Шоир Жамол Камол 1938 йили Бухоро вилоятининг Шофрикон туманидаги Чикарон қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Ота-онадан эрта айрилган Жамол тоғаси қўлида тарбияланди. Ўрта мактабни тугатиб, Бухоро педагогика институтининг филология факултетида ўқиди. Сўнг шу ер да муаллимлик қилди.
Жамол Камол 1965-1969 йилдарда «Бухоро ҳақиқати» рўзномаси муҳарририятида ишлади. А. С. Пушкин номли Тил ва адабиёт институти аспирантурасида ўқиди ва «Лирик шеъриятда композитсия» деган мавзуда номзодлик илмий ишини ҳимоя қилди. Шоир 1970-1972 йилларда Ёзувчилар уюшмасининг Бухоро бўлимида масъул котиб вазифасини бажарди. 1972 йилдан эса А.С.Пушкин номли Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Жамол Камолнинг «Олам кирар юрагимга» (1968), «Чўққиларга ёғилди» (1971), «Тош туғён” (1973), «Ҳасан ва ой», (1974), «Суёш чашмаси» (1975), «Достонлар» (1978), «Тафаккур» (1979), «Сувайдо» (1983) «Умидли дунё» (1988) ва бошқа бир қатор шеърий тўпламлари нашр қилинган.
Жамол Камол мумтоз шеърий анъаналар билан замонавий шеърият тизимини уйғунлаштирган истеъдодли шоирдир. Айни чоғда унинг қўшиқлари ҳам классик мусиқа оҳанглари билан уйғунлашиб, оламжаҳон тароват баҳш этиб келади.
У бир тарихий шеърнинг ҳам муаллифидир. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси мустақил деб эълон (1991, 1 сентябр) қилингандан буён жаҳоннинг 121 мамлакати уни тан олди. Олтмишдан ортиқ мамлакат эса биз билан ваколатхона даражасида битим тузди. Айни чоғда мустақил Ўзбекистонимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо ҳам этиб қабул қилинди. Худди ана шу тарихий кунга шоир Жамол Камол гувоҳ бўлган. Бинобарин, худди шу ерда, шу дақиқада ўзининг «Аввал Ватан, кейин жон» шеърини битиб, ўқиб ҳам берган эди. Унда:
Киприк кетар, кўз қолар,
Қолар Ватан жонажон.
Жамолдан шу сўз қолар:
Аввал Ватан, кейин жон!—
каби юксак туйғулар ўз ифодасини топади.
Жамол Камолнинг публитсист сифатида энг сўнгги асари «Маккайи мукаррама, Мадинайи муннавара» (1992) асарларидир. Унда ҳаж баҳонасида маънавиятимизни қайта баҳолайди, камоли инсон орзуси билан майдонга чиқади.
Жамол Камол таржима билан ҳам шуғулланади. У франсуз мумтоз адабиётининг намояндаси Буалонинг «Шеърий санъат» асарини, озарбайжон шоири Бахтиёр Ваҳобзоданинг Муҳаммад Фузулий ҳақида «Шабиҳижрон» достонини ўзбек тилига таржима қилган.
Жамол Камол 1986 йилда Шекспир трагедияларини инглиз тилидан бевосита ўзбек тилига муваффақиятли ўгиргани учун С.Бородин номидаги мукофотга сазовор бўлган. Яна унга Ўзбекистон халқ шоири (1992) деган юксак фахрий унвон ҳам берилган.