ғаддор дунёдан юз ўгириши»дир («Мусталаҳоти урафо» 262-бет). Шундай қилиб, ишқ доғи ағёр доми, дунё қудрати қуллигидан кўнгилни озод этади. Илоҳни севиш, унга қул бўлиш қулликдан озод бўлишнинг чин йўли, демак, бундай қулликдан хурсанд бўлиш керак. Шунинг учун ҳам ошиқ маҳбубасининг тамғасини кўнгилда асраб, унга қул бўлишдан боши осмонда. Ишқнинг фараҳ ва фароғат, сафо ва рўшнолик келтириш хосиятини шундай ажойиб, оригинал тоза тасвир билан ифодалаган шоир иккинчи байтда мўъжизакор тахаюлининг яна бир қиррасини кўз-кўз этади:

Фироқ шоми енгилмас ўқунг кўнгул йўлини
Ки, борур ул сари пайконидин чароҳи била,

Биринчи байтдаги қоронғу-ёруғ тазоди давом эттирилган, аммо маъно бошқа. Биринчи байтдаги ташбиҳ асослари доғ ва кўз қорачиғи ижобий маънодаги ранг эди, аниқроқ қилиб айтсак, бу қораликлар оқлик-равшанлик келтирадиган эди, (рироқ шоми эса ошиқ учун ёруғлик эмас, азоб-изтироб олиб келади. Ошиқнинг ҳижрондаги кунлари тун билан баробар, ҳижронда ошиқ учун ёруғлик йўқ, унинг тонги зим-зиё, қуёши маҳв этилган, фироқ шоми тариқат аҳли наздида соликни илоҳдан ажратиб турувчи парда, касрат, дейди шоир маъшуқага қараб, ўқинг кипригинг) кўнглим йўлини адашмасдан топади, чунки у кўнгилга томон чироғи билан келаяпти. Кимга ишора бор бу ерда? Гап шундаки, «пайкон» сўзи қам ўқни билдиради, лекин бу ўринда камон ўқи назарда тутилаяпти. Камон ўқининг ўткир учи эса металдан ясаларди. Шу нишонга қараб учиб бораётганда метал қисми ярақлаб гурар, баъзан эса олов сочаётгандай, шуълаланиб кўзга ташланарди. Ўқнинг ана шу ҳолатини Алишер Навоий чироқ кўтариб бораётган одамга ўхшатиб, жонли ва чиройли суврат чизган: «Фироқ шомида, яъни сенинг ёдинг, вақтинча кўнгилдан кўтарилиб, дунё иши — ташвиши парда бўлиб мени сендан ажратганда, ўқинг адашмасдан кўнгил йўлини топади, зеро у ўз нишонига пайконини чироқ қилиб бораяпти». Бундай ташбиҳни бошқа бирорта шоирда учратмаймиз: ёрнинг киприги — зулматни ёриб бораётган машъала, гўё зим-зиё тунда чақилган чақмоқ. Албатта, маъшуқа кипригини чақмоққа қиёс этганда Навоий кўзни ҳам назарда тутган, чунки аслида киприк бировга қараб отилмайди, балки назар, қараш йўналади, яъни кўзнинг нури, қуввати таъсир этади, жозиба, куч бағишлайди. Шунинг учун киприк чақмоқ самовий миқёсда илоҳий нурнинг ярқ этиб, кўнгилни ёрит-ши ёки заминий миқёсда соҳибкаромат пирнинг назар қилиши, бир нигоҳ билан қалбларга ғулғула солиши тарзида талқин этилиши мумкин. Оддий ҳаётда ҳам қалб китоби бўлмиш кўзларнинг кўнгилларни боғлаши, севгига замин ҳозирлаши кўп учрайдиган ҳодиса.

Учинчи байт:

Эрур сукуту фано ишқ лозими, булбул
Не воқиф онча фигону улуг димоги била.

