Осмон туни билан одамларнинг қайғу-ҳасратларини тинглай-тинглай, ўксиб-ўксиб, юлдузларини кўз ёши мисол дув тўкиб адо қилди-ю, ранги бўзара бошлади. “Қуёш чиққунига қадар бу шўрликларнинг аҳволи не кечар экан, кўриб олай”, деган мақсадда биргина юлдузини қолдирди.
Йигиталининг кўзи шу юлдузда. Ёнида икки ўғли, супанинг у четида хотини ухлаб ётибди. Ҳозир улар ҳам уйғонишади. Хотини билан кичик ўғли бошоқ тергани жўнайди. Каттаси бугун ҳосилотникида ишлашга буюрилган. Ўзи эса қуруқ тўрвани елкасига осиб, ёғоч оёғини дўқиллатганича подани ҳайдаб кетади. То қоронғигача ҳовли елкасидаги тўрваси каби бўм-бўш, ҳувиллаб туради.
Госпиталда оёғини кесган доктор унга “ёғоч оёқда кўп юрма”, деб тайинлаган. Қишлоққа қайтгач подачилик қилишини билганида бундай демасмиди... Ҳозир ким ёнбошлайди – ҳамма оёқда. Яхшики, тун бор – оёқларни узатиб ётиш мумкин. Бўлмаса, одамнинг бели кўрпача искамай, оёқ оёқ бўлганига пушаймон еб юрармиди.
Йигитали кесилган оёғининг зирқираб оғришидан уйғониб кетдими ё кўрган тушидан чўчиб уйқуси бузилдими, аниқ билолмади. Яримта оёғини эҳтиётлаб силаб, бу тун кўрган тушини эслади: замбарда уч боланинг мурдаси эмиш. Уччови очликдан тарашадек қотган – қуруқ суякнинг ўзи. Мурдаларнинг тепасида Рамазон - урушда бир ушоқни бўлишиб еган қадрдони. Йигиталига ҳўмрайиб қараб турганмиш. “Болаларимдан хабар олмадинг, ана энди уларни ўз ёнимга чақириб олдим”, дермиш. “Сен... сен... халок бўлибмидинг?” деб ажабланармиш Йигитали. Рамазон эса жавоб бермасмиш. Ана шунда... замбардаги болалар ирғиб ўринларидан туришиб уни қучоқлашиб олишганмиш. Рамазон эса улардан узоқлашаётганмиш. Йигитали дўстини тўхтатмоқчи бўлармишу, аммо юролмасмиш...
Кўрган туши – шу. Замбардаги уч боланинг ўлигини кеча ўнгида, пода қайтаётганда кўрган эди. Икки аёл, бир эркак замбардаги уч жасадни қабристонга элтишаётган эди. Эркак – Қамбар чўлоққа қишлоқ аҳли гўрковлик вазифасини юклаган. Лаҳад кавлашни билмайман, деб рад этмоқчи бўлганида бу баҳонаси ўтмаган. Ҳозир қоидасини келтириб гўр қазийдиган, мурдани ювиб, кафанлайдиган замон эмас. Ювишга-ку, ювилади, бироқ, қўлга илинган мато билан кафанланиб, кейин тупроққа топширилса бас. Юзига тупроқ тушмаса, эрта-индин саёқ итлар кавлаб еб кетмаса бўлгани. Чўлоқлиги инобатга олинмаса қишлоқда тўрт мучаси соғ эркак – шу Қамбар. Раис ҳисобга кирмайди. У одам эмас, у – раис! Ўзининг қаричи билан ўлчанса гуноҳкор бандалардан юқори туради. Мулки Фиръавнникидай бўлмаса-да, у ҳам ўзини шу ернинг худосидай ҳис қилади. Фақат унга сиғиниб, намоз ўқилмайди. Бошқа жиҳатлари Фиръавннинг ўзи: айтгани - айтган, дегани - деган! Одамлар Худодан қўрқишмайди, Худо раҳмдил, шафқатли, гуноҳимизни кечар ёки кўрса ҳам кўрмаганга олар, деб марҳаматидан умид қилишади. Аммо раисдан умид йўқ: кечирмайди, аямайди. Унинг бошқа эркакларга қўшилиб урушга жўнамагани сабабини ҳеч ким билмайди. Эҳтимол Худо “шу қишлоқдаги бандаларимни эзиб, қонига ташна қилиб юборасан”, деган вазифа юклаб олиб қолгандир. Агар чиндан шундай бўлса биров унга: “Ҳой инсон боласи, қишлоқда эркак зотини кўриб турибсан, эллик етти арслон урушга кетиб иккитасигина қайтди. Шуларнинг биттаси оёқсиз, биттаси эса кўр. Хотинлар гўрковлик қилса уят-ку! Қамбар чўлоққа ёрдам бер, ё ғассоллик қил”, деб кўрсин-чи!?
Хуллас, аввал гўрковликни, кейин эса ғассолликни ҳам бўйнига олишга мажбур бўлган Қамбар чўлоқ кеча оқшомда кетмонини елкага ташлаб, замбарнинг олдида шох ташлаб келарди. Икки аёл орқада – икки ён тутқичдан тутган. Қамбар чўлоқ қадам ташлаганда замбар дам у ён-дам бу ён қийшаявериб, аёлларни анча уринтириб қўйган.
Йигиталини кўргач, замбарни ерга қўйишди.Аёллар мук тушиб ўтириб, нафас ростлашди. Қамбар чўлоқ Йигиталига яқинлашди:
-Бошоқ тераётган еримдан чақириб келишди. Уччовининг бараварига жон берганини қара,-деди у, Йигитали билан омонлашгач.
-Кимнинг болалари булар?
Йигитали жанггоҳда ўлимларни кўравериб дийдаси қотиб кетган. Лекин замбарда қатор ётган, устига эски латта ташланган болаларни кўриб, хўрлиги келди, томоғига нимадир тиқилди. Уруш пайти ўлса майли эди, бомба тагида қолиб ўлса майли эди, қуршовда қолиб ўлса ҳам майли эди. Энди-чи? Уруш тугаганига бир йил бўлди. Болаларнинг очдан ўлишига қандай чидаш мумкин?
Уруш тугаганига бир йил бўлди... Бағрини қорга бериб ётганида, оловга кирганида... ғалабадан кейинги кунларни шундай тасаввур қилармиди? Очлик, қашшоқлик – уруш дарахтининг аччиқ мевалари. Демак, дарахт ҳали қуригани йўқ. Ҳали бу мевалардан кўп-кўп тотиб кўришади...
-Биттаси Зебиники, анави – ямоқ рўмоллиси, Сотволдининг хотини, сендан бир ҳафта олдин кетган эди, эсингдами? Қани, носдан ол-чи... Эридан ёдгор эди бола бечора. Асрай олмади-да...-Қамбарали чўлоқ Йигитали узатган носдан отиб, кафтини қоқди.-Биттаси Ҳалиманики, Эшқўзининг хотини. Қишлоқда биринчи қорахат шу хотинга келган эди. Бу иккинчи боласини Эгамга топшириши.
-Учинчиси кимники?
-Зарифа шаддодники. Шодивойнинг хотини,-Қамбар чўлоқ “Йигитали тўрт йил урушда юриб ҳаммани унутворган”, деб билармиди, ҳар ҳолда биров ҳақида гапирса батафсил изоҳ беришни сира қўймасди.
-Ўзи қани?
