Бу битигтош турк хоқони Элтариш хоқоннинг кичик ўғли Кул тигин қабрига қўйилган. Қул тигин 731 йил 27 февралда қирқ етти ёшида вафот этади. Битигтош 732 йилда ўрнатилган.
Кул тигин битиги баландлиги 3 метр 25 см. бўлган мармарга ўйиб ёзилган. Кул тигин битигидаги барча воқеалар Кул тигиннинг акаси Билга хоқон тилидан (асли исми Мўғулиён) ҳикоя қилинади. Битигни Кул тигиннинг жияни Йўллуғ тигин ёзган.
Мазкур битигда Билга хоқоннинг оға-иниларига, қариндош-уруғларига, халққа мурожаат қилиб, уларнинг адашувлари натижасида турк элига кўп фалокатлар келганлиги уқтирилади. Туркийларнинг ҳарбий юришлари, қўшни бўлган табғачларнинг босқинчилиги ва ҳийлакорлиги натижасида халқ бошига тушган кулфатлар афсус-надомат билан ҳикоя қилинади.
Бу сўзларни Билга хоқоннинг турк халқига қарата айтган, чуқур лиризм билан суғорилган юрак сўзлари бўлади. Хоқоннинг мурожаатидан мақсад — ҳокимиятни мустаҳкамлаш, ўзаро уруш-жанжалларга чек қўйиш, иттифоқ бўлиб яшашдир.
Кул тигин афсонавий эпик руҳда тасвирланади, достонлардаги сингари доно, баҳодир инсон сифатида тасвирланади.
Бадиият нуқтаи назаридан ўз даврида юксак савияда ёзилган бу битиг туркий халқлар ёзма адабиётининг ривожига туртки берган.
Фалакдай худодан бўлган турк доно хоқони бу тахтга ўтирдим. Сўзимни тугал эшитгин, кейинимдаги ини, жияним, ўғилларим, қон-қардошим, халқим, ўнгдаги шадапит беклар, чапдаги тархонлар, буйруқ беклар, ўттиз тўққиз ўғиз беклари, халқи, бу сўзларимни яхшилаб эшит, диққат қилиб тингла!
Олдинга — кунчиқарга, ўнга — кун юришга, орқага —кунботарга, чапга —тун ўртасн (шимол)гача бўлган ердаги халқлар ҳаммаси менга қарайди. Шунча халқни йиғдим. У энди ёвуз эмас. Турк хоқони Ўтукан йишда турса, элда ташвиш йўқ. Шимолга — Шантунг чўлигача лашкар тортдим, денгизга бир оз етмадим, Жанубга Тўқуз арсан қабиласигача лашкар тортдим, Тибетга бир оз етмадим. Ғарбда Сирдарёни кечиб ўтиб, Темир дарвозагача лашкар тортдим. Шимолга — Ёр Байирқу еригача лашкар тортдим, шунча жойгача юриш қилдим. Ўтук:йишда яхши ҳоким йўқ экан. Давлатни тутиб турадиган ер Ўтукан йиш экан. Бу ерда ўрнашиб, Табғач халқи билан муросага келдим. Олтин, кумуш, ичкилик, ипакни шунча ҳисобсиз бераётган Табғач халқи сўзи ширин, ипак кийими нафис экан. Ширин сўзи, ипак кийими билан алдаб, йироқ халқни шу хилда яқинлаштирар экан. Яхши қўшни бўлгандан кейин ёвуз илмни у ерда ўрганар экан.
Яхши, доно кишини, яхши алп кишини йўлатмас экан. Бирор киши адашса, уруғи, халқи, уйи, ёпинчиғигача қўймас экан. Ширин сўзига, нафис ипагига алданиб, кўп турк халқи, ўлдинг. Эй турк халқи, ўлдинг. Эй турк халқи, айриминг жанубга — Чуғай йишга, Тўг, Элтан чўлига манзил қилай десанг, Турк халқининг айримини у ерда ёвуз киши шундай пишиқлар экан: йироқ бўлса, ёмон ипак беради, яқин бўлса, яхши дебо беради, деб шу хилда пишиқлар экан. Илмсиз киши у сўзга ишониб, унга яқинлашиб кўп, киши ўлди.
