02:25 / 31.01.2012 · Кутубхона
Иқбол Мирзо. Шеърлар

Азиз китобхон! Сиз юқоридаги сатрлар жо бўлган машҳур қўшиқни кўп эшитгансиз, ўзингиз ҳам юрак-юракдан қўшилиб куйлаган бўлсангиз ажаб эмас. Ушбу ёниқ сатрлар муаллифи, истиқлол куйчиси Иқбол Мирзонинг асосан кейинги йилларда ёзган шеърлари қўлингиздаги мўъжаз тўпламга жамланган.
Шоир сўнгги  йилларда юртимизда рўй берган улкан янгиланиш жараёнларида шунчаки кузатувчи бўлиб эмас, балки фаол иштирокчи сифатида қатнашиб келмоқда.  Қалбини тўлқинлантирган ҳодисаларни, қадимий шаҳарларимизда ўтказилаётган оламшумул сана-тўйлар таассуротини,  бир сўз билан айтганда, Она Юртга бўлган чексиз муҳаббатини ўзининг самимий, тиниқ мисралари орқали ифодалаган. Муҳими, бу шеърларда Ватан туйғуси, фахр-ифтихор ҳисси янгича бўёқларда, оҳорли оҳангларда, санъаткорона моҳирлик билан акс эттирилганки, бу ҳол ўқувчини ҳаяжонлантирмай қўймайди.
Қадрли шеърхон, мазкур тўпламни варақлай бошлаган экансиз, севимли шоирингиз билан янги дийдорлашув муборак бўлсин, деймиз.

 


ҚЎШИҚ

Олисдаги  маҳмадана,  эй эски олчоқ,
Менга қадам ташламоқни ўргатмагин сен!
Ўзингга боқ,  кейин,  майли, ноғорангни қоқ,
Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен!

Тинчлик дея юрак бағри куйик элдир бу,
Яратганнинг қошида энг суюк элдир бу,
Ўтмиши  ҳам,  эртаси  ҳам  буюк элдир  бу,
Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен!

Дала – даштлар  ўз-ўзидан Эрам бўлмагай,
Лекин сендан беминнат бир карам бўлмагай,
Ўзбек эли ҳеч  кимсага  қарам бўлмагай,
Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен!

Китобингда даҳоларим сўзлари бордир,
Деворингда  боболарим  излари бордир,
Мағрур элнинг  эту тирноқ дўстлари бордир,
Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен!

Ялтираган  ҳамма нарса эмас тилла, ҳей,
Ҳайфдир сенга Нақшбанддан  қолган салла, ҳей,
Эй худони танимаган чаламулла, ҳей,
Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен!

Хали  баланд довонларга  от қўядирман,
Керак бўлса осмонларга от  қўядирман,
Лоқайдлигу нодонликка ўт  қўядирман,
Менга қандай яшамоқни ўргатмагин сен!

Агар  жаннат  кўкда бўлса,
остидадир Ўзбекистон,
Агар  жаннат ерда  бўлса,
устидадир Ўзбекистон!


Ўзбек чироқлари

Ким қора чироққа мой топган чоғлар,
Тўшак сўкиб, пилик эшган замонда –
Зуҳро юлдузидек мавжланиб порлар
Ўзбек чироқлари Афғонистонда.

Тортилган симлардек туташган томир,
Менинг ҳам бенаво наволарим бор.
Мени ҳам кечалар босар хавотир,
Унда макон топган боболарим бор.

Афғон деган муҳр босилган қачон,
Қайдасан мардумнинг ўгай онаси?
Наҳотки бу замин машқ учун майдон,
Янги қуролларнинг синовхонаси?

Сўйла, ҳаётми шу – на нажот, на эрк,
Домо-дам қиёмат шайланиб турса.
Ўлимтик ахтарган ўлаксахўрдек
Жангари учоқлар айланиб юрса.

Мен туғилиб ўсган Қўштегирмонда
Қийиққа тугилган тишлоқ ноним бор.
Қандаҳор йўлида – Ажалдовонда
Қизил иблис тўккан қирмиз қоним бор.

Ё қайғу, ё севинч кўзга берар ёш,
Йўлчи юлдузларим чорлаб турибди.
Мозори Шарифда кўнглимдек нурпош
Ўзбек чироқлари порлаб турибди.

Қишда қор сўрасанг бермайди нокас,
Оби раҳмат – сувни қизғонар бадкор.
Аммо дўстнинг қўли муаллақ қолмас,
Оқибати бутун Инсонлар ҳам бор!

Савоб ва саховат ўзбекка мерос,
Шу боис кулбалар зиёга тўлди.
Навоийнинг руҳи шод бўлгани рост:
Боболарим қабри нурафшон бўлди.

Ғафлатдан сесканиб уйғонар дунё,
Тиниқ тортар Темур сув ичган булоқ.
Боболар чироғин ёқибсиз, илло,
Ҳеч қачон ўчмагай Сиз ёққан чироқ!


Ойдан тушган эмас

Ҳеч кимни бахт ўз-ўзидан қучган эмас,
Қуш ҳам кўкка машаққатсиз учган эмас.
Ойдин тунлар, осойишта, тиниқ тонглар
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

Мевасин еб, боғини ҳам сўраб қўйгин,
Керак бўлса, боғ атрофин ўраб қўйгин.
Ниҳолларнинг кокилларин тараб қўйгин,
Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

Бу бинолар қайдан бино бўлди экан?
Ким боболар қаддин расо қилди экан?
Нечук бизни бугун дунё билди экан?
Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

Эртакларда мўъжизалар сеҳр сабаб,
Гулу гиёҳ кўкаргайдир меҳр сабаб.
Тафаккурнинг ҳурлигига недир сабаб?
Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

Ўн саккизга кирган йигит сўзига боқ,
Юзига боқ, олов ёнган кўзига боқ.
Бу энг буюк хазинадир, дўстим, бироқ
Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.

Шижоатнинг, жасоратнинг маҳсули бу,
Ироданинг, заковатнинг маҳсули бу,
Улуғ Инсон танлаб олган ҳақ йўли бу,
Ўзбекистон, бундайин бахт ўзи келмас,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.


Айтгил, дўстим

Бошинг эгиб, таъзим айла, шукрона айт,
Сени гулдек эркалаган чаман учун.
Осмонларда юрган бўлсанг, тупроққа қайт,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Кўзи қора, юраги оқ шу эл учун,
Тупроқ учун, шу юрт учун, чаман учун,
Улуғ инсон бошлаб берган шу йўл учун,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Элдан кетиб, эл бўлганни ким билади?
Дон ахтарган гўштхўрларга ем бўлади.
Дил қонаса, она тупроқ эм бўлади,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Қачонгача қорнинг ўйлаб ўтадирсан?
Қачонгача кўкдан чалпак кутадирсан?
Ахир, Ватан битта, сен ҳам биттадирсан,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Бунча бино қўйма заррин чопонларга,
Саратонда япроқ бўлгин деҳқонларга,
Суянгани таёқ бўлгин чўпонларга,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Ҳеч кимдан кам эмассан, кам бўлмагайсан,
Ерда қолсанг, офтоб бўлиб кулмагайсан.
Қачон белни маҳкам тортиб боғлагайсан?
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Шу сойлардан сувлар ургин юзингга сен,
Бир бор назар солгин босган изингга сен,
Шу саволни бериб кўргин ўзингга сен,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?


Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни

Йироқларда дўндирасиз ёлғонни,
Учирасиз, қўндирасиз ёлғонни.
Эй, тўнини чаппа кийган жаноблар,
Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

Ман-ман дея кўксингизга урибсиз,
Тоғ деб ўйлаб, яйдоқ қирда юрибсиз,
Абу Райҳон топган ерда юрибсиз,
Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

Маънавият уммонида дур тердик,
Маёқ бўлиб йўлсизларга йўл бердик,
Муҳтож қолган ғанимга ҳам қўл бердик,
Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

Тарихларга савол ҳар бир биноси,
Ҳар қадамда даҳоси, авлиёси,
Дардингизни олар Ибн Синоси,
Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

Отанг бозор, онанг бозор дейдилар,
Кимлар учун бозор – мозор дейдилар,
Бекорчидан худо безор дейдилар,
Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.

Гуллаётган, ўсаётган элдир бу,
Зулмат йўлин тўсаётган элдир бу,
Инсон номин безаётган элдир бу,
Аввал келинг, кўринг Ўзбекистонни.


Ягонасан

Тупроғингда даҳолар хоки,
Ул соҳиби дунёлар хоки.
Боболарки, улуғ чинордек,
Момоларки, Қутлуғ Нигордек.
Чинорларки, бешиклар бўлган,
Келажакка эшиклар бўлган.
Сен онасан, муқаддас Ватан!
Ягонасан, муқаддас Ватан!

Хазинамсан, тахтим ўзингсан,
Қиёси йўқ бахтим ўзингсан.
Ер юзининг жаннати сенсан,
Яратганнинг санъати сенсан.
Жаннатбоғим, ҳазраттоғимсан,
Меҳробимсан, саждагоҳимсан.
Сен онасан, муқаддас Ватан!
Ягонасан, муқаддас Ватан!