-Иситмада алаҳсираб ётибди. Боласининг ўлганини билмай ҳам қолди,-оғзи тупукка тўлиб гапиришга қийналгани учун Қамбар чўлоқ носни тупурди-да, бўйнига ташлаб олган чорсининг учи билан лабини артди.-Азоб бўлганда болаларга азоб бўлди. Увол кетишяпти бечоралар. Дунёга келиб азобдан бошқа нарсани кўришмади. Ўликлари тозароқ кафан кўрса ҳам майли эди, шунисига куяман.
-Шунчалик оч экан, айтишса бўлмасмиди?
-Кимга? Раисгами? Вой, ундан кўра Эгамдан иймон, сўра, беради. Аслида сен раис бўлишинг керак. “Коммунизм”га янги раис сайлашибди. Урушдан келган Воисовни эшитганмисан? Биттагина медали бор экан. Сенинг иккита орденинг бор, сен раис бўлишинг керак. Бу битта менинг гапим эмас, одамлар шунақа дейишяпти.
-Йўқ ердаги ғалвани кавламаларинг. Менга “раис бўласан”, деб орден беришибдими? Урушдаги хизмат урушда қолиб кетди. Раислик менинг қўлимдан келмайди. Ундан кўра ҳамма йиғилиб раисдан сўрасин, икки кунгина бўлса ҳам бошоқни ўзимизга терайлик.
Қамбар чўлоқ бу гапни эшитиб, бош чайқади.
-Билмадим-ов... кеча адирга чиқиб Гулжаҳонни қамчилади. Боласи уч кун кетма-кет “барака” бошоқ топган экан. “Сен бригадирлигингни пеш қилиб бошқалар топган “барака”ни ҳам болангга ёздиргансан”, дейди нодон. Ўртага тушсак ҳам кўнмайди, даюснинг боласи. Инсофи йўқлар ҳам бор-да, қайси бир қоракуянинг кўзига Гулжаҳон бойиб кетгандай, тўйиб кетгандай кўрингану раисга чаққан. Бечора дегин, шунақа иғво бўлишини кўнгли сезиб, боласи топган “барака” учун битта ҳам бошоқ олмаган экан. Сен шу раисдан инсоф кутяпсанми... Ке, қўй уни... Молларинг бу ёғига уйини топиб кетади, сен менга қарашиб юбор. Қош қорайяпти, икки чўлоқ бир бўлиб кўмиб келайлик. Ўзимга қолса уччовини бир гўрга кўмаманми, деб турувдим, ақалли ўлганда яйраброқ ётишсин, юр.
Пода қишлоқ йўлида оҳиста кетмоқда эди. Бу ёғи ҳавотирсиз. Қамбар чўлоқ айтганидай ҳар бири ўз гўшасини топиб боради. Йигитали таёғини Зебига бериб, ўзи замбарнинг орқасига ўтди.
Хотинлар жим боришарди. Йиғлашга уларда мадор, кўзларида ёш йўқ эди. Уруш пайти аза очавериб, азадорга қўшилиб йиғлайвериб кўз ёшлари қуриб кетган. Уларнинг жимлиги Йигиталини баттар азобга солди. Йиғлашганда эди, фарёд уришганда эди, бу болаларнинг, бу бегуноҳларнинг ўлими Йигитали қалбини бунчалик тирнамас, бунчалар пораламасмиди...
Кеча ўнгида кўргани – бугун тушига кирди. Икки йил бадалида суянган биродари Рамазоннинг болалари бўлиб кўринди.
Йигитали тонгга банди бўлаётган осмондаги танҳо юлдузга тикилганича анча ётди. Оёғининг зирқираши сал босилди. Шу яқин ўртада от пишқирди. Сўнг туёқ овози эшитилди. Йигитали тирсагига таяниб қаддини кўтарди. “Ким бўлди бу?” деган хаёлда кўча томон тикилди.
-Ғафлат босиб ётибсанларми!
“Раис-ку! Уйидан чаён чиқдими бу даюснинг, каллаи саҳарлаб изғиб қолибди?”
Йигитали шу хаёл билан ўрнидан турди. Ўғли тол навдасидан ясаб берган қўлтиқ ҳассага суяниб, отлиқ томон ҳаккалаб юриб борди.
-Ғафлатинг нимаси, раис, ҳали тонг отгани йўқ.
-“Коммунизм”да янги раис сайланибди, эшитдингми?
-Эшитдим...-Йигитали ўзича “Гап бу ёқда экан-ку?” деб кулимсираб қўйди. Қўшни қишлоқдаги жангчининг раис бўлганини Қамбар чўлоқдан аввал ҳам бошқалар айтиб юришган эди. Гап айлана-айлана бу раиснинг қулоғига ўзгача тарзда етганга ўхшайди.
-Раис бўлгинг келиб қолдими?
-Шу хаёл уйқунгни бузибди-да, а? Амал илони тўшагингда тўлғониб тинчлик бермадими? Чакки безовта бўлибсан. Раислигинг ўзингга буюрсин. Мен туя эмасманки, ҳаммомни орзу қилсам. Тирикчилигим шу “оши ҳалол” билан ўтиб турса, бас. Бунақа гапларинг билан ўзингни ҳам қийнама, менинг ҳам қатиғимни ачитма. Бор, бола, йўлингдан қолма.
Йигитали атайин “бола” деди. Раис ундан тўрт-беш ёш кичик бўлса ҳам гердайиб, сенсирарди. Йигиталига бу малол келса-да, очиқ айтишга мулоҳаза қиларди. Ҳозир, ўрни келганда, ёшини пеш қилиб қўйди. Бундан ўзи ҳузур қилди. Табиийки, бу баландпарвозлик раисга ботмади. Йигиталида раисликка даъво йўқлигига ишонса ҳам, уни бир оз эзиб қўйгиси келди.
-Ҳаммомни орзу қилмайдиган туя туякашнинг ишига аралашмаслиги керак. Қўлингдан келса, колхозни ол, тебрат бешигини. Одамларинг бир кун давлатга, олти кун ўзига терсин бошоқни. Ҳотамитой Йигиталининг даврида давронларини сурсин! Золим Сафарқулнинг даврида эзилиб адойи тамом бўлган эди. Олақол раисликни!
-Сен менга пичинг қилаверма, бола! Раис бўлсанг – ўзингга! Сендан қўрқадиган жойим йўқ. Олсанг – шу таёқни оларсан. Одамга ўхшаб гаплашадиган бўлсанг, эгардан тушиб гаплаш. Отда туриб сасийдиган бўлсанг – йўлингдан қолма. Омма, бола, олди-кетингга қараб иш тут, халқнинг қарғишига учрайсан. Одамлар икки кунгина ўзига бошоқ терса хирмонингга ўт кетмайди.
-Ҳў, акажон, бу бошоқлар меники эмас, давлатники. Ўртоқ Сталинга топшираман бу донларни. Билдингизми, ўртоқ Ста-лин-га! Ё сиз ўртоқ Сталинга дон беришимизга қаршимисиз?
-Бола дейман, сен гапни бошқа томонга бурма. Биз ўртоқ Сталинга донгина эмас, жон ҳам берганмиз. Ўша жон берганларнинг етимларига энди нон керак. Ҳеч бўлмаса уларнинг ёдгорларини сақлаб қолиш керак. Сен ўртоқ Сталиннинг номларини пеш қилаверма. Сен аввал ўз халқингни боқ. Улар сенинг эртанги кунингга ярайди. Бу ерлардан эртага ҳам дон олишинг керакми? Ким экади, ким ўради, ким янчади? Силласи қуриган аёлларми? Эти устихонига ёпишган болаларми?
-Тилларинг бурро. Сен урушда милтиқ отганмисан ё гапга ўқиганмисан? Бошинг тўла ғиж-ғиж ақлми дейман, а?
