Иброҳимга, ўғлинг сўй дединг, Сенга
Керак эмас эди Исмоил қони,
Қурбонлик бўйнига ўтмади пичоқ,
Қонсиз қабул бўлди Халил қурбони.
Халилнинг қалбида ёлғиз Сен эдинг,
Ўзгага ўрин йўқ эрди бу дилда,
Маҳбуб танасини кесолмади тиғ,
Сўйилиб бўлганди чунки кўнгилда.
Иброҳим миллати чин миллиятдир,
Миллийлик - Сен учун севганин бермоқ!
Қурбон ҳайити бир эслатма, холос,
Севимли мол-мулкдан бир жонлиқ сўймоқ!
Иймон шартида Сен учун арзимас
Бир йилда бир марта бўғизлаш ҳайвон,
Балки лозим ҳар кун нафс итин сўймоқ,
Сенчун тандан кечиб, бермоқ Сенга жон.
Биттагина тан-жон Сен учун нима,
Жон-да Сенинг, тан-да Сенингдир яқин,
Бироқ йўқни бермоқ имконсиз, вана,
Минг тану жон бўлсам, берардим барин.
Қурбонлик Сен сари яқинлик, яъни,
Сен учун севганин қурбон қилишдир,
Сўзингга биноан қилмоқ жидду жаҳд,
Йўқса, доимгидан кўп гўшт ейишдир.
Сенга минг тасаддуқ севимли жоним,
Севимли жисмим ҳам фидойинг бутун,
Севимли мол-мулким, севимли нафсим,
Севимли севгим ҳам фақат Сен учун!
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид