Ҳайратул абрордан наътлар (5)

БЕШИНЧИ НАЪТ

Меърож кечаси таърифидаким, каримаи: «Субҳоналлази асро» анга мусаддақи дурур ва «би-абдиҳи лайлан минал-масжидил ҳароми илал-масжидил-ақсо» анинг субутиға икки гувоҳи содиқ.

Бир кеча зулматқа қолиб коинот,
Меҳр ниҳон ўйлаки айнул-ҳаёт.

Гарчики ул чашма назардин қочиб,
Хизр кўк узра қатаротин сочиб.

Тун қилибон гардини анбар сиришт,
Бутратибон ерга насими биҳишт.

Ер курави шакл ила мижмар бўлуб,
Кеча саводи анга анбар бўлуб.

Ўт киби ер мижмари остида меҳр,
Ёпиб этак мижмара узра сипеҳр.

Ёғибон орому сукун ёғини,
Паст қилиб ҳодиса туфроғини.

Бу кеча ул сарви гулистони унс,
Равшан этиб шамъи шабистони унс.

Васл хаёлидин этиб кўнгли хуш,
Баҳрдек ул жўш ила айлаб хуруш,

Ким етиб ул сойири улвий мақом,
Илгида бир тойири улвий хиром.

Пўяда кўк сайрича ором анга,
Ердин ўлуб кўккача бир гом анга.

Қосиди қудсий чу салом айлабон,
Ҳақ соридин арзи паём айлабон.

Дебким, аё махзани асрори шавқ,
Ҳақдин эрур васлингга изҳори шавқ.

Чунки набий муждаи жонон топиб,
Муждаи жонон чу топиб жон топиб.

Пайки ани қўлдабон отландуруб,
Рахшини келган сори-ўқ ёндуруб.

Сойир ўлуб рокиби фарруҳ жамол,
Тойир ўлуб маркаби фархунда фол.

Гарди била бораи суръатнамо,
Еткурубон ақл кўзига амо (  )

Ул маҳи шабгард бўлуб жилва соз,
Жилвагаҳи борча шабистони роз.

Чун етибон кўк сори тавсан анга,
Ой бўлубон ўтгали равзан анга.

Тийри қаламзан чу топиб ул шараф,
Буқаламунлуғни қилиб бартараф.

Зуҳра тараб барбатини соз этиб,
Замзамаи таҳният оғоз этиб.

Соясидин меҳр чиқармай жамол,
Таҳти шиоъ ичра нечукким ҳилол.

Меҳрида Баҳромки якрў бўлуб,
Тиғи шараф юзига кўзгу бўлуб.

Мавкибидин поя топиб Муштарий,
Йўлида бир поя бўлуб минбари.

Шамъи Зуҳал зулматини нур этиб,
Зангийи шабрангни кофур этиб.

Ҳам Ҳамалу Савр бериб жон анга,
Жон этибон иккиси қурбон анга.

Ҳам тонгибон олида Жавзо камар,
Ҳам Саратон туз бўлубон жилвагар.

Шер йўлидин тутубон гўшаи,
Сунбула рахшиға бўлуб тўшаи.

Палла йўли гардидин иксир санж,
Ақраб аро нўшу даво, нишу ранж.

Қавс тутуб чилла дуоси учун,
Жади бериб фулла ғизоси учун.

Далвға Юсуф киби солмай назар,
Ҳутда Юнус киби қилмай мақар.

Ел киби чун қатъи буруж айлабон,
Арш фасилиға уруж айлабон.

Фарши бўлуб арш ила лавҳу қалам,
Қуймоқ учун рахши аларға қадам.

Рафраф уза пўя қилиб чун кушод,
Ҳамраҳу руҳравға этиб хайрбод.

Қолмади йўлида чун асло макон,
Қилди макон бодияи ломакон.

Олти жиҳат қайдидин ихрож ўлуб,
Тўрт гуҳар тарки анга тож ўлуб.

Йўқлуғ аёғи била солиб қадам,
Андаки йўлу қадам ўлуб адам.

Ўзлугидин нақшу намудор йўқ,
Нақшу намудоридин осор йўқ.

Чўн ўзини айлаб ўзидин халос,
Пардаи иззатда қилиб ўзни хос.

Анда етиб гум бўлубон ўтруси,
Ҳар неча кўз солса, бақо кўзгуси.

Чун бўлуб ул кўзгуда сурат намо,
Кўзгусидин ташқари қолғон фано.