Шимолга борсанг, эй турк халқи, ўлажаксан. Ўтукан ерга ўрнашиб карвон юбориб турсанг, ҳеч қандай ташвиш йўқ. Ўтукан йишни манзил қилсанг, мангу давлатни сақлаб туражаксан, эй турк халқи, тўкис ишонувчансан. Самимий, носамимийни ажратмайсан, ким қаттиқ гапирса, самимийни ҳам танимайсан. Ўшандайлигинг учун тарбият қилган хоқонингнинг сўзини олмайин ҳар қаерга кетдинг, у ерларда бутунлай ғойиб бўлдинг, ном- нишонсиз кетдинг. Ўша ерда қолганинг ҳар ерда зўрға ўлиб-тирилиб юрган эдинг. Тангри ёрлиқагани учун, истеъдодим, бахтим бор учун мен сизларга хоқон бўлдим. Хоқон бўлиб йўқ қашшоқ халқни яхшилаб оёққа турғаздим. Қашшоқ халқни бой қилдим. Оз халқни кўпайтирдим. Ё бу сўзимда ёлғон борми?! Турк беклари, халқи, буни эшитинг! Турк халқини тўплаб давлат тутишингизни бу ерда тошга ўйиб ёздим. Адашиб айрилганингни ҳам бу ерда ёздим. Нимаики сўзим бўлса мангу тошга ўйиб ёздим. Унга қараб билинг, туркнинг эндиги халқи, беклари. Уй, дунёгагина қарайдиган, кўзига фақат мол-мулк кўринадиган беклар, сизлар гумроҳсизлар. Мен мангу тошга ҳаммасини ўйиб ёздим. Табғач хоқонидан наққош келтирдим, нақшлатдим. Менинг нутқимни бузмади.
Табғач хоқони ўз наққошини юборди. Қул тигинга зиёратгоҳ яраттирдим. Ичи-тошига махсус нақш солдирдим. Тош ўрнаттирдим, кўнгулдаги сўзларимни у тошга ёздим. Ўн ўқ авлодигача, тотгача буни кўриб билинг! Мангу тош ўрнаттирдим. Бу сайргоҳ бўлгач, мақбара сайргоҳ ерда бўлса. Шундай сайргоҳ ерда мангу тош ўрнаттирдим. Ёзув битидим. Уни кўриб шундай деб билинг: бу битиг битилгувчининг (яъни Кул тигиннинг) жияни Йўллуғ тигиндир.
Юқорида кўк осмон, пастда қўнғир ер яратилганда, иккисининг ўртасида инсон болалари пайдо бўлган. Ин сон болалари устидан ота-бобом Бўмин хоқон, Истами хоқон хоқон бўлиб ўтирганлар. Улар тахтга ўрнашиб, турк халқининг давлатини, қонун-қоидаларини тутиб турганлар, риоя қилиб турганлар.
Тўрт тараф бутунлай душман экан. Лашкар тортиб, тўрт тарафдаги халқни бутунлай олганлар, бутунлай тобе қилганлар. Боши борнинг бошини эгиб таъзим қилдирганлар, тиззаси борни чўккалатганлар. Шарққа — Қадирқан йишга, ғарбга —Темир дарвозагача ўрнашганлар. Қадирқан билан Темир дарвозанинг орасида хўжайинсиз, уруғ ҳокимиятисиз, чекланмаган ерга эга бўлиб, асл турк шу тарзда яшар экан. Улар доно хоқон экан, баҳодир хоқон экан, вазирлари ҳам доно ва ботир бўлган бўлиши керак, беклари ҳам, халқи ҳам тўғри экан. Шунинг учун давлатни шу хилда тутиб турган эканлар, давлатни тутиб, қонун-қоидаларини яратган, ўзи шу тарзда яшаб, вафот қилган.
Азачи, йиғичилар шарқдан — кун чиқардан Букли чўлилик халқ, Табғач, Тибет, Авар, Рим, Қирғиз, Уч қуриқан, ўттиз татар, Қитан, Татаби — шунча халқ келиб, йиғлаган, аза тутган. Шундай машҳур хоқон экан. Шундан кейин укаси хоқон бўлган экан. Ўғли ҳам хоқон бўлган экан. Ундан сўнг иниси оғасидай иш тутмаган экан, ўғли отасидай иш тутмаган экан. Тахтга жоҳил хоқон ўтирган экан, бадфеъл хоқон ўтирган экан. Вазири ҳам билимсиз экан, қўрқоқ экан.
