Этма имондин жудо

Инсон қалби имон нури, Аллоҳни зикр этиш лаззати билан пок ва соғлом бўлади. Шундагина унинг ҳаёти ҳам яратилишдан кўзланган асл моҳиятга уйғун кечади. Ҳазрат Навоийнинг қуйидаги ғазали шу ҳақда:

 

Ё Раб, ўлғон чоғда жоним жисми вайрондин жудо,
Ул бўлиб мундин жудо, сен бўлмагил андин жудо.
Чун жудо бўлсам мане ғамнок йўқу бордин,
Не ғамим, сен бўлмасанг мен зори ҳайрондин жудо.
Нақди жон чиққонда иймон гавҳарин кўнглумга сол,
Айлагил жондин жудо, лек этма иймондин жудо.
Хонумондин ойириб қилганда зиндон ичра ҳибс,
Қилма лутфинг мен алохону аломондин жудо.
Ҳашр ғавғоси аро осийлигимга раҳм қил,
Лутф ила илгим тутуб, қил аҳли исёндин жудо.
Гарчи ўлдум кофири ишқ, аҳли Ислом ичра қот,
Ул замонким, бўлғуси кофир мусулмондин жудо.
Элга махлас истасанг, етти тамуғни айла кул,
Айлабон бир шуъла бу оҳи дурахшондин жудо.
Жаннат истаб айлаганларни ибодат, қилмагил
Кавсару тўбию қасру ҳуру ризвондин жудо.
Барчадин айру Навоийга қилиб васлинг насиб,
Қилмағил, ё Раб, ани мундин, муни андин жудо.

Ғазал Яратганга муножот тарзида битилган. Муножот — Парвардигорнинг тенгсиз қудрати олдида ожизлик изҳори. Тазарру ва покланиш истаган инсоннинг Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга айтмайдиган иқрорномаси. Ғазал бизни ўз ҳол-аҳволимиз ҳақида тафаккур қилишга ундайди.

Ё Раб, ўлғон чоғда жоним жисми вайрондин жудо,
Ул бўлиб мундин жудо, сен бўлмагил андин жудо.

Шоир Ҳақ таолога шундай илтижо қилмоқда: «Ё Раб, жоним жисмимдан айри тушган чоғда сен менинг жонимдан жудо бўлмагил. Чунки вақти соати етгач, жоннинг жисмдан ажралиши муқаррар. Бу унчалик ташвишли ҳам эмас. Энг муҳими, менинг жони зорим сендан жудо бўлмаса, бас».

Чун жудо бўлсам мане ғамнок йўқу бордин,
Не ғамим, сен бўлмасанг мен зори ҳайрондин жудо.

Имом Ғаззолийнинг «Дақойиқ ул-ахбор» асарида Мансур ибн Аммор розийаллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадис зикр этилган. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилдиларки: «Агар кишининг умри охир бўлса, унинг ҳоли бешга тақсим қилинади: моли ворисларига, жони Азроил алайҳиссаломга, гўшти қуртларга, устухони тупроққа, қилган яхши амаллари душманларига». Бас, жонини Азроил алайҳиссалом олиб кетар. Не ҳасратда йиққан мол-дунёси ворислар ўртасида тақсим бўлар. Гўшти ни қуртлар еб битар. Устухони ерда чириб тупроққа айланар. Яхшиликларини эса душманлари олиб кетар. Илоҳо, ул вақтда ҳеч банданинг имонини шайтон олиб кетмасинки, бу тақсим қилинган нарсалардан айри тушмоқ билан банда Аллоҳ таолодан жудо бўлмас. Балки унга яқин бўлар. Агар имонидан айрилса, Аллоҳ таолодан жудо бўлар. Бу ҳолдан Аллоҳнинг ўзи асрасин».
Ҳазрат Навоий юқоридаги байтда бу ҳадис мазмунини бадиий шаклда гўзал ифода этганлар.

Нақди жон чиққонда иймон гавҳарин кўнглумга сол,
Айлагил жондин жудо, лек этма иймондин жудо.

Ушбу байт замирида имоннинг нечоғлик улуғ неъмат эканлигига ишора мавжуд. Имом Аъзам раҳматуллоҳу алайҳи «Иймонсиз кетадиганларнинг аксарияти жон чиқар ҳолатда иймонларидан айриладилар», деб марҳамат қилганлар.

Хонумондин ойириб, қилғонда зиндон ичра ҳибс
Қилма лутфунг мен алохону аломондин жудо.

Ҳазрат Навоий қабрни қоронғу зиндонга қиёслайдилар. Унга тушган киши ҳамма нарсадан айрилади. «Алохону аломон» бор-будидан ажралиш маъносида. Модомики, банда оламлар тарбиячисининг лутфига ноил бўлса, бу айрилиқ заррача ҳам қўрқинчли эмас.

Ҳашр ғавғоси аро осийлигимга раҳм қил,
Лутф ила илгим тутуб, қил аҳли исёндин жудо.

Байт мазмунидан шоир ҳам осий, гуноҳкор бўлган экан, «осийлигим» деб иқрор қиляпти-ку, деган мулоҳазага бориш ноўрин. Улуғларнинг ўзларини гуноҳкор ҳисоблашларида ҳам оддий одамлар тушуниши қийин бўлган ҳикматлар бор. Бинобарин, улар Ҳақ таоло зикридан бир лаҳзагина ғофил бўлишни ҳам оғир гуноҳ деб ҳисоблашган. Ҳазрат Навоий мансуб бўлган нақшбандийа тариқатининг асоси «Зоҳирда халқ билан,ботинда Ҳақ билан» бўлиш эканлиги аён. Қуйидаги байт мазмунини ҳам худди шу мезон асосида англамоқ керак:

Гарчи ўлдум кофири ишқ, аҳли Ислом ичра қот,
Ул замонким, бўлғуси кофир мусулмондин жудо.

Кейинги байтларнинг мазмуи-моҳиятини ҳам тасаввуф таълимоти асосидагина тўғри тушуниш мумкин.

Элга махлас истасанг, етти тамуғни айла кул,
Айлабон бир шуъла бу оҳи дурахшондин жудо.

Яъни, «Элга нажот бермоқ истасанг, қалбимдаги ишқ шуъласи билан етти дўзахни куйдир». Тасаввуфнинг бош мақсади муддаоси муҳаббатуллоҳ. Муҳаббат аҳли наинки яралмишлар афзали бўлган инсон қалбига, балки Ҳақ таолонинг қудрат қўли билан яралган ожиз бир чумолига хам озор етишини истамайди.
Тарихчи Хондамир «Макорим ул-ахлоқ» асарида шундай бир ҳикматни келтиради: «Бир куни ҳидоят насабли Амир (Ҳазрат Навоий) аср намозини адо қилганидан сўнг, кундалик одатига хилоф равишда, намозда бўлмаганларни суриштирмади. Тез суръат билан уйига қараб йўл олди. Бирор жойда тўхтамади. У чоқда Амир олдида бўлган одамлар ҳайрон бўлишди. Олий ҳазрат улардаги бундай фикрни англаб, гавҳар сочувчи тил билан шундай деди:
«Мен масжидга келаётганимда, фалон жойда таҳорат қилган эдим, намоз сафида турганимда елкамда бир чумоли кўрдим. Билдим-ки, таҳорат қилган жойда у менга илашган экан. Мабодо у менинг елкамдан тушиб, озор топса ва ўз қавмидан жудо бўлса, уволига қоламан, деб қўрқдим. Шунинг учун намоздан кейин тезлик билан таҳорат олган жойимга бориб, уни уяси оғзига қўйдим ва озор етказиш ташвишидан қутулдим»

Жаннат истаб айлаганларни ибодат, қилмагил
Кавсару тўбию қасру ҳуру ризвондин жудо.

«Жаннат илинжида ибодат қилганларни жаннат боғларидан, Ҳавзи Кавсар сувидан, беҳиштдаги ҳурлар васлидан, ундаги қасрлардан жудо қилма», дея илтижо қилади шоир.

Барчадин айру Навоийга қилиб васлинг насиб,
Қилмағил, ё Раб, ани мундин, муни андин жудо.

Яъни, бошқаларни жаннат ва ундаги улуғ неъматлардан бахраманд қилган чоғингда, ё Раб, Навоийга васлингни насиб этгилки, унинг асл матлуб мақсади сенинг дийдорингдир.
Ҳазрат Навоий Ҳақ ошиғи. Ошиқнинг қалби эса Ҳақ зикридан қувват топади, имон нури билан мунаввар бўлади. Навоий назмининг муҳаббатуллоҳ билан суғорилганига сабаб ҳам шудир.

Нурбой АБДУЛ ҲАКИМ