-Раис, йўлингдан қолма. Худди энангни Учқўрғоннинг қайиқисидан кўрсатиб қўймайин.
-Ўҳ-ҳў, дўқ ҳам қиладиларми ҳали! Ўпкангни бос. Урушга борганман, деб керилаверма. Сен урушга борган бўлсанг, бу ердагилар қайиш уқалагани йўқ. Биз сенларни боқдик, биз сенларни кийинтирдик. Оч-яланғоч ҳолинг билан қўлларингдан нима келарди? Ўлсанг, бир ўқ билан ўлардинг-кетардинг. Биз тўрт йил ҳар куни бир ўлиб-бир тирилганмиз. Бизда ҳам тил-забон бор, гапирсак арзийди.
-Тил-забонинг бор, биламан. Аммо сен ўзингни кунда бир ўлиб, бир тирилганлар қаторига қўшма, бола. Бизни кимлар боқиб, кимлар кийинтирганини биламиз. Улар оёққа хиром этик, эгнига галифе шиму кител кийиб отда гердайиб ўтирмайдилар.Кунда бир ўлиб, бири тириладиганлар ана, адирда чанг ютиб, қон тупуряптилар. Этлари қичишса, сен қамчининг билан қашиб турибсан. Агар сен бир ўлсанг эдинг, бу кунларни бошқа кўрмай деб, тирилмай қўя қолардинг. Қара-я, тўрт йил писиб юришингга фатво ҳам топибсан-да, ҳе, ҳезалак!!
Жаҳл қони кўпириб-тошган Йигитали шундай деб, от сағрисига қўлтиқтаёғи билан уриб қолди. Таёқ қарс этиб синди, от қаттиқ кишнаб, сапчиди. Йигитали мувозанатни сақлай олмай, ёнбошига гуп этиб йиқилди. Раис бехос сапчиган от устидан учиб тушай деди-ю, бироқ ўзини ўнглаб олиб, жиловни қаттиқ тортди. От яна бир қаттиқ кишнаб, тўхтади.
-Кўрамиз, ким кимнинг энасини кўрсатаркин!-раис шундай деб отни Йигитали томон бурди.
Уйғониб, эркакларнинг гапига хавотир билан қулоқ солиб, уларга ўғринча қараб ётган Ойниса ирғиб ўрнидан турди-ю:
-Вой-дод! Эримни ўлдириб қўясиз!-деб бақирди.
Бу овоздан икки ўғил ҳам сапчиб турди.
-Ота, отажон!-деб бақирди, ҳали уйқуси ўчмаган кичик ўғли. Каттаси эса бир-икки сакрашда онасидан илгарироқ бориб, отнинг йўлини тўсди.
-Қўрқма, эринг ўладиган анойилардан эмас,-деди раис ғижиниб.-Эрингга айтиб қўй: сен оқибатсизларга қариндошлик қилмаганимда ҳаммаларинг ётардиларинг... ётадиган жойларингда... ҳе, сенга гап ўргатганни...
Раис сўкина-сўкина отни буриб, нари кетди.
“Дарвоқе, бу хунаса Ойнисага қариндош бўлгувчийди-я”, деб ўйлади Йигитали, ўғлига суяниб ўрнидан турар экан.
-Нима бўлди, дадаси, нимага келибди?-деб сўради Ойниса, худди ҳеч нима билмагандай, ҳеч гап эшитмагандай.
-Бошоқ тергани вақтлироқ чиқларинг, деб келибди меҳрибон қариндошинг...
Йигитали шундай деб гапни қисқа қилиб қўя қолди. Ойниса “Вой шўрим!” деб лаб тишлади-ю, супадаги ўринни йиғиштира бошлади. Кейин сигир соғди. Кейин бир косадан сут ичишди. Битта зоғора нонни тўртга бўлиб ейишди - нонушталари шу бўлди. Ойниса энг кичик бўлакни ўзига олгани учун эри унга норози қиёфада хўмрайиб қараб қўйди.
-Нонингдан яна борми?-деди Йигитали қовоғини очмай.
-Бор...-деди Ойниса, айбдор одамнинг овози билан.
-Зарифаникига кириб чиқ, хаста эмиш.
-Кеча оқшом кирганман.
-Бугун ҳам кир.
-Хўп...
Ойниса эрининг авзойи бузуқлигига раис билан бўлган можаро сабаб, деб ўйлади. Бир томондан у ҳақ – тўпалон ҳовури ҳали кўтарилмаган эди. Лекин бошқа томондан Йигитали тонг юлдузига қараб ётгандаги хаёлини, қарорини хотинига айтсамми-айтмасамми, деб қийналаётганди. Айтиш-ку, қийин эмас, аммо Ойниса хотинлигига бориб, “йўқ, қўйинг”, деб қолса, Йигиталининг қони қайнаб кетиши мумкин. У-бу деб юборса, кўнгилхиралик... У мана шундан безовта.
-Қанча унинг бор, бирор тандир чиқадими?- деб сўради Йигитали.
-Чиқиб қолар...
-Назирободга бориб келмасам бўлмайди.
-Майлингиз... Кузда бормоқчи эдингиз-ку?
Ойнисанинг бундай осонгина кўниши Йигитали елкасидаги тоғни қулатди.
-Тушимга киряпти,-деди у чуқур хўрсиниб.
-Ким, ўртоғингизми?
-Бугун болаларининг ўлиги устида турганмиш.
-Тушда ўлик кўрсангиз, ўнгда тирик кўрасиз.
-Сен тушимни йўйиб, менга ақл ўргатмагину айтганимни қилавер.
-Майлингиз, дадаси...
Шу билан гап тамом. Қайси хотин эрига ақл ўргатиб барака топибдики, Ойниса топсин. Йигитали ёғоч оёғини кийди. Хотини узатган чоракта нонни катта ўғлининг халтасига солди:
-Бугун лойда ишлайсан. Қоринни тўқламасанг, лой чақади,-деди.
Ойниса кенжаси билан Зарифаникига, ундан адирга кетди. Каттаси ҳосилотникига. Йигитали эса ёғоч оёғини судраб, кўчага чиқди. Худди уни кутиб тургандай хонадонлардан жониворлар маъраб чиқа бошлади.
Йигитали Зеби яшайдиган уйга қарамай ўтиб, ориқ сигирни ҳайдаб чиққан аёл қаршисида тўхтади. Унинг саломига алик олди-ю, кўзини ерга тикиб:
-Бугун гал сизники,-деди паст овозда.
Аёл тушунмагандай Зебиникига қараб қўйди. Кейин қўшни уйдаги фожиа хаёлини ёритиб ўтди-ю, шошилиб бош ирғади-да:
-Вой эсим қурсин, ҳа-я, тўғри, меники, меники...-деди.
-Агар бўлмаса... ўзингизни қийнаманг.
-Унақа деманг, келинг, келаверинг...
Йигитали индамай нари кетди.
Унинг одати шу: ҳеч маҳал “оши ҳалол!” деб бақирмайди. Подачилик қилгани учун берсалар олади- бермасалар йўқ. Баъзан халтаси қуруқ қайтади. Баъзан бир неча сиқим ун, беш-ўн қурут ёки туршак... билан. Хонадонлар навбатма-навбат овқат қилиб уни сийлашади. Йигиталининг вазифаси – навбат кимники эканини эслатиб туриш. Ҳар эслатганда садақа сўрагандай эзилади. Аввалига айтмай, оч ҳам қолди. Очликка чидаб ҳам юрарди, ҳамқишлоқлари айбситишди. “Ёвғон шўрвамизни назарга илмаяпсизми?” деб пичинглар ҳам қилишди. Ўшандан бери ҳар куни эслатади. Гўё садақа сўрагандай бўлади, эзилади. Аммо на илож!