Ахтариға чун етибон мунча авж,
Зоҳир ўлуб баҳри иноятқа мавж.

Ҳақ тилидин умматин истаб тамом,
Ҳақдин ўлуб борча муродиға ком.

Ҳамраҳ анга қолаби хокий насаб,
Гар десалар бор эди йўқтур ажаб.

Ким тан анга боштин-оёқ жон эди,
Жони доғи восили жонон эди.

Икки жаҳон раҳматини қозғониб,
Ҳар нимаким қозғониб, олиб ёниб.

Равшан ўлуб юзидин ул боргоҳ,
Сурма қилиб гардини бу коргоҳ.

Ғунча бориб, тоза гулистон келиб,
Зарра бориб, меҳри дарахшон келиб,

Борғонию келгани бир он ўлуб,
Ақл бу мансубада ҳайрон ўлуб.

Қайда хавориқ била муъжиз дурур,
Ақл анинг идрокида ожиз дурур.

Борғону келган анга жузви сағир,
Ким эмас ул жузв тажаззий пазир.

Қатъ бўлуб чун бу ҳумоюн сафар,
Рухсат олиб ҳодийи фархунда фар.

Тахт уза олам шаҳи айлаб мақом
Олам ишига берибон интизом.

Шаръи тили нома баёзин ўқуб,
Тиғи суйи куфр саводини юб.

