Навоий меросини муаззам уммонга ўхшатишади. Зангори осмон остида чайқалиб турган баҳри муҳитнинг шиддаткор тўлқинлари қуёшнинг мунаввар нурлари билан қоришиб, борлиққа ёрқин ифор таратади. Кўзни қамаштириб, кўкка ўрлаётган томчиларнинг ҳар бирида илоҳий нур жилваланади. Навоий мероси ана шундай боқий, мафтункор. Бу табаррук зот ижодини ўрганган кишиларнинг қайта-қайта ҳайратга тушавериши сабаби ҳам шунда.
Ҳар бир тамаддуннинг ўз бунёдкорлари бўлар экан. Яратганнинг бандаларига марҳаматими, ё шунчаки тасодифми, тарих зарвариқларида уйғониш — инсониятнинг олтин асри номи билан қайд этилган IV асрда — айнан Алишер Навоий яшаб ижод қилган даврда дунёнинг нариги чеккасида яна бир даҳо ижодкор (не ажабки, унинг номида ҳам шер бор) Леонардо да Винчи (1452-1519) яшаётган эди. Рассом, олим, шоир, ҳайкалтарош, муҳандис, ихтирочи, архитектор, мусиқачи бўлган италиялик даҳонинг ҳаёти қилган кашфиётлари жуда кўп марта тадқиқ этилган. Ҳаёти баётига, баёти ҳаётига айланган бобокалонимиз даҳоси ҳам Леонардоникидан асло кам эмас. Фақат етарлича тадқиқ этилмаган холос.
Навоий ҳам барча фанлар билан шуғулланди — илми нужум, мусиқа, табобат, луғатшунослик, ўқ отиш санъати, адабиёт назарияси, қушлар ҳаёти — зоология. Хусусан, унинг тасвирий санъатда ҳам машқлар қилиб тургани, ҳатто Ҳусайн Бойқаронинг суратини чизгани ҳақида манбалар гувоҳлик беради. Леонардонинг сирли табассуми (Мона Лиза) каби Навоийнинг ўз қўли билан чизган занжирбанд шер сурати ҳам мана беш асрдирки, такрор-такрор мунозаралар манбаига айланиб келади. Бу буюк зот мусиқа илмида ҳам ноёб истеъдод соҳиби бўлиб, бир қанча куйлар ижод қилган. Шунингдек, бош меъмор сифатида ўз маблағи ҳисобидан кўприк, тегирмон, ҳаммом, боғ, мақбара, масжид, шифохоналар барпо этди, ариқлар қаздирди. Бунёд этган иншоатларининг аксариятининг тархини ўзи чизди, тузатди.
«Лисон-ут-тайр»да (насрий баёни) ўқиймиз: «Инсон кўнглини турли билимлар хазинаси қилди ва бу тилсим ичида Аллоҳ ўзини яширди». Не ажабки Навоийнинг ёзганлари ҳам шунчаки шеърий ҳавас ёки биргина маъно англатувчи сўзлар кетма-кетлигидан иборат эмас, рамзий-мажозий мазмуни кўп қатламлидир. Ҳар бир байти мўъжизага менгзагулик сатрларидан илоҳий донишмандлик уфуриб туради. Шеърият султони таҳайюл отида шунчалар узоқларга парвоз этолганки, унинг олдида нафақат тезлик, балки вақт — асрлар ҳам чикора. Масалан, манзумаларида даври учун бутунлай бегона бўлган турли тимсоллар (образ) учрайдики, гўё Навоий тафаккур ғаладонида бунёд бўлган илмий кашфиётларини, башоратлари ва фаразларини сатрлари қатига сингдириб юборгандек. Масалан, мутафаккирнинг гўзал ғазалларидан бирида шундай сатрлар мавжуд:
Хилъатим то айламиш жонон қизил, сариғ, яшил,
Шулаи оҳим чиқар ҳар он қизил, сариғ, яшил.
Шишадек кўнглимдадур гулзори ҳуснинг ёдидин,
Тободонинг аксидек алвон қизил, сариғ, яшил.