Навоий «Асарлар»и куллиётининг 1988 йилги янги нашрида (3-жилд. 428) мазкур байтнинг биринчи мисрасида «фано» ва «булбул» сўзларидан кейин вергул қўйилгани учун маъно бузилган. Агар шу нашрга суянадиган бўлсак, «Сукут ва фанодир, ишққа лозим бўладигани булбул, бунча фиғони ва улуг димоғи билан нимадан хабардор?» деган ғалати гап келиб чиқади.
Бундай «таҳрир» ўқувчини чалғитиши, Навоий асарларини тушунишни қийинлаштириши аниқ (Буни таъкидлашга мажбурмиз, чунки ҳозирги ёзувга кўчирилган классик шеърларда тиниш белгиларининг аҳамияти катта, вергул нотўғри қўйилгани учун маъноси мавҳумлашган байтлар анча). Хўш, Навоий бу байтда нима маънони ифодалаган? Бу маъно қўйидагича: «Сукут сақлаш ва фано — жисму нафс эҳтиёжларидан батамом қутулиш ишқнинг заруратидир, шунча нола-фиғони, сархушу ошуфталиги билан булбул буни қайдан билсин». Ҳа, шоир бу ерда ошиқлик рамзи, нафосат ошуфтаси, ишқни ёниб куйловчи булбул билан баҳсга киришган. Бу қизиқ, чунки Навоийнинг бир қанча ғазалларида булбул хониши мадҳ этилади, лекин бу байтда у булбул ишқнинг моҳиятига тушуниб етмайди, деган фикрни баён этади. Балки бошқа маъно бордир бу гапнинг тагида, балки шоир бирор-бир мазҳаб ақидасини, бирор-бир тариқат пешвосининг кўрсатмаларини тасдиқлаётгандир? Дарҳақиқат, матлубга етишиш йўли фақат оҳу нола эмас, фиғон чекмай, зоҳиран сукутда бўлиб, дардни элга ошкор қилмай, ботинан кўнгилни маърифатдан сароб этиб, фано мартабасини эгаллаш ҳам мумкин. Масалан, Баҳовиддин Нақшбанднинг ақидаси шундай. (Баҳовиддин Нақшбанддан сиз самоъга қандай қарайсиз, деб сўраганларида, у киши: «Мо инкор накунему ин кор накунем» — «Биз инкор қил-маймиз, аммо бу ишни қилмаймиз», деб жавоб берганлар). Самоъ ва зикрга берилмай, муайян касб билан шуғулланиб, одамларни ҳақни танишга даъват этган дарвешларнинг йўли шуни тақозо этарди. Улуғ мутафаккир рамзий йўсинда тариқат аҳлининг икки тоифаси сулукини таққослаган: тинч, хотиржам зикр билан, ички оламни тараққий эттириб, ҳаққа яқинлашувчилар ва самоъ, рақс, қўшиқ-куй орқали муҳаббатларини очиқ изҳор этувчи бетоқат, безовта одамлар. Шундай ошиқлик ҳар доим ҳам фиғону нола эмас экан, «анжуман-да ҳилват» кўрувчиларнинг ботиний маърифати, кошифлик йўлида ўзгача ёниш, ўзгача фидойи қатъият бор. Тўртинчи байт мазмуни учинчи байт юзасидан айтган фикримизни тасдиқлайди.

Байтни келтирамиз:

Ул ўтки ўртади парвонани, ҳамул ўтдин
Кўринки қовруладур шамъ доги ёги била.

Маълум бўладики, гап парвона ишқи устида бораяпти, яъни шоир булбулнинг нолали муҳаббати билан парвонанинг жим, аммо вужудини ёндирувчи «индамас» муҳаббатини қиёсламоқда. Тасаввур қилинг: шамъ, унинг атрофида эса алангага қараб талпинаётган митти парвона. У ўтга шундай ихлос, шиддат билан интиладики, оловга қўшилиб ёниб кетгунча тинчимайди. Бироқ парвона шунчалик ошиқлиги, дардининг зўрлигига қарамай, оҳу нола чекмайди, балки жим-жит ўтга томон талпинаверади. «Ул ўт», яъни илоҳий ишқ алангаси фақат парвонани эмас, шамънинг ўзини-да, муми ва ёғи билан қўшиб қовуради, эритиб куйдиради. Улуғ шоир тамсиллар воситасида Ишқнинг беинтиҳо зарроту жонзотлар, ошиқу маъшуқ барини қамраб олувчи қудратини бизга тушунтирмоқчи бўлган. Шамънинг шуъласи — илоҳий ишқ, муми ва ёғи — дунё, инсон вужуди, парвона — ошиқ инсон тимсолларидир. Парвона — фано тимсоли, яъни ёмон сифатлардан қутулиш ва маҳмуда (яхши) сифатларга эга бўлиш, ҳирсу ҳавасни тарк этиш йўли. Ву фақир дарвешларнинг, аҳлуллоҳнинг тариқати, хўш, шоҳлар-чи, улар ҳам бу бахтга мушарраф бўла оладиларми?

Шоҳу улус гамию жоми Жам, хушо улким
Синуқ сафол ила дурд ичкай ўз фароги била.

