Нормурод Нарзуллаев ўзбек адабиёти тараққиётига ўзининг кўп қиррали ижоди билан баракали ҳисса қўшиб келаётган шоирлардан биридир.
У 1934 йилнинг 7 июлида Қашқадарё вилояти Касби туманидаги Хўжаҳайрон қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келди. У етти йиллик маълумотни ўз қишлогидаги мактабда олди. 1948 йилда Охунбобоев номли Қарши педагогика билим юртига кириб ўқиди. 1956 йилда Самарқанд Давлат педагогика институтининг Тил ва адабиёт факултетини имтиёзли диплом билан битирди.
Меҳнат фаолиятини 1956 йилдан бошлади: «Ленин йўли» (Самарқанд), «Қашқадарё ҳақиқати» (Қарши) рўзномаларида мусаҳҳиҳ, адабий ходим, бўлим мудири ва масъул котиб вазифаларида ишлади. 1968—1969 йилларда Алишер Навоий номли Самарқанд Давлат дорилфунунининг ўзбек адабиёти кафедраси аспирантурасида ўқиди.
Нормурод Нарзуллаев 1969 йилда Ўзбекистон КП Самарқанд шаҳар комитети пропаганда ва агитатсия бўлимининг мудири бўлиб ишлади. 1970 йил январидан 1974 йил июлигача Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети маданият бўлимининг инструктори, сектор мудири лавозимларида хизмат қилди. 1974 йилда Ўзбекистон ССР Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари ва Раёсат аъзоси этиб сайланди. 1976 йилдан 1981 йилгача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб ва котибиятнинг аъзоси вазифаларида ишлади.
Шоир 1981 йил декабрида Ўзбекистон ЛКСМ Марказий Комитети «Ёш гвардия» нашриёти бош редактори этиб тасдиқланди. 1991 йилдан эътиборан Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи «Камалак» нашриётматбаа бирлашмасининг бош муҳаррири вазифасини бажармоқда.
Шоир ижодий фаолиятини 1954 йилдан бошлайди, вақтли матбуот саҳифаларида унинг илк шеърлари босилади. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида шоирнинг илк шеърий тўплами — «Суюнчи» (1965) босилиб чиқади. Бугунга қадар шоирнинг ўттизга яқин китоблари босилган. «Сизни Ватан эркалар» (1966), «Меҳр чашмаси» (1970), «Зарафшон зарлари» (1970), «Уфқларда кўзларим» (1973), «Ёғду» (1974), «Нигоҳлар» (1976), «Лаҳза ва ларза» (1978), «Севги сеҳри» (1981), «Оқ саманим» (1982), «Тонг элчиси», (1984), «Шамолни ушлаган бола» (1985), «Яхшилик деб яшайман» (1987), «Аниқ зақт» (1989) каби тўпламларнинг муаллифидир. Шоирнинг рус тилида «Високое солнсе» (1974), «Добрий свет» 1977), «Поёт дутар» (1977), «Мгновение» (1982), «Дихание трав» (1983), «Малчик поймавший ветер» (1990) китоблари чоп этилган. Бундан ташқари, шоирнинг «Муҳаббатдан туғилгай» китоби озарбайжон, «Қўшчинор» тўплами тожик тилида нашр этилган.
Нормурод Нарзуллаев асарлари чет эллик шеърият мухлисларига ҳам яхши таниш: унинг шеърлари инглиз, ветнам, чех, немис, поляк, турк, ҳияд, испан, франтсуз каби тилларга таржима қилинган.
Нормурод Нарзуллаев адабиётга оид бир қатор илмий, адабийтанқидий мақолалар муаллифидир. «Халқ булбули», «Дўстлик мушоираси» ҳужжатли филмлари ссенарийси, «Виждон исёни» драмаси ҳам унинг қаламига мансуб.
Нормурод Нарзуллаев «Нарзий» тахаллуси билан қўшиқнавис шоир сифатида машҳур. Унинг шеърлари асосида яратилган кўплаб қўшиқлар Бутуниттифоқ ва республика конкурсларида махсус соврин ва дипломлар билан тақдирланган. Айни пайтда шоирнинг 200 дан ортиқ қўшиқлари муваффақият билан ижро этилмоқда.
Нормурод Нарзуллаев бадиий таржима соҳасида ҳам самарали ижод этмоқда. Айниқса, Осиё ва Африка мамлакатлари шоирларининг ижодидан қилган таржималари ўзбек китобхонларига манзур бўлди.
Ижодкор 1974 йилда «Меҳр чашмаси», «Зарафшон зарлари», «Уфқларда кўзларим» шеърий тўпламлари учун Ўзбекистон Ленин комсомоли мукофоти лауреати унвонига сазовор бўлган.
1984 йилда Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвони берилди.
Нормурод Нарзуллаев ўз овози ва ижод дастхатига зга серқирра ижодкор бўлиб, унинг асарларида юксак гражданлик, самимият, бурчга садоқат, Ватанга муҳаббат, жонажон ўлка табиатига, ўз она элига мафтункорлик туйғулари етакчи ўринни эгаллайди. Чиндан ҳам у ўзи айтганидек:
Қанот бўлиб келдим дунёга,
Қўшиқ бўлиб қолайин, дейман!,— деганда ҳақ.