Ғазалда инсон руҳий ҳолатлари нозиклиги, сирлилиги, ташқи дунё ва одам сурати билан уйғунликда экани жуда нозик ҳолатда тасвирланган. Шоир танлаган уч ранг қизил, сариқ, яшил — ўзининг барча товланишлари билан номоён бўлади. У гарчи ёр тавсифига бағишланган бўлса-да, юқоридаги сатрларни ўқиб, сизнинг хаёлингизда ҳам бугун бутун дунёда машиналарнинг қатновини тартибга солиб турган светафор гавдаланганига шубҳа йўқ. Тўғри, бир қарашда бу шеър ва светафорнинг бир-бирига умуман алоқаси йўқдек туюлади. Аммо ранглар силсиласи, уларга юкланган вазифа иккисини бир-бирига боғлаб турганини илғаш у қадар қийин эмас. Маълумки, қизил ранг тақиқ белгиси, ёр дастлаб ошиқнинг севгисини рад этади, ноз қилади. Сариқ ранг тайёргарлик, ошиқнинг ранги сарғайиб фиғони кўкка ўрлайвергач, жононанинг кўнгли ҳам унга илий бошлайди. Яшил ранг бу йўл очиқ дегани. Ғазалда ҳам ёр турфа ранглардаги кийимларда кўриниш бериб, ошиқнинг кўнглини эзади. У яшилликка бурканганда васл айёми бошланади. Дарвоқэ, Навоий байтларида илк бор намоён бўлган бу рамз — светафор америкалик олим Гаррет Морган томонидан 1916 йилга келибгина кашф қилинди.
Энди мана бу сатрларга (Фавойид-ул-кибар) эътибор қаратайлик:
Нега таркинг этмай, эй чархки: шому ахтарингдин —
Қародур юзинг, валекин... оқ эрур юзингда холинг!..
Мазкур байтнинг иккинчи мисрасида фототасвир ибтидоси — негатив кўринишлар (оқ рангнинг қора, қора рангнинг оқ бўлиб кўриниши) ҳақида гапирилаётгандек гўё. Ўрни келганда эслатиш жоиз, биринчи фотоаппарат француз олими Луи Жак Даггер томонидан 1839 йилда кашф қилинди. Илк негативлар ҳам айнан шу йили Фокс Тальбот томонидан ихтиро этилди. Навоий эса улардан деярли 350 йил олдин бу ҳақда маълумот беряпти.
Барчага яхши маълум, 1928 йилда Тошкентда ихтирочилар Б.Грабовский ва И.Белявскийлар электр-нур ёрдамида ҳаракат қилаётган тасвирни бир жойдан узатадиган ва қабул қиладиган аппарат яратиб, уни муваффақиятли синовдан ўтказдилар. Юртимиз пойтахти телевидениэ ватани сифатида тан олинди. Аммо Навоий улардан ҳам анча йиллар олдин буни кўра олганди. Сўзимиз исботи учун «Фарҳод ва Ширин» достонидан олинган қуйидаги мисраларни келтириш кифоя:
Ғаройиб кўп ҳувайдо бўлғусидир,
Бас, анда шакл пайдо бўлғусидир...
Кўруниб ҳар замоне — кўзга бир шакл,
Кўз олғоч — бўлғусидир ... ўзга бир шакл!..
Чу бўлди жилвагар ошкор юз навЪ,
Анга ҳам бўлғуси — тимсол юз навЪ!..
Маълумки, экранда кадрлар бир секундда 24 маротаба алмашади ва жонли тасвир кўринади. Шакл бу кадрлар десак, уларнинг алмашинувидан турли-туман ғаройиботлар, жонли суратлар, рангин қиёфалар силсиласи намоён бўлади. Энг ажабланарлиси, Навоий бу қурилмани ҳам ўз ҳолича «Ойнаи жаҳон» деб номлайди. Фарҳод узоқ Арман ўлкасининг маликаси Шириннинг ҳусну жамолини айнан шу восита орқали кўриб, унга маҳлиё бўлиб қолади.