Пода Йигиталининг оёғи оғриётганини сезгандай, шошилмасдан юради. Ҳатто шайтонтабиат эчкилар ҳам югуришмайди. Худди эгалари туни билан боқишгану тўқ қоринга юриш эриш туюлаётгандай. Қишлоқдан чиқаверишда Йигитали ориқ отда ўтирган йигитни, орқага мингашган қизни кўриб, тўхтади. Йигитнинг устида йўл-йўл беқасам чопон. Жуда янги бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда уринмаган, ямоқ кўрмаган. Қизнинг эгнида штапел кўйлак. Йигитали уларни танимади. Лекин уст-бошларининг ўзиёқ уларнинг кимлиги, қаёққа кетишаётганини англатди. Йигит – куёв, қиз – келин. Устларидаги энгил ўзлариники эмас, колхозники. Раиснинг хонасида турувчи бу тўн билан кўйлак келин-куёвга фақат бир кунгагина бериб турилади. Ҳозир келин-куёв қишлоқ советига – рўйхатдан ўтишга кетишяпти. Демак, бу оқшом - тўй! Беш-ўн одам йиғилади, дастурхонга озгина майиз-туршак қўйилади. Чойнакка олмачой дамланади. Йиғиб-тергани бўлса бир тандир нон ёпар, чалпак пиширар, шўрва ёки мастава билан сийлар. Бўлмаса – йўқ. Сен тўйда нон синдирмадинг, деб ким ҳам айб қиларди?
Йигитали келин-куёвнинг мақсади, борар манзилини билса ҳам, уларнинг саломларига алик олгач, кўнгил учун сўради:
-Ҳа, йигитнинг гули, йўлингиз бўлсин?
-“Хоҳладим”га кетяпмиз...
Куёвнинг овозида бахтиёрлик оҳанги бор эди. У колхознинг чопонини кийиб уйланаётганига ҳам хурсанд. Хурсанд бўлмай-чи?! Гап чопондами? Гап орқада ўтириб, белидан қучиб олган сулувда! Штапел кўйлак ҳаммага сиғсин, бировга тор келиб қолмасин, деб атайлаб каттароқ тикилгани учун қизнинг нозик қаддида худди илгичга илингандай шалвириб турибди. Бу қиз ярашиқли кийим кийса борми, бу йигит қараб-қараб тўймасов...
Йигит “хоҳладим”га кетяпмиз” дегач, қиз худди гуноҳи ошкор бўлиб қолгандай уялиб, бошини эгиб олди.
-Бахтларинг очилсин, йигитнинг гули. Саодатли бўлгин, қизим!-деди Йигитали уларни дуо қилиб.
-Айтганингиз келсин, тоға,-деди йигит мамнунлик билан.
-Қўша қаринглар, ўғилларингга ҳам шунақа сарполар буюрсин.
Йигитали бу ниятни беихтиёр айтиб юборди.
-Ие, тоға, яхши нафас қилинг,-деди йигит.-Ўғилларимиз ўзларининг куёв чопонларини кийиб юришади, Худо хоҳласа.
Йигитали яхши кўнгилда айтган гапининг зил томони ҳам борлигини фаҳмлаб, изза чекди.
-Иним, мен ҳам шуни айтмоқчиман-да. Сиз бўлакча тушунибсиз. Бу кунларни боғлаб берибдими. Олдинда дорулзамонлар турибди. Худо шояд сизга берадиган фарзандни ризқли-насибали қилиб, юртимизга ҳам қут-барака берса.
-Шундай кунларни кўрамиз, деб умид қилиб юрибмиз-да, бу дунёда, тоға. Омийн, айтганингиз келсин,-йигит шундай деб отнинг қорнига оёғи билан аста нуқиб қўйди.
“Мен тақдиримдан нолимасам ҳам бўлади,-деб ўйлади Йигитали, келин-куёв ортидан бир қараб қўйиб.-Ҳар ҳолда тўйимда энгил-бошим ўзимники эди. Дастурхонимга қўярли ноним бор эди. Бу кўргуликларимиз ўтар-кетар. Болаларимнинг бахти куладиган кунлар ҳам келар...”
Йигитали подани ўтган ҳафта ўтлатган ерига – сой бўйига ҳайдади. Бу ерларда кўкат бутунлай қовжирамаган. Нам ерларда ўт кўкариб турибди. Йигитали чилланинг иссиғига чидамай жони узилган ўтларга қараб Европанинг ўтлоқларини эслади. Шу ўтлоқлар бу ерларда ҳам бўлмайдими, сигирлар елини сутга тўлмайдими, қўчқорлар, буқалар бўрдоқи бўлмайдими...
То қуёш тафти кесилиб, пода қайтадиган вақт бўлгунча Йигитали биродари Рамазоннинг хаёлида юрди. У қишлоғига қайтганидан бери Назирободга уч-тўрт марта отланди. Уни то шу пайтгача икки нарса ушлаб турар эди: биринчиси – биродарининг уйига қуруқ қўл билан кириб боргиси келмасди. У шаҳид кетган бўлса, болалари зориқаётгандир, бир тишламдан бўлса ҳам у-бу олиб борай, деб ният қиларди. Иккинчиси – Рамазоннинг тирик ёки ўлик эканини аниқ билмаслиги. Яраланиб, йиқилганини аниқ билади. Уни дўзах ўтидан ўзи олиб чиқди. Энди нафас ростлайман, деганида сал нарида бомба портлагани, оёғи жиз этиб куйгани ҳам эсида. Қолгани ёдида йўқ. Рамазон қайтмаган бўлса, демак снаряд парчаси унга ҳам теккан. Буни эшитишса уйидагилар: “Бомба портлаган экан, сен нимага тириксану у жон берди”, деб таъна қилишмайдими? Юзига айтишмаса ҳам, уларнинг мунгли қарашларидан шу маънони уқмайдими?
Йигитали баъзан Назирободга хат ёзмоқчи ҳам бўларди. Лекин “биродарим, тирикмисан?” деб сатр битишга қўли бормасди.
Мана энди, ниҳоят, вақти-соати етганга ўхшайди. Рамазоннинг болаларига атаб пича ун тўплашди. Биродари тирик қайтган бўлса у билан, йўқса, жигарлари билан кўришишнинг турли йўлларини хаёлан пишитди. Ўзини шу учрашувга руҳан тайёрлади.
Пода тегирмон яқинидан ўтаётганида Йигиталининг димоғига ёқимли бир ис урилди. Оч қориннинг таталашига шу ис кифоя бўлди. “Ун тортишибди-да,-деб ўйлади Йигитали,-чалпакни ким пишираётибди экан?”
У подани тезлатиб ўтиб кетмоқчи эди, боланинг овози келди:
-Йигитали тоға, тўхтанг экан...
Йигитали орқасига ўгирилди. Тегирмон томондан дўнг ошиб бир бола югуриб келарди. Қўлида чалпак.
-Олинг экан, сизга,- деди бола ҳансираб.
-Кимники бу?- деб сўради Йигитали.
-Қамбар тоғаники.
-Ўзинг едингми?
-Ҳаммамиз едик.- Бола шундай деб қўлидаги чалпакка қаради. Йигитали чалпакни олиб, бир учидан синдирди-да, унга узатди:
-Ол, қорнинг тўқ бўлса ҳам ол, бўлмаса...-Йигитали кулимсираб, боланинг бурнини чимчилади,-киннанг киради, ол.
Бола “ноилож” чалпакни олди. Шу озгинагина чалпакни деб яхши одамга кинна кириши дурустмас-да...
