09:19 / 30.09.2011 · Кутубхона
Машраб Бобоев (1941)

Адиб Машраб Бобоев ўз тенгдошлари орасида кўп қиррали ижод соҳиби эканлиги билан фарқланиб туради. У бир вақтнинг ўзида катталар ва болалар учун шеър ёзади — шоир. Айни пайтда ҳикоялар, қиссалар муаллифи — носир, Яна саҳна асарлари ёзади — драматург ҳам.

У 1941 йили Самарқанд вилоятининг Пояриқ туманида оддий деҳқон, боғбон оиласида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатгач, жамоа хўжалигида аввал тракторчи, кейин эса кутубхоначи бўлиб ишлайди. 1958—1960 йилларда маданий-оқартув билим юртида, сўнг Тошкент Театр ва рассомчилик институти кечки бўлимида таҳсил кўради. Институтни тугатгач, Самарқанд вилояти халқ ижодий уйига раҳбарлик қилади. Туман, вилоят, радио ва рўзномаларда мухбир бўлиб ҳам ўз фаолиятини давом эттиради. Тошкентга келгач, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида, Ғ.Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриётида, «Ёш гвардия» нашриётида муҳаррир, «Шарқ юлдузи» ойномасида адабий ходим бўлиб ишлайди. Ҳозирги кунда шоир ва драматург Машраб Бобоев Маданият ишлари вазирлигида ишламоқда.

Машраб Бобоев шоир ва адиб сифатида 60-йиллардан бошлаб матбуотда кўрина бошлади. Унинг «Онамга хат» номли биринчи шеърий тўплами 1971 йилда нашр этилади. Сўнгра «Баҳор кайфияти» (1972), «Сўз» (1978), «Олисдаги чироқ (1981), «Бағишлов» (1984), «Мен билган сир» (1991) каби бир қанча шеърий тўпламлари босилади. Тўпламдан ўрин олган деярли барча шеърларда шоир яхши одамлар, урф-одатлар, беғубор севги-муҳаббат, келажак орзулар ҳақида тўлиб-тошиб куйлайди.

Машраб Бобоев болалар шоири сифатида «Пахтам менинг — бахтим менинг» (1975) каби қизиқарли шеърий мажмуа ҳам яратган.

Адиб ёш, истеъдодли драматург сифатида ҳам эл-юртга танилган адиблардан бири. У ўндан ортиқ саҳна асарлари яратган бўлиб, булар орасида «Ўттиз ёшлилар» (1976), «Ер томири» (1979), «Гурунг» (1979), «Онаизор» (1985), «Яшасин, афанди» (1985), «Мушкул савдо» (1989) каби песалари кўпчиликка манзур бўлган. Драматург ушбу пъесаларни «Қани, менинг юлдузим» (1987), «Номсиз юлдузлар» (1991) номи билан тўплам ҳолида нашр эттирган. Шулар қатори «Ирода» (1986) номли телеспектакл, «Севги нидоси» (1991, «Сабъаи сайёр» асосида) телебалетининг ҳам муаллифидир.

У моҳир таржимон, ўтли публипист сифатида ҳам баракали ижод қилиб келмоқда. Хусусан, у В.Катаевнинг «Хаёл чечаклари» (1976), О. Чиладзенинг «Рангин дунё» (1973), М. Бсисунинг «Ташриф қоғози” (1978) каби асарларини ҳам ўз тилига ағдарган. Машраб Бобоев кўп қиррали ва сермаҳсул истеъдод эгаси сифатида ҳозирги адабий жараёнда ўз овозига эга адиблар сирасига киради.