Манглайдаги Дурри Акбарим,
Не кўзларни олган гавҳарим.
Қора ният, ғараз сўзлардан
Асрагаймиз ёмон кўзлардан.
Кўксим ичра юрагим – тумор,
Бу туморда қутлуғ номинг бор.
Сен онасан, муқаддас Ватан!
Ягонасан, муқаддас Ватан!


Ўзбекистон, ёлғизим!

Ўзбекистон, онажоним, ёлғизим,
Боболарим кафтидаги юлдузим,
Жаннатлардан сувлар ичган илдизим,
Жаннат маконим менинг, Ўзбекистон,
Жон ичра жоним менинг, Ўзбекистон!

Самандарсан – оловлардан соғ чиққан,
Бузрукворсан – етти ўғли шоҳ чиққан,
Алпомишсан – кўксидан чақмоқ чиққан,
Ўлмас достоним менинг, Ўзбекистон,
Жон ичра жоним менинг, Ўзбекистон!

Ялпиз атрин билмас деҳқон бўлгайми?
Тинчлик қадрин билмас ўғлон бўлгайми?
Юртин севмас одам инсон бўлгайми?
Нури иймоним менинг, Ўзбекистон,
Жон ичра жоним менинг, Ўзбекистон!

Неча аср кўз ёшларин ютган эл,
Соҳибқирон қайтишини кутган эл,
Юртбошини суйиб, бошда тутган эл,
Ўзбекистоним менинг, Ўзбекистон,
Жон ичра жоним менинг, Ўзбекистон!

Ўзбек ўғли

Икки дарё  ўртаси – кенг  дастурхон,
Туз  тотгансан,  тузлиғингни унутма.
Дастурхонни  белбоғ  қилиб  ўстирган
Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

Садарайҳон  букилгани – сўлгани,
Эр  йигитнинг  эгилгани – ўлгани.
Йўл  бермагил  душманларга  кулгани,
Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

Ўзбек  десам,  жаранглаган  тор  келур,
Ундан  олдин  номус  ила  ор  келур.
Бургут  келур,  лочин  келур,  сор  келур,
Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

Унутмагил  насабингни,  зотингни,
Умид  билан  отанг  қўйган  отингни.
Асра  эрта  кунингни – зурёдингни,
Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

Бўшамасин  зинҳор  ёғоч  бешигинг,
Қулф  кўрмасин  дарвозаю  эшигинг.
Йиғилмасин  супадаги  тўшагинг,
Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

Кўпга  келган  кулфатларга  чап  берма,
Маҳмадана  майналарга  гап  берма.
Кўнгил  обод  бўлсин, сиртга  зеб  берма,
Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!

Ночор  қолсанг  нокас  қўлини  тутма,
Арслонсан-ку  тулки  йўлини  тутма.
Ўзингдан  ўзгадан  марҳамат  кутма,
Ўзбек ўғли,  ўзлигингни   унутма!


“Ватанга қасамёд” ҳайкали пойида

Она деган сўзга эгиздир Ватан,
Она дуосидан қутлуғроқ не бор.
Темурий қалбида меҳр жўшаркан,
Зако кўзи билан қарайди Меъмор.

Рамзий тамсилларда ибрат мужассам,
Бир лаҳза ўзлигим кўргандек бўлдим.
Муқаддас меҳробдан боқаркан онам,
Пойида тиз чўкиб тургандек бўлдим.

Ҳеч кимга ҳеч қачон бўлмагай қарам,
Она юрт қошида тиз чўккан ўғлон.
Энг улуғ қасам бу – онага қасам,
Энг буюк қасам бу – юртга, бегумон!

Гоҳо жон койитгинг келмайди зинҳор,
Ризқи рўз, тинчликка йўқдек ниҳоя.
Аммо човути шай калхатлар ҳам бор,
Неки азиз бўлса, шартдир ҳимоя!

Юртдошим, ҳайкални айлаб зиёрат,
Руҳингни мардликка ўргатгил сен ҳам.
Ватанга қасамёд қилгил ва абад
Уни юрагингга ўрнатгил сен ҳам!


Юрт қўшиғи

Бобомнинг байти бор япроқларингда,
Момомнинг тафти бор чорбоғларингда.
Онамни эслатар райҳонинг, юртим,
Дадамнинг ҳиди бор тупроқларингда.

Сўлим Хонободдан Кийиксойгача,
Қутлуғ остонадан суюк ойгача,
Чироқлар юлдуздек порлар ҳар кеча,
Мудом ўт гурласин ўчоқларингда!

Тоғларинг бағрида лиммо-лим тилсим,
Минг йилким, мўйсафид Шоҳимардон жим.
Сангардак қўшиғин шарҳлай олар ким?!
Тилло қумлар ўйнар булоқларингда!

Мавлоно Лутфийлар улфатдир менга,
Шеър лутфи энг тотли суҳбатдир менга.
Улуғлар исми ҳам қувватдир менга,
Туғёним – ўйноқи тойчоқларингда.

Бир куйчи ўғлингман, баётим ўзинг,
Тилимнинг остида новвотим ўзинг,
Бағрим, жоним ўзинг, ҳаётим ўзинг,
Дил торим қалампирмунчоқларингда.

Қизғалдоқзорингда кўмилиб ётдим,
Биллур шабнамларда чўмилиб ётдим,
Дунёни унутдим, ўзни йўқотдим,
Мен ҳам ватан бўлдим қучоқларингда!


Диёрим

Диёрим, дунёнинг харитасида
Тулпордек ўйноқлаб турган диёрим.
Самонинг милтироқ даричасида
Саодат шуъласин кўрган диёрим,
Ўшал юлдузингдан адаштирмасин,
Ўзбегим, ўзингдан адаштирмасин!

Нима кўп, оламда фитна-найранг кўп,
Бировнинг дардидан қувонч, байрам кўп.
Кўрган кунларингни майсалар айтсин,
Кўз ёшинг кўпмиди ёки шабнам кўп.
Шул дала-тузингдан адаштирмасин,
Ўзбегим, ўзингдан адаштирмасин!

Дунё деганлари ғавғоли дунё,
Алдоқчи ва ғирром савдоли дунё.
Муҳтожга беролмас, борни кўролмас,
Навоий айтгандек, “яғмоли дунё”.
Теран илдизингдан адаштирмасин,
Ўзбегим, ўзингдан адаштирмасин!

Минг шукр, юраги офтобларинг бор,
Оламни қаратган хитобларинг бор.
Баҳо берган худо даҳо ҳам берган,
Улуғ зот силаган китобларинг бор.
Табаррук изингдан адаштирмасин,
Ўзбегим, ўзингдан адаштирмасин!


Наврўз қўшиғи

Баҳорни билмаган элларни кўрдим,
Бир чечак кулмаган ерларни кўрдим.
Ўзингни соғиниб келади наврўз,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Чучмома чайқалиб, чалар қўнғироқ,
Ҳаёт ҳидин сочар уйғонган тупроқ,
Илдиз сувратини чизади чақмоқ,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Меҳмонни чорлайди сумалакларинг,
Қизларинг боғлайди жамалакларин.
Саодатга кўприк камалакларинг,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Эй, кафти қадоғу  кўнгли юмшоқ эл,
Қуёшда қорайган, юраги оқ эл,
Дуога қўл очган, тилаги оқ эл,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Муқаддас еринг бор, қутлуғ осмон бор,
Суянган тоғинг бор, дилда иймон бор.
Улуғ боғистонга буюк боғбон бор,
Кафтингга кўз сурай, деҳқоним, юртим,
Ўзингдан ўргулай, боғбоним, юртим.

Қарам бўлмас ўзбек

Эгасиз ва оёқости йўлмас ўзбек,
Хоҳлаган сув оладиган кўлмас ўзбек.
Донг таратган ва ўзига қаратган эл,
Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Ватангадо, юртфурушлар англамаслар,
Олтиндай соф ҳикматлар ҳеч зангламаслар.
Она ҳамда Ватанни-ку танламаслар,
Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Борган жойин обод қилган Бобурлари,
Мазлумларни озод қилган Темурлари.
Тоғлардан ҳам баландроқдир ғурурлари,
Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Ўғил-қизлар шиддати-ю шаштини кўр,
Бировга бош эгмасликнинг гаштини кўр.
Юрак бўлса, рингга чиқиб муштини кўр,
Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.

Яратгандан бошқасига қулмас ўзбек,
Ҳеч кимдан кам бўлмаган, кам бўлмас ўзбек.
Донг таратган ва ўзига қаратган эл,
Ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмас ўзбек.


Она тупроқ

Авлиёлар, даҳоларнинг бешигисан,
Нақшбандлар топган жаннат эшигисан.
Тирикликнинг навоси ҳам қўшиғисан –
Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,
Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

Юрагимда тулпорларинг дукурлари,
Қайси юртнинг бордир буюк Темурлари?
Оловлардан омон чиққан Семурғлари,
Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,
Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

Кимларнингдир кўкрагида тумор бўлдинг,
Кимларнингдир кипригида ғубор бўлдинг,
Гоҳида мард бир ўғлонга хумор бўлдинг,
Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,
Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

Асл фарзанд меросига посбон бўлгай,
Озод элнинг орзулари осмон бўлгай,
Боболарим исмин айтсам достон бўлгай,
Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,
Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

Ота уйин фароғатин билмаганлар –
Иккиси бир, бири икки бўлмаганлар,
Тупроқтеги бўлиб зор-зор йиғлаганлар...
Сен азизсан, муқаддассан, эй саждагоҳ,
Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!