-Қамбар тоғангга айт, бизникига кирсин. “Юмушлари бор экан”, де.
Бола “хўп” деганича изига қайтди. Тўрт-беш қадам юрмай, чалпакдан ўзига теккан улушни оғзига солди.
Йигиталининг кичиги оёқлари ёрилиб кетганидан кечалари инграб чиқаётган эди. Бугун бир ёғламасам бўлмайди, деб қарор қилиб Қамбар чўлоқни шунга айттирди. Елкасидан босиб турилмаса, қатқалоқ ердай тилим-тилим бўлиб ёрилган товонга пиёздоғ қўйганда бола азобга бардош беролмай тўлғониб, сапчиб-сапчиб кетиши ҳеч гапмас. Йигиталининг ўзи бу азобларни хўпам тортган. “Бунақа оёқнинг боридан йўғи яхши”, деб додлаган вақтлари ҳам бўлган. Ўшанда фаришталар “омийн” деб юборган эканми, этик кийиб Европанинг ярмини кезган оёқнинг биттасини ташлаб қайтди. Баъзан: “Қани эди, бир мўъжиза билан оёғим ўсиб чиқса. Товонларнинг ёрилишига ҳам, кунда пиёздоғ босишларига ҳам рози эдим”, деб қўяди. Боласига пиёздоғ босишганда ўзининг азобларини эслайди. Шунинг баробарида бу азобларни ўткинчи деб билади. Ўғлининг бу оёқлари бежирим пойабзалларни кияди, улуғ шаҳарларда юради, деб ишонади. Фақат... улуғ шаҳарларда юрганида кўрган бу азобларини ёдидан чиқариб юбормаса эди, деб хавотирланади. Одамзот яхши кунларга етса, кўрган-кечирганларини унутади баъзан. Унутдими, демак, кибрга ва нафснинг турли балоларига банди бўлади-қолади. Яхши куннинг қадрига етиш, асраш учун ўтган ташвишли-таҳликали кунларини эсдан чиқармаслик керак. Йигитали фарзандининг шундай улғайишини истайди.
Қамбар чўлоқ қош қорайганда чорсисига иккита чалпак ўраб келди.
-Бугун ун торттирдим,-деди у, гўё пода қайтарда Йигиталини узоқдан кўрмагандай, унга чалпак юбортирмагандай.
Олмақоқи солиб дамланган чойдан кейин ўчоққа ўт қаланди. Ёғ қиздирилди,пиёз қизартириб олинди. Сўнг кичик ўғлоннинг товонларига босилди. Ўғлоннинг чинқириғи етти маҳаллага етди. Бундай чинқириқлар қишлоқ учун янгилик эмас, шу сабаб ҳеч ким аҳамият бермади.
Тонгда тандирга ўт ёқилди. Нон ёпилди. Нон иси таралди. Бунга ён-атрофдагилар бефарқ қарашмади. Йигиталининг сафарга отлангани хотинига маълум экан, бас, қишлоқ бехабар қоларканми?
Нон иси таралиши билан гап тарқалди:
-Барака топгур, шу ҳолида урушда ўлган ўртоғининг болаларидан хабар олиб келармиш.
-Хабар олгиси келса, ўзимизда бечора етимлар камми, нонни бегона қилмаса ҳам бўларди...
Йигитали гаплардан бехабар, у бўлажак сафарини, аниқроғи, Рамазон ёки унинг жигарлари билан учрашиш онларини ўйлайди.
Кетар чоғи Ойниса бир гапи билан унинг кўнглини оғритиб қўйди:
-Ноннинг ярмини сотсангиз, ўша томонлардан болаларга этик-петик олиб келардингиз...
“Ҳе, эси йўқ хотин,-деб ўйлади Йигитали,- мен нима ғамдаю, сен нима ғамдасан. Этиксиз кун кўрса ҳам бўлади. Аммо нонсиз яшаш мумкин эканми? Ялангоёқ қолишмас болалар. Худога шукр, ўғилларнинг иккови ҳам шудли йигит бўляпти. Бу ёқда мен борман. Хор бўлишмас. Айтганман-ку, сенга, Рамазоннинг болалари кичкина. Каттасини олти ёшда дерди. Демак, ҳозир саккиз ё тўққиздадир. Шуларни ўйламай... Ҳа, майли, онасан-да, она(!), ўз болангга куясан. Мен урушда ўлиб кетсаму Рамазон тирик қайтса, аллақачон сени йўқлаб келарди. Сенинг бунақа гаплар билан ишинг йўқ... нодонсанда, нодон...”
Йигитали хайрлашар чоғи бу гапларни хотинига хаёлан айтди.
У туни билан поездда йўл юрди. Тушадиган бекати кичик, поезд атиги уч дақиқагина тўхтар экан. Шошилса ҳам аранг улгурди. Поезддан тушган уч-тўрт йўловчи тарқалиб, бекатда Йигиталининг ёлғиз ўзи қолди. “Одамлар бунча шошилмаса, Назирободга қандай боришни сўраб олишга ҳам улгурмадим-а!” деб гангиб турганда кимдир:
-Ҳа, иним, хаёлингиз паришонроқми?-деди.
Йигитали овоз келган томонга қаради: супурги дастасига суяниб турган қария ундан жавоб кутаётган эди.
-Назирободга боришим керак. Қаёққа боришни билмай, гарангман.
-Назирободгами?- Қария унинг ёғоч оёғига қараб бош чайқади.-Бу ҳолда етиб боролмассиз-ов. Йўл йироқ. Пича кутинг, битта-ярим арава келиб қолар.
Йигитали “иложим қанча” дегандай елкасидаги халтани қўлига олиб, бир қаватли кўкимтир бино деворига тақаб ўрнатилган ўриндиқ сари юрди.
-Назирободда кимингиз бор, қариндошингизми?-деб сўради қария унга эргашиб.
-Биродарим...
-Биродарим? Ким экан у, балки танирман? Назирободликлар кўп келиб туришади бу ерга.
-Рамазон деганни танийсизми? Қирқ учинчи йилнинг ўрталарида урушга кетган.
-Рамазонми?-Қария ўйланди.- Дўкончи эмасми?
-Урушдан олдин колхозда ҳисобчи экан. Урушдан қайтдими ё йўқми, билмайман.
-Тўрт чақирим юрилса, Қизилкўприк деган шаҳарча келади. Ўша ердаги нон дўконда назирободлик одам ишларкан. Отини “Рамазон” дегандек бўлишувди.
-Уни ўзингиз кўрганмисиз, паст бўйли, бурни япалоқроқ.
Қария уни кўрмаган эди, бошқа тайинли гап айтмади. Қизилкўприкка олиб борувчи йўлни кўрсатиб қўйди.
Шағал тўкилган ўйдим-чуқур йўлдан юриш ит азобини берса-да, Йигитали чидади. У бир нарсадан хурсанд: биродари тирик! Бекатдаги серсоқол гапни мужмал қилгани билан Йигитали Қизилкўприкдаги дўкончининг айнан биродари Рамазон эканига ишонарди. Юраги шундай хитоб қиларди: “Бу ўша – дўстинг Рамазон! У тирик! Сен уни жангда ўлим қўлидан юлиб олган эдинг. Энди у сени кутяпти. Шошил! Бу йўл нима экан, бундан баттарларида юргансан. Қани, юр... тезроқ юр!”
Йигитали энди дўсти билан учрашадиган бахтиёр дақиқаларни кўз олдига келтирди. Уйида эканида, бу томонларга талпинган кезларида бу учрашувларни минг хил кўринишда тасаввур этарди. Ҳозир уларнинг барчаси ўрнига янгиси хаёлига келди:
...дўсти уни кўра солиб, қучоқ очиб югуради...
