Уламолардан савол
Бизим Фарғонаға қайдин эришти бўйла одатлар,
Бу боис бошқа миллатлар қилур доим ҳақоратлар.
Ки, яъни, “ёр-ёр”у “шаҳ муборак” деб боқирмаклар,
Биза мерос қўйди қайси қавми “бошарофат”лар.
Келин келганда Намруд оташидек катта ўт ёқмоқ,
Хотунлар юз ёшурмай кўрсатиб эркакға қоматлар.
Ҳама ул ерда эркак бирла хотунлар ҳаёси йўқ,
Алар байнинда ўтгай ҳазл ила турлук қабоҳатлар.
Куёвлар кўтариб элтар келинни кўчадин уйға,
Шариатда равому, қайси мазҳабдин ривоятлар?!
Яна бир нечасин ёзмоқға хомамнинг келур шарми,
Билурлар ўзлари Фарғонали соҳиб фатонатлар.
Сўрайман бу матоъим нархини бозори “Ислоҳ”дан,
Ки, қўйсун шаръ ҳукми бирла қиймат бодиёнатлар.
(Шаҳрихонлик Мулла Ҳошим Муҳаммад Солиҳ махдум ўғли)
Мана шаръий жавоб:
Сизинг Фарғонада гар бўлса андоғ зишт одатлар,
Нечук дафъиға они ҳиммат этмас аҳли ғайратлар.
Етушти бизға бу мерос қайдин, деб малул ўлманг,
“Вадиъат” бирла қўймишлар бобойи “бошарофат”лар.
Ани тарк этсалар эл гўё бир тарки фарз ўлғай,
Ки, қолмиш ул “шарофатлик” боболардин бу “суннат”лар.
Ўшалким “ёр-ёр” айтмоқлари жоҳилистон расми,
Кўтарилғой қачон, эй-вой биздин ушбу бидъатлар?!
Куёв қизни кўтариб кўчадин уйға олиб кирмоқ,
Нечук бенанглиқдур ушбу иш, эй аҳли миллатлар?!
Фарангу русу инглис, хито-у ёпунда ҳам йўқдур,
Мунингдек беҳаё, бенанглиқ кори даносатлар.
Йиғин ўртасида кунхораға ёғ ила ўт урмоқ,
Мажусий хайлидин қолғон эмасму ушбу нисбатлар?!
Эрур ушбу балолар жумласи бидъатчилар иҳдоси,
Мунинг тажвизиға йўқ дини Аҳмад ичра рухсатлар!
Деди “Тарғиб” ичра бир неча донойи динпарвар,
Хотунларнинг хусусинда неча ширин ривоятлар.
Мунинг тафсилини ҳар киши истар, анга юзлансун,
Ки, мумкин бўлмади бу ер аро нақли ривоятлар.
Пайамбардин ривоятдур биҳишта кирмағай дайюс,
Бу сўзни нақл этар “Тарғиб” аро аҳли шариатлар.
Яна Ибн ал-Мункадир васф этар дайюс кимлардур:
Хотунларнинг муроди бирла иш тутқон касофатлар.
Балоғатға етушған болани хотун била тутмоқ,
Бу ҳам бир навъ дайюслиқ эрур, эй аҳли ғайратлар!
“Хизона” ичра айтурким, хотуннинг товуши ҳам аврат,
Эронлар бирла сўзлашмоқға йўқ онларға рухсатлар.
Агар бир ажнабийға бир хотун беузр сўз қотса,
Ўзини лойиқи лаънат қилур, лозим жиноятлар.
Бу ноқис фикрларнинг ўзларича ҳайдолиб қўйса,
Чиқорурлар алар номуслиқ, беҳад хиёнатлар.
Эрин шарманда айлаб, они бошининг тубан қилғай,
Бас, онларни бу бобинда қилинғай кўп ҳифозатлар.
Пайамбардин кетурди нақл этиб, “Ширъа” китобинда,
Хотунға ҳазл изҳор этса, марди бедиёнатлар,
Ҳар оғиз сўзи учун, бас, қолур дўзах аро минг йил,
Бу сўз сидқиға қоилдур ҳама аҳли заковатлар.
Агар хотунға ҳар ким бир ёмон иш илтизом этса,
Қўшуб шайтон ила занжир урар, онларға лаънатлар.
Кейин фармон ўлур онларни дўзах ичра сургайлар,
Чекар заҳмат, кўрар кулфат, яна бир неча офатлар.
Лаин шайтон била ҳамроҳ бўлмоқ бунча расволиқ?!
Басират аҳлиға, бас, лозим эмди олмақ ибратлар!
Агар ҳам кимса толиб бўлса, Сидқий сўзин аслиға,
Топиб кўрсун фатовийларда боби сатри авратлар.
(Сирожиддин махдум Сидқий)
(Ушбу савол-жавобли манзума “ал-Ислоҳ” журналининг 3-жилди, 1917-йил, 1-сонидан олинди: 642-643-бетлар)
Ҳамидуллоҳ Беруний