Дарёларнинг изларида дарё бўлгай,
Даҳоларнинг авлоди ҳам даҳо бўлгай!
Фидо бўлса, шу Ватанга фидо бўлгай,
Фидо бўлса, шу Ватанга фидо бўлгай:
Ўзбекистон, ота макон, она тупроқ!


Асрагил

Капалак ўзин урмас ҳароратсиз шуълага,
Чигиртка ҳам жўр бўлмас бегона ашулага.
Нурдек қадим қонинг бор,
Довруғинг бор, шонинг бор,
Бўй берма чалажаноб ёки чаламуллага.
Қалб қўрғонин чечаги – пок ниятни асрагил,
Ўзни, ўзликни, миллат, миллиятни асрагил!

Боласин ўйламаган қумурсқа ё қуш қайда?
Бешикнинг дук-дукидек юракка товуш қайда?
Ўзбекка ор маънодош,
Ибо-ҳаё – кўзу қош,
Ғурурсиз Бек қайдаю ибосиз Кумуш қайда?
Юрагинг тумор бўлсин, қутлуғ хатни асрагил,
Ўзни, ўзликни, миллат, миллиятни асрагил!

Отасини унутган, иблис этагин тутган,
Кутса хат-хабар эмас, нафсига малҳам кутган,
Бетизгин, салт, бежилов,
Ўзига ҳам ўзи ёв,
Мушук ўйнаган ғалтак каби чувалиб кетган –
Кетган кас-нокаслардан  қадриятни асрагил,
Ўзни, ўзликни, миллат, миллиятни асрагил!

Манзил-мароҳил тайин бўлмаса жилмас карвон,
Ҳеч қурса, сардобага етгунча тинмас карвон.
Ўйсиз йўловчи бўлмас,
Мақсадсиз овчи бўлмас,
Олис йўлни кўзласа йўрғага минмас карвон,
Ўркач-ўркач ғурур-ор, ҳамиятни асрагил,
Ўзни, ўзликни, миллат, миллиятни асрагил!

Бугунги кеча учун ҳам эртанги тонг учун,
Осмон кумушжомида қуёш урган бонг учун,
Янги юриш бошланди,
Сўнгги уруш бошланди –
Эътиқод-иймон учун, қалб, тафаккур, онг учун!
Қоракўз болаизор – жамиятни асрагил,
Ўзни, ўзликни, миллат, миллиятни асрагил!


Ватан

Сени десам юрагимда
очилар гуллар,
Ёмғир бўлиб самолардан
сочилар гуллар,
Саҳролардан, дарёлардан
сочилар гуллар,
Юрагимнинг гулисан сен,
гуллаган Ватан!

Исминг айтиб уйғонади
чучук жилғалар,
Сунбулалар тонгларингдан
тақар сирғалар,
Кипригимда ёғдуларинг
солар жилвалар,
Тилагимнинг гулисан сен,
гуллаган Ватан!

Хушбўй-хушбўй олмаларда 
жаннат ҳавоси,
Тоғларингнинг бағрида минг
дарднинг давоси,
Шудир, ахир, бир инсоннинг
умр сафоси,
Юрагимнинг гулисан сен,
гуллаган Ватан!

Ҳовуч-ҳовуч, зилол-зилол
сувингдан ичдим,
Меҳринг қанот бўлди, мовий
кўкларда учдим,
Яна қайтиб сенга келдим,
тупроғинг қучдим,
Тилагимнинг гулисан сен,
гуллаган Ватан!


... Юрагимнинг гулисан сен,
гуллаган Ватан!


Ватан кўнгилдадир

Қайда жон топсанг, абад жонинг анда,
Тўрғай даштда куйлар, булбул – чаманда.
Мен сенингман, сен менинг руҳу танда,
Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда.

Гўдакларнинг сабий кулгусида сен,
Ўсмирларнинг ширин уйқусида сен,
Йигитларнинг уйғоқ туйғусида сен,
Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда.

Дарёлар мавжида кўрганман сени,
Ўланлар авжида кўрганман сени,
Юраклар ганжида кўрганман сени,
Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда.

Сулув келинларнинг бешигида сен,
Исириқ осилган эшигида сен,
Турналарнинг олис қўшиғида сен,
Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда.

Сен учун ошиқиб, тошар жилғалар,
Сенинг дийдорингга шошар жилғалар,
Гулзорингга гуллар қўшар жилғалар,
Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда.

Нигоҳлар, қарашлар, қароқлардасан,
Хокларда, тошларда, тупроқлардасан,
Деҳқон кафтидаги қадоқлардасан,
Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда.

Мангу озод бўлгин, мангу обод бўл,
Шонинг кўтарганга куч бўл, қанот бўл!
Асл ўғлонларга қасам бўл, онт бўл:
Ватан кўнгилдадир, кўнгил ватанда!


ЎЗБЕК

Манглайга кафт қўйиб олисга боқсам,
Эдилдан кўринар бўйларинг, ўзбек.
Туш каби жимирлаб минг йил оқса ҳам,
Номинг айтар Энасойларинг, ўзбек.

Нуҳ тўфони, демак, қисмат шамоли,
Кимнингдир камоли, кимнинг заволи.
Саргашта кун кўрдинг оҳу мисоли,
Шундан ҳамон мунгли куйларинг, ўзбек.

Дили қонга тўлиб, кўзлари – ёшга,
Алп Тегин бир ҳикмат чегирди тошга:
«Бизнинг қайғумиз йўқ боладан бошқа…»
Болангга боғлидир ўйларинг, ўзбек.

Бир замон оловни илоҳ билган эл,
Қуёшга қарашни гуноҳ билган эл,
Ҳар бир босқинчини қўноқ билган эл,
Ёвга сўқмоқ бўлган кўйларинг, ўзбек.

Исмингни айириб кечди асрлар,
Хонликни бекликка бўлган не сирлар?
Кентларга сочилган ўрда, қасрлар…
Қумдан қорилганми лойларинг, ўзбек.

Дил қўзғалса, элни тўхтатиб бўлмас,
Сел қўзғалса, гилни тўхтатиб бўлмас,
Занжир узган қулни тўхтатиб бўлмас,
Тиғ бўлди ҳар битта мўйларинг, ўзбек.

Бўйнингдан кетган йўқ ҳали дор изи,
Қўй, қора кунларнинг ўчсин қораси!
Сен борсан – Темурнинг улуғ вориси,
Осмонингга қайтди ойларинг, ўзбек.

Катта қишлоқ экан Париж, Лондон, Рим,
Даламни соғиниб эзилди кўнглим.
Дунё гўзали – сен, қадоққўл синглим,
Гўзалдир ўнгиган кўйлагинг, ўзбек.


Ҳафталаб йўл қараб сарғаймас Кумуш,
Тоғни толқон қилди бобомерос мушт,
Тин олди давонга боқиб Алпомиш,
Тоғларни қўпорди ёйларинг, ўзбек.

Қўлингни кўзимга сурай, отажон,
Ёнингда ул бўлиб юрай, отажон,
Яхши кунларингни кўрай, отажон,
Совимасин қўлда чойларинг, ўзбек.

Онажон, ҳаволи боғлар муборак,
Ҳандалак банд берган чоғлар муборак,
Келин юзидаги доғлар муборак,
Буғдойларга тўлсин уйларинг, ўзбек.

Сумбула – тўкинлик, тўйлар мавсуми,
Бир қўзғалиб олар боғбоннинг хуми.
Асли, бир сатрдир шеърим мазмуни:
Тўйларга улансин тўйларинг, ўзбек!


Фахрия
“Ҳамма йўллар Римга элтади...”
Эски гап
Самарқанд – оламнинг сайқали, кўрки,
Самарқанд – кимга дарс, кимгадир сабоқ.
Қайтадан ўзини топгали, кўрки,
Шаҳримга ошиқар юз минглаб сайёҳ.

Бир замон чорасиз, яъни бечора
Ҳалокат домида ётганда гаранг
Темурбек кирганди жонига оро –
Гўри Мир қошида таъзимда фаранг.

Сайёҳлар оқади – чорлар тарона,
Кўзларда қувончга қоришиқ ҳайрат.
Сирли ва сеҳрли куй – Сўғдиёна,
Бобосин қисматин эслатар, албат.

Зўрнинг дастидан зор жар ёқасида.
Ўлимтик қидирар муаллақ калхат...
Афросиёб – тарих чорраҳасида –
Тақдирин белгилаб олар халқ, давлат.

“Мағлубнинг ҳоли вой” – гердаяр юнон,
“Йўл бўлсин – чўл бўлсин” – пишқирар мўғул.
Куч адолатдадир, дер Соҳибқирон,
Замин – она бизга, барчамиз  ўғил...

Колизейда Қайсар ваҳшатга тўлиб,
“Ўлим!” деб бармоғин ниқтаган вақти –
Эр Тўнга илдизга ёндош хум кўмиб,
Қумлоқда ўстирди минг-минг дарахтни.

