Ҳайратул абрордан наътлар (3)

УЧУНЧИ НАЪТ

Ул нубувват қуёшининг соясизлигининг пояси, балки қуёш бўлмок анинг сояси ва беш бармоғига қалам тутмай ақолими сабъани якқалама қилғони, балки жамиъ милал авроқиға насх қалами чеккони.

Эй шараф авжида юзунг шамъи меҳр,
Соядек ул шамъға нилий сипеҳр.

Соялиғинг бўлмаса гар варзиши,
Тушмак аёғингга нединдур иши,

Турфаки шамъингға бийик поядин,
Ор ўлубон шамъ киби соядин.

Меҳрки чиҳрангдин анга нурдур,
Теграсидин сояси маҳжурдур.

Сенки юз онча санга ҳақ берди нур,
Тонг йўқ агар соядин ўлсанг нуфур.

Соя агар бўлмади шахсингға ёр,
Сояи қадрингда дурур ҳар не бор.

Шамъинга чун нури қидам соядур,
Нурдур улким анга ҳамсоядур.

Соя сифат келди санга анбиё,
Яъни эрурлар қуёшингдин зиё.

Жулваи ҳусн айласа меҳри шариф,
Боис ўлур сояға жирми касиф.

Зотинг эди жавҳари улвий нажод,
Тутмади ер сояси бирла савод.

Қайда савод этгали чеккай рақам,
Қолди чу маҳрум илигингдин қалам.

Бўлмади гар хома бошин ёрмоғинг,
Ёрди қамар хомасини бормоғинг.

Қўймади гар бу қаламинг бир нуқат,
Лек милал насхиға кўп чекти хат.

Юз қаролиқ хома киби қилди фош,
Кимки хатингдин чиқорур бўлди бош.

Тиғи сиёсат бошин этти қалам,
Кимки чиқорди рақамингдин қадам.

Итса қалам қайда ғам ўлди санга,
Чунки жаҳон якқалам ўлди санга.

Хаттингга бош қўйди Ажам то Араб,
Тутмасанг илгингга қалам не ажаб.

Ўпмади илгингни чу нолон қалам,
Мотамий айлабтур они бу алам,

Ким юзин айблаб қаро ғамнок эрур,
Шаққи эмаским, ёқоси чок эрур.

Тутмоғининг андин эди хомани,
Ким ул этибдур қаро кўп номани.

Нома қаро қилғали бўлдик сариъ,
Нома сияҳларға чу сен-сен шафиъ.

Эй ёвумай номаға хоманг сенинг,
Хома йўқу ҳақ сори номанг сенинг.

Ҳақ азалий раҳмати жовиди сен,
Нома қаро қилғон эл уммиди сен.

Кимки амал номасин айлаб қаро,
Сен кириб онинг қаро жони аро.

Кимники гумраҳ қилибон толии,
Жодаи шаръинг ўлуб шории.

Зулмати куфр улки бўлуб жамъ анга,
Ҳар «алиф» исломинг аро шамъ анга.

Барча милалға чу юруб ҳимматинг,
«Лом» ила «те» дин лат уруб миллатинг.

Лотки андин эди динға бало,
Сен ушотиб поясини бўлди ло.

Куфр элига улки бор эрди манот,
Бўйнини сен синдурубон бўлди мот.

Куфр бошин кестинг этиб қаҳр фош,
Бошиға фар қолмади, жисмиға бош.

Хаста Навоий сори наззора қил,
Куфр инониятиға чора қил.

Эт бу иноят била ҳосил ани,
Зумраи ислом аро дохил ани.

