Тўққиз байтли бу ғазал рамали мусаммани маҳзуф баҳрида ёзилгап (фоилотун, фоилотун, фоилотун, фоилун). Мазмунига кўра ошиқона, яъни ошиқнинг ҳижрондаги изтиробларини, кечинма-ҳисларини ифодалайди. Шу жиҳатдан уни шарҳи ҳол усулида ёзилган асарлари сирасига киритиш мумкин. Аммо зоҳирий маънолари билап ошиқона бўлиб кўринган ушбу газалда орифона (тасаввуфий) маънолар ҳам ифода этилади, умуман, Алишер Навоийнинг аксар ғазалларида зоҳирий ва ботиний маъно, «дунёвий» ишқ билан «илоҳий ишқ», бошқача айтганда, «мажозий» маънолар билан «ҳақиқий» маъио бирга қўшилиб, бири иккинчисини тақозо этиб келади. Икки маънолилик, икки йўналишли тасвир мазкур ғазалга ҳам хос, шунинг учун унинг шарҳи ҳам ана шу икки жиҳатии очиб беришга хизмат қилиши керак. Ғазалда бошдан охиригача иккита образ — тонг ва тун (ёки шом) тимсоли қарама-қарши қўйилиб, қиёсланиб борилади, ташбиҳ ва истиоралар шу йкки тимсол — образ атрофига уюштирилган. Ошиқнинг ҳижрони, айрилиқдаги ҳолати — тун, висол дамлари — тонг, ёруглик. Ошиқ инсон ҳижрон, айрилик тунидан қутулишга ва ёр дийдорига мушарраф бўлиб, фараҳ топишга талпинади, ҳижрондаги азобларидан зорланади, охирида эса тонг отиб, васл умиди шуъласи кўринади. Демак, ғазал ягона мавзуга бағишланган, тасвир мантиқи байтлар аро вобаста бўлиб, бир силсилани ташкил этади. Энди байтлар шарҳига ўтамиз.
Ахтарин ашк эттию совуқ нафасни оҳ субҳ,
Бўлди гўё шоми ҳажрим ҳолидин огоҳ субҳ.
Аввало нотаниш сўзларга изоҳ берамиз: ахтар — юлдуз, ашк — кўзёши, еубҳ — тоиг. Матлаъда ҳазрат Навоий ажойиб шоирона тасвир яратган: тонг (субҳ) жонлантирилиб, унга одам хусусияти сингдирилган. Тонг ғира-ширасида юлдузлар кўзёшидай омонат милтиллайди, тонгнинг салқии шамоли эса, дардманд ошиқнинг оҳидай совуқ. Яъни тонг ошиқ аҳволига ачинади, ғамгин бўлади ва кўзёш тўкиб, совуқ оҳ тортади. Лирик қаҳрамон ўз ҳолати билан отаётган тонгни қиёслаб, тонг менинг айрилиқ шомидаги азобларимдан хабар топиб, салқин шабада уфуриб, оҳ чекди, дейди. Эрталабки салқин шабада дард зўридан оҳу нола қилган одамнинг нафасига ўхшатилган, совуқ оҳ эса бу ўринда афсус ва ачиниш, ожизлик нишонаси.
Байтнинг насрий мазмуни: «Тонг гўё менинг ҳижрон тунидаги аҳволимдан хабар топгандай, юлдузларни кўзёши қилиб, совуқ шамоли билан оҳ уриб етиб келди». Бу — байтнинг «дунёвий», ошиқона шарҳи. Байтнинг ботиний, орифона маъносини тушуниб олишимиз керак. Чунончи, тонг (субҳ) — «ваҳдат нурининг таралиши» («Шарҳи Гулшани роз», 583-бет), илоҳиёт тажаллиси; у олами ғайбдан нузул этиб, таайюнот (аён нарсалар дунё ғоялари) зулумотини ошиқ кўнгли саҳифаларидан сидириб ташлайди. Оҳ — ишқ ғулғуласининг тил билан ифодалаб бўлмайдиган авж лаҳзаси. Шом — ваҳдатга қарама-қарши касрат (кўплик) мартабалари, таайюнот пардаси. Нафас — кўигилнинг маънавият гулзоридан эсган лутфидан тозаланиши (Саййид Жаъфар Сажжодий, Мусталаҳоти урафо, 405-бет), ғайб латофатига, маҳбуб талабига интилиш. Нафас, шунингдек, вақтни, лаҳзалик ҳолни, оний ўзгариш ва ёришишларни ҳам билдиради. Ҳижрон — ҳақдан, илоҳдан бошқага юз ўгириш, кўнгилнинг вақтинча ўзга фикр-ташвишлар билан банд бўлиши, парда орқасида қолиши.