Кимки яқин келса бахт топди, ногоҳ –
Кимки йироқ кетса, азият етди.
Дунёга даъвогар не-не султон, шоҳ
Самарқанд тупроғин васият этди.

Темур ҳузурига келган элчидек
Сайёҳлар тавозе келтирар бот-бот.
Ёрлиқ олган каби кутмаганда бек –
Ўзбек дўпписини кийганига шод!

Ҳаяжондан титраб қоқ қўллари ҳам
Мўйсафид италён кўнгил ёради:
“Менинг она шаҳрим – Рим йўллари ҳам –
Бугун Самарқандга олиб боради”.

Замин айланади, югурар замон,
Демангким, беҳуда вақт кетаётир.
Буюк Амир Темур даҳоси ҳамон
Қалб ва шуурларни фатҳ этаётир!


Самарқанд. Сирли нигоҳ

Самарқандни кезсанг,  ажиб синоат,
Елкангга қўйгандек кимдир кафтини –
Ҳис қилаверасан бетиним, бот-бот,
Бир сирли нигоҳнинг илиқ тафтини.

Бу не ҳол? Не юмуш бажардинг, деган
Ялангтўш Баҳодир сўроқларими?
Ё энг олис юлдуз қатига етган
Улуғбекнинг тийрак нигоҳларими?

“Бизлар қурган эдик, шукр, болалар
Томоша-сайрга яраб турибди” –
Уятдан ёноғи бўлиб лолалар –
Балки Бибихоним қараб турибди.

Ҳар қалай шунчаки кўзлар эмас бу,
Юракка етгудек сеҳри бор ўхшар.
Толиб Алишербек лабида кулгу,
Ўсмирнинг самимий меҳри бор ўхшар.

Ҳар замон бир зотнинг замони бўлган,
Ҳирийда Шайбоқнинг бўзларими бу?
Фирдавсмонанд шаҳар армони бўлган
Бобурбекнинг ўткир кўзларими бу?

Син солиб термулар бир соҳир нигоҳ:
“Кимсан? Матлабинг не? Сўйла, ғофил кас?”
Йўқ, Темур кўзлари эмас бу, иллоҳ,  –
Темур нигоҳига бардош топилмас!


Гўри Мир. Гумбазлар

Гумбаз қобиғида яна бир гумбаз.
Ҳеч ерда учрамас бундай ёдгорлик.
Ҳавоза минг йилга бардош берса, бас –
Не боис бу қадар эҳтиёткорлик?

Биров дер,  кичиги таянч бўлгандир
Маҳобатли гумбаз қурмоғи учун.
Биров дер,  усталар ҳисоб олгандир
Ҳарорат мўътадил турмоғи учун.

Булар бор гап, аммо моҳият бошқа,
Теран етиб борган мантиққа Амир:
Саид Баракани кўтариб бошга
Ўзига пойгакдан жой олмиш, ахир!

Зариф нақши нигор ички гумбазда,
Қобиқ ҳам мустаҳкам ёмғирга, селга.
Ташқи кўринишдан айрича бизда
Кўнгилга эътибор устун, кўнгилга!

Сиз сувратга тушинг кошинни силаб,
Эсдаликка далил – расмлар етар.
Ичкарида сизга омонлик тилаб
Мунис мусичалар тиловат этар.

Қалбингизга эриб кириб борар нур,
Фақат абад қолгай руҳ ва эзгу ном.
“Иймонинг авайла!” - буюрар Темур,
“Қалбингни асрагил!” - ўргатар Ислом!


Буюк ипак йўли

Қумлар сочиб, йўл очиб, тасбеҳдек карвон ўтар,
Туяларда чайқалиб давр ўтар, даврон ўтар.

Мушкни мурчга, гуручни адрасга айирбошлаб,
Алакни бўзга, бўзни атласга айирбошлаб,

Гоҳида инсоф билан, гоҳида иймон билан,
Йўлнинг танобин тортиб, тош билан,  довон билан,

Бирда алдаб, бирида ғафлатда қолиб ўзи,
Гоҳ йўлидан, гоҳида ўзидан нолиб ўзи,

Турфа либос, дил билан турли карвонлар ўтар,
Нортуя одимидек вазмин замонлар ўтар.

Саҳро – улкан қумсоат. Қор тўкилар оқ қумдай,
Тужжорнинг насибаси гоҳи заҳар-заққумдай,

Лекин Ипак йўли бу – ҳақ йўли, урфон йўли,
Инсоният жисмида жон йўли бу, қон йўли.

Шу йўл боис Румода чиний жарангослари,
Олмонларда қўлма - қўл  Самарқанд қоғозлари.

Хуржуннинг бир кўзида халво-ю новвот кетар,
Бир ёнда Самарқандий китобу довот кетар.

“Адолат сари юргил, юзлангин илм томон!” –
Дуога жуфтланган кафт, ҳовуч каби Регистон.

“Олам симобдек титрар, ўзингдан бўлгил огоҳ!” –
Кўз юммас Шоҳи Зинда – абадий барҳаёт шоҳ.

Қанча савдогар бунда эл бўлиб қолиб кетган,
Кетганлари маърифат, маърифат олиб кетган.

Вале Буюк карвоннинг юмуши битгани йўқ,
Ҳануз йўлдадир, ҳануз манзилга етгани йўқ.


Расадхона. Улуғбек юлдузи

“Темурхон наслидин султон Улуғбек”*...
Юракка чўғ солар учган юлдузлар.
Фонус теграсида парвоналардек
Ой тўгарагида ғужғон юлдузлар.

Коинот – ақлга абадий сўроқ,
Тафаккурга мангу қийноқ – коинот.
Салтанат тизгинин силтаб турган чоғ
Султон нега кўкка солар бетин от?

Фақирми, саидми, хўжа ё вали
Бу юртда самони кўзлаган мудом.
Осмон билан ёлғиз қолган маҳали
Ўзининг юлдузин излаган мудом.

Бибихоним қучиб кичик Мирзони
Бобонгиз дунёни олди, дегандир.
Эркалаб, кўрсатиб ўтлиғ самони
Сизга сайёралар қолди,  дегандир.

Акс этмаган “Зижи Кўрагоний”да
Улуғбекнинг порлоқ толъе юлдузи.
Дерлар, гард бўлмаса дил, иймонида
Юлдузни кўргайдир ҳатто кундузи.

Яшириб не қилдим: фалакда эмас,
Заминнинг ўзида юлдузни кўрдим.
Озод сунбулага томири пайваст
Ўсмирнинг кўзида юлдузни кўрдим!

Ўзбегим, дунёга шоҳ бердинг, ажаб –
Шоҳлар олим чиқди, олам мот бўлди.
Кимлар юлдузини топди сен сабаб,
Кимга илму шаҳдинг қўшқанот бўлди.

Улуғбек юлдузин кўрдим – қалқди ёш,
Тонгда тиллоланиб кетди осмоним:
Қалбимга бобомдек қўр тўкди қуёш –
Бу – сенинг юлдузинг, Ўзбекистоним!
*Алишер Навоий сатри


Шоҳи Зинда. Садо

“Сўйлагин жонларга оловлар ёқиб,
Суҳбатдошинг гавҳар тергандек бўлсин.
Лутфу карамингга, завқингга боқиб,
Ҳазрат Навоийни кўргандек бўлсин!

Шунчаки бир миллат эмасмиз-ку биз,
Иймонинг тош-метин қўрғондек бўлсин.
Сенинг суҳбатингга бурар чоғи юз
Ҳазрат Нақшбандни кўргандек бўлсин!

Ҳар кимда халқининг ғурури, шаъни,
Ёв кифтида ари юргандек бўлсин.
Сенга қараб, шерни кўргандек, яъни –
Ҳазрат Бобурбекни кўргандек бўлсин!

Кўксингга тиғ уриб этмасин яра,
Ҳезланса, худойим ургандек  бўлсин.
Ўтли кўзларингга, бастингга қараб,
Ҳазрат Темурбекни кўргандек бўлсин!”


Ҳазрати Хизр мақбарасида

Шундай ривоят бор эл орасида:
Яъни, Хизр бува – кароматгўй зот
Гоҳи дўст, гоҳ ота қиёфасида
Йигитга икки бор келтирар имдод.

Хизрни таниса, қўлидан тутса,
Ғанимлар чекинар, бахти кулади.
Мушкуллар ечилар, кетади ғусса,
Қазо солиғидан дархон бўлади.

Даврон шамоллари йиғди булутни,
Халқим сел-дўлларда зор-зор суринди.
Чақмоқ ярақлатди шамшир, совутни –
Темур тимсолида Хизр кўринди!

Элим нажот топди, завол терс бўлди,
Беклик давлат бўлди, давлат – салтанат.
Бизга қараганнинг толеи кулди,
Аъмолимиз бўлди лутфу марҳамат.

Бироқ... Кажрафтор чарх айланиб чаппа,
Қондошлар ичига ташлади нифоқ.
Залолатга ботди эл – улус ёппа,
Хурофотга ботди яна баттарроқ.

Пароканда давлат – тувоқсиз қозон,
Эринмаган шоқол тегиниб ўтди.
Қонга қон деб қилич солди хонга хон,
Хонга жон деб, элат эгилиб ўтди.