“Жон жўражон, бор экансан-ку, йўлингга кўз тикавериб, кўзларим оқиб тушаёзди,-дейди-да, маҳкам қучоқлаб олади.-Жон жўражон, оёқни ташлаб келибсан-да, а? Тириклигингни билар эдим. Юрагим сезар эди. Қанот чиқариб учгим келарди. Аммо илож қила олмадим, жон жўражон. Ношукр биродарингдан хафа бўлма”.
“Қўй бу гапларни,-дейди Йигитали.-Замонни кўриб турибман. Ўлмабсан, шунинг ўзи мен учун катта бахт. Дийдор қиёматга қолса нима қилардик? Бундан буён борди-келди қилмасак бўлмайди. Худо жонимизни бекорга қайтариб берган дейсанми? Болаларини вояга етказиб, бахтини кўришсин, кейин икки биродар давру давронини сурсин, деб бу дунёда қолдирган. Армонда кетганларнинг сону саноғи йўқ-ку...”
Ширин хаёллар йўл азобини бутунлай четга сура олмас экан. Йигитали ёғоч оёғини кўтариб босишга безиллаб қолди. Елкасидаги халта оғирлик қила бошлади. “Тавба, нон ҳам оғирлик қилар экан-а,-деб қўйди ўзича Йигитали.-Тўрт чақирим девди, кўпроқ йўл босдим шекилли? Шаҳарчасининг қораси кўринай демайди-ку?”
Йигитали якка қайрағочга етгач, халтани ерга қўйди. Бир кўнгли дам олмай юравергиси бор. Аммо оёқ зириллаб: “Тўхтамасанг бир азоб берайки, онангдан туғилганингга пушаймонлар егин”, деб огоҳлантиряпти. У оёқларини узатиб ўтириб олиб, ёғочоёқни ечди. Шуни кутиб тургандай шабада эсиб, бир роҳатланди, бир яйради. Яримта оёғи ором олгач, яна рўдапо ёғочни кийиб, ўрнидан турди.
Шаҳарчага етиб боргач, нон дўконни топиши қийин бўлмади. Оқланган деворига кўмир билан “Хлиб” деб ёзиб қўйилган кўримсизгина пастак бино олдида йигирмага яқин одам навбат кутиб турибди. Йигитали дўконга яқинлаша туриб Рамазонни кўрди! Аммо унга, талпинганига дафъатан рўпара бўла олмади. Рамазон бу онда жаҳл билан қаттиқ-қаттиқ гапирарди. Йигитали дўконга ён томондан яқинлашиб, Рамазонга рўпара турган кампирни кўрди. Кампирнинг ёноқлари бўртиб чиққан, рўмоли сирғалиб, елкасига тушган. Қоғоз тутган титроқ қўлини Рамазонга узатган ҳолда ялинарди:
-Ўзим оч қолсам ҳам майлига. Боламнинг ёдгорлари туз тотмай ўтиришибди. Барака топинг, илойим болаларингизнинг роҳатини кўринг.
Кампир гапини охирига етказа олмади. Рамазон унга қараб яна бақирди:
-Йўқ дедим-ку! Бувамникини кесиб бераманми сизга! Нон керак одам вақтлироқ турмайдими!
-Вой, барака топгур, кеча хуфтонда келиб шу ерда тунаганман. Ноннинг келишини кутиб куни билан навбатда турдим-а...
-Бўлди, бўлди, қонимга ташна қилиб юбордингиз.
Рамазон шундай деб дераза қопқоғини сал кўтарди-да, тирговични олди. Навбатда турганлар кампирни четга тортиб қолишмаганда оғир деразақопқоқ унинг бошини мажақлаши мумкин эди. Кампир дўкон очилиб, дўкондор: “Келинг, она, мен ҳазиллашдим, сиз учун топилади нон”, деб қолармикин, деган илинжда деразақопқоққа анча вақт умид билан тикилиб турди. Навбати етмаганлар, умидлари синиб, аста тарқала бошлашди. Кимдир тақдиридан нолиди. Кимдир дўкондорни қарғади. Кампир нон олиш ҳуқуқини берувчи қоғозларига мунг билан тикилиб турди-да, уларни камзули чўнтагига солиб, дўкондан аста узоқлашди. Беш-ўн қадам юриб, яна илинж билан орқасига ўгирилиб қаради. Чорасиз кампирнинг бир-икки қадам босишидан Йигиталининг назарида замин зирилларди. Ўғлининг (балки ўғилларининг) ҳажрида куйиб, адойи тамом бўлган бу она нон деб чинқириб турган набирасининг (балки набираларининг) олдига нима деб кириб боради? Бошини қайси тошга урсин бу она!
Кампирнинг оғир қадамига ер чидолмади – титрай бошлади. Йигиталининг назарида шундай бўлди. У аҳён-аҳёнда уйғониб, шаҳару қишлоқларни вайрон қилувчи зилзилаларнинг сабабини билмайди. Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган. Бироқ, ҳозир ер титрагандай туюлганида бунинг сабабини топгандай бўлди: одамларнинг бемеҳрликларига чидолмаган онда ер асабийлашиб, “дод!” деб титраса керак!
Йигитали бу ерга нима учун келганини унутди. Кампирнинг орқасидан бир оз қараб турди-да, тез-тез юриб, унга етиб олди.
-Онахон, тўхтанг.
Кампир беҳос эшитилган овоздан чўчиб, ўгирилди.
-Менга айтяпсизми?-деди ҳавотирланиб.
Йигитали “ҳа” ишорасини қилиб, халтанинг оғзини очди-да, иккита нон олиб, кампирга узатди.
-Онахон, олинг, болларга берасиз.
-Менгами?- Кампирнинг ҳайрати баттар ошди.-Бунга пулим етмайди, алмашадиган тузук-қуруқ нарсам ҳам йўқ.
-Бепул олаверинг.
-Бепул?
Кампирнинг тараддуди, ишончсизлиги Йигиталининг аччиғини қўзғота бошлади. Энди у мақсадини қандай тушунтирсин? “Ҳамма нарсани пулга чақаверманг. Бу дунёда ҳали одамгарчилик деган фазилат бор, диёнат бор, инсоф, виждон... Агар булар қирилиб битган бўлса, қиёмат бошланибди-да”, десинми? Бе, буларни тушунтиргунича... иккита нон деб икки соат лақиллаши керакми?
-Олинг, бўлмаса айниб қоламан,-деди Йигитали ёлғон пўписа билан.
Кампир ишониб-ишонмай нонга қўл узатди. “Наҳот бу ёруғ дунёда шундай одамлар қолган бўлса? Ё бу одам эмас, фариштамикин? Менинг нолаларимни эшитиб, Худойим осмони фалакдан туширдимикин? Э, йўқ, нолаларга тушадиган бўлса, кунда осмондан минг-минг фаришта ёғиши керак. Бу одам – яхши одам...”
-Майли, оламан, аммо... сиз шу ерда тура туринг. Бекорга олиб кетаверсам... садақа бўлади. Мен гадо эмасман. Шу ерда туриб турасизми?
Йигитали бақириб юбормаслик учун хўрсинди: “Одамларга ҳам яхшилик қил, ҳам нима учун яхшилик қилганингни обдон тушунтир”.
-Хўп, анави дўконда бўламан,-деди у ғўнғиллаб.
Кампир энди анча илдам, анча дадил қадам ташларди.
