Аттор ҳаётда кўп бора қийинчилик ва талон-тарожларга дуч келган, қисматнинг оғир синовлари, ларзаларини бошдан кечирган, хотиржам яшаш имконияти унда жуда оз бўлишига қарамай, унинг ижодиёти барибир самарали кечган. У ҳар томонлама, чуқур аҳамиятга эга талай асарларни келажак авлодларга абадий мерос қилиб қолдирган. Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкиратуш-шуаро” асарида Аттор асарларининг умумий ҳажмини икки юз эллик минг байтга яқин, деб кўрсатгани маълум.
Олмониялик шарқшунос олим Ҳелмут Риттернинг “Ислом қомуси”да босилган маълумотида Аттор асарлари ёзилиш тартиби бўйича қуйидагидек кўрсатилган:
1) “Ҳайдарнома”. Бу асар давримизгача етиб келмаган. 2) “Девон” – шеърлар. 3) “Жавоҳирнома”. 4) “Шарҳул-қалб” – “Қалб шарҳи”. Сўнгги икки асарни Атторнинг ўзи йўқотган. 5) “Хусравнома”. 6) “Асрорнома”. 7) “Мантиқут-тайр”. 8) “Мусибатнома”. 9) ”Мухторнома”. 10) “Илоҳийнома”. 11) “Булбулнома”. 12) “Панднома” (“Насиҳатнома”). 13) “Тазкиратул-авлиё” (“Авлиёлар тазкираси”). 14) “Меърожнома”. 15) “Гумгумнома”. 16) “Вуслатнома”. 17) “Уштурнома”. 18) “Жавҳаруз-зот”. 19) “Ҳалложнома”. 20) “Басирнома”. 21) “Мазҳарул-ажойиб” (“Мўъжизанинг кўриниши”). 22) “Лисонул-ғайб” (“Ғойиблар тили”). Юқоридагилардан ташқари “Ҳафт водий” (“Етти водий”), “Ҳайиатнома” (“Тўқувчилик ҳақида”), “Васиятнома”, “Канзул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар хазинаси”), “Канзул асрор” (“Сирлар хазинаси”). “Ихвонус сафо” (“Пок биродарлар”), “Валаднома” (“Туғилиш ҳақида”). “Мифтоҳул-футуҳ” (“Фатҳлар калити”) каби қатор асарларнинг муаллифини тадқиқотчилар Аттор деб қарашади.
Ҳелмут Риттер Аттор асарларини мазмун ва услуб жиҳатидан уч даврга бўлиш мумкин деб қарайди:
Биринчи давр: Аттор шеъриятнинг борлиқ сирини яхши биладиган санъаткор устоз сифатида кўзга ташланади. Асарларидаги кичик чаржавали (ҳошияли) ривоятларга тасаввуфга хос маъно ва мазмунларни жуда кучли маҳорат билан сингдирган ҳолда амалга оширади.
Иккинчи давр: Аттор ижодида режа ва тартибга унчалик аҳамият берилмайди. Атторнинг ўзига хос фазилатларидан бири шуки, шеърий асарларида бир сўз-хабар мисранинг бошида давомли такрорланиб келади. Ҳатто бир сўз, кетма-кет ҳаяжон билан юз маротабадан кўпроқ такрорланадиган ҳоллар ҳам мавжуд. Аттордаги бу хусусият дунё адабиётида деярли учрамайди.
Учинчи давр: Атторнинг ҳаяжонли, шиддатли ижодиёти бироз сустлашгани кўринади.
“Девон” – Атторнинг ғазал ва бошқа лирик шеърларидан таркиб топган шеърлар тўплами бўлиб, унда Атторнинг тасаввуф ғоялари бир хил лирик туйғуларда йўғрилиб ифодаланган.
“Хусравнома” – маснавий шаклида ёзилган ишқ-муҳаббат достони бўлиб, достонда Рум салтанати императори Қайсарнинг бир канизагидан бўлган ўғли – Хисрав билан Хузистон подшоҳининг қизи Гул ўртасидаги муҳаббат воқеалари тасвирланган.
“Асрорнома” – Атторнинг тасаввуф руҳи билан суғорилган достонларидан биринчисидир. Достон йигирма олти мақолатдан (бобдан) иборат бўлиб, тасаввуфга хос мазмунлар қисқа ҳикоялар воситасида изоҳланган.