«Фарҳод ва Ширин» достонини мутолаа қилишда давом эцак, бугун тилимиз анча келишиб қолган ХХ аср яратиқларидан бири — роботлар ҳақидаги сатрларга ҳам кўзимиз тушади:
Бўлур дарвоза ичра ошкоро,
Темур жисмики қилмиш пайкар оро.
Эрур одамға монанду мушобиҳ,
Илгида темурдан ёй қилиб зиҳ.
Ва лекин ушбу пайкар рой то фарқ,
Бўлиб ўтдек темур ўрчин аро ғарқ.
Маъноси шундай: «У одамга жуда ҳам ўхшар, қўлида ўткир ўқ тортилган темир ёйни ушлаб турар эди. Бошидан оёқ совутга ўралган бу темир одам ич-ичидан ёниб турарди».
Хамсанинг тўртинчи достони «Сабъаи сайёра»да эскалатор ва лифт ҳақидаги фаразларни ўқиган машур шарқшунос олим Бертелс ҳам ҳайрат оғушида қолганини яширмаган экан.
Поялар мақдамида бўлғай паст,
Айлагай бир-бири юзига нишаст.
Чун секиз поя қатъ бўлди тамом,
Айлагач шоҳ ўз ерида мақом.
Яна ул поялар баланд ўлғай,
Тахтидин шоҳ баҳраманд ўлғай.
Ким, қаён шаҳ бўлур нишотангез,
Оз ишорат била югургай тез.
Маъноси шундай: «Шоҳ бу тахтга чиқадиган бўлса, пиллапоялар унинг қадам қўйиши учун пасайиб, бир-бирининг устига ётади. Шоҳ шу 8 поянинг ҳаммасини босиб ўтиб, ўз тахтига ўтиргач, у зиналар яна баланд кўтарилади. Шоҳ қай тарафга қараб ўтиришни хоҳласа, озгина ишорат кифоя. Тахт ўша тарафга қараб айланади». Бу ерда кейинги асрларнинг, янаям аниқроғи — 1892 йилда америкалик кашфиётчи Жесси Рено томонидан ясалган эскалатор ҳақида гап кетаётганига шубҳа йўқ.
Хамсанинг бешинчи достони бўлмиш «Садди Искандарий» ҳам бундай тимсол ва мажозлар билан тўла. Масалан, Искандарнинг сув тубига тушиш учун шишадан махсус ноёб аппарат ясатгани ҳикоя қилинади:
Қилиб сув тубин кўрмак андишае,
Ҳамул ҳикмат аҳли ясаб шишае.
Кириб шишаға ранжу ташвир ила,
Анинг оғзин беркитиб қийр ила,
Танобеки, бўлғай неча минг қари,
Эшилган, келур чоғда дарё сари
Бир учин қилиб шиша давриға руст,
Яна бир учун туттуриб элга чуст.
Бу янглиғ қилиб чўкти дарё қуйи,
Ани қаъриға чекти дарё суйи.
Ғаройибики, дарёда бўлғай ниҳон,
Анга зоҳир ўлди жаҳон дар жаҳон.
Маъноси қуйидагича, «Сув тубин кўриш орзуси (Искандарда) туғилди. Олимлар тез орада шишадан бир идиш ясадилар. Искандар хавф-хатар билан шиша ичига кирди. Унинг оғзини мум ва пўкак билан мустаҳкамладилар. Денгиз суви уни ўз қаърига тортиб кетди. Шундай қилиб, сув тубида номаълум бўлмиш бутун ғаройиботлар бошдан оёқ намоён бўлди». Тасаввур қудратини қарангки, Навоий — батискафни ихтиро қилган (1948 йилда) швейцарялик олим Огюст Пикардан роппа-роса 463 йил олдин сув тубига тушувчи қурилма, унинг шакли, қисмлари ҳақида ёзиб қолдираяпти.
Навоий асарларида бугунги замонавий автомобилларнинг матори-двигетилига ўхшаш нарса ҳақида ҳам сўз кетади:
Ичинда намудор андоқ тилсим,
Ки ул ҳуфра кунжида бир рўй жисм.
Киши ҳайъати бирла жунбушнамой,
Ул оташгоҳ ичра ҳароратфизой.