Беклари, халқи инсофсиз бўлгани учун, табғач халқи ҳийлакор бўлгани учун, тоймас бўлганлиги учун, фирибгар бўлгани учун, оға ва инини бир-бирига қайрагани учун, беги ва халқини бир-бирига чаққани учун турк халқи эллашган давлатини қўлдан чиқариб юборган.
Хоқонлик қилиб турган хоқонини йўқотиб юборган. Табғач халқига бек бўладиган ўғил боласи билан қўл бўлди, сулув қиз боласи билан чўри бўлди. Турк беклари туркча отини ташлади, табғач бекларининг табғачча отини қабул қилиб, Табғач хоқонга қарам бўлди. Эллик йил меҳнатини, кучини сарф қилибди. Шарқда — кунчиқарда Бўкли хоқонигача лашкар тортиб берибди, ғарбда Темир қопиққача лашкар тортиб берибди. Табғач хоқонига туркларнинг давлатини, ҳукуматини олиб бериди... Турк фуқароси, барча халқ шундай дебди: «Давлатни халқ эдим, давлатим энди қани? Қимга давлатни эгаллаб беряпман?—дер экан.— Хоқонли халқ эдим, хоқоним қани? Қайси хоқонга меҳнатимни, кучимни сарф қиляпман?»—дер экан. Шундай деб Табғач хоқонига қарши бўлибди. Қарши бўлиб, қувилиб, ўзини тиклашга умид қилиб, яна таслим бўлибди. Шунча меҳнатини, кумуш сарф этганини андиша қилмай, Табғач хоқони турк халқни ўлдирайин, уруғини қолдирмайин»,—дер экан ва уни йўқотиб бораётган экан. Аммо юқорида турк осмони, туркнинг муқаддас ери, суви шундай дебди: «Турк халқи йўқ бўлмасин», деб, «халқ бўлсин», деб отам Элтариш хоқонни, онам Элбилга хотунни тангри ўз мартабасида тутиб, юқори кўтарган экан. Отам хоқон ўн етти эр билан четга чиқиб кетган. Четда юрибди деган овозани эшитиб, шаҳардаги тоққа чиқибди, тоғдаги пастга тушибди, йиғлаб етмиш жангчи бўлибди. Тангри куч бергани учун отам хоқоннинг лашкари бўридай экан, душмани қўйдай экан, Шарққа-ғарбга лашкар тортиб, одам йиғибди, оёққа турғизибди. Ҳаммаси йиғилиб, етти юз эр бўлибди. Етти юз эр бўлиб, давлатини йўқотган хоқонини йўқотган халқни, чўрига айланган, қулга айланган халқни, турк ҳукмронлигини бой берган халқни ота- боболарим қонун-қоидалари бўйича бошқарибди, ташкил қилибди. Тўлис, тардуш халқини шу пайтда оёққа турғизганлар.
Ябғуни, шадни ўшанда тайинлабди. Жанубда табғач халқи душман экан, шимолда Баз ҳоқон, Тўққиз ўғиз халқи душман экан, қирғиз, қуриқан, ўттиз татар, қитанй, татаби бутунлай душман экан. Отам хоқон бунча душманга тенглашиб, қирқ етти марта лашкар тортгам, йигирма марта жанг қилган. Тангри ёрлиқагани учун давлати борни давлатсизлантирган, хоқони борни хоқонсизлантирган, душманни эл қилган, тиззаси борни чўккалатган, боши борни эгиб таъзим қилдирган. Шу хилда ҳукмронликни эгаллаб, вафот этган. Отам хоқоннинг қабрига биринчи қилиб Баз хоқонининг балбали тикилди. Ўша ҳукумат бошига амаким хоқон бўлиб ўтирди. Амаким хоқон халқни яхшилаб тузатди, тарбият қилди. Камбағални бой қилди.
Амаким хоқон бўлиб турганда ўзим тардуш халқи устидан шад эдим. Амаким хоқон билан Шарққа Яшил ўғуз (Хуанхэ дарёси) Шантунг текислигигача лашкар тортдик, ғарбга—Темир дарвозагача лашкар тортдик. Кўгман ошиб, Қирғиз ерига лашкар тортдик.