Йўқ, шоҳлар фано мартабасига етишолмайдилар, чунки улар дунё ғамию улус ташвиши, шон-шуҳрат, айшу ишрат билан банд — шоирнинг ғояси шу. Афсонага кўра, Ажам шоҳларидан Жамшид шундай жом ихтиро қилибдики, унинг ичидаги шароб асло тугамас ва у оламни ўзида акс эттириб турар экан. Шундай қилиб, «жоми Жам» — туганмас бойлик ва ишрат, шукуҳу салтанат рамзи. Унинг сўфиёна талқини ҳам бор: «Маърифат бодаси билан молим ориф кўнгли» («Миръот-ул ушшоқ»). Лекин Навоий мазкур байтда буни назарда тутмаган, бўлмаса шоҳу дарвеш аҳволини чоғиштирмаган бўларди. Шоир анъанавий тасаввуфий эътиқодга амал қилиб ориф дарвешнинг фақир ҳаётини подшонинг ҳашаматли ҳаётидан устун қўяди, аммо буни қуруқ таъкид йўли билан эмас, балки «назарий» тушунтиришга интилади: «Шоҳ фуқаро ташвиши ва ўзининг шону шуҳрати, туганмас давлати, ишрати билан овора, у бу ғамдан фориғ бўлолмайди. Демак, шунчалик дабдабаю шукуҳи билан озод, бахтиёр эмас. Ҳатто жаҳонни кўрсатувчи олтин жом ҳам уни ғамдан озод қилолмайди. Шоҳнинг акси ўлароқ синиқ сафолда (жоми Жам — салтанат ва ҳашам рамзи бўлса, синиқ сафол — ка-бағаллик, камтарлик белгиси) май қуйқумини ичаётган, яъни маҳбубнинг васли деб азоб чекаётган дарвеш бахтиёр. «Дурд» — май қуйқуми, қаноат ҳамда айни вақтда ном-родлик, маҳбубнинг бетоқат қилувчи ёдини ҳам англатади. Хуллас, Навоий илоҳий ишқнинг хосиятлари ҳақида гапириб келиб, парвонасифат дарвешнинг мамлакат подшосидан устун турувчи озод-эркин турмушини шарафлайди.

Олтинчи байт:

Хумор аро тиладим социю цадаҳ, юз шукр,
Ки улки мен тиладим келди ўз аёги била.

Шоир ўзининг синиқ сафолда «дурд» ичиб, маҳбуб ёдида сармаст қаҳрамони — ишқ парвонаси ҳолатидан руҳланиб кетиб, ўзини у билан шерик, ҳаммаслак қилиб кўрсатади. Аммо лирик қаҳрамон-дарвеш ёр ёдида сархуш бўлса, шоир ҳали хумор, у энди соқию қадаҳ талаб қилаяпти. «Хумор» ҳам мастликнинг асорати, аммо у вақтинчалик совуш, соликнинг иккиланишини, беқарор ҳолатини ҳамда «маҳбубнинг иззат пардаси ичига яшириниши, дунё пардаси ваҳдат юзини беркитишини» англатади. Ана шундай ҳолатда шоир турланган кайфиятни бир хилликка келтириш, яъни дарвеш ҳолатига мослаш учун соқи (пири муршид) қўлидан қадаҳ (маърифат) тилайди ва Аллоҳ унга тилаганини етказганини — пир ҳузурига етганидан шукроналар айтади. Байтдаги «аёқ» сўзи икки маъноли: 1) одамнинг аъзоси ва 2) қадаҳ. Демак, сўз ўйини — тажнис ясалган: «Келди ўз аёғи била — келди ўз қадаҳи била». Теран маъно, тоза ифода ва тимсоллар билан очилтан.

Еттинчи байт:

Қучарга сарв ниҳоли бири цадингдек эрмас,
Агар кетурса ани богбон цучоги била.

Бу байтнинг зоҳирий маъноси кўриниб турибди. Шоир маҳбуб қоматини энг чиройли дарахтга ўхшатмоқда, йўқ, маҳбуба қомати сарвдан ҳам чиройли, ахир сарвни қучганда ёр қучгандайин ҳаловат туйиш мумкинми? Богбон сарвларни қучоқлаб олиб келса ҳам, лекин бу ёр қоматини қучганчалик эмас. Аммо байтнинг тасаввуфий, зоҳирий маъноси ҳам бор.

Қад деганда сўфийлар пирнинг ҳайбати, илоҳийлик аломати бор одамни назарда тутганлар. Шундай бўлгач, байтнинг мана бунақа маъноси ҳам келиб чиқади: «Гарчи боғбон боғдаги чиройли сарв дарахтларини намойишкорона қучиб келса-да, лекин уларнинг бирортаси комил инсон — пирнинг гўзал, илоҳий ҳайкалидай эмас, уларни қучиш пирга сиғинишдай лаззат беролмайди».

Алишер Навоийнинг улугворлиги шундаки, унда зоҳирий ва ботиний маънолар, яъни ишқи илоҳий ва ишқи маъжозий ифодалари бир-бирига халақит бермайди, балки бир-бирини тўлдириб, қувватлаб туради. Бошқача айтганда, ишқи ҳақиқий тасвиридан ишқи маъжозий тасвирига ёки аксинча ҳолатга осон ўтилади, китобхон гоҳ бу маънодан, гоҳ у маънодан, гоҳ ҳар иккисидан завқлана олади. Ушбу ғазалда ҳам шуни кузатиш қийин эмас, унда тариқат ақоиди, мақомат босқичларидаги солик ҳолатлари, ишқ изтироби ва ошиқ азоби, дардли ўртанишлар тасвирланади ҳам шу билан баробар, муайян инсоний кечинмалардан воқиф бўласиз. Воқеан, ишқ парвонаси солик дарвеш ҳам реал инсон, унинг кечинмалари ҳақиқий инсоний кечинмалар, фақат унда ният улуғроқ, дард беинтиҳо, идеал ғоят узоқ...

Иброҳим Ҳаққулов