Ясаб олида дам била кўрае,
Ҳамул кўра жисмида мошурае.
Чу ул кўрау дамға айлаб ситез,
Бу мошура нафхи қилиб шула тез.
Сатрларнинг насрий баёни шундай: «Тилсим чуқурнинг бир бурчагига жойлаштирилган бўлиб, кўринишидан одамнинг гавдасига ўхшайди. Ўша кишининг ҳайбатига ўхшаган тилсимнинг қайнашидан ўтхонада ҳарорат ҳосил бўлади. Ўшанинг ёнида бир дам билан қўра бор, шу қўрага ҳаво берадиган бир най ўрнатилган. Шу дам билан қўранинг ҳалиги найи орқали пуфланиб, унинг ичидаги олов билан туташтирилади».
Кейинги саҳифаларда бугун уйларимизга ҳам иссиқлик ҳам муздек ҳарорат бахш этиб турувчи кондиционер (1915 йилда француз олими Жанн Шабаннес биринчи кондиционерга патент олган) ҳақида гап кетади:
Ки ҳар сори лавҳе эрур таъбия,
Бирида елу бирда ўт таъмия.
Маъноси шундай: «Чоҳнинг икки ёнига яхшилаб қараса, бирига ўт, иккинчисига ҳаво деб ёзиб қўйилган. «Фарҳод ва Ширин»дан олинган мана бу байт ҳам унга ҳамоҳанг жаранглайди:
Кетурдилар ҳакими нуктадони,
Билик бирла жаҳон ичра жаҳоне!..
Қилиб тунни — ёруғ, кунни қоронғу,
Сувдин — ўт ёндуруб, ўтдин — сепиб сув.
Маълумотларга кўра, 1763 йилда илк бор урушда кимёвий-бактериалогик қуролдан фойдаланилган. Ўшанда ҳам европалик истилочилар Америка қитъасида ҳинду қабилаларини бўйсундириш учун эпидемия тарқатувчи касалликдан фойдаланишади. Навоий эса ХВ асрдаёқ хотирани йўқотувчи, кишини манқуртга айлантирувчи кимёвий восита ҳақида маълумот берган:
Бориб тушти аъдо аросиға чуст,
Азим ун чиқорди тегиб ерга руст.
Деган тўрт иш тутти андин вужуд:
Садоу афан, ис била ўту дуд.
Садо ботил этти фусунларни пок.
Ўти куйдуруб қалъани қилди хок.
Фусунгар юзин дуди этти қаро,
Иси қўймади нукта хотир аро.
Маъноси шундай: «Коптоксимон қурол осмонга учиб, душманнинг бошига етди ва ерга қаттиқ тегиб, портлади. Ундан даҳшатли садо чиқди. Яна саркаш ўт, қоп-қора тутун ва бадбўй ҳид чиқарди. Садо сеҳрларни тамоман ботил қилди, емирди. Ўт ҳаммаёқни куйдириб, қалъани хароб айлади. Тутун сеҳргарларнинг юзини қорайтирди. Ҳид уларнинг миясидаги хотирани йўқотди».
Одатда даҳолар ўз ўлимини олдиндан билади, дейишади. Рус шоири Александр Пушкиннинг (дуэлда вафот этган) “Евгений Онегин” асарида Ленский образида ўз ўлими манзарасини тасвирлагани, Шоҳ Машраб (Балх ҳокими Маҳмуд Қатағон томонидан 1711 йил дорга осилади) нинг «Мансури Халлождек ичир шароби антахур, Чарх уриб йиғлаб турурман ушбу дам дор остида» деб нола қилиши ҳам сўзимиз исботи. Навоий ҳам бундан мустасно эмас, албатта. У ўзининг «Фавойид ул-кибар» — «Кексалик фойдалари» девонида 45-60 ёшни умрнинг қиши ҳисоблайди. Олтмиш ёш ҳақида гапирганда «жон бермоқ» истилоҳини истифода этади. Хўш, ўйлаб кўрингчи, Навоийнинг устози Лутфий 99 йил умр кўрганида, Навоийга бу ёшда ўлим ҳақида гапириш нега керак бўлди экан?..
