Талантли шоир Барот Бойқобилов Самарқанд вилояти Ургут туманида 1937 йили туғилди. У аввал ўрта мактабда, сўнгра Алишер Навоий номли Самарқанд Давлат дорилфунунида таълим олди. Бир қатор рўзнома ва ойномаларда ишлади. Кўп йиллар партия раҳбарлик органларида ҳам фаолият кўрсатди. У «Мулоқот» ойномасининг ташкилотчиси, биринчи бош муҳаррири ҳамдир.
Барот Бойқобилов талабалик йилларидаёқ шеърлар ёза бошлади. Унинг ҳозирга қадар йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлари, жумладан, «Самарқанд сатрлари» (1962), «Висол» (1965), «Сени излайман» (1968), «Самарқанд ушшоғи» (1969), «Афросиёб» (1970), «Сонетлар» (1971), «Самар ва Қанд» (1973), «Севги хиёбони» (1973), «Шарқий камалак» (1975), «Мени кутинг, юлдузлар» (1976), «Висол ва ҳижрон» (1977), «Табуррук замин» (1982), «Сонетлар» (1982), «Ватан тупроғи» (1983), «Ўзбекистонда ким сокин яшайди» (1990) каби китоблари нашр этилди.
Барот Бойқобилов ўзбек шеъриятида сонет жанрининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Шоир ўзи севган ва тинимсиз машқ қилиб келаётган сонет жанрида жуда кўп шеърлар яратган ва унинг ўзбек шеъриятидаги имкониятини кўрсатиб берди. 1971 йилда нашр этилган «Сонетлар» китоби бу фикрнинг яққол далилидир.
Шоирнинг сонетлари содда услубда яратилган бўлса-да, уларда муҳим мавзулар ёритилган. Ватанга муҳаббат, инсоннинг маънавий дунёси, бурч, севги, виждон — буларнинг барчаси шоирни илҳомлантирган манбалардир.
Барот Бойқобилов ўнлаб поемалар, шунингдек, «Кун ва тун», «Шукуҳли карвон», «Юлдузли осмон», «Нотинч Хуросон» каби шеърий қиссаларнинг ҳам муаллифидир.
Барот Бойқобилов Сарвар Азимов ижоди ҳақида монография ҳамда «Ижоднинг юлдузли онлари» эссесини яратган.
У таржима соҳасида ҳам баракали ижод қилиб жаҳон ҳамда рус классикларининг нодир асарларини, замондош адибларнинг машҳур асарларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгириб келмоқда.