09:16 / 30.09.2011 · Кутубхона
Шукур Холмирзаев (1940)

Шукур Холмирзаев 1940 йили Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида таваллуд топди. У ўрта мактабни тугатиб, Тошкент дорилфунунида таҳсил кўрди. Ижоди ўқувчилик йилларидан бошланди.

Шукур Холмирзаев ҳозирга қадар китобхонларга жуда кўп ҳикоялар, бир неча қисса ва романлар тақдим этди. Унинг илк қиссаси «Оқ отли» тоғ болалари ҳаётидан ҳикоя қилади.

Шукур Холмирзаевнинг талабаликда ёзилган «Тўлқинлар» (1963) повести замондошларимизнинг мураккаб тақдирини қаламга олиниши ва ўзига хос маҳорати билан Абдулла Қаҳҳорнинг эътиборини тортган ва улкан адиб студент Шукурга мактуб битиб, уни қутлаган эди.

Ёзувчининг «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» (1965), қиссаси авлодлар қисматига, аниқроги ўз авлоди — тенгқурлари ҳаётига бағишланган бўлиб, воқелик илк муҳаббат изтироблари тарихида тасвирланади.

Муаллифнинг кейинги ижоди — «Олис юлдузлар остида» «Ҳаёт абадий», «Оғир тош кўчса...» ҳикоялар тўплами, «Сўнгги бекат», «Қил кўприк» «ЙЎловчи», «Олабўжи» романларидир.

Шукур Холмирзаев ижодининг алоҳида хусусияти шундаки, бу адиб ўзбек миллий ҳикоячилик санъатини устози Абдулла Қаҳҳордан кейин янги, юқори босқичга кўтарди. Унинг повест ва романлари ҳеч қолишга сиғмас, теша тегмаган образ, характерларга бойлиги билан ажралиб туради.

Санъаткор драматургияга қўл уриб, «Қора камар» асарида босмачи тамғали ўзбек ватанпарварларини илк бор улуғ озодлик, мустақиллик ғояси учун қаҳрамонона кураш олиб борган фидойи миллатпарварлар қиёфасида ҳаққоний бадиий акс эттириб берди.

Шукур Холмирзаев асарлари турли тилларга таржима қилинган.

Кейинги йилларда адибнинг «Бодом қишда гуллади» (1968), «Сўнмас олов» (1985)ъ «Тогларга қор тушди» (1987) асарлари яратилди. Яқинда эса унинг «Олабўжи» романи нашр этилди. У 1989 йилда Ҳамза номидаги Давлат мукофотига, 1991 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси упвонига мушарраф бўлган.

Шукур Холмирзаев ўзбек адабиёти тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган санъаткорлардандир.