Қор қўйнида лола. Чўлпон

Бир, икки, уч, тўрт... беш; беш... олти! Етти, саккиз, тўққиз, ўн....
Кичкина, қизил ипдан безалган тўп (каптов) алжиб қочиб кетиб, ертўла оғилнинг деворига ёндошиб ўскан ёш қантак ўрикка бориб тегди-да, сакраб ҳовузға «шўп» этиб тушиб ҳам кетди...

Қизлар барчаси бирдан:
-— Вой, ўлақолай, ҳовузға тушиб кетди!—деб қич-қиришиб юбордилар. Тўпни тутиш учун қувалаб бораётғон Шарофатхон ҳам ҳовуз ёнида қотиб қолди...
Тўп сувга шўнғиб кетиб ҳовузнинг ўртасидан чиқди ва қизларнинг ҳавасли, ўйноқи кўзлари олдида гердайиб, секингина суза бошлади.
Барча қизлар сув юзида эркаланиб сузиб юрган тўпга бироз қарашиб турдилар-да, бу орада бир-бирларига боқишиб юмшоққина кулишиб ҳам олдилар.
Тожи қассобнинг кичик қизи Турғунбуш югуриб бо-риб оғилнинг томиға чиқди-да, бир чеккага босиб қўйилғон тут ўтинидан битта узун бутоқни синдириб олиб, ҳовуз бўйига келди ва ҳалиги бутоқ билан сувни ўз томониға торта бошлади; қизлар унинг теграсига дув йиғилиб, тўпнинг сувдан чиқишини кута бошладилар.
Сув ясама оқиш билан қизлар томонға оқа бошлағондан сўнг, ярим белидан сувга кўмилган тўп дам ботиб, дам чиқиб секингина қирғоққа келди. Қизлар қийчув билан ушлаб ҳам олдилар.
Сув билан шалаббо бўлғон тўпни Шарофатхон олди-да, «Ҳу, қочмай ўлгин, тутулдинг-ку!» деб ерга урди. Унинг бу ишига Абдулла жаллобнинг қизи Тўтихоннинг аччиғи келди, дарров бориб ердан тўпни олди ва:
—    Ҳой, бунда нима ёзиқ? Бунинг жони бўлмаса... ўзингиз тушириб, бу бояқишни тағин қарғайсизми?— деб тўпни сувда чайқаб олғондан сўнг, лабини тишлаб, бор кучи билан сиқмоққа бошлади.
—Шарофатхон қизларга қараб:
—    Барибир, қанча сиқиб қуритмоқчи бўлсак-да, ҳўл тўп чиқмайдур, энди бошқа кимнинг тўпи бор?
—    Вой, ўла қолай, ҳеч қайсингларники йўқми? Салтанат, сеники бор эди-ю?
—    Меники бор эди-ю, тунов кун Гулнор ўлгур, йўқотиб келибдир...
—    Бўлмаса, ўйин тугабдир-да?
—    Йўқ, бошқа ўйин қиламиз!
—    Ҳу, ўлақолсун, тўп ўйинидан ҳам яхшиси борми?
—    Ҳай, Шарофатхон, сиз ўзингиз кира қолингиз, ўрус тўпингизни олиб чиқасиз!
—    Ўрустўпим ёрилиб эди-ку...
—    Вой, эссизгина, қачон?
—    Қачонлари-ю...
Шу вақтда боғнинг кичкина эшикчасидан. ҳовруққанча югуриб бир кичкина қиз кела бошлади.
Турғунбуш бирдан:
—    Ҳа, ана менинг синглим чиқиб қолди, уйга тўпга юбораман!—деди. Барча қизлар:
—    Ҳа, ҳа, Фазилатни юборамиз!—дедилар.
Кичкина қиз— Фазилат югуриб келиб опасининг бўйниға осилди.
—    Бир чеккага чиқинг, опа, сизга қизиқ гапим бор.
Барча қизлар бирдан:
—    Қизиғи ўлсин, қизиғи, айтабер барчамизға!
—    Йўқ, опамнинг ўзига айтаман.
—    Бўлмаса, опанг бизга айтиб берадир...
Эгачи-сингил ҳовуз бўйиға кетдилар... Эшмат қоровулнинг мамадана, қизиқ гапларни билатурғон қизи Тиллахон туриб:
—    Қизиқ гапи нима бўлар эди, айтмаса ҳам биламан.
—    Айтчи, билсанг?
—    Нима бўлар эди, Турғунбушга куёв келгандир!— Барчалари кулишдилар. Турғунбуш қайтиб келди-да:
—    Ўла қолсун, Тилла, менга куёв эмас, Шарофатхонга совчи келибдир!—деди. Қизлар бир-бирларига қарашиб олдилар. Шарофатхон қип-қизил қизариб, турғон ерида қотиб қолғон эди.

