Талантли ёзувчи Ўткир Ҳошимов 1941 йили Тошкентда ишчи оиласида тугилди. У ўрта мактабни битиргач, 1959—1964 йиллар Тошкент Давлат дорилфунунининг филология факултети журналистика бўлимида таълим олди. Уткир Ҳошимов «Тошкент ҳақиқати», «Срвет Ўзбекистони», 1966 йилдан «Тошкент оқшоми» рўзномаси муҳарририятида бўлим мудири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари вазифаларида ишлади. Ҳозирги кунда «Шарқ юлдузи» ойномасининг бош муҳарриридир.
Ўткир Ҳошимов ўз ижодини шеър ва очерклар ёзишдан бошлади. Унинг биринчи очерклар тўплами 1962 йилда «Пўлат чавандоз» номи билан нашр этилди. Сўнгра «Чўл ҳавоси» (1963), «Одамлар нима деркин...», «Шамол эсаверади», «Баҳор қайтмайди» (1970), «Қалбингга қулоқ сол» (1973), «Узун кечалар» (1975), «Нимадир бўлди» (1976), «Қуёш тарозиси» (1980), «Дунёнинг ишлари» (1982) ҳикоя ва қиссалар тўпламлари ҳамда «Нур борки, соя бор» (1979), «Икки эшик ораси» (1986) романлари босилиб чиқди. Ҳозирги кунда унинг «Уйқудаги тушлар» романи «Шарқ юлдузи» ойномасида босилмоқда. Унда шахсга сиғиниш ва қатағонлик даври иллатлари ҳақида ҳикоя қилинади. 1974 йили эса «Бировнинг ташвиши» номлй психологик драмаси саҳналаштирилди.
Бундан ташқари, Ўткир Ҳошимов Ўрта Осиё республикаларининг қатор театрларида намойиш қилинган «Тўйлар муборак», «Сиздан угина, биздан бугина» каби пъесаларнинг муаллифидир.
Ўткир Ҳошимов Э. Хемингуей, К. Симонов, А. Куприн, О.Берголтс сингари ёзувчилар асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Асарлари қардош халқлар ва хорижий тилларга таржима қилинган.
Ижодкор 80-йиллар публитсистикаси ривожига салмоқли ҳисса қўшган адиблардан биридир. Унинг одоб-ахлоқ, маънавий олам, миллий қадриятлар, шўро даври адолатсизликларини дадил ёритган очерк ва телекўрсатувлари бу даврнинг баркамол меваларидир.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991) Ўткир Ҳошимов «Дунёнинг ишлари» қиссаси учун Ойбек номидаги (1982) ҳамда «Икки эшик ораси» романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига (1986) сазовор бўлган.