— Она! Нечунгина йиғлайсан? Бугун саодатга эришдик, яна қайғурасанми? Бугун ўз тилагингга етишдинг, кўз ёшларингни тўкадирсанми?
Эмди қайғурмоқ чоғи битди, йиғламоқ палласи йўқ бўлди, роҳат кунларинг етишди, онам!
— Оҳ... ўғлум, арслоним! Мустабид ҳукумат уйимни талатди: буюк биноларимни йиқитди: суюкли ўғлонларимни ўлдурди.
Таҳаммул этдим, сабр қилдим, кимсага бир оғиз сўз бу тўғридан очмадим. Негаким, қўлларинда қилич, ўмузларинда тўфанг, мани ўлдирмоққа ҳозир эдилар. Дунёнинг мукофот эканлигин билган эдим.
Билар эдимки, бу золимлар бир кун қилғон зулмларининг мукофотини кўрарлар. Билардимки, тўкилган қонларнинг ҳар бир томмасидан бирор арслон яратилуб бунларнинг қонларини ичар-лар.
Кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлиб оналарини тонимайдилар, юрагимни тешадирлар, бағримни парчалайдилар. ўзларини тар-бия қилиб етиштирган оналарини йўқ бўлувига сабаб бўлдилар.
ўйламас ўғилларим бутун бир қутимни ётларға талатиб, номусимни ғайриларнинг оёғи остинда олдилар.
Бўйла оналариға душманлиқлари ўз бошлариға етди, букун кўруб тўрғон мукофот у қилғон зулмлариға қарши эди.
Шу давлат, шу ғурурларига маст бўлғон хоинларнинг касофати тегди. Бутун уйимни ёндирдилар, юрагимдан алангалар чиға бошлади, буюк биноларим ёниб битди.
Гўзал-гўзал масжидларим кул бўлди. Золимга қарши отилган тўплар маним том юрагимни тешди, у мустабидларга қарши отилғон тўфанглар мани хавфга солди.
Нима қилайин, оҳ, мингларча гуноҳсиз маълум ўғлон-ларимни ноҳақ ерда қонлари тўкилди, қанча оналар боласиз ва неча ўғлонлар онасиз қолди.
— Онажоним! Йиғлама, душманлар маҳв бўлди, у мустабид қон ичувчилар битирилди. У мустабидлар қўлиндан очилғон яраларингни тузатмак учун дўқтурлар ҳозирланиб, заҳмлар тузатилди.
Эмди йиғлама. Санинг саодатингни чин кўнгулдан истаб юрғон болаларинг ҳолингни сўрғали келдилар. Тур! Йиғламоқ ўрнида бир оз кул.
— Оҳ, арслон ўғлонларим! Эмди чин суюкли ўғлонларимни қучоғинда ётайин. Оҳ, мен сизни бу кунларим
учун етиштирган эдим. Маним эмканиб тарбия қилғон чоқларимни эсингиздан чиқармайсиз.
Абдурауф Фитрат
«Бухоро ахбори» газетасининг 1920-йил 5-октабр сонида босилган.