Шу тахлит йилларни емирди ойлар,
Икки бошли бургут жигарим ўйди.
Улуғ салтанатни пажмурда айлаб
Қилич билан кесиб, чегара қўйди.

Тангри инояти – тангри раҳмати,
Таназзул топмагай темурий миллат.
Зое кетмас уйғоқ фарзанд заҳмати,
Истибдод охири ҳалокат, зиллат.

Миллатга эрк берди Буюк ҳалоскор,
Темурбек вориси, фидойи даҳо!
Темур боғларига қайтди шан баҳор,
Темур тоғларини силади само!

Эй, халқим, жафокаш, жабрдийда халқ,
Кечмишинг эртакка йўйиб юборма.
Хизр бармоғини тутганлигинг ҳақ,
Ҳеч қачон бу қўлни қўйиб юборма!


Дўстим Олимжонга аталган шеър

Меҳринг меҳригиё тану жонимга,
Бир ҳафта кўрмасам девонадайман.
“Она” сўзин қўшиб қутлуғ номингга
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Сенда ё ой тиниқ, ё кўзим равшан,
Сенда димоғим чоғ – райҳондай ёвшан.
Руҳинг гуллаб турса, даштинг ҳам гулшан,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Хуморинг тутганда эсу ҳушим йўқ,
Илк севгим кирмаган ширин тушим йўқ.
Сени соғинишдан бошқа ишим йўқ,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Хазиний бувамнинг изларин босиб,
Кўнглимни ёзганман, шеъримни ёзиб.
Юрагим интиқиб, ичикиб, озиб,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Кимгадир тириклик моддий кўринар,
Келиб-кетмоқлик жўн, оддий кўринар.
Мен кўзим юмсам ҳам водий кўринар,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Бормисиз, ҳей, азиз ёру дўстларим!
Юзингиз нуридан ёруғ юзларим.
Қорадарахтларим, қоракўзларим,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Йўлда йўлчивиндек ҳориганим рост,
Қирққа кириб-кирмай қариганим рост.
Сенинг дардинг билан оғриганим рост,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Кўнглимни кўтарар синиқ тоғларинг,
Кўйлаклари ғижим қизғалдоқларинг.
Менга шамол бўлиб келар оҳларинг,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.

Довондан бағрингга жилғадек шошиб,
Шеър айтиб келаман, юрагим тошиб.
Жон сўраб келганда жонимни қўшиб,
Фарғонажон, дейман, Фарғона, дейман.


Марғилонийлар

Шохдор шоҳлар ўтган довон-қирлардан
Ўтдим сир олай деб кўҳна сирлардан.
Бир барбод, бир обод бўлган ерлардан
Болам, деб сас берди марғилонийлар.

Жаннат қопқасида метиндир тартиб,
Ким муштлаб киролмас, ким кирар чертиб.
Кўкламда ягона бўйрасин чиртиб
Чумчуққа хас берди марғилонийлар.

Ҳаммаси ҳунарманд, бори эл толиб,
Ўтирмас замондан, макондан нолиб.
Буюк ипак йўлин толасин олиб,
Шоҳи атлас берди марғилонийлар.

Сабоқ берсинлар деб фиқҳу аҳкомдан,
Муҳиблар қўл чўзди Бағдоддан, Шомдан.
Бурҳониддин бўлиб дини исломдан
Арабга дарс берди марғилонийлар.

Қодирий бобони қаратган надир?
Марғилонга бермиш Яратган надир.
Ибоми, ҳаёми, оқибат, қадр,
Шавқу ҳавас берди марғилонийлар.

Гоҳ Маъмуржон бўлиб, гоҳи Жўрахон,
Товушларда туғён, юрак тўла қон.
Ғижжак, танбурларга ато этди жон,
Найга нафас берди марғилонийлар.

Соябонинг бордир, бошга ёғмас дўл,
Меҳрибонинг бордир – бошқа ёғмас дўл.
Бугун пири муршид сийлаб, берди қўл,
Тарихга даст берди марғилонийлар.


Абадият

Ўчакишган жоҳил – чархи ситамгар
Уқубат устига кулфатин солди.
Қўли, кўзи очиқ кетди Искандар,
Марғилон кетмади,
Марғилон қолди.

Мўғул исканжага олди қутуриб,
Очлик қамал қилди – на сув-нон қолди.
Кимдир ёвдан қочиб, кетди қутулиб,
Марғилон кетмади,
Марғилон қолди.

Қарғалар жунжикар эди қаҳридан,
“Қиринг, деб буюрди, неки жон қолди!
Супуриб ташлангиз дунё саҳнидан!”
Марғилон кетмади,
Марғилон қолди.

Минорни йиқсалар, теракдек ўсди,
Бармоқ тишлаганча каззоб хон қолди.
Иймон деворлари ёв йўлин тўсди...
Марғилон кетмади,
Марғилон қолди.

Кетса, йиғлаб кетар маҳси-ковуш ҳам,
Лекин бу муҳаббат... эл ҳайрон қолди.
Бир кулиб, бир йиғлаб кетди Кумуш ҳам,
Марғилон кетмади,
Марғилон қолди.

Неча Помпейларни тупроқ, кул босди,
Неча халқдан на ном, на нишон қолди.
Юраги қонаса атиргул босди,
Марғилон кетмади,
Марғилон қолди.

Қоронғу ўтмиши – лайлатулқадр,
Қадр умидида жон омон қолди.
Шу кунларни кутиб айлади сабр,
Марғилон кетмади,
Марғилон қолди.


Такаллуф

Ҳар битта шаҳримнинг ярашиғи бор,
Ҳар бир вилоятнинг ўз ҳикояти.
Ҳаммаси бетимсол, бари бетакрор,
Бу ҳам Яратганнинг бир инояти.

Марғилон лафзидан калом қуйилар,
Асал қўшилгандек гўё сўзларга.
Тўғриси, гоҳида эриш туюлар
Бундоқ такаллуфлар биздек қўрсларга.

Эринмай ҳол сўрар йўл сўрасангиз,
Сўнг манзират қилар: меҳмон, чой тайёр!
Қизларин шеваси шу қадар лазиз,
Тилларин остида новвотлари бор!

Хитойи тавозе ҳаммага таниш...
Ким хуржунга шойи солиб кетгандир.
Ипак йўлларидан топиб қониқиш,
Лутфу эҳтиромни олиб кетгандир.

Ҳар битта шаҳримнинг ярашиғи бор,
Ҳар бир вилоятнинг ўз ҳикояти.
Ҳаммаси бетимсол, бари бетакрор,
Бу ҳам Яратганнинг бир инояти.

Байрам нашъасидан самовий сурур,
Ипакдек беғубор бугун осмоним.
Қўллари кўксида,
Кўнглида ғурур,
Меҳмон кутаётир жон Марғилоним!


Шеърим

Энг гўзал мамлакат – Қўштегирмонда
Менсиз оқарар тонг, оқади сувлар...
Тушларини сувга сочади тонгда
Онҳазратнинг
қизларидек
сулувлар...

Мени унутолмай қийналар қишлоқ,
Турналар йиғлайди осмонларида.
Товонимни қўмсаб, қабарар тупроқ,
Қоларман тупроқнинг товонларига!

Оғилда ўроқни сарғайтирар занг,
Далалар кузатар заррин мезонни.
Дайди эпкинларнинг топгани найранг:
Най қилиб пуфлайди синиқ сомонни...

Энг гўзал мамлакат – Қўштегирмонда
Қон йиғлаб гулбаргин тўкади гуллар.
Маъюс кетиб борар мағриб томонга
Мендан аразлаган фаришта кунлар...


Тошкент хомаси


Музей ҳам хилхона қадар муқаддас,
Шовқин солинмайди бу ерда зинҳор.
Осори-атиқа сокин берар сас,
Бунда аждодларнинг уйғоқ руҳи бор.

Камони Чочий бу – машҳури жаҳон,
Қай бир бобом кийган ушбу жомани.
Илкис кўриб қолдим дўсти қадрдон –
Суякдан йўнилган қалам – хомани.

Мўъжизага жазман бани одамзот,
Ҳайратга ҳамиша талабгор олам.
Биринчи мўъжиза мана шу, ҳаёт,
Биринчи инкишоф шу – хома – қалам!

Масиҳдан аввалроқ, милоддан нари,
Бинкат осмонига сочган қатим нур
Энг қадим идрокнинг тасаввурлари,
Биринчи даҳодан мерос тафаккур!

Кўзойнагин артиб бўйинбоғига,
Қайта тикилади оқсуяк жаноб.
Маърифат ахтарган зот сўроғига
Ундов белгисидек шу хома жавоб.

Танга-терсакларда жозиба бордир,
Қилич-тўфангларда даъво, истило.
Вале кимки қалам тутмоққа қодир
Дилида эзгулик, зеҳнида зиё.

Чин солномалари “Чже” деб ёзган,
Камон товушини эслатар бу сўз.
Боболар хат боғлаб камондан узган:
“Бизга чин дўст керак, садоқатли дўст!”

Нурга чулғадими Миср кўкини
Буруқсаб Искандар кутубхонаси?
Бобил таназзулин битди ўкиниб,
Қадимий ўзбекнинг суяк хомаси.