БЕШИНЧИ НАЪТ

Меърож кечаси таърифида; олижанобликдирким, «Ул зоти пок» садоқатли бўлиб, ўз бандаси (Муҳаммад с.а.в) ни бир кечада Ҳарам масжидидан Ақсо масжидига олиб борди ва бунинг исботига икки содиқ гувоҳ бордир
Кечаларнинг бирида коинотни қоронғилик босиб, қуёш оби ҳаёт булоғидек яширинган эди. Гарчи у булоқ кўзга кўринмаса ҳам, Хизр кўк узра ундан қатралар сочарди. Тун чангларини анбарга айлантирган, уларни жаннат шабадалари Ер узра тарқатар эди. Ер юмалоқ шаклдаги хушбўй идишга айланиб, тун қоронғилигидан унда анбар тайёрланаётгандек эди. Ер идиши остида Қуёш ўт ёқаётган, идишни эса Осмон ўз этаги билан ёпиб тургандек кўзга ташланарди. Ором ва тинчлик ёмғири ёғиб, юз бераётган ҳодисалар тўзонини пасайтиришга интиларди.
Шу кеча дўстлик гулистонининг сарви дўстлик хонасининг шамъини янада равшанроқ қилди. Учрашув хаёли билан кўнгли хурсанд бўлиб, денгиздек жўш уриб ҳайқирди. Шу пайт олий мақомли сайёҳ етишиб, қўлида эса қушдек учадиган отнинг жиловини ушлаб турарди. Бу от кўкда сайр этишдан ором олиб, унга Ердан осмонгача чиқиш бир қадам бўлди. Аллоҳнинг пок хабарчиси унга салом қилиб, Аллоҳ номидан унга маълумот бериб деди: «Эй шавқли сирларнинг хазинаси! Аллоҳ сени кўришга ўз шавқу истагини билдирмоқда. Чунки пайғамбар жонон хабарини топган экан, унинг жонон хабарини топгани янгидан жон топганидир».
Хабарчи унга ёрдам бериб, отга миндириб, отни ўзи келган томонга қайтариб олиб кетди. Шу равишда бу олижаноб, очиқ юзли отлиқ сайр қилар, толеъи баланд оти қушдек учар эди. Бу тез чопишга ўрганган от чанг кўтариб, ақл кўзини кўрмайдиган ҳолатга соларди. У тун қоровули — Ой эса жилва қилиб, барча сирли кечалар унга кулиб турарди. Бу от кўтарилиб кўк осмонга етганда, Ой ўтиш учун унга туйнук вазифасини ўтади. Қалам эгаси Аторуд бунда ҳурмат қозонган, буқаламунлиғ — иккиюзламачиликка йўл қўймаётган эди. Зуҳра хурсандчилик барбатини созлаб, й (Пайғамбар)ни замзама билан қўллай бошлади.
Қуёш ўз сояси билан унинг жамолини тўсиб турар, ҳилол эса шуъла остида беркингандек эди. Меҳрида Баҳром (Миррих) бирсўз бўлиб, шараф тиғи юзига кўзгу каби эди. Унга яқин юришдан Муштарий янада мартабаси ортиб, йўлидаги бир зина унга минбар бўлди. Зуҳал шамъи қоронғиликни ёритиб, (Пайғамбар)нинг занги (негр)дек қора отини оқ қилиб кўрсатди. Унга Ҳамал ҳам, Савр ҳам жонларини бераётгандек, тоғрироғи, иккиси ҳам жонини қурбон этишга тайёр эдилар.
Ҳам олдида Жавзо камарини тортиб боғлаган, ҳам Саратон ўзини тик тутиб, жилва қилар эди. Шер (Асад) йўлидан бир гўшани эгаллаб, Сунбула унинг отига йўл озиғи бўлди. Палла йўли гардини қимматбаҳо иксирдай ўлчар, Ақраб орасида ичкизиш, даволаш, (нина) санчиш, оғритиш ишлари олиб борилмоқда. Қавс эса чиллага ўтириб, дуо қилиш пайида. Жади (тоғ эчкиси) унга етиши учун (озиғ бўладиган) биринчи сутини келтиради. Далвга Юсуф каби назар солмай, Ҳутда Юнус каби тўхтаб ўлтирмади. У елдек ҳамма буқларни кесиб ўтди ва Осмоннинг Арш қисмига кўтарила бошлади. Унга пояндоз Арш ҳамда Лавҳу Қалам бўлиб, унинг оти нақ ўшаларга қадам босиши керак эди.
У энди Рафрафга миниб, ҳамроҳи ва йўловчи билан хайрлашди. Энди бораётган йўлида ҳеч қандай макон қолмади. У йўқлик (ломакон) даштини ўзига макон этди. Бунда у олти жиҳат бандидан ташқарига чиқиб, тўрт гавҳарни тарк этиш унга тож кийишдек бўлди. Йўқлик оёғи билан қадам босар экан, аслида йўл ҳам йўқ эди, қадамнинг ўзи ҳам.
Ўзлигидан на нақш қолган эди, на бир кўриниш, ҳатто бу айтилган нарсалардан бирон асар ҳам. Шу йўл билан у ўзини ўзидан халос қилиб, шу равишда ўзини иззат пардасига хос, лойиқ деб топди.
У ерга етиб қараса, рўпарасида ҳеч нарса йўқ эди. Қанча қарамасин, боқийлик кўзгусини кўрар эди. Кўзгуга боққанда унда суратга ўхшаш бир нарсалар кўринар эди, холос. Нима ўткинчи (фано) бўлса, ташқарида қолган эди.
Унинг юлдузи шунча баланд кўтарилганда, марҳамат денгизида мавж пайдо бўлди. У Аллоҳ тилидан умматларининг ҳаммасини истай бошлади ва Аллоҳдан барча мурод-мақсадига эришди.
Аллоҳга тупроқдан бўлган тана ҳамроҳлик қилди. Агар: «Шундай бўлди!» — дейилса, шундай, бунга ажабланмаса ҳам бўлади. Чиндан ҳам унинг тани бошидан-охирига қадар жон эди. Лекин унинг жони Жононга етишган эди. У икки дунё раҳматини қўлга киритган бўлиб, нимага эришган бўлса, ҳаммасини ўзи билан бирга қайтариб олиб келган эди. Унинг юзидан у — илоҳий даргоҳ қандай ёруғ бўлган бўлса, оёғидаги чангларни бу дунё ҳам ўзига сурма қилди.
У (Пайғамбар) Аршга ғунча бўлиб борган бўлса, Ерга тоза гулистон бўлиб қайтди; зарра бўлиб борган бўлса, порлаган Қуёш бўлиб қайтди.
Унинг Меърожга чиққани ва қайтиб келгани бир онда юз берган бўлиб, ақл бундай тадбирдан ҳайронликда! Қайда ажойиботлар ва мўъжизалар кўп бўлса, уларни идрок этишда ақл ожиз бўлади. У (Пайғамбар)нинг чиқиши ва қайтишига кетган вақт кичикнинг кичиги бўлиб, бу фурсат таҳлилга арзимайди.
Бу бахтли сафар шундай тугаб, қутлуғ йўлбошчи рухсат олди.
Олам подшоҳи тахтида ўлтириб, ҳам ишини интизомга солишда давом этди. Шариат тили кўчирилган дафтарни ўқиб, тириклик суви эса куфр қоралигини ювар эди.