УЧИНЧИ НАЪТ

Ул пайғамбарлик Қуёшининг сояси йўқлигининг даражаси, тўғрироғи, Қуёш бўлмоқ унинг сояси эканини ва беш бармоғида қалам ушламаган ҳолда етти иқлимни қўлга олгани, ҳатто барча динларнинг дафтарлари варақларига маън этиш қаламини чеккани ҳақида
Эй шараф кўкида юзи қуёш шамъи бўлган, у шамъга кўк осмон соя сингаридир! Агар сенда соя солиш одати бўлмаганда, оёғинг остига тушиб ётармиди! Шамъинг даражасининг буюклигидан бу соядан сен ор қилдинг.
Чеҳрангдан Қуёшга ҳам нур таралиб, унинг атрофида сояси яқин келолмай, ажралиб юради. Аллоҳ сенга бундан юз ҳисса ортиқ нур берган бўлиб, агар сен соядан нафратлансанг ҳам ажабланарли ери йўқ.
Соя сенинг шахсингга ёр бўлмаса ҳам, аммо бутун борлиқ сенинг қадринг соясидадир. Шамъинг олдида қадимият нури — қоронғиликдан иборат бўлиб, нимаики унга ҳамсоя бўлса, ўша нурдир.
Барча ўтган пайғамбарлар сенга соя сифат бўлиб, бу деганим — улар Сенинг Қуёшингдан чиққан зиёлардир. Олижаноб Қуёш ўз ҳуснини турлича намоён этганда унинг дағал жуссаси ўша сояга сабабчи бўлади.
Сенинг зотинг энг олий насабнинг жавҳаридан бўлгани сабабли Ер сояси билан бирлашмади. Сенинг қўлинг умрида қалам тутмаган, бунинг учун у қандай қилиб қоғозни қора қилиши мумкин! Сен қаламнинг учини ўзинг очмаган бўлсанг ҳам, лекин бармоқларинг Ойнинг қаламини ёрган-ку!
Ушбу қаламинг қоғозга бир нуқта қўймаган бўлса ҳам, бошқа динларни бекор этиш масалалари бўйича кўп нарсаларни битди. Кимки сен хатингда кўрсатган йўлдан чиққан бўлса, қалам каби улар ўзлари ўз юзларининг қоралигини фош этдилар. Кимки сен кўрсатган йўлдан бир қадам чиққан бўлса, қалам ўрнида жазо тиғи бошини кесди-ку.
Агар қалам йўқолиб кетса, бундан ташвишланишга ҳожат йўқ. Чунки жаҳон сенга бўйсуниб бўлган. Сенинг хатингга Ажамдан бошлаб Арабгача бош эгди. Шундай бўлгач, Сен қўлингга қалам тутмасанг, бунга ажабланишнинг ўрни йўқ. Қалам йиғлаб туриб қўлингни ўпмаган экан, бу аламли воқеа уни бир умр азадор қилди. Ким юзини қора қилиб, ғамда экан, бу — унинг юзи ёрилганини эмас, ёқаси чок эканини билдиради. Қаламни қўлга олмаганинг сабаби шундаки, бу қалам кўп тақдирларни қора қилган эди.
Қоғозларни қора қилишга берилиб кетдик. Лекин бахти қораларнинг ҳимоячиси ўзингдирсен.
Сенинг қаламинг хат ёзишга ҳеч яқинлашмади. Қаламинг бўлмаса ҳам, сенинг номаларинг Аллоҳга қаратилган. Сен Аллоҳнинг қадимий ва абадий марҳамати, бахти қаро бўлган одамларнинг умидисен.
Кимнинг умид-истаги бахтсизликка юз ўгирган бўлса, Сен уларнинг бахтсиз жонига ора кирувчисан.
Кимки толеъи паст келиб адашган бўлса, уни фақат шариат қоидаларини тузувчилар қутқара олади. Кимда кофирлик зулмати тўпланган бўлса, (бу қонун-қоидалар ёзилишидаги) ҳар бир «алиф» Исломни шамъдек ёритиб туради.
Сенинг олижаноблигинг барча динларга нисбатан бўлиб, «Лом» ва «т» дан ҳар бир динга зарар бордир.
«Лот»дан динга доим турли балолар юз берар эди. Сен унинг оёғини синдириб, «Ло»си қолди, холос.
Кофир халқининг «Манот» деган бути бўлиб, сен уни бўйнидан синдирганингдан сўнг у «мот» бўлди — енгилди. Сен куфр бошини кесиш билан ўз қаҳрингни кўрсатдинг. Боши шукуҳдан ажралганидан кейин, гавдаси бошсиз қолди.
Хаста Навоийни назарингдан четда тутмагайсен. Унда куфр ва худбинлик бўлса, бунинг чорасини ўзинг қилгайсен. Бундай иноятинг билан уни Ислом жамоасига киритгайсен.