Бу шундай элдирки, қон-қонигача,
Суяк-суягига қадар маърифат.
Бир ёруғ сўз учун жонидан кечар,
Дунёга омонлик тилайди фақат.
Кўҳакийнинг қутлуғ қўллари тутган,
Шошийлар илкида азиз бу қалам.
Битса, дўсту ёрга мактублар битган,
Хома билан якдил бўлгандир қалб ҳам.

Қодирий қўлини қайирган қаттол
Дилимга сиёҳдек сочган аламни.
Кейин ёқа тутган ақли шошиб, лол,
Ойбек бармоғида кўриб қаламни.

Биларсиз, Оқсарой пештоқларига
Зўр Темурий ҳикмат ёзилганини.
Биларсиз, Тошкентнинг янги тархига
Қаламда таҳрирлар чизилганини.

Ватаним саждагоҳ каби муқаддас,
Тошканди азимнинг сирли саси бор.
Зўлдирдек айланган чоғ курраи арз
Таянч нуқта топган мадрасаси бор.

Тошкент – севганники, ой – ҳамманики,
Меҳрим изҳор этай дилнома билан.
Фарзандлар сафида турибман токи,
Қўлда отамерос шу хома билан.


Лайлаклар

Бир ажиб ҳикмат бор Тошкент тонггида,
Бирдан ҳақиқатга дўнар эртаклар:
Чиғатойдан пастда, Чорсу ёнида
Сайр этиб юрибди оппоқ лайлаклар.

Орзулар – уфққа санчилган йўлдай,
Қалб ва юрт бораркан саришта бўлиб,
Осмондан тушдими оқ атиргулдай
Оппоқ лайлакларим фаришта бўлиб!

Ноғорани ёдга солар куй чалса,
Ўзимизга ўхшар феълу тилаклар.
Агар полапонга хавф солар бўлса,
Илоннинг бошини янчар лайлаклар!

Элимда эзгулик тимсоли бўлиб
Олтин уруғларни сочган қуш ўша.
Қора булутларни чақмоқдек бўлиб
Оғу лойқасини ичган қуш ўша.

Иймоним комилдир, ҳар битта патдан
Қутлуғ ерда ўсар кумуш тераклар.
Қаранг, шундоқ Ҳасти Имомдан пастда
Юрар оқ яктакли мўмин лайлаклар.

Дуода тинчликни сўрар ёш-қари,
Шоқоллар омондир ҳамон барибир.
Бир оёқлаб турса – ёвузлик сари
Камони Чочийнинг пайконларидир!

Тошкент тонгларида бор ажиб афсун,
Кўрганлар албатта келишар қайтиб.
Қаранг, файзли юртда сизу мен учун
Лайлаклар юрибди шукрона айтиб!


Булбул

Элликқалъада Муҳаммад Юсуф ўтқазган эман дарахти бор...


Бир булбул сайради тун бўйи гирён,
Эман япроғидек дилгир, жонсарак.
Шу кеч ҳадеганда ёришмади тонг,
Шу кеч шафақларга беланди юрак.

Не чоғли мураккаб шоир қисмати,
Унга-ку майда гап абадий ёт.
Бир ён мангу ғолиб иблис суврати,
Бир томон ғийбатга ғарқ адабиёт.

Шоир деган сўзга кўчган киноя,
Мирза деб биларлар бугун мирзони.
Мағзига етдингми, шоир, ниҳоят,
Ҳўкизлар кўтариб турган дунёнинг?

Буларда на шафқат ва на диёнат,
Ўзини тушунар зиё деганда.
Сўзга, Навоийга қилган хиёнат,
Худойини ўйлар худо деганда...

Шоирона кеча Элликқалъада,
Ой сочини ёзган мунис, паришон.
Кўзга уйқу парда тортган паллада
Бир булбул бўзлади дилгир ва гирён.

Айтсам, айтгудайин ҳолим қолмади,
Куйнинг гирдобида қоврилдим, куйдим.
Инсон инсон бўлиб мендек ёнмади,
Шу кеча бир буюк ҳикматни туйдим.

Жувонмарг даҳолар келдилар қатор,
Замон қурбонлари етишди саф-саф.
Дордан қочган аблаҳ қайта қурди дор,
Яна мағрур бошин топширди Машраб.

Сизни асролмадим, мен қандай зурёд,
Виждонга банг сувин ичирмайман мен.
Менинг оғам эди қоп кийган жаллод,
Худо кечирса ҳам кечирмайман мен.

Шу кеча ўзимни алдадим: бу – туш,
Юрагим кўнмасди, силтаб урарди.
Қўшиғин бас қилиб, энди ўжар қуш
Қайда юрувдинг деб тинмай сўрарди!


Шоир

Мўйноқ йўлида “Ажиниёзни зиёрат қилайлик”, дедим. Йўлдошлар  “Йўл оғир, шоирнинг ёнига бориб бўлмайди”, деб қатъий жавоб беришди.

Йўл оғир. Жонлиқни бодроқ қилар ёз,
Тиниқиб бир нафас олиб бўлмайди.
Юз йилки, йўлимга зор Ажиниёз,
Шоирнинг ёнига бориб бўлмайди.

Шеърни ҳар куйга, кўйга солиш мумкин,
Шоирга андаза,  қолип бўлмайди.
Шоир қўшиқларин ёд олиш мумкин,
Шоирнинг ёнига бориб бўлмайди.

Ер ютган минора – сувсиз қудуқлар
Садосин билмаган ориф бўлмайди.
Чинқириб учади безовта руҳлар,
Шоирнинг ёнига бориб бўлмайди.

Тўп қўпорган қабр чекмоқда фарёд,
Уриб, бошларингни ёриб бўлмайди.
Узоқлашиб борар тобора Ҳирот,
Шоирнинг ёнига бориб бўлмайди.

Терисин шилишар, дорга осишар,
Бу жангда мағлуб йўқ, ғолиб бўлмайди.
Оғочга  суяниб қотиллар йиғлар,
Шоирнинг ёнига бориб бўлмайди.

Шоирлик – инсоннинг болалик пайти,
Бу даврда абадий қолиб бўлмайди.
Болаликдан кетдик ҳаммамиз дайдиб,
Шоирнинг ёнига бориб бўлмайди.

Мен ҳам кетгандирман балки ўзимдан,
Ҳатто ўзингдан ҳам нолиб бўлмайди.
Дўстларим, эргашманг фақат изимдан,
Шоирнинг ёнига бориб бўлмайди.

Эллик биринчи қалъа

Неъматилла оғага
Сирга тўлиб ётар чексиз далалар,
Ўйга чўмиб ётар кўҳна қалъалар.

Дарё хотираси – ултонларда сир,
Ҳирқа кийган дарвиш султонларда сир.

Аёзқалъа, Тупроққалъалар бугун
Асрор чилвирида чигал бир тугун.

Тўкилган, нураган мазгиллар қатор
Олам жумбоғини ачомлаб ётар.

Бу нечук салтанат, бу нечук маъво?
Бобом нафасини келтирар ҳаво.

Сирли қалъаларда сир босиб юрдим,
Қалъалар ичинда бир қалъа кўрдим.

Ертепа бўлса-да бошқа қалъалар,
Бу қалъани мангу баҳор аллалар.

Гарчи қалъаларим бари сир тўла,
Бунисининг бағри кумуш нур тўла.

Абадий қўрғон у! Абад қалъа у!
Кўзларида юлдуз ёнган бола у!

Оғажон, бағрингга босиб болангни,
Асра келажагинг – Кўнгилқалъангни!


Дўст

Дўстим Олимжонга

Руҳимга шом чўкиб, барг узилганда,
Турналар мунчоқдек саф тизилганда,
Бир дардкаш тополмай дил эзилганда
Мен сени худодан тилаб олдим, дўст,
Гоҳида пинҳона йиғлаб олдим, дўст.

Гулзор кўпу лекин гул топилмайди,
Дилдор кўпу аммо дил топилмайди,
Дўсти йўқ етимга йўл топилмайди,
Мен сени худодан тилаб олдим, дўст,
Гоҳида пинҳона йиғлаб олдим, дўст.

Ёлғизлик йўллари ўтилган азал,
Юрак қони билан битилган ғазал,
Гоҳо туғишгандан тутинган афзал,
Мен сени худодан тилаб олдим, дўст,
Гоҳида пинҳона йиғлаб олдим, дўст.

Дўст деб тутганларим улфат бўлдилар,
Ризқимга чанг солган калхат бўлдилар,
Бошимда айланиб кулфат бўлдилар,
Мен сени худодан тилаб олдим, дўст,
Гоҳида пинҳона йиғлаб олдим, дўст.

Фойда дастгоҳида лой бўламан, дер,
Оёғи қалтираб бой бўламан, дер,
Бой бўлса, энди худой бўламан, дер,
Мен сени худодан тилаб олдим, дўст,
Гоҳида пинҳона йиғлаб олдим, дўст.

Кек сақлаш ҳам ёмон аломат дедим,
Майли, ўтган ишга саловат дедим,
Жўра, боргин энди саломат дедим,
Мен сени худодан тилаб олдим, дўст,
Гоҳида пинҳона йиғлаб олдим, дўст.

