Миразиз Аъзам ҳам болалар, ҳам катталар шоири, айни чоғда ўткир публитсист, етук таржимон ҳамдир. У 1936 йили Тошкентда таваллуд топган. Тошкент Давлат дорилфунунини тугатгач, Тошкент телестудиясида, «Ғунча» болалар ойномасида, сўнгра «Ёш гвардия», Ғафур Ғулом нашриётларида муҳаррир бўлиб ишлаган. Кўп йиллар Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи, саркотиб ёрдамчиси бўлиб ишлаган.
Унинг ижоди талабалик йилларидаёқ бошланган. Унинг биринчи шеъри 1960 йилда «Ғалати туш» номи билан чоп бўлган. Кейинчалик у 1972 йилда алоҳида китоб ҳолида болаларга совға қилинган. Унинг биринчи шеърий тўплами «Металлург» (1964) номи билан чоп бўлган. Шундан сўнг болалар учун «Ақлли болалар» (1969, достон), «Сенга нима бўлди» (1970), «Ер айланади» (1973), «Ерга довруқ соламиз» (1970), «Бир чўнтак ёнғоқ» (1990, сайланма) каби бир қатор ажойиб шеърий тўпламлари босилиб чиқди. Уларда болаларнинг қалби ва туйғулари орқали оламни, одамни билишга, яхшилик билан ёмонликни фарқлашга, ҳалол ва покиза меҳнатни улуғлашга интилади.
Адиб катталар учун ҳам бир қатор салмоқли шеърий гулдасталар яратган. Жумладан, «Севаман» 1977), «Туйғулар» (1980), «Сабот» (1983) каби тўпламларидаги кўпчилик шеърлар ўзининг ҳаётий ва жозибалилиги билан ўқувчи қалбини забт этади.Шоир ана шу шеърий тўпламларидаги энг яхши шеърларини ва янги ёзилган асарлари сарасини ўзининг «Ҳақиқатнинг кўзлари» (1988) сайланмасига жамлаб, талабчан ўқувчисига ҳавола этди.
Миразиз Аъзам ҳароратли, шижоатли публитсист ҳамдир. Унинг маданий-адабий меросни кўз қорачиғидек асрашга даъват этувчи бир қатор тарихий-адабий мақолалари шулар жумласидандир.
Адиб моҳир таржимон, адабиёт ва маданиятнинг ҳормас таргиботчиси ҳам. Унинг турк, рус, немис адибларидан қилган таржималари, айниқса, ислом маданиятига оид таржималари қўпчилик мутахассис ва оддий ўқувчи ихлосини орттирди.
Миразиз Аъзам ижоди гуллаган, сермаҳсул, серфайз бўлишига ишонса бўлади.