Тақдирнинг ажаблигини қарангки, у ҳам роппа-роса олтмиш йил умр кўрди. Манбаларда ёзилишича, Навоий бошқа мулозимлар билан 1500 йил 29 декабр куни Астрабод юришидан қайтаётган Ҳусайн Бойқарони кутиб олгани чиқади. Шоҳ билан кўришаётганда, Бойқаронинг қўлига йиқилади. Навоийни тезда Ҳиротга олиб келишади. Шоирда сакта (инсульТ) касали аломатини пайқаган тарихчи Хондамир ўша заҳотиёқ қон олишни тавсия қилади. Аммо табиб Абдулҳай Туний бунга қарши чиқади. “Ҳиротдаги табиблар йиғилишида ҳал қиламиз”, дейди у. Бойқаро ҳам қон олинглар, деб буюрганида вақт қўлдан берилган эди. Шоирнинг томиридан қон чиқмайди. Шу тариқа 1501 йилнинг 3 январ куни бу ёруғ олам ўзининг яна бир назири йўқ даҳоси билан видолашди.
Таажжубланарлиси, шоир анча йиллар аввал ёзган шеърларидан бирида ўзининг ўлими манзарасини ҳам чизганди. «Бадоеъ ул-васат» — «Ўрта ёш бадеалари» асарида “Йўлида кош мени пора-пора қилғайлар, Ки халқ ҳолима бир-бир наззора қилғайлар” матласи билан бошланувчи ғазалда улкан қалб соҳиби шундай нола қилганди:
Бу дард илаки ўлармен, мараз чу зоҳир эмас,
Табиблар бу балоға не чора қилғайлар.
Дарҳақиқат, Навоий ҳақ бўлиб чиқди, табиблар касалга чора топа олмадилар. Орадан йиллар, асрлар ўтди. Ҳамма даврларда ҳам халқ бу буюк зот даҳоси олдида бош эгди, шеърларини ёдлаб, узун тунларда фарзандларига маъно-маҳзанини тушунтириб беришдан чарчамади. Қабрини зиёрат қилиб, обод этиб турди. Дарвоқе, жафокаш афғон юрти ХХ асрда уруш ўчоғига дўнишини, ўз қабрининг харобага айланишини ҳам Навоий беш аср наридан кўриб, билиб тургандек:
Чун кулар ёни сўкилган жисму зоримни кўриб,
Йиғлайму ёни емрилган мозоримни кўриб.
Албатта, юқорида санаб ўтилган тимсоллар, рамзлар, ўз даври учун ғайриоддий бўлган қурилмалар, башоратлар Навоий ижодида беҳисоб. Баланд минора устига ўрнатилган бугунги параболек ва спутник антенналарига ўхшаш қурилмалар, дунёнинг нариги чеккасидаги инсон билан тўғридан-тўғри бир-бирини кўриб турган ҳолда (вебкамера орқали) мулоқотда бўлиш, компютер, интернет, кишининг май ичган-ичмаганини аниқлаб берадиган восита, кибернитика ҳамда яна бошқа турли ғайриоддийликлар хусусидаги фаразлар шулар жумласидан. Яна ҳатто ХХI аср одамлари тасаввур доирасидан ҳам ташқарида бўлган антиқа тимсоллар, фаразлар учрайдики, ҳайратланмай илож йўқ. Агар уларнинг муқобилини бугун ҳам учратмасак, буни замонавий фан ва техниканинг ноқислигидан деб билиш лозим.
Дарҳақиқат, олимлар таъкидлаганидек, Навоий ижоди муҳташам бир қаср, барча унинг ёнида айланиб юрибди холос. Модомики, бепаён тафаккур сарҳадларини фатҳ эта олган шеърият соҳибқироннинг олтин мероси миллат руҳини тарбиялар экан, унинг ижодини ижоди каби қомусий равишда тадқиқ ва таҳлил этиш, бу жараёнда, айниқса, ёшларда рағбат уйғота олиш бугунги куннинг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолаверади.
Иномжон Абдиев