Қуёш бор, ойлардан кулиб ўтаман,
Ёв отган ёйлардан кулиб ўтаман,
Ичимда бойлардан кулиб ўтаман,
Мен сени худодан тилаб олдим, дўст,
Гоҳида пинҳона йиғлаб олдим, дўст.
Биз кўкка етайлик, осмон тушмасин,
Ёмғирга айланиб шайтон тушмасин,
Дўстим, ўртамизга ёлғон тушмасин,
Мен сени худодан тилаб олдим, дўст,
Гоҳида пинҳона йиғлаб олдим, дўст.

Кўзим етган жойга сўзим етади,
Зўр шоир бўламан, кўзим етади.
Мен етмаган бахтга дўстим етади,
Мен сени худодан тилаб олдим, дўст,
Гоҳида пинҳона йиғлаб олдим, дўст.


Дадамни соғиниб

Сизнинг дунёнгизга сиғмайман, дўстлар,
Ҳафталаб уйимдан чиқмайман, дўстлар.
Кулгили туюлар балки ҳолатим –
Дадамни соғиниб йиғлайман, дўстлар.

Мени Яратгандан тортиқ билади,
Хатто отасидан ортиқ билади.
Ёстиқдошим эмас, ёстиқ билади,
Дадамни соғиниб йиғлайман, дўстлар.

Қирқ ёшдан ўтдиму дард ўта қолмас,
Кўксимга муз боссам, совута олмас,
Бугун мени онам овута олмас –
Дадамни соғиниб йиғлайман, дўстлар.

Ҳурматим жойида, иззат жойида,
Улуғ устозларим сўзи – қоида.
Халқимнинг бошида, пошшо пойида
Дадамни соғиниб йиғлайман, дўстлар.

Кўнглимга келганни қайтармай ёзиб,
Кўнгилларда қўноқ бўлдим муносиб.
Кўнгилчан ўғлимни бағримга босиб,
Дадамни соғиниб йиғлайман, дўстлар.

Ҳасратимга қулоқ солиб тургандир,
Теран хаёлларга толиб тургандир.
Менга жаннатдан жой олиб тургандир,
Дадамни соғиниб йиғлайман, дўстлар.


Шоир укамга ҳазил

Давлат Полвон, қор ёғмаса қиш бўптими,
Қор кураш ҳам иш бўптими, Давлат Полвон?
Таъбир билан фолга қолган кунинг қурсин,
Ўнг келмаса туш бўптими, Давлат Полвон?

Ёнимизда ўйинчи кўп, ўйноқи кўп,
Урушқоқ кўп, ундан кўра қайроқи кўп.
Қўшиғимни расво қилган сайроқи кўп –
Олақарға қуш бўптими, Давлат Полвон?

Кўнгил излаб кўзинг кўкрак атрофида,
Жимирлайди недир юрак атрофида.
Бугун қизлар кўзи чўнтак атрофида –
Шуям энди ишқ бўптими, Давлат Полвон?

Давлат Полвон, шоир укам, қалай энди,
Сен ҳам, мен ҳам сўзбозорда малай энди.
Болари кам, чаёнчалар талай энди –
Оғритмаса, ниш бўптими, Давлат Полвон?

Боғдодимнинг болалари содда бўлар,
Катта шаҳар савдолари котта бўлар.
Ичиб олса, боланг сенга ота бўлар,
Тил тутмаса, тиш бўптими, Давлат Полвон?

Ҳар инсонда бир ҳайвоннинг хислати бор,
Суврати бор, қудрати бор, иллати бор.
Инсон бўлиб, жим юрганнинг иззати бор –
Шоирлик ҳам иш бўптими, Давлат Полвон?


Ёдимга тушса

Яйрайман, ёдимга тушса ариқлар,
Қаноти ҳилпираб сузган балиқлар.
Мен билан чўмилиб ўсган балиқлар,
Кўзлари чашмалар ёдимга тушса.

Ҳаёт эркалатган таннозу тантиқ,
Лаблари ширину сўзлари аччиқ.
Бугун жигаримда туради санчиқ
Ул бигиз пошналар ёдимга тушса.

Кимга гулгун шароб туюлар қоним,
Қачон ҳовучига қуюлар қоним.
Энг тотли неъматга айланар жоним,
Қонимга ташналар ёдимга тушса.

Бири эски ўғри, бири янги бой,
Кўзини ёғ босган, лаби-лунжи мой.
Дили билан тили келар пойма-пой,
Оғайни-ошналар ёдимга тушса.

Бир қўлида тасбеҳ ўгирган отам,
Офтобшувоқларда ўтирган отам.
Онгу шууримда абадий мотам,
Кўзларим ёшланар ёдимга тушса.

Жаноб болакайлар, муҳтарам зотлар,
Инсон деган унвонларга номзодлар.
Шулар бор, юрагим ёзар қанотлар,
Баҳорлар бошланар ёдимга тушса.

Хотира – умрга кушанда дейман,
Хаёлим занжиру кишанда дейман.
Нега мушт отмадим ўшанда дейман,
Юрагим ғашланар ёдимга тушса.


Ёмонлама

Жа яхшисан ўзинг ҳам,
Ёмонни ёмонлама.
Менга қара эй одам,
Замонни ёмонлама.

Порлаб турар илми ғайб,
Чорлаб турар илми ғайб,
Учолмасанг кимда айб?
Осмонни ёмонлама.

Муздирсан ё чўғдирсан,
Балки билган йўқдирсан.
Отанг отган ўқдирсан,
Камонни ёмонлама.

Ўз-ўзингдан битдингми,
Бирдан кўкка етдингми,
Бошоқ бўлиб кетдингми?
Сомонни ёмонлама.

Илик қоқиб еб бугун
Илигим тўқ деб бугун,
Чўнтаги йўқ деб бугун
Чопонни ёмонлама.

Эй одамзод зурёди,
Тасодифнинг бунёди.
Замон – худонинг оти,
Замонни ёмонлама!


Одамлар

Ичида ит хурган одамлар,
Айбим излаб юрган одамлар.
Сизга ёрдам бергим келади,
Мени ёмон кўрган одамлар.

Кимга ному нишоним ёқмас,
Ё Бағдодим, Қўқоним ёқмас,
Эрта олган унвоним ёқмас,
Мени ёмон кўрган одамлар.

Даврангизга кира олмайман,
Кирсам кўнглим ёра олмайман.
Сизга талант бера олмайман,
Мени ёмон кўрган одамлар.

Осай дейсиз, сиртмоғингиз йўқ,
Урай дейсиз, тўқмоғингиз йўқ,
Ўладиган аҳмоғингиз йўқ,
Мени ёмон кўрган одамлар.

Сизга ука, ака, жўраман,
Дуоингиз қилиб юраман.
Мен сизларни яхши кўраман...
Мени ёмон кўрган одамлар.

Мушук ётар – шер хаёлида,
Кийик тутиб ер хаёлида.
Мен юровдим шеър хаёлида
Мени ёмон кўрган одамлар.

Болангиз юрт учун яшасин,
Душманга ҳам жонин тўшасин,
Фарзандингиз менга ўхшасин,
Мени ёмон кўрган одамлар.


Кечагина

Кечагина ғўр шоир эдим,
Ғўр эдим-у, зўр шоир эдим.

Шеър тўқирдим дангал, қўрқмасдан
Ва ўқирдим ҳар гал қўрқмасдан.

Бугун эса ўйлаб ёзаман,
Битта шеърни ойлаб ёзаман.

Ғазал битсам, бирор жононга
Тегмасмикан қуда томонга?

Атрофимда қиз кўп, аёл кўп,
Жавоб берай десам савол кўп.

На кўнглимни тўка оламан,
На ўғлимни сўка оламан.

Шаббодалар сўз бўлиб оқар,
Юлдузлар ҳам кўз бўлиб боқар.

Унвони бор катта шоирман,
Лек ўлгудай латта шоирман.

Кечагина ғўр шоир эдим,
Ғўр эдим-у, зўр шоир эдим...


Кўкламойим

Кўкламойим сеп ёйди,
Табиатга зеб ёйди.
Ўйнаб-кулинг, деб ёйди
Бахмал дастурхон бугун.
Яхшилар меҳмон бугун.

Қиқир-қиқир жилғалар,
Қир-адирдан сирғалар,
Ҳулво тақиб сирғалар,
Булбул ғазалхон бугун.
Кўнгил фаровон бугун.

Бир ажойиб қувонч бу,
Бир ғаройиб ишонч бу,
Яратиш завқи эзгу
Ҳаммамиз деҳқон бугун,
Барчамиз боғбон бугун.

Кеча кундуз тенг бўлди,
Олам бағри кенг бўлди.
Бир ёқаю енг бўлди
Дўсту қадрдон бугун,
Ўйнанг беармон бугун.

Қалдирғочим, хуш кўрдик,
Соғинганда туш кўрдик.
Самода бахтқуш кўрдик,
Турналар карвон бугун,
Қуёшжон сарбон бугун.

Кўкламойим, бўйингдан,
Айланойин тўйингдан,
Оқ гул сочиб қўйнингдан,
Олам гулистон бугун,
Олам гулистон бугун!


