10:59 / 06.08.2012 · Кутубхона
Аза ва мотам ҳақинда

Биз мусулмонларда ўлганга азо қилмоқ надур?
Жаҳду жид бирлан, денгизлар, можаро қилмоқ надур?

Соч ёзиб, ўздин кетиб, кўкка етуруб навҳалар,
Садр айлаб, “ҳой-ҳуй” бирла наво қилмоқ надур?

“Сизни кўп кўрди Худойим...”, деб хотунлар йиғлашиб,
“Бор ишонған тоғим эрдинг...”, деб бино қилмоқ надур?

Неча хотун-қиз кўрунг, ташлаб тобутға ўзларин,
“Кош, ман ўлсам!”, деб анга жон фидо қилмоқ надур?

Чиқса эркаклар ўлукни кўтариб тобутини,
Эргашиб, қочмай хотунлар оҳу во қилмоқ надур?

Яъни, ким ўлса, ани отин етаклаб қабриға,
Укки пардин отни бошиға жиға қилмоқ надур?

Уч кун ўтмасдин хотун-қизлар либосин бошқалар,
Йил-ўн икки ой кийим-бошни қаро қилмоқ надур?

Садрму яхши ва ё ҳаққиға Қуръон ўқимоқ?!
Мунча бидъатларга ўзни мубтало қилмоқ надур?

Бас, йигирма, қирқу йил ошиға ер мулкин сотиб,
Бору йўқдин ажраб, ўзни мосиво қилмоқ надур?

Яъни, бир мискин ўлукиға кетар бир қанча пул,
Ўлгани етмазми, ортуқча жафо қилмоқ надур?

Навбаҳор ўлса, қизил, оқ гул кўтариб қабрига,
Тўрт тарафга санчибон саҳву хато қилмоқ надур?

Коса сув устина бир чўп қўйиб қирқ кунғача,
Келса арвоҳи ўтурсун, деб рижо қилмоқ надур?
(Тошкандли Тўлаган Хўжамёрий)


3-нўмирдаги жаноб Тўлаган Хўжамёрўфни азо ва мотам тўғрисида ёзган шеърлариға уламодин эмас, шоирдин жавоб

Биз мусулмонларни доим шармисор этган будур,
Боғу роғ мулкимизни барчасин сотган будур.

Қувватим етмас масойилдин жавоб айтай десам,
Ақлим айтур: манъи яхши, сарбасар исён будур.

Сочни ёзмоқ навҳа қилмоқ садр учун бел бойламоқ,
Шаръи Пайғамбар на, балким пайрави шайтон будур.

Яъни, хотунларни аъзоси била овози ҳам,
Аврат эрмиш, Мустафо қавли била Қуръон будур.

“Сизни кўп кўрди Худойим”, деса куфр алфоз эмиш,
Кимки кофир бўлса, дермиз они беиймон будур.

Ул фиғон Ҳақдинму ёким қобиз ул-арвоҳдин,
Гар ишонган тоғидандур, мурдаи бежон будур.

“Кош, мен ўлсам” демак, бир жумла исёндан эрур,
Кўрсатур қобизға, бемор уйида, деб, ёлғон будур.

То қаро эгнидадур бўлмас дуоси мустажоб,
Бу “Дақойиқ”дин хабардур хоҳиши Яздон будур.

Садр ўрниға ўқуб, бир ояти Қуръон, агар
Фотиҳа қилса ўлукни руҳиға эҳсон будур.

“Вой болам”у “Во отам” деб қичқуруб шармандавор,
Чиқса эркак кўчаға таҳқир бо-адйон будур.

Мурдани дасторини от узра оройиш била,
Элтадурлар, ийд эмас, машҳур қабристон будур.

Йиртишу, пул, жома бермоқ ҳукмини билмак нечук?
Билган одам манъ қилсун офати ҳамён будур.

Қабр узра гулларни қўймоқ одати Ислом эмас,
Ғайрларни силкидин, бас, бизлара ўтган будур.

Жумла бидъатдин бу ортуқ коса сув ўстина чўп,
Пашша ўлтургайму ё арвоҳ биза пинҳон будур.

Ул куни отун бибилар дийдиёдин ўқишур,
Барча овозин эшитгайлар, Худо урган будур.

Манъиға қодир эрур қуззоти олий иҳтишом,
Пок ўлурди қилса ғайрат чирки Туркистон будур.

Ҳайрато, ҳукмин ҳавола айлағил олимлара,
Соҳиби фатво алардур, мазҳаби Нўъмон будур.
(Шаҳрихонли Мулла Ҳошим Муҳаммад Солиҳ махдум)

(Мазкур савол-жавобли манзума “ал-Ислоҳ” журналининг 3-жилди, 1917-йил, 6-сонидан олинди: 798-800-бетлар)
Ҳамидуллоҳ Беруний