Ана шу маъноларига кўра, матлаънинг орифона мазмуни бундай бўлади: «Менинг дунё ишлари — касрат билан машғуллигимни, ҳақдан бошқа нарсаларга эътибор қилиб, ундан узоқда қийналишимни кўриб, илоҳий ваҳдат нури дилим саҳифасини тозалаш, ўз ҳолимга қайтариш учун етиб келди». Воқеан, орзудаги неъмат — гўзалликка мунтазир одамнинг қалби тонгда ёришиб, фараҳ топиши табиий. Кўнгил мусаффо бўлади, яйраб нафас оласан киши. Тонг орифона шеъриятда кўп қўлланилади. У — илоҳий файзият тимсоли, нуроний одам даракчиси.
Илоҳий ёр дийдорига толиб одам бу нурга етишиш учун кўпдан-кўп руҳий қийноқлар, ҳижрон азобларини бошидан ўтказиши керак.
Шарҳланаётган ғазалда солик (йўловчи)нинг яна шу аҳволи руҳияси тасвирланади, ташвишли талпинишлари кўрсатилади.
Иккинчи байт:
Ғам туни муҳлик гамим англаб яқо чок айлади,
Тонг елидин ҳар нафас ҳолимга тортиб оҳ субҳ.
Мазкур байтда матлаъда ифода этилган мазмун давом эттирилган. Тонг матлаъдагидай бечора ошиқ ҳолига ачиниб, кўз ёши тўкиш, оҳ уриш баробарида, ғам тунидаги ҳалокатли (муҳлик — ҳалокатли демак) аҳволни кўриб, ёқасини йиртади. «Ёқа йиртиш» — тонгнинг отишини англатувчи истиорадир, чунки ёқа йиртилганда одамнинг кўкраги кўринганидай, тун
пардаси йиртилганда тонг намоён бўлади, яъни илоҳиёт жамоли кўрина бошлайди. Навоийнинг Самарқандда гадодан сотиб олган байтининг биринчи мисраси: «Кўкрагимдур субҳнинг пироҳанидин чокроқ», яъни: Кўкрагим тонгнинг куйлагидан чокроқ. Бу ерда субҳнинг пироҳани — тонг пардаси, ҳарир бир нимқоронғилик хаёл саҳифасида яралгаи топгнинг отиши, ёқанинг йиртилиши эмас, балки кўкракнинг чок-чок бўлишига ташбиҳ қилинган. Аммо ҳар икки байтдаги тасвирнинг чиройида муштарак жозиба бор. Иккинчи байтдаги «тонг ели», «оҳ», «нафас» сўзлари такрор бўлса-да, аммо ҳолатга аниқлик бериш, таъкидлашга хизмат қилган. Тун — асл маъносидан ташқари, олами имкон — борлиқ, ғайб сиру асрорини, мазкур байтда жабаррут олами (илоҳ ва фаришталар орасидаги олам)ни ҳам англатади. Шунингдек, тонг елиии илоҳий неъмат файзи, илоҳиёт ёди маъноларида ҳам тушунсак, байтнинг орифона мазмуни бундай бўлади: «Ғайб асрорини англашдаги ҳалокатли интилишларим, қўрқинчли аҳволимни кўриб, тонг ёқасини чок этди, яъни отди. Иштиёқу изтиробим эвазига илоҳий иурдан нишона кўрдим».
Учинчи байт:
Тийра ҳижрондин чу йўқтур фарқ субҳу шомима,
Хоҳ шом ўлсун қоронғу рўзғорим, хоҳ субҳ.
