Бандасига меҳрибондур аввалу охир Худо,
Ҳаййи Сатторул—уюб —пўшандайи журми гуноҳ,
Ким қадам куйса бу йулга пок бўлгай аз гуноҳ,
Оқибат манзилга еттим, йўлда торттим ранжи роҳ,
Равзаи покингга келдим, ё Муҳаммад Мустафо!
Хар киши бул Равзага келса гуноҳи тўкилур,
Вақти хуш бўлур они, руйи сиёҳи тўкилур,
Банданинг кўнглига раҳмат гоҳи гоҳи тўкилур,
Гар зиёрат бўлса мақбул, ранжи роҳи тўкилур,
Равзаи покингга келдим, ё Муҳаммад Мустафо!
Равзаи покингга келдим хатми Куръон қилгали,
Ҳам гирибон чок этиб, дийдамни гирён қилгали,
Ҳар гуноҳим ўрнига юз минг пушаймон қилгали,
Осий умматларни мушкилини осон қилгали,
Равзаи покингга келдим, ё Муҳаммад Мустафо!
Пойи ҳикматни қуюб, қилдим юзумни Қиблага,
Пок бўлсам, деб гуноҳдин ман келибман Каъбага,
Тўкулур исёнларим деб келиб эрдим Каъбага,
Етмади дастим, узатгим ҳалқаҳойи тавбага,
Равзаи покингга келдим, ё Муҳаммад Мустафо!
Доимо хавфу ражода титрадим монанди бед,
Нури раҳмат ёғилур гар бўлса пир муйи сафед,
Бул улуғ даргоҳ эрур, Машрабни қилма ноумед,
Ман улуғ даргоҳга келдим, йиғладим, дадимга ет,
Равзаи покингга келдим, ё Муҳаммад Мустафо!
Шарҳ: Бандасига меҳрибондур
Аввалу охир роҳманир — роҳийм Аллоҳ бандаларига меҳрибон, ҳамиша уйғоқ, гуноҳларни авф этувчи буюк зотдир. Унинг йўли поклик йўлидир. Аллоҳнинг расули Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) йўллари Яратганнинг ҳақ йўлидир. Ҳақдан мадад сўраб, шу улуғ йўл томон отландим. Ким бу йўлга қадам қўяр экан, гуноҳлардан пок бўлур. Ё Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) йўлларда машаққат чекиб, сизни зиёрат этгани келдим. Равзангизга келганларнинг қалб дунёлари тозаради, нафс ғуборидан қаро юзларда нур пайдо бўлади, раҳмат дарёсидан кўнгил сув ичади. Зиёрати пок ниятла бўлса гуноҳдан асар қолмайди. Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) пок равзангизга хатми Қуръон қилиб, бағримни чок этгани, кўзларимдан дарё — дарё ёш тўккани келдим. Гуноҳлардан пушаймон этгани, қиёматда шафоат умиди ила келдим. Ё Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ул даҳшатли Кунда осий умматингизни шафқат қилинг. Юзим қиблага, қалбим Каъбатуллоҳга қаратилган. Исёнларимдан Аллоҳга тавба қилиб турибман. Қалбим умид ва қўрқув исканжасида титрайди, пир улуғ бўлса, соликни раҳмат сари етаклайди. Ё Парвардигор улуғ даргоҳингдан бечора Машрабни қуруқ қайтарма, унинг додига ет, гуноҳларини кечир, раҳматингга ол.