II

Шарофатхоннинг отаси Самандар ака илгаридан от чиқарғон бир савдогар эди. Шунча оғирчилик йиллар-да, қиймат, касод вақтларида ишини тарақлатиб келиб, охири ўзғон йили эрта баҳорда синғон. Бор-йўғини қарзиға сотиб берганидан сўнг, жуда сўфи бўлиб эшонларникида чувалашиб қолғон эди.
Эрта билан саҳарлаб эшонникига кетар, зикр бўлса-бўлмаса эшоннинг ишини қилиб, кечқурун шомлатиб уйига келар эди. Уйга келгандан сўнг ҳам бир қошиқ қуюқ-суюғи бўлса тотиниб, малла жойнамознинг устига чиқиб ўлтуриб, қаҳрабо тасбеҳни неча давр айлан-тириб «вазифа»ларини ўқур, сўнгра то ярим кеча-саҳаргача ҳўнгур-ҳўнгур йиғлар эди...
Бир кун эшонникида катта ва қизғин бир зикр бўлди. Зикрга бошқа шаҳарлардан ҳам ўтли-нафас билан ўқийтурғон ҳофизлар келдилар. Хонақоҳнинг ичи зич тўлди. Эрта билан бамдоддан сўнг бошланғон «зикр» хуфтонға яқин зўрға тугади. Бир неча киши ўзидан кетиб у ер-бу ерда юмаланиб қолдилар ёнғон сўфилардан бир-иккитаси «жазава»нинг ортиғлиғидан бориб ўзларини ҳовузға ташладилар. Қисқаси, бу кун қиёмат бўлди.
Эртаси куни эрта билан хонақоҳнинг меҳроби олди-да ҳазрат эшон ўлтурганлар, икки ёнларида учтадан олти ҳофиз, бир ўн беш чамаси муридлар...
Эшон қутлуғ бошларини қуйи солиб «сукут»га кетканлар.
Ташқарида тўполон, шовқин, бири қўй етаклаган» бири нон кўтарган, бири кийим сарпо...
Самандар ака хонақоҳдан чиқди, ҳалиги назрларнинг барчасини кўрди, кўздан ўтказди.
—    Ҳа балли, баракалла, Султон Орифнинг жамолларини кўринг!— деб жавраб, ҳазрат эшоннинг қучоғ-қучоғ дуоларини хонақоҳдан чиқариб бериб турғон сўфи кулиб, ўйнаб Самандар акага қаради-да:
—    Ҳа, бой ака, назрдан дарак борми?—деди, Самандар ака дарвозадан чиқар экан:
—    Бўлиб қолар, сўфи!— деди.
Самандар ака уйга келгунча кўнглидаги туйғулар билан тортишиб келди. Ўзининг пири ва устозига тузуккина, каттагина, иложи бўлса бошқа муридлар бера олмағон бир нарса бермакчи эди. Бироқ, уйда арзигудек бир нарса йўқ. Арзийтурғон нарсалари бўлса, барчаси қарзға кеткан... Кўп ўйлади, бироқ ҳеч бир нарсага кўнгли қарор топмади.
—    Агар илгариги вақтим бўлса, ола қашқани тутар эдим...
Кўнгли оғриди, бир замонғи бойлиқлари, давлатлари эсига тушди: ола қашқаси, тўруқ йўрғаси, бўйи тевадек Масков зовуд оти... уч файтўн, ер-суви...