Ҳаммаси бўлиб йигирма беш марта лашкар тортдик, ўн уч марта жанг қилдик, давлати борни давлатсизлантирдик, хоқони борни хоқонсизлантирдик, тиззаси борни чўккалатдик, боши борни таъзим эттирдик. Тургаш хоқон туркимиз эди, билмагани учун бизга нисбатан янглишгани учун хоқони ўлди, вазири, беклари ҳам ўлди. Ўн ўқ халқи қийинчилик кўрди. Бобомиз, аждодимиз бошқарган ер-сув эгасиз бўлмасин деб, аз халқини тузатиб, тиклаб келдик, жанг қилдик. Аз халқига Барс бек эди. Хоқон унвонини бунда биз бердик. Синглим хоқонзодани бердик. Ўзи адашди, хоқони ўлди, халқи чўри, қул бўлди. Кўгман ер-сув эгасиз қолмасии деб, оз қирғиз халқини тиклаб, қайтиб бердик. Шарқда Қадирқан йишни ошиб, халқни шу хилда жойлаштирдик, шу тарзда тузатдик. Ғарбда Кангу Тармангача турк халқини шу ҳолда жойлаштирдик, шу хилда тузатдик. У замонда қул қулга эга бўлган эди, чўри чўрига эга бўлган эди.
Шу хилда қозонилган, барпо- этилган давлатимиз, қоида-қонунларимиз бор эди: Турк ўғуз беклари, эй халқ- эшитинг! Тепадан осмон босмаган бўлса, пастда ер ёрилмаган бўлса, эй турк халқи, давлатингни, ҳукуматингни ким бузди?
Ўкин, пушаймон бўл, кўргилигинг, тақдиринг учун, тарбият қилган доно хоқонингга, емирилган, қўлдан кет ган яхши давлатингга. Ўзинг адашдинг, орага ёмонни киргиздинг. Қуролли қайдан келиб тарқатиб юборди, найзали қайдан келиб суриб кетди. Муқаддас Ўтукан йишга бординг, шарққа боролгунча бординг, ғарбга борилгунча бординг. Борган ерда яхшилик шу булди қонинг сувдай оқди, суягинг тоғдай уюлиб ётди, бек бўладиган ўғил боланг қул бўлди, сулув қиз боланг чўри бўлди. Билмаганинг учун, ёмонлигинг учун амаким хоқон ўлиб кетди.
Унга бошлаб Қирғиз хоқоннинг балбалини тикдим. Турк халқининг номи, донғи йўқ бўлмасин деб отам хоқонни онам хотун маликани юқори кўтарилган тангри, давлат берадиган тангри турк халқининг номи, донғи йўқ бўлмасин деб, ўзимни у тангри хоқон қилиб ўрнатди, шекилли.. Мол, йилқилик халққа хоқон бўлиб ўрнашмадим. Ичи ошсиз, тоши кийимсиз оч-яланғоч ёвуз, ёмон халқ уза ўрнашдим. Иним Кул тигин билан сўзлашдик: отамиз, амакимиз қозоган халқнинг оти, донғи йуқ бўлмасин деб, турк халқи учун тун ухламадик кундуз ўтирмадим. Иним Кул тигин билан, икки шад билан ўлиб- тирилиб муваффақият қозондим. Шу хилда қозониб бирлашган халқин бир-бирига ўт-сув қилмадим. Мен ўзим хоқон бўлиб ўрнашганимга ҳар ерга кетган халқ ўлиб-тирилиб яёв, яланғач қайтиб келди. Халқни тарбият қилайин деб, шимолга Ўғуз халқи томонга, шарққа Қитанй, Татаби халқи томонга, жанубга Табғач томонга катта латкар билан ўн икки марта урушдим. Ундан кейин тангри ёрлиқасин, бахтим бор учун, насибан бор учун ўлаётган халқни тирилтириб тарбият қилдим, яланғоч халқни кийимлик қилдим, камбағал халқни бой қилдим, оз халқни кўп қилдим. Паноҳ талаб давлатида, ҳақонликда яхшилик қилдим. Тўрт жиҳатдаги халқни бутунлай эл қилдим, бир-бирига дўст қилдим, бутунлай, менга қаради Меҳнатни, кучни берувчи шундай ҳокимиятни қозониб иним Кул тигин вафот этди. Отам хоқан учганда (ўлганда) иним Кул тигин етти ёшда қолди, ўн ёшда Умайдай онам хотун бахтига иним Кул тигин эр деган ном топди. Ўн олти ёшида амаким хоқон давлатини, ҳокимиятини шу хилда ҳўлга киритди. Олтин чўб вилоят суғдлари томонга лашкар тортдик. Тор-мор қилдик. Табғач, ўнг Тутуқдан беш туман қўшин келди, урушдик.