Йигитали дўконга қайтиб, деразақопқоқни тақиллатди. Ичкаридан: “нон йўқ, тамом!” деган овоз келди. Йигитали яна тақиллатди. “Менга ҳам тинчлик керак, инсоф борми ўзи сизларда!” деган ҳайқириқ эшитилди.
-Рамазон!-деб чақирди Йигитали.
-Ҳа, Рамазонман. Лекин нон йўқ, тамом!
Йигиталининг аччиғи чиқди. У бундай учрашувни сира кутмаган эди. Агар бирон-бир фолбин унга йўлиқиб: “Биродаринг билан шу тарзда учрашасан”, деса шарт тилини суғуришга тайёр бўларди. Нима қилсин, умид дегани қўлга қўнаверадиган қуш эмас экан.
Йигитали яна тақиллатганидан кейин деразақопқоқ аста кўтарилди.
-Кимсан?
-Йигиталиман...
-Яна қайси Йигитали?-Рамазон шундай деб бошини чиқариб уни кўрди-ю:-Йигитали?! Ёпирай, ростданми, ўзингмисан?!-деб тезгина қопқоқни ёпди. Дам ўтмай дўконнинг ён томонидаги пастак эшик очилди. Рамазон чиқиб, ҳали жаҳлдан тушмаган Йигиталини қучоқлаб олди. Йигитали учрашув умидида ўй сурганида биродарининг шундай қучоқлашини тасаввур қиларди. Лекин бу ҳолат айни дамда унга ҳузур баҳш этмади.
-Оббо сен-ей, оббо, жўражон-ей! Қайси шамол учирди, а? Ие, оёқ қани? Ташлаб келдингми? Чатоқ бўлибди. Қани, юр, ичкари кирайлик, кейин уйга ўтамиз.
Рамазон тинмай гапириб, уни дўкон ичига бошлади.
-Шу ерда ризқимни териб юрибман. Бола-чақа Назирободда. Бу ерда ҳам биттаси билан никоҳдан ўтиб қўйганман. Назирободга раис бўласанми, дейишди. Ҳозир раис бўлиб эсимни ебманми! Колхоз омборидаги сичқонлар қўлтиқтаёқда юрган бўлса... Жўражонларга қуллуқ, шу жойни эплаб беришди. Хў-ўш, қорнинг очдир, а? Ҳозир, ҳозир, жон жўражон, аммо оёқ чатоқ бўлибди-да.
Рамазон гапира-гапира дераза остига бегона кўздан пана қилиб яшириб қўйилган қутини очди. Йигитали аниқ кўрди: қути ичида ўн-ўн беш дона нон бор эди. Берилса, туну кун навбатда туриб, оқибат ноумид қайтганларнинг ярмига етарди. Рамазон нондан биттасини олиб, пичоқ билан кесди. Қутининг ёнидаги халтачани титкилаб, бир парча гўшт, тўртта тухум чиқарди. Шиша билан пиёлани қаердан олганини Йигитали сезмай қолди: унинг кўзи ҳамон қутида эди. Қутидан унга нон илинжида жавдираган кўзлар тикилиб тургандай эди.
Унинг нигоҳини Рамазон ҳам сезди: “Кўзи нонда, оч экан, бечора. Балки шунинг учун келгандир. Ҳали тирик ўлик бўлиб бўйнимга осилиб олмаса эди. “Сени қутқарганман”, деб миннат қилса, иккита нон бериб қутилиб қўя қоларман. Иккита нон – ҳозир ҳаёт деган гап!”
-Қани, жўражон, учрашувимизни би-ир ювайлик. Хў-ўш, нима юмуш қиляпсан?
-Подачиман.
-Ишинг юришмабди-ку, жон жўражон? Нима қилмоқчисан энди, ё шу атрофлардан иш қидирмоқчимисан?
Чўққига интилиб, оқибат ботқоққа ботган одам ҳолига тушган Йигитали бўғиқ овозда буюрди:
-Қани, қуй.
Рамазон ярим пиёла қуйди.
-Тўлдириб, бақувват қилиб қуй.
Йигитали пиёлани бир кўтаришда бўшатди. Нонга ҳам, гўшт, тухумга ҳам қўл узатмади.
Рамазон ўзига ҳам қуйди.
-Омон бўл, жўражон, келганингдан хурсандман. Қайтишингда эсимга сол, болларингга нон-пон бериб юбораман.
Бу гап Йигиталининг бўғзига ханжардек санчилди.
-Бу ёққа бер!
-Жуда томоқ тақиллаб турган экан-да, а?
Йигитали Рамазоннинг хунук хиринглашига қарамай, қўлидаги пиёлани тортиб олиб, кўтарди. Ичатуриб хотинидан ўпкалади: “борманг, деб туриб олсанг ўлармидинг! Сендақа бўшанг хотиндан яна бормикин бу оламда?! Чўлоқ эринг бир ёққа бораман, деса индамай қолаверасанми?..”
Унинг хаёлини деразақопқоқнинг тақиллаши бузди.
-Ким у, нон йўқ!-деб бақирди Рамазон.
Ташқаридан аёлнинг: “Менга бир киши керак эдилар”, деган синиқ овози келди.
-Қанақа киши?
-Бир... оёқлари йўқ...
-Сени сўраяпти шекилли?-деб ажабланди Рамазон Йигиталига қараб, кейин гапни ҳазилга бурди:-Келмасингдан хотинлар йўқлаб қолишибди-ку, ёмонсан, жўражон, ёмонсан. Полшада ҳам битта жонон ишқингда маст бўлиб юрарди, а? Ўзинг ҳам қарамадинг, менга ҳам илинмадинг, шунақа хасислигинг ҳам бор эди...
Йигитали кампирнинг қайтиб келганини англаб, унинг гапларига парво қилмай ўрнидан турди. Халтасини қўлига олди. Рамазон унга эргашиб, ташқарига чиқди. Кампир бир жуфт хром этикни худди чақалоқ каби бағрига босиб турарди.
-Барака топгур, шуни олинг, яхшиликларга кийинг...-деди кампир этикни узатиб.
“Жўражон писмиққина бўлиб чайқовчилик қилиб юрибди шекилли”,-деб ўйлади Рамазон. Кейин олдинга ўтиб, этикни қўлига олди: “Янгигина экан, бир-икки кийилган халос...”
-Қанчадан бўлди, кампир?
-Сотмайман буни. Бу кишига олиб келдим. Нон бериб эдилар.
-Нон? Шу одамми?-Рамазон Йигиталига ажабланиб қаради:-сен нон бердингми?
Йигиталининг вужуди титрай бошлаган эди. У Рамазонни болахонадор қилиб сўкиши ҳам, таъна-дашномларга кўмиб ташлаши ҳам, ҳатто уриб қолиши ҳам мумкин эди. “Ҳаммаси бекор. Бу мен ўйлаган одам эмас экан. На гапнинг, на калтакнинг фойдаси бор бунга. Мен Рамазонни оловдан олиб чиқмаган эканман. Рамазон жангда ўлган экан. Бу менинг дўстим эмас, Рамазон қиёфасига кирган шайтон...” Шу фикр уни барча гапу ҳаракатлардан тўхтатиб қолди.
Йигитали Рамазоннинг қўлидан этикни олиб, кампирга узатди:
-Ёғоч оёққа хром этик ярашмайди, онахон, бекор қилибсиз, қани, юринг-чи...
Йигитали шундай деб, йўл бошлади. Беш-ўн қадам юргач, орқадан Рамазоннинг овози келди:
-Тезроқ қайт, кутаман!
Йигитали қайрилиб қарамади. Рамазон унинг изидан бир пас тикилиб турди-да, “эси борми, бунинг, келиб-келиб кампирга илакишадими?” деб ғижиниб, дўконига кириб кетди.