Оққан дарё
Муҳаббат аяга

Оққан дарё оқар, қуёш тўхтамас,
Ғубор боғламагай мерос заковат.
Бир дарё кўнглимдек тўлғин шу нафас,
Дарёки, лиммо-лим меҳру муҳаббат.

Не-не замонларга гувоҳ кўҳна Шош
Кўрган зеру забар савдоларни ҳам:
Шабнам бу – тунда ой тўккан аччиқ ёш,
Ҳовур бу – қуёшнинг кўксида алам.

Очлик, қаҳатчилик, хўрлик, қатағон
Халқ бошига тошдек тушганда такрор
Юрагида умид, қалбида иймон,
Шу юртда ҳаётни асраганлар бор!

Гоҳ душман ҳасади эшик тимдалар,
Гоҳ муҳтожсан дўстинг далдаларига.
Нима қилоларди куйган бандалар
Худойимнинг суйган бандаларига!

Бир замон туялар чўккан манзилда
Орзуманд фотиҳа тортиб турибмиз.
Карвон бўлиб умр аталган йўлда
Эзгулик юкини ортиб турибмиз.

Мева чамасида дарахт баҳоси,
Кўнгил боғингизни гулга ўраймиз.
Яратган хирожга ҳар нени олсин,
Эвазига узоқ умр сўраймиз.

Она сайёрада она табиат
Она халқим учун сочса дурдона,
Сиз бизга бердингиз чексиз муҳаббат,
Сиз мунис мураббий, онажон, она...

Қуёшдан нур олган ой-юлдуз каби,
Қавму қариндошлар юзида зиё.
Худо бир, биттадир тилак – матлаби:
Мудом оқиб турсин бу улуғ дарё!

Онам

Ой каби қошимда парвонам – онам,
Офтобдек меҳрда ягонам – онам.
Бошимга тилла тож, кўнглимга таскин,
Туну кун тилимда шукронам – онам.

Олтин-кумуш асли – тош бўлар экан.
Онасизнинг кўзи ёш бўлар экан.
Онаси бор – доим ёш бўлар экан,
Меҳр уммонида дурдонам – онам,

Қайга борсам йўлдош, ҳамроҳ тафтингиз,
Сиздан бахт топдим, сиз нима топдингиз?
Мудом манглайимда илиқ кафтингиз,
Толеъимдан ёруғ пешонам, онам.

Ёнимда ўғлим деб турсангиз, она,
Яшайман ғамлардан ғолиб, мардона.
Келсангиз юксалар ғариб остона,
Кетсангиз мунғаяр кошонам, онам

Кўрдим дунё етти мўъжизасини,
Топмадим қалампирмунчоқ исини.
Кўзларимга сурай босган изини,
Жаннат боғларидан нишонам, онам!


Тинчлик

Бахтга лойиқ ҳар одам
Бахти кулсин дунёда.
Кўнгилни эзмасин ғам,
Тинчлик бўлсин дунёда!

Элдош, қардош, дунёдош,
Иймонинг бўлсин йўлдош.
Мангу порласин қуёш.
Тинчлик бўлсин дунёда!

Тилла топилдиқ – болам,
Жоним қоқиндиқ, болам.
Худога етсин нолам:
Тинчлик бўлсин дунёда!

Одам каби бастинг бор,
Икки оёқ-дастинг бор.
Айтгил, нима қасдинг бор?
Тинчлик бўлсин дунёда!

Кулсак, бирга хандонмиз,
Сўлсак, бирга хазонмиз,
Ҳаммамиз бир инсонмиз,
Тинчлик бўлсин дунёда!

Сенга боғлиқ эрта кун,
Кўрсат матонат кучин.
Сен кураш тинчлик учун,
Тинчлик бўлсин дунёда!

Ҳаётимиз асоси,
Элу юрт муддаоси,
Бу ўзбекнинг дуоси:
Тинчлик бўлсин дунёда!


Кичкина одам

Хўрдани кўтариб, бурдани урар,
Шимириб ютади, ўпириб ейди.
Тирикни тунайди, мурдани урар,
Қарасанг, “биз кичик одаммиз”, дейди.

Катта сандиғида катта сармоя,
Нафси ўта соғлом, иймони майиб.
Гар саволга тутсанг, “узр, ҳамсоя,
Биз – кичикина одам”, дейди жилмайиб.

Ўз кўмочи бўлса, тортиб қолар кул,
Дурбинда ҳам фақат ўзини кўрар.
“Бизлар фақир киши”, такрорлар нуқул,
“Кичик одаммиз” деб панага урар.

Юзингни тескари қилсин, илойим,
Одам бўлдингми сен? Қайда одамсан?!
Қўшқўллаб урибди сени худойим,
Сен кичкина эмас,
майда одамсан!

Яхши

Яхши! Жуда яхши! Жудаям яхши!
Майли, омон бўлинг! Бахтиёр бўлинг!
Омадингиз берсин – эмасман қарши,
Бахтли бека бўлинг, бахтли ёр бўлинг.

Одамзот қўлида шодлик ва қайғу,
Гоҳо оқибатни ўйлагинг келмас.
Дўзахни танламоқ ихтиёрий-ку,
Жаннатга кирмоқлик мажбурий эмас.

Хайр, мени ўйлаб қайғурманг асло,
Не бўпти кўнгилда гул кулмаганда.
Мени эслагувчи топилгай, илло,
Азроил йўқлайди ҳеч бўлмаганда.

Иллат теккан

Иллат теккан олма – курраи замин,
Ичидан зил кетган, дарди ичида.
Бир эпкин ўчирар тириклик шамин,
Ҳаёт титраб турар шамнинг учида.

Бузилгандир олам мувозанати,
Қақраган денгиз ва кўнгил тўлмайди.
Охир ғолиб келди иблис лаънати,
Бу олам ҳеч қачон одам бўлмайди.

Янги шаклдаги бедаво дардлар,
Фитна ва хиёнат, ёлғон ва риё.
Нафсига ҳирс қўйган валламат мардлар,
Зулматни симириб семирган зиё.

Бошидан тожини ечяпти қуёш,
Тириклар тирилмас, ўлик ўлмайди.
Кимдир тепамизда тўкяпти кўзёш,
Энди бу одамзод одам бўлмайди!


Ҳаёт давом этади

Қор-қиров қўшинлари
пешлаганда найзалар
Илдизига чекиниб
жон сақлайди майсалар.
Яшин урган дарахтлар
неча ёниб-куйсалар
Қайта куртаклар отиб,
яна сочалар баёт,
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.

Бори ҳикмат тупроқда –
қат-қат кимё яширин,
Она ер ўзагида
қайноқ зиё яширин.
Товонинг тагида ҳам
юз минг дунё яширин
Рўёбини тополмай
пинҳон чекади фарёд,
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.

Бу ҳаёт уммонида
ҳаракатсиз чўккайсан,
Бор барака қилмасанг,
баракатсиз чўккайсан.
Гизли тўқнашувларда
ҳалокатсиз чўккайсан,
Аллалаб ҳам эркалаб
тортиб борар гирдибод,
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.

Кўкнори хаёлларда
наҳс босган даврон ўтди,
Қўнғироғига латта
тиқилган карвон ўтди,
Қиличда қуралайлар
сўйилган замон ўтди,
Моҳларойим сурмаси
томдию тошди довот,
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.


Наҳотки, етган жойим
шуми, дема, биродар,
Ғуссанинг адоғи йўқ,
сен ғам ема, биродар.
Ихтиёрдан наридир
манзил, кема, биродар,
Қани пири муршидинг?
Қайси тарафда нажот?
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.

Сафсата сотар ҳаёт
иймони йўқ олимдай,
Бўғиб-сиқиб қийнайди
яроғи йўқ золимдай.
Жон ва онг оғриғидан
ҳол бормикан ҳолимдай,
Жонинг озод бўлса-да,
руҳинг бўлмагай озод,
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.

Бош оғриғи коинот
буҳронидангинамас,
Суякка зах ургани
зиндонидангинамас,
Озор-уқуб занжири
замонидангинамас,
Одам Ато қўлларин
ёйди – битмади қанот –
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.

Мен, дея муштлайвериб
кўксингни яро қилдинг,
Адоват излайвериб
ўзингни адо қилдинг,
Бурғулар чалинганда
на сас, на садо қилдинг,
Ўзига тузоқ қўйиб,
ўзин пойлаган сайёд,
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.


Эрта баҳор чоғида
гулимни ерга кўмдим,
Ўксинмасин деб ёлғиз
дилимни бирга кўмдим.
Бедил бўлиб тизгинсиз
тилимни шеърга кўмдим,
Бир байти йиғи бўлди,
бир байти бўлди сабот,
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.

Бир юракнинг устига
юрагим қўйса эдим,
Кафтимда қўшмағиздай
эркалаб суйса эдим,
Ўпаман деб энгашиб
сут ҳидин туйса эдим,
Шивирласа эдим мен:
Мана шу адабиёт...
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт.

Умр деганлари ҳам
кўпга келган тўй, дўстим,
Яхши гаплардан гапир,
менинг кўнглим қўй, дўстим.
Умар Хайёмдан қолган
косаларга қуй, дўстим,
Қалбларга қон югурсин,
юраклар бўлсин обод,
Ҳаёт давом этади,
давом этади ҳаёт!