Кул тигин яёв отилиб ҳужум қилди. Ўнг Тутуқ йўл- бошчисининг яроқли қўлини тутди, яроқланган ҳолда хоқонга армуғон қилди. У лашкарни ўшанда йўқ қилдик. Йигирма бир ёшида Чача Сангунга уруш қилдик. Энг аввал Тадқан Чурнинг бўз отини миниб ҳужум қилди, у от ўшанда ўлди. Иккинчи бор Ишбара Ямтарнинг бўз отини миниб ҳужум қилди, у от ўшанда ўлди. Учинчи бор Еган Силиг бекнинг тўриқ отини миниб, ҳужум қилди, у от ўшанда ўлди. Яроғига, ёпинчиғига юздан ортиқ ўқ билан урди. Баданига, бошига битта тегмади.
Ҳужум қилганини, турк беклари, яхши биласиз. У лашкарни йўқ қилдик. Ундан кейин Ер Байирқули Улуғ Эркин душман бўлди. Уни пароканда қилиб, Турғи ярғун кўлда тор-мор қилдик, Улуғ Эркин озгина йигити билан қочиб кетди. Кул тигин йигирма олти ёшида Қирғиз томонга лашкар тортдик. Найза ботими қорни ёриб, Кўгман йишга кўтарилиб юриб, Қирғиз халқини уйқуда босдик. Хоқони билан Сунга йишда жанг қилдик. Кул тигин Байирқунинг оқ отини миниб отилиб ҳужум қилди. Бир эрни ўқ билан урди, икки эрни кетма-кет қилиб санчди. Ўша ҳужумда Байирқунинг оқ айғирини кураги билан синдириб урди. Қирғиз хоқонини ўлдирдик, давлатини олдик. Ўша йили Тургаш томонга Олтин йишга кўтарилиб, Иртиш дарёсини кечиб юрдик. Тургаш халқини уйқуда босдик. Тургаш хоқон лашкари Бўлучуда ўтдай, бўрондай келди. Жанг қилдик. Кул тигин Башғу номли бўз отни миниб ҳужум қилди.
Ўшанда жангга кириб Тургаш хоқоннинг вазирини, Аз тутуғини ўз қўли билан ушлади. Хоқонини ўшанда ўлдирдик, элини олдик. Қора оддий Тургаш халқи бутунлай таслим бўлди. У халқни Табарда жойлаштирдик. Қайтиб бориб суғдақ халқини тузатайин деб, Сирдарёни кечиб Темир дарвозагача лашкар тортдик. Ундан кейин қора Тургаш халқи душман бўлган Кенгарас томонга борди. Бизнинг лашкарларимизнинг оти ориқ, озиғи йўқ эди.
Алп эр бизга ҳужум қилган эди. Ўшандай замонда хафа бўлиб Кул тигинни озгина эр билан излатиб юбордик. Катта жанг қилибди. Алп Шалчининг оқ отини миниб, ҳужум қилибди. Қора Тургаш халқини ўшанда ўлдирибди, қўлга олибди. Қайтиб юриб Кушу тутуқ билан жанг қилибди, унинг жангчиларини бутунлай ўлдирибди. Уйини, бор нарсасини битта ҳам қолдирмасдан ҳаммасини келтирди, Кул тигин йигирма етти яшарлигида қарлуқ халқ бегоналашиб кетгач, душман бўлди. Биз улар билан Тамғидуқ башда жанг қилдик.
Кул тигин шу жангда ўттиз яшар эди. Алп Шалчининг оқ отини миниб отилиб ҳужум қилди. Душманнииг икки жангчисини бирин-кетин қилиб санчди.
Биз қарлуқни ҳам қўлга олдик. Аз халқи душман бўлди. Улар билан Қоракўлда жанг қилдик. Бу пайтда Кул тигин ўттиз бир яшар эди. У алп Шалчининг оқ отини миниб отилиб ҳужум қилди. У от ўшанда ўлди. Изгил халқи ҳам ўлди. Тўққиз ўғуз халқи ўз халқим эди, еру осмон фитнага тўлгани учун ҳам бизга душман бўлди. Бир йилда беш марта жанг қилдик. Энг аввал Тўғу шаҳрида жанг қилдик.
