Ҳажвий адабиётимизнинг йирик ва истеъдодли вакили Неъмат Аминов 1937 йил 17 июлда Бухоро вилоятининг Ромитон туманида темирчи оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатгандан сўнг (1954—1959 йилларда) Файзулла Хўжаев номидаги Бухоро педагогика олий билимгоҳининг тарих-филология факултетида таҳсил кўрди.
Неъмат Аминов аввал Бухоро вилояти радио эшиттириш комитетида мухбир, сўнг Шўро Армияси сафларида хизматда бўлди. 1973 йилда у Тошкентга — «Муштум» ойномасига ишга таклиф этилади. Ойномада 1985 йилгача масъул котиб бўлиб ишлайди. 1989 йилда «Шарқ юлдузи» ойномасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасини бажарди. 1989 йилдан «Муштум» ойномасининг бош муҳарриридир.
Унинг дастлабки ҳажвияси 1965 йилда «Устоз аълам?» номи билан «Муштум» ойномасида босилиб чиққан. Адибнинг биринчи ҳикоялар тўплами — «Икки пуллик обрў» (1966) унга обрў келтирди. Шундан кейин ҳажвчининг «Қирқ учинчи почча» (1970), «Лабиҳовуз хандалари» (1973), «Жигари тўкилди» (1974), «Тилла табассумлар» (1977), «Чинорлар қўшиғи» (1984), «Елкасиз полвон» (1986), «Ўғри мушукча» (1987), «Қаҳқаҳа» (1987), «Яллама ёрим» (1988), «Чолболанинг эртаклари» (1990) китоблари босилиб чиқди.
Неъмат Аминов (Шакар Деҳқон) устозлари Ғафур Ғулом ва Саид Аҳмадлар сингари ўз ҳажвий ҳикояларини оғзаки ҳикоялаш санъати устаси ҳамдир.
Неъмат Аминовнинг адабиётга ҳиссаси ҳақида гапирганда унинг «Ёлғончи фаришталар» (1976-1984) деб номланган йирик сатирик асари биринчи бўлиб тилга олинади. Асар яхлит бир мақсадга қаратилган «Елвизак» ва «Суварак» қиссаларидан иборат.
Неъмат Аминов ўзининг «Ёлғончи фаришталар» китоби учун 1987 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги мукофотига сазовор бўлган.
Неъмат Аминовнинг ҳикоялари рус, украин, белорус, тожик, туркман, озарбайжон, грузин, қолмиқ тилларига таржима қилинган. Бундан ташқари, поляк, болгар, румин, чех, мўғул, афғон, уйғур, урду тилларида ҳам унинг асарлари босилган.
Ҳажвиётчи адиб Саид Аҳмад, Саъдулла Сиёев, Анвар Муқимов, Анвар Обиджонлар қаторидаги ноёб истеъдод соҳиби сифатида ўзбек адабиёти сатира ва юморини ривожлантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ана шу улкан хизматлари учун унга Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони (1992) берилди.