Бу байтда яна бир фавқулодда тоза истиора қўлланилган: тийра ҳижрон. Қоп-қора айрилиқ
— бу ошиқиинг қил сиғмаган қалби, мотамзада ҳолати. Ҳижрон туни, ҳажр шоми иборалар ёнида мазкур истиора тасвирнинг латифлигини оширади, рангни қуюқлаштиради, лирик қаҳрамон кечинмаларининг шиддатини бўрттириб кўрсатяшга хизмат этади. Қолган сўз ва иборалар тушунарли, шу боис байтнинг зоҳирий мазмунини қуйидагича шарҳлаш мумкин: «Айрилиқ ғамидин ҳаётим, руҳиятим шундай қоронғики, тонг билан шомим, кеча ва кундузим орасида фарқ йўқ. Хоҳ тонг бўлсин, хоҳ шом — сезмасман, бари қоп-қора тунга айланган». Байтнинг ботиний, маърифий маъноси: «Илоҳий ёр ёдини фаромуш этиб, нафсоний дунёга берилиб қолганим учун тонг билан шомнинг фарқи билинмай қолди, шом бўлса ҳам, тонг отса ҳам кўнглимга ҳеч нарса сиғмайди, чунки қоронғу рўзғор — дунё ташвишидан қутулиш ғоят мушкул, у мани ўз домида занжирбанд этган». Солик ўз иродасини батамом пир қўлига топшириб, тариқат мақомидан зинама-зина кўтарилса, нафс қутқуси ва дунё истакларидан бутунлай қутулсагина, кўнгилни узил-кесил тажаллиёт зиёсига рўбарў эта олади, «тийра ҳижрондан» қутулади.
Тўртинчи байт:
Дуди оҳимдин қорорзай, ҳажр шомидин батар,
Бўлса ҳижрон қатъида бир кун манга ҳамроҳ субҳ.
«Дуди оҳ» ҳам ёр ишқида ёнаётган безовта, бетоқат ошиқ аҳволининг ночорлигини англатувчи муболағали истиоралардан: ошиқ ёр ишқида шундай ўртаниб ёнаяптики, гўё унинг ичидан олов гуриллаб чиқаяпти, бу олов унинг оҳу ноласидирким, тутунидан олам қоронғилашади, ҳатто зиё таратадиган тонг юзи ҳам бу тутундан қора тусга киради. Бу эса ҳажр шомидан ҳам батар. Шоир сўзу гудоз, ёниш-ўртанишнинг, ишқ тортишлари, қийноқлари, руҳий-маънавий талпиниш ва курашларни шундай дардли сатрларда таъриф этади. Хуллас: «Агар тонг ҳижрон пайтида (авжида) мен билан бир кун бирга бўлса, оҳим тутунию ҳажрим шиддатидан ўзи ҳам қора рангга бўялади». Дунё ишлари, моддий олам талабларига қараб юраверсанг — тонгни ҳам сезмайсан, илоҳий нур ҳам қоронғиликни ёриб ўтолмайди.
Бешинчи байт:
Тийра шомим дафъ қилди меҳр зоҳир айлабон,
Яхши борди меҳрибонликларда шайъиллоҳ субҳ.
«Меҳр» билан «меҳрибонлик» сўзлари ўзаро тажнис — сўз ўйинини ташкил этган: меҳрнинг бир маъноси қуёш, яна бир маъноси эса муҳаббат, меҳр. «Шайъиллоҳ» — Аллоҳнинг каромати, неъмати демак. Байтнинг мазмуни: «Худонинг неъмати бўлган тонг меҳрибонлик кўрсатиб, яхши натижа олиб келди, қоронғи шомимни дафъ этиб, қуёшни бошлаб келди». Ва яна: «Ваҳдат нури зиёси — тонг баракатидан касрат — дунё шуғли кўнглимдан кетди, кўнглим тозаланди, илоҳий нур чашмаси — қуёшга етишиш имкони топилди».
Олтинчи байт:
Хушдурур жоми сабуҳ, эй шайх, сен ҳам ичгасен
Тутса май соқий бўлиб бир меҳрюзлик моҳе субҳ.