Кул тигин Азманнинг оқ отини миниб отилиб ҳужум қилди. Олти жангчисини ўлдирди. Қўшин ҳужум қилганда еттинчи жангчини қилич билан чопди.
Иккинчи марта Қушлағакда Адиз билан жанг қилдик. Кул тигин Аз деган йигитнинг кулранг отини миниб, отилиб ҳужум қилиб, бир жангчини санчди, тўққиз жангчини атрофида айланиб чопиб урди. Адиз халқи ўша ерда ўлди. Учинчи марта Бу...нда Ўғуз билан жанг қилдик. Кул тигин Азманнинг оқ отини миниб ҳужум қилди, санчди. Давлатини қўлга киритдик, тўртинчи марта Чуш бошида жанг қилдик.
Турк халқи оёқдан қолди, ёмон бўладиган эди. Илгари келиб қолган лашкарини Кул тигин қувиб, қаҳрамон ўнта жангчисини Тўнга тигин азасида қуршаб олиб ўлдирдик. Бешинчи марта Азганти Қадазда Ўғуз билан жанг қилдик. Кул тигин Азнинг кулранг отини миниб ҳужум қилди, икки жангчисини ўлдирди. Шаҳарга қайтиб юрмади. Ўғузнинг лашкари ўшанда ўлди. Мағи қўрғонда қишлаб, баҳорда Ўғуз томонга лашкаримиз билан чиқдик. Кул тигин оила аъзоларимизни бошлаб, ўрдага кетди. Ўғуз душман ўрдани босди. Кул тигин Ўгсизнинг оқ отини миниб тўққиз жангчини ўлдирди. Ўрдани бермади. Онам хотун, кейинги оналарим, опаларим, келинларим, хонзодаларим, тиригингиз чўри бўлар эди, ўлигингиз чўлу биёбонда, йўлда ётиб қолар эдингиз!
Қул тигин бўлмаса, бутунлай бўлар эдингиз. Иним Кул тегин вафот этди, вужудим алам чекди. Кўрар кўзим кўрмаётгандай, билар ақлим билмаётгандай бўлди (эс-хушимдан ажралдим), жоним азобда қолди. Дунёни тангри ясайди, инсон болалари ҳаммаси ўладиган қилиб яратилган.
Шунчалик алам тортдимки, кўзга ёш келганда, кўнгилга йиғи келганда, қайта ғам чекдим, қайта қайғурдим. Икки шад, кейинги ини-жияним, ўғилларим, бекларимнинг кўзи, қоши ёмон бўлади деб қайғурдим. Азачи, йиғичилар Қитанй, татаби халқини бошлаб Удар сангун келди. Табғач хоқонидан Исйи Ликанг келди, бир туман ипак, олтин, кумушни ортиқча келтирди. Тибет хоқонининг аёнларидан бири келди. Ғарбдаги — кунботардаги Суғд, Барчакар, Буқарақ улус ва халқидан Нанг сангун, Ўғул тархон келди.
Ўн ўқ ўғлимдан, тургаш хоқонидан Мақарач тамғачи, Ўғуз билга тамғачи келди. Қирғиз хоқонидан Гардуш Инанчу чур келди. Бино ясовчи, нақш солинган битигтош ясовчи табғач хоқонининг жияни Чанг сангун келди.
Қул тигин қўй йилида, ўн еттинчи куни вафот этди. Тўққизинчи ойнинг йигирма еттисида азасини ўтказдик. Биносини, нақшини, битигтошини маймун йилида, еттинчи ойнинг йигирма еттинчисида бутунлай тугатдик. Қул тигиннинг қабр тошидаги бунча нақшни Туйғун Элтабар келтирди.
Шунча битиг битилувчи Кул тигиннинг жияни Йўллуғ тигиндир. Йигирма кун ўтириб бу тошга, бу деворга ҳаммасини мен Йўллуғ тигин битидим. Паноҳталаб ўғлонингизга, таянувчингизга қийинчиликда тарбият қилар эдингиз. Вафот этдингиз. Тангри яшатувчидир.