Одам уйидан чиқди, эшигини берклади — ўзининг ўрнига қулфни эга қолдирди.
Қулф бутун бошли уйга, уйдаги мулкка эга чиққанидан ҳушёр тортиб, эшикни итарса ҳам, тортса ҳам очилмайдиган қилиб, маҳкам тишлаб тураверди.
Уй эгасининг уйда йўқлигидан бехабар одамлар уни йўқлаб келдилар: ундан олган қарзини бермоқчи бўлиб дўст келди, унга берган қарзини олмоққа чоғланиб дўст душман бўлиб келди, унга тегаман деган қиз келди, орани бирёқли қилмоқчи бўлиб жувои келди, ирга кўраман, деб бир хотин келди, меҳмонга чорламоқчи бўлган таниш келди, меҳмон бўлишга чоғланган нотаниш келди, зерикканидан қаерда лақиллашни билмай юрган бир биродари азиз ҳам келиб кетди...
Қулф буларнинг ҳаммасига қўрс муомала қилди, эшикни итарсалар ҳам, тортсалар ҳам маҳкам тишлаб тураверди. Кетинглар, уй очилмайди, деб айтишга ҳам чоғланди, лекин оғзини очса, эшик ҳам очилиб кетишини билиб, жим тураверди.
Одамларнинг ҳар бири эшикни итариб-тортиб кўришди, эгилиб тирқишдан қарашди, балки уй эгаси дунёдан воз кечиб, устидан қулфлаб ётиб олгандир, деб чақириб ҳам кўришди. Унга тегаман деган қиз қачон келишини мен учун бирон қоғозга ёзиб, қистириб кетгандир, деб эшикнинг зийларигача қараб чиқди, келиб қолар балки, деб анча маҳтал турди ҳам.
Биродари азиз: «Ҳой фалончи, мен фалончиман, уйда бўлсанг, кўп таранг қилмай, оч эшикни, зерикиб кетяпман-ку», деб бақириб ҳам кўрди...
Қулф уйда эгаси йўқлигини билиб турса ҳам, уларга тушунтирмади, қани, туёқларингни шиқирлатинглар, демоқчи ҳам бўлди-ю, аммо шиқирлашдан чўчиди; шиқирлашдан бошқа сўзни ҳам билмас эди, билганда тишининг орасидан бир нарса дерди...
Чунки бу одамларнинг ҳаммаси унга ажнабий эди.
Сўнгра бир мушук келди, эшикнинг зийига мўйловларини суйкади, бу очиладиган туйнукми, очилмайдиганми, деб мушук ақли билан ўйланиб қолди. Мушук вақтини бекорга кетказмайдиган хўп саводхон эди: эшикдан келаётган ҳидларни гўшт, қази, ҳасип, пишлоқ, деб шаррос ўқиб ташлади, айниқса сичқон деган ҳидни завқ билан мутолаа қилди.
У эшикка ичидаги шундоқ мазали саргузашт устидан ёпилган катта китоб муқовасига қарагандек термилиб, кўп афсусли миёвлади.
Қулф шундоқ ўқимишли мушукнинг илмини назарга илмай, без бўлиб тураверди.
Лўкиллаб бир кўппак ҳам келди. Кела солиб мушукка ташланди. Ҳе йўқ, бе йўқ, бирдан бўлган бу ҳужумдан довдираб қолган мушук пихиллаганча томга отилди.
Кўппак кўчада, мушук томда, дод-муомалани бошлашди.
Тўпори кўппак мушукдан нима ёмонлик кўрганини ўзи ҳам билмай, хўп сўкинди, мушукнинг етти пуштини тупроққа тенг қилди, тарбия кўрган муҳтарам мушук эса бир-икки марта ёзғирди, холос. Дод-муомаланинг мазмуни шундай эди: кўппак мушукка ўзининг кўппак тилида: «Ҳе катта бувангни... хушомадгўй, алдоқчи... одамларнинг қўғирчоғи, сичқонпараст, падари қусур... фалон-писмадон мушук, паст —доим мушуклигингга борасан, пўстинингни бурдалаб ташламасам, кўппак отимни бошқа қўяман», деб дўқ ураётган, мушук эса: «Пандавақи! Ювиндихўр! Еганинг — сарқит, ўзинг гўр бўлармидинг, башарангга қара — мушук уялади», деб мушукчалаб узиб-узиб олаётган эди.
Қулф эса бу ғалвадан боши қотиб, зинграйиб тураверди.
Бу воқеа кўп такрорлангани, сал ўтмай яна қайтарилишини билгани учун кўппак ҳам, мушук ҳам кўп асабийлашмай, шунчаки йўлига манжашиб туришдида, кейин иккаласи икки томондан: мушук томдан, кўппак кўчадан кетншди.
Гап шундаки, кўппак ҳам, мушук ҳам ўз тилида гапиришган бўлса-да, иккаласи ҳам бир-бирини жуда яхши тушунишарди, чунки иккаласи ҳам бир кўчанинг фукароси эди.
Аммо иккаласи хам қулфга ажнабий, негаки улар қулфннпг мулкида яшамас, шундан қулф уларнинг тилинп билмас эди.
Кўча ҳувиллаб қолди.
Қулф эшикни махкам тутиб тураверишдан зерикди. Мен бўлмасам, бу эшик қандай кун кўрар экан, очилиб ёпилаверганидан эси оғиб қолса керак, деб ўйлади.
Яхши ҳамки, мен бор — тартиб бор, деб мамнун ҳам бўлди. Лекин мамнунлигиии нимага изҳор қилишини билмай, баттар зерикди.
...Кейин кўзлари аланг-жаланг бир кимса келди, эгилиб қулфга меҳр билан термилди.
Қулф сал бўлмаса, оғиз очиб гапириб юборай, деди. Лекин бу кимса ҳам тилимни тушунмайди, деган ўйда жим қотди.
Кимса бошқаларга ўхшаб эшикни итариб-тортиб кўрмади, эгилиб тирқишдан қарамади, чўнтагидан қулфларнинг сўзи шода-шода тизилган сим ҳалқани чиқарди — бу қулф тилининг луғати эди, шу билан уни гапга солди.
Излай-излай керакли сўзни топди, шу сўзни қулфга оҳиста айттирди... Ҳатто уйнинг эгаси ҳам қулфга бундай юмшоқ муомала қилмас, уни шақир-шуқур қилиб гапиртирар эди...
Бу кимса қулфни шунақа ардоқлаб, шунақа ҳурматини жойига қўйдики... қулфнинг боши айланиб кетди.
Ахир, бу кимса қанақадир тарбиясиз бир кўппак ёки тарбияли бўлса ҳам, мушук эмас, ҳатто одам ҳам эмас эди-да!
Бу кимса қулфга ажнабий ҳам эмас эди.
Бу кимса оддий қулфбузар ўғри эди.