Бу байтдаги «меҳр» сўзи бошқа маънода, яъни машуқа сифати бўлиб келган. Шоир умумлашма тасвирлардан бир қадар аниқроқ тасвирга кўчади, юзи қуёшдай порлаган соҳибжамол соқий ҳақида ёзади. Лекин бу билан Навоий ғазалнинг орифона, ботиний маъноларини давом эттиришдан воз кечди, дея олмаймиз. Аксинча, анъанавий тамсиллар — соқий, жом, май сўзлари шоир айнан илоҳий муҳаббат ҳақида гапираётганини билдириб туради. Бу байтда яна бир анъанавий образ бор — бу шайх образи. Шайхни шоир бу ўринда тақводор шахс, зоҳид маъносида қўллаган, аслида эса шайх комил инсон, пири муршид маъносида ҳам келади. Машҳур сўфиларнинг кўпи шайх деб эътироф этилган. Навоий ўзларини билимдон ҳисоблаб, орифларнинг ботиний оламидан бехабар, завқу шавқдан маҳрум дунёпараст шайхларни назарда тутган. Шундай қилиб, байтнинг маъноси: «Эй тақводор шайх, тонг пайти комил инсон маънавиётдан сўз бошласа ёки Қуръон тиловат қилса, илоҳий кашф зуҳурроти, мушоҳада сархушлигида муҳаббатга лиммо-лим юрагидан роз айтса, сен ҳам қулоқ сол ва сархуш бўл, чунки тонгги суҳбатнинг сурури ўзгача, лаззатли, бениҳоя ва ёқимли». Нега бундай маъно келиб чиқди? Чунки, тасаввуф талқинида жом — «илоҳий тажаллиёт мавжи ва бепоён нурнинг порлаши» (Миръот-ул ушшоқ»), соқий — «файз манбаиким, вужуд зарротини борлиқнинг бодасидан сархуш қилгандир» («Миръот-ул уш-шоқ»), май — «ғалаботи ишқ» (Сажжоддий, 400), «илоҳий тажаллиёт... («Миръот-ул ушшоқ»), яъни: меҳрюзлик соқий — ориф инсон илоҳиёт тажаллисининг файзидан тонгда бода тутса, эй шайх, сен ҳам ичишинг муқаррар.
Еттинчи байт:
Ғам туни кўҳи балосидин магар бўлмиш халос,
Ким менингдек кўргузур рухсораи чуи коҳ субҳ.
Кўҳи бало — бало тоғи, рухсора — юз, коҳ — сомон. Ошиқ изтироб чекишдан, бало тоғининг юкини тортишдан ранглари сомондай сарғайган. Бу аҳвол тонгнинг бўзариб оқариши орқасидан қуёш нурларининг олтин (сариқ) рангда кўрина бошлаши билан қиёсланган. Афтидан, тонг ҳам мен каби айрилиқ ғамининг балосидан халос бўлибди, чунки сомондай
сарғайган юзини кўрсатмоқда, дейди ошиқ. Тоғ балосидан халос бўлиш қуёшнинг тоғ ортидан чиқиб келишига ишора ҳамда қуёш тунда уфқ ортида, тоғлар кейинида банди бўлади, эрталаб яна қутулиб йўлга чиқади, деган қадимий тасаввурга вобаста тасвир бу. Навоий субҳ (тонг)ни бир шахс сифатида жонлантириб, уни лирик қаҳрамон ҳолати билан қиёслашни давом эттирган.
«Бало» — илоҳнинг имтиҳонлари, солик йўлида учрайдиган қийинчиликлар, «бало тоғи» шунга мувофиқ — тариқат йўлида учрайдиган имтиҳонларнинг энг оғири демак. Мазкур байтда кўҳ ва коҳ (тонг ва сомон) сўзларини зид қўйиш (тазод санъати) ҳам бор. Ошиқ ўзининг дарддан юзи сарғайганини айтиш билан бирга илоҳий қудрат, зоти азалий ва унинг имтиҳон-балоларининг беҳадлиги олдида зарра мисол кичик ва ҳақир эканини ҳам таъкидлайди. Шу тариқа, соликнинг мақомот сари интилишларидаги иккиланишлар, мушкилотлар, имтиҳонлар қийинчилиги ва уларни енгиб ўтиш учун иродани чиниқтириш иштиёқи акс этади бу байтда. Саккизинчи байт:
Субҳидам бедору гирён бўл, агар файз истасанг,
Ким сенинг уйқунга хандон ўлмасун ногоҳ субҳ.
Ғазалнинг орифона мазмуни бу байтда яна ҳам очиқроқ ифодаланган субҳ илоҳий файз тимсоли эканини шоир ўз тили билан баён этган. Бундай файзга тунлари бедор ўтириб, тоат-ибодат билан шуғулланган, илоҳ ишқида куйган, ўртанган дардли одамларгина эришадилар. Навоий даврида илоҳталаб дарвешлар, ориф солиҳлар дунё роҳатидан воз кечиб, маънавият сирини кашф этиш учун кечалари ухламай, зикр айтиб чиқар, бутун вужудлари, қалб-шуурларини шу мақсадга қаратиб, сидқидилдан мутлақ руҳ сари иитилганлар. Натижада уларнинг кўнгиллари равшанлашиб, завқу сурур топар, зеҳнларида маърифат тонги ёришарди. Маънавият олами ошиқлари Навоий васф этган ҳақиқий ошиқлардир, улар шоирнинг идеал образлари, эзгулик фаришталари эди. Шунинг учун у орифлар ғоясини жону дилдан таргиб этиб, дейдики: агар илоҳий файз истасанг, эрта саҳарда уйқуни тарк эт, худо йўлида бедор ва гирён бўлгин (байтда гирён ва хандон — кулиб ва йиглаш сўзлари зид қўйилган), гафлатда ётма, бўлмаса, файздан бенасиб қоласан — тоиг сеиинг аҳволингга кулади. Камолот истаган одам тонгдай уйғоқ, тонгдай пок бўлиши лозим.
Ва ниҳоят, тўққизинчи байт:
Эй Навоий, ул қуёшнинг муждаи васлин бериб,
Қилса неткай шоми ҳашрим меҳнатни кўтоҳ субҳ.
Ғазалнииг бошидан бошлаб давом этиб келган шом — тонг бадиий зидланиши мақтаъга келиб якунланаяпти. Субҳдан кейин қуёш чиқиши ва туннинг чекиниши муқаррар. Лекин Алишер Навоий иазарда тутган тонг илоҳий тажалли сафоси бўлганлиги сабабли қўёш ҳам пири муршид қалби ёки Мутлақ руҳнинг манбаи тимсолидир. Тонг эса шу манбаъ - нур чашмасининг даракчиси. Ошиқ йўловчи ҳижрон туни, яъни дунёвий талаблар, илоҳиётдан узоқлаштирувчи ишлар-зулмлар зулумоти қийноғидан кейин ниҳоят васл шодмонлиги имконини топади, кўнгил даричаси ёр жамолига қараб очила бошлайди. Мақтаънинг зоҳири маъноси: «Эй Навоий, ул қуёш, яъни ёр васлининг дарагини етказиб, ҳижрон шоми азобини (меҳнат — азоб дегани) қисқартирса кошкийди». Байтнинг орифона ботиний маъноеи эса бундай: «Эй Навойй, ваҳдат нури жилваси — тонг Зоти мутлақ (ёки комил инсон қалби) манбайга етишиш хушхабарини етказиб, илоҳ ёдидан бегоналашув қийноги, касрат зулумоти ичра чекаётган руҳий изтиробу азобларимни қисқартирса нима бўлар экан». Мазкур ғазалда Навоий илоҳий ишқ кечинмаларини реал инсоний кечинмалар тарзида ана шундай тасвиру талқин этади. Зотан, орифларнинг тариқат даражаларини эгаллаш йўлидаги интилиш — ёнишлари нега реал бўлмасин, ахир бу оддий одамларнинг эмас, ўзларини руҳан тайёрлаган, жуда катта вазифани бўйинга олиб, фақат маънавий маърифат сари ўтли шавқ билан интилиш одамларнинг ҳар қандай дунёвий тушунчадаи холи покиза ишқи. Шунинг учун уларнинг қалб кечинмалари юксак ва олийжанобдир. Шу шавқ ва интилишни тор маънода тушунмаслигимиз керак. Бу Навоий каби буюк инсопларнинг дунё ва илоҳ орасида, дунёни севиш ва дунё кишиларидан задалик, дунё ишларидан кўнгил узолмаслик ва дунёда бўлмаган идеалга богланиш, уни севиш ҳислари орасидаги талпиниш-изланишлари, руҳий саргардонлик ва қийноқларнинг рамзий шеърий изҳоридир.
Иброҳим Ҳаққул