“Мантиқут-тайр” – Атторнинг энг машҳур асари. Достонда Атторнинг фалсафий қарашлари, тасаввуф тушунчаси нозик, атрофлича шарҳланган. Достон асосан ҳикоя ва кўпгина қисса, ривоятлар, масал, маталлардан таркиб топган.
“Муҳаббатнома” – бу достон ҳам Атторнинг тасаввуф ғоялари билан суғорилган. Достонда бир солик (сулук аҳли, тариқат йўлига кирган мурид) пирнинг амри билан илоҳий зотни излаб, руҳ аршига саёҳат қилади, Исрофил, Микоил, Азроил ва бошқа фаришталар ёрдамида жаннат, жаҳаннам, қуёш, ой, тўрт аносир, тўрт унсур тоғ, денгиз, ҳайвонот, қушлар, Иблис, Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Довуд, Исо, Муҳаммад, Ақл, Ҳис, Хаёл, Қалб ва Жон билан учрашади. Энг охири у илоҳий зотни ўз қалбидан топади. Бу достоннинг асосий ҳикояси илоҳий зотни излаш жараёнидаги қайғу-аламларнинг баёнидан иборат бўлиб, унга яна кўпгина кичик ҳикоятлар ҳам киритилган.
“Илоҳийнома” – ушбу достон уч юздан зиёд ҳикоят ва қиссадан таркиб топган. Унда бир подшоҳ ўзининг олти ўғлини ҳузурига чорлаб: “Дунёда энг яхши кўрадиган нарсанглар нима?” деб сўрайди. Подшоҳнинг биринчи ўғли парилар подшоҳининг қизини, иккинчи ўғли сеҳргарликни, учинчи ўғли Жамшиднинг жомини, тўртинчи ўғли обиҳаёт (тириклик суви)ни, бешинчи ўғли Сулаймон узугини, олтинчи ўғли олтинларга эга бўлишни яхши кўришларини баён қиладилар. Подшоҳ олти ўғлининг орзусига қарата тасаввуф ғоясидаги ибратли ҳикояларни келтириб, уларни тўғри йўлга ундайди. Бу ҳикоятларда Атторнинг подшоҳ тилидан берган мулоҳазалари алоҳида аҳамиятга эга.
“Булбулнома” – кичик бир достон бўлиб, унда қушлар Сулаймон пайғамбарга: булбул саҳарлари гулнинг ишқида сайраб оромимизни бузаяпти, деган мазмунда арз қилади. Сулаймон пайғамбар булбулни ҳузурига чақиртиради ва бунинг учун уни бир умр фарёд чекишга амр қилади.
“Панднома” – бу асар Атторнинг одоб-ахлоқ масалаларига бағишланган дидактик достони бўлиб, унда инсонлар турмушидаги ҳар хил яхши-ёмон ақида-удум, иш-ҳаракат, сўз ва ҳодисалар чуқур амалий асослар билан ижобий нуқтадан шарҳлаб берилган. Мазкур асар Эрон ва Ўрта Осиё музофотида таълим-тарбия ишларидаги энг муҳим дарслик қаторида қўлланилган.
“Тазкиратул-авлиё” – Атторнинг насрий шаклда ёзилган бирдан-бир асари бўлиб, унда талай авлиёларнинг ижод йўллари ёритилади. Асар тасаввуф таълимотининг тараққиёт жараёни ва ғоявий асосларини тадқиқ этишда муҳим манба сифатида улкан аҳамиятга эгадир.
“Меърожнома” асарида эса пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг Буроққа миниб, еттинчи осмонга чиққанлари ва у ерда Аллоҳнинг жамолига муяссар бўлганлари ҳақидаги Меърож воқеаси баён қилинган.
“Гумгумнома” асари кичик бир ҳикоятдан иборат бўлиб, унда Исо пайғамбар чўлда бир бош суякни топиб олиб, дуо билан уни тирилтиради ҳамда у билан суҳбатлашади. У етти иқлимга ҳукмрон бўлган бир подшоҳнинг боши бўлиб, пайғамбарга ўз кечмишларини сўзлаб беради. Исо алайҳиссалом уни иймонга даъват қилади, у иймонга келиб бир фурсатдан кейин яна бунгача бўлган асли ҳолатига, охират дунёсига қайтади.
“Вуслатнома” – ушбу асар ваҳдати вужуд ғоялари ва сўфийларга хос ҳикоятлардан таркиб топган бўлиб, унда Мансур Ҳаллож воқеаси асосий ўринда туради.
“Уштурнома” – асосан ҳикоятдан иборат бўлса-да, лекин баён қилиш усули тарқоқ бўлиб, бу асарда такрорий жумлалар жуда кўп учрайди. Асарнинг марказий ғояси тасаввуф таълимотини олдинга суради. Асарда бир қўғирчоқ ўйнатувчи ўз қўғирчоқларини саҳнада навбатма-навбат ўйнатгандан сўнг, сандиққа солиб қулфлаб қўяди. Аттор бу орқали илоҳий зотнинг оламдаги махлуқотларни ана шу қўғирчоқ қаторида кўришига ишора қилади. Асардаги яна бир ҳикоятда бир мурид илоҳий зотни излаб етти қават сирлар пардасини очади ва охири ғаройиб бир аҳвол остида ўзликни тушунади. Ғойибдан келган бир садо орқали мурид бир мозордан сирли бир китобни топиб олади. Китобда илоҳий зотга етишнинг йўллари кўрсатилган бўлиб, бу йўл Мансур Ҳалложнинг фано таълимоти, яъни илоҳий зотни излаган одам ўзининг жисмоний истакларидан қутулиш зарурлиги ҳақидаги фикри бўлиб чиқади. Бу асардаги ҳикоятларнинг деярли ҳаммаси рамзий маънога эгадир.
“Жавҳаруз-зот” – асаридаги асосий фикр оқими фанолик бўлиб, унда томчининг денгизга қўшилганига ўхшаш инсоннинг илоҳий зотга қўшилиши йўлидаги оташин истаклар ўз ифодасини топган. Асарнинг асосий қисмини вужуддаги илоҳийликни тушуниб, ўзини денгизга отган бир ёш боланинг ҳикояси ташкил қилади. Асарда яна, чўлда ўсган бир қамишнинг илоҳий сирлардан хабардор бўлгани, қамиш кесилиб най қилингандан кейин, ўша сирларни фош қилгани воқеаси ҳикоя қилинади. Асарда ўртага қўйилган яна бир ғоя, инсон ўзининг моддий вужудида кичик илоҳий жавоҳирни асраши керак, шундай қилгандагина илоҳий зотни билиш шарафига муяссар бўлади, деган фикрдан иборатдир. Аттор бу асарда умуман илоҳий зотнинг васлига етишиш мумкинлиги ҳақидаги юксак ғояларни шарҳлайди.
“Ҳалложнома” — Аттор бу асарида асосий мақсадни Ҳалложнинг фазилатларини баён қилиш ва шарҳлашга қаратади. Аттор Мансур Ҳаллож ва унинг ғоясини юксак даражада идеаллаштириб, уни ҳақиқатни таниб етган баркамол инсон рамзи деб қарайди.
“Басирнома” – Атторнинг кичик достонларидан бири бўлиб, унда ҳам фано, бақо, илоҳий зотнинг руҳи ва нурига ўзини бахшида қилиш масалалари олға сурилган.
“Мазҳарул-ажойиб” – бу асар Аттор ижодиётининг учинчи даври бошлаганини кўрсатади. Достонда ҳазрати Али сиймоси асосий ўринда туради. Ундан бошқа Атторнинг ҳаёти, таржимаи ҳолига оид қисқа парчалар ва Атторга алоқадор бошқа маълумотлар ҳам мана шу асардан ўрин олган.
“Лисонул-ғайб” – Атторнинг машҳур асарларидан бири бўлиб, унда Ҳазрати Али ва унинг авлодлари ифтихор билан улуғланади. Атторнинг ўткинчи дунё ғавғоларидан халос бўлиб, узлатда, танҳо ҳолда ўзини худога бағишлаш ҳислари ҳақидаги ошиқларга хос қараш ва мулоҳазалари баён қилинади.
Юқоридаги асарлар ичида “Жавҳаруз-зот” уч китобдан иборат бўлиб, “Ҳалложнома” билан “Вуслатнома” шу асарга тааллуқли икки китоб ҳисобланади, деган қарашлар ҳам мавжуд. Ҳатто баъзилар: юқоридаги асарлар ичидаги айрим машҳур асарларни Атторга тааллуқли эмас, бошқалар томонидан ёзилган, деганга ўхшаш қарашларни ҳам ўртага қўйишган. Булар ҳали Аттор асарларини излаш, тадқиқ қилиш ҳамда нашр этишни тақозо этадиган мураккаб жараёнлардан биридир, дейиш мумкин.
Уйғурчадан Ҳабибуллоҳ ЗАЙНИДДИН таржимаси