Ўзбек миллий адабиётининг ҳозирги тараққиётини бир қадар истеъдодли адиба ва шоираларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Булар орасида она шоира Зулфиядан тортиб, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиевалар ижоди ўзга бир олам. Гулчеҳра Нуруллаева ҳам ана шу забардаст бир шеърий гулдастага файз киритиб турганлардан. У 1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. Отаси чор-ночор рўзғор тебратган. Онаси эса уй юмуши билан банд бўлган.
Гулчеҳра Нуруллаева 1946—1956 йилларда ўрта мактабда ўқиб, уни олтин медал билан тугатган. 1956-1961 йилларда эса Тошкент дорилфунунининг журналистика бўлимини аъло баҳоларда битирган. Сўнгра «Ўзбекистон хотин-қизлари» (ҳозирги «Саодат», 1961— 1967) ойномасида ўз фаолиятини бошлайди. 1967—1969 йилларда Москвадаги икки йиллик олий адабиёт курсида таҳсил олади. 1967 йилдан буён Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Унинг ижоди асосан 60-йиллардан бошланган бўлиб, биринчи шеърий тўплами «Қуёш табассуми» (1965) номи билан чоп этилади. Шу кунгача ўндан ортиқ тўпламлар нашр эттирди.
«Уларга бу куннинг назари билан қараб, — деб ёзади шоира ўз таржимаи ҳолида, — жуда кўп шеърларимдан воз кечиб турибман. Умуман, Ўзбекистоннинг мустамлака, ўзимнинг қул бўлиб яшаганимни узоқ йиллар билмаган эканман. Биз ташқи дунёдан, ўтмишдан бутунлай узилгандик, империя мафкураси онгимизга ҳар томонлама сингдирилганди. Шу туфайли ҳамма қатори пионер, комсомол, комфирқа аъзоси бўлганман. Халқимиз Паркентда Комфирқа бошчилигида отилганининг эртасигаёқ партия билетини ташладим. Ёзувчиларнинг 1991 йил октябр ойида бўлган Қурултойида менга берилган Ленин комсомоли мукофоти ва «Ҳурмат белгиси» орденидан воз кечиб, уни қайтариб бердим». Ҳа, шундай!
Шоира ана шу шижоат, исёнкорлик, адолат учун жонфидолилик ўзи айтганидек, аввалги кўп шеърларидан ҳам воз кечишга олиб келди. Бироқ, шоира нимадан, қайси шеърларидан воз кечмасин, энг муҳими ўз халқи учун, унинг порлоқ келажаги, бахт-саодати учун шеър ёзишдан бир зум ҳам кечолмади.
Гулчеҳра Нуруллаеванинг «Орзуларим қоқади қанот» (1969), «Ташнаман» (1972), «Иккинчи баҳор» (1973), «Лирика» (1975), «Лети, моя мечта» (1972, рус тилида), «Бағишлов» (1977), «Пахта ҳиди» (1981), «Нурли нуқталар» (1986), «Муҳаббатнинг суврати» (1988) каби тўпламларига кирган ўнлаб, юзлаб шеърлари ўзининг оташ нафаси, даъваткорлиги, самимий ва исёнкор руҳи билан ўз халқи юрагидан чуқур жой олган. Шоира учун бундан ортиқ бахт борми?! У оилали. Турмуш ўртоғи — йўл инженери, қизи дорилфунун талабаси, ўғли эса рассом бўлмоқчи, талаба у. Шоира дейди:
Кимга гул, ким учун балки тиканман,
Юртим, хизматингга ярармикинман?!