Этикни бағрига босиб олган кампир Йигиталига етиб олди. “Этик ўғлиники бўлса керак. Ажаб дунё... хотирани ҳам нонга алмаштиришса...”, деб ўйлади Йигитали.
-Онахон, нонни бекорга олдим, деб ҳижолат чекманг. Агар мумкин бўлса, уйингизда бир кеча тунай. Ҳолдан тойганман. Бу аҳволимда бекатга етиб боролмайман.
-Барака топгур, бир кеча минг кеча эмас, жойимиз бемалол.
Уйга боришгач, кампир майда тўғралиб қуритилган қизил сабзидан чой дамлади.
-Ҳалиги дўкондор танишингизми?-деб сўради кампир унга чой узата туриб.
Йигитали кутилмаган саволдан гангиб, дарров жавоб қайтармади.
-Йўқ,-деди ниҳоят, бениҳоя бир ўкинч билан.-Биродаримни излаб келган эдим бу ерга. Шу одамдир деб ўйлабман. Энди билсам... у урушда ўлган экан. Уни қутқариб қололмаган эканман...
Кампир бошқа гап сўрамади.
Кампир хуфтонга яқин нон дўконига навбатда тургани чиқиб кетди. Эртасига кун ёйилганда хурсанд кайфиятда иккита нон кўтариб қайтди. Сабзи чой дамлаб Йигиталининг чиқишини кутди. Чиқавермагач, у ётган хона эшигидан мўралади. Меҳмоннинг ўзи йўқ, аммо халтаси ёстиқ ёнида турарди. Кампир уни “Бирор ёққа чиққандир”, деб кутди. Меҳмон пешинда ҳам, кечқурун ҳам кўринмади. Кампир халтани очишга ботинмади. Уч кундан кейин кичик набираси халтада нон борлигини айтгач, ҳайратдан донг қотди.
...Йигиталини қишлоққа кираверишда икки киши қарши олди. Уларнинг иккови ҳам ораста кийинган, қотмадан келган, ҳаракатлари чаққон эди.
-Йигитали Султоналиев сизмисиз?-деб сўради ёшроғи.
-Менман.
-Икки кундан бери қаёқларда юрибсиз?
-Биродаримни излаб келдим. Кимсизлар, нега мени суриштириб қолдингиз?
-Қани, юринг биз билан. Кимлигимизни борган ерингизда биласиз.
-Қаёққа? Идорагами?
-Ҳа... идорага.
“Булар райондан келишган шекилли? Яна одамларнинг гапи тўғри келиб, мени раис қилиб қўйишса-я? Э, йўқ, барибир кўнмайман. Бир оёқ билан колхозни эплаб бўларканми? Ажаб дунё... сендан сўраб ҳам ўтиришмайди-я...”
Ўша куниёқ Йигиталининг “халқ душмани” сифатида “фош қилиниб”, қамоққа олингани ҳақида гап тарқалди.
Раис одамларга икки кун давомида ўзлари учун бошоқ теришлари мумкинлигини эълон қилди.
Орадан уч ой ўтиб Ойниса ўғил кўрди. Одамлар “ҳукуматнинг бу қамоғидан ҳеч ким тирик қайтмайди”, дейишгач, боланинг исмини “Ёдгор” деб қўйди.
Орадан роппа-роса бир йил ўтгач, Йигитали ёғоч оёғини дўқиллатиб уйига кириб келди. Кўксида – орден. “Раиснинг гаплари ёлғон экан-да, бўлмаса қамоқдаги одамга ҳам орден беришармиди?” деб ўйлади Ойниса.
Кенжатойининг исми Ёдгор эканини билиб, Йигитали аввал ранжиди. Кейин:
-Командиримга хат ёзмаганимда чиндан “Ёдгор” бўлиб қолиши ҳеч гап эмасди. Баҳонада мен командиримни топдим, охирги жанг учун берилган орденни олдим. Улар мени ўлиб кетган деб юришган экан. Ажаб дунё-да, бу ўзи...-деди.
-Одамларнинг гапларига ишонмай, ўғлингиз олти ойлик бўлгунича ҳам исм қўймаган эдим. Энди ўзингиз бошқа от қўйиб беринг,-деди Ойниса.
Йигитали бир оз ўйланиб тургач, бош чайқади:
-Йўқ, шу кунларимни эслатиб юради. “Ёдгор” бўлаверсин...
...Орадан олти йил ўтиб, кутилмаганда Йигиталига Рамазондан бир хат келди. Қачондир “дўст” деб аталган инсон номини хотира кафанига ўраб, қалб мозорининг туб-тубига кўмиб қўйган эди. Ўша “дўст” ўзининг тирик эканини билдириб хат ёзибди.
“Қадрдоним, жон жўрамга соғинчли салом...”
“Қадрдон ошнанг борлигини олти йилда бир эслабсан, дурустсан, бола”, деб ўйлади Йигитали.
“...Мени ўлим чангалидан қутқарган жўражонимни соғингандан соғиндим...”
“Соғинсанг келмайсанми, йўқламайсанми, ҳе номард, тўрт мучанг соғ бўлса, мен дунёнинг нариги бурчагида яшамасам...”, хаёлига келган бу фикрни қувиб, Йигитали ўқишда давом этди:
“...Сени кўп эслайман. Қани эди, қанотим бўлса-ю, учиб борсам, сени бағримга боссам. Аммо иложим йўқ. Қанотларим қирқилган. Арзимаган бир неча минг сўмни деб азоб чекиб юрибман...”
“Худо жазоийингни берибди-да, халқнинг қарғиши осмонга учиб йўқ бўлиб кетмайди, тупроққа сингмайди, шунга ақлинг етмасмиди?”-деб ўйлади Йигитали.
“...Жон жўражон, бутун умидим сендан. Катта идораларга хат ёзиб, урушдаги хизматларимни айт. Командиримиз ҳозир катта ишда экан, унга хат ёз, мени ҳимоя қилсин. Сен мени ўлимдан тортиб олган эдинг, бу ердан чиқиб кетишимга ҳам ёрдам қил. Болаларим етим қолмасин...”
Йигитали хатни ўқигач, ўйга толди. Кун бўйи ўтирса ҳам, турса ҳам хаёли Рамазонда бўлди. Аввалига “Охири харом тешиб чиқибди-да”, деб ўйлади, аммо “Баттар бўлсин” деган ҳукмга келмади. Тушида олти йил аввалги манзарани яна кўрди:
...замбарда уч боланинг ўлиги эмиш. Уччови очликдан тарашадек қотган – қуруқ суякнинг ўзи...
...фақат... аниқ эсида: Рамазон аввалги сафар мурдалар тепасида бўзлаб турган эди. Бу гал дўконидаги нон тўла қути устига ўтириб олиб хунук тиржаярмиш...
Ҳар йили баҳорда бир суваб қўйилувчи супада ётган Йигитали кўзларини очди-ю, бўзара бошлаган осмонда ёлғиз қолган юлдузни кўрди. Анчагача қимир этмай ётди. Кўрган тушини бирон бир нарсага йўймади. Қуёш кўтарилиб, ҳамма ўз юмуши билан кетгач, кенжатойи билан қолди. Жўжахўрозни қувиб юрган Ёдгорнинг ҳаракатларини кузатиб жилмайди. Сўнг қўлига қалам-қоғоз олиб командирига хат ёза бошлади. Хатга сўнгги нуқта қўйгач, елкасини босиб турган оғир юкдан қутилгандай, кўнгли равшанлашди. Ёғоч оёғини дўқиллатиб почтахона томон юрар экан “ажаб дунё...” деб пичирлаб қўйди.