Унча-мунчани беришни ўзига эп билмади. Бошқа назрларни босиб кетгундек бир нарса беришга ўйлар эди.
Бирдан Йўлдош бойвачча эсига тушиб кетди.
—    Йўлдош бойвачча ўн ботмон гуруч, битта яхши улоқчи от, бош-оёқ кийим берди...
Шундай хаёллар билан ҳавлисига етиб, ичкари уйга кирмакчи бўлғон эди, хотини тўхтатди:
— Ичкарида хотинлар бор, сиз ташқари уйга кириб туринг, қўноқларга ош-сув қилғон эдим, мен сизга ош олиб чиқай!
Самандар ака кичкина товоқдағи ошни ёлғиз ултириб емакка тутинди. Ошни яримлатғон ҳам эди, олдига хотини чиқиб қаршисига ўлтирди:
—    Яхши ҳам келиб қолдингиз, отаси, қизингизга совчилар келиб, мен нима дейишни билмай туриб эдим!
—    Ким экан улар, қаердан экан?
—    Анови Азиза отин билан Рустам аканинг хотини... ўзингизнинг эшонингизникидан совчи бўлиб келишибдирлар... Энди эшоннинг ўзлари ҳам «қариб қуйилмағон, ачиб суйилмағон»лар, дея иккита хотинлари устига тағин бу...
Бу сўзни эшитиши биланоқ Самандар аканинг кўзлари чақчайиб кетди:
—    Тўғрими, эшонникиданми, тўғрими? Эшон нега ўзимга мазмун қилмадилар экан?
—    Энди катта одам, мен совчиларга ҳали қизим ёш, энди 17 га чиқди, дедим. Шундай деб жавоб бера қолайми?
Бу вақт кимдир, ташқаридан бир хотин товуши эшитилди:—Қумрибуш, қўноқлар туришдилар!—Қумрибуш ўрнидан турди, эрига бир нима дегандек қаради.
Самандарбой бир ёш қизини, бир эшонни, бояги назр-ниёз масаласини, энг сўнг кимсан ҳазрат эшоннинг куёвликларини ўйлаб турди-да:
—    «Битта қизимиз бўлса, ҳазрат эшонимизға тутдик, садағалари кетсун!» дегил!— деди.
Қумрибуш кутилмаган бу гапдан оқарди, кўкарди, сувратдек қотиб деворга суялиб қолди...

III

Шарофатхон Самандар аканинг битта-ю битта қизи эди. Бу қиз шу тегранинг кўрклиликда, чеварликда, шўхлик ва ўйноқиликда битта-ю биттаси эди. Маҳалла-кўйнинг ўспурунларидан иккита-учтаси бир ерга йиғил-салар, топғон-тутғонлари шул Шарофатхон масаласи бўлур. «Бу қиз қайси худо ярлақағонники бўлур экан? Кимнинг уйини обод қилар экан?» деб бош оғритарлар эди.
Шарофатхоннинг эшонга берилиш хабари чиққондан сўнг, бутун маҳалла-кўй яна бир неча кун шунинг довриғини қилишдилар.
Кўчада қатор-қатор аравалар чопишиб, бир-бирларидан ўзишадирлар.
Ўн-ўн беш аравага тўлғон хотинларнинг тартибсиз «ёр-ёр»лари дунёни бузиб, кўкни кўтариб борар эди.
Сандиқ, кўрпа, гилам, тугун ва бошқа нарсалар юклаган ва юклар устига яна битта-иккита кампир ўтқизган аравакашлар илгаригилардек бир-бирлари билан басма-баслашиб чопишар эдилар.
Шу гулдир-шолдир, шовқин-сурон, қий-чув билан кетаётқон кўч энг сўнг эшоннинг эшигига яқинлашди. Кўчанинг ўртасиға гуруллатиб ёқилғон, алангаси осмонға чиққон ўтнинг теграсига тўпланғон бир тўп эркаклар товушларининг борича «ёр-ёр»ни чўзғон; уларнинг бериги биқинида бошига паранжи ёпинғон, чопон ташлағон, рўмол тутғон хотинлар, келинлар, қизчалар... ўз олдилариға катта тўп бўлиб, улар ҳам «ёр-ёр»ни қўйиб юборғон эдилар.

Тахта-тахта кўпурук тахтинг бўлсин, ёр-ёр,
Пайғамбарнинг қизидек бахтинг бўлсин, ёр-ёр!
Узун-узун арғамчи ҳалунчакка ёр-ёр,
Чакан кўнглак ярашар келинчакка ёр-ёр.

Ўтнинг теграсига тўпланғон эр-хотин барчаси бирдан: «Келин келди, келин келди!» деб юборишдилар. Бир неча йигит қучоқ-қучоқ ғўзапоя олиб чиқиб, ўтнинг ўртасиға ташладилар, ўт яна кучайди, яна аланга берди.
Ҳар ким питирлаб қимирлаб қолди. Болалар қиз келаётғон томонға қараб чопишиб кетдилар.
Шовқин, тўполон орасида аравалар етдилар. Халқ орасида:
—    Ана келин, ана қиз тушган арава!—деган гаплар бошланди.
Аравакаш келинли аравани «намойишкорона» бир суратда ўтнинг ўртасидан отни қамчилағонча олиб ўтиб, эшикка яқин бир ерда тўхтади.
—    Куёв почча, куёв почча! Тақсирим қанилар? Қоч, қоч,— деган товушлар кўтарилди.
Бир вақт оппоқ соқолли, қари, бўшашғон бир чол (куёв тўра) устига зарбоб тўн кийиб, катта ўрама бел-боқ боғлағони ҳолда бирмунча оқсоқол муридлари ўртасида секингина судралиб аравага яқинлашди. Яна халқ ўртасида:
—    Кўтаринг-а, куёв почча, кўтаринг-а!
—    Ўзингизни тетик тутинг, тақсир!
—    Ҳа, тақсир, кўтаринг!
Чол титрак қўлларини аравага узатиб, қизни кўтарди ва бир-икки одум босғондан сўнг ерга қўйди.
Яна халқ чувирлашиб кетди:
—    Баракалла, тақсир, баракалла!
—    Бўш келмадилар тақсирим!
—    Ҳали беллари бақувват экан тақсиримнинг!
Бу шовқин, қий-чув, тўполон ярим кечага бориб тўхтади. Ҳалиги томоша ўрни бўлғон кўчада кишилар ариб, қоп-қоронғи, жимжит бир гўристонга айланди.

IV

Бу вақт эшоннинг эшигидан икки ёш йигит чиқдилар.
—    Ҳўх-ҳў, кўча жуда қоронғи-ку!
—    Шуни айтгил-а, осмонда дориға ҳам битта юлдуз топилмайдур!
—    Юрабер. Бу кеча худди эшонбобонгнинг кўнглидек бўлибдир.
—    Тўғри-я, мен қизға ачинаман, бояқиш келиб-келиб кимники бўлди-я!..
—    Нимасини айтасан, отасининг уйи куйсун, одам эмас экан!
—    Соқолини оппоқ тутадек ҳилиб, неварасидек бир қизни аравадан олишини қара, киши чидамас экан. Шуни бир нарсага ўхшатғум келди-ю, ўхшата олмадим-да!
Шу чоқ бир бурчакда кўча пойлаб ётғон Мамат қоровул йиғлағондай қилиб ҳуштагини чалиб олди-да:
—    Нимасини айтасиз, йигитлар, дунё ўзи шундай тескари дунё экан... Лоланинг устига қор ёғди!..— деди.
Йигитлар жавоб бермадилар ва қоронғилиқ қучоғиға кириб йўқ бўлдилар...