Одил Ёқубов Қозоғистон Республикаси Чимкент вилояти Туркистон туманининг Қарноқ қишлоғида хизматчи оиласида 1926 йили туғилди. 1944 йилда ўрта мактабни тугатиб, 1945—1950 йилларда Қизил Армия сафида хизмат қилди. Ёш аскар совет-япон уруши муҳорабаларида иштирок этади.
1951—1956 йилларда у Ўрта Осиё Давлат дорилфунунининг филология факултетида ўқийди. 1955—1959 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи, «Литературная газета»нинг (1959— 1963, 1967—1970) республикамиздаги махсус мухбири, «Ўзбекфилм» киностудиясида ва Республика кинематография қўмитасида бош муҳаррир, Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир (1970—1982) ўринбосари бўлиб ишлади. Сўнгра «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» рўзномасининг (1982—1989) бош муҳаррири бўлиб хизмат этди. Ҳозирги даврда у Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг фахрий раисидир.
Одил Ёқубовнипг биринчи йирик асари — «Тенгдошлар» повести 1951 йилда босилиб чиқди. Унинг «Чин муҳаббат», «Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди» (1958) каби комедиялари Ҳамза номидаги ўзбек академик драма театри саҳнасида қўйилди.
1956 йилда «Икки муҳаббат» номли насрий асарлар тўплами нашр этилди. Кейин бирин-кетин «Бир фелетон» қиссаси (1961), «Муқаддас» (1963), «Санот жуфт бўлади» (1969), «Биллур қандиллар» (1975) каби қиссалари чоп қилинди. Одил Ёқубовнинг «Ер бошига иш тушса» (1969) номли романи Улуғ Ватан уруши йилларидаги воқеликни акс эттиради.
«Қанот жуфт бўлади» (1969) повести врачлар, меъморлар, ишчилар мавзуи билан бирга мураккаб ижтимоий ва ахлоқий муаммоларни ҳал этишга бағишланган. Муаллиф унда равшан, эсда қолувчи образлар яратган. «Излайман» повестида 1945 йил япон милитаризмига қарши кураш воқеалари акс эттирилади. У маълум маънода автобиографик асар ҳамдир. Чунки, муаллифнинг ўзи ўша воқеаларнинг жонли гувоҳи.
Ёзувчи кейинги йилларда яратилган «Улуғбек хазинаси» романида (1974) улуғ ўзбек астрономи Улуғбек ва унинг ўғли Абдуллатиф ўртасидаги зиддиятларни кўрсатиб, прогрессив ва реактсион кучлар орасидаги курашларни тасвирлайди. Романда Улуғбекнинг истеъдодли шогирди, машҳур олим Али Қушчининг ҳам улуғвор образи яратилган.
Бошқа бир йирик асари — «Кўҳна дунё» романида Ўрта Осиёнинг икки буюк алломаси Беруний ва Ибн Сино ҳаёти ва фожеали тақдири қаламга олинади. Уларнинг жаҳон илми-фани тараққиётига қўшган буюк ҳиссаларини умумлаштиришга интилади. Шунингдек, Одил Ёқубов замонавий мавзуларда ҳам «Диёнат» (1973), “Оққушлар, оппоқ қушлар” (1988) каби йирик полотнолар яратди. Агар ёзувчи ўзининг «Диёнат» романида адолатнинг ноҳақлик, тубанлик устидан ғолиб келишини кўрсатса, «Оққушлар», оппоқ қушлар» романида эса турғунлик даври иллатларини, илдизи ва оқибатларини рўйи-рост гавдалантириб беради. Ҳар икки ҳолда ҳам замондошларимизни маънавий, ахлоқий покизаликка даъват этади.
Одил Ёқубов республикамиз театрларида намойиш қилинган «Айтсам тилим куяди, айтмасам дилим» (1956), «Юрак ёнмоғи керак» (1957), «Олма гуллаганда» (1960) ва бошқа пъесаларнинг муаллифидир. У моҳир таржимон, мунаққид, публитсист сифатида ҳам баракали ижод қилиб келмоқда.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1985) Одил Ёқубов Меҳнат Қизил Байроқ ордени ҳамда Япония устидан қозонилган ғалаба учун медали билан тақдирланган. «Улуғбек хазинаси» романи учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.
Ижодкор, муҳаррир, носир, Ёзувчилар уюшмаси бош котиби вазифаларида хизмат қилиб келди. Шу кунларда Одил Ёқубов Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси қошидаги республика Атамалар